Адабиёт
Бадиий адабиётнинг асосини қуйидаги поэтик унсурлар ташкил этади: маъно, шакл, руҳ ва образ. Буюк истеъдод эгаларининг асарларида, одатда, маъно умумбашарий ғояларни ифода этса, шакл ва руҳ миллатнинг табиатини акс эттиради. Образ индивидуал поэтик тафаккур маҳсули сифатида юзага келса-да, ўзида миллатнинг руҳини ифодалайди. Миллийликдан холи туйғунинг таъсир кучи бўлмаганидек, миллий руҳдан мосиво тафаккур ҳам қанотсиз қушга менгзайди. Шунга кўра, миллийлик – адабиётнинг асосий мезони. Таъбир жоиз бўлса, жаҳон бадиий-эстетик тафаккури кўригида муайян миллат адабиётини ажратиб кўрсатувчи бош хусусият, ўзгалардан фарқини намоён этадиган асосий белги бу – миллий руҳдир. Шунинг учун миллий руҳнинг ифода йўсинларини, тасвир мезонларини ўрганиш адабиётшуносликнинг ўзак илмий муаммоларидан.
Адабиётда миллий руҳ ифодаси, бизнингча, қуйидаги тамойиллар асосида намоён бўлади: 1) миллатнинг асл табиатини, сийратини акс эттириш; 2) поэтик фикр ифодасининг миллий тафаккурга таяниши; 3) поэтик образнинг миллий ифода орқали сувратланиши. Буюк шоир ва мутафаккир Заҳириддин Бобур назмий меросини ана шу тамойиллар асосида ўрганиш тадқиқотлар учун бой материал бера олади.
Миллатнинг асл табиатини, сийратини акс эттириш. Мумтоз шеъриятнинг ғазал, маснавий, рубоий, туюқ ва фард сингари жанрларида юксак бадиий қимматга эга асарлар ёзган Заҳириддин Бобур лирикаси миллий руҳ бетакрор поэтик ифода этилгани жиҳатидан қимматлидир. Улуғ шоирнинг “Яхшилиғ” радифли ғазалида бу хусусият, айниқса, яққолроқ намоён бўлгани кузатилади:
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Буюк тафаккур эгаларининг дунёга қараши бошқа тоифа кишилар нуқтаи назаридан тубдан фарқ қилади. Негаки, улар камолотнинг ўзлари эришмоққа муяссар бўлган юксаклиги даражасидан фикр юритади. Бобурнинг аҳли жаҳондан ким ҳам яхшилик кўрибди, модомики шундай экан, ундан яхшилик етмоғига кўз тутма, дейиши сабабини шунинг билан изоҳлаш мумкин. “Кўз тутма” – чинакам ўзбекча ибора. Байтдаги мазмун йўналишини теран фалсафий мушоҳада сари бурган ушбу ибора улуғ шоир тафаккурининг миллий заминга қурилгани исботидир. Кейинги байтда яхши-ямон, ямонлиқ-яхшилиғ тушунчалари ҳосил қилган тазод воситасида фикр таъсирчан ва санъаткорона ифодаланган:
Эй, кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не маъни ҳар ямондин яхшилиғ.
Мутафаккир келган хулосага кўра, дунё шундай қурилган, яхшиларданки ёмонлик кўрганингдан кейин ёмонлардан яхшилик кутиш фойдасиздир. Ҳеч кимдан яхшилик кутиб бўлмаслигини теран англаган, кўнгилдан ҳис этган ҳолда ҳам барчага бирдай яхшилик қилиш – одамийликнинг юксак даражаси. Ўзбек – ана шундай фазилатга эга миллат. Шу жиҳатдан, ғазал шоҳбайтида ифодаланган мазмун миллатнинг асл табиатини ифода этгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Улуғ шоирнинг бундай фалсафий тўхтамга келиши сабаби теран асосга эга. Негаки, ўзбек халқи барчага, ҳатто ғанимига ҳам яхшилик қила олишини кўпасрлик тарихи давомида қайта-қайта исбот этгани маълум. Ўрта асрлар адиби Ал-Жоҳиз “Фазойили атрок” (“Туркийларнинг фазилатлари”) асарида аждодларимизнинг номусли, юраги тоза, ёвуз ўй ва ботил фикрдан холи инсонлар бўлганини; на жангда, на тинч пайти ҳийла билмаганини, фурсатдан фойдаланмаганини; ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри эканини; бировнинг молига хиёнат қилиш, иккиюзламачилик, кибру ҳаво, катталарга ҳурматсизлик кўрсатиш уларнинг тасаввурига ҳам сиғмаганини таъкидлайди. Ҳазрат Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ёзишича: “...сортдин тезфаҳмроқ ва баланд идрокроқ ва хилқати софроқ ва покроқ” бўлган туркийлар учун барча замонларда ҳам яхши ном қолдириш ҳаётининг асосий мазмунини ташкил этган. Бобурнинг “...бори элга яхшилик қилиш” ҳақидаги ғояси, ана шу жиҳатдан, миллатнинг сийратини ўзида мужассам этганини алоҳида таъкидлаш керак.
Миллатнинг ёмонликка ёмонлик билан эмас, яхшилик билан жавоб қайтара олиш фазилати шоир лирикасида ўзига хос бадиий талқин этилади. Шоирнинг бошқа бир ғазалидан олинган қуйидаги байт мазмуни ҳам буни тасдиқлайди:
Бобур, ул умр сени сўккан учун
Умр боринча дуо қилғайсен.
Ҳатто сўккан одамнинг ҳақига ҳам дуо қилиш, табиийки, ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Олижанобликнинг, инсоний камолотнинг чўққиси бўлган бундай хулосага келиш осонми? Ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги шундаки, бу наинки шоҳ ва шоир Бобурнинг, балки мансуб бўлганимиз миллатнинг асл табиатига хос юксак фазилат. Қийинлиги шунда кўринадики, ёмонликка нафрат – инсон фитратига хос туйғу. Ушбу нафрат ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришни тақозо этади. Нафратни енгиш, ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш, шу жиҳатдан ҳам осон эмас. Бунинг учун ушбу фазилат инсонга қондан ўтган бўлиши керак.
Шоир шеърларида миллатнинг менталитети билан боғлиқ қуйма фикрлар оҳорли ифода этилади. “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, деган халқ мақоли ҳаёт синовларидан ўтиб, тасдиғини топган фалсафий тўхтам. Миллатимиз эътиқодининг асоси бўлган Қуръони каримдаги “Залзала” сураси 7-8-оятларида ҳам ушбу мазмун ифода этилган: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар”. Муборак ҳадислардан бирида ҳам: “Дунё – охиратнинг экинзоридир” дейилади. Демак, халқимиз тўрт сўзда ихчам ва лўнда ифодалаган “Нимани эксанг, шуни ўрасан” мақолида миллатнинг асл табиати ва эътиқодий тушунчалар теран асосларда уйғунлашиб кетган. Машҳур рубоийсида Бобур ана шу мазмунни ўқувчининг қалбини титроққа соладиган даражада таъсирли ва гўзал бадиий шаклда оҳорли талқин этган:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур!
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур!
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур!
Бобур лирикасида фақат ўзбеккагина хос бўлган тушунчалар оҳорли бадиий талқин этилгани кузатилади. Масалан, “севинчи” сўзи ҳозирги кунда халқимиз орасида “суюнчи” шаклида кенг ва фаол ишлатилади. Ҳаётдаги энг қувончли дамлардагина тилга олинувчи бу сўзни шоир ғазалда ёр висоли билан боғлиқ бадиий лавҳада маҳорат билан қўллайди:
Хуш улки, бир киши кўзим йўлида эрканда,
“Севинчи!” – деб югуриб етсаким: “Фалон” келди!”
Бундай сатрлар шоирнинг халқ турмуш тарзини теран билиши, шеърда миллий қадрият даражасига кўтарилган тушунчаларни санъаткорона талқин эта олиши исботидир.
“Уйинг буғдойга тўлгур!” – ўзбекнинг кўпни кўрган оталари, донишманд боболари ёшларга шу сўз билан дашном бериши кўпчиликка аён. Ушбу одат миллатимиз оқсоқолларининг танбеҳи ҳам яхши ниятга йўғрилгани исботидир. Аслида, уйнинг буғдойга тўлиши – фаровонлик белгиси. Қандайдир ёқимсиз қилиқ қилган болани қарғамаслик учун, дашномни ҳам шу каби эзгу ният орқали ифодалаш наслнинг давомчиларига бўлган тенгсиз меҳр натижасидир. Моҳиятан, бу қарғиш эмас, олқиш. Буни қалбдан ҳис этган Бобур рубоийларидан бирида халқимизнинг табиатига мос ана шу мазмунни гўзал бадиий талқин этади:
Ишлар бари кўнгулдагидек бўлғусидур!
Инъому вазифа – бори буйрулғусидур!
Ул ғаллаю маҳмалки, деб эрдинг, бердим,
Маҳмалға бўю ғалладин уй тўлғусидур!
Ёки мана бу байтда шоир ҳаёт фалсафаси теран ифодаланган “Мен ҳам эдим сенингдек, сен ҳам бўлурсан менингдек” деган халқ мақоли мазмунидан фойдаланиб, бетакрор бадиий умумлашма чиқаради:
Даъвои ишқ этиб, ғайр, Бобурни айб қилма –
Ким, мен эдим сенингдек, сен бўлғасен менингдек.
Шоир байтга ғайр – рақиб образини олиб кирган. Ғанимига мурожаат орқали байт мазмунининг таъсирчанлигини оширишга, ирсоли масал воситасида бадииятни юксалтиришга эришган.
Ушбу фикрлар Бобурнинг миллий урф-удумларни, халқ турмуш тарзини, энг муҳими, ҳаёт фалсафасини теран англаган ва лирик асарларида бетакрор ифодалаган шоир экани исботидир.
Поэтик фикр ифодасининг миллий тафаккурга таяниши. Ушбу тамойил, бошқача айтганда, фикрни чинакамига ўзбекча ифодалай олиш маъносини англатади. Бобур лирикаси, бу жиҳатдан ҳам, тадқиқотлар учун бой материал бера олади. Шоир туркий тилнинг ифода имконияти нечоғлиқ кенг эканини теран ҳис этган, асарларида асл туркий сўзлардан кенг ва маҳорат билан фойдалана билган.
Не билғайсен менинг дарду ғамим ҳар соату ҳар дам –
Ки, ҳусн усруклигидин ою йил, эй ой, ойилмайсен.
Байт мазмунига очқич вазифасини ўтовчи “усруклигидин” (мастлигидан – қавс ичидаги изоҳлар бизники – Н.Ж.) ҳамда “ойилмайсен” (ҳушингга келмайсан) сўзлари Бобур шеъриятида анча фаол қўлланган соф туркий тушунчалардир. Бу ҳол, ўз навбатида, шоир фикрларининг тоза ўзбекча ифодаланишини таъминлаган.
“Бобурнома”да Андижонни таърифлаб ёзган: “Эли туркдур. Шаҳри ва бозорисида туркий билмас киши йўқдур”, деган фикрларида буюк адибнинг ўзи мансуб миллатга муҳаббати ҳам акс этгани яққол сезилади. Шунинг учун ҳам улуғ шоир лирик шеърларида туркий тилнинг ифода имкониятидан маҳорат билан фойдаланган. Қуйидаги ғазал матлаи ҳам ижодкорнинг тафаккур йўсини миллий экани жиҳатидан қимматлидир:
Қуёшим ҳар сориға азм қилса, заррае қолмон,
Не учунким, агар айрилсам ондин, кун кўра олмон.
“Қуёшим” сўзи ифодалаган истиора ҳамда ушбу сўз билан зарра тушунчаси орасидаги тазод байтнинг юксак бадииятини таъминлаган. “Кун кўра олмон” – ушбу чинакам ўзбекча ибора байтда ифодаланган мазмуннинг поэтик хулосасини акс эттиришдан ташқари, миллий руҳни ифодалагани жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Мана бу мақтаъ байтда Бобур туркий тилга бўлган чуқур муҳаббатини самимий изҳор этган:
Турклар хатти насибинг бўлмаса, Бобур, не тонг,
Бобурий хатти эмасдур, хатти сиғноқий дурур.
Ушбу байтда буюк мутафаккир туркий ёзувнинг насиб бўлмаганидан, яъни амалиётда кенг истифода этилмаганидан ўкинчини ифодалаган. “Хатти Бобурий”ни ихтиро қилгани сабаби ҳам шунда бўлгани маълум. Байтда айтилган хатти сиғноқий эса араб ёзувининг аждодларимиз фаол қўллаган шаклларидан биридир.
Бобур лирикасида ҳазрат Алишер Навоий “турк шуароси хоссаси” сифатида таърифлаган туюқ жанрининг ҳам юксак поэтик намуналари бор. Мана, шоирнинг миллий тафаккур ва миллат руҳи ёрқин намоён бўлган туюқларидан бири:
Не бало, бийиктурур давлат тоғи,
Кўҳи ғамни не билур давлаттоғи?
Ҳиммате тут, доғи давлат истагил,
Ҳимматинг бўлса, бўлур давлат тоғи.
Ушбу туюқда тажнис бўлиб келган “давлат тоғи” сўзи биринчи мисрада “давлатнинг улуғворлиги”, иккинчи сатрда “давлатга эришган киши”, тўртинчи мисрада эса “давлат ҳам” маъноларида келган. Шоир теран фалсафий мазмунни тажниси томм орқали гўзал бадиий шаклда ифода этган. Шунинг баробарида, ижодкор ушбу туюқда туркий миллатга хос баланд ҳимматни улуғлаган.
Мана бу туюқда ҳам ўзбек тилининг ифода имконияти нечоғлиқ катта экани маҳорат билан ифодаланган:
Васлдин сўз дерга йўқ ёро манга,
Ҳажр аро раҳм айлагил, ёро, манга.
Ўқунг этти кўп ёмон ёро манга,
Марҳами лутфунг била ёро манга.
Ушбу туюқда ҳар тўрт мисрада тажнис қўлланган. “Ёро” сўзи биринчи сатрда “ҳол, қувват”, иккинчи мисрада “эй ёр”, учинчи қаторда “яра, жароҳат”, тўртинчи сатрда эса “ярагин” маъноларини ифодалаб келган. Ушбу туюқ ҳам Бобурнинг сўз қўллаш маҳорати баланд эканидан, поэтик фикрни ўқувчининг қалбига етиб борадиган даражада чинакам ўзбекча ифодалай олишидан далолат беради.
Замонавий шеъриятимиз дарғаларидан бўлган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов миллий руҳ ифодасининг зарурати ҳақида мана бундай ёзган эди: “Майли, буюкларга интилиш бўлсин, жаҳоннинг, башариятнинг энг илғор фикрларига ошнолик бўлсин, Ғарб, Европа, Америка дейсизми, майли Лотин Америкаси, майли Ойми, Марсми.... даражасида фикрлашсин, лекин ўзбек фикрласин, ўзбекча фикрласин! Агар шу “кичкинагина” шарт бажарилса, қолганига, албатта эришамиз”. Заҳириддин Бобур лирик шеърларида теран ҳаёт фалсафасини миллий тафаккур асосида, соф ўзбекча ифодалагани бугунги замон шоиру адиблари учун ҳам намуна бўла олишини таъкидлаш керак.
Поэтик образнинг миллий ифода орқали сувратланиши. Заҳириддин Бобур бу жиҳатдан ҳам юксак бадиий натижаларга эришган. Қуйидаги байтда “ит” образи, биринчидан мукаммал поэтик образ даражасига кўтарилган бўлса, иккинчидан, муаллиф концепциясини ифодалаган чинакам ўзбекча “йитгаймен” сўзи орқали мазмуннинг таъсир кучи бир неча баравар ошишига эришилган:
Итингдурмен, сочинг занжирини бўйнумға маҳкам қил –
Ки, водийи фироқинг ичра, қўрқарменки, йитгаймен.
“Сочинг занжири”, “водийи фироқ” бирикмалари ифода этган истиора, “итингдурмен” ва “йитгаймен” сўзлари асосидаги тажнис ошиқ руҳиятининг фожеъ тасвири орқали ўқувчи кўз ўнгида поэтик образни яққол намоён эта олгани шоирнинг тенгсиз маҳоратига далил бўла олади. Бўйнига ёр сочидан занжир боғланиб, фироқ водийси узра йитиб бораётган ит образи – лирик қаҳрамон туйғуларини бу даражада аниқ ва таъсирчан сувратлантириш учун ижодкор нечоғлиқ юксак салоҳият эгаси бўлмоғи зарур!
Ғазалнинг мақтаъ байтида ушбу таъсирчан бадиий образ оҳорли ва теран поэтик умумлашма орқали хулосаланган:
Муяссар бўлмаса бошимни қўймоғлиғ аёғиға,
Бошимни олиб, эй Бобур, аёқ етганча кетгаймен!
Ёр оёғига бош қўймоқ умиди – ошиқнинг ишқ таврида нечоғлиқ содиқ экани исботи эканидан ташқари, туйғу изҳорининг соф ўзбекча экани жиҳатидан ҳам қимматлидир. Агар ана шу орзуси муяссар бўлмаса, ошиқнинг бошини олиб оёқ етганча кетмоғи – фикрни миллий руҳ уйғунлигида бу даражада мукаммал ифодалаш учун фақат Бобур бўлиш керак!
Буюк шоир умрининг аксар қисмида ёру диёр фироқида яшади. Темурий шаҳзодалар ўртасида иттифоқ йўқлиги, ўзаро тожу тахт талашувлари оқибатида буюк Соҳибқирон Амир Темур асос солган муаззам салтанат таназзулга юз тутганидан изтироб чекди. Ҳиндистонда улкан давлатга асос солиб, темурийлар ҳукмронлигининг умрини қарийб уч ярим асрга узайтиришга муваффақ бўлди. Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида айтилганидек: “(Бобур) чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди. Шамшир зарби билан Мовароуннаҳр мамлакатларига эга бўлиб, уни сақлаб қолишда кўп саъй-ҳаракатлар ва жонини аямасдан жаҳду жадаллар кўрсатди. Мардона тўқнашувлар қилди, аммо тақдир ўқиға тадбир қалқони дош бера олмагач, бирор натижа чиқара олмади... Мулк қўлдан кетгач, табъ тўтиси ҳинд шаккаристонига майл билдириб, денгиз мавжли эътиборини Ҳиндистон мамлакатларини эгаллашга сарф қилиб, қоронғулик ўлкасини қуёш ёғдули қиличи шуъласи нурлари билан чароғон этиб, ҳумоюн толеъ туфайли мухолиф лашкарига шикаст етказиб, феруз бахт билан шоҳликнинг феруз тахтига ҳазрат Деҳлида комрон ўлтурди”.
Шоҳ Бобур ҳаётида кечган ана шу мураккаб ва зиддиятли воқелик шоир Бобурнинг мана бу байтида таъсирчан тарзда образли ифодаланган:
Неким тақдир бўлса – ул бўлур, таҳқиқ билгайсен,
Эрур жангу-жадал, ранжу-риёзат барча беҳуда.
Бобур – буюк қалб ва улкан ижодий салоҳият эгаси эди. Аҳиллик ва иттифоқ ғояси бетакрор бадиий талқин этилган мана бу байтлари миллат фарзандларини улуғ мақсад йўлида бирлаштиришга қаратилган даъват ўлароқ барча замонлар учун ҳам ибратлидир:
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутингиз,
Жамъиятингиз борини давлат тутингиз.
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутингиз.
Хулоса қилиб айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур лирик шеърларида, улар қайси жанрда ёзилган бўлмасин, миллий руҳ ифодаси етакчи ўрин тутади. Улуғ мутафаккир шеъриятида миллатнинг асл табиати, сийрати мукаммал даражада акс эттирилган. Поэтик мазмун миллий тафаккур воситасида ўзига хос ва оҳорли талқин қилинган. Бадиий адабиётнинг асоси бўлган поэтик образлар миллий ифода орқали мукаммал сувратлантирилган. Бобур лирикасини миллий руҳ ифодаси нуқтаи назаридан янада чуқур ва кўламли ўрганиш адабиётшуносликнинг истиқболдаги долзарб вазифаларидандир.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ