Камолиддин Беҳзод ва Леонардо да Винчи рақобати – ким кимдан таъсирланган?


Сақлаш
11:21 / 18.08.2021 1708 0

Европа цивилизациясининг сўнгги икки асрда юксак даражада равнақ топгани ва кенг кўламда қулоч ёзгани сабаб бўлиб, Ўрта денгиздан Ҳинд уммонига қадар чўзилган улкан ҳудуддаги мумтоз Шарқ тамаддуни жаҳон тарихий-маданий тараққиётидан четга сурилиб қолгандек бўлди. Ўтган ана шу давр ичида VIII-XIX асрларда гуллаб-яшнаган асл санъатни теран бадиийликдан маҳрум шунчаки мистика маҳсули деб баҳолаш урфга айланди. Бугунга келиб эса жаҳон маданиятини Ўрта асрлар Шарқ тасвирий санъатисиз тасаввур этиш мумкин эмаслиги аён бўлиб қолди. Шундай экан, ҳозирги санъатшунослар улуғ аждодларимиздан қолган бебаҳо меросни, умуминсоний хазинани пухта тадқиқ этмоғи даркор.

 

Маданиятлар чорраҳасида

 

Шарқ маданияти жаҳонга асрлар давомида адабиёт, мусиқа, меъморлик, рассомлик ва амалий санъат соҳасида бир-биридан жозибадор, бир-биридан ҳайратланарли, бир-биридан маънодор дурдоналарни туҳфа этди. Бириничи Президентимиз Ислом Каримов “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуманнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Шарқ оламида, хусусан, Марказий Осиё халқлари ҳаётида ривожланган маданиятнинг мавжуд бўлгани ҳақида қадимги бақтрия, суғд, ўрхун, хоразм ёзувларида битилган ёдгорликлар, деворий тасвирий санъат асарлари ва ҳайкалчалар, архитектура намуналари далолат беради... Милодгача бўлган II асрдан милодий ХV асрга қадар қадимий халқаро транспорт артерияси вазифасини бажариб, Хитой, Ҳиндистон ва Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ, Ўрта денгиз минтақаси каби ҳудуд ва мамлакатларни боғлаб келган Буюк ипак йўлининг улкан, беқиёс ролини баҳолашнинг ўзи қийин. Мазкур йўл нафақат юқорида зикр этилган ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки қитъалар ва давлатлар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга хизмат қилди, янги технология ва ишланмаларнинг (ипак, чинни буюмлар, порох, қоғоз ва бошқа кўплаб маҳсулотлар) тез тарқалишида, қишлоқ хўжалиги экинлари ва агротехнологияларнинг, шунингдек, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарди ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот ва технологиялар алмашуви учун шарт-шароитлар яратди”.

 

Эътиборли жиҳати шундаки, Бухородаги Мағоки Атторий масжидию Париждаги Биби Марям ибодатхонаси, Самарқанддаги Регистон мажмуасию Римдаги Ҳазрат Пётр ибодатхонаcи икки буюк маданият – насроний Оврўпаси ва мусулмон Шарқининг ўзига хос жиҳатларини мужассам этган. Уларнинг барчаси маънавий аҳамияти, инсон руҳиятига таъсири ва беқиёс гўзаллиги билан жаҳон маданияти дурдоналари саналади. Европада Ўрта асрларда барпо қилинган муҳташам иморатлар ва айни шу даврда Осиёда бунёд этилган обидалар ўртасида нафақат шакл ва меъморий ечимдаги ўхшашлик мавжуд, балки улуғворлиги, кўтаринки туйғуларга йўғрилган атмосфераси билан ҳам ҳамоҳангдир.

 

Ислом санъатининг асосий юксалиши Амир Темур ва темурийлар замонида кузатилган. Мазкур феноменал давр ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, тасодифий тарзда юзага келиб қолмаган, албатта. Адабиёт, меъморлик, тасвирий ва амалий санъат каби кўплаб йўналишларда инсониятга бетакрор дурдоналарни тақдим этган ушбу олтин асрнинг “Темурийлар Ренессанси” дея аталиши бежиз эмас. “Тадқиқотчи-олимларнинг фикрича, Шарқ, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IХХII ва ХIVХV асрларда бамисоли пўртанадек отилиб чиққан икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланиб, жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониш даври – Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган”, деган эди Ислом Каримов Самарқанддаги халқаро анжуманнинг очилиш маросимида. Кўҳна ва навқирон шаҳарда ўтказилган яна бир халқаро анжуман – UNWTO Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимида БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи: “Европа тарихида муҳим ўрин тутган Ренессанс, яъни Уйғониш даври аслида мана шу заминда анча илгари бошланганини таъкидламоқчиман ва замонавий маданият ҳамда цивилизация айнан шу минтақада пайдо бўлган, деб ишонч билан айтишим мумкин”, дея таъкидлаган.

 

Мазкур маданий юксалиш даврида миниатюра санъати ҳам ривожланиб, европалик рассомлар ижодига катта таъсир кўрсатди. Бухоро, Ҳирот, Самарқанд, Исфаҳон, Табризнинг машҳур миниатюрачилари орасида, шубҳасиз, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод алоҳида мақомга эга. Унинг ижоди айнан темурий ҳукмдорлар ҳомийлигида гуллаб-яшнагани тарихдан маълум.

 

Шарқдан илҳомланиб...

 

Кўплаб европалик рассомлар – Ренессанс улуғларидан ХХ аср буюкларигача – темурийлар давридаги шарқона миниатюра ва безак санъатидан илҳом излаганини эътироф этган. Ана шу эътирофдан келиб чиқиб, икки буюк даҳо – Камолиддин Беҳзод ва Леонардо да Винчи ижодини қиёсан ўрганиш ўринлидир.

 

Икки буюк мусаввир — икки Ренессанс намояндалари ижоди жаҳон маданияти тарихида беқиёс из қолдирган. Улар деярли тенгдош: Камолиддин Беҳзод 1450 ёки 1455 йили туғилган, 1536 йили вафот этган, қабри номаълум. Леонардо да Винчи 1452 йили туғилган, 1519 йили вафот этган, унинг ҳам қабри номаълум. Ижодий қисматлари-да ўхшаш – Камолиддин Беҳзоднинг саноқли асарлари бизгача етиб келган – бугун мусаввир ўз қўллари билан чизган атиги учта миниатюра маълум, бу беназир дурдоналар АҚШ (Балтимор), Англия (Британия музейи) ва Россия (Санкт-Петербург)да сақланади. Леонардо да Винчининг ҳам аксар асарлари бизгача етиб келмаган.

 

             

 

Икки рассом ҳам эътиборда бўлгани боис ҳукмдорлар саройида ижод қилган ва ҳаётлигидаёқ бемисл шуҳрат қозонган. Улар турли маконда, турли ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шароитда фаолият юритган, улар яшаган жамиятдаги диний-маданий муҳит ҳам фарқли бўлган. Темурийлар даври миниатюралари ва Европада ХVХVI асрларда яратилган тасвирий санъат асарлари ўртасида ўлчам, услуб ва фазовий ечимда унчалик  катта фарқ йўқ. Икки буюк мусаввирнинг асарларида оҳанглар умумийлиги ва мавзулар мувофиқлиги кўзга ташланади.

 

 Ўрта асрлар санъатида Шарқу Ғарб алоқалари Усмонли салтанатида бирмунча кузатилган. Хусусан, ХV аср охирларида султон саройида венециялик мусаввир Жентиле Беллини ижод қилган. У Ғарб рангтасвирига хос нур-соя, бўртма андаза анъаналаридан фойдаланган ҳолда шарқона услубда бетакрор сувратлар ишлаган. Усмонлилар султони ушбу рассом асарларидан Ҳиротга ҳам юбориб, адабиёт ва санъатга ҳомийлиги билан шуҳрат қозонган Ҳусайн Бойқарони лол қолдирмоқчи бўлган. Асосий мақсад эса Ҳирот мактаби санъаткорларини ижодий рақобатга чорлаш эди. Натижада иккала маданий марказ намояндалари битта портретни ўзига хос тарзда чизиб, маҳорат синовига киришган.

 

Ҳусайн Бойқаро Камолиддин Беҳзодга Усмонли султонининг чақириғига муносиб жавоб беришни буюради. Мусаввир шарқона тасвирий санъатга хос бўлмаган туркум портретлар ишлаган. Бу асарларда Европа рангтасвири таъсири сезилиб турар эди. Ана шундай миниатюралардан бири “Бағдодлик дарвеш” 1500 йили чизилган. Камолиддин Беҳзод мазкур асарида уста миниатюрачи сифатидаги юксак маҳоратини, рангтасвирнинг академик анъаналаридан яхши хабардорлигини намойиш этиб, нозик психологик образ яратган. Тавозе билан ўтирган одамнинг юз ифодаси ва кайфиятини жуда аниқ тасвирлаган. Дарвеш оқ қалпоқ устидан сипогина салла ўраб, елкасига оддий жун або ташлаган, або тагидан кўк кўйлаги кўриниб турибди. Томошабинни хотиржам ва сирли тикилган маъноли нигоҳдан – энг муҳим маънодан ҳеч нарса чалғитмайди. Леонардо да Винчининг “Мона Лиза”си ҳам айни шу даврда яратилган. Мазкур картина Европа тасвирий санъатида психологик портрет йўналишидаги ўзига хос ҳодиса ҳисобланади.

 

                         

 

“Бағдодлик дарвеш” ва “Мона Лиза”ни солиштирсак, қизиқ манзараларга гувоҳ бўламиз. Ташқи талқинда ҳам, руҳиятга хос инжаликлар шарҳида ҳам умумийлик борлиги яққол кўзга ташланади. Антик эстетикада зоҳирий олам ва тана гўзаллиги муқаддаслаштирилган бўлса, Камолиддин Беҳзод ва Леонардо да Винчи ичкарига – кўнгил оламига кирди, уларнинг асарларида руҳият манзаралари бирламчи аҳамият касб этди.

 

Икки санъаткор ижодидаги типологик мувофиқлик ёки асарлар яратилишидаги умумийлик сабабларини изоҳлаш эҳтиёжи ўша давр тарихи ва маданиятига хос манбаларни жиддий тадқиқ қилишни тақозо этади. Айнан Қуръони карим ва Библия – икки муқаддас китоб Евросиё халқлари дунёқараши мағзини ифода этиб, Ўрта асрлар Шарқу Ғарб санъатининг кенг қамровли хусусиятлари негизини ташкил қилади.

 

Руҳ ва тана рақси

 

Камолиддин Беҳзоднинг “Дарвешлар рақси” миниатюраси ва Анри Матисснинг “Рақс” картинасида (ХХ аср) маъновий ва услубий ҳамжиҳатлик кузатилади. “Зикр” маросим рақси ХVIХVII асрлар тасвирий санъатида кенг оммалашган бўлиб, Саъдий, Ҳофиз, Навоий каби мумтоз шоирлар асарлари қўлёзмасини музайян этган.

 

                  

 

1490 йили ишланган миниатюрада табиий динамика ва руҳий шиддат барча иштирокчиларни қуршаб олгани сезилади. Рақсга тушаётган икки оқсоқол ва икки ўрта яшар кишининг тўнлари ҳам рамзийликка йўғрилган: ранг қанча ёрқин бўлса, персонаж шунча ёш бўлади. Зикрдаги уюрма ҳаракат қўлларнинг буралиб-эшилиши, ранг-баранг бўйинбоғларнинг енгил ҳилпираши орқали бўрттириб кўрсатилган.

 

Анри Матисс “Рақс” картинасида Камолиддин Беҳзодга хос савлат бағишлайдиган услубни янада такомиллаштирган. Иккала асарнинг ҳам асосий пафоси умумий мазмунга эга: мусиқа ва ҳаракат уйғунлиги, руҳ ва тананинг уйқаш ритми...

 

Дуализм фалсафаси

 

Камолиддин Беҳзод ижодида акс этган яна бир муҳим мавзу – эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги тўқнашув Европа тасвирий санъатида ҳам ифода этилади. Иблисона образларга қаҳрамон инсонларни қарши қўйиш тамойили ХVХVII асрларда яшаган европалик рассомлар ижодида кўп кузатилади. Санъаткорлар шу орқали мудроқ шуурларни уйғотишга интилган.

 

Шарқ миниатюраларида, хусусан, Камолиддин Беҳзод ижодида эзгулик ва ёвузлик дам-бадам дучлашади. Масалан, мусаввирнинг бир миниатюрасида ҳайвонкелбат иблис нозик гулларни пайҳон қилиб бораётгани тасвирланган. Европада эса иблис тасвири фикрий ва моддий тараққиёт тақозосига кўра ўзгаришга учраган. Немис рассоми Михаел Пахернинг “Ҳазрат Вольфганг ва иблис” (ХV аср) картинаси ҳақида худди шундай дейиш мумкин.

 

                                                     

 

Камолиддин Беҳзоднинг Низомий Ганжавий “Хамса”сига ишлаган “Моҳан ва иблислар” миниатюрасида шарқона мифология яққол акс этган. Сувратда турқи-таровати ҳайвонсифат, гавдаси инсонникига ўхшаш девлар ва етти бошли аждар тасвирланган. Бу миниатюрани Пикассонинг ёвузлик иблисона образлар тимсолида жонлантирилган “Герника” панноси билан солиштириш қизиқ. Албатта, миниатюра ва паннонинг трагик маъно даражасини таққослаб бўлмайди. Лекин ёвузлик таҳдиди, руҳий мувозанат даҳшати ва тириклик бандасининг бахт-саодати мавзуси ҳеч қачон эскирмайди. Икки асарда ҳам ночорлик туйғуси ва бузғунчи унсурни кўрсатишда жонли пластик ритм тамойилидан фойдаланилган. Пикассо мавзуни ижтимоий норозилик даражасига кўтарган. Беҳзодда эса мавзу адабий-поэтик сюжет доирасидан чиқмайди. Лекин томошабинга ҳиссий таъсир бобида униси ҳам, буниси ҳам кишини ҳайратда қолдиради.

 

Нақшлар поэтикаси

 

Нақшинкор услуб эстетикаси Камолиддин Беҳзоднинг кўплаб ишларида ёрқин акс этган ва ХIХ-ХХ асрларда ижод қилган европалик рассомлар асарларида ҳам бетакрор талқинини топган. Нақшу нигорлардан безак сифатида фойдаланган Беҳзод моҳир санъаткор сифатида уларни тасвирнинг асосий мазмунини тўлдиришга ҳам хизмат қилдирган. 1480 йили яратилган “Гуллаган новдалар орасидаги ўсмир” композициясида мажоз ва нақшлар уйғунлиги яққол кўзга ташланади. Марказий фигура гўё нақшу нигорлар ила яхлитлашиб, гўзаллик тантанасини мадҳ этувчи ёрқин қиёфа касб этади. Инсон танаси ва нақшу нигорларнинг уйқаш келиши австриялик машҳур рассом ва монументалист Густав Климт ижодида ҳам етакчилик қилади. Унинг “Уч авлод” (1909) картинасида момо, она ва қизалоқ тасвирланган. Сувратда фалсафий ва пластик концепцияга нақшлар санъаткорона сочилганини кўриш мумкин. Бу худди Камолиддин Беҳзод миниатюрасидаги каби табиатнинг жонбахш кучи билан боғлиқ некбин ибтидо рамзини ифода этади.

 

                         

 

Хулоса қилиб айтганда, Ўрта асрлар Шарқ миниатюра мактаби ХVIIХХ асрлар Европа санъати шаклланишига, Яқин ва Ўрта Шарқнинг замонавий санъати ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Марказий Осиё маданиятига-ку, шак-шубҳасиз. Буни ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Европада таълим олган, Шарқу Ғарб санъати ютуқларини мужассамлаштиришга интилган Арабистон, Туркия, Эрон мусаввирлари ижодида сезиш қийин эмас.

 

Анъаналар ворисийлиги

 

Бугун мамлакатимизда буюк аждодлар меросини ўрганаётган, уларга эргашаётган рассомларимиз кўп. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаёқ айрим ижодкорлар ўз фалсафий ва бадиий концепциясини яратишда миниатюра санъатига таянишга уринган. Аммо феодал ўтмиш анъаналарига қарши кураш авж олиб, соцреализм ҳукм суриши оқибатида шарқона рангтасвир узоқ муддат унутилишга маҳкум этилди. Шундай вазиятда ҳам яккам-дуккам бўлса-да, миниатюра нафосатига йўғрилган асарлар яратилди. Хусусан, Жавлон Умарбековнинг “Навоий ва Ҳусайн Бойқаро” картинасида (1974) миниатюрачилик ва иконанавислик усуллари мужассамлашиб кетган. Майин лирик оҳангдошлик ва инсоний туйғулар тафти томошабинга ҳайратомуз таассурот бахш этади.

 

Янги аср арафасида Марказий Осиё халқларида миллий ўзликни англаш тўлқини кўтарилиб, ижодкорлар миллий тарих, анъанавий маданият ва диний мавзуларга бот-бот мурожаат эта бошлади. Кўплаб ёш рассомлар ижодида шарқона миниатюра санъати янгидан туғилди. Замонавий мусаввирлар қоғоз, тери, папье-маше каби материаллардан фойдаланиб, Шарқ миниатюраси устозларининг ишини давом эттиряпти. Уларнинг асарларида асрий анъаналар сақлангани ҳолда муаллифлик дастхати ҳам сезилиб туради. Шарқ миниатюраси мустақиллик йилларида собиқ соцреализмга рақобатчи ўлароқ шаклланган рангтасвирчиларнинг янги авлодига ҳам кучли таъсир кўрсатди. Айни муҳитда рассомлар пластик метафора ва поэтик истиора яратишда миниатюрачилик анъаналаридан кенг фойдаланаётир. Шу маънода буюк аждодлар мероси ўз ҳаётбахш кучини бугун ҳам йўқотган эмас.

 

Миниатюра санъати ҳозиргача асосан темурийлар даври маданияти таркибида, тарихий-маданий ва географик ҳудуд доирасида тадқиқ этилган. Энди олдимизда бу бебаҳо меросни умумжаҳон санъати контекстида кўриб чиқиш вазифаси турибди. Темурийлар даври маданияти жаҳон санъати тараққиётига беқиёс таъсир кўрсатгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. ХХ аср европалик рассомлар ижодида шундай жиҳатларга дуч келамизки, айни чизгилар бундан бир неча юз йиллар илгари яшаган осиёлик мусаввирлар асарларида ҳам учрайди. Турли даврлар ва турли минтақаларнинг мусаввирликка доир ҳодисалари умумлаштирилса, жаҳон санъатининг муштарак жиҳатларини кўрсатувчи нодир картина намоён бўлади. Шарқу Ғарб рассомлари ижодидаги умумий ва хусусий жиҳатлар, жаҳон санъати тараққиёти анъаналари шуни исботлайдики, ҳақиқий истеъдод чегара билмайди.

 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуманнинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, “Ўрта асрларда яшаб, ижод этган буюк Шарқ аллома ва мутафаккирларининг тенгсиз асарлари ва илмий мероси фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулкидир. Бу – бебаҳо бойлик, янги ва янги авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи, керак бўлса, янги кашфиётлар учун ажойиб материал...” бўлиб қолаверади.

 

Aкбар ҲAКИМОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси ва

Бадиий академияси академиги

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 24.09.2024 0 24
Ажиниёз образига бир назар





Кўп ўқилган

Барчаси

//