Дунёнинг қиёфаси


Сақлаш
16:23 / 09.02.2022 844 0

Дунё ҳақида ҳар кимнинг тасаввури бор. Гоҳида биз “Эҳ, бевафо дунё!” деб қўямиз. Дунё ортидан чопиш, унга муҳаббат қўйиш инсонларга яхшилик келтирмаслигини биламиз. Лекин дунёнинг неъматлари ширин, унинг гўзалликлари бисёр. Инсон қалбини дунё муҳаббатидан озод қилиши жуда машаққатлидир. Улуғ зотлар дунёнинг ўткинчи эканлигини билиб, унга боғланиб қолмаслик учун ҳаракат қилганлар. Чунки дунё неъматлари учун интилиш, дунё неъматларига эришмоқ учун яшаш инсонни алал-оқибат хорликка олиб боради. Масалан, инсоннинг қорни бир коса овқатга тўяди, бир пиёла сув унинг ташналигини қондиради. Ҳатто икки қулоч жой унинг ухлаши, ором олиши учун кифоя. Ҳолбуки, биз турфа таомлар билан дастурхонлар тўлдирамиз, ичимликларнинг сарасини олиб келамиз, дам олишимиз учун шоҳона ўринлар орзулаймиз. Мақсадимиз неъматларга эришишдан иборат бўлиб қолади. Шу орзулар йўлида айримларимиз хатолар қиламиз, ўзганинг ҳақини еймиз, кишиларнинг норозилигига учраймиз. Аслида, ҳалол меҳнат ва Яратганнинг зикри билан осуда ва фаровон турмуш кечириш мумкин. Ризқ ғамида қалбимизни қайғуга солмаслигимиз керак. Чунки мусулмонлар ризқ – Аллоҳнинг иши деб билади. Банда эса ҳаракат қилса, етарли. Унга аталган барча ризқлар оқиб келаверади.

 

Алишер Навоий бу масалада атрофлича фикр юритган. Кўплаб асарларида дунёнинг ўткинчи эканлигини таъкидлаган. Буюк мутафаккир ўз даврининг энг бой инсони эди, унинг қасрлари, боғу роғлари кўп бўлган, даромади улкан эди. Аммо топган барча фойдасини бева-бечораларга, мискинларга эҳсон ва хайр-садақа қилган. Асарларида эса дунёдан ғолиб бўлишга даъват қиладики, Алишер Навоий муваффақиятининг сири шунда бўлса керак, деб ўйлаб қоласиз.

 

Хусусан, шоир “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги ўн тўртинчи мақолатда чарх (афлок)ни ҳийлагар ва найрангбоз, қўғирчоқчи, парихон, айёр ва пири зол деб атайди. Даҳр аруси – замон (ёки дунё, жаҳон) келинчагини алоҳида тасвирлайди, чарх қўшмачи бўлиб, инсонларни дунё келинчаги билан қўшади, дунёни зийнатлаб одамзодга гўзал кўрсатади, инсон ва дунёни никоҳлаб, маҳр (никоҳ тўлови) учун жон ва иймонни талаб қилади. Сўнг нафасида инсоннинг жонини ва иймонини олади, сўнг яна бошқанинг тўшагига киради. Чарх ва дунё бир бўлиб кўрсатадиган ўйинлар кўп, масалан, у инсонга барча хуш ёқадиган неъматларни тақдим этади, бойликка, шон-шуҳратга кўмади, ҳатто тахтга чиқариб, давру даврон суриши учун шароит ҳозирлайди. Алданган инсон эса дунё келинчаги ортидан ошиқ бўлиб югуради. Ҳолбуки, маъшуқаси келинчак эмас, жуда айёр бир пири золдир. Бу пири зол эса берганларини ортиғи билан қайтариб олади.

 

Инсон давлат ва иқболи билан шодланмасин. Фалак кўрсатаётган меҳрга алданиб қолмасин. Қўлидаги мол ва мартабага суянмасин. Чунки дунёнинг ҳосили, боқий деб аталган ҳамма нарсаси, бир сўз билан айтганда, “ҳеч”дир. Унинг ҳамма нарсасидан дарҳол воз кечиш лозим ва бу воз кечишни кечиктирмаслик керак.

 

Хўш, дунёдан қандай ва қай йўл билан воз кечилади?

 

Фалак инсонни забун этиб, унинг жонини олмасдан аввал дунёни хор ва фақир билмоқ шарт. Уни забун этган маъқул. Агар инсоннинг қўлида дунё, мол ва сарват бўлмаса, фалак ундан нимани тортиб олади? Демак, дунё неъматларига этак силкиб, ундан қўлни тортмоқ тўғри ишдир. Бунинг учун инсон қўлида бор бойликларни пароканда этсин, яъни дунёни ўз қўли билан шарманда қилсин. Қўлини қуёшнинг панжаси каби очиб, унда бор кумуш ва олтинларни оламга сочсин. Чунки фалак, албатта, одам боласининг қўлини бўш қолдиради. Шундай экан, ундан аввал инсоннинг ўзи ўз қўлини бўшатиб қўйгани афзал:

 

Ул сени айлар чу тиҳи даст бил,

Билгач ўз-ўзунгни тиҳи даст қил.

 

Искандар Ер юзи бўйлаб қўшин тортди, у забт этмаган ҳудудлар қолмади, қуруқлик ва сув остини ҳам ўзига бўйсундирди, унга қуллик қилиш шоҳлар учун ифтихор эди, Аллоҳ унга шоҳликни берди, Ўзига дўст (валий) деб билди ҳамда ваҳий йўллаб, пайғамбар қилиб танлади. Искандар ҳар бир ишини ҳикмат билан юритди. Бироқ вақт етиб, унга ожизлик юзланди. Ўлим келгани маълум бўлди. Ўтган умрига назар солди, бундай завол топиш унинг ичини ўртаб, шундай деди: “Бу нафас хор ҳолда дунёни тарк этяпман, менга охират йўлининг ноғоралари чалинди. Васиятимни ҳамияти борларга етказинг: руҳим қуши танамдан учиб чиққач, мени тобутга солиб, қабр сари элтар экансиз, қўлимни тобутдан чиқариб қўйинг. Унга назар солган ҳар бир инсон тушунсинки, етти иқлимни забт этган подшоҳ, фалак мушкулларидан огоҳ бўлган инсон жисми жонсиз ҳолда бўш қўл билан дунёни тарк этмоқда. Ким жаҳон мулкини ҳавас қилса, менинг бу тажрибам унга етарли бўлсин!”

 

Биз бундан шундай хулоса оламизки, инсон дунё матоҳларига алданиб қолмасин, лекин дунёдан воз кечдим деб дангасаликка, танбаликка мубтало бўлмасин. Мақсад бойлик топиш эмас, балки бойликни хайрли ишларга сарфлашдир.

 

Дунёда инсонни бахтсиз қиладиган омиллардан бири зулм ҳисобланади. Зулм одамлар ҳақини ейиш, уларни беҳуда ва ноҳақ ранжитишдир. Алишер Навоий ҳамиша зулмга қарши курашади. Инсонларни зулмдан қайтаради, адолатга даъват қилади:

 

Нечукким, эрур адл шаҳларға зеб,

Эрур ҳам гадо, хокираҳларға зеб.

 

Яъни адолат шоҳу гадоларга, йўлдаги тупроқ каби мавқеи қуйи инсонларга ҳам зебдир, зийнатдир. Адолат фақат шоҳнинг зиммасидаги иш эмас, балки ҳар бир инсон қилиши зарур бўлган ишдир.

Зулм ҳақида эса шоир айтади:

 

Неча зулмким элга золим қилур,

Ўз-ўзига кўпрак қилур – Ҳақ билур.

 

Яъни золим элга, одамларга зулм қилади, аслида эса бу зулм унинг ўзигадир, у одамларга эмас, ўзига кўпроқ зулм қилмоқда, буни Ҳақ билиб турибди. Шоир ушбу байт орқали инсонни зулмдан қайтаради, бошқаларга ноҳақ азоб беришнинг оқибатидан огоҳлантиради. Қуйидаги байт эса ушбу фикрни қувватлайди:

 

Вале кимсаким зулм анга комдур,

Бу оламда мардуду бадномдур.

 

Яъни ким оламда ўзига зулмни одат қилиб олса, одамлар орасида бадном бўлади, уни ҳамма рад қилади ва нафратланади.

 

Инсон адолатни ўзига одат тутиб, зулмдан сақланиши керак. Адолат нима? Адолат барчага бирдек муомала қилиш эмас, балки ҳар кимга у лойиқ бўлган муомалани қилиш ҳисобланади. Зулм эса инсонга у лойиқ бўлмаган муносабатда бўлишдир.

 

Умуман олганда, Алишер Навоий асарлари ана шундай ҳикматларнинг бебаҳо хазинасидир. Уни ўқиш ва уқиш бугунги кун китобхонига фақат фойда ва манфаат келтиради. Ҳаётни англашда, яшашда маънавий ёрдамчига айланади.

 

Акром МАЛИК

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//