Америкалик дипломат ва журналист Юджин Скайлер Ўрта Осиёга ташриф буюрган биринчи америкалик дипломат, Тургенев ва Толстой асарларининг биринчи таржимони, ўзи таълим олган университетнинг илк докторларидан ва АҚШнинг Руминия, Сербия, Грециядаги дастлабки элчиси эди. Унинг таржимаи ҳолида бизнинг юртимиз ва шаҳарларимиз алоҳида ўрин тутган.
Юджин Скайлер 1840 йил 24 февралда Нью-Йорк штатидаги Итака шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси асли голландиялик бўлиб, отаси дорихонада ишлар, онаси мамлакатда таниқли ношир Чарльз Скрадлер авлодларидан эди. 15 ёшида Йёльск коллежига кирди, кейин университетини тугатди. У кўп китоб ўқирди, шунданми, келажакда юрист эмас, қаламкашликда кўпроқ шуҳрат қозонди. “The Nateli” (Миллат) журнали билан ижодий алоқада бўлди ва бу ишни умрининг охиригача давом эттирди.
23 ёшда эди. Шаҳар гаванида узоқ вақт Россиянинг “Невский” эскадрони тўхтаб қолди. У кемага борди, одамлар билан гаплашди, рус тилига қизиқиб қолди ва уни тезда мукаммал ўрганиб олди. Тил билиши Тургеневнинг “Оталар ва болалар” романини инглизчага таржима қилиш имконияти даражасида эди. Бу таржима 1867 йилда китоб бўлиб чиқди ва ўқувчилар орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейин фин тилини ўрганди, миллий эпос – “Калевила”нинг нашрида муҳаррирлик қилди.
Юджин хаёллари чексиз йигитлардан, “Қирлар ортида, булутлардан нарида нима бор?” деб қизиқувчилар тоифасидан эди. Шунинг учун дунё кезишни истарди. 1864 йилда давлат департаментига дипломатик ишга ўтиш истаги борлигини маълум қилиб, ариза топширди. Унинг мурожаати 3 йил давомида кўриб чиқилди ва Москвага боришга рухсат тегди.
Шундай қилиб, салом, кўҳна қитъа! Баден-Баден шаҳрида сафарда юрган Тургенев билан учрашди, унга ўзи таржима қилган романини совға қилди. Бу ёзувчига маъқул тушди ва Юджин Скарлетга Толстой, Одоевский, Тютчев ҳақида сўзлаб, уларга хатлар ёзиб берди. “Бу зиёлилар маърифатли америкаликни, айниқса, рус романининг таржимонини қандай кутиб олишини кўрасан!” деди ишонч билан Николай Сергеевич.
Ҳақиқатан, “Уруш ва тинчлик”ни ёзиб тугатиб, “юкдан қутилган” Лев Толстой меҳмонни хуш кайфият билан кутиб олди, Ясная Полянада бир ҳафта меҳмон қилди. Улуғ ёзувчи америкаликлар ҳаёти, айниқса, таълим тизими билан атрофлича қизиққан, уларнинг алифбосини кўчириб олган. Юджин муҳтарам ёзувчидан “Казаклар” ва “Севастополь ҳикоялари” асарларини таржима қилишга рухсат олади. “Нью-Йорк таймс” газетасида ҳали океан орти учун анча сирли бўлган рус ҳаёти, одамлари ҳақида репортажлар эълон қилади, биринчи бўлиб “Уруш ва тинчлик” эпопеясидан хабар бериб, у билан таништиради.
Ю.Скайлер хизмат сафари билан 1868 йил илк марта бир савдогар ҳамроҳлигида Ўрта Осиёга ташриф буюради. Волга дарёсида параходда Самарагача келиб, ундан Оренбургга, Урал тоғлари орқали эса Қирғизистонга келади. Кўрганларини муфассал қайд этиб, хизмат маълумотлари тайёрлаб боради. Бу пайтда Россия Ўрта Осиёга ўз босқинчилик юришларини бошлаган, Бухоро амирлигини эгаллаб, Самарқанд сари ҳаракатланарди.
Россияга тайинланган янги элчи Эндрю Кёртин бу мамлакат ҳақида кам маълумотга эга эди, у Ю.Скайлернинг шарҳлари ўзига ёққанлигини маълум қилади. Шу сабаб бўладими, 1873 йилда Россиянинг янги мулклари билан таништиришга мўлжалланган обрўли хорижий меҳмонлар сафида Юджин Скайлер ҳам бор эди. Сафар давомида Скайлер шу йил 23 март куни Саратовда “Nyu-York Gerald” газетаси мухбири Януарий Мак-Гахан билан учрашади. Мак-Гахан Хивага йўл олади, Скайлер эса Тошкент-Самарқанд–Бухоро-Қўқон йўналиши бўйлаб кетади. Бу сафар 8 ой давом этади, сайёҳ шундан кейин Сибирь ва Урал тоғи орқали Санкт-Петербургга қайтади.
Юджин Скайлер кўрганлари асосида турли нашрларга шарҳлар эълон қилади. Уларни “Туркистон. Самарқанд, Бухоро, Қўқонга сафар” тўпламида нашр этди. Асосийси, 1874 йилда АҚШ Давлат департаментида Туркистондаги аҳвол ҳақидаги доклади бўлди. Унда генерал фон Кауфман томонидан “татарлар” – умуман, маҳаллий аҳолига шафқатсизларча муносабатда бўлингани қораланган эди. Бу чиқиш халқаро доирларда катта шов-шувга сабаб бўлади. Ҳатто Россия ҳукумати эътироз билдириб, бундан олдин қора танлиларга инсоний муносабат ўрнатиш муҳимлигини писанда қилади.
Ю.Скайлер миссиясини Туркия, Руминия, Сербия, Грецияда давом эттирди, АҚШга қайтиб, маърузалар ўқиди. Кейин Италияга қайтиб, фаолиятини давом эттираётганда, безгакка чалиниб, 1890 йилда Венецияда вафот этди.
Юджин Скайлер ХIХ асрдаги юртимиз ҳаётини ўз кўзи билан кўрган ва уни ҳужжатлар асосида бадиий акс эттриган саноқли ижодкорлардан бири. Унинг 2 жилддан иборат “Туркистон” асари дунё юзини кўрган, кўплаб тилларга таржима қилинган. Китобда жонли шоҳиднинг таассуротлари жуда қизиқарли ифодаланган. Унда Туркистоннинг табиати гоҳ унинг тоғ ва дарёлари, текислик ва воҳалари тасвири билан бойитиб тасвирланса, гоҳ одамларининг юриш-туриши ҳақида ҳайрат билан (бутунлай ўзга муҳитда улғайган одам учун ҳамма нарса ажабтовур туюларди) сўз юритилган. Энг асосийси, кишиларнинг феъл-атвори, одатлар ва удумлар, маиший ҳаёт майда унсурларигача батафсил акс эттирилган. Бу ҳудудда, асосан, уч элат: ўзбеклар, тожиклар ва қозоқлар яшаши ҳақида маълумот берилиб, халқларнинг тарихи, этнографияси ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Жумладан, ўзбеклар ҳақида сўз юритиб, “бу халқнинг 92 тармоғи (“фамилия” – оила) бўлиб, тармоқлар яна майда тармоқларга бўлиниб кетади” сингари аниқ маълумотлар келтирилади. Қолаверса, ҳар бир тармоқнинг феъл-атвори, турмуш тарзи юзасидан кўплаб тафсилотларни баён қилади. Албатта, бундай далилларнинг керакли муассаларда ўзига хос катта аҳамияти бор эди.
Бу китоб русча нашридан таржима қилиниб, ўзбек тилида ҳам чоп этилди. Гарчи муаллиф русларнинг Ўрта Осиёга киришини умуман ижобий баҳолаган бўлса-да (қандай кучлар таъсир этгани мавҳум), унда ўтмишимизга доир қимматли маълумотлар жой олгани шубҳасиз. Шунинг учун Ю.Скайлернинг бу икки китобини оригиналдан, яъни инглизчадан ўгириб, зарур изоҳлар билан нашр этиш лозим. Негаки, “Агар тарихга дахлдор бўлса, отнинг тақаси ҳам қимматли” деганларидек, бевосита нақд гувоҳнинг хотиралари жуда ҳам қадрли.
Олимшон БУРХОН
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ