Хиёнаткор уканинг қисмати – Жалолиддин ва Ғиёсиддин


Сақлаш
09:01 / 25.01.2022 885 0

 

Жалолиддин Мангубердининг манглайига, минг афсуски, Ануштегинийлар сулоласининг сўнгги вакили бўлиш қисмати битилган экан. У умрини мўғул босқинчиларига қарши курашга бағишлаб, 1221 йилдан 1231 йилгача Хуросон, Эрон, Ироқ, Озарбойжон, Грузия, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон, Кирмон ҳудудларида жангу жадал ичра яшар экан, не ажабки, баъзида энг яқинларидан ҳам панд еди.

 

Султон Жалолиддин 1227 йили Исфаҳон шарқида, ярим кунлик йўлда ас-Син деган қишлоқда мўғулларнинг 150 мингдан ортиқ қўшинига қарши 100 мингдан зиёд лашкар билан жанг қилади. Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий муҳорабани шундай тасвирлаган:

 

“Султон жанг учун белгиланган кунда қўшинини сафлантирди. Унинг қўшин маркази зулматли тундай қоп-қора эди. Ўнг қаноти тоғдан тушаётган сув каби шиддатли, чап қаноти эса кулранг отлар минган лашкар билан тўлиб-тошганди. Қилич ва найзаларга тушган қуёш нури ярақлаб кўзга ташланарди. Иккала томон ҳам бир-бирига юзма-юз келган пайтда Ғиёсиддин Султон қўшинлари сафини тарк этди. У ўзи билан бирга лашкарини ва Жаҳон Паҳлавон Элчи бошчилигидаги қўшиннинг бир қисмини ҳам олиб кетди. Султон ҳаддан ташқари бандлигидан, ўзининг изидан қувиш ва таъқиб этиш имконияти йўқлигидан фойдаланиб қочди. Ғиёсиддин ушбу хатти-ҳаракати билан икки дунёда юзи қаро бўлди. Буларнинг ҳаммаси ўша пайтда улар ўртасида Нусратиддин ўлими туфайли юзага келган низо сабабли рўй берди”.

 

Ғиёсиддин Пиршоҳ ва унинг лашкари Жаҳон Паҳлавон Элчи билан бирга Исфаҳон яқинидаги жанг олдидан Жалолиддин қўшинини тарк этиб қочгач, Форс кўрфазига яқин нуқтада жойлашган Хузистон томон йўл олади. У вазири Карим аш-Шарқни Бағдод халифасига элчи қилиб жўнатади. Ўзининг Форс Ироғида ҳукмдор бўлиб турган пайтда Олий девонга қарашли мулклар эгалари билан яхши қўшничилик муносабатида бўлгани, тақиқланган ишларни қилмагани, ўзаро ҳурмат-иззатни сақлагани, акаси Ҳиндистондан қайтиб келгач, одатдаги аҳвол барҳам топгани, унинг халифалик мулкларига ҳужум уюштиргани, натижада ўртада зиддиятлар юзага келганини билдирди. Агар халифалик акаси ўзидан тортиб олган ерларни қайтариб олишда, мамлакатни қайтадан қўлга киритишда ёрдам берса, содиқ қул каби хизмат қилишга тайёрлигини етказади.

 

Элчи хурсанд ҳолда қайтиб келади. Халифа кўплаб ваъдалар берган, ҳукмдорлик тахтини қайта эгаллашида ёрдамини аямаслигини билдирган ва 30 минг динорни хайрия сифатида юборган эди. Бу даврга келиб халифалик тахтини, 1225 йили вафот этган Носирнинг ўрнини укаси Зоҳир эгаллаган, у ҳам ўзидан олдингиларнинг анъанасини давом қилдириб, Хоразмшоҳ Жалолиддинга қаршиман деган ҳар қандай одамга ёрдам берарди. Айниқса, Ғиёсиддиннинг Жалолиддинга қарши чиқиши халифани ниҳоятда қувонтирган эди.

 

Мўғулларнинг Форс Ироғи ва Хуросонни қўлга киритолмай, Исфаҳондан қайтиб кетиши, Жалолиддиннинг яна қайтадан пайдо бўлиши Ғиёсиддинни жиддий ташвишга солади. Хузистондан Аламутга йўл олади. Бироқ бу ерда ҳам кўп туролмайди. Султон жангдан кейин мўғулларни таъқиб қилиб Ройга қадар келади. Лашкарини Рой ва Абхаз чегараларига қадар юборади. Натижада Аламут ҳамма томондан Жалолиддин лашкарлари билан ўралади. Бундан Ғиёсиддиннинг аҳволи янада оғирлашади.

 

Аламут ҳукмдори Оловуддин Муҳаммад III Султон ҳузурига элчи юбориб, Ғиёсиддинга омонлик беришни, уни яна ўз хизматига олишни илтимос қилади. Жалолиддин бу таклифга кўнади. Аламут элчиси ёнига мулклар мушрифи Тожулмулк Нажибиддин Ёқуб ал-Хоразмий ва таштдор Жалолиддин Фаррухни элчи сифатида қўшиб юборади. Улар Ғиёсиддинни Султон ёнига олиб келиши ва Оловуддин Муҳаммад III га ўртадаги яраш муносабатига ҳисса қўшгани учун миннатдорлик билдириши керак эди.

 

Бу воқеани тарихчи ибн ал-Асир бошқачароқ тарзда ёзади. “Жалолиддин Ғиёсиддиннинг Аламутга, исмоилийлар ҳузурига қочганини билганидан кейин улардан укасини беришни талаб этади. Акс ҳолда, ҳужум қилиш ниятини билдириб нома юборади. Исмоилийлар ҳукмдори Оловуддин унга жавобан “Уканг бизларнинг ёнимиздан паноҳ топган. У ҳам султон ва султоннинг ўғли. Бизлар уни сенга беролмаймиз. Ўз ёнимизда олиб қоламиз. Сенинг қўл остингдаги мулклардан бирига ҳам юборолмаймиз. Биз сенинг унга меҳр-оқибатлироқ бўлишингни илтимос қиламиз ва бу хусусда ваъда беришингни кутамиз”, деган жавоб йўллайди. Жалолиддин уларнинг талабига кўнади”.

 

Ибн ал-Асирдан кўра Шиҳобиддин Муҳаммад Насавийнинг маълумотларини асосли дейиш мумкин. Чунки Аламут ҳукмдори Жалолиддинга тобелардан бири ҳисобланади. Султонга йилига маълум миқдорда пул тўлаш ҳисобига давлатни бошқаради. Шу боис унинг Жалолиддин талабига рад жавобини бериши ҳақиқатдан йироқ.

 

Элчилар Оловуддин ҳузурига келганда Ғиёсиддин Султон ёнига қайтишдан воз кечади. У бундан кўра мамлакатлар бўйлаб мақсадсиз кезиб юрганим хавфсизроқ деб ўйлайди. Аламут ҳукмдоридан ўзи ва юкларини ташиб кетиш учун от топиб беришда ёрдам сўрайди. Оловуддин унга 400 бош от ҳадя қилади. Улар Аламутдан чиққанидан кейин Султоннинг бу шаҳар яқинида жойлашган силаҳдор Таваший Жаба бошчилигидаги қўшин бўлинмаси ҳужум қилади. Жаҳон Паҳлавон Элчи бошчилигидаги лашкар уларни асир тушишдан сақлаб қолади. Ғиёсиддин қочиб Кирмонга, ўзининг ноиби Бароқ ҳожиб ҳузурига йўл олади. Собиқ ноибим менга ҳурмат-иззат кўрсатар, деб умид қилади.

 

Бароқ уни чўлда, Абаркўҳ яқинида 4 минг лашкари билан кутиб олади. Кирмонга киришда ноиб шаҳзоданинг онасига уйланиш фикрини билдиради. Ғиёсиддинни “азиз ўғлим” деб атайди. Она ва боланинг кескин қаршилигига қарамай, уларнинг аҳволи оғирлигидан фойдаланиб маликага уйланади. Орадан бир муддат ўтганидан сўнг уларни ўзига суиқасд уюштиришда айблайди. Бароқ Ғиёсиддиннинг онасини, у билан бирга вазир Карим аш-Шарқни, Жаҳон Паҳлавон Элчини қатл қилдиради. Шаҳзоданинг ўзини эса қалъалардан биридаги зиндонга ташлайди.

 

Ғиёсиддиннинг сўнгги кунлари ҳақида ҳар хил маълумотлар мавжуд. Баъзи муаррихлар уни Бароқ ўлдиртирган деса, айримлари асирликдан қутулиб Исфаҳонга борганда Султон буйруғига кўра қатл этилган, деб ёзади. Аслида эса Бароқ ҳожиб Ғиёсиддиннинг бошини кесдириб, уни “Сизнинг икки душманингиз бор эди – Жалолиддин ва Ғиёсиддин. Улардан бирининг калласини сизга жўнатдим”, деган нома билан мўғул ҳукмдори Ўқтойга (1227 йили Чингизхон вафот этганидан кейин ўғли тахтга ўтирганди) юборади. Бу ҳам Бароқ ҳожибнинг хиёнаткорлардан бири сифатида мўғуллардан паноҳ излаганини кўрсатади.

 

Бароқ ҳожиб Ироқ ноиби Шарафиддинга йўллаган мактубида ҳам Ғиёсиддинни ўлдиртиргани тўғрисида сўз юритади. Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий бу мактубни Жалолиддин ҳам, кейинчалик ўзи ҳам ўқиганини эътироф этади. Муаррих Ибн ал-Фуватий Ғиёсиддин Бароқ ҳожиб фармонига мувофиқ унинг қули Ботирқуш томонидан бўғиб ўлдирилган, деган маълумотни беради. Жалолиддин Хоразмшоҳнинг сўнгги укаси Ғиёсиддиннинг ҳаёти шу тариқа поёнига етади.

 

Камол МАТЁҚУБОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси