Мучал тақвими
Қадимги туркларнинг ойлари ҳақида гапиришдан олдин мучал ҳисобига тўхталишга тўғри келади. Исломгача туркларда ҳафта тушунчаси бўлмаган, аммо ой, йил ва 12 йиллик мучал тизими бор эди. 12 йиллик тизим нафақат турклар, балки хитой, қўриё, вьетнам, мўғул ва бошқа Шарқ халқларида ҳам бўлиб, илмий доираларда Шарқ тақвими, Хитой тақвими, шунингдек, туркларнинг мучал тақвими деб ҳам аталади.
12 йиллик мучал турклар томонидан асрлар давомида қўллаб келинган бўлса-да, илдизи аслида Хитойга бориб тақалади. Чунки бу тақвимнинг моҳияти қадимги Хитойда мавжуд бўлган фалсафа, метафизика, диний қарашлар билан очилади. Қадимги Хитой тарихига оид ёзма манбалар, археологик топилмалар бундан қарийб 5 минг йил олдин ҳам Хитойда 12 ҳайвон номи билан аталувчи ва ҳар 12 йилда такрорланувчи 60 йиллик тақвим бўлганидан дарак беради. Мутахассисларга кўра, 60 йиллик бу тақвим Хитойда ҳукмронлик қилган сулолалар тарихини ҳисоблаш, қайд этиш учун жорий этилган. Хитойда 12 ҳайвон номи билан аталувчи йиллар: сичқон, ҳўкиз, йўлбарс, қуён, аждарҳо, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит, тўнғиз. Айни пайтда, бу 12 йил ҳар йили хитой метафизикасида мавжуд бўлган 5 унсурдан (дарахт, олов, тупроқ, маъдан, сув) бирига ҳамда ян (эркаклик) ёки инь (урғочилик) асосига мансуб деб қаралади (12х5=60). Мунажжимлар эса ушбу 60 йиллик тақвимни Муштарий (Юпитер) сайёрасининг эклиптика ёки буржлар силсиласини қарийб 12 йилда бир марта айланиб чиқиши (12х5=60) ҳамда Зуҳал (Сатурн) сайёрасининг айланиш даври – 29 йилга (қарийб 30 йилга) тенглиги (30х2=60) билан ҳам изоҳлашади.
Қадимги туркларда ушбу тақвим 60 йиллик эмас, балки 12 йиллик мучал тарзида қабул қилинган. “Мучал” сўзи этимологияси хусусида турли қарашлар бор, шулардан ҳақиқатга энг яқини: “мучал” – “бўлак”, “аъзо” маъносидаги “муча” сўзидан, деган фикр бўлиб, унда ҳар бир ҳайвон ўша 12 йиллик даврнинг бир бўлаги, бир аъзоси, мантиғи англашилади (Шу ўринда мен ўзимнинг яна бир тахминимни ҳам айтиб ўтмоқчиман: қадимги туркийда “мычы” (“мičĭ”) сўзи – “мушук”, “маймун”, “қуён” каби ҳайвонларга нисбатан ишлатилган. Эҳтимол, “мучал” сўзи “ҳайвон йили” маъносида – “мičĭ” ва “jiл” сўзларининг қўшилишидан ясалган бўлиши ҳам мумкин).
Маҳмуд Кошғарий мучал ҳақида
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида “мучал” сўзи учрамайди. Бу эса “мучал” сўзининг, эҳтимол, кейинги даврларда истеъмолга киргани ёки Кошғарий даврида у қадар машҳур бўлмаганидан дарак беради. Аммо Бобомиз “Девон”да мазкур тақвим ҳақида, уни “мучал” деб атамасдан, батафсил маълумот беради ва, жумладан, шундай ёзади: “Турклар ўн икки хил ҳайвон исмини ўн икки йилга от қўйганлар. Туғилиш, жанг тарихлари ва бошқаларни ана шу йиллар айланишидан ҳисоблайдилар. Бунинг келиб чиқиши шундай: турк хоқонларидан бири ўзидан бир неча йил олдин бўлиб ўтган урушни ўрганмоқчи бўлган, шунда уруш бўлиб ўтган йилни аниқлашда янглишганлар. Бу масала юзасидан (хоқон) қавми билан кенгашди ва айтди: “Биз бу тарихни (аниқлашда) қанчалик янглишган бўлсак, биздан кейин ҳам шундай янглишадилар. Шундай бўлгач, биз энди ўн икки ой ва осмондаги ўн икки буржга асосланиб, ўн икки йилга от қўйишимиз керак, токи биздан кейин йил ҳисоби шу йилларнинг айланишига қараб олинсин ва бу нарса абадий бир ёдгорлик бўлиб қолсин”. Улар “айтганингиздай бўлсин”, дейишди.
Хоқон овга чиқди ва одамларга ваҳший ҳайвонларни Ила дарёси томон қувишни буюрди, бу жуда катта сув. Одамлар ов қилиб ҳайвонларни сув томон ҳайдай бошладилар, шунда ўн икки ҳайвон сувдан ўтди. Ўн икки йилни ана шу ўн икки ҳайвон исми билан атадилар. Энг олдин сувдан ўтган ҳайвон сïчған – сичқон бўлди. Шунинг учун йил боши унинг номи билан аталди, шу сўзга йил қўшиб сïчған jïлï – сичқон йили деб атадилар” (ДЛТ. I. Т. 1960. 330-331).
Шундан сўнг “Девон”да мучал йилларининг тўлиқ рўйхати келтирилади:
“1. Сïчған jïлï – сичқон йили;
2. Уд jïлï – сигир йили;
3. Барс jïлï – барс йили;
4. Таwĭшған jïлï – қуён йили;
5. Нӭк jïлï – тимсоҳ йили;
6. Jĭлан jïлï – илон йили;
7. Jунд jïлï – от йили;
8. Қоj jïлï – қўй йили;
9. Бičiн jïлï – маймун йили;
10. Тақағу jïлï – товуқ йили;
11. Ïт jïлï – ит йили;
12. Тоңуз jïлï – тўнғиз йили.
Гувоҳи бўлганимиздек, Кошғарий мучалнинг келиб чиқиши борасида халқ оғзида машҳур бўлган ривоятга таянган. Аммо турк мучали ва қадимги Хитойда жорий этилган 60 йиллик тақвим ва унга амал қилувчи барча халқларда йилларнинг номлари ҳамда бошланиши бир хиллиги улар бир ўзакка бориб тақалишини билдиради. Эҳтимол, бу тақвим хитойдан ҳам олдин барча учун муштарак бўлган қадим бир маданиятдан барчага мерос бўлиб ўтгандир.
Турк мучали ва Хитой тақвими ўртасидаги кичик бир фарқ – тўртинчи йил хитой тақвимида – аждаҳо бўлса, Кошғарий уни – нӭк jïлï, яъни тимсоҳ йили деб келтиради. Ҳозирда эса бу йил турк халқларида – балиқ йили деб аталади. Қолган йилларнинг номланиши ва милодий йилга тўғри келиши бир хил.
Ойлар
Кошғарий туркларнинг ойлари ҳақида шундай ёзади: “Туркларда ҳафтадаги етти куннинг исми йўқ, чунки ҳафта Исломдан сўнг шуҳратланди. Шунга ўхшаш ой исмлари ҳам шаҳарларда арабча юритилади. Кўчманчи ва мусулмон бўлмаган турклар ойларни тўрт фасл билан атайдилар. Ҳар уч ойни бир исм билан юритадилар. Йил ўтишини шундай биладилар. Масалан, наврўз (янги кун) ан кейинги аввал баҳорга – اُغْلاق اَىْ оғлақ аj, сўнгра – اُلُغْ اُغْلاق اَىْ улуғ оғлақ аj дерлар. Чунки ой бу вақтда катта бўлиб қолади. Бундан кейингисига – اُلُغْ اَىْ улуғ аj дейилади. Чунки бу ой ёзнинг ўртасида бўлиб, бу вақтда сут ва ер неъматлари мўл-кўл бўлади. Бу исмлар кам қўллангани учун ҳаммасини айтишни муносиб кўрмадик” (ДЛТ. I. Т. 1960. 332).
Демак, Кошғарий замонига келиб шаҳарларда исломни қабул қилган турклар тўлиқ ҳижрий йил ва ой ҳисобига ўтиб, туркча ой номларини деярли унутишган (арабча ҳижрий-қамарий ой номларини эслатиб ўтамиз: муҳаррам, сафар, раби ул-аввал, раби ус-соний, жумодул-аввал, жумодус-соний, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда, зулҳижжа).
Аммо келтирилган ана шу дастлабки уч ой номидан ҳам англашиладики, қадимги туркларнинг ойлари арабларники сингари фақат Ой тақвими эмас, балки ҳам Қуёш, ҳам Ой (шамсий-қамарий) тақвимига асосланган. Яъни, йил эрта баҳорда – йилбошидан бошланиб, Кошғарийга кўра, биринчи ой – “оғлақ ойи” (улоқ ойи) деб аталган.
Кошғарий бобомизнинг ушбу гапини бошқа бир манба ҳам қувватлайди. Бу манба Кошғарий яшаган даврдан қарийб уч юз йил кейин – XIII–XIV асрларда Шарқий Оврўпа, Қирим яримороли ҳудудларида оврупалик миссионерлар томонидан қумон-қипчоқларнинг тилини ўрганиш мақсадида тузилган “Кодекс куманикус” луғати бўлиб, унда қумонлар қўллаган ой номлари ҳам келтирилган. Албатта миссионерлар мазкур луғатни тузишда қумонлар билан бевосита мулоқотда сўзларни қандай эшитган бўлса, шундай ёзиб олишган. Шу сабабли хато ва ғализликлар кўп, шунга қарамай уларни англаш мумкин. Луғат 3 устун шаклида тузилган бўлиб, биринчи устунда – лотинча (итальянча, олмонча) сўзлар, иккинчи устунда – ўша сўзнинг форсча муқобили, учинчи устунда эса – туркчаси (қумон-қипчоқчаси) берилган.
Луғатда дастлаб “йилнинг биринчи куни”, “йилбоши” маъносидаги лотинча “kalendas” сўзининг муқобили сифатида қипчоқча – “айбаши” (ay basi) келтирилади ва сўнг лотинча ой номлари ва уларга мос деб топилган форсча ва қипчоқча ой номлари берилади. Дейлик, биринчи устунда келтирилган лотинча ой номлари: januarius (январь), februarius (февраль), martius (март), aprilis (апрель), maius (май), junius (июнь), julius (июль), augustus (август), september (сентябрь), octobris (октябрь), nouember (ноябрь), december (декабрь). Иккинчи устунда эса мазкур лотинча ойларнинг муқобили сифатида форсча эмас, балки арабча исломий ҳижрий-қамарий ойлар келтирилади (Маълумки, ҳижрий ойлар ҳар йили 10 кунга сурилади ва уларнинг лотинча шамсий тақвимга мос келиши мумкин эмас. Луғатда улар қайд этилган пайтда румликларнинг қайси ойига тўғри келган бўлса, ўша шаклда ёзиб олинган).
Учинчи устунда туркий (қумонча) ой номлари шундай келтирилган: 1. Сафар ай (safar ay – бу аслида ҳижрий иккинчи ойнинг номи); 2. Сўнг ай (counz ay); 3. Илк йаз ай (ylias ay); 4. Тоб ай – бу ойнинг номи форсча “ёз” маъносидаги “тобистон” ёки тўбаланг, тўполон, шамолли ой бўлиши мумкин; 5. Сўнг йаз ай (songusax ay); 6. Куз ай (cus ay); 7. Ўрта куз ай (orta cux ay); 8. Сўнг куз ай (sonchitx ay); 9. Қиш ай (ches ay); 10. Ўрта қиш ай (orta ches ay); 11. Қурбан байрам ай (curban baran ay); 12 асук ёки ажуз ай (asuc ay).
Кўриниб турибдики, бу рўйхатда анча чалкашлик бор. Дейлик, Қурбон ҳайити ҳижрий зулҳижжа ойининг ўнинчи (ашуро) куни нишонланади. Мазкур рўйхатда “Қурбон байрам” ҳам ой сифатида қайд этилган. Аслида, уларни фаслларга шундай тақсимлаш мумкин:
Кўклам: 1. айбаши, 2. сафар (“баҳор” бўлиши ҳам мумкин), 3. сўнг ай;
Ёз: 1. илк йаз ай, 2. тоб ай, 3. сўнг йаз ай;
Куз: 1. куз ай, 2. ўрта куз ай, 3. сўнг куз ай;
Қиш: 1. қиш ай, 2. ўрта қиш ай, 3. ажуз ай (Азиз момо).
Ажаз, азиз – туркий халқларда қишнинг охирги кунлари, бу сўзнинг этимологияси “аёз” сўзига бориб тақалади, деган тахмин бор. Ўзбек шеваларида қишнинг бу охирги кунлари – “азиз момо” деб аталиб, тахминан бир ҳафта давом этади. Шундай нақл бор: “Азиз момо олти кун, қаҳри келса – етти кун”. Ёки қиш ойлари туқсон (кун) ҳам дейилган ва илгари халқ оғзида шундай нақл ҳам бор эдики, Азиз момо қаттиқ келса, туқсонга қарата: “Туқсон, бир кунимча йўқсан”, деркан.
Қишнинг илк ойи номи сифатида халқ тилида “қантар” (“қангтар”), “қантар оғди” номлари ҳам ишлатилган. “Қангтар”, “қангтармоқ” деб илгари – от жиловини эгарнинг қошига тортиб боғлаб, отнинг бошини юқори кўтариб қўйишга нисбатан айтилган. Дейлик, “қангтар” куз ойларида бошланса, “қангтарнинг оғиши” қиш ойларига тўғри келган. Бу даврда от учун ем-хашакнинг камайиши сабаб шундай ном берилган бўлиши мумкин.
Шунингдек, илгари турк халқларида, улар яшаган ҳудудларга боғлиқ равишда, чорвачилик, деҳқончиликка оид “қирқим”, “ўроқ”, “дуғал” каби турли ой, мавсум номлари бўлган, аммо улар илмий асосланган муайян тизимга солинмаганлиги сабаб расмий тақвимга айланмаган.
Энг қадимги туркий ой номлари
Шундай қилиб, қадимги турклар наздида табиатнинг уйғониши ва йилнинг бошланиши муштарак тушунчалар эди, лайлакнинг келиши – бу ёз (кўклам) келганидан дарак, табиатнинг ўйғониши эса – йилбоши, йилнинг бошланиши рамзи бўлган. Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида туркларнинг ойлари жадвалини келтиради. Жадвалдаги дастлабки “улуғ ой” ва “кичик ой”лар – қиш ойлари бўлса, улардан кейинги “биринчи ой” баҳорга тўғри келади:
“1. Улуғ ой;
2. Кичик ой;
3. Биринчи ой;
4. Иккинчи ой;
5. Учинчи ой;
6. Тўртинчи ой;
7. Бешинчи ой;
8. Олтинчи ой;
9. Еттинчи ой;
10. Саккизинчи ой;
11. Тўққизинчи ой;
12. Ўнинчи ой.
Беруний мазкур жадвални келтирар экан: “Буларнинг миқдорлари, маънолари ва кайфиятларидан воқиф бўлмадим”, деб туркларнинг ойлари неча кундан иборат ва қачон бошланиши ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини таъкидлайди ва жадвалда туркларнинг биринчи ойи – “улуғ ой”ни румликларнинг биринчи ойи – январиюс, иккинчи ой – “кичик ой”ни румликларнинг иккинчи ойи – фебрариюс муқобилида келтиради (Б. Танланган асарлар. I. Т: “Фан”. 1968. 104-105-б.).
Умуман, ойларга ном бермасдан “йилнинг биринчи ойи”, “иккинчи ой” қабилида тартиб сонлари билан аташ нафақат турклар, балки бошқа халқларда ҳам бўлган. Дейлик, Хитойда ҳам ойлар қадимда: биринчи баҳор ойи, иккинчи баҳор ойи, учинчи баҳор ойи, биринчи ёз ойи, иккинчи ёз ойи... каби номланган.
Ҳозирда бутун дунёда амал қиладиган Григорий тақвими ҳам аслида қадимги римликларнинг тақвимига бориб тақалади (Рим тақвими ўз навбатида қадимги юнон тақвимига асосланган). Қадимги Рим тақвими ҳам (эрамиздан олдинги VIII аср) баҳордан бошланиб, 10 ой ёки 304 кундан иборат бўлган. Яъни, қиш ойлари дастлаб тақвимга киритилмаган. Маълумотларга кўра, Рим тақвимида ҳам дастлаб ойлар: биринчи, иккинчи... ўнинчи ой қабилида тартиб сонлари билан аталган ва кейинчалик баҳор аввалида келадиган биринчи ойга – уруш худоси Марс шарафига “март” номи берилган. Кейинги даврларда бу тақвим кўплаб ўзгаришларга учраб, кўпгина ойлар номга эга бўлди (январ, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август), аммо баъзилари тартиб рақами билан бугунги кунгача етиб келди, дейлик: сентябрь (september) – еттинчи, октябрь (october) – саккизинчи, ноябрь (november) – тўққизинчи, декабрь (december) – ўнинчи.
Шундай қилиб, юқорида Берунийдан келтирган, тартиб сонлари билан белгиланган ойларни қадимги туркларнинг ҳақиқий расмий тақвими дейишимиз мумкин. Бошқа бир жадвалда Беруний мучал йил номларини ҳам ой номлари сифатида шундай келтиради: сичқон, уд, барс, товушқон, луй, йилон, юнт, қўй, пичин, товуқ, ит, тўнғиз (Мазкур асар, 104-бет). Аммо ҳаётда улардан ой номлари сифатида ҳам фойдаланилгани бизга маълум эмас.
Манбаларда
Исломгача бўлган қадимги туркий ёдгорликларда сана асосан мучал йили, ой ва кун шаклида келтирилади. Дейлик, VIII асрга оид Кўктурклар даври обидаси Билга хоқон мангу тошида шундай ёзув бор: “Бунча қазғанып қаңым қаған ыт jыл (734) онынч aï алты отузка уча барды. Лағзын jыл 6iciнч ai jiтi отузка joғ äртўртiм”. Маъноси: “Шунча ғалаба қозониб, хоқон отам ит йилининг ўнинчи ойи йигирма олтинчи кунида вафот этди. Тўнғиз йилининг бешинчи ойи йигирма еттинчи куни “йўғи”ни, яъни мотам маросимини ўтказдим”.
Яна ўша даври обидаси – Кўлтигин тошбитигидан:
“Кўл тiгiн қоң jылқа jiтi jäгiрмiкä учды: тоқузынч аĭ jäтi отузқа jоғ äртўртiмiз. Барқын бäдiзiн бiтiг таш(ын) бiчiн jылқа jiтiнч аĭ jiтi отузқа қоп алқады(м)ыз”. – Маъноси: “Култигин қўй йилининг (биринчи ойи) ўн еттинчи кун учди (ўлди): тўққизинчи ой йигирма еттинчи куни “йўғини”, яъни мотам маросимини ўтказдик. Қабри устидаги мақбара ва ўйма (ҳарфлар билан ёзилган) битиг тошининг ҳаммасини маймун йили еттинчи ойининг йигирма еттинчи куни бағишлаб битдик”.
Эътибор берилса, матнларда ой ва кун аниқ кўрсатилган. Савол туғилади: хўш, қадимги турклар ой ва кунни қандай аниқлашган? Гап шундаки, илгари ҳам ҳозиргидай йил деганда – тўрт фаслдан иборат Қуёш йили тушунилган, аммо ой, қадимги турклар наздида, худди ҳижрий-қамарий тақвимдаги сингари осмонда Ой кўринган кундан бошланган ва илк баҳорда кўринган биринчи Ой – мучал йилининг биринчи ойи ҳисобланган. Яъни, ойлар ҳозирги милодий тақвимдаги сингари ҳар доим бир пайтда эмас, балки баъзан олдин, баъзан кейинроқ бошланган.
Бизгача етиб келган тарихий ҳужжат, васиқалардан маълум бўладики, мазкур тақвим ҳали исломни қабул қилмаган, буддавийлик таъсирида бўлган туркий халқлар, хусусан, Шарқий Туркистонда қарийб XIII асргача амалда бўлган. Турфондан топилган X–XIII асрларга оид баъзи васиқаларда қайд этилган саналарга эътибор қаратамиз:
“Тақиқу йил икинди аĭ секиз йгрмикä маңа Илчи кä тариғ тариғу кергäк болуп...” – Маъноси: “Товуқ йили, иккинчи ойнинг ўн саккизинчи кунида менга, Элчига, экин экиш учун ер керак бўлиб...” (С.Малов. Памятники древнетюркской письменности. М. 1951. 216)
Юқорида кўрдикки, Беруний ўз асарида келтирган турк ойлари “улуғ ой” ва “кичик ой”дан бошланиб “ўнинчи ой”гача давом этади. Аммо Турфондан топилган ҳужжатларда “ўн биринчи ой” ҳам қайд этилганини кўриш мумкин: “Кушку йил бир йгирминч аĭ алты йаңықа биз Толу қара, Мысыр Улуғ, Äнч қара Мысыр баслап онлуқларқа он öңдун индä бöз кргäк болуп...” – Маъноси: “Сичқон йили ўн биринчи – янги ойнинг олтинчи кунида биз: Тўлу Қора, Мисир Улуғ, Энч Қорага, Мисир бошчилигидаги ўн кишига бўз керак бўлиб...” (ўша китоб, 206).
Тарихдан маълумки, VIII асрда туркларнинг тўққиз ўғуз қабилалари Шарқий Турк хоқонлигидан ажралиб чиқиб Уйғур хоқонлиги ва алоҳида уйғур этносига асос солди. Уйғурлар аждодлари – кўктурклардан фарқли ўлароқ Хитой билан яхши муносабат ўрнатган ва буддавийликни қабул қилишган эди. Шу боис Турфондан топилган ҳужжатларда ўн иккинчи ой ўрнида яна бир ой – буддавийларнинг рўза ойини билдирувчи – “чақшапут” ойига ҳам дуч келамиз:
“Биčин йил čақшапуд аĭ ики йаңықа маңа Тäдмилиг Қара Буқа икäгукä...” – Маъноси: “Маймун йили чақшапут – янги ойнинг иккинчи кунида менга – Тедмилиг ва Қора Буқа иккимизга...”
Алқисса, исломгача қадимги туркларнинг ойлари шундай кўринишда эди. Турк хоқонликлари давридан кейин бу тизим уйғурларда то исломгача, қарийб XIII асрларгача амалда бўлди. Кейинги даврларда эса, гарчи мучал санаси сақланиб қолган бўлсада, бутунлай исломий ҳижрий-қамарий тақвимга ўтилди.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Тарих
Жараён
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ