Ўзбек адабиётшунослигида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ижодидаги аёл образи масаласи ҳали алоҳида тадқиқ этилмаган. Эътибор қаратилса, муаллиф ижодида бу айрича аҳамият касб этар экан. Аёллар образида ёруғликдан кўра қора ранглар ортиб кетгандай. Бир эмас, кўплаб асарларда аёллар тасвирида бўёқлар қуюлиб кетгандай ва бунинг сабаблари нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Тажрибали ёзувчининг бундай ифода тарзини танлаши ва масалага ёндашув сабаби борлиги сезилиб туради.
Ёзувчи асарларида образлар таркиби ўзига хос тарзда шакллантирилади. Муаллиф мақсад ва асар ғоясидан келиб чиққан ҳолда таркиб тақсимотини амалга оширади. Етакчи қаҳрамон масаласининг ҳал этилиши асарнинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилади. Қаҳрамонлар, улар орасидаги муносабатларни ягона ғоя атрофида бирлаштириш ёзувчидан иқтидор ва маҳорат талаб қилади. Асарда образлар таркибини яхлит бир нуқтада жамлаш, воқеликда вазифани тақсимлаш, ўзаро зиддиятларни ўт олдириш каби поэтик усулларни шакллантиришда услуб масаласи ниҳоятда катта аҳамият касб этади.
Адабиётшуносликда Эркин Аъзам яратган образларнинг анъанавий қаҳрамонлардан фарқланиши олимларимиз томонидан кўп бора айтилган. Устозларни такрорламаслик учун эътиборни аёл талқинига қаратамиз. Эркин Аъзам қаҳрамонлари жамиятдаги ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал қилиш даъволаридан йироқ, катта кашфиётларни амалга ошириш қувватига эга башарий шахслар сирасига кирмайди. Ёзувчи асарлари қурилмасида ўзини, ўзлигини англаш йўлида изланаётган одамлар руҳиятини ёритиб бериш мақсади салмоқли ўрин эгаллайди.
Илғор... овора... бахтсиз...
Ёзувчи асарларида аёл образи талқинини икки гуруҳга ажратиб ўрганиш мумкин экан.
Жамиятнинг “илғор” қатламига мансуб мафкура қурбонлари. Бу гуруҳ вакилларини эса шу тарзда таснифлаш мумкин:
а) умрини ўткинчи ғояларга бағишлаган аёллар – Мафкурахоним, Гуля Лагутина, Гули Аскаровна;
в) жамиятдаги норасо турмуш тарзи оқибатида бахтидан мосуво бўлган аёллар – Сафура, Баргида, Басира, Барношка, Тўти пасон;
г) носоғлом муҳит туфайли ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган аёллар – Барфина Акобировна, Тамара Саломоновна.
Яна бир гуруҳ ҳам борки, улар — оила, уй-рўзғор ташвишлари билан овора бекалар – “пассив” қатлам.
Адиб асарларида аёл маълум бир ғоянинг тимсоли бўлишдан ташқари ўзининг тарихи ва адабий шажарасига эга. “Анойининг жайдари олмаси” ҳикоясидаги Маликанинг тарихи “Навоийни ўқиган болалар”даги “онасига дори ичирган” Маликага туташ келар, балки. Рамазон такрор айтишни яхши кўрган “Хуш қол энди-и, Зуҳрохоним” қўшиғи “Шовқин” романидаги айбсиз айбдор Зуҳрани ёдга солади. Бундай типдаги аёлларнинг номи ҳам авайланиб, эркалатиб қўйилади. Улар оиласи билан машғул бўлган бекалар. Муаллиф аёлнинг бахтини оиласи билан бир бутунликда кўради. Ҳалоллик ва садоқат – бутунликнинг асоси. Мана шунинг ўзи муносабатни белгилайди. Адиб асарларида маъсума аёлларга ички ҳурмат; мафкура куйчиларига нисбатан истеҳзо, кесатиқ оҳанги устувор. Ёки алданган, адашган, йўлидан айрилган аёллар образининг ўзига хос талқини ёзувчи асарларидаги жозибани таъминлаган дейиш мумкин.
“Илғор” қатлам – Мафкурахонимдан (“Шоирнинг тўйи”) то Гули Асқаровнагача (“Арбоб Қулов Парижга боради”) қанча тақдирлар, фожиалар очиб берилган. Бу таснифни узоқ давом эттириш мумкин, аммо мақсаддан чалғимаслик учун фикримизга бевосита алоқадорларига тўхталиб ўтамиз.
Эркин Аъзам асарларида аёллар талқини алоҳида тасвир йўналиши бўлиб, анъана тарзига кирган ифода усулларидан жиддий фарқланади. Аёлларга нисбатан киноя, истеҳзо, пичинг етарли даражада акс этади. Аёл – она, аёл – ёр, аёл – қаҳрамон сингари анъанавий талқинлар бутунлай ўзгача мазмун касб этади. Адиб жамиятга муносабатини киноя орқали ифодалар экан, “илғор” аёлларга тузумнинг қурбони сифатида қарайди. Бундай талқин бир қатор саволларга етаклайди: нега ёзувчи аёл образи талқинида шу йўлни тутди? Аламзадалик борми ёки беписандлик? Бирор ўринда нурли аёл сиймосини топиш мушкул. Камдан-кам ҳолатда уларга марказий ўриндан жой ажратилади. Одатда улар кўздан панароқда, эътибордан четроқда бўлади, тўғрироғи – “аялади”. Муаллиф ўзи улғайган қадриятлар ва ахлоқий тутумлардан келиб чиқиб муносабат билдирган бўлиши мумкин. Буни асло аёлни ерга уриш, беписандлик деб тушунмаслик лозим. Улуғларимиз аёлга “ожиза, заифа” деб қараганда ҳам авайлаш маъносини назарда тутган. Муаллифнинг муносабати мафкурахонимларни бунёд қилган “норасо” жамиятга нисбатан раддия дейиш мумкиндир.
Бердибойнинг ҳамияти
“Пиёда” ҳикояси талқин имконияти кенглиги билан диққатга лойиқ. Бир қарашда жоҳил Бердибойнинг тутумлари одамни ўйлатади. Синглисини шаҳарга ўқишга юборишга қаршилик қилади у. Гулсанам шаҳарга кетишдан олдинроқ акасига тик қарайди, гап қайтаради. “Бети очиқ” қиз. У замонасининг аълочиси. Бердибой бир вақтлар ўғлини Тиниқ кампирга ташлаб, шаҳарга келиб, ота уйининг яқингинасидан ҳовли-жой қилиб олдирган онасидан аламзада: “Биз бўлсак, қолаверганмиз у ёқда ёлғиз кампирнинг қўлида, “ялмоғиз” кампирнинг қўлида... саҳройи бўлиб, ўгай бўлиб! Энди булар – шаҳарлик! Энди буларнинг оти – Музаффару Самандар, Гулсанаму Гуландом! Бизники бўлса... Берди, Бердибой!” Бердибой рўзғорнинг тизгинини, “жами борди-келдиси”ни қўлга олган онасидан норози. Оилада бошқарувни қўлга олган онаси билан келиша олмайди, китобдан бош кўтармайдиган отасидан ёзғиради. Шаҳардан уйланган укаси Музаффарнинг хотинини кўриб ҳамияти қўзийди. Келиннинг ҳурматига бозор оралаб, семиз қўйни “ётқизиб”, меҳмонларни олиб кетгани келади. Ҳовлида юрган келиннинг юриш-туришини кўриб жиғибийрон бўлади. “...Бошяланг, сочи қирқилган. Эгнида юпқагина, пиёзнинг пўстидан ҳам юпқа-е, енгсиз бир кўйлак, лозимдан-ку дарак йўқ. Келинлари шу эмиш! Онасини четга тортиб: “Апа, айтинг, – дейди, – бобойди олдида буйтиб юрмасин!” (Парда Қурбоннинг мулла деган оти бор ҳарқалай – С.Т.). Онаси эса ўғлининг устидан кулиб: “Ўйлама, улим, бобой қарамайди”, дейди. Гулсанамнинг таъбири билан айтганда, “ўтган асрдан қолган одам” – акаси Бердибойнинг уй-хаёллари бугун ҳам миллатнинг энг катта муаммоларидан бири сифатида кун тартибида турибди. Ҳикояда эскилик сарқитларига кўмилган Бердибойнинг турмуш тарзи, англами, аёлларга муносабати киноя оҳангига ўраб берилса-да, фикрга тортадиган жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Муаллиф муаммонинг ҳар икки тарафини очиб кўрсатади ва оралиқ йўлни, меъёрни афзал билади.
Мафкурахоним, Маъшуқахоним ва бошқа ...хонимлар
“Шоирнинг тўйи” қиссасида ғоявийлик жиҳатдан мавзу янгиланганини кўриш мумкин. Асарда муаллиф нуқтаи назари, ўзга нигоҳ, киноя оҳангининг янги маъно товланишлари ўқувчини ром этади. Тарихга берилган таърифнинг ўзида қанча маъно, қанча истеҳзо борлигини сезиш қийин эмас: “Тарих, кечаги кун – бамисоли серишва жонон, ҳар ким уни таъбига мослаб олаверади; давр шамолига қараб ўзгаравергани сайин чин ҳақиқатни аниқлаш мушкуллашиб боради”.[1]
Ёзувчи асарларида такрор-такрор учрайдиган сиёсий мазмундаги киноявий оҳанг бу қиссада ҳам қуюқ. “Бепоён ўлкам”, “дунё йўқсилларининг доҳийси”, “мўйловдор доҳий”, “Озод Шарқнинг машъали” каби ташбеҳларнинг қўлланиши муаллиф ижодида ижтимоий юкнинг ортиб борганидан дарак беради. Асар сарлавҳасидан тортиб қаҳрамонларнинг аталишигача ана шу оҳанг ошкора сезилади: Оташқалб, Заҳматкаш домла, Мафкурахоним, Мусофир, Ёш шоир, Жиянбека, Ажойиб домла, Оқсоқол, Маъшуқахоним, Таъқибкор, Мовийкўз дилбар, Энг Катта раҳбар. Муаллиф асарларида қаҳрамон номлари ўзи ўзи ҳақида ҳикоя қилади. Тарихимизнинг “кир, қора кунлари”дан бир қисса шаклидаги асарда тириклик фалсафаси, ҳаёт мазмуни истеҳзо аралаш ўкинч билан қоришиб кетади. Биргина “шоир” сўзига берилган таърифда кўп марта учратган, аммо эътибор қаратилмаган маънолар қаршимиздан чиқиб келади. “...Ҳеч қачон оддийгина, лекин моҳиятини ифода этиб “шоир” деб аталмаган экан. Қачон қараманг – “замон куйчиси”, “зафарлар булбули”, “серзавқ шоир”, “раҳбар шоир”, “атоқли шоир”, “отахон шоир”, “шоири замон”, “оқсоқол шоир”. Яқиндагина ўзимиз яшаб ўтган тарих ҳақидаги ҳикоянинг бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаганига гувоҳ бўламиз. Бадиий асар бир вақтнинг ўзида уч замонни қамрайди. Асар гўё кечадан ҳикоя қилиб туриб бугуннинг дардидан сўйлайди, шу аснода эртанинг қайғусидан огоҳлантиради. Бадиий асар замонлар аро боғловчи кўприк вазифасини бажаради. Инсон зотининг жасоратда ва тубанликда ҳам ягона экани қисса мазмунига сингдирилган.
Қиссадаги аёллар тасвирида ҳам муаллифга хос нуқтаи назар ўз аксини топган. “Мафкурахоним деганимиз асли комсомолдан етишиб чиққан, кейинчалик талай йил пойтахт туманларидан бирида партия қўмитасига етакчилик қилган, бироз муддат маданият вазири ҳам бўлган, мана, олти ойдирки, янги эгарга ўрнашиб, мафкура отининг жиловини тутган эди”. Келиб чиқиши “оқсуяк хўжалар”дан бўлган аёл насл-насабига қўшиб она тилидан ҳам кечган, мансаб учун бор аёллик бахтидан мосуво бўлган.
Маъшуқахоним шундай таърифланади. “...умри пардоз-андоз деб ўтган, сочи ҳамон қоп-қора (бўялган), ёшлигида ўлгудек шайтон, жикилдоқ бўлгани аён кўриниб турган читтак бир кампир”. Асарда бу аёлга нисбатан турлича ташбеҳ ишлатилади: “муҳаббат гули”, “жодугар”, “сарқит хоним”, “адабиётнинг мўътабар онахону энагаларидан, муҳтарам янгамуллоларидан”. Қаҳрамон исмининг ўзиёқ унинг қилмишларига ишора қилади. Муаллиф қиссада маълум бир тоифа аёлларни Оташқалб шоир кечмишидаги гуноҳлари билан алоқадорликда тасвирлайди.
Мовийкўз дилбар. “Башараси буришиб, бужмайиб кетган, бир замонлар Оташқалбни энтиктирган мовий кўзлар энди хира тортиб, туссиз бўлиб қолган. Алвасти!” Оташқалбга хиёнат қилиб, уни абгор этган аёл бугун тарихнинг тескарисини сўзлайди. “Очиқ ётган қозон” деб тамсил қилинган Мовийкўз дилбарнинг “тўнғиз гўшти билан вояга етгани”, унга ор-номус, садоқат туйғуси бегона экани айтилади. Асардаги Алвастихон – қариб-қуюлмаган дарбон хотин. Ишвалари эритадиган Жиянбека ҳақидаги эпизодларда буёқлар янада қуюқлашади. Бир-биридан ками бўлмаган “муҳтарама” аёллар ҳақидаги таърифу ташбеҳларни ўқиб, шу қавмга мансуб эканлигингдан хижолат чекасан, ё бу муаллифнинг аёл зотида ўчи бормикан, деб ўйлаб қоласан. Ҳамма гап – муаллиф кўзлаган мақсадда!
Муаллиф нафс ва хиёнат туфайли завол топган шоирнинг қисматини бугунги кун нуқтаи назари билан ёритади. Миллат тарихининг аянчли кунларида завол топган Оташқалб шоир умрига зомин бўлган худбин кимсалар бугун бошқа қиёфаларда яшаётгани очиб берилади. Шоирнинг юбилейи баҳонасида ўтмишда Оташқалбни йўқ қилган ҳасад ва хиёнат ҳали-ҳануз одамзодни тарк этмагани, бу қиёматга қадар давом этиши ҳақида гап боради. Одам Атонинг жаннатдан қувилишига сабаб бўлган Момо Ҳаво издошларининг кирдикорлари аёвсиз фош этилади. Юқорида таъкидланган “муҳтарама” аёлларнинг шу тахлит тасвирланиши сабаби, бизнингча, “қора” кунларни янаям “қорайтириш” учун хизмат қилиши керак бўлган. Сохта ғояларга алданган аёл, ёлғончи тузум, ўткинчи мафкуранинг қурбонлари кечмиши орқали фожианинг таъсир кучи орттирилади. Асарда эпизодик қаҳрамон Тепакал тилидан Мафкурабегим ҳақида қизиқ хулоса берилади: “Тавба, дунёнинг ишлариям чаппа-раста. Чаппа-раста бўлмаса, шу қавмга бунча нарсанинг жиловини бериб қўйиб бўладими?”
Ёзувчи совет тузумининг кирдикорларини, фитна ўйинларини фош этишда, ҳаётдаги норасоликларни очишда бахтсиз аёл образидан фойдаланади. Сохта, ўткинчи ғояни аёл билан боғлашда ҳам гап кўп. Аёллик ҳаёси, нафосатини бой берган ожизаларнинг бахтсизлигига эркакларнинг ношудлиги, ҳамиятсизлиги сабаб эканини муаллиф жуда усталик билан кўрсатиб берадики, буни бир қарашда илғаб олиш осон эмас.
“Она тилидан бошқа ҳаммасини билади”
“Байрамдан бошқа кунлар” қиссасида муаллиф “дунё матоҳи”га берилиб, ўзлигидан кечган одамлар қиёфасини очиб беради. “Она тилидан бошқа ҳаммасини билади”ган Сафура – муаллиф бисотидаги ўзига хос тип. Юртимизда бозор иқтисодиётига ўтиш даврида маънавий жиҳатдан жуда кўп қадриятлар оёқости қилинди, миллий туйғулар поймол этилди. Оила аталмиш қўрғонда эркакнинг бошқарувни бой бериши қандай оқибатларга олиб келишини Баргида оиласи мисолида кўришимиз мумкин. Баргиданинг отаси бир даврада хотини Афрўза Камоловнанинг бир пой зирагини тақиб олгани айтилади. Аслида зирак хотинга эмас, “лўлига” ўхшаб турган эркакка мос экани Бакир тилидан пичинг қилинади. Оиладаги эр-хотиннинг ўрни, ўзаро ҳурмат, муҳаббатнинг йўқолиши Бакир нуқтаи назари орқали таҳлил қилинади.
Бир оила турмуши мисолида жамият ҳаётидаги маънавий бузуқликлар, нафс йўлида иймонидан воз кечган кимсаларнинг қиёфаси фош қилинади. Одамзоднинг энг қадрли бойлиги саналган ор-номус, иффат ва ҳаё, иймон-эътиқодга дарз кетиши уни ҳайвонга тенглаштиради. Шаҳвоний киноларни кўришга иштиёқманд ота-оналар ва фарзанд муносабатини ёритишда ана шу ҳайвоний нафс васвасалари тасвири одамни сергаклантиради. Оиладаги қизларнинг исмиёқ кўп нарсаларга ишора қилади: Барно, Баргида, Басира! Катта оиладаги (жамият) муаммоларнинг таъсири кичик оиладаги (Баргиданинг оиласи) маънавий инқирознинг тимсоли сифатида таассурот уйғотади. Маънавий таназзулнинг бир оила мисолида очиб берилиши ва унинг оқибатлари қандай фожиага олиб келиши жонли лавҳаларда ёритилган. Барношканинг эри Чиннибек, унинг балет мактабида ўқийдиган ўғли Ражик тақдири мисолида катта йўқотишларнинг “изи” чизилади.
Ёзувчининг кейинги асари – “Шовқин” романида бахтсиз, фаҳш ва залолатга ботган аёллар ҳаёти марказга олиб чиқилади. Асарда Фарҳод Рамазон билан учрашган ҳар бир аёлнинг бахтсизлиги ва кечмиши фожиа фонида очиб берилади.
Кечмиш аёл бахтсизлигининг илдизларини очади. Романда тили ва дини, ватанидан мосуво бўлган аёлларнинг жуда бой арсеналини кўриш мумкин. Гуля Лагутина, Мунира-Ирка, Барфина Акобировна, Тамара Саломоновна каби образларнинг деярли ҳаммаси бахтсиз, жамиятда, оилада ўрнини топа олмаган муштипарлар. Ҳақиқатан ҳам, ёзувчи яратган аёл образларига “муштипар” сўзи жуда мос. Аксарияти бахтидан тинмаган, оиласи барбод бўлган аёллар. Ёзувчи уларни шунчаки тасвирлаб қўймайди, балки фожианинг асл моҳиятини очиб беришни мақсад қилади.
Аёлни англаш, унинг беқарорлиги, эҳтиросларга берилиши, меҳр-муҳаббати... барча товланишларини қамраб олиш осон эмас. Ёнида Пакананинг борлигини бахт санаган Арофат, отаси тенги “индамас”нинг ёнида бўлишидан болаларча қувонган Забаржаднинг туйғуларини қандай қабул қилиш ва қандай шарҳлашни билмай қоласиз. Муаллиф аёллар табиатининг ана шундай товланишларини ёритиб берган. У бу каби бахтидан тинмаган аёллар талқинида уларни шунчаки айбламайди, ўқувчига ҳам ҳамдарлик ҳиссини юқтиради. Забаржад, Сафсар, Паризод, Марина, Манзума отин, Бойбичча, Ойбиби каби аёллар тасвирида уларни тушунишга, бахтсизликнинг асл сабабларини англашга интилади.
Ўжарликда гап кўп...
Сиртдан қараганда ёзувчи аёллар зиммасига катта юк ортмайди, балки уни шунчаки ижтимоий-маиший қамровда тасвирлайди. Аммо ифодадаги киноянинг устуворлиги боис муаллиф аёлларни эрмаклагандай, камситгандай туюлади. Аслида эса асосий мақсад – ана шу ожизаларни эъзозлаш, қадрига етиш, ҳурматини жойига қўйиш. Аёллар оиланинг маънавий оламига масъул зот саналади. Ёзувчи “ожиза”ларнинг ҳаётига эркаклар масъул эканини асарлари мисолида қайта-қайта уқтиришга ҳаракат қилади. Баъзи асарларида аёл керак жойда эркакдан ҳам баланд ҳамиятли, ориятли бўлиб жонланади. Забаржаднинг чапанилиги ва тантилиги атрофидагиларга намуна бўлса, “Арбоб Қулов Парижга боради” ҳикоясида “Кенжа қашшангнинг қизи” Зевар қатъияти ва кескирлиги билан бутун асардаги персонажлардан ажралиб туради. Зевар асарда деярли ҳаракатланмайди, фақатгина бир неча ўринда номи тилга олинади. Аммо унинг асардаги мана шу “камтарона” иштироки воқеалар йўналишини бошқа ўзанга солиб юборади.
Зевар – тилидан, динидан тониб ўзлигини унутган ожиз одамлар орасида ажралиб турадиган умид, эркинликнинг тимсоли. Масхарабозлик урчиган саҳнада у бошқалардан ўжарлиги ва ғурури билан ажралиб туради. Телевизорга чиқиш учун “эскилик сарқити” деб рўмол ва лозимдан воз кечиш сўралади. Зевар “Бошидаги савил қолгур рўмолини ҳам, унисини ҳам ечиб чиқса ўлиб қолармиди денг! Беш дақиқагинага!” дейилганда, бир мартагина бўлса ҳам айтилган вазифани бажариш талаб этилганда кўнмайди, чунки у мустақил ва қатъиятли аёл. Кенжа қашшангнинг қизи оломон сингари Париж-Париж деб ҳою ҳавасга берилмайди. Ҳаётий тутумлари билан Зевар уларга ўхшамайди, энг муҳими, ўхшашни хоҳламайди. Унинг ўрнига Тўти пасон суратга тушиб, режани барбод қилиб юборади. Эътибор берилса, муаллиф Зевар типидаги қаҳрамонларни мақтаб алқамайди, урғулаб миллий қаҳрамонга айлантирмайди. Шунчаки йўл-йўлакай қистириб ўтадики, улар деярли эътиборни тортмайди. Билган – билади. Аёлнинг қадр-қиммати, ўрни йўқотилган жамиятда мувозанат бузилади, миллат келажагига соя солинади.
Адиб асарларида ана шундай қистирмалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қистирмаларни бадиий асар воқеалари майдонига олиб кира олиш ва ундан керакли ўринда фойдаланиш муаллиф ижодий концепциясида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бундай қистирмалар унинг деярли барча асарларида учрайди. “Ступка”да Арслон тоғанинг уйидаги сурат билан боғлиқ саҳна, “Шовқин” романида Шайх Санъон ҳақидаги ривоят, “Танҳо қайиқ”даги Устоз ва қирқ шогирд ҳақидаги ривоят бунга мисол бўла олади.
“Арбоб Қулов Парижга боради” ҳикоясида Зеварнинг отасига “қашшанг” дея баҳо берилади. Қашшанглик – ўжар, билганидан қайтмайдиган инсон феъл-атворидаги белги. Мана шундай ўжарларда ҳам гап кўп. Улар ўз қарашларида собит, мустақил сўз эгалари, шахслик мақоми томон юзланган кимсалардир. Ҳикояда замон мақомига билиб-билмай йўрғалайдиган Гули Аскаровна, Тўти пасонлар заҳарханда киноя орқали очиб берилса, Зеварга ўхшаган “билганидан қайтмайдиган”лар муаллифнинг холис нуқтаи назари билан чизилса-да, барибир ёзувчи симпатияси ошкор бўлиб қолаверади. Муаллиф нуқтаи назари образ мантиғида, қаҳрамон табиатида аксини топади. Бу – ёзувчининг қаҳрамонни тақдим этиш усулларидан бири!
“Аяймиз-да уларни”
Адабиётшунос Умид Яъқуб “Эркакнинг ор қўшиғи” номли мақоласида ёзувчи ижодида аёллар образи талқинига доир салмоқли мулоҳазаларни баён этади. Ёзувчи асарларидаги аёллар образини умумлаштирувчи нуқтани у шундай баҳолайди: “Барча кадрларни бирлаштирадиган қизил ип – ор-номус тимсоли бўлган аёлнинг номуносибу номувофиқ ўрин танлашида. Аслида ҳам қай кўринишда бўлмасин, аёлнинг хўрланиши эркак (б)орининг бой берилишини англатади”.[2] Ёш тадқиқотчи ёзувчи ижодидаги энг муҳим нуқталарни жуда топиб айтади. Масалага янги ракурсдан ёндашади. Умид Яъқуб муаллиф мақсадини англаш ва уни холис қабул қилиш йўлидан боради. Зотан, жамиятда аёлнинг ўрнини топиш масаласини фақатгина эркакларга тақаб қўйиш ҳам ўзини оқламайди, назаримда. Жамият ҳаёти, сиёсий-иқтисодий тузум, оила, ота-она, муҳит, наслий хусусиятларни ҳам назардан қочирмаслик лозим.
Бу борада “Эрталабки хаёллар” китобидаги мулоҳазалар эътиборни тортади. Аёллар тасвири билан боғлиқ саволга “Аяймиз-да уларни” деб жавоб беради адиб. Умуман олганда, халқимизда аёлни аяш, эркалаш одат тусига кирган. Аёлнинг ўз ўрнини билмаслиги мана шу “аяш” туйғусини барбод қилади. Орадаги мувозанат йўқолади.
“...Ўзимиз яхши билган қавмдан қаҳрамон ясаймиз-да, аҳли зебони ўшанга ҳамроҳ қилиб қўямиз”.[3] Бир-бирини тўлдирганда улар бутунликни ҳосил қилади. Мана шу бутунликни таъминлаш учун ҳам “аҳли зебо”га эҳтиёж туғилади.
Яна бир суҳбатда шундай дейилади: “Бугун ўйлаб кўрсам, мен шунчаки соддалик билан аёллардан идеал қидирган эканман, холос. Аёлларнинг ёмонига ҳам биз эркаклар айбдор эканмиз. Яна бир гапни айтсам кулмайсиз, менинг дунёдаги энг бахтиёр аёлга ҳам негадир раҳмим келади. Бу туйғу ҳам аёл зотидан юққанига шубҳам йўқ...”[4] Суҳбат мазмунидан муаллиф ижодий позицияси янаям аниқлашиб боради. Иқтибосдаги уч нуқтага эътибор қаратиш мумкин экан:
– аёллардан идеал қидириш – соддалик. Демак, аёлдан мукаммаллик қидириш ҳам анчайин жўн гап;
– аёлнинг бахтсизлигига эркакларнинг масъулиятсизлиги сабаб. Аёл қилаётган хатоларга эркак киши ҳам бирдай шерик;
– дунёдаги бахтли аёлнинг ҳам бахти бутун эмас – ками бор. Аёлдаги раҳм-шафқат туйғуси ва меҳрибонлик муаллифга ҳам бегона эмас.
Муаллифнинг аёл зотига “негадир раҳми келиши” адибнинг турмуш тарзи ва оилавий муҳити, оиладаги тўнғич ўғил – акалик, оталик маъсулияти билан боғлиқдир эҳтимол. Ҳар ҳолда, бизнинг кузатишларимиз шундай!
Санобар ТЎЛАГАНОВА,
филология фанлари доктори, профессор
[1] Аъзам Э. Танланган асарлар. – Тошкент: “Шарқ”, 2021. – Б. 478.
[2] Яъқуб У. Эркакнинг ор қўшиғи // Эркин Аъзам бадиий олами. – Тошкент, “Turon Zamin zio”, 2014. – Б. 148.
[3] Аъзам Э. Эрталабки хаёллар. – Тошкент: “O’ZBEKISTON”, 2015. – Б. 443.
[4] Яъқуб У. Эркакнинг ор қўшиғи // Эркин Аъзам бадиий олами. – Тошкент, “Turon Zamin zio”, 2014. – Б. 148.
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ