Ўзбекистон тарихи давлат музейи фондида Ўрта Осиёнинг биринчи даражали илмий аҳамиятга эга, дунёга машҳур юз минглаб моддий ва маънавий ёдгорликларидан топилган археологик, нумизматик, этнографик топилмалар ҳамда архив ҳужжатлари сақланади. Таркибий қисми 75 мингдан зиёд ашёни ўз ичига олган археологик топилмалар Археология фондининг бойлиги. Мирзо Улуғбекнинг илмий меросига оид 200 га яқин экспонатларнинг бир қисми Археология фондида сақланаётган бўлса, бир қисми экспозицияда намойиш этилмоқда. Экспонатлар орасида устурлоб гардишлари, деворий безак намуналари; Бадиий асарлар фондида эса Улуғбек расадхонасининг макети мавжуд. Уларнинг баъзиларига қисқача тўхталиб ўтамиз.
1-расм.
Музейдаги бронзадан ишланган устурлоб гардишлари 4 дона, ХVI асрга оид бўлиб, улар А.15320-рақам остида инвентар рўйхатга олинган [1-расм]. Ҳар бирининг ўлчами 9 см дан. Диск чизиқлар ёрдамида тўрт қисмга бўлинган. Ўртасида думалоқ, ёни (қирраси)да ярим айлана тешиги бор. Дискнинг ярмига доира шаклида чизиқлар чизилган. Қолган қисмида ўткир бурчакли бир-бири билан кесишган семмитрик чизиқлар мавжуд. Бундан ташқари дискнинг марказий қисмидан араб рақамлар, астраномик даражалар ва араб графикасидаги сўзлар ўрин эгаллаган. Ушбу экспонат музей экспозициясининг VI-залида намойиш этилмоқда. Дисклар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси йиғилишининг 2022 йил 15 декабрдаги 284-сонли баёни (№01-32/50-126. 15.12.2022), ЎзР Фанлар академияси президентининг 2022 йил 28 декабрдаги 3-178-сонли ва Ўзбекистон тарихи давлат музейи директорининг 2023 йил 10 январдаги 1-Х-сон буйруғи асосида 2023 йилда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган “I Халқаро ислом санъати биенналеси” кўргазмасида намойиш этилган. Дисклар музейга маҳаллий коллекционерлардан бири, самарқандлик савдогар Мирза Абдулла Бухорийнинг шахсий коллекциялари таркибида қабул қилинган, ҳамда 188-сонли коллекция китобига киритилган.
2-3-расм.
Айтиб ўтиш жоизки, ўрта асрларда устурлоб жойнинг географик координаталарини, вақт, юлдузларнинг чиқиш ва ботиш пайтларини аниқлашда, ҳамда, амалий астрономиянинг бошқа масалаларини ҳал қилишда муҳим рол ўйнаган. Шунингдек, у бир вақтда ҳам соат, ҳам масофа ўлчагич, навигатор, ҳисоблаш машинаси ҳамда координат ва тригонометрик амаллар учун маълумотнома вазифасини бажарган. Юқоридагиларни инобатга олсак, Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланаётган устурлоб гардишлари ўша даврда кўплаб илмий масалаларни ечишда хизмат қилган.
Архитектура безак намуналари (ганчлар). Мирзо Улуғбек қурдирган “Чиннихона”да 1941 йилда қазиш ишларини олиб борган археолог М.Э.Массон юзга яқин деворий безак қисмларини топган. Улар Ўз ССР марказий тарих музейи (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи)га топширилган. Ганчларни қандай материалдан ясалганига кўра иккига: лойдан ва албастердан; ясалиш шаклига кўра эса учбурчак [2-расм], тўртбурчак [3-расм], тўғри тўртбурчак [4-расм], бешбурчак [5-расм], ярим айлана (пахтасимон) [6 расм] каби турларга бўлишимиз мумкин. Уларнинг кўпи бизга қисмлар шаклида етиб келган. Ўлчамлари ўртача 5–20 см. Ашёлар музей археология фондида сақланмоқда ҳамда 202-сонли коллекция китобига киритилган.
4-расм.
Самарқанддаги ХV аср меъморчилигининг нодир намуналаридан бири, кўҳна астрономик кузатув объекти бўлган Улуғбек расадхонасини археологик жиҳатдан қидириш ишлари 1908 йил В.Л.Вяткин раҳбарлигида бошланган. Тадқиқот бир неча сабабларга кўра 1948 йилга қадар чўзилади. Л.Вяткин бошлаган ишни археолог В.Шишкин тугатган. Бу ерда диаметри 48 метр келадиган, қалинлиги бир ғишт бўлган айланма девор ва унинг марказида қўшалоқ ёйдан иборат улкан бош қурилманинг қолдиқ қисмлари аниқланган.
Улуғбек расадхонаси Носириддин ат-Тусий томонидан ишлаб чиқилган Мароға расадхонасининг режалари асосида қурилган. Расадхона тўғрисида Абу Тоҳирхўжа шундай маълумот беради: Мирзо Улуғбек Қозизода Румий, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва Мавлоно Муиниддин Кошонийлар билан маслаҳатлашиб, Кўҳак тепалигида Оби Раҳмат ариғининг бўйида расадхона биносини қурдиради. Унинг атрофида эса баланд ҳужралар барпо этади. Расадхона ичига ўрнатилган устурлоб ёрдамида Қуёш, Ой, сайёра ва юлдузлар катта аниқлик билан ўрганилган. Расадхонада кутубхона ҳам бўлган.
5-6-расм.
Ички деворда осмон, юлдузлар харитаси, тоғ, денгиз, мамлакатлар белгиланган Ер шари тасвири ишланган. Кейинчалик у қаровсиз қолиб, ХVI асрда вайрон қилинган. Ҳозир Улуғбек расадхонасидаги катта асбоб – квадратнинг ер остида сақланган қисми баландлиги билан 11 метр келади. Ушбу расадхонанинг фақат таг қисми бизгача етиб келган.
Ўзбекистон тарихи давлат музейи экспозициясида 1970-йилларда махсус тайёрланган Мирзо Улуғбек Обсерваториясининг макети намойиш этилмоқда [7-расм]. У цлиндрсимон шаклда оқ пластмасса ва орстеколдан ясалган. Уч қаватдан иборат. Юқоридан икки қавати тўлиқ ҳужралар. Ўлчамлари: баландлиги-93 см, диаметри-61см. Ушбу экспонат ҳам 2023 йилда Саудия Арабистоннининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган “I Халқаро ислом санъати биенналеси” кўргазмасида намойиш этилган.
7-расм.
Самарқандда ХIV-ХV асрларда олиб борилган бунёдкорлик ишлари бугунги кунда ҳам дунёни ҳайратлантирмоқда. Мирзо Улуғбек томонидан бунёд этилган обсерватория, иморатлар, боғларда олиб борилаётган тадқиқот натижалари археолог олимларни ҳануз қувонтиради.
Сарвар БОЙМИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Жараён
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ