Ўқитувчига вазирникига тенг таъминот таклифи, Москвада очилган ўзбек мактаби – Бухоро Маорифи қандай ишлаган?


Сақлаш
10:11 / 02.06.2026 24 0

Шу кунларда вақт топилди деганча, кейинги йил Бухорода очилиши кутилаётган “Жадидлар мероси” музейи учун материаллар излаш мақсадида Миллий архивни титкилашга киришаман. Бағрида миллионлаб ҳужжатлар жамланган бу хазинада тарихимизнинг не-не сирларини безавол асраб келаётган ўта нодир топилмалар бор. Муттасил алифбо алмаштиришлар ортидан, ҳатто олимларнинг ҳам назаридан четда қолиб кетган баъзи йиғма жилдлардаги хатлар биз билган тарих ҳақидаги тасаввурларни ағдар-тўнтар қилиб ташлашга қодир. Жумладан, Миллий Архивнинг 56-фонддаги папкаларни кўрарканман, хаёлан юз йил аввалга тушиб, Хорижия нозири Абдурауф Фитрат, Маориф нозири Қори Йўлдош Пўлот ва Мусо Саиджоновларнинг фаолияти, фармойишлари, истаклари, ҳисоботлари, ёшларнинг уларга мурожаатлари билан нафас оламан. Кўп ўтмай буларнинг бари ўтмишга айлангани ва барчасининг акси содир бўлганини эслаб, юрак ёрилар даражада изтиробга тўлиб кетади. Аммо барибир бу ҳиссиётни бугунги авлод билан бўлишиш истаги устун келди. Бунинг учун муносиб минбар Oyina.uz бўлолади, деб ўйладим. Келинг, айрим ҳужжатларни биргаликда ўқиймиз:

 

“Вақт масоид ўлмадиғи учун Масковдаги Бухоро маориф юртидан бир озгина маълумот бериб келажакда муфассал маълумотлар бермоқни ваъда айларам. Талабалар тамоман сафоратхона биносидан мактаб биносина кўчганида ўртоқ Файзулла Хўжа шарафина бир вечир верилди. У оқшом чўқ руҳли ўлуб ўртоқ Файзулла Хўжа ва бошқалар тарафидан нутқлар сўйланди. Рамазондан сўнгра мактабнинг расмий кушоди учун бир вечир ясалди. Оқшомда Масковдаги тамом бухорийлар ва Бухоро ҳукуматига хизмат этгувчи рус ўртоқлар ҳамда Туркистон намояндаси ва Туркистоннинг баъзи талаба, муаллимлари Хоразм сафири ва бошқалар даъват ўлинди. Масковнинг маориф ва Хорижия назоратидан ҳайъатлар ташриф буюрдиларким чўқ руҳли ва тантанали ўтди.

 

 

Мактабнинг ичи ва ташқариси тамоман Бухоро байроқлари ила зийнатланган эди. Ўртоқ Файзулла Хўжа ва Фитрат афандининг буюк расмлари чечаклар ичинда мажлисга бошқача зийнат берилган эди. Талабалар тарафиндан русча ва мусулмонча театрулар қўйилди. Русча, туркча шарқилар ва декламациялар бўлди. Меҳмонлар тарафиндан нутқлар сўйланиб, бу қисқа муддатда бу қадар ҳозир бўлғонлари учун тақдирлар қилинди. Масковдаги талабалар ишларининг кетиши яхши десак, мумкиндир. Шарқ дорулфунунига таҳсилга бўлган талабаларимиз саккиз ой таҳсил қилиб, ҳозир уч ой таътил бўлдиғи учун амалий иш кўрмоқға Бухороға гидажаклар. 27 инчи майда Масковдан ҳаракат эдуб Бухоро-Самарқандға ром ўлажаклар.

 

Ўртоқ Файзулла Хўжанинг амрларига мувофиқ Хорижия назорати тарафиндан маориф назоратига билдирилсунким: қарор бўлган қизу эркак талабалари тезлик ила Масквая юборилсунлар. Чунки мунда ҳар бир шей мукаммалдир. Вақтни ўткармасун тезлик ила юборсунлар. Берлиндаги маориф қумиссунининг маълумотиға қарағанда Германиядаги талабаларимизнинг ишлари ва аҳволотлари-да яхши”[1].

 

Ҳа, 1923 йил 15 май куни шўроларнинг пойтахти Москвада Рамазон ҳайитидан сўнг ташкил этилган Бухоро Маориф уйининг очилиши ҳақиқий тантанага айланиб кетганди. Хорижий элчихоналар вакиллари ҳам иштирок этган кечада туркистонлик талаба ёшлар, уларнинг қисқа вақтда эришган ҳар соҳадаги муваффақиятлари, Озарбойжон, айниқса, Германия дорулфунунларига кирган тенгдошларининг қутловлари жаранглади. Табиийки, миллий руҳ уфурган, қадимий давлатчилик ҳайбати, салобати юз кўрсатган кеча шовунистик кайфиятдаги, ўзининг дунёнинг эгаси деб билган шўро раҳбарларини талвасага солди. Кўп ўтмай Бухоро Маориф нозирлиги ҳақида турли бўҳтон ташвиқотлар совет матбуоти саҳифаларида бўй кўрсата бошлади. Энг биринчи қадам Германияга ташланди. Қандай бўлмасин туркистонлик талабаларни қайтариш ҳақидаги махсус топшириқ билан йўлга чиққан Г.Меерзон номли кимса ўзини гўёки Бухоро ҳукумати вакили сифатида кўрсатиш учун Бухоро Республикаси Халқ маориф назири Мусо Саиджонов номига хат ҳам йўллаб қўяди:

 

“Ҳурматли ўртоқ!

Ниҳоят, фақат бугунгина мен Москвадан Берлинга жўнаб кетяпман. Мен Тошкентдан ҳали 10 июнда чиққан эдим ва Москвага 15 июнда етиб келдим. Бир кундан кейин РКП Марказий Қўмитасидан (МҚ) жўнаб кетиш учун зарур ҳужжатларни олдим. Чет эл паспортини ҳам тез фурсатда олдим, аммо гап Германия визасига келганда, бу ерда пайсалга солиш бошланди. Немислар паспортни уч ҳафтага яқин ушлаб туришди (мариновка қилишди) ва фақатгина Ташқи ишлар халқ комиссарлиги тинимсиз кўмаклашгани туфайли кеча Германия визасини олишга муваффақ бўлинди. Бугун жўнаб кетяпман. Мен бу ерда ўртоқ Файзулла Хўжаев билан учрашдим, у менга бошқа мандат берди, бу ҳақда сизни Мухтор ваколатхона аллақачон хабардор қилган бўлса керак.

 

 

Бу ерда бўлган вақтимда Ташқи ишлар халқ комиссарлигига ўртоқ Циммермандан иккита хат келди, уларда у ўқувчилар (талабалар) ҳақида баъзи маълумотларни маълум қилган ва таътили тугаганига қарамай, Берлинда яна бироз вақт қолиши мумкинлигини, аммо бунинг учун бир оз маблағ (100-200 доллар, яъни 10 га яқин червонец) кераклигини кўрсатган.

 

Бу воқеа июнь ойининг бошида бўлган ва мен ўшандаёқ жўнаб кетишим керак бўлгани учун Ташқи ишлар халқ комиссарлигидан унга Берлинга етиб боргунимча кутиб туриши, унгача Берлиндаги элчихонамиз моддий ёрдам кўрсатиши ҳақида телеграмма юборишган эди. Шундай қилиб, ўртоқ Циммерман Берлинда ўтирибди ва мени кутяпти. Етиб борганимдан кейин элчихонамизга у олган маблағни тўлашимга тўғри келади. Уни Берлинда ушлаб турмайман, етиб борганимдан кейин бир неча кун ўтгач, жўнаб кетиши мумкин бўлади.

 

Энди Сизга қуйидаги мазмундаги илтимос бўлади: Россия Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг Ўрта Осиё бюроси (СрАзБюро) томонидан берилган таътилим 10 августда тугашини ва мен бу ерда 19 июлгача ушланиб қолганимни ҳисобга олиб, Ўрта Осиё бюросига таътилимни 30 августгача, яъни яна 20 кунга узайтириш тўғрисида илтимоснома (ходатайство) киритишингизни сўрайман, акс ҳолда менга берилган топшириқни бажара олмайман. Илтимосномани телеграф орқали тезлаштириш ва унда хизмат сафарим Бухоро Республикаси учун жуда муҳимлигини кўрсатиш, шунингдек, менга ҳам телеграф орқали хабар бериш керак бўлади. Берлинга етиб боришим билан Сизга манзилимни телеграмма орқали юбораман.

Коммунистик салом билан, Г. Меерзон”[2].

 

Албатта, унинг Берлинда кўрсатган “каромат”лари тарихдан маълум. У аввалига талабалар уйини сотиш ҳаракатига тушди, талабаларни иқтисодий таъминлаб турган Бухоро савдо вакилининг жиноятчи деб топилиши ва газдан заҳарланиб “тасодифий” ўлишига, давлат томонидан берилаётган стипендиянинг тўхтатилиши, ҳатто ота-оналарнинг пул юборишини чеклашгача эришди. Талабалар орасида хуфя ёллашга ҳаракат қилиб, қатъий тарзда уларни СССРга қайтаришга киришганида Аҳмаджон Шукрийнинг унга ўқ узиши ортидан кўп ўтмай шармандали тарзда қайтишга мажбур бўлди. Бироқ, совет матбуоти энди муттасил тарзда турли гап-сўз, айбловлар билан Германиядаги талабаларни қайтариш масаласини илгари сура бошлайди. Бундай бўҳтонлардан безган БХШЖнинг Олмониядаги маориф ҳайъати раиси Олимжон Идрисий 1923 йил 5 декабр санаси билан ўз муносабатини қуйидагича баён қилади: “... 25 октабр тарихли ва 217 номрали “Озод Бухоро” газетасида хориждаги талабалар хусусида навбатдаги жумлаларни ўқудиқ. Хориждаги талабаларнинг ҳаммаси 193 бўлиб буларнинг учтаси олий, тўққузтаси ўрта мактабларда таҳсил қиладир. Хориждаги талабалар қаторида бизим буродағи шогирдларимизда бўлғонлиқидин биз бир баёнотда бўлинувни даркор топдиқ: Германияда Бухоро жумҳурияти тарбиясиндаги шогирдларнинг миқдори 49 та бўлиб мактаб эътибори минан тақсимоти шуйладир. Олий мактабдагилар 1. Шамсулбанот Ашрот – Берлин дорулфунуни тиббия шўъбасинда 2. Аҳмад Наъим Ҳаким – Берлин дорулфунуни иқтисод шўъбасинда 3. Аҳмад Шукрий – Берлин дорулфунуни тарих ва фалсафа шўъбасинда 4. Афзал Аҳмаджон – Берлин олий муҳандис мактаби меъморлиқ шўъбасинда 5. Саид Али Усмон – Берлин олий муҳандис мактаби кимё шўъбасинда 6. Билол Фатҳулло Берлин – олий муҳандислик мактаби машина шўъбасинда 7. Абдуваҳҳоб Мурод Берлин олий зироат мактабинда. 8. Атоулло Садриддин – Дрезден олий муҳандис мактабида.

 

 

Ўрта мактаб ва ҳунар юртиндагилар: 9. Баҳовуддин Амин, 10. Азиз Алихўжа, 11. Саттор Жаббор, 12. Вали Қаюм – бу тўрттаси олий мактабларга ҳозирлойтурғон ахзори мактабда эдилар, ҳозирда тезроқ охирлатмоқ мақсади билан хусусий муаллимлардан ўқийлар. Ҳақларинда қатъий қарор яқинда верилажак. 13. Олимжон Қодирий – Виценхаузен шаҳрида ўрта даражадаги илмий ва назарий зироат мактабида, 14. Гулсум Музаффар – Берлинда таълим ва тарбия институтинда, 15. Гулсум Раҳим – Дрезденда дорул муаллимотда, 16. Руқия Раҳим – Дрезденда гимназияда, 17. Солиҳ Хўжа – Брошвейда ахзори (тайёрлов) мактабда, 18. Муҳаммадихўжа Зикрияхўжа – Берлинда ахзорида, 19. Аброр Рашид 20. Қавомиддин Киромиддин ҳар иккиси Лейпсиғда матбаа мактабинда...”

 

Шу тариқа у ҳар бир ўқувчининг ўқиш жойлари ва муваффақиятлари ҳақида санаб беради. Энг муҳими улар орасида ўз даврида дунёга машҳур бўлган Дрезден, Бурезбек каби кўплаб тери мошиналари фабрикаси, текстил фабрикалари, заводларда ишлаб, уларнинг қошидаги мактабларда ҳам ўқиётганини айтиб, “Техникумга кириб назарий ўрганмак учун аввал икки сана фабрикаларда амалий ишламак даркор бўлғондин бу тўртиси ҳозир фабрикаларда ишлайдилар...” деб асослайди. Шунингдек, Кёслинг шаҳридаги гимназия ҳақида “билхосса мудири олмониянинг Истанбулдаги мактабида 4 сана мудир бўлиб турғон турк болаларининг аҳволи руҳияларига ва рафиқ бир зотдир... Шу мактубимизни айнан ёҳуд маало қийматдор газетангизга дарж қилишингизни ўтунуб[3] деб мактубни якунлайди. Шубҳасиз, Германияда таҳсил олган талабалар масаласи Файзулла Хўжаев ва Фитратлар раҳбарлигидаги Бухоро ҳукуматининг буюк жасорати эди. Менимча, бу ҳодисанинг нафақат Туркистон тарихида, балки жаҳон сиёсати, илм фани ва маданияти ривожидаги ўрни алоҳида тадқиқ этилади (Европадаги уларнинг матбуотчилик иши, Иккинчи жаҳон урушида “Туркистон легиони” ва Вали Қаюмхон фаолияти, Туркияга қайтган Аҳмаджон Ўқой, Иброҳим Ёлқин, Аҳмад Наимлар).

 

Шу ўринда туркий ва ислом оламининг улкан шахсиятларидан бўлган Фотиҳ Каримий ва буюк уламо Ризоуддин ибн Фахриддинлар билан Бухоро Жумҳуриятларининг алоқалари акс этган ҳужжатларга тўхталиб ўтмоқчиман.

 

100 дан ортиқ – методик-педагогик, публицистик ва бадиий китоблар муаллифи бўлган Фотиҳ Каримий (1870 – 1937) Чистополь шаҳридаги “Камолия” мадрасасини тамомлаб, Уфадаги диний маҳкамада “мударрис” унвонини олган. Сўнгра тўрт йил давомида Истанбул университетида таҳсил олган. 1896 – 1898 йилларда Таврида губернияси Ялта уездининг Дерекой қишлоғи мадрасасида дарс берган. 1899 йилнинг февраль – май ойларида Европага бориб келгач, “Европага саёҳат” китобини ёзган.

 

1899 йилнинг июль ойидан Оренбургда янги усул (жадид) мактаблари ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича дарс берган. 1902 йилдан Оренбургда “Каримов, Хусаинов ва К°” босмахонасини бошқарган. 1906 – 1917 йилларда ўша даврнинг энг оммабоп мусулмон газеталаридан бири бўлган “Вақт” газетасининг муҳаррири бўлган. 1917 – 1924 йилларда Оренбургнинг турли ўқув юртларида дарс берган Фотиҳ Каримий 1925 йилдан Москвада яшаб, Шарқ университетида турк тилидан дарс берган.

 

Ишларда Фотиҳ Каримийга оид бир нечта хатлар мавжуд бўлиб, уларда Бухоро ҳукуматининг олимни тарих асарларини таржима қилишга жалб этгани англашилади. Жумладан, унинг “Бухорода муҳтарам қори Йўлдош афанди ҳазратларина” деб бошланадиган хатида Маориф нозирига мурожаат этиб:... “Абдулқодир афанди тарафиндан таржима учун бенга топширилмиш ўлон “Русиянинг Бухоро ва Хива ила сўнгғи уч асрдаги муносабат сиёсияси” бугунларда тамом таржима этилиб битмак узрадир. Тамом ўлдиғи каби ўзина ёхуд сизга гундирарман. Агар дағида Бухороға оид русчадан таржима этдиражак муҳим китобларингиз вор эса маъ алмамнуния хизматингизга ҳозирман. Ушбу Муҳамод афанди билан юборарга-да мумкин.

 

 

Ўзимнинг-да Сизнинг тарафларға боруб, қайтурға ҳавасим буюк эса-да, савдогар бўлмағон кишилар учун ҳозирги аҳволда моддий жиҳатлар пек мушкилдир. Шунинг учун бора олувим қатъий эмасдир... “Учқун” ҳам “Нашри маориф” мажмуаларининг бир неча нусхаларини кўруб, ғоят суюндим. Бўйла муваффақиятингиз ила Сизларни табрик этамен. ИншааАллоҳ Бухоро учун кўп фойдалари ўлур. Мунинг бўлсада давом этдирув ижтиҳодинда ўлсангиз экан. Камол эҳтиром ила Фотиҳ Каримий[4], деб якунлайди. Шундан сўнг “Оренбурғ. 1923 йил 3 май санали мактубини “Фазоилмоб муҳтарам қори Йўлдош афанди ҳазратларина эҳтиром ва саломларимни тақдим этаман” деб бошлайди:

 

“Мавороуннаҳр ва Бухоро тарихи”нинг биринчи жилдининг сўнгғи малазмасини ҳам фиҳристини русча асл нусхалари ила баробар Оренбурғ зиёлилариндан биродаримиз Имоди афанди Илмойиф билан жанобингизға йўлладим. Ушбулар ила “Мавороуннаҳр тарихи”нинг таржимаси тамом ўлуб, ҳаммасида ўз қўлларингизда ўлажақдир. Узоқ юборилмай туришининг сабаби бу қисмининг Бурҳон афанди Шарафда таҳрир этуви бўлди... ҳар ҳолда бу ила узоқ тутилуви учун сиздан афув ўтинам...” деб давом этади.

 

Мактубда энг муҳим нуқта Қазонда чоп этилган “Вақт” газетасининг 1906, 1908, 1909, 1910, 1914, 1915, 1916 йиллардаги тўлиқ тўпламларини “кутубхоналар ёхуд хусусий аҳли мароқ учун лузуми ўлурса бенга хабар этмагингизни ўтинамен”[5] дейилган. Бу эса Бухоро ҳукуматининг муҳим бўлган бу манбаларни тарих учун жамғаришга киришганининг исботидир. Бухоро Маориф нозирининг талабига кўра, таниқли олимнинг Бухорода дарс бериши учун тайёрланган таклиф ҳам диққатга сазовор. Жумладан, унда “Дорулмуаллиминда хизмат қилмоқ учун Оренбурғдан Фотиҳ Каримий билан Нурали Новийни чоқириш шартлари:

 

 

Келиб кетмак учун йўл масорифи маорифдан бериладир; Ҳафтада ўн соатлик хизмат этишингиз учун ойлиқ олтун ҳисоби билан эллик сўм берамиз; Агар дорулмуаллиминда мудирлик вазифаси юклатилса берган дарсларингиз учун айрим соат ҳисобиндан ҳақ оларсиз; Мамлакатда биринчи даражада нозирлар қаторидан поёк берилади; Қишлиқ ҳам ёзлиқ обмундир ва фойтун берилади; Турмоқ учун жой, ўтин, ёғду фулон таъмин этилади” дейилган. Энг қизиғи таклифнинг давомида “Нозир афандига” деб номланган тушинтириш бўлиб, унда большевиклар томонидан Бухоро ҳукумати ҳисобидан таклиф этилган бир кишининг шартномаси асос сифатида олинган. “Атамануфнинг договори топилмади. Жанжал вақтида йиртиб ташланғон бўлса эҳтимолдир. Унинг договоринда кўп нарсалар бор эди. Винолар, фойтунлар фулонлар. Биз уларни чиқариб, тахминан ушбу варақада кўргазилган беш моддани ёздиқ. Буларни камайтириш ё кўпайтириш ўзингизга оиддир. Биз ўз тахминимиз билан шуларниғина ёздиқ”[6] деб тугатилган. Бу ҳужжатдан шуни англаш ҳам мумкинки, Бухоро ҳукумати аллақачон бир муаллимнинг таъминотини вазир даражаси билан тенглаштириб қўйган экан. Мана Бухоро ҳукуматининг қисқа муддатдаги ва асрга татигулик барча муваффақиятларининг асл сабаби!

 

Бухоро маорифлиги билан ҳамкорлик қилган яна бир инсон – Ризоуддин ибн Фахруддин (1859-1936) бўлиб, у дин ва жамоат арбоби, илоҳиётшунос, тарихчи, маърифатпарвар олим араб, форс, татар, турк ва рус тилларини мукаммал билган. А.Курсавий, Ш.Маржоний, Ж.Афғоний, М.Абдо каби ислом ислоҳотчи уламолар ижодига қизиқиб, 1887 йилда араб тили морфологиясига бағишланган илк асари “Китоб ат-тасриф” (Морфология ҳақида китоб) нашр этган. Ризоуддин ибн Фахруддин 1891 йилдан Уфага кўчиб келиб, 1906 – 22 йиллар Оренбург мусулмонлари диний маҳкамасида қози бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда “Вақт” газетаси муҳаррири ёрдамчиси (1906-1918), “Шуро” журнали муҳаррири (1908-1918) лавозимида ишлаган. 1922 – 1936 йиллар Ички Россия ва Сибир мусулмонлари Марказий диний бошқармаси (ЦДУМ) муфтийси бўлган. Олимнинг 1906 – 1917 йилларда 50 га яқин китоби нашр қилинган бўлиб, асарлари ХХ аср бошларидаёқ Туркистонда кенг тарқалган. Унинг “Салима ёки Иффат”(1889), “Асмо ёки Жарб ва жазо”(1903) қиссаларида халқни илғор Европа маданияти билан таништириш, аёллар эмансипацияси (озодлиги) масалалари кўтарилган.

 

 

Ризоуддин ибн Фахруддин мактубини “Бухоро мамлакатинда Халқ маориф нозири қори Йўлдош афанди жанобларина” деб бошлайди. “Сизнинг ижтиҳодингиз ва Бухоро халқларининг ҳимматлари сабабидан Бухоро мамлакати таждид йўлина кирган, илм ва маърифатни шоеъ қилув йўлина ташаббус этган, деб эшитамиз. Ислом дунёси ва Шарқ халқи учун севинчли бўлғон бу хабар дуруст бўлсин. Бухоро мамлакати Бағдод ва Андалус ҳамда Эски Бухоро ўрунларини тутув бирла баробар бу кунги илм мамлакатлари бирла рақобат этсун.

 

Бизнинг Руссияда дорулфунун синфларининг ўрта бир еринда бўлиниб қолғон Абдурашид исминда ўғлимиз, Масков олий тиббиянинг биринчи синфинда ўқуб, бўлиниб қолғон Зайнаб исминдаги каримамиз, Реалний мактабда ўқуғон Саид исминда ўғлимиз бор. Дорулфунун дарсларина давом этарга тевишли бўлғон бу болаларимиз қўлимиз қисқа бўлғонлиқдан, иқтисодий ҳолимиз масоида қилмағонлиқдан ўқувларини давом эттира олмайлар. Ўқувға ихлослари тамом ва муҳаббатлари комил бўлса-да, муродлариға эриша олмайлар. Шу шей болаларимизнинг учисини-да сизнинг Бухоро ҳукумати ёрдами бирла ўқитув таҳсилларини тамом эттирув мумкин бўлоларми? Сизга бисёр ходимлар керак бўлажақ. Болаларимизға ўқувиға ёрдам топув лозим. Бухоро ҳукумати ёрдами бирла таҳсилларини тамом этсалар тўғри Бухороға қайтуб хизматга кирарлар ва бутун бўржларини ва масорифларини иншаАллоҳ хизматлари бирла адо қилурлар.

 

 

Бу юмишимизни илтифотсиз қолдирмай бир жавоб берсангиз эди. Мумкин бўлғон тақдирда шартларингизни ёзуб кўндарсангиз эди. Ижобий жавобингиз бўлса миннатдор бўлур эдик. Саиднинг Германияга кетув учун ҳукуматдан олғон паспорти бор. Мазкур поспортнинг ваъдаси март охирина қадар амалда бўлажақ.

1923 йил 1 январ, 1341 йил йил 13 жумоди аввал, Уфа, Тўқой кўчаси 50 уй[7]” деб якунлайди.

 

Албатта, Маориф назоратидан олимга ижобий жавоб йўлланади. Мазкур ҳужжатларнинг ўзи ҳар қандай ўқувчининг етар хулоса чиқаришига етарлидир. Такрор бўлса ҳам Файзулла Хўжаевнинг Бухоро ҳукумати арбоблари миллат келажагини илғор илм-фан ва кадрлар сиёсатида кўрди. Ёшларни Москва ва Берлиннинг энг нуфузли олийгоҳларига юбориш, уларнинг нафақат назарий, балки Европа завод-фабрикаларида амалий билим олишини таъминлаш асрга татигулик стратегик жасорат эди.

 

БХШЖ раҳбариятининг Оренбург ва Уфадаги йирик ислом олимлари ва жадид зиёлилари – Фотиҳ Каримий ҳамда муфтий Ризоуддин ибн Фахриддин билан ўрнатган алоқалари ҳам таҳсинга лойиқ. Бухоро ҳукуматининг тарихга оид нодир асарларни таржима қилдириши ва олимларни юқори маош, вазир даражасидаги таъминот билан Бухорога таклиф этиши уларнинг илм аҳлига бўлган юксак эҳтиромидан далолат беради. Шунингдек, муфтий Ризоуддиннинг иқтисодий қийинчилик сабаб ўқишини давом эттира олмаётган фарзандларини Бухоро ҳукумати ўз оталиғига олгани миллий бирлик ва фидойиликнинг олий намунасидир.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори


[1] Ўз МА, Р Фонд 56, рўйх 1, йиғма жилд 52. БХШЖ Хорижия назорати Москвадаги Бухоро маориф уйи ва бошқа масалалар бўйича ёзишмалар. 1923 йил 14 январдан 1923 йил 25 декабргача. 42 бет.

[2] ЎзМА Фонд 56, рўйх 1, йиғ.жилд 67. 28 б. БХШЖ Маориф халқ комиссарлигининг БКП МК билан маъмурий, хўжалик ва молия масалаларида шахсий таркиб ва масъул ишчилар рўйхати бўйича ёзишмалари. 1924 йил 10 январдан 1924 йил 17 ноябргача. 28 бет.

[3] ЎзМА, Р Фонд 56, рўйх 1, йиғ.жилд 174, 19 бет. БХШЖ Маориф назорати келғон қоғозлар иш тўплами. 1923 йил 28 декабрдан 1924 йил 13 октябргача.

[4] ЎзМА, Фонд Р 56, рўйх 1. Йиғма жилд 61. 69 б. БХШЖ Мариф нозирлиги. Назоратсиз қолганлар уйлари, меҳнат мактаблари, меҳнат келишувлари ва бошқа масалар юзасидан ёзишмалар. 1922 йил 7 февралдан 1923 йил 11 июнгача.

[5] ЎзМА, Фонд Р 56, рўйх 1. Йиғма жилд 61. 69 б. БХШЖ Мариф нозирлиги. Назоратсиз қолганлар уйлари, меҳнат мактаблари, меҳнат келишувлари ва бошқа масалар юзасидан ёзишмалар. 1922 йил 7 февралдан 1923 йил 11 июнгача.

[6] ЎзМА, Фонд Р 56, рўйх 1. Йиғма жилд 61. 69 б. БХШЖ Мариф нозирлиги. Назоратсиз қолганлар уйлари, меҳнат мактаблари, меҳнат келишувлари ва бошқа масалар юзасидан ёзишмалар. 1922 йил 7 февралдан 1923 йил 11 июнгача.

[7] ЎзМА, Фонд Р 56, рўйх 1. Йиғма жилд 61. 69 б. БХШЖ Мариф нозирлиги. Назоратсиз қолганлар уйлари, меҳнат мактаблари, меҳнат келишувлари ва бошқа масалар юзасидан ёзишмалар. 1922 йил 7 февралдан 1923 йил 11 июнгача.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 35273
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//