Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германиясига қарши мардонавор жанг қилиб, асирликка тушиб қолган ва Шимолий Европанинг олис ҳудудларига, хусусан Норвегияга сургун қилинган ўзбекистонлик жангчиларининг турмуш тарзи ва уларни тақдири тарихшунослигимизда ҳанузгача ўрганилмай келинганди. Европа давлатларига қилинган илмий сафарим давомида Германия федерал архиви (Бундесарчив) ва Норвегия миллий архивида сақланиб келаётган ҳужжат ва материаллар билан танишиш ушбу мавзуни холис ва комплекс тарзда ўрганиш имконини берди.
Урушнинг дастлабки йилларида Шарқий фронтда икки миллион туркистонлик аскар хизмат қилган ва урушнинг илк ойларидаёқ улар оммавий равишда фашистларга асир тушган. Бунинг сабаби аскарларнинг махсус ҳарбий тайёргарлик кўрмаган, оддий қуроллар билан жангга сафарбар этилганида эди. 1941 йилнинг кузида Вермахт қўмондонлиги туркистонлик асирларга нисбатан янгича стратегия қўллай бошлаган.
Полшанинг Ченстохова (Ченcзтова) ҳамда Гросс-Розен номли концлагерларида сараланган ва махсус кўрикдан ўтказилган ўртаосиёлик ҳарбий асирлардан махсус қурилиш батальонлари тузила бошланган. Режага мувофиқ, батальонлар миллий таркиб жиҳатдан шакллантирилган. Натижада Германия қуролли кучлар бош қўмондонлиги 1941 йил 11- ва 26- ноябрь саналаридаги буйруқлари асосида туркистонликлар (ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар, туркманлар) иштирокида махсус Туркистон қурилиш ва меҳнат батальонлари (Туркестанисче Бау-Батаиллоне) тузилган.
Берлин-Груневалд, 12.10.1944, Эрденер кўчаси 7 уй. Мавзу: Германияда Туркистонликлар.
Вали Қаюмхоннинг аниқлашича, тахминан 160 000 туркистонлик қуроллантирилган ёки мехнатда бўлиши мумкин. Қаюмхон уларни ягона ташкилий бирлашмага — Вермахт ёки СС таркибида Туркистон ҳарбий бирлиги шаклида тузилишини ҳохламоқда.
Изоҳ: Германиядаги Туркистон Миллий Бирлик Қўмитаси раҳбари Вали Қаюмхоннинг СС бош бошқармасига 1944 йил 12 октябрда берган маълумотларига кўра Германияда жами 160.000 нафар туркистонлик асирлар меҳнатга ва харбий хизматга жалб қилинган (Асос: Германия федерал архиви (Бундесархив).
Уруш йилларида Норвегия ҳудуди нацистлар Германияси учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, бу ерда иттифоқчиларнинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимояланиш учун улкан мудофаа истеҳкомлари – «Атлантика девори» (ҳужжатларда «Атлантикwалл») барпо этилган. Мазкур лойиҳани амалга оширишда Норвегияга кўчирилган юзлаб ўзбек асирларининг меҳнати ҳам ҳал қилувчи куч бўлган. Асирлар учун энг оғир синовлардан бири Арктика иқлимида «Қутб темир йўли» («ҳужжатларда Поларбанен»)нинг қурилиши бўлиб, ватандошларимиз шимолий қутб доирасининг аёвсиз совуқларида, доимий очлик ва иссиқ кийим-кечак етишмовчилиги шароитида темир йўл изларини ётқизишга мажбур бўлган. Ушбу йўл нафақат стратегик объект, балки юзлаб инсонлар фожиасига гувоҳ бўлган ҳаёт ва мамот йўлига айланган. Мудофаа истеҳкомларини қуриш учун зарур бўлган қурилиш материаллари ҳам асирларнинг жисмоний кучи эвазига етказиб берилган бўлиб, ўзбек асирлари қишу ёз тинмасдан тош конларида оғир тошларни майдалашга ва бункерлар учун тонналаб бетон қуйиш ишларини бажаришга мажбур қилинган.
Ана шундай юртдошларимиздан бири Абдулазиз Қаюмович Ҳакимов 1919 йилда Андижон области, Ленин райони (ҳозирги Асака)да туғилган, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет армияси сафида хизмат қилган. Жангларнинг бирида у немис қўшинлари томонидан асир олинган ва Норвегиядаги «Сталаг 330» деб номланган ҳарбий асирлар лагерига жойлаштирилган. Маълумотларга кўра, Абдулазиз Ҳакимов 1942 йил 17 март куни Норвегиянинг Нордланд ҳудудидаги Нарвик шаҳрида вафот этган. 18 мартда у Нарвикдаги Фурумоен қабристонига дафн қилинган. Кейинчалик эса унинг жасади бошқа совет ҳарбий асирлари билан биргаликда Норвегиядаги Тётта (Тжøтта) совет ҳарбий қабристонига қайта кўмилган. Мазкур қабристон Иккинчи жаҳон уруши даврида Норвегия ҳудудида ҳалок бўлган совет ҳарбий асирлари хотирасига ташкил этилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади.
Норвегияда асирликда бўлган андижонлик Абдулазиз Қаюмович Ҳакимовнинг шахсий ҳужжатлари (Норвегия Миллий Архиви)
Яна бир ўзбекистонлик маҳбус Бобоқул Мухторович Мухторов 1912 йил 5 июлда Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет армияси сафида оддий аскар сифатида хизмат қилган. Ҳужжатда унинг миллати ўзбек деб кўрсатилган. Уруш давомида у немис қўшинлари томонидан асирга олинган ва «Сталаг ИИ-Б» номли ҳарбий асирлар лагерига жойлаштирилган.
Бобоқул Мухторов 1943 йил 3 центабр куни Норвегиянинг Оппланд ҳудудидаги Фаберг яқинидаги Ёрстадмоен (Жøрстадмоэн) ерларида вафот этган. Ҳужжатда унинг қабри Ёрстадмоен қабристонида жойлашгани қайд этилган. Қабр рақами 371 деб кўрсатилган.
Бобоқул Мухторович Мухторов
Ислом Соҳибович Соҳибов 1918 йил февраль ойида Ўзбекистонда туғилган, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет армияси сафида оддий аскар сифатида хизмат қилган. У Украинадаги оғир жанглардан бирида немис қўшинлари томонидан асирга олинган ҳамда «Сталаг 330» номли ҳарбий асирлар концлагерига жойлаштирилган. Ислом Соҳибов 1942 йил 21 июнь куни Норвегиянинг Нордланд ҳудудидаги Нарвик шаҳрида кондаги бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган. 1942 йил 22 июнда у Нарвикдаги Фурумоен қабристонига дафн этилган. Кейинчалик эса унинг жасади ҳам Тёттага кўчирилган. Ҳужжатда унинг айни пайтдаги қабри бу мемориал қабристонда жойлашгани кўрсатилган. Қабр жойлашуви А сектори, ИВ қатор, 80-рақам сифатида қайд этилган.
Раҳмон Умматов — 1918 йил Ўзбекистонда туғилган, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет армияси сафида хизмат қилган. Урушнинг оғир ва мураккаб шароитларида немис қўшинлари томонидан асирга олинган ва «Сталаг 330» номли ҳарбий асирлар лагерига юборилган. Эндигина 24 баҳорини кўрган бу йигит 1942 йил 20 февралида Норвегиянинг Нарвик шаҳрида вафот этган. Бу ҳудуд Иккинчи жаҳон уруши даврида совет ҳарбий асирлари оғир меҳнатга жалб қилинган ва жуда қаттиқ шароитларда сақланган жойлардан бири эди. Совуқ иқлим, озиқ-овқат танқислиги, касалликлар ва тинка-мадорини қуритадиган меҳнат минглаб асирларнинг ҳаётига зомин бўлган. Рахман Умматов ҳам ана шундай фожеали тақдирни бошдан кечирган ўзбекистонлик ҳарбий асирлардан бири эди. Унинг тақдири билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар орасида фотосурати ҳам сақланиб қолган.
Раҳмон Умматов
Совет қўшинлари Германия чегарасига яқинлашиб келаётган бир вақтда, Норвегияда мехнат қилаётган асирларни ҳарбий легионлар таркибига сафарбар этиш жараёни амалга оширилган. 1945 йил 27 январь ҳолатига кўра, «Сталаг III Б» лагеридан 187 нафар туркистонлик асир расман озод қилиниб, Нойҳаммер ҳарбий полигонидаги 1-сонли Туркистон кўнгиллилар полки ихтиёрига юборилган. Шу билан бирга Германия хавфсизлик идоралари (СС) Қизил Армия таркибида хизмат қилган ва асирга тушган ўзбек офицерлари масаласига алоҳида эътибор қаратган. 1945 йил 29 январда Вена шаҳридаги СС йўналтирувчи маркази орқали бир гуруҳ ўзбек миллатига мансуб собиқ офицерлар махсус «таснифлаш» жараёнидан ўтказиш учун Берлинга, СС Бош бошқармасига чақиртирилган. Улар 1920 йилда туғилган Муборак Аҳмаджонов, 1917 йилда туғилган Қози Казбеков, 1917 йилда туғилган Эшмуҳаммад Муҳаммаджонов, 1913 йилда туғилган Оғагала Шукурлар эди.
Уруш тугашига атиги бир неча ой қолганида, туркистонлик ҳарбий асирлар немис қуролли кучларига қарши кутилмаган ва шиддатли қаршилик кўрсатган. 1945 йилнинг 30 январда Венада имзоланган махфий ҳужжат бу жараённинг нақадар жиддий тус олганини кўрсатади. Ҳужжатга кўра, 1945 йил 25 январдан 28 январгача бўлган транспортлар билан Норвегия лагерларидан йиғиб келинган асирларнинг жуда катта қисми ҳарбий хизматни давом эттиришдан қатъиян бош тортган. Мактубда таъкидланишича, асирлар «Қизил армияга қарши қурол кўтариб жанг қилишни очиқчасига ва қатъиян рад этишган». Мазкур вазиятдан ҳабар топган Вермахт масъуллари немис йўналтирувчи марказларини асирларни сафарбар қилиш ишида сусткашликка йўл қўйганликда айбланган. Натижада, юртдошларига қарши қурол кўтаришни рад этган барча «исёнчи» асирларни яна қайтадан асирлик мақомига қайтариш ва уларни жазо сифатида Кайзерштайнбурух (Каисерстеинбруч) ҳарбий асирлар лагерига юбориш ҳақида буйруқ берилган. Бу ҳолат нацистлар Германиясининг «немис аскарларининг жонини сақлаш учун шарқ халқлардан фойдаланиш» сиёсати барбод бўлганидан далолат эди.
Қуйида Норвегия лагерларида (ҳужжатларда Кгфлг. Норwэген) асирликда бўлган ватандошларимизни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман:
|
№ |
Ф.И.Ш. |
Туғилган сана |
Касби (немисча қисқартма) |
|
1 |
Абдуҳолиқов Мажид |
21.09.1915 |
Деҳқон |
|
2 |
Абдуллаев Хайрулло |
15.03.1923 |
Деҳқон |
|
3 |
Асадов Ваҳоб |
01.01.1918 |
Деҳқон |
|
4 |
Бекжонов Рашодаъло |
15.03.1915 |
Деҳқон |
|
5 |
Бекжонов Равшан |
01.03.1915 |
Деҳқон |
|
6 |
Чориев Мамасоли |
21.09.1917 |
Ўқитувчи |
|
7 |
Деҳқонов Қодир |
15.07.1920 |
Ишчи |
|
8 |
Дўстаров Тешавой |
1902 |
Деҳқон |
|
9 |
Ерматов Абдурайим |
05.05.1924 |
Деҳқон |
|
10 |
Ғаниев Султон |
20.06.1919 |
Аниқланмаган |
|
11 |
Ҳорун Рашид |
20.10.1919 |
Ишчи |
|
12 |
Ҳусаинов Машхур |
04.09.1919 |
Деҳқон |
|
13 |
Жумабой Маҳсум |
22.04.1929 |
Деҳқон |
|
14 |
Комилов Егор |
20.03.1917 |
Ҳайдовчи |
|
15 |
Мамажон Қозоқбой |
01.05.1895 |
Сартарош |
|
16 |
Маматов Нормурод |
12.02.1919 |
Ишчи |
|
17 |
Миртурсун Хотам |
01.09.1922 |
Ишчи |
|
18 |
Муҳаммедов Хўжа |
1908 |
Аниқланмаган |
|
19 |
Нурали Иброҳим |
20.01.1920 |
Кончи |
|
20 |
Олимов Муҳаммад |
1916 |
Ишчи |
|
21 |
Ортиқов Абдуқодир |
1919 |
Ҳайдовчи |
|
22 |
Ортиқов Собиржон |
10.09.1910 |
Деҳқон |
|
23 |
Отахонов Турдиали |
25.05.1917 |
Ҳисобчи |
|
24 |
Қаландар Шохсимат |
10.01.1906 |
Деҳқон |
|
25 |
Қаюм Ҳалилжон |
29.10.1917 |
Ишчи |
|
26 |
Қобилов Бойчура |
12.12.1922 |
Деҳқон |
|
27 |
Қодиров Қудрат |
05.01.1916 |
Деҳқон |
|
28 |
Қорабоев Қусъҳбой |
01.05.1922 |
Сартарош |
|
29 |
Қозоқбоев Малик |
10.09.1910 |
Етикдўз |
|
30 |
Қурбонов Омонтурди |
15.09.1919 |
Деҳқон |
|
31 |
Рахимбоев Абдусолиҳ |
22.05.1922 |
Ишчи |
|
32 |
Рахимов Чори |
1916 |
Тикувчи |
|
33 |
Сапаров Турдийўл |
1914 |
Ишчи |
|
34 |
Саримсоқов Муҳсин |
22.09.1920 |
Деҳқон |
|
35 |
Шодиев Самад |
17.01 (йил кўрсатилмаган) |
Ишчи |
|
36 |
Шохсултон Наби |
02.04.1910 |
Агроном |
|
37 |
Солихўжа Салмонхўжа |
10.01.1906 |
Сартарош |
|
38 |
Султонов Нури |
15.05.1918 |
Деҳқон |
|
39 |
Тўражон Сиддиқжон |
10.11.1919 |
Чилангар |
|
40 |
Тоиров Қурбон |
21.05.1919 |
Ҳайдовчи |
|
41 |
Тураев Алижон |
20.10.1919 |
Талаба |
|
42 |
Умар Омон |
16.03.1916 |
Ўқитувчи |
|
43 |
Умурзоқов Эргаш |
10.10.1918 |
Почта ходими |
|
44 |
Усманкул Абдумўмин |
22.10.1910 |
Деҳқон |
|
45 |
Юсупов Эргаш |
22.01.1918 |
Талаба |
Ушбу рўйхатларни ўқир еканмиз, Скандинавиянинг изғиринли лагерларида ғайриинсоний шароитлар, машаққатли меҳнат ва тинимсиз таҳқирлар остида ҳаёт кечиришга мажбур бўлган, ўзлигини йўқотмаган ўзбекистонлик ўқитувчи, чилангар ва деҳқонларимизни кўрамиз.
Иккинчи жаҳон урушида асирга олинган ватандошларимизнинг Норвегиядаги турмуш тарзи ва аянчли тақдирини ўрганиш тарихшунослигимизнинг долзарб мавзулардан биридир, бунинг учун бир гуруҳ тадқиқотчиларни жалб етган ҳолда грант лойиҳалар асосида илмий тадқиқотларни амалга ошириш зарур.
Махкамов Азизбек
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ