Адабиёт
Мовароуннаҳр халқи тўғрисидаги маълумотлар асосан хитой, араб, форс ва туркий манбаларда келтирилган. IХ–ХIII асрлардаги қўлёзмаларнинг аксарияти араб тилида ёзилган бўлиб, бизга Ибн Фадлан, Масъудий, Истахрий, Ибн Ҳавқал, Муқаддасий, Марвазий, Идрисий, Гардизий, Ибн ал-Асир, Шиҳобиддин Нисовий, Жамол Қарший каби муаррихлар Марказий Осиё халқлари этногенези ва этник тарихига доир билги айтади.
Араб манбаларида Марказий Осиёда яшовчи этник гуруҳлар умумий – “туркий” этноними остида берилган, улар қаҳрамон халқ сифатида эътироф этилган ва ислом дини учун таҳликали, деб ҳисобланган [Şеşен. 2001. С. 5.]. Шунингдек, турклар халифаликнинг ишончли ҳарбий кучи саналиб, халифалар тан соқчисини улардан тайинлаган. Хусусан, халифа Муътасимнинг 4000 турк аскари бўлгани (халифа Абдулмаликнинг ҳам турк қўриқчилари бор эди) манбаларда таъкидланади. Ёқут Ҳамавийнинг айтишича, халифанинг 70 мингта турк аскари бор эди [Şеşен. 2001. С. 5, 10, 20].
Туркий халқлар тўғрисида сўз юритган муаррихларнинг бу тўғрида фикр-мулоҳазалари турлича. Жумладан, Ибн Хурдодбеҳ турк шаҳарлари сони 16 та бўлганини айтса, Маҳмуд Кошғарий уларни аслида 20 қабиладир, дейди. “Ҳудуд ул-олам”да эса дунё 51 мамлакатдан иборат. Шулардан 45 таси Экваторнинг шимолида турк печенеглари, чиғил, тухси, халлух (қарлуқ), яғмо, тўқузғуз, хирхиз (қирғиз)лар алоҳида давлатдир, дейилади [Ҳудûд эл-âлем. 1937. С. 83].
Марвазийга кўра, турклар жуда кўп қабила бўлган ва уларнинг аксарияти саҳрода, чодирларда яшаган. Чорвадор бўлгани учун бир жойда яшамаганлар. Улар орасидаги уруғ-қабилалар қуйидагилардир: турк, емак, қирғиз, қарлуқ, чиғил, аймур, қиниқ, ёғи, халаж, ўғуз, кидан, гай, урус, кай, уран, тухси, тибет, қора тибет, саклоб, химжи, каймок, хазар, қора хазар, қипчоқ, олти кужат, печенег, уғул (оғул), сатик, сотук, қора татар, қанғли, барғу, гуз, қора гуз, туғузғуз, яғмо арокун, қайиғ, салгур, язгир, рокор (рукур), бояндур, ала-яндулук, уғур, туғрак, баят, тутурчодужиран, сувик, ябагу, афшар, бакраз, бекдили, икабо, аткук, лузузтера, урул, лартлик, басмил, эл-барсхон [Фаҳреддîн Мубâрек-şâҳ эл-Мервезî. 1927. Б. 47].
Идрисий турк ўлкаларининг барчаси Мовароуннаҳр, Фарғона, Шош ва Тароз ҳудудидир, дейди. Муаррихнинг таъкидлашича, турклар кўп бўлгани учун ҳисоблаб бўлмайдиган даражада қавмларга бўлинган [İдрîсî. 1970. Б. 517]. Манбаларда таъкидланишича, турклар орасида энг қудратлиси ўғузлар, энг гўзали, бўйдор ва порлоқ юзлиси қарлуқлардир. Қарлуқлар Фарғона, Шош ва қўшни ҳудудларда яшаган. Ҳукмдор ва хоқонлар хоқони қарлуқлардандир [Месûдî. С. 1. 1861. Б. 289]. Марвазий қарлуқлар 9 гуруҳга бўлинган, дейди. Булардан учтаси чиғил, учтаси аскали, бири булак, бири гуғэржин, бири тухсилардир. Бу маълумот Авфийда бошқачароқ (учтаси чиғиллар, учтаси хаскалилар, бири бевавий, бири кавакиний, бири кимак) келтирилган [Şеşен. 2001. С. 19].
Араб манбаларида йирик турк этнослари сифатида Мовароуннаҳр ва унга қўшни ҳудудларда истиқомат қилган қарлуқ, ўғуз, яғмо, чиғил, халаж, кимак ва бошқалар зикр этилган. “Ҳудуд ул-олам”да йирик этнос ҳисобланган яғмо халқи сарт, қувватли ва мухарибдир. Ҳукмдорлари тўқузғуз ҳукмдорлари оиласидандир. Яғмоларнинг кўпгина қабилалари бор. Баъзиларнинг айтишича, булар орасида 1700 маъруф қабила бўлган, дейилади [Ҳудûд эл-âлем. 1937. С. 83]. Аммо бу фикр унчалик тўғри эмас. Негаки, яғмолар ёки бошқа этнослар IХ–Х асрларда ҳали таркибига 1000 дан ортиқ қабилани бирлаштира оладиган даражада йирик эмас эди. Яғмолар тўғрисидаги энг кўп маълумот Гардизийнинг асарида келтирилган. Муаррихнинг ёзишича, яғмолар тўқузғузлар таркибида бўлган [Бартолд. Соч. 1973. Б. 83]. Бироқ бошқа манбаларда уйғурлар таркибида яғмо этник номи учрамайди. Шунингдек, Гардизий яғмо аслида шахс номи бўлиб, кейинчалик қабилага нисбатан ҳам қўлланган [Гердîзî. 1347. С. 260], дейди. Олим қипчоқ ва қарлуқлар тўғрисида ҳам худди шундай маълумотни беради [Гердîзî. 1347. С. 257-258]. Бироқ шунга яқин маълумотлар бошқа муаррихлар асарларида кузатилмайди. Марвазий яғмоларни энг йирик турк қабилалари қаторида тилга олган [Фаҳреддîн Мубâрек-şâҳ эл-Мервезî. 1927. Б. 47].
VIII–IХ асрларда яғмолар алоҳида қабила иттифоқини ташкил қилган. Гардизий яғмолар “Хитойдан чапда жуда катта ҳудудда яшаган” [Бартолд. 1973. С. 46.], дейди. Тарихчининг маълумотларига кўра, яғмолар тахминан Или дарёсининг юқори оқимларида истиқомат қилган. Гардизий маълумотларини тўлдирган ҳолда Маҳмуд Кошғарий яғмоларни тухси ва чиғиллар билан бирга Илида яшаганлигини таъкидлайди [Кошғарий. 3-том. 1963. Б. 460]. Девондаги маълумотлар яғмоларни жанговар халқ сифатида танитади. Уларнинг тили чиғил ва тухсиларники билан яқин бўлса-да, ўзига хосдир [Кошғарий. 3-том. 1963. Б. 460].
Араб муаррихлари қарлуқлар тўғрисида ҳам кўп тўхталган. “Ҳудуд ул-олам”да “Қарлуқларнинг шарқида Тибетнинг баъзи қисмлари, яғмо ва тўқузғуз ҳудудлари, жанубида яғмоларнинг баъзи қисмлари ва Мовароуннаҳр ўлкаси, ғарбида Ўғуз ҳудудлари, шимолда тухси, чиғил, тўқузғуз ҳудудлари бор. Қарлуқлар маданийлашган халқларга яқиндир. Хуш аҳлоқли ва маданийдирлар. Қадимда қарлуқ ҳукмдорлари жабғу ва ябғу номини олган” [Ҳудûд эл-âлем. 1937. С. 97.], дейилади. Маҳмуд Кошғарий асарида қарлуқлар туркманлар билан алоқадор халқ экани таъкидланади [Тоган. 1981. С. 413.]. З.В.Тўғоннинг таъкидлашича, қарлуқ турклари эфталитлар (абдал/хефтал)нинг ҳам аждоди ҳисобланади [Тоган. 1981. С. 42.].
Идрисийнинг айтишича, қарлуқлар Тароз шимолида ҳам яшашган ва Тароз халқи билан доим урушиб турганлар. Сулҳ даврида эса икки томон ўзаро тижорат билан шуғулланган [Şеşен. 2001. С. 104.]. Гардизийнинг таъкидлашича, қарлуқ туркларнинг буюкларидан бирининг номи бўлиб, шахс номи кейинчалик, қабилага нисбатан қўлланган [Гердîзî. 1347. С. 257-258.] ва этнонимга айланган. Истахрий ва Қазвинийнинг асарларида Исфижобдан Фарғонагача бўлган улкан ҳудуд қарлуқларга тегишли бўлгани [Истаҳрî. 1927. С. 289-290; Зекерййâ б. Муҳаммед б. Маҳмûд эл-Казвîнî. 1380/ 1960. С. 558.] айтилади.
Араб манбаларида чиғиллар ҳам туркларнинг йирик қабилалари қаторида тилга олинган. “Ҳудуд ул-олам”да “Чиғил ўлкаси асосан қарлуқларга оид бир ўлкадир. Чиғилларнинг чодирлари ва кулбалари бўлиб, гўзал касаба ва қишлоқлари кам. Уларнинг баъзилари қуёш ва юлдузларга топинадилар [Ҳудûд эл-âлем. 1937. Б. 99.], дейилади. Маҳмуд Кошғарийнинг асарида ёзилишича, чиғиллар уч туркий қабиланинг бирлашмаси бўлиб, улар қуйидагилардир: 1) Барсағон қуйидаги қўжас шаҳарчасида яшовчи кўчманчилар; 2) Тароз яқинидаги шаҳарчада яшовчилар ҳам чиғил деб аталган; 3) Қошғарда бир қанча қишлоқларда яшовчи туркий қабилалар ҳам чиғил деб аталган [Кошғарий. 1-том. 1960. Б. 374]. Туркча Монихей матнларда чиғил этноними топоним ва киши номи сифатида ҳам талқин этилган (Чиғил Арслон, Чиғилбалиқ, Чиғилкент) [Петер Б. Голден. 2002. С. 165.]. Маҳмуд Кошғарийнинг асарида чиғиллар тўғрисида яна қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлиб, “Чинга қадар чўзилган Жайҳун қирғоқларида яшовчиларни ўғузлар чиғиллар деб атайдилар. Бу хато. Негаки, мазкур ҳудудда фақат чиғиллар эмас, бошқа кўпгина қабилалар ҳам яшайди” [Кошғарий. 1-том. 1960. Б. 29], дейди. Девонда чиғил номи Искандар Зулқарнайн томонидан берилгани айтилади. Алишер Навоий ҳам Маҳмуд Кошғарий фикрларини тасдиқлайди. У Искандар Зулқарнайн ҳарбий юришларида чиғил, яғмо этнонимларини тилга олади. Жумладан, Навоий ғазалларида бу ҳақда шундай қайдлар мавжуд:
Чиғил бирла Яғмодин айлаб убур,
Нечукким чамандин савобу дабур [Навоий. 1960. Б. 669].
Ибн ал-Асир асарида Қорахонийлар даврида Самарқандга қилинган ҳужумга чиғил аскарлари бошчилик қилгани ёзилади. Маҳмуд Кошғарий чиғилларнинг ўғузлар билан қадимдан тўқнашиб келганини, улар бир-бирларига душман бўлганини ёзади [Кошғарий. 1-том. 1960. Б. 487]. “Ҳудуд ал-олам”да ҳам чиғиллар нуфузли халқ сифатида тилга олиниб, асосан ўтовларда ва капаларда яшагани, ўзларининг алоҳида давлатига эга бўлгани айтилади [Ҳудûд эл-âлем. 1937. Б. 83.]. Чиғилларнинг асосий даромади қорамолдан, қўйдан ва от-йилқилардан, яъни чорвачиликдан олинган. Манбада чиғиллар қуёш ва юлдузларга сиғиниши, раҳмдил, хушмуомала ва ёқимли кишиларлиги қайд қилинади [Ҳудûд эл-âлем. 1937. Б. 99.]. Марвазий ҳам чиғилларни йирик чорвадор турк қабилалари қаторида тилга олган [Фаҳреддîн Мубâрек-şâҳ эл-Мервезî. 1927. Б. 47].
Араб манбаларида халажлар тўғрисида ҳам муҳим маълумотлар келтирилган. Истахрийнинг асарида ёзилишича, халажлар чорвадор халқ бўлиб, қиёфалари ва тил хусусиятлари билан турклар кабидир [Истаҳрî. 1927. С. 245.]. Муаррих халажлар яшаган ҳудуд ҳақида ҳам сўз юритиб, улар асосан Талас водийсида яшаганлигини таъкидлайди [МИКК. 1973. С. 16.]. Идрисий ҳам халаж халқи ҳақида сўз юритиб, уларни қаҳрамон ва жасур турк халқи сифатида эътироф этади [Şеşен. 2001. С. 96.]. Ёқут Ҳамавийнинг асарида халажлар Амударёнинг қуйи оқимида ҳам яшагани [Şеşен. 2001. С. 134.] қайд этилган. Ибн Хурдодбеҳ мазкур маълумотни бироз тўлдириб, бир гуруҳ халажлар Эрон ҳудудида ҳам яшаганини ёзади. “Ўғузнома”да қайд этилишича, халажлар беш-уйғур жамоасига ҳам кирган.
Халажларнинг бошқа халқлар билан алоқалари ва қабила иттифоқларига кирганини кўплаб бошқа араб муаррихлари ҳам қайд этган. Жумладан, Маҳмуд Кошғарий халажлар ва қарлуқларни “туркман”ларга алоқадор халқ сифатида тилга олади [Кошғарий. 1-том. 1960. Б. 80, 337, 393]. З.В.Тўғон “Девону луғатит турк”га таяниб, “йигирма икки ўғуз” уруғига “икки халаж” уруғи қўшилиб, “йигирма тўрт туркман”ни ташкил этганини ёзади.
Ўғузлар ҳам араб манбаларида кўп тилга олинган этнослардан ҳисобланади. Марвазийнинг асарида ўғузларнинг 12 уруғи ҳақида сўз юритилиб, “буларнинг баъзилари Тўқуз Ўғуз”лар бўлгани айтилади [Шараф ал-Заман Таҳир Марвази он Чина. 1950. С. 29]. Маҳмуд Кошғарийнинг асаридаги маълумотларга кўра, ўғузлар йигирма икки уруққа бўлинган [Кошғарий. 1-том. 1960. Б. 89-90]. Масъудийнинг асарида бу ҳақда бироз бошқачароқ қайдлар мавжуд. Тарихчининг ёзишича, Сирдарё бўйидаги ўғузлар уч гуруҳга бўлинган ва улар қуйидагилардир: Ашағилар, юқорилар, ўрталар (эл-асафил, эл-авали, эл-авасит) [Месûдî. С. 1. 1861. Б. 212]. Рашидиддиннинг “Жомеъ ат-таворих” асарида келтирилишича, ХIII асрда ўғузлар асосан, икки гуруҳга (таркибида 24 уруғни жамлаган) бўлинган. Биринчи гуруҳ (Бозоклар) – кайи, баёт, қора-вали, қора ивали, язур, дўғур, дурдарға, япарли, явшар, қиниқ, боғдили (бекдили, богдили), карғин; Иккинчи гуруҳ (ўчоклар) – байиндир, бична, чавулдур, чибин, салур, иймур, алайўнтаки, ўргиз, бикдир, букдуз, ева, қиниқ) [Реşîдüддîн. 1957. С. 118-124].
Яна бир араб муаррихи Истахрийнинг айтишича, ўғузлар ва Мовароуннаҳр аҳолиси, хусусан, хоразмликлар доимо ўзаро урушиб турган [Истаҳрî. 1927. С. 304-305]. Ибн Фадлан эса улар тинчлик вақтида ўзаро савдо-сотиқ муносабатларини давом эттирганини ёзади. Ибн Хавқал ҳам ўғузлар тўғрисида сўз юритиб, улар яшаган ҳудудларни Хоразмдан Исфижобгача деб кўрсатади [Şеşен. 2001. С. 215.]. “Ҳудуд ал-олам”да “Ўғуз ўлкаси шарқида Ўғуз чўли ва Мовароуннаҳр шаҳарлари, жанубда Ўғуз чўлининг баъзи қисмлари ва Хазар денгизи, ғарбида ва шимолида Итил дарёси бор. Гузлар (ўғузлар) мағрур ва азамат бўлиб, мужодалани севарлар. Ёмон ниятли ва ҳасадчидирлар. Уларнинг ичида шомонлари ҳам бор” [Ҳудûд эл-âлем. 1937. С. 100], дейилади.
Гардизийнинг асарида таъкидланишича, “Ўғузлар будпараст, санавий (дуалист) ва шомоний бўлганлар. Бошлиғи Тўқуз-ғуз хоқон моний мазҳабидадир. Хоқон мажлисида 30 минг зирхли суворий ҳам бирга ўтирган” [Гердîзî. 1347. С. 267]. Ибн ал-Асир ўғузлар Туркистоннинг энг узоқ минтақаларидан халифа Маҳдий даврида Мовароуннаҳрга келиб мусулмон бўлиб, кейинчалик, Муқаннага ҳам ёрдам берганини таъкидлайди [Şеşен. 2001. С. 9.].
Қипчоқлар ҳам араб манбаларида кўп бор тилга олинган этнослардан бўлиб, Маҳмуд Кошғарий улар ҳақида батафсил маълумот берган. “Ҳудуд ал-олам”да қипчоқлар кимаклардан ажралиб чиққан бир қавм сифатида тилга олинган [Ҳудûд эл-âлем. 1937. С. 101.]. Қипчоқлар тўғрисидаги маълумотлар араб муаррихлари Идрисий ва Марвазийларда ҳам учрайди. Марвазий уларни қадимий турк қабилалари қаторида тилга олган [Фаҳреддîн Мубâрек-şâҳ эл-Мервезî. 1927. Б. 47]. Гардизий қипчоқлар билан боғлиқ ривоятни келтириб, “қипчоқ” киши номи эканини, кейинчалик қабилага нисбатан қўлланганини таъкидлайди [Гердîзî. 1347. С. 257-258].
Салжуқийлар даврига оид қайдларда ҳам қипчоқлар ва қанғлилар тўғрисида тўхталиб ўтилган бўлиб, улар “югур (уйғур) ўғиллари” дейилган [Бартҳолд. 1928. С. 79]. Бу ўринда огур ёхуд югур номи уйғур, ўғуз, қипчоқ, қанғли каби қавмларнинг умумий номи сифатида талқин этилган. “Ўғузнома”нинг чиғатойча шаклига кўра, қадимда беш-уйғур жамоасига халаж, қанғли, қарлуқ, қипчоқ, агачери қабилалари кирган.
Араб манбаларида туркларнинг одатлари, ташқи кўриниши ва эътиқодлари тўғрисида ҳам маълумотлар келтирилган. “Мужмал ат-таворих”да турклар кам туклидирлар [Мücмел эл-тавâрîҳ. 1318/1900. Б. 97.], дейилади. Масъудий туркларнинг болдир суякларининг эгрилиги иқлимнинг натижасидир. Турклар этли ва юмшоқ баданлидир. Туркларнинг баъзилари хотинларга ўхшайди, шу сабабдан уларда жинсий ҳавас оздир. Мижози совуқ бўлгани учун болалари ҳам камдир [Месûдî. С. 4, 1861-1874. Б. 9, 32, 33], дейди. Идрисий ҳам турклар юмшоқ баданли бўлганини ёзади. Олим “Шунинг учун улар бир-бирларининг болаларини ўғирлаб сотганлар. Туркларда бир жория 300 олтиндан қимматга баҳоланган” [İдрîсî. 1970. Б. 513.] дейди.
Муқаддасий туркларнинг ташқи кўриниши ҳақида ҳам сўз юритиб, улар яссибурунлигини айтади. Шунингдек, муаррих туркларнинг эътиқодига тўхталиб, уларнинг орасида санавий (дуалист), христиан, бутпараст [Мутаҳҳар бн Тâҳир эл-Макдисî. 1907. С. 65]лар бўлганини ёзади. Турклар орасида шомон ва [Şеşен. С. 21-22.] монийликка [İбн эл-Факîҳ. 1885. С. 328.] эътиқод қилувчилари ҳам бўлгани қайд этилган.
VIII–Х асрларга оид араб манбалари, хусусан, Ибн Хурдодбеҳ, Муқаддисий ва Табарий каби муаррихларнинг асарлари Мовароуннаҳрнинг этник ва ижтимоий манзарасини ёритишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу манбалар туркий қабилаларни минтақа чеккасидаги кўчманчи гуруҳлар сифатида эмас, ҳудуднинг сиёсий ва ҳарбий барқарорлигини таъминловчи асосий куч сифатида тасвирлайди. Араб географлари туркий этносларнинг жойлашув ҳудудларини аниқ қайд этиши, уларнинг ислом динини қабул қилиш жараёнлари ва маҳаллий ўтроқ аҳоли билан ўзаро маданий-иқтисодий алоқаларини баён қилиши Мовароуннаҳрнинг қадимий туркий илдизларини илмий асослашга хизмат қилади. Шунингдек, араб муаррихлари туркий халқларнинг минтақа бошқарув тизими ва ҳарбий санъати ривожига қўшган улкан ҳиссасини очиб беради. Туркийларнинг жасорати ва садоқати туфайли Аббосийлар халифалиги ва Сомонийлар давлатида юксак мавқеларга кўтарилиши, кейинчалик минтақада соф туркий сулолалар (хусусан, Қорахонийлар) ҳукмронлигининг ўрнатилиши учун тарихий замин яратган. Хуллас, араб географлари ёзма мероси Мовароуннаҳр тарихини бир томонлама эмас, балки туркий ўзлик ва исломий қадриятларнинг ўзаро уйғунлашуви натижасида шаклланган бой сивилизация сифатида тушуниш имконини беради.
Севинч УЛАШОВА,
тарих фанлари доктори, дотсент
Фойдаланилган манбалар ва адабиётлар
1. Barthold V. V. Turkestan down to the Mongol Invasion. – London, 1928.
2. Fahreddîn Mubârek-şâh el-Mervezî. Târih / E. Denison Ross. – London, 1927.
3. Gerdîzî. Zeyn el-ahbâr / Abdülhay Habîbî. – Tahran, 1347.
4. Hudûd el-âlem / V. Minorskiy. – London, 1937.
5. İbn el-Fakîh. Kitâb el-büldân / de Goeje. – Leyden, 1885.
6. İdrîsî. Nüzhet el-müştâk fî ihtirâk el-âfâk. – Leyden, 1970.
7. Istahrî. Mesâlik el-memâlik / de Goeje. – Leyden, 1927.
8. Mes’ûdî. Murûc el-zeheb / Barbier de Meynard. С. 1. – Paris, 1861.
9. Mücmel el-tavârîh / A. Ramazânî. – Tahran, (шамсий)1318/ 1900.
10. Mutahhar bn Tâhir el-Makdisî. El-Bed’ve’l târîh / M.C. Huart. C. IV. – Paris, 1907.
11. Peter B. Golden. Türk halklari tarihine giriş/ çev. Osman Karatay. – Ankara, 2002.
12. Ramazan Şeşen. İslam coğrafyacılarına göre türkler ve Türk ülkeleri. 2-baski. Türk Tarih kurumu basımevi. – Ankara, 2001.
13. Reşîdüddîn. Cami el-tavârîh / Alizâde-Arend. C. I. – Bakû, 1957.
14. Sharaf al-Zaman Tahir Marvazi on China, the Turks and India/ V. Minorskiy. – London, 1950.
15. Togan Z.V. Ibn Fadlans Reisebericht. – Leipzig, 1939.
16. Togan Z.V. Umumi Türk Tarihine Giriş. 1. Cilt. En Eski devirlerden 16 asra kadar. 3. bask. – İstanbul. 1981.
17. Улашова С.У. Шарқ манбаларида Чигʻатой улуси ҳукмдорлари. Монография. – Т.: Алфраганус университети, 2025. – 314 б.
18. Zekeryyâ b. Muhammed b. Mahmûd el-Kazvînî. Asâr el-bilâd ve ahbâr el-‘ibâd. – Beyrut, 1380/ 1960.
19. Алишер Навоий. Хамса. – Тошкент: Фан, 1960.
20. Бартольд В.В. Извлечение из сочинения Гардизи “Зайн ал ахбар”, Соч. Т. VIII. – Москва, 1973.
21. Жамол Қарший. Мулҳақот ас-суроҳ / Бартольд В. В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия. Ч. 1. –СПб., 1898.
22. Материалы по истории киргизов и Киргизии. – Москва, 1973.
23. Маҳмуд Қошғарий. Девону луғотит турк/ Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М.Муталлибоев. И-том. – Тошкент: Фан, 1960; ИИИ-том. – Тошкент: Фан, 1963.
24. Улашова С.У. ХIII-ХV асрлар манбаларида Мовароуннаҳрдаги этник жараёнлар. Монография. – Т.: Фирдавс-шоҳ, 2023. – 206-б.
Адабиёт
Жараён
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ