Умуммиллий тараққиётнинг ижтимоий-маънавий масалалари муҳокама қилинди


Сақлаш
17:26 / 03.06.2026 14 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Умуммиллий тараққиётнинг ижтимоий-маънавий масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

 

Конференцияда олимлар ва таниқли экспертлар, ёш тадқиқотчилар, олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ва ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича масъуллари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

 

 

Бугунги глобаллашув ва шиддатли ахборот хуружлари даврида миллий ўзликни сақлаб қолиш ва жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Дунёда мафкуравий курашлар кескинлашаётган бир шароитда, ёшлар онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, оила ва маҳалла институтини мустаҳкамлаш ҳамда миллий қадриятларни замонавий ривожланиш тамойиллари билан уйғунлаштириш – давлат ва жамият олдидаги стратегик вазифадир.

 

 

Мазкур анжуман айнан мана шундай долзарб таҳдидларга қарши илмий асосланган маънавий қалқон яратиш ва умуммиллий юксалишнинг янги концептуал ёндашувларини ишлаб чиқишга қаратилгани билан ғоят қадрлидир.

 

Ушбу анжуман юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада такомиллаштириш, миллий қадриятлар ва замонавий ривожланиш тамойилларини уйғунлаштиришда илмий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

 

Конференция муҳокамалар, савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

 

 

Фарҳод Толипов, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент:

 

– Академик эркинлик масаласи нафақат халқаро даражада, хорижий университетлар учун, балки Ўзбекистон учун ҳам долзарб саналади. 30 йиллик иш тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтаман, юртимизда таълим соҳасида инқилобий ўсиш кузатилмоқда. Олий таълим муассасаларини сон жиҳатидан кўпайиб бораётгани қувонарли. Аммо ҳақли савол туғилади, олий таълимдаги сифат масаласи қандай ва академик эркинлик масаласи қай даражада?

 

Кези келганда таниқли сиёсий арбоб, америкалик олим ўз интервьюларида қуйдаги иборани кўп бор қўллайди: Бутун дунёда сиёсий уйғониш кузатиляпти. ХХI аср – техника асри деб саналаркан ҳаттоки энг қолоқ давлатлар-у, элатлар, қабилаларда ҳам сиёсий уйғониш содир бўляпти. Дунёда воқеалардан улар ҳам бохабар. Демак маълумот алмашиш содир бўлаётган экан, яхшироқ ҳаёт тарзига эга давлатларни кузата туриб ўзининг мамлакати ва ҳукуматига талаблари кўпаяди. Мана, ҳақиқий дунё бор экан, деган хабардорлик содир бўлади.

 

Сиёсий уйғониш даврида ёшларда, талабаларда ҳар қандай чекловлар фойда эмас, зиён келтириши мумкин. Чунки улар маълумотларни, билимларни, керак бўлса тафаккури ва фикрлаш услубларини университетсиз ҳам, домлаларсиз ҳам топиши мумкинлиги исботланмоқда. Ана шундай шароитда улар сиёсий уйғонган экан, чеклаш эмас, сиёсий уйғониш жараёнини бойитган ҳолда тўғри йўналтириш муҳим вазифага айланяпти.

 

Академик эркинлик жуда мураккаб тушунча. Бу эркинлик муаммосини ўрганганим сари университетлардаги умумий инфраструктуравий ҳолат, мавзу танлаш, ChatGPT, сунъий интеллект каби механизмлар турли муаммоларни келиб чиқараётгани яққол намоён бўлмоқда.

 

 

Саидкомил Муҳаммад Карим, тадқиқотчи:

 

Бугун биз бир қолипда яшаяпмиз. Яъни бизга миллатнинг қандай бўлишини бундан икки-уч аср аввал ғарб институтлари, ғарб маданияти, ғарб цивилизацияси томонидан чизиб берилган қолип асосида биз миллатни қуришга ҳаракат қиляпмиз. Бунда турли тўсиқлар, ҳақли саволларга дучор бўляпмиз. Бу қандай миллат? Маърифатпарварлик даври, XVII-XVIII асрларда Европада этник миллат тушунчаси пайдо бўлди. Европа этник миллат масаласини 200 йиллик бўхронлар, урушлар ва бошқа бошқа кўчишлар натижасида ўз масаласини хал қилиб олди.

 

Биз ўзимизнинг асл манбаларга қарайдиган бўлсак, Форобийнинг Фозил одамлар шаҳри концепсиясида, Бобурнинг қарашларида бугунги кунда миллат концепсиясидан олишимиз мумкин бўлган жуда кўп фойдали маълумотлар бор.

 

Форобий наздида миллат бир ғоя атрофида бирлашган илм, маданияти қандай бўлишидан қатъий назар бир ғоя атрофида, бир мақсад сари бирлашган ҳар қандай жамият, миллатни кўради. Биз бугун буни “ўзбекистонлик деган тушунчада кўришимиз мумкин.

 

Форобий миллатга таъриф берганда Миллат – унинг бош раҳномоси томонидан белгилаб берилган мақсадлар, ғоялар, мафкуралар ва фаолиятлар ҳаракатларидан иборатдир, яъни бирор бир ғоя атрофида бирлашган ва у ғоя атрофида бир хил ҳаракатларни амалга оширадиган ва унинг асосчиси бўлган ҳар қандай жамиятни миллат деб атайди.

 

Биз ўзбек деган миллатни шакллантирадиган бўлсак индивидуал қадриятлар эмас, балки биринчи навбатда ўзбекка хос бўлган қадриятларни, таълимдан бошлаб маданиятгача ҳамма соҳани бир хил ёндашув билан тарғиб этишимиз ва ижтимоий масъулият ҳиссини оширишимиз керак.

 

Дилфуза МАҲКАМОВА,

Oyina.uz 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 35288
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//