Қуён келмоқда, йўлбарсни қувиб... – мучал ҳисоби қандай пайдо бўлган?


Сақлаш
00:03 / 21.03.2023 0 2100

Аждодларимиз бир неча минг йиллардан буён 21 март – баҳорги тенгкунликда Йилбоши (Наврўз) байрамини нишонлаб келишади. Туркийларнинг ўн икки ҳайвон номи билан аталадиган тақвими ҳам ушбу санада янгиланади. Айни кунларда йўлбарс йили адоғига етиб, қуён йили яқинлашмоқда. Маҳмуд Кошғарий ўн аср илгари “Девону луғотит турк” асарида мучал ҳисоби бўйича ҳам қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган:

 

“Барс – туркча ўн икки мучал йилларидан бирининг номи. Турклар ўн икки хил ҳайвон исмини ўн икки йилга от қўйганлар. Туғилиш, жанг тарихлари ва бошқаларни ана шу йиллар айланишидан ҳисоблайдилар. Бунинг келиб чиқиши шундай: турк ҳоқонларидан бири ўзидан бир неча йил олдин бўлиб ўтган урушни ўрганмоқчи бўлган, шунда у уруш бўлиб ўтган йилни аниқлашда янглишганлар. Бу масала юзасидан [ҳоқон] қавми билан кенгашди ва айтди: Биз бу тарихни (аниқлашда) қанчалик янглишган бўлсак, биздан кейин ҳам шундай янглишадилар. Шундай бўлгач, биз энди ўн икки ой ва осмондаги ўн икки буржга асосланиб, ўн икки йилга от қўйишимиз керак, токи биздан кейин йил ҳисоби шу йилларнинг айланишига қараб олинсин ва бу нарса абадий бир ёдгорлик бўлиб қолсин. Улар “Айтганингиздек бўлсин, дейишди.

 

Ҳоқон овга чиқди ва одамларга ваҳший ҳайвонларни Ила дарёси томон қувишни буюрди, бу жуда катта сув. Одамлар ов қилиб ҳайвонларни сув томон ҳайдай бошладилар, шунда ўн икки ҳайвон сувдан ўтди. Ўн икки йилни ана шу ўн икки ҳайвон исми билан атадилар. Энг олдин сувдан ўтган ҳайвон сичқон бўлди. Шунинг учун йил боши унинг номи билан аталди, шу сўзга йил қўшиб сичқон йили деб атадилар. Ундан кейин ўтганлари қуйидаги тартибда бўлди ва уларнинг ҳар бири бир йил учун исм бўлиб қолди:

 

Уд (сигир) йили,

Барс йили,

Тавушған (қуён) йили,

Нэк (тимсоҳ) йили,

(Й)илон йили,

Йунд (от) йили,

Қўй йили,

Бижинг (маймун) йили,

Тақағу (товуқ) йили,

Ит йили,

Тўнғиз йили.

 

Тўнғизга етгандан кейин ҳисоб яна сичқондан бошланади. Бу китобни ёзган йилимиз тўрт юз олтмиш олтинчи (466) йилнинг муҳаррам ойида илон йили кирган эди. Бу йил ўтиб, тўрт юз олтмиш еттинчи йил келса, от йили киради. Йил ҳисоби мана шу мен кўрсатган тартибда олиб борилади. Турклар бу йилларнинг ҳар қайсисида бирор ҳикмат бор деб тахминлайдилар: масалан, уларча сигир йили бўлса уруш кўп бўлади, чунки сигир бир-бири билан сузишадиган ҳайвон. Товуқ йили кирса, озиқ-овқат кўпаяди, лекин одамларда ташвиш ортади. Чунки товуқнинг овқати дон бўлиб, уни топиб ейиш учун нарсаларни титиб юради. Тимсоҳ йили кирса, ёғингарчилик ва ҳосил кўп бўлади, чунки у сувда яшайди. Тўнғиз йили кирса, совуқ қор ва фитна кўп бўлади. Шунга ўхшаш, ҳар йилга бирор тахмин юритадилар.

 

Туркларда ҳафтадаги етти куннинг исми йўқ, чунки ҳафта исломдан сўнг шуҳратланди. Шунга ўхшаш ой исмлари ҳам шаҳарларда арабча юритилади. Кўчманчи ва мусулмон бўлмаган турклар ойларни тўрт фасл билан атайдилар. Ҳар уч ойни бир исм билан юритадилар. Йил ўтишини шундай биладилар. Масалан, наврўз (янги кун)дан кейинги аввал баҳорга ўғлақ, сўнгра улуғ ўғлақ дерлар. Чунки ой бу вақтда катта бўлиб қолади. Бундан кейингисига улуғ ой дейилади. Чунки бу ой ёзнинг ўртасида бўлиб, бу вақтда сут ва ер неъматлари мўл-кўл бўлади. Бу исмлар кам қўллангани учун ҳаммасини айтишни муносиб кўрмадик. Ўзинг тушин” (Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк. I том. – Тошкент: 1960. – Б. 330–332).

 

Марказий Осиёнинг табиий шароити мучал ҳисобини яратишга сабаб бўлган. Турмуш тарзи чорвачилик ва деҳқончилик билан боғлиқлиги учун ушбу соҳаларнинг истиқболини белгилаш, кескин континентал иқлим шароитида узоқ муддатли оби-ҳаво прогнозларини ишлаб чиқиш зарурати бунда асосий омил бўлган.

 

Инсон борлиқнинг бир бўлаги, табиатдаги ўзгаришлар бизга таъсир этмай қолмайди. Шундай экан, «фалон йил ундай келади, пистон йил бундай келади» каби башоратнамо гаплар аслида узоқ кузатувлар хулосаси, илмий прогнозлардир. Башоратлар айнан йил соҳиби бўлмиш ҳайвоннинг муҳим хислати билан боғлиқ экани эса мучал йилларини номлашда етмиш ўлчаб, бир кесилганидан дарак. Мазкур иримлар асло фолбинлик эмас, балки халқнинг асрий тажрибаларини ўзида мужассамлаштирган фалсафий тафаккури маҳсулидир.

 

Фаррух ЖАББОРОВ,

ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва

фольклори институти тадқиқотчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4555
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2895
Туғилган кун

//