Бизни қандай келажак кутмоқда? – Иккинчи мақола


Сақлаш
15:19 / 24.01.2022 1172 0

Ўтмиш ва бугун ҳақида сўз юритдик. Келажак хусусида баҳс қилишдан аввал аксар муштарийларни ўйлантираётган “Бизда-чи?” деган саволга жавоб қидириб кўрайлик.

 

Охирги бир неча аср мобайнида ўзлик тушунчасининг янги талқинлари Европа қитъасида такомиллашди. Шу боис уларда асосан дунёга оврупоча нигоҳ зуҳур этади. Бу жиҳатдан замонавий фан, маданият, сиёсий тузумлар, ҳатто умуминсоний қадриятлар ҳам ўта оврупочадир аслида. Мустамлакачилик бешигидан рубъи маскунга ёйилган ўзлик таълимотлари ранг-баранг маданий муҳитларда турфа акс-садо берди. Ўзгача инонч-эътиқодда яшаб келган осиёлик ва африкаликлар Европа тафаккурини ўзлаштириб, уни ривожланиш йўли деб қабул қиларкан, айни чоқда, ўз миллий лойиҳаларини илгари сурди. Европада бундай тафаккур парадигмаси узоқ давом этган тарихий ҳодисотларга мувофиқ тобланиб борган бўлса, мустамлакаларда жараён тезлашиб кетиб, маҳаллий зиёлилар бир неча асрлик жараёндан “сакраб” ўтади. Баъзи минтақалар янги ўзлик таълимотларини осонлик ила қабул қилган бўлса, бошқа ерларда авом зиёлиларнинг киборларча лофларини тушунолмай, анъанавий ўзлигидан воз кечишни истамай ёхуд ўзлик алмашуви кутилмаган тафриқаларни келтириб чиқарди.

 

Кўплаб тадқиқотчиларга кўра, бошқача ўзлик таълимоти этагидан тутган Африка ва Осиё халқларида миллийлик сунъий йўл билан, шиддатли тарзда жорий этилгани боис уларда радикализм кучайиб, ўзлик инқирози ва ғоявий курашлар авж олган. Бу, айниқса, Яқин Шарқда яққол кўзга ташланди. Пантуркизм ёки панэронизмдан фарқли ўлароқ, панарабизм лойиҳаси амалда рўёбга чиқади, миллионлаб аҳоли онгига улкан ҳудудларни эгаллаган ягона араб миллати концепцияси сингдирилиб, жаҳон сиёсатида ҳам расман қабул қилинган. Лекин пировардида “Араб баҳори” ҳодисаси рўй берди. Гап шундаки, мустамлакачилар тарбиясини олган авторитар элита ўз миллатдошлари – оддий халқ манфаатларига зид сиёсат юритгани, уларнинг ҳуқуқларини поймол этгани учун кучли ижтимоий-сиёсий портлаш содир бўлади. Боз устига, диний (шиа-сунний ихтилофи), қабилавий ўзлик таълимотлари ўтмишнинг қоронғи руҳи мисол бугунга қайтиб, ягона араб миллатини ич-ичидан бўлиб юбориб, Сурия, Ливан, Ливия, Ироқ сингари араб давлатлари парокандаликка юз тутди.

 

Марказий Осиё мутлақо ўзга сиёсий-маданий контекстда – Русия империяси таркибида модерн асри сари одимлаган. Минтақадаги миллий лойиҳалар шунга монанд кўриниш касб этади. Туркистонда етишиб чиққан янги зиёли қатлам – жадидлар Россияда бораётган жараёнларни, айниқса, Волгабўйи, Қрим ва Кавказ зиёлиларининг ғояларини, бутун салтанатни титратаётган сўл ҳаракатларни синчиклаб кузатиб, Усмонли давлати ва у орқали Германиядаги эврилишларни ўрганган. Орттирилган тажриба асосида охир-оқибат Катта Туркистон лойиҳаси шаклланади.

 

Мазкур лойиҳани жадидларнинг турли гуруҳлари турлича тасаввур этган. Айримлар учун ислом динига эътиқод қилиш бирламчи омил бўлса, яна   айримлар минтақада жам бўлган    этник тоифалар (шу жумладан,   русларни  ҳам) қамраб олишни ёқлар; баъзи гуруҳлар икки асосий маҳаллий тил – форсча ва туркчадан бирдек истифода этиш тарафдори бўлса, фақат турк тилини сақлаб қолишга хайрихоҳлар ҳам кўп топилади. Туркистон аҳолисини этник жиҳатдан яхлитлаштириш тарафдорлари билан этник ўзликни сақлаб қолиш ва фуқаролик миллатини шакллантириш иштиёқмандлари орасида баҳслар кучайиб борган.

 

Туркистон режасининг моҳиятини тушуниш учун худди шунга ўхшаш, лекин ҳаётга татбиқ этилган бошқа миллий лойиҳаларни эсга олиш мумкин. Дейлик, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияда фуқаронинг тили, этник ўзлиги ва миллати ҳуқуқий жиҳатдан (де юре) аҳамиятсиз. Амалда зиддиятлар кузатилган бўлса-да,  ҳар қандай фуқаро насл-насабидан қатъи назар афғон, ҳинд ва турк саналади. Туркистончилик, умуман олганда, ана шундай миллатчиликни моделлаштиришга қаратилган.

 

Россияда рўй берган коммунистик инқилоб Марказий Осиё зиёлиларига умид бағишлайди. Бироқ улар минтақада таъсис этган биринчи миллий демократик давлат   –   Туркистон мухторияти қонга ботирилади. Кўп ўтмай хонликлар буткул тугатилиб, уларнинг ўрнида Халқ республикалари тузилган. Лекин маҳаллий зиёлиларнинг коммунистларга қарши курашиш, минтақани бирлаштириш ва аҳолига туркистонлик ўзлигини сингдиришга захираси етмай, шу важдан улар муросага бориб, этник давлатлар ташкил этишга рози бўлади. Шу тариқа Катта Туркистон ўрнига Кичик Туркистон   – Ўзбекистон лойиҳаси амалга оширилган (Абашин С. Национализмы в Средней Азии. В поисках идентичности. Санкт-Петербург, 2007. Стр. 186). Янги ўзбек элитасидаги сиёсий бўлиниш туфайли мувозанатни сақлаш учун Катта Тожикистон лойиҳаси таклиф этилиб, лекин у ҳам Кичик Тожикистон тарзида рўёбга чиққан (ўша манба, 189-195-бетлар).

 

Советларнинг миллий сиёсати шу жиҳатдан диққатга сазоворки, унда миллат этник маънода талқин этилган, этнос, халқ, миллат категориялари доим муштарак ҳолда ишлатилган. Буни, масалан, СССРда расмий илмий стандарт бўлган Бромлейнинг этник назариясида кўришимиз мумкин. Этносни ҳам генетик қондошлик, ҳам бир давлат чегараси ичидаги ватандошлик деб талқин этиш ҳатто постсовет давлатларида ҳам из қолдирди: бугун ҳам Россия, Украина, Кавказ ва Марказий Осиёда миллат ва халқ истилоҳлари синоним ўлароқ қўлланади. Узоққа бормай, Ўзбекистон Конституциясининг 8-моддасига эътибор қаратайлик: “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”. Миллат нация, nation’га, халқ эса этнос, folk, people, populi’га муқобиллигини инобатга олсак, миллат  – фуқароликни, халқ – этник мансубиятни англатиши лозим эди. Шунда Ўзбекистон миллатини, этносидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши, яъни барча этнослар қонун олдида баробарлиги англашиларди. Бироқ шўро миллий сиёсатига хос айрим қарашлар бугунгача сақланиб қолмоқда.

 

Хўш, советларнинг Марказий Осиёда миллий сиёсатдаги ўзига хослиги нималардан иборат эди?

 

Биринчидан, минтақанинг сиёсий-маъмурий бўлиниши маҳаллий зиёлиларга топширилган бўлса-да, улар бунда миллий белгиларга таяниши қатъиян назорат қилинган. Миллат эса юқорида қайд этганимиздек, этник маънода тушунилар; муайян маъмурий бирлик, давлат ёки мухтор тузилма маълум этноснинг, миллатнинг ери деб талқин этилар эди. Бу эса ўша ҳудудда яшовчи бошқа этносларни автоматик тарзда миллий озчилик мақомига тушириб қўярди. Бу ҳол, ўз навбатида, этник гуруҳлар ўртасида ихтилоф оловини алангалатар, менинг ерим, келгинди риторикасини кун тартибига чиқарар эди. Миллий-маъмурий бўлиниш маҳаллий аҳоли онгида қизиқ тасаввурларни уйғотган: яқиндагина “...истон” номини олган мамлакатларнинг титул миллати бу ерга бошқа миллатлар қандай келиб қолганини тушунолмайди. Ваҳоланки, бошқа этнослар ҳам бу ерларда азал-азалдан истиқомат қилиб келган. Минтақада бугун бўй кўрсатаётган миллий ихтилофлар илдизи ўша даврга бориб тақалади.

 

Иккинчидан, тан олинган этник миллатлар ўз институти, расмий тарих, ёзма тил, герб, байроқ ва мадҳия каби атрибутларга эга бўлиши лозим эди. Шу йўл билан уларнинг расмий эътирофи мустаҳкамлаб қўйиларди. Миллат сифатида тан олиниш ўз ерига, демакки, моддий-маънавий ресурсларига эга бўлиш дегани эди. Шу сабабдан миллий лойиҳалар ўртасида ўзига хос кураш кечди. У кезлар Марказий Осиёда, мусулмон Шарқида бўлганидек, оврупоча мезондаги миллатлар йўқлиги боис зиёлилар ўз ўлчам-мезонларига кўра турли этник, ҳудудий ва ҳатто этнографик миллатлар лойиҳаларини Марказга тақдим этиб, ўз улушини юлиб олишга ҳаракат қилди. (Машҳур ўзбекшунос Эдвард Оллвортнинг фикрича, Марказий Осиёдаги миллий чегараланишда аксил ўзбек кайфияти яққол кўзга ташланади. Негаки, ўзбеклар минтақанинг энг фаол ва йирик этник гуруҳи сифатида уни бирлаштириши ва кучларни Марказдан ажралиб чиқишга сафарбар этиши мумкин эди: Allworth E.A. The Modern Uzbeks. From the Fourteenth Century to the Present. A Cultural History. Stanford, Hoover Institution Press, 1990. Арне Ҳаугеннинг фикрига кўра, аксинча, миллий чегарани белгилашда ўзбекларга алоҳида эътибор қаратилган, кўп баҳсли масалалар улар фойдасига ҳал қилинган: Haugen A. The Establishment of National Republics in Soviet Central Asia. New York, Palgrave Macmillan, pр. 206-207.)

 

Шу тариқа аввал-бошда режалаштирилган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондан ташқари Қирғизистон, Тожикистон, Қорақалпоғистон ва Бадахшон миллий лойиҳалари маъқулланди. Айрим экспертлар ва тарихчилар бугунги миллий вазиятни ўтмишга татбиқ этган ҳолда мазкур тузилмаларни ўша халқларнинг “тарихий ютуғи” деб баҳолайди. Конструктивистик дунёқарашга мувофиқ, аввал миллат ғояси юзага келган, сўнг миллатлар ва уларнинг давлатлари пайдо бўлган. Зотан, бу тарихий воқеаларни ҳар хил талқин қилиш мумкин: янги миллатлар пайдо бўлиши, маҳаллий аҳолининг парчаланиши, анъанавий ўзлик ғоялари инқирози.

 

Мухтасар айтганда, СССРнинг миллий сиёсати минтақанинг сиёсий, маданий қиёфасини, ўзликлар тизимини бутунлай ўзгартириб юборди. Чор империяси вассалларнинг, Туркистон ўлкасидаги маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини ўзгартирмаган бўлса, шўро давлати жамиятнинг барча жабҳасига аралашишни маъқул кўрди. Янги социалистик миллатлар ғояси вужудга келди, уларни миллат ўлароқ тасдиқлаб, ҳар бирининг ўзига хос тарихи ва маданиятини тартиблашга маблағ ажратилди. Бу йўлда ихтилоф учқунлари ҳам чақнаб турди – узоқ муддат қўшничилик қилган минтақа халқларининг тарихи ва маданиятини аниқ чегаралаш душвор эди. СССРда замонавий ўзлик таълимоти ўтмишга татбиқ қилингани, яъни ўтмишдан ҳам тожиклар, ўзбеклар, қозоқлар излангани сабабидан “фалон тарихий шахснинг миллати нима бўлган?”, “фалончи давлат қайси миллатга тегишли?” сингари саволлар юзага келаверди. Ҳар бир давлат маълум этник миллатнинг тарихий ери саналгани боис, бир томондан – ўзбеклар ёки тожикларнинг тарихини Ўзбекистондан ёки Тожикистондан ташқарида излашга зимдан норасмий тақиқ ўрнатилган бўлса, бошқа томондан  – ҳар бир республиканинг титул миллати бошқа гуруҳларни ассимиляция қилиш, сиқиб чиқаришга интилар эди.

 

Марказий Осиёдаги миллий қурилмачилик ишлари ҳали ниҳоясига етмаган, зиддиятлар бартараф этилмаган бир вақтда СССРнинг ўзи тарихга кўмилди. Ўз ҳолига қолдирилган постсовет миллатчиликларининг ривожи эса бошқа ўзанга бурилиб кетди.

 

СССРда миллатчилик бўлмагани, байналмилалчилик ва халқлар дўстлиги тарғиб қилинганини аксиома ўлароқ қабул қилган айрим рус постсоветологлари 90-йилларда кутилмаганда радикал миллатчилик ҳаракати вужудга келганидан таажжубга тушди. Тадқиқотчи Меҳмет Вулқон Қошиқчи уларга жавобан миллатчиликлар ҳамиша мавжуд бўлгани, тинч-тотув ҳаёт дафъатан барбод бўлгач, миллатчилик янги шароитга мослашиб, этник детерминизмга дўнганини таъкидлайди (Как выйти за рамки “хронической этнофилии”? Размышления о шовинизме, социальной несправедливости и будущем в Казахстане. https://caa-network.org/).

 

АҚШлик социолог Рожерс Брубейкер вазиятни янада чуқур таҳлил қилиб, қизил империя парчалангач, постсовет муҳитида юзага келган миллатчиликни қуйидагача таснифлайди:

 

шаклланаётган миллатчилик – янги ташкил топган давлатларда янги сиёсий муҳитда давом этаётган, титул миллатга таянган миллатчилик. Миллатчиликнинг бу тури деярли барча мустақил постсовет республикаларига хос. Тадқиқотлар миллий қурилмачилик якунига етмагани, титул миллат ҳали ҳам заиф позицияда тургани, фуқаролик миллатини яратиш бўйича ишлар изчил олиб борилмаётганини кўрсатади;

 

трансчегаравий, тарихий ватан миллатчилиги – янги мустақил давлатлар қўшни мамлакатларнинг маълум ҳудудларини ўз “тарихий ватани”, у ерда яшовчи миллатдошларни “четдаги ватандош” деб билиши, қўшни республикаларнинг бир-бирига ҳудудий даъволарида намоён бўлади;

 

миллий озчилик миллатчилиги – иттифоқдош республикалар Марказдан мустақил бўлгач, энди республикалар ичидаги миллий озчилик ўзини титул миллат ассимиляциясидан қутқариш ва маълум ресурсга эга бўлиш учун интилмоқда (Brubaker R. Nationalism Reframed: Nationhood and the National Question in the New Europe. Cambridge, Cambridge University Press, pр. 4-6, 9).

 

Яқин ўтмиш воқеалари бугунимизга ҳам таъсир кўрсатади. XX аср бошида минтақада олиб борилган миллий қурилмачилик мунозаралари ўзлик таълимотларини  расмийлаштириб, символик капитал – яъни миллий тарих ва маданият ҳақидаги билим ва қарашларни шакллантирди. Бугун ундан воз кечиш имконсиз: миллий тарих ва маданий меросга доир қарашлар, билимлар ва уларни “тўғри” талқин қилишга мўлжалланган парадигмалар миллий ғурур объектига айланган. Нафақат оддий одамлар, балки элита ва зиёлилар ҳам умумқабул қилинган бу парадигмалардан чиқиб кетиш мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмайди; буни миллий ғурурга, давлатчилик асосларига таҳдид дея баҳолайди. Бизнингча, бу ҳол миллий ўзлик қурилиши якунланмагани, бир меъёрга келмагани, унга мансуб одамлар яхлит гуруҳ ўлароқ жамиятда мустаҳкам позиция эгаллаганига ҳали ишонмаслигини кўрсатмоқда. Этник ихтилофлар ҳам ана шу нотугаллик ҳамда ишончсизликдан келиб чиқади.

 

Шўро болғаси, мустақиллик сандони

 

1990 йилларда Марказий Осиё республикалари ўзлик таълимотини қайта кўриб чиқиш имкониятига эга бўлди-ю, бундан фойдаланмади – бир қанча номларни тиклаб, совет даврини қоралаш билангина чекланди, холос. Натижада, совет идеологиясидан у қадар фарқ қилмайдиган, лекин мустақил давлатларнинг ўзига хослигини кўрсатишга даъвогар дурагай мафкуралар шаклланди. Бир томондан, шўро воқелигига мўлжаллаб ишлаб чиқилган миллий таълимот замонавий талабларга жавоб бермас, янги жамиятнинг маънавий эҳтиёжини қондиролмас эди. Бошқа томондан, ўзлик таълимотининг жиддий таҳрирга учраши қалтис оқибатларга, масалан, чегаралар кўриб чиқилишига олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун тадқиқотчилар кўпинча мустақил республикалардаги охиригача етказилмаган миллий қурилмачиликни ғоявий сусткашликка эмас, эҳтиёткорлик ва муросагўйликка йўяди.

 

Сирасини айтганда, Марказий Осиё давлатларидаги миллатчилик совет болғаси ва мустақиллик сандони орасида қолиб кетмоқда. Бошқарув ўтмиш тузум меросидан чўчиб, муқобил йўл сифатида таклиф этилаётган либерал, диний ва анъанавий ўзлик таълимотига қайтишдан ҳадиксираётир. Лекин буларнинг ўртасида турувчи ёхуд туб бурилиш ясашга қодир модель ҳозирча тақдим этилмади. Аслида, совет даврида вужудга келган маънавий капитал ва у келтириб чиқарган муаммолар билан бундай долзарб вазифани амалга ошириш душвор. Миллатнинг этник маънода талқин этилиши эса фуқаровий миллатчиликка асосланган жамият қуриш умидларини чиппакка чиқаради. Этник миллатларнинг ички ва ташқи зиддиятлари борлиги, минтақадаги турли миллатчиликлар тарих ва бугуннинг кесишув нуқтасида муросасиз позицияда тургани ихтилофсиз қўшничиликни шубҳа остига қўяди. Демак, минтақада Масанчи фожиаси такрорланмаслиги учун одамлар онгини ўзгартирмоқ лозим.

 

Инсониятни қандай истиқбол кутмоқда?

 

Одамзод ривожланиш даражаси билан ҳар қанча кеккаймасин, ҳамма ҳам тараққиёт мевасидан бирдек баҳраманд бўлолмаётир. Ҳали юз миллионлаб одам очлик, муҳтожлик ва қашшоқликда яшайди; ибтидоий босқичда қолиб кетган қабилалар бор. Шунингдек, очлик ва касалликлардан ўлиб кетиш хавфидан қутулган, лекин ҳали ҳам тўкис ҳаёт қуролмаган ўртаҳол юртлар борки, улар кўпчиликни ташкил этади. Қувиб етувчи иқтисодиёт шароитида яшаётган бу ўлкалар мутараққий дунё эллик-юз йил муқаддам изғиган сўқмоқлардан қайта йўл солмоқда: миллатчилик ғоясидан кўп азият чеккан Европа умуминсоний мафкурага талпинаётганида, ўртаҳоллар ҳали ҳам миллат қуриш, буюк боболари кимлигию тарихи қанчалар қадимийлигини аниқлаштириш билан банд. Бундай жамият нари борса велосипедни қайтадан кашф этишга эришади, янада ёмони  – анъанадорликка қайтиши ҳам ҳеч гап эмас. Зеро, модернизацияни эплолмаган жамият ташқи дунёдан иҳоталаниб, миллий қадриятлар, маънавият ва миллий ғурур тарғиботига ўтиб кетиши кўп бора кузатилган.

 

Жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турган ана шундай минтақалардан бири, муваффақиятсиз модернизация туфайли кескин ортга қайтиб, ўртаҳолдан қочқин ва қашшоқлар маконига айланаётган Катта Яқин Шарқдир (бу истилоҳ Шом ва Форс кўрфази давлатларидан ташқари, Туркия, Шимолий Африка, Эрон, Афғонистонни ҳам ўз ичига олади). Сиёсатшунос Михаил Магиднинг фикрича, давлатчиликдан мосуво бўлаёзган Сурия, Ливан, Ироқ каби мамлакатлар, бир томондан – анъанавий ва қабилавий тузумга қайтиш тарафдорлари (араб қабилалари, диний фундаменталистлар), бошқа томондан – сўл кучлар (Сурия курдлари, шаҳарларда мустақил бошқарувни жорий этаётган гуруҳлар) учун тажриба майдони бўлади. Қайси томон устун келиши ҳали мавҳум. Лекин урушлардан тўйган Ироқ ва Ливан ёшлари пойтахт кўчаларини тўлдириб, ўз норозилигини глобал сўл ҳаракатларга ҳамоҳанг этишга, Ҳонконгдаги намойишлар ва Европа сўл субмаданияти билан муштараклик топишга уринмоқда. Бошқа томондан, минтақа етакчилари – Туркия, Исроил, Эрон, Саудия Арабистони мувозанат сақлаш учун ҳарбий қудратини оширишга зўр берган. Ҳарбий жабҳага кўпроқ маблағ ажратилиши бошқа соҳаларнинг эътиборсиз қолиши, демократик институтлар заифлашуви ва муайян шахслар сиёсий қудрати ошишига сабаб бўлиши мумкин. Михаил Магиднинг таъкидлашича, бир нарса аниқки, Яқин Шарқ биз билган эски ҳолатига қайтмай, йўқолиб кетган миллатлар ўрнида янгилари пайдо бўлиб, бу жараён қўшниларга ҳам таъсир этмай қолмайди.

 

Мутараққий дунё эса ўзгача таҳдидлар қаршисида турибди. Ёшлар орасида сўл ҳаракатлар қайтадан урфга кириб, айни чоқда, муҳофазакор (консерваторлар) жиддий сиёсий кучга айланмоқда. Ҳар икки томоннинг танқиди остида қолган, мавқе-рутбасини бой бераётган либераллар умуминсоний ўзлик сари ҳаракатни давом эттира оладими? Бу борада уларга иқтисодий омил ёрдам бериши мумкин.

 

Урбанизация шиддатли суръатда давом этаркан, дунёнинг ҳатто қолоқ давлатларида миллионлаб аҳолини бағрига олган космополитизм ўчоқлари – мегаполислар барпо бўлмоқда. Йирик давлатларда мегаполислар гигаполисларга айланмоқдаки, бу жараён шаҳарларни мустақил, ҳатто давлатлардан кучлироқ сиёсий кучга айлантириши мумкин. Социологлар ва иқтисодчиларнинг фикрича, бу – улкан шаҳарлардан иборат бўладиган янги дунёнинг бошланишидир (Асанов Э. Инсоният келажаги: Гигаполислар миллий давлатлар ўрнини эгаллайдими? https://daryo.uz).

 

Шаҳарлар йириклашишда давом этиб, мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ўзида жам этгач, қолган ҳудудлар ҳамда марказий ҳукумат ўз аҳамиятини йўқотади. Мамлакат тақдири шаҳарларда ҳал бўлади. Бугун кўпгина ривожланган давлатларда аҳолининг пойтахт шаҳарларда тўпланиши мамлакат қиёфасини буткул ўзгартирмоқда. Бугун Лондон агломерациясида 20 миллион киши яшайди, бу – Британия аҳолисининг учдан бири демак. Сеул агломерациясида эса Жанубий Корея аҳолисининг ярми – 25-27 миллион киши умргузаронлик қилади. Мазкур давлатларда кўп сонли, таълим даражаси ва даромади бошқа ҳудудларга қараганда юқори, сиёсий фаол бўлган пойтахт аҳолиси кўп нарсани ҳал қилади.

 

“Москвада мамлакат аҳолисининг ярми яшаса, Россия сиёсий жиҳатдан бутунлай бошқа давлат бўлар эди”, деб ёзади М.Магид бир мақоласида (Магид М. Цивилизация гигаполисов. Что придет на смену национальному государству? http://strelka.com).

 

Кўплаб экспертлар пировардида давлатлар ва миллатларнинг йўқолиши, глобал дунё ва гигаполислар цивилизацияси вужудга келишини башорат қилмоқда. Масалан, Стокҳольм иқтисодиёт мактаби профессори Кьелл Нордстрёмга кўра, давлатлар структура сифатида йўқликка юз тутаётир. Унинг фикрича, 50 йилдан сўнг 219 мамлакат ўрнини 600 шаҳар эгаллайди (Nordström K.A. The City, The Power and The Glory. https://www.helsinkidesignweek.com). Қайд этиш жоизки, олим бир оз шошган кўринади. Зеро, инсониятнинг жуда катта қисми ҳали бу жараёндан жуда узоқ бўлиб, ҳаётни миллат ва давлатсиз тасаввур этолмайди.

 

Foreign Policy журналининг собиқ бош муҳаррири, Жаҳон банки ижрочи директори Мойзес Наимга кўра, дунёда ҳокимият ниҳояси дея аталмиш жараён кузатилаётир. Аҳоли сони кескин ошиб, аксар давлатларда савод даражаси 100 фоизга етиши натижасида, жамият сиёсатни дуруст идрок этаркан, ижтимоий робиталар кенгаймоқда. Бошқарув тузилмаларига ўз шартини қўйишга қодир микроҳокимият марказлари (фуқаролик ҳаракатлари, диний жамоалар, машҳур блогерлар ва бошқалар) шаклланмоқда. М.Наимнинг тахминича, бундан буён марказлашган давлат ва кучли бошқарувга зарурат қолмайди (Власти больше нет. Галина Юзефович – о двух книгах про феномены современного общества. https://meduza.io).

 

Алҳосил, яқин келажакда ривожланган давлатларда аҳолининг мутлоқ кўпчилиги йирик шаҳарларда ўрнашади. Хўш, гигаполислар одамлар ҳаёти ва тафаккурига қандай ўзгаришлар олиб киради? Бу борада қуйидаги фаразлар мавжуд:

 

– давлатчилик институти ўтмишга айланиб, бутун ҳокимият, моддий бойлик ва интеллектуал салоҳият шаҳарларда тўп­лангач, улар кучли марказларга айланади. Шаҳарлар ё янги кўринишдаги давлат тузилмаларига, ё давлат институтларисиз маконга айланаркан, уларни аҳолининг ўзи ёки, “ўнглар” тахминига кўра, корпорациялар бошқаради;

 

– миллат ва бошқа турдаги мансубиятлар аҳамияти йўқолиб, шаҳар ўзлиги миллийликдан устун келадиган ижтимоий макон вужудга келади.

 

“Гигаполисларда космополитизм ҳукмрон. Уларда юзлаб этник ва конфессионал тоифа вакиллари тўпланади. Лондонда яшаётган корейс, ҳинд, ирланд, олмон ва румин муҳожирлари – ким улар? Ким бўлишидан қатъи назар, уларнинг болалари Ҳарри Поттер ҳақидаги китобни ўқийди, қизиқишларига қараб клубларга боради, бир тилда гапиради. Улар инглиз, корейс, ҳинд эмас, улар – лондонлик” (Магид М. Цивилизация гигаполисов. Что придет на смену национальному государству? http://strelka.com).

 

Демак, бугунги кўринишдаги миллий таълимотлар завол топиб, улар ўрнини ё шаҳар ўзлиги (этнохоронимия), ёки (гигаполислар ўзаро аҳил яшаса) умуминсоний ўзлик, космополитизм эгаллайди.

 

Фаразлар тўғри чиқса, гигаполисларда ҳамма ҳам бирдек фаровон яшаёлмай, қашшоқлик ва ижтимоий муаммолар кўпаяди. Этник ва диний қарама-қаршилик ҳам ўз-ўзидан йўқолиб қолмай, уларда этник ва ирқий геттолар вужудга келади. АҚШ, Франция, Россия, Германия, Польша, Венгрия ва Скандинавия давлатларида консерваторлар бош кўтараётгани, муҳожирларга қарши кайфият кучайгани ана шу янги, космополитик олам пайдо бўлишига қарши ўзига хос эътироз ҳисобланади.

 

Боя таъкидлаганимиздек, бу глобал тўфон бутун инсониятни ўз домига тортмайди. Зотан, миллатчиликни энди шакллантираётган, борингки, тирик қолиш учун курашишдек примитив поғонада қолиб кетаётган жамиятлар ҳали жуда кўп. Қолаверса, мутараққий дунё олдида ҳам талай муаммолар турибдики, ўзликлар тўқнашувида қайси кучнинг қўли баланд келиши ноаниқ. АҚШлик иқтисодчи Дарон Ажамўғли айтганидек, тарихда кўп нарса тасодифларга боғлиқ; кутилмаган қарорлар, ҳаракатлар тараққиёт аравасини буткул бошқа йўлга буриб юбориши ва юқоридаги фаразлар йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Афсуски, бизда ҳозирча кузатиш ва кутиш қисматига бўйсунишдан бошқа йўл йўқ.

 

Аслида, одамни энг кўп қийнайдиган савол дунёнинг ўзгариши ёки ўзгармаслиги эмас, балки бу унинг ҳаётида қандай акс этишидир. Тарих ғилдираги бугунимизни эзиб-янчиб ўтиши, бир ҳаракатда сокин турмушимизни издан чиқариши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам одамзод келажакка разм соларкан, ўз истиқболидан ташвиш чекади.

 

Миллий ўзлик, умуман ўзлик таълимоти ҳаётимизнинг бир бўлаги бўлгани боис унинг яксон қилиниши, табиийки, одамни руҳий безовталик исканжасига ташлайди. Болаликдан қон-қонимизга сингган, азалий ва ўзгармас деб ҳисобланган ақида тугаса, нима бўлади? Усиз бахтли бўла оламизми? Ана шу хил оғриқли саволлар тинчлик бермайди одамга.

 

Фан “ўзлик – ижтимоий ҳодиса” дейди. Шундай экан, у ижтимоий ҳаёт билан бирга ўзгариб бориши, такомиллашиши турган гап. Демак, эврилишлар инсониятни ҳалокатга етакламай, аксинча, тараққиётда яна бир поғона юқорига кўтаради. Истиқболдан эса имкон қидирган маъқул. Мақолани содда ўзбекча тилак билан якунлайин: яхши гумонда бўлайлик!

 

Элдор АСАНОВ

 

Tafakkur журнали, 2020 йил 3-сон

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//