Бизни қандай келажак кутмоқда? – Биринчи мақола


Сақлаш
14:36 / 11.01.2022 1685 0

2020 йил февраль ойида Марказий Осиё минтақасида навбатдаги этник фожиа рўй берди: Қозоғистон ҳамда Қирғизистон чегарасидаги Масанчи қишлоғида яшовчи қозоқлар ва дўнгонлар ўртасида келиб чиққан маиший жанжал этник низога айланиб кетди. Яқин ўтмишда минтақада амалга оширилган этник тозалашларда қўл келган сценарий бу сафар ҳам соат механизмидек аниқ ишлади: хитойча гапириб, ислом динига эътиқод қиладиган дўнгонларнинг бошпаналари бир кечада ёқиб юборилгач, оилалар қўшни Қирғизистонга қочиб ўтди. Албатта, битта қишлоқ миқёсидаги можарони Жанубий Қирғизистонда, Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисмида бўлган даҳшатли воқеаларга қиёслаш ноўрин туюлар, лекин бу каби ҳодисалар замирида бир мотив ётибди: этник зиддият.

 

Масанчи воқеаси бўйича келгусида жиддий академик тадқиқотлар ўтказилса ажаб эмас. Бироқ ҳозирданоқ илмий изланишлар якунида этник ихтилофнинг асосий омили сифатида Марказий Осиё минтақасидаги миллий ўзлик инқирози ва постсовет миллатчилиги кўрсатилишини тахмин қилиш мумкин.

 

Марказий Осиё аҳолиси болалигидан миллийлик руҳида тарбияланиб, бу унга мактаб дарсию оммавий ахборот воситалари орқали сингдирилади. Расмий тадбирларда миллий ғурур, миллий тарих, миллий анъаналар, миллийлик ҳақида бот-бот гапирилади. Пировардида, марказий осиёлик ўзини муайян миллат вакили ўлароқ таниб, миллатга мансублигидан шубҳаланмай; қадриятлар, тарих ва маданиятни “миллий мерос” дея қадрлаб, миллий анъаналарга риоя этиб яшашга ҳаракат қилади. Миллий низо келиб чиққач, муносабатлар зиддиятли тус оларкан, аксар аҳоли радикал хатти-ҳаракатларни миллатчилик деб баҳолаб, миллийлик асло тоқатсизликка ундамайди деб ҳисобласа, бошқалар, аксинча, миллийлик йўлида керак бўлса радикал ҳаракатлар ҳам лозимлигини таъкидлайди. Лекин ҳеч ким муаммо айнан у болалигидан инонган миллий қадриятлар, илмий тилда айтганда, миллий контекстдаги нарративлар йиғиндисида эканини тан олмайди ёки бунга журъат этмайди; миллийлик яккаш ижобий ҳодиса сифатида талқин қилинаркан, у бировга зиён келтириши, миллатчиликка ўтиб кетиши мумкинлиги инобатга олинмайди. Бир сўз билан айтганда, миллийликка фитратан мавжуд, қон билан сингган мутлақ ҳақиқат ўлароқ эътиқод қўйилган.

 

Оламни миллийлик призмаси орқали кўриш ва англаш кўникмасининг шаклланиши сўнгги 200300 йил мобайнида фанда ҳукмрон бўлган назариялар ҳамда уларга таяниб юритилган сиёсатга боғлиқдир. Парадокс ҳам аслида ана шу нуқтада: яъни миллийлик, миллатчилик концепциялари инсониятнинг янги тарихида вужудга келган эса-да, лекин уларнинг постулатлари ўтмиш даврларга ҳам боғланади. Бугун ўзини муайян миллатга мансуб деб билган одамлар ота-боболарининг тарихини ҳам шу миллатнинг ўтмиши дея талқин этади, бу билан миллатнинг мавжудлигига “қонуний” тус беради гўё. “Тарих аслида кимники?” мазмунидаги баҳслар – алоҳида ва жуда кенг мавзу. Бизни қизиқтирадиган масала эса бошқа.

 

Кўплаб мутахассислар таъкидлаётганидек, инсоният янги – постмиллий босқичга қадам қўймоқда. Бу босқич кишилик жамиятига қулай идеологик муҳит тақдим этиши кутилаётганига қарамай, миллий мафкура тизимлари, умуман, миллий-этник ўзлик тушунчасига оғир зарба бериши мумкин. Бундай тўқнашув эса одамларни руҳий муаммоларга, жамиятни эса оммавий баҳсларга дучор қилса эҳтимол. Боз устига, баҳс-мунозара илмий ва сиёсий идоралар эшикларидан чиқиб, кўчаларга ёйилиши ва мафкуравий жараёнлардан узоқ одамларнинг ҳаётида ҳам туб ўзгаришлар ясаши мумкин. Шундай экан, “ўзликлар кураши” концепциясининг тарихи ва мазмун-моҳиятидан хабардор бўлиш, бугунни англаш ва эртани ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

 

Инсон – ижтимоий мавжудот

 

Ҳа, у жамият тузиб яшашни маъқул кўриб, ҳаётини индивидуал эмас, жамоавий шаклда қуради. Албатта, бунинг аксини кўрсатувчи далиллар-да мавжуд: чунончи, одам ёлғиз ҳолда ҳам табиат қўйнида яшай олишини ўз вақтида либераллар отаси Ҳенри Торо “Уолден” тажрибасида исботлаган экан (Thoreau Henry. Walden. Literary Classics of the U.S. reprint, 1985). Лекин инсоннинг аксар ҳолда жамоавий яшашида куч ва саъй-ҳаракат бирлашиб, тараққиётнинг шиддатли ривожига хизмат қилади.

 

Примитив яшаб қолиш инстинкти асосида шаклланган жамоалар (ёки тўдалар) ибтидоий даврга ҳам хос бўлган. Лекин инсон онгининг ривожланиши жамоаларни янги босқичга кўтаргач, шароит ўзгариши, қирилиб кетиш хавфи ортда қолиши уларга бошқача вазифалар юклайди.

 

Сўнгги йилларнинг энг донгдор тарихчиларидан бири Юваль Ҳарарига мурожаат этамиз. Онг инқилоби туфайли одам фикрлашни ўрганган. Энди жамиятни яхлит, бутун сақлаб туриш учун яшаб қолиш мантиқининг ўзи етарли бўлмай, жамият унинг ақлий эҳтиёжларини ҳам қондириши лозим бўлади. Айтайлик, олдин моддий мулк тақсимотида жисмоний куч етакчи бўлса, бора-бора жисмонан заифроқ одам “Тўхта, нега у неъматларни кўпроқ оляпти? Биз бир жамоамиз-ку?” деб ўйлаб, буни сўзда ифодалаган, унинг эътирозини ақлий қобилиятга эга бошқа жамоадошлари эса тинглаб, тушунган.

 

Шу тариқа онг инқилоби инсон жамоалари олдига янги муаммолар қўйиб, уларга жавоб ҳам топиб беради. Фикрлаш қобилияти одамга реалликдан узилиб, хаёлот – фантазия оламига шўнғиш имконини ҳадя этган. Одамлар коллектив мифлар ўйлаб топиб, уларга ҳақиқат ўлароқ ишона бошлагач, ижтимоий робиталар ҳам ўшалар асосида қурила боради. Ушбу индивидуал эрмак секин-аста жамоавий тафаккурга кўчирилган (Ҳарари Ю.Н. Sapiens: Инсониятнинг қисқача тарихи. Электрон нашр).

 

Илгари инстинктлар негизига қурилган жамоалар когнитив мулоҳазаларга асослана боради. Жамоаларнинг яхлитлигини сақлаш учун дастлаб тирик қолиш илинжининг ўзи етарли бўлган бўлса, бора-бора кўпроқ аргумент керак бўлган. Кутилмаганда бу воқелик жамоаларни пароканда этиш ўрнига уларни янада жипслаштиради: коллектив фантазия қобилияти жамоага ўзини шунчаки омон қолиш йўлида бирлашган қуролдошлар тўдаси сифатида эмас, азалдан мавжуд бўлган, тирикчиликдан юқорироқ идеаллар асосида бир муштга дўнган, ғайриихтиёрий тарзда, туғилишиданоқ ўзаро боғланган одамлар гуруҳи сифатида тасаввур қилиш имконини берган. Бу эса аъзоларнинг жамоага бўйсунувчанлигини, кейинги авлодлар ҳам ана шу руҳда тарбияланишини таъминлаб, алҳосил, ижтимоий муносабатлар янги поғонага кўтариларкан, жамоа жамиятга айланади.

 

Ибтидо: қондошлик принципи

 

Аслида илк жамоавий ўзлик тушунчаси анча олдинроқ пайдо бўлган. Бир ғорда истиқомат қилувчи ибтидоий одамлар когнитив инқилобдан сўнг ўзини бир ғорга мансуб деб била бошлайди. Лекин бу мансублик ҳали сакрал – муқаддаслик касб этмаган.

 

Одамзод нега муайян жамоада яшаши, нега унга ипсиз боғланганини биринчи галда ўзига, сўнг бошқа жамоадошларига тушунтириш учун далил-исбот қидираркан, қондошлик принципи унинг диққатини тортади: бир жамоада яшовчи одамлар оила қуриб ўзаро қариндош бўлгач, фарзанд кўрган. Шу тариқа умумий қон-қариндошлик – жамиятнинг мавжудлигини асослаб, муайян одам маълум жамоага нега ғайриихтиёрий боғланганини кўрсатадиган бирламчи мезонга, илк жамиятлар пойдеворига айланади.

 

Қон принципи бир қарашда ўта ишонарли, зоҳирий белгиларни намоён этувчи мифологема саналган. Зотан, қондошлик одамларнинг ташқи кўринишида акс этади. Қариндошлар ирсий бошланғич туфайли бир-бирига ўхшаши бор гап. Ибтидоий мантиқ оддий бўлган: қонинг бирми, ташқи кўринишинг ўхшашми, демак, шу жамоа аъзосисан, ундан ўз ихтиёрингга кўра чиқиб кетолмайсан. Қон – биологик факт, шу туфайли қавм ва жамоани танлаш имкони йўқ!

 

Бу содда, лекин яшовчан принципнинг бошқа устунлиги шуки, у “бегона”ларни ажратиб олишни ҳам енгиллаштирган. Жамоаларни жипслаштириш баробарида “бегона” образи шаклланиб, кун тартибига кира бошлагач (ахир, “биз” “улар”сиз мавжуд бўлолмайди-ку), жамоалар орасида рақобат туғилади. Бир жамоа аъзоларининг бирлиги ва боғлиқлигини тушунтириб берувчи далил-исботлар терс тарафга ҳам ишлаб, “улар” “бегона”лигига, “улар”дан ҳадиксираш, “улар”ни ўлдириш кераклигига рад этиб бўлмас мантиқ тусини берган. Ушбу рақобат душманликка айланиб, истиқболдаги уруш ва қирғинларга йўл очади. Кишилик жамияти ривожининг яна бир парадокси шу: неча минг йиллик тадриж ва тараққиётга қарамай, энг биринчи тўқнашув ҳам, энг охирги ва даҳшатли жаҳон уруши ҳам “биз” ва “улар” зиддияти туфайли келиб чиққан. Одамлар бугун ҳам миллий ўзлик тушунчасини тинч-тотувлик омили деб билиб, уни ижобий ҳодиса дея баҳолайди. Аммо таъкидлаш жоизки, энг қадимги даврдаёқ ўзлик тушунчаси зиддият асосида барпо бўлган: ўзлик қарама-қаршиликсиз мавжуд эмас. Яъни, сирасини айтганда, ҳамма “биз” бўлса-ю, “улар” мавжуд бўлмаса, “биз”ликнинг маъноси қолмасди.

 

Демак, энг қадимги бирлашмалар – қариндошлик жамоалари, уруғ ва қабилалар қондошлик тутумига таянган. Жамоалар жамият босқичига ўтиб, мураккаблашиб, кенгая бораркан, бу принципнинг камчиликлари юзага чиқа бошлайди: кичикроқ миқёсда иш берган аргументлар юқори босқичларда ярамай қолган. Зеро, қондошлик бир гуруҳ одамларни бирлаштирса-да, уларни оммадан ажратиб, бегоналик ва душманликни кучайтиради. Қолаверса, фақат қондошликка суянган жамиятнинг ривожланиш имконияти чекланиб, қариндошлар никоҳи генетик бузилишга олиб келган.

 

Қариндошлик жамоалари одамзодга коллективлашишнинг янги чўққиларини забт этишда ўзига хос пиллапоя вазифасини бажаргач, илғор жамиятлар аста-секин шаҳар ва давлатчилик поғонасига ўтади.

 

Этнос ва сиёсий элита

 

Янги сиёсий бирлашмалар – шаҳарлар ва давлатлар мураккаб иерархик тузилмага эга бўлиб, уларни идора этиш ўзлик тушунчасини ва уларни тутиб турувчи мифологемаларни қайта кўриб чиқиш эҳтиёжини туғдирган. Бу даврга келиб авомдан ажралиб чиққан сиёсий элита янги ўзлик тушунчасининг асосий буюртмачисига айланади. Зотан, жамиятни жипс тутиб туришдан биринчи галда улар манфаатдор бўлган.

 

Ёзма тарих даврида одамларни бир-бирига боғлаб туриш, ўзлик тушунчасини шакллантиришда диний, географик, этник омиллар асосий ўрин тутади. Географик омилга кўра, инсон мансублиги, бирдамлик асослари муайян ҳудуд, шаҳар ёки давлатга дахлдорликка таянган; у қондошлик принципидан кейинги одим – қишлоқлар, шаҳарлар ва давлатлар ўзлигига замин бўлиб, кейинги босқичда биологик ва географик принциплар ўрнини муқаддасотлар эгаллайди.

 

Бир динга эътиқод қилиш одамларда кучли руҳий робита ҳосил қилиши, диндошлар бир-бирини биродар санаши маълум. Элита диннинг бу мўъжизакор қудратидан фойдаланиб, ўзини одамлар ва худолар орасидаги воситачига айлантиришга уринган. Худонинг ердаги сояси, илоҳий фиръавнлар ҳақидаги мифологемалар шу тариқа пайдо бўлади. Маълумки, инсон азалий, самовий ва ўзгармас қонуниятларга қатъиян ишонган. Фиръавнлар ҳокимиятини, ижтимоий бирликни ана шундай қонуният ўлароқ талқин этиш жамият аъзоларида мутлақ ишонч ва мойиллик келтириб чиқаради.

 

Нисбатан кейинги даврда вужудга келган этник конструкт илгариги мифологемаларнинг барчасини бирлаштирди (Бу ўринда “этнос” истилоҳи шартли равишда ишлатилаётганини таъкидлаш лозим. Турли халқларда бир-бирига ўхшаш, бугунги антропологиядаги “этнос” тушунчасига мос келувчи ўзлик категориялари мавжуд бўлган. Масалан, Европада folk, tribe, populi сингари атамалар турфа замон ва маконда ишлатилган. Булар биздаги “халқ”, “элат” тушунчаларига мос келишини инобатга олиб, барчасини бирлаштирадиган ва бугунги фанда шартли қабул қилинган “этнос” атамасидан фойдаланмоқдамиз). У ўзлик тушунчасини биологик, географик ёки диний-эътиқодий аргументлар йиғиндиси эмас, тартибли, тизимли қадриятлар мажмуаси сифатида англашга йўл очди. Битта этносни ташкил қилувчи одамлар бир-бирига қариндош бўлиши, ягона динга, тилга, маданиятга соҳиб бўлиши, бир жуғрофий ҳудуд ва давлатда яшаши даркор эди.

 

Таъкидлаш жоизки, ўзлик шакллари маълум босқичда замона талабига жавоб бермай, асосу аҳамиятини йўқотган. Бироқ кишилик жамияти бир текис ривожланмагани боис “фалон асрлар – диний ўзлик даври”, “фалон асрлар – этник ўзлик даври” қабилида узил-кесил таснифлаш имконсиз. Жамият тараққиётнинг турли босқичида яшар экан, тамаддун тарозиси гоҳ у, гоҳ бу жуғрофий паллани босиб кетаверган; натижада энг илғор ўзлик таълимотлари ранг-баранг географик муҳитда тарқалиб боради. Муайян даврда сайёрамизнинг бир чеккасидаги жамиятлар диний ўзликни биринчи ўринга қўйган; яна қаердадир географик мансубият долзарброқ аҳамият касб этган; ибтидоий тузумда қолиб кетган жамоалар эса қондошлик ва ўрмон руҳларига инониб яшайверган. Турфа хиллик ҳамон давом этаётир – ҳали ҳам қабилавий турмуш кечирувчи жамоалар мавжуд, давлатлар ва жамиятлар эса тараққиётнинг ҳар хил босқичида.

 

Этнос концепцияси, этник ўзлик дунёга назар солишнинг универсал шакли ўлароқ майдонга келганига қарамай, бошқа ёндашувларни бутунлай сиқиб чиқармасдан, иқтисодиёт тилида айтганда, бозорнинг каттароқ қисмини эгаллаган, холос. Шу тариқа у асрлар мобайнида нашъу намо топиб турибди.

 

Этник ёндашув ибтидоий қараш эмас, балки бугун ҳам миллионлаб одамлар онгини банд этган жонли ғоя бўлгани боис уни назарий ўрганиш ҳамон давом этмоқда. Бугунги кунда этнос тавсифида уч асосий қараш мавжуд:

 

1) примордиализм: бунга кўра, этнос – ҳудуд, қон, тил ва дин билан боғлиқ азалий ва ғайриихтиёрий бирлашма; муайян бир этносда туғилдингми, ундан чиқиб кетиш ёки воз кечиш амримаҳол;

 

2) историзм: этнос – ижтимоий бирлашма; тарихан шаклланган жамият, қондошлик ва диндошлик эса уни мустаҳкамловчи ихтиёрий омиллардир;

 

3) дуализм: юқоридаги икки қарашни уйғунлаштирувчи назария; унга мувофиқ этнос тор маънода этникос, яъни қондошлик жамоаси, кенг маънода эса бир давлат чегарасида қони турфа одамлардан шаклланадиган жамиятдир.

 

Дуалистик этнос назарияси совет этнологияси оталаридан бири Юлиан Бромлей томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, СССРда ҳукмрон мавқега эга эди (Бромлей Ю. Очерки теории этноса. Москва, “Наука”, 1983). Дуалистик назарияга кейинроқ тўхталамиз; ҳозир эса этносга асосий рақобатчи бўлмиш миллат назарияси ҳақида.

 

Диний ўзликни ҳисобга олмаганда, бошқа кўринишдаги ўзлик таълимотлари этникликка деярли муаммо туғдирмаган эди. Миллат назарияси эса этнос таълимоти яккаҳукмронлигига чек қўйибгина қолмай, уни тубдан ўзгартириб юборди.

 

Миллат атамаси мусулмон Шарқида азалдан мавжуд. У ислом уммати – бутун мусулмонлар жамоаси маъносини ифодалаган. Яъни эскидан ўзлик кўрсаткичи бўлган. Модерн асрига келиб мусулмон халқлари ҳам Европа миллатчилигидан (национализми) ранг олиб, миллий идеологиялар ишлаб чиқишга бел боғлади. Шу аснода оврупоча nation истилоҳига муқобил равишда миллат истилоҳи урфга кирган. Шу боис миллат тарихини тафтиш қилар эканмиз, таҳлилни нация атамаси кечмишидан бошлаймиз.

 

Қизиқ жиҳати, лотинча natioнинг маъноси жўн: уруғ-аймоқ, авлод. У бугунгидек глобал маъно касб этгунча узоқ йўл босган. Дастлаб Европа университетларидаги талабалар бирлашмалари шундай аталади. XIV аср – Ғарбий Европадаги буюк ўзгаришлар даврида янги интеллектуал кучлар илмий ихтироларга қўл урган, улар ортидан юзага чиққан буюк географик кашфиётлар европаликлар дунёқараши ва оламни билиш кўламини ошириш баробарида моддий бойликларнинг ҳам кўпайишига асос бўлган. Моддий капитали ортган европаликлар маънавий капиталга эътибор қаратар экан, жамият тузилмаси, уни бирлаштириб турган ёки бирлаштириши кутилаётган ришталар – маданият, қадрият, ўзлик қайта кўриб чиқилиб, бугунги Германия ҳудудида яшаган майда герман давлатларида замонавий миллатчилик куртак отади.

 

XVI асрда олмон интеллектуаллари, хусусан, машҳур Мартин Лютер илк бор ўз халқига герман (deutsche) атамасини қўллаган. Қизиқ томони шундаки, германлар у даврда ҳали ягона ном, тил ва давлатга эга бўлмай, нидерланд, шваб, бавар, тюринг, саксон каби халқлар (этнос) алоҳида сиёсий тузилмаларда яшар, ўзини ягона халқ, ягона миллат деб билмасди. Лютер ва бошқа зиёлилар уларни ягона бирлик ўлароқ кўриб, миллат деб атагани сиёсий элитага маъқул келадики, 1512 йилдан Муқаддас Рим империяси герман миллатига тегишлилигини расман эътироф этиш мақсадида давлат номи Герман миллатининг муқаддас Рим империяси деб ўзгартирилади.

 

Хаёлий жамият ва конструктивизм

 

Хаёлий жамият истилоҳи илк бор британиялик социолог ва сиёсатшунос Бенедикт Андерсон томонидан истифода этилган. Олим шу номдаги шов-шувли китоби билан антропология ва социологияга янги атама киритиш баробарида конструктивизм таълимотининг мутлақ ғалабасини ҳам таъминлайди (Anderson B. Imagined communities. Reflections on the origins and spread of nationalism.  London – New York, Verso).

 

Конструктивизм таълимоти жамият хаёлот ва тасаввур маҳсули эканига урғу берган. Унга кўра, ҳар қандай жамоа, жамият, ҳамжамият аслида қўл билан ушлаб бўлмайдиган воқеликдир. У онгимиздагина мавжуд ва биз уни тасаввур қиламиз. Жамиятлар шундай пайдо бўлади.

 

Бир замонлар зўр бериб бирлашувнинг когнитив асосларини қидирган ибтидоий одамлар қон принципини кун тартибига олиб чиққан экан. Мантиқан мушоҳада қилинса, қондошлик биологик нуқтаи назардан бирга яшашни тақозо этмайди. Бу шунчаки бирлашувни асослаш учун мезон сифатида танлаб олинган, холос. Яъни биологик омил рамзий капиталга айлантирилиб, шу асосга қурилган жамият тасаввури ҳосил қилинади.

 

Дейлик, Мартин Лютер ўз тасаввурида герман миллатини жонлантирган. Унинг хаёлоти жамоавий хаёлотга кўчгач эса, дастлаб герман давлатлари элитаси, сўнг герман халқларининг аксари бу талқинни қабул қилиб, ўзини ягона миллат деб атайди.

 

Конструктивизм фақат миллийликни эмас, ўзлик таълимотларининг ҳар қандай шакли, турфа жамоа ва ҳамжамиятлар моҳиятини ҳам очиб берган. Биз ўзимизни бир миллат вакили деб хаёл қилганимиз каби, бир маҳалла, шаҳар, қишлоқ, касб, ёш, жинс гуруҳи вакили деб ҳам ҳисоблаймиз. Демак, ҳар қандай этник гуруҳ, ўзлик таълимоти хаёлийдир. Масалан, бир одамни мусулмон, ўзбек, манғит, бухоролик, эркак, оилали эркак, қирқ яшар эркак, муҳандис, кўп қаватли уй истиқоматчиси, муайян русумдаги машина эгаси, кашанда... тарзида таърифлаш мумкин. Назарий жиҳатдан буларнинг барчаси ўзлик қирралари бўлиб, ушбу палитра киши “мен”ининг ўзагини ташкил этади.

 

Шундай қилиб, конструктивизм ўзликларнинг қатламларини (страта) ўзаро тенглаштириб, бир даражага олиб чиққач, миллийликни муқаддаслик мақомидан маҳрум қилиб, уни мустаҳкамлашга қаратилган далиллар шунчаки рамзий капитал экани, ундан воз кечиш, уни ўзгартириш мумкинлигини кўрсатиб беради. Бу ҳол ўзлик назарияларининг умрига зомин бўлмай, билъакс, замонавий одам ўзликнинг бир неча қатламини ажабтовур тарзда уйғунлаштириб яшашни ўрганди. Бир одам ҳам рус, ҳам православ, ҳам менежер, ҳам коммунист, ҳам вегетариан бўлиши мумкин. Мазкур хусусиятлар бир-бири билан рақобатлашмай, инсон онгидан қатма-қат жой олгани яхши, лекин бирортасига кўпроқ урғу берилса, мувозанат бузилади. Ҳолбуки, мақола аввалида қайд этганимиздек, илгари бунинг акси ўлароқ ўзлик жибиллий (туғма) ҳол сифатида қабул қилинган, ундан воз кечиб, ўзгартириб бўлмайди деб қаралган. Ушбу илмий муаммо россиялик таниқли олим Сергей Абашин томонидан ҳам теран тадқиқ этилган (Абашин С. Свой среди чужих, чужой среди своих. // Этнографическое обозрение, №2-2003. Стр. 3-25).

 

Конструктивизм бугунги гуманитар фаннинг ўзига хос эволюцион таълимотига айланиб қолганки, усиз макротарих, антропология, социология, этнология ва лингвистикада методик ёндашувни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ривожланган мамлакатлар академик муҳитида конструктивизм ўзидан олдин урфда бўлган назарий қараш – примордиализмни сиқиб чиқарди. Лекин у ўз навбатида бизни янги саволлар қаршисига қўйди.

 

Миллат олдин пайдо бўлганми ё миллатчилик?

 

“Товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум?” деган савол тилдан тилга ўтиб юради. Муштарийларимиз ҳам муҳаққақ бу саволга дуч келгандир. Камина ҳар сафар бу сўроққа қуйидагича жавоб қайтарганман: тухум олдин пайдо бўлган, албатта – негаки, тухумни фақат товуқ қўймайди!

 

Антропология ва унга ёндош гуманитар соҳаларда юқоридаги саволга ўхшаш яна бири кўп муҳокама этилади: миллат олдин пайдо бўлганми ёки миллатчилик?

 

Бу жуда қизиқ масала. Миллатчилик (бу истилоҳ халқ тилида миллиятчиликнинг радикал кўринишини ифодаласа, фанда дунёга миллий нигоҳ билан боқишни англатади) ғоясини илгари сурадиганлар ҳеч иккиланмай миллат бирламчи деб жавоб беради. Лекин бугунги илмий дискурсга ишонадиган бўлсак, миллатчилик миллатни шакллантирган. Яна ўша мисолга мурожаат қиламиз: Мартин Лютер аввал миллатни тасаввур қилиб, миллатчиликни юзага келтирган, сўнг эса миллат шаклланган. Бу борада Италияни бирлаштириш ғояси оталаридан бири бўлмиш Массимо де Адзельонинг машҳур сўзларини келтириш ўринлидир: “Биз Италияни яратдик, энди итальянларни яратсак бас”.

 

Европанинг бошқа ўлкаларида ҳам миллатчилик ҳаракатлари юзага келади. Феодал тузумдан, элитанинг адолатсиз тақсимотидан чарчаган ўртаҳол шаҳарлик ва зиёлилар (бу қатлам буюк географик кашфиётлар ва моддий ресурслар кўпайиши билан вужудга келган) жамиятнинг янги, миллий моделларини таклиф эта бошлайди. Ушбу моделларни тинч йўл билан жорий этиш имконсиз бўлгани боис Европа инқилоб алангаси домида қолган. Инқилобий олов, миллатчилик тўлқинида Нидерландия, Британия, Франция ва АҚШда бирин-кетин Ғарб миллатлари шаклланиб, дунё миллатчилик даврига қадам қўяди.

 

Этнос ва миллат муносабати

 

Миллат концепцияси Европада ёйилиши билан муқаррар этнос категориясига рўбарў келган. Миллат истилоҳининг ўзи аниқ таърифга эга бўлмай, турли давлатлар интеллигенцияси уни айрича тушуниб татбиқ этадилар. Бунинг оқибати ҳам ҳар хил бўлиб, айрим мамлакатларда миллат ва этнос тушунчалари уйғунлашади (Британия ва Германияда миллат этник белгиларга кўра шаклланган). Баъзи ўлкаларда эса миллат – этносни ҳам ўз ичига олувчи универсалия дея талқин қилинади. Дунёга миллий қараш ва уни этнос билан чоғиштириш шу даражага етадики, ҳатто янги манбаларда ўтмиш халқлари ҳам “миллатлар” деб юритила бошлайди. Жумладан, XVIII–XIX асрларда яшаб ижод қилган инглиз тилли шотланд адиби Вальтер Скотт “Айвенго” деган машҳур тарихий романида XII аср охиридаги Англияни тасвирлар экан, қаҳрамонлари мансуб бўлган сакс, норманн ва яҳудий халқларини “миллат” деб атаган.

 

Францияда сиёсий вазият бошқачароқ кечади. Германия бир-бирига яқин халқлар яшайдиган майда давлатлардан бунёд бўлган бўлса, Франция аллақачон ягона эса-да, лекин у ерда ўзини француз деб билмайдиган халқлар яшаган. Буюк француз инқилобининг тарихий аҳамияти шундаки, у бир мамлакатда яшаб, фарқли тилда сўзлашувчи элатлардан ягона миллат ясайди. Янги таълимотнинг мезонлари қон принципига асосланмаган хилма-хиллик, либерализм ва тенгҳуқуқлилик ҳисобланган. Француз миллатчилиги этник хусусиятга эга бўлмай, мамлакатдаги барча этносларни бирлаштириб, давлат, фуқаролик миллатини тузишга йўналтирилгач, ана шу қиёфада рўёбга чиқади. Француз намунаси бўйича дастлаб Европада, сўнг бутун дунёда замонавий миллатлар пайдо бўлган (Франциянинг кучли таъсири остидаги Италия биринчилардан бўлиб шу йўлни такрорлайди).

 

Миллатчиликнинг бу икки кўриниши узоқ вақт елкама-елка яшайди ва Европа давлатлари бошқа қитъаларни мустамлака қиларкан, у ерларга ҳам жамият қуришнинг оврупоча моделини олиб киради. Колониализм даврининг охирги босқичига келиб Африка ва Осиёда ҳам миллий лойиҳалар муҳокама қилина бошлайди. Аммо бир неча йўналишда келиб чиққан зиддиятлар миллатчилик қарашларининг инқирозига олиб келди.

 

Биринчидан, техник ва моддий ресурси юқори бўлган Европа миллатлари қолоқ мустамлака халқларига паст назар билан қарайди; шу тариқа европаликлар онгида ирқий ва ақлий устунлик ҳақида янглиш тасаввур илдиз отгач, бу нацизм ва фашизм мафкураларига йўл очади.

 

Иккинчидан, ҳатто фуқаровий миллатчиликка асосланган француз миллий модели ҳам ирқчиликка нисбатан бетарафлик мақомини сақлай олмайди. Аслида Франция ирқий устунлик, орийлик қарашлари ватани ҳисобланиб: орийлик назариясини яратган социолог Жозеф Гобино француз бўлган. Тўғри, ушбу қараш Францияда Италия, Германия ёки Британиядаги каби кенг тарқалмайди. Шунга қарамай, французлар ҳам мустамлака халқларни ўзига тенг кўрмаган.

 

Учинчидан, янги тузилган Германиянинг сиёсий даъволари Русия, Испания, Франция ва Британия билан ихтилофга сабаб бўлади. Буюк географик кашфиётлардан сўнг дунёни бўлиб олган эски салтанатлар эса янги қудрат соҳиби билан ҳисоблашиш, бойликларни бўлишишни истамайди.

 

Немис миллатчилиги ўзида аввал-бошдан шундай қасоскорлик ва кечиккан ҳукмфармолик даъвосини жо этган. Кечикиб бирлашганидан афсус чеккан олмонлар Европадаги қўшниларидан “қонуний” улушини тортиб олиш пайига тушади. Бу истак немис миллатчилигининг янада радикаллашуви ҳамда Биринчи жаҳон урушига замин ҳозирлаган. Урушда мағлубиятга учрагач эса, немис миллатчилигининг далил-дастаклари қаторига энди ютқизиқ аламини олиш ҳам қўшилади. Шу тариқа ирқи олия ғояси чўққисига етиб, немис миллатчилиги тарихдаги энг қўрқинчли мафкура – нацизмга дўнгач, Иккинчи жаҳон уруши ва Ҳолокост рўй беради.

 

Мультикультурализм: муваффақиятли муваффақиятсизлик

 

Иккинчи жаҳон муҳорабасининг асосий қурбонига айланган Европа вайроналар ичида қолиб, ўн миллионлаб одам ҳалок бўлгач, бир замонлар дунёни бўлиб олган ҳокимиятлар энди ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб қолади. Миллатчиликдан хўб азият чеккан Европа миллий ўзликнинг терс томонига боқаркан, бу ғоя улғайиб-кенгайиб, ирқий ўзгачалик инончига айланади.  Евроиттифоқ ва “европалик” аталмиш ўзлик майдонга келиб, бу янги ғоя – мультикультурализмнинг бошланиши Европа яраларига малҳам бўлмоғи, одамларга умид бағишлаб, қитъани бирлаштирмоғи кўзда тутилган.

 

Шимолий ва Ғарбий Европа давлатлари умуминсоний қадриятларни тизимлаштириш ва тарғиб қилиш ҳаракатининг олдинги сафида боради. Урушдан сўнг кўҳна қитъанинг валинеъмати ва ҳимоячиси тўнини кийган АҚШда қора танли аҳоли ва ишчилар ҳуқуқини поймол қиладиган ёввойи капитализм гуллаб-яшнаётган чоқда Европада шиддатли эврилиш рўй беради. Мустамлака ўлкалар лангари кўтарилган кемалар каби уммон узра эркин сузишга қўйиб юборилган, СССР воқелигидан илҳомланган сўл ҳаракатлар қитъани ларзага келтираётган эди. Ўтмиш жиноятларидан уялиш ва собиқ қурбонлар олдидаги айбдорлик ҳисси кўҳна қитъани ўзгартириб юборади. Айни чоқда, марказдан ажралиб чиқиб, мустақил давлатга айлангач, анъанавий иқтисодий тизимдан айрилган собиқ мустамлакалар аҳолиси тирикчилик мақсадида собиқ метрополияларга оқиб кела бошлайди. Янги Европа муҳожирларни ўз бағрига олиб, улар билан биргаликда янги миллатларни шакллантиришга киришаркан, эндиликда француз, олмон, инглиз, швед – қон мансубияти эмас, фуқаролик экани борасида ижтимоий муросага эришилади.

 

Европа мамлакатларида миллатлар қайта ташкил топгач, бир замонлар уларнинг таркибига кирган баск, каталон, окситан, ирланд, шотланд, фриз, фриул каби кичик маҳаллий халқлар энди ўзлигини англаб, микромиллатчилик бош кўтаради. Бир томондан, анъанавий миллатлар, тиллар бўлиниб кетиб, галисияликлар ва валлонлар ўзларини французлардан ажратиб, алоҳида тил, тарих ва маданият мафкурасини ишлаб чиқиш, яъни символик капитал яратиш борасида бош қотира бошлайди. Бошқа томондан, Африка ва араб давлатларидан кўчиб келган аҳоли ягона француз қобиғига киради. Урушнинг айбдори ва қурбони бўлган Европа ўз тарихи ва бугунини қайта кўриб чиқиб, миллатчилик борасидаги янглиш қарашлардан воз кечди ва янгисини ўзлаштирди. Ҳеч иккиланмай жаҳон урушидан кейин Европада янги миллатлар шаклланди, деса бўлади.

 

Янги миллий ўзликка мансуб гуруҳларнинг қадриятларини саралаб-сайқаллаб, барча учун умумий қадриятларни шакллантириш кўзда тутилган эди. Шу тариқа умуминсоний қадриятлар бўй кўрсатиб, умумевропа ўзлигининг пойдеворига айланиши кутила бошлади ҳамда ягона Европа ва умуминсоний қадриятлар геосиёсат кун тартибига келди.

 

Аввалбошдан ягона Европа ғояси йўлида ғов бўлган ташқи омиллар сирасида жаҳоннинг қутбланиши, АҚШ ва СССР ўртасидаги совуқ урушни қайд этиш жоиз. Европа хоҳласа-хоҳламаса бу муҳорабада иштирок этишга мажбур, чунки қитъа шимоли СССР назорати остида, қолган қисми эса АҚШнинг молиявий ва ҳарбий ёрдамига суяниб қолган эди. Қолаверса, қитъани тебратаётган сўл ҳаракатлар пўртанаси “қизил таҳдид”ни ёдга солиб турарди.

 

Бу орада жаҳон етакчилигига даъвогар у икки давлат бошқа мамлакатларда бир-бирига қарши олиб борган билвосита жанг – прокси урушларда катта йўқотишга учраб, ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади. Масалан, Вьетнамга тажовуз йилларида Америка тинчликпарварлик ҳаракатлари гирдобида қолиб, уруш ва қурбонлардан чарчаган аҳоли тинчлик талаб қилиб кўчаларга чиқади. Бу эса қора танлилар ҳуқуқи, ишчиларнинг адолатли иш ҳақи ва меҳнат соати учун курашига уланиб кетади. Афғонистонга босқин уюштирган СССР ҳам шундай муаммога дуч келади. Тўлақонли ҳарбий амалиёт олиб бориш учун қизил империянинг ўтмишдаги куч-қуввати йўқ, боз устига, иттифоқдош республикаларда эврилишлар эпкини эсаётган эди. СССР кўплаб империяларни қулатган шафқатсиз ҳақиқатга дуч келди: бир авлоднинг қонию жони эвазига барпо этилган давлат янги авлодга керак бўлмай, биргина шартнома билан тарқалиб кетди. АҚШ, СССР, кейинроқ Шарқий Европада рўй берган ўзгаришлар Европага мултикультурализм сиёсатини жорий этиш учун янги макон тақдим этган, лекин қитъада “ички бомба”нинг ҳаракатга келиши режаларни йўққа чиқарди.

 

Европада ягона ўзлик, яхлит сиёсий, иқтисодий ва маданий муҳит яратишга интилиш қанчалар кучли бўлмасин, асрлар мобайнида ҳар бир мамлакатда ўзига хос лисоний, маданий ва ижтимоий муҳит шаклланган, уни енгиб ўтиб, барчани “биринчи ўринда европаликман” деб ўйлашга мажбурлаш жуда қийин эди. Қолаверса, капиталистик Ғарбий Европа ва собиқ коммунистик Шарқий Европа ўртасидаги тафовут яққол сезилар, уни бартараф этишга жуда кўп вақт кетиши тайин эди. Бунинг устига, қитъанинг янги аҳолиси – Осиё ва Африка мансублари билан интеграциялашув, ягона миллатга уюшиш кутилганидан мушкулроқ вазифа бўлиб чиқди: муҳожирлар Европани янги уй деб тан олганига қарамай, тарихий ватанида ўзлаштирган тафаккур тизимидан воз кечишни истамади. Яна денг, Европа ўлкалари аҳолиси турфа кайфиятда бўлиб, ҳамма ҳам янги ўйин қоидаларига – “бегона”лар билан миллатдош бўлишга рози эмасди. Мультикультурализм ҳаракати кенгроқ ёйилгани сари унга қаршилик ҳам кучайиб борди. Радикал миллатчилик ҳаракатлари фаоллашди. Неофашизм уйғонди. Айниқса, 2010-йиллардаги “Араб баҳори” ортидан Европага ёпирилган миллионлаб қочқинлар вазиятни кескинлаштириб юборгач, “Собиқ мустамлакалардан тирикчилик илинжида келиб қолган яккам-дуккам муҳожирларни интеграция қилишнинг бу қадар паст-баланди бор экан, сел каби оқиб келган миллионлаб мигрантлар билан уйғунлашув деярли имконсиз”, деган тўхтамга келинди. Муҳофазакорлар, анъанадорларнинг овози кўтарилди. Асрлар давомида ўз ватанида, сўлим табиат ва фольклор оғушида умргузаронлик қилган, салб юришлари ва буюк географик кашфиётлардан фахрланган европаликлар сипо бағрикенгликдан ҳам; ҳатто зўравонликка ҳам “Бу сенинг ҳуқуқинг, ҳурмат қиламан”, дейишдан иборат бўлиб қолган либерализмдан ҳам; атрофидаги тушунарсиз маданиятга эга муҳожирлардан ҳам безиб, “Етар!” деди. Ортга қайтиш, “кўҳна ва бадастир” Европани кўришни хоҳлаб қолди. Бу кайфиятдаги аҳоли ўнг радикаллар ва консерваторлар сафини тўлдирди. Айни чоқда, мультикультурализм ҳам қадриятлар тизимига айланган, либераллар маънавий дастакка эга эди. Ўртада баҳслар авжига чиқди.

 

Охирги йиллардаги умумий ҳолат консерваторлар қўли баланд келаётганини кўрсатаётгандек. Польша ва Венгрияда миллатчилик ва миграцияга қарши кайфият давлат сиёсати даражасига чиқаёзди, Франция ва Германияда ўнглар залворли кучга айланди, АҚШда анъанадор аҳоли хавотирларини сайловолди дастурига жо этган Дональд Трамп Оқ уйни эгаллади, Буюк Британия эса Европа ўзлигидан воз кечишга қарор қилди. Шу боис айрим экспертлар Ғарб эски қадриятлар ва тор миллатчиликка юз бураётгани, ягона Европа ўзлигининг таназзули ва мультикультурализм сиёсатининг муваффақиятсизлиги ҳақида гапира бошлади. Лекин бошқа бир ёндашув ҳам бор. Унга кўра, ўнг ҳаракатнинг бош кўтариши, аслида, аждарнинг жон таслим қилиш олдидан чеккан оҳи, холос. Муҳаққақ интиҳосига яқинлашаётганини пайқаган консерватизм бир қалқди, аммо у ортиқ янгиликка қарши туролмайди, олдингидан-да аянчлироқ бир алфозда тубга қулайди. Негаки, дунёда космополитизм ҳукмронлиги ўрнатилади.

 

Элдор АСАНОВ

 

Tafakkur журнали, 2020 йил 2-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 12182
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//