Маъсумият Музейи – Хуршид Даврон кутубхонаси ва адабий виждон ҳақида


Сақлаш
11:02 / 30.10.2025 12 0

Пешайвонда занжабил тузлаётгандим. Ижарачи Амал хола келиб, аввал бироз томоша қилди. Кулиб қараган бўлдим. Эсимни таниганимдан бери нимадир қилаётганимда бошқа одам билан гаплашишни ёқтирмасдим. Амал хола ҳам беш йилдир буни тушуниб етган чоғи, индамади. Занжабилни аввал қоғоздек юпқа кесиб, қайнатаман. Сувини сузгач, гуруч сиркаси, туз ва шакар солиб ростлайман. Бори шу. 

 

Тайёр занжабилни шиша кўзачаларга қамаётган пайтим тахтаникига ўхшаш иси сирка билан аралашадию ниманидир эслатади. Сўнги пайтлар бундай тасодифий эсловларга ўргандим. Охирги бор факультетда “портлаганди” бу эслов. Ассистентлар хонасида нимадир ўқиб ўтирган маҳалим бирдан йўлак гурсиллаб кетди. Ортидан, доимги олатасир бошланди. Кампус ҳовлисига кирган аскарлар, кабинетидан мункиллаб чиқаётган профессорлар, қаердалигини ҳеч ким аниқ билмайдиган қизил чироқнинг совуқ ёруғи. Одатда, факультетдаги сиёсий жанжаллар бунчаликка бормасди, дейман. Хонага отилиб кирган қиз мени кўрадию бир лаҳза нима дейишни билмай қолади. Охири ўзим сўз бошлайман: Тинчликми? Тинчлик эмаслигини билардим. Факультетда тинчлик мустасно ҳолат. Қайтанга жимжитлик ҳайиқтирарди бизни. Миллатчилар сўлчи гуруҳга ташланибдими? Қайсидир домла классик адабиётни ўқитаётган пайт талабалардан бири қарши чиқибдими? Йўқ, бу сафар бошқа. Факультетнинг қаеригадир бомба қўйилганмиш, дейди ўзини базўр босган қиз. Бомбатопарлар келибди. Тезроқ чиқайлик – пинак бузишга арзийди.

 

Кампуснинг торгина ҳовлисига чиққач, димоғимга таниш бир ис урилади. Ўткир, намхуш, қорамтир. Ўқдори. Бу исни оламан-у вақт тўхтайди. Янги йил пайти Чинозда, маҳаллада портлатилган пақилдоғ-у қўшни Тўлқин алкаш отган мушакларни эслаб кетаман. Профессор енгимни тортиб қўяди. Прустни эсладим, дейман. Қарсиллатиб кулади. Адабиёт бўлимига бомба қўйсанг, ассистенти ҳам Пруст дейди. Маконнинг шахси шудир балки, дейман профессор икки ой аввал рад қилган қайсидир диссертацияга шаъма билан. Бўлса бордир.

 

Аммо, занжабил исининг айнан қайси хотирага ишора қилаётганини тополмасдим. Тиш кавагига кирган луқмадек, тамакини ташлашга ҳаракат қилаётган одамнинг бўғзидаги тугундек. Хотирани тополмадиму занжабилнинг ўзини рамзийлаштира бошладим. Барибир, дедим ўзимга ўзим, хотира ҳам ўзи йўқ бир воқеликка рамз топиш эмасмиди?

 

Бир пайтлар Туркияда дарахт пайвандлаш кофирлик деб қаралганмиш. Йигирманчи аср бошлари Туркистонда картошка ва помидорни “кофир насибидир” деб емаган одамлар ҳақида гапириб бераётган пайтим айтишганди буни. Аллоҳнинг ишига аралашиш, табиатга қасдан зарар етказиш деб ўйлашган экан. Бу аснода бизникилар, Ҳаким Назир қиссалари ёлғон гапирмаётган бўлса, “навқирон Мичуринчи” бўлиб боғлар ичра чаппар уришаётганди. Қизиқки, Туркистон Америкадан келган сабзавотни емасди, аммо Усмонийлар қаҳвани хўриллатиб ичишарди. Демак, ҳалоллик ҳам минтақадан минтақага қараб ўзгараркан, дедим.

 

Тузлама-чи? Тузлама ё мураббо ҳам ёзни бироз узунроқ яшаш, иссиқ кунлар ёдини шиша кўзачага қамаш эмасми? Қиш изғиринида ёзги бодрингни карсиллатиш фақат тилга завқ берадими ё бунинг остида аллақандай гуноҳ лаззати ҳам ётганмикан? Билмасдим. Билганим, занжабилнинг пешонамдаги яккаю ягона шиша кўзага сиғолмагани. Амал холанинг хуноби ошади. Бир ҳафта аввал мен тайёрлаган авокадоли гуакамоле соуси ҳалиям музлаткичда ётганди. Уни битирмай, яна бир коса алламбало қоришмамдан қўйсам... Музлаткич ялмоғизнинг қозонига ўхшаб қолибди, деганди бир марта. Кулгандим.

 

Матн ҳам шундаймикан? Биз ҳам лаҳзанинг фикрий чамоғини матнга, матнни эса китоб муқоваси орасига банди қилмаймизми? Кимнингдир ёзганини ўқиш ўшанинг, бегонанинг оний шавқига кечикиб бўлсада шериклик қилиш эмасми? Кечикиб, лекин яна қасдан.

 

Тасодифий хотиралар силсиласига ялмоғизнинг қозони билан Хуршид Даврон кутубхонаси ҳам қўшилиб кетди. Фақат, бу кутубхона қозон эмас, музейга ўхшарди. Маъсумият музейи. Ўрҳон Памуқ. Ўзбекчага ўгирилмаган, ўгирилса-да ёлчитилмаган ёзувчининг бир романи.

 

Тўлқин алкашнинг ўғли Тоҳир янги телефон олганида қўшни Абдулазиз аканинг тарашаларига ўтирганча қизиқсиниб тикилгандим:

– Интернети борми?

– Ҳа.

– Унда, битта сайтга кирсак бўладими?

– Бўлади, деди Тоҳир.

– “Kh-davron.uz. Шунга кир”.

– Ким у Хуршид Даврон?

“Катта шоир”, деганимни эшитиб аввал сайтга кирди. Оппоқ саҳн устида қора ёзувлар, ўқтин-ўқтин рангин расмлар ўрмалай бошлади. Кейинги ойнадан Тоҳир қизиққаниданми Хуршид Давроннинг кимлигини қидира бошлади. “Катта киши экан-ку”, деди охири. – Мен ёш деб ўйлабман. Сабаби исм эди. Маҳалладаги амакиларнинг исми Аласқар, Қолдибой, Турғунбой, Деҳқонбой бўлгач, бобонг тенги одамнинг синфдошинг билан адаш бўлиши қизиқ ҳолат эди.

 

Сайтни “Чиноз ҳаёти” газетаси қошидаги “Сўз” тўгарагида Гулбаҳор Ортиқхўжаевадан эшитгандим. У бизга ўқинглар, деб тутқазган матнларининг охирида доим шу, kh-davron.uz деган ёзув бўларди. Хуршид Давронда битта шеъринг чиқдими тамом, бу йил китобим чиқди, деб керилсанг ҳам бўлади, дерди опа. Биз, туманнинг ҳеч қайси мутасаддиси ёрдам беравермагач, антологиямизни ҳам икки йилдан бери чиқаролмай ётган шоирваччалар анграйиб қолгандик.

 

Бир ой ўтиб сайтда шеърим чиқди. Кейин таржимам. Кейин ҳикоям. Кейин эсселарим. Бу узлукчиз чиқишлар асносида мен ҳам ёзишдан, чиғириқдан, ҳатто ватандан чиқдим. Бироқ одамзод баъзан киришларни ҳам эслайди. Ваҳоланки, Хуршид Даврон, бу ерда кутубхона номи, менинг қайсидир бўсағага киришим эди.

 

Бу киришлар, муқаддимаю дебочалар мен ўзимни оид деб ҳисоблагувчи наслнинг кўпига хизмат қилганди. Жонтемир, Муҳаммад Сиддиқ, Шаҳриёр Шавкат, Нозима Ҳабибуллаева, Феруза Хайруллаева, Мадина Норчаева, Раҳмат Бобожон, Гулҳаё Анорова, Жалолиддин Саидларни ўша кутубхонадан топдим. Бари маъсум эди. Ва… “Оппоқ эди бошда бу дунё”. Хуршид Даврон кутубхонаси ҳамон оқлигича турибди. Биз-чи? Кирландикми? Бўлса бордир. Шахсан мен покликка даъво қилмайман.

 

Хуршид Даврондаги чиқиш ё киришдан сўнг бир кун телефоним жиринглади. Ўзи ўшандан кейин телефоним кўп жиринглайдиган бўлганди. Хуршид аканинг давраси сим қоқиб алқар, руҳлантирарди мени. Аммо бу сафар нариги тарафдан Жонтемирнинг қувмикан, ҳар балою ҳар қазога жаранглайвермайдиган қўнғироқникига ўхшашмикан овози эшитилди. Гаплашдик. Шеърият ҳақида гаплашдик чоғи.

 

Нурмуҳаммад Абдузоир чиқди, Масиҳуллоҳ кирди… Бир пайтлар биз манзил деб ўйлаган кутубхонанинг йўл эканини англадик. Ўшандан бери манзилларга ишонмай қўйдим. Нима бўлса, йўл дедим, нима битса, йўлга йўйдим. Сенки Хуршид Даврон довонидан ўтган, энди бу билан чекланишинг чакки бўлади, дедим. Нима, эски шоирлар ўзларига Гулханий ё Атоий деб тахаллус қўйганда мен ҳеч йўқ шу йўлчилик билан овутолмасмидим ўзимни?

 

Факультетга бомба қўйилмаганди. Ҳеч йўқ бомбатопарлар топишолмади. Икки йилдан бери ҳам дараги йўқ. Айтишларича, кимдир арзонгаров пақилдоқни эзиб ҳовлига сочгану полицияга бомба деб хабар берган. Ундан миннатдор бўлиш қанчалар виждоний, дедим. Шунча одамнинг ўтакаси ёрилсаю, сен бир бурда хотиротни деб айни имтиҳон қизиган пайт қўли қичиган безоридан миннатдор бўлиб ўтирсанг. Мен бундан беш баттар ишларга ҳам етти букилиб раҳмат айтган одамман, дедим. Натижада, хотиранинг бир қиймати бор. Немис филологиясидаги саксон яшар профессор юрагини тутиб қолган бўлса нима? Нафақага чиқсин эди. Ўн йилдан бери доцентликка ўтолмай юрганлар бор. Ҳатто мана шу ҳам менга кутубхонани эслатди. Хуршид Даврон, Тоҳирнинг таъбири билан катта киши бизни, набирасининг синфдоши билан адаш болаларни эътиборга олмаса нима бўларди? Айниқса, номидан ёшлик иси келиб, ичида амакию холалар мушоира қилаётган журналлар даврида косамиз оқарармиди? Журналлар рад этган кўплаб ёш шоир қизиқки, айнан Хуршид Даврон сўзбошисидан сўнг порлади. Ҳатто эълондан кейин ўша журналларнинг ўзиёқ телефон қилиб бу шоирлардан шеър сўрай кетарди. Истеҳзонинг каттаси. Фақат, кутубхона турк лирасидек майдалашмади. Маромини бузмади. Балки айнан менинг ёзиғимни бериб, эркалигимни кўтариб онда-сонда издан чиққандир, аммо қадрини йўқотмади. Қадр яратаверди.

 

Шеър ўқимоқ сиёсийдир, дедим синфда. Фарқи йўқ, Шекспир сонети, Юнус Эмронинг шеъри ё Анвар Обиджон болалар учун ёзган тўртлик. Лекин Шарқ каби демократияни кўкдан замбилғалтакда тушадиган неъматдек қабул қилувчи халқлар сиёсий деганда икки хил нарсани тушунишади: ё исён, ё итоат. Ҳолбуки, сиёсий масала ўзлик ифодасидан келиб чиқарди. Ўзлик эса кишининг атрофидаги мавжуд муҳитдан бунёд бўлади. Бундан келиб чиқадики, Хуршид Даврон сўнги ўн йиллик адабиёт учун бир шахсият машинасидек хизмат қилган бўлади. Бу ердаги истеҳзоли тазод эса шуки, шахсият маъсумиятдан яралмайди. Маъсумиятдан шахсийликни тополмайсиз. Шу боис бу ҳолатни қуйидагича тушунтириш мумкин: сўнги ўн йилда қаламкашлар ўз маъсумиятларини худди мен занжабилни шишага қамагандек Хуршид Давронга омонат топширардию ана кейин менлик жангида от ўйнатишарди. Сайтни шунинг учун маъсумият музейи дедим. Зотан, музейга яроқли эмас фақат қадрли унсурни қўямиз.

 

Бугун кутубхонага қайта қарадим. Зариф Султоний бор, Неъмат Арслон бор, Одил Икром, Ҳалима Аҳмад, Миртемир бор. Ҳар бири билан қайтадан танишаман. Балки улар биздан анча катта ёшда чиқишгандир бу минбарга. Балки Хуршид Даврон улар учун бўсаға эмас, йўл ўртасидаги қўноқ бўлгандир. Аммо уларни илк бор ўқиган Мирзоҳид, Жонтемир ё Муҳаммад Сиддиқ бир пайтлар маъсум эди, бола эди.

 

Таржималаримни Нодирабегим Иброҳимованинг сайтига бера бошлаганимда Муҳаммад доимий, ҳорғин оҳангини ишга солиб ёзғиргандек бўлди: “Хуршид акага ҳам беринг, бизнинг уйимиз уёқ”. Албатта, Нодира опанинг сайти ҳам бир давр, чўл ичра воҳа эди. Лекин барибир адабиётнинг виждони менинг янгиланиш эҳтиёжимдан устунлигини ҳам билардим. Сен Фахриёр эмассан, дедим. Янгиланиш сенинг кифтинга тушгани йўқ. Бироқ барибир ич-ичимда Хуршид Даврондаги Мирзоҳиддан уялардим. Шеърдан узоқлашганим, таржимага берилганим… Ўзимни бой бердим, деган ўй Нодирабегим опанинг сайтида бироз босилгандек бўларди. Бу сайт таржимон Мирзоҳидники, дердим. Хуршид Давронга эса ўзимдан чиққанини бераман.

 

Ўзимиздан чиққанини бердик. Сиқдик, сидирдик, эладик, қуритдик…. бердик. Ва Хуршид Даврон ҳам бизга бир имкон берди. Тузламадек хотирот аралаш маъсумият қамалган шишачаларимизни асраш имкони. Музейдан аввал уни етимхонага ўхшатардим. Қаламкашлар Хуршид Давронга болаликларини ташлаб ўтишади. Хуршид ака эса худди Канададаги набиралари каби бу болаларни ҳам тилло табаррук қилиб олиб ўтиради. Янглишгандим. Тилло табаррук қилинган жойда етим бўлмайди киши. Ҳарҳолда, кимсан Ғафур Ғулом ёлғон гапирмаса керак.

 

Амал хола занжабил тузламасини мақтаб-мақтаб еди. Тайландда яшайдиган ўғли Тайфун оға ҳам мақтагандек бўлди. Эртаси кун музлаткичдаги гуакамоленинг ярми ейилди. Музлаткич андак одамбашара тус олди. Хуршид Даврон эса оқлигича, этагидаги болаларини чулдиратиб бизни кутаётир. Тошкентга ўхшайди у. Бир бор нонини еган чумчуқ қайтаверади. Доим қайтамиз. Бисотимизда бир қатра маъсумият билан боролсак, биздан бахтлиси йўқ.

 

Мирзоҳид МУЗАФФАР,

шоир

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

11:10 / 28.10.2025 0 32
Инсониятнинг азалий орзуси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22774
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//