Табибдан бахшигача айланиш йўли. Бир сўз эволюцияси


Сақлаш
17:18 / 31.10.2025 9 0

Бахши сўзини ҳозирда икки маънода қўллаймиз: 1. Халқ достонларини куйловчи шоир, оқин; 2. Дуолар ўқиб, дам солиб, ирим-сирим билан даволовчи табиб” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. I. 1981. 8-6ет). Бу сўз юқоридаги таърифгача қанча эврилишларни босиб ўтган, келинг, бир бошдан бошлаймиз:

 

Бҳикшу – тиланчи

 

Буддавийлик инончида диний ходим, монахга нисбатан – “бҳикшу” (“bhikşu”) дейилади, лекин бу сўзнинг санскрит тилидаги илк луғавий маъноси: “тиланчи”, “гадой”, “хайр-эҳсон тиловчи”, “дарвеш”дир, таъбир жоиз бўлса, мазкур амални буддавийлик асосчиси – Буддадан қолган “суннат” дейиш мумкин, чунки ҳукмрон оилада туғилган шаҳзода (Сиддҳартҳа Гаутама Шакямуни) шоҳона ҳаётдан воз кечиб, руҳоний ҳаёт учун тиланчилик, дарвешликни танлайди ва санскрит тилида “уйғонган, идрок этган, Ҳаққа эришган” каби маъноларни билдирувчи – “будда” (“буддҳа”) унвонини олади. Буддавийлик Шарқ томон ёйилган сарибҳикшусўзи ҳам тилдан тилга кўчиб, бошқа тилларга ўзлашган. Дейлик, хитойликлар бу сўзни ўз тилларига мослаб – “böshiёкиbaḡšiшаклида қабул қилган ва у – “монах”, “устоз”, “муршидкаби маъноларни англатган.

 

 

Бахшининг туркларга ўтиши

 

Азалдан қўшни, доимий алоқада бўлган қадимги турклар Хитойда давлат дини мақомида бўлган буддавийликдан яхши хабардор эдилар. Эрамизнинг VI юзйиллигида майдонга келган Кўктурклар ёки Биринчи Турк хоқонлигининг учинчи хоқониМуқан Қаған (553-572) сиёсий мақсадни кўзлабхоқонликнинг Сариқ денгиздан Қора денгизгача чўзилган улкан ҳудудида яшовчи кўпмиллатли тобе халқларни бирлаштиришда буддавийликдан ҳам фойдаланишни режалайди (Қолаверса, ундан олдинги Жужанлар хоқонлигида ҳам (330-555) буддавийлик асосий динлардан бири эди). Муқан Қағандан кейин ҳокимиятга келган унинг укасиТаспар Қаған (572-581) даврида эса янада кўпроқ эътибор берилади, хоқоннинг ўзи 574 йили буддавийликни расман қабул қилади. Хоқон қароргоҳида гандҳаралик будда руҳонийси Жинагупта бошчилигида Хитойдан, Сўғддан қочиб келган буддавий руҳонийлардан иборат марказ ташкил этилиб, улар томонидан буддавийликка оид баъзи сутраларни қадимги турк тилига таржима қилиш ишлари бошлаб юборилади. Бунинг учун эса, америкалик тарихчи А.Бёрзинга кўра, турк тилига мослаштирилган сўғд ёзувидан фойдаланилган. Орадан юз йил ўтиб Биринчи Турк хоқонлиги инқирозидан хулоса чиқарган ИккинчиҒарбий Турк хоқонлиги сўзчиси Тунюқуқ туркларни буддавийликдан узоқлашиб, Тангрига қайтишга даъват этади.

 

Хуллас, “бурхан” (“бурқан” – “Будда”), “тўйин” (“буддавий монах”), “бақши” (“монах”, сўнгроқ – “устоз, мураббий, муаллим, котиб”) каби сўзлар кўктурклар, кейинчалик уйғурлар буддавийликка ихлос қўйган ўша даврларда тилимизга ўзлашди.

 

Туркона буддавийлик

 

Сўзимизбахшиҳақида-ю, аммо шу ўринда яна бир нуқтага ойдинлик киритиб ўтмасак бўлмайди. Хўш, буддавийлик турк хоқонларини нимаси билан ўзига жалб қилди? Гап шундаки, қадимги турклар ва мўғулларнинг аждодлари Тангрига сиғинишар, шу билан бирга, уларнинг турмушида қамчилик, яъни шаманлик амалиёти муҳим ўрин тутарди. Шунингдек, хоқонлик ҳудудида зардуштийлик, монийлик каби инончлар бор эди. Аммо бу инончлардан сиёсий мақсадда фойдаланиб бўлмасди. Шу боис Муқан Қаған ва Таспар Қаған учун синалган Хитой тажрибаси, яъни у ерда буддавийликнинг сиёсий бошқарувдаги ўрни, халқнинг монахларга нисбатан чексиз ҳурмати жозибадор туюлди ва бу жиҳатлар улкан хоқонлик ҳудудида ҳам бошқаришнинг қулай омили бўлиб кўринди. Маълумки, буддавийлик ҳамма жойда бир хил эмас, дейлик, Тибетдаги буддавийлик Хитойдагидан фарқли, япон ёки қуриёликларда ўзгача ва ҳоказо. Турк хоқонлари Хитойга мафкуравий жиҳатдан тобе бўлиб қолмаслик учун буддавийликнинг Сўғд, Тоҳаристондаги монийлик ва зардуштийлик таъсирида шаклланган кўринишини танлайди, айни пайтда, унга туркларнинг азалий эътиқодлари: тангричилик ва қамчилик ҳам сингиб кетади.

 

Турфандан топилган бир ҳужжатда шундай сўзлар бор: “Бақшылығ бурхан тäңрi тўғтуңуз. Маъноси: “(Сиз) Будда тангридан устоз, мураббий бўлиб туғилдингиз”. Бу ердабақшисўзи – “устоз, муршидмаъносида, шунингдек, “бурхан тäңрiдегандаБудда (бурхан) шахсиТангрига тенглаштириляпти. Буддавийликка оид бошқа бир манба – “Алтун Йаруқда эса қадимги турк мифологиясидаги ерости худосиЭрликхан (“Ärklig qan” – “Эрклиг қан”) образи ҳам бор. Яъни, туркона буддавийлик зардуштийлик ва монийлик таъсирида шаклланган, айни пайтда, туркларнинг азалий инончлари: тангричилик ва қамчилик пойдевори устида қурилган эди.

 

Бахшикотиб

 

Иккинчи Турк хоқонлигида буддавийликдан воз кечилди, аммо Шарқда Хитой билан яқин муносабатда бўлган Уйғур хоқонлигида мазкур дин кейинги асрларда ҳам яшаб қолди. VIII асрда сўғд ёзуви асосида уйғур хати яратилди, кўпгина буддавийликка оид манбалар асосан хитой тили, қисман бошқа тиллардан турк-уйғур тилига ўгирилди. Юқорида айтилганидек, “бақшидеганда дастлаб буддавий руҳоний, монах тушунилган бўлиб, уларнинг асосий вазифаларидан биридиний адабиётларни кўчириш, яъни котиблик эди. Шу боис кейинчалик ҳам уйғур хатида битувчи котибларга нисбатан, гарчи уларнинг буддавийликка алоқаси бўлмаса-да, “бахшидейиш удум бўлиб қолган. Атоқли олим Қосимжон Содиқов ўзинингЭски ўзбек ёзма адабий тиликитобидабахшисўзининг Қорахонийлар ва ундан кейинги даврларда ҳамкотибмаъносида кенг ишлатилганини атрофлича таҳлил қилади. Олимга кўра, Темур даврида ҳам уйғур хатида битувчи котиблар отигабахшиунвони қўшилиб, мисол учун: “Зайнулобиддин бахши”, “Абдураззоқ бахшиқабилида айтилган ва нафақат Марказий Осиё, балки Олтин Ўрда, ҳатто Қирим хонлигида ҳамкотибмаъносидабахшиқўлланилган. Шунингдек, кейинчалик Бухоро амирлигидақурилиш учун белгиланган маблағларнинг ҳисоб-китобини юритувчи лавозимли кишига нисбатан ҳамбахшидейилган (ЎТИЛ. I. М. 1981. 86-бет).

 

Бахшиэмчи

 

Бобурномада қизиқ бир воқеа ҳикоя қилинади: ёш Бобур оёғидан яраланганда хон тоғасини даволаш учун мўғул жарроҳини жўнатади: Ярамни боққали Атика бахши отлиқ мўғул жарроҳини йиборибтурлар. Мўғул эли жарроҳни ҳамбахшидер. Жарроҳликда бисёр ҳозиқ эди (Б. “Шарқ”. 2002. 94)”. Бу ерда биз учун муҳим икки сўз бор: “боққаливабахши”. Аммо бутабиб-бахшининг буддавийликка алоқаси йўқ, балки унинг илдизлари юқорида зикр этилган қамчилик, яъни шаманликка бориб тақалади. Шаманликнинг бошқа эътиқодлардан фарқиқам ёки шаман ўтиб кетган аждодларнинг руҳлари ғайритабиий кучлар билан алоқага киришади, деб ишонилган. Қам фол кўриш, касални даволаш, башорат қилиш ёки бошқа амалларни бажариш учун чилдирма (даф), қамчи, чанқовуз, ханжар ва шу каби бошқа воситалардан фойдаланиб, турли овозлар чиқариб, дуолар ўқиб, рақсга ўхшаш муайян ҳаракатлар қилиб жазава (экстаз) ҳолатига тушган. Ўтганлар руҳига қурбонлик қилинган ва қам унинг қони билан маросимда фойдаланадиган жиҳозларини қонлаган. Қамнинг бу муолажасига нисбатанқамламоқдейилган (“қам қамлади”. Бу сўз рус тилига ҳамкамланьешаклидашаманлик қилмоқмаъносида ўтган).

 

Мутахассисларга кўра, шаманлик энг қадимги инончлардан бўлиб, у дин эмас, балки кўпроқ фолбинлик, афсунгарликка яқин амалиётдир. “Девону луғотит-туркдақамсўзи икки ўринда учрайди, бир ўринда: “қамфусунгар, коҳиндеб изоҳланган (Туркча таржимада Басим Аталай: “kȃhin, şamanдеб ўгирган. DLT. III. Ankara. 1986. 157-bet). Бошқа ўринда: “қам арваш арвадiқам авраш сўзлар билан аврадимисоли келтирилган (ДЛТ. I. 1960. 280).

 

 

Хўш, “қамқандай қилиббахшига айланиб қолди? Дейлик, буддавийлар учун бақши ёки тўйин, яъни монах қандай мавқега эга бўлса, қамчилик, шаманликка эътиқод қўйган халқлар наздида қам ёки шаман ҳам шундай мавқеда эди. Яъни, қадимги турклар буддавийлик таъсирида бўлган ўша даврларда БуддаТангри деб талқин этилгани сингари, маҳаллийруҳонийларбўлмиш қамларга нисбатан ҳамбахшиномини қўллаш секин-аста муомалага кирди.

 

ЯнаБобурномага қайтамиз: Ярамни боққали Атика бахши отлиқ мўғул жарроҳини йиборибтурлар”. Қизиғи шундаки, табиб-бахшининг даволаш муолажасига нисбатан алоҳида феъл – “боқмоқишлатилади: “Бахши касални боқди” (қозоқча: “кесел бағу”). Умуман, қадимги туркийда табиб маъносида бир неча сўз бўлган, шулардан бири – “эмчи”, бу ҳақдаДевону луғотит-туркдаэмсўзи изоҳида шундай дейилади: “ӭмэм, даво, дори; “даволовчига – “ӭмчiдейилиши шундандир” (ДЛТ. I. 1960. 74). “Эмчиҳозирги тилимиздагишифокор”, “врачга тўғри келади ва бу сўз биланэмламоқфеъли қўлланилган: “эмчи эмлади”. Қадимги туркийда яна бир тиббиётга оид касб номи – “ўтачи”, “ўт” – ҳозирги тилимиздагиўт, гиёҳ”, яъни турли шифобахш ўтлардан тайёрланган дорилар билан даволовчи табибга нисбатан – “ўтачидейилган. “Девондаўтсўзига шундай изоҳ берилади: “отдори, даво; “ўт iчтiм” – “дори ичдим”; “табибмаъносидагиотачi” – шу сўздан” (ДЛТ. I. 1960. 71) “Ўтачисўзи билан биргадаволадимаъносидагиўталадифеъли ишлатилган: “ўтачи ўталади”.

 

Бахшиқушноч

 

Хуллас, илгари турк, мўғул халқларидақам”, тунгус-манжур халқларидашами” (“шам+ан”) деб аталадиган қадим инонч вакиллари кейинчалик ўзбеклардабахши”, қозоқлардабақсы”, қирғизларда: “бақшыаталадиган бўлди. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида яшовчи катта авлод вакиллари, айниқса, бахши, қушноч, эмчилар ҳақида яхши тасаввурга эга. Қизиғи шундаки, Ўзбекистондаги қушноч-бахшилар амалиётида, айтайлик шимолдаги қамлардан фарқли ўлароқ, зардуштийлик, ҳатто Исломнинг ҳам таъсири сезилади. Дейлик, уларнинг айтувларида парилар, чилтон пари, девлар, жинлар, фаришталар тилга олинади, чироқ ёқилади, момолардан ёрдам сўралади. Бахшилар касални боқишда асосан доира (даф), қамчидан фойдаланади, касалнинг бошига рўмол ёпиб қўйилади, бахши қандайдир сўзларни хиргойи қилиб, доира чалиб жазава ҳолатига туша бошлайди, кейин касал атрофини айланиб рақсга ўхшаган ҳаракатлар қилади, қамчиси билан касални вақти-вақти билан уриб, куф-суф қилиб туради. Қушноч ва эмчиларнинг амалиёти эса бундан бироз фарқли.

 

Бахшиоқин

 

Ниҳоят, халқ достонлари ижрочилари ҳам ўзбек ва туркманлардабахшидеб аталади (туркманча: “bagşy”). Уларга нисбатан, шунингдек, ўзбекларда: “шоир”, “оқин”; қозоқларда; “ақын”, “жырау”, “жыршы”; қирғизларда: “ақын”, “ырчы”; озарбoйжон ва туркларда: “аşiqишлатилади. Хўш, нега бизда халқ шоирлари ҳамбахшиномини олди? Бунинг сабаби, бизнингча, аввало уларнинг туғма истеъдодлари, илҳоми, қолаверса, юқорида тилга олинган қам ва эмчи-бахшилар билан муштарак фазилатларга эга эканликлари билан изоҳланади. Айтайлик, қам ва эмчи-бахшилар – “орқадор”, яъни орқасида ғайритабиий кучлар туради, деб ишонилган, жазава (экстаз) ҳолатига тушганда мусиқа асбоби, турли воситалардан фойдаланишган. Достончи бахшилар ҳам ижро жараёнида муайян ҳолатга тушиб, минглаб сатрларни ёддан ёки ўша ернинг ўзидаёқ тўқиб мусиқа асбоби воситасида куйлашади. Шу каби ўхшаш жиҳатлардан келиб чиқиб халқ тилида достончи-шоирлар ҳамбахшидеб аталиб кетган.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

11:10 / 28.10.2025 0 42
Инсониятнинг азалий орзуси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22840
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//