Маънавият
ХIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистон устида ўша даврнинг йирик геополитик кучлари – Буюк Британия ва Россия империяларининг манфаатлари тўқнаш келган, ҳар икки тараф ҳам Евросиёнинг “Хартлэнди”ни ўз таъсир доирасига олишга уринарди. Шу сабабли эҳтимолий уруш ёки босқинга тайёргарлик сифатида ҳар икки тарафнинг айғоқчилари минтақага турли йўллар билан киришга ва ўлканинг сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётига доир маълумотларни тўплашга интилгани маълум. Замона зайли билан бу вазифани асосан, минтақанинг тили ва маданияти бўйича мутахассис-тадқиқотчилари бажаришган. Улар сайёҳ, тижоратчи, дарвеш, қаландар қиёфасида Бухоро амирлиги, Хива ҳамда Қўқон хонлиги ҳудудларига кириб келиб, фаолият олиб борган. Уларнинг барчаси пойтахт Бухоро қатори бундан атиги тўрт аср илгари дунё пойтахти мақомигача кўтарила олган, ўз бағрида Иккинчи Турк-ислом Уйғониш даврини парваришлаган, дунёга илму ирфон, маънавият ва маърифат тарқатган Самарқанд шаҳрига албатта тўхтаб ўтган. Чунки буюк Амир Темурнинг бошкентини кўриш, унинг шавкатли ва иштиҳкомли тарихидан бугунги кунга нелар қолганини тасбит этиш мароқи ҳар бир истиҳборатчи, шарқшунос, турколог, исломшунос мутахассиснинг диққат марказида турган. Ана шундай мутахассислардан бири венгриялик шарқшунос-турколог олим Ҳерман Вамбери (Vambery, Фредерик Hermann) бўлиб, унинг Туркистонга саёҳат кундаликлари ва бошқа илмий асарлари ўз даврида Европа жамоатчилиги ўртасида, қитъанинг шарқшунослик ва туркология фанида шов-шувларга сабаб бўлганди.
Ҳ.Вамберининг хотиралари “Travels and Adventures in Central Asia” номи билан аввал инглизча (London, 1864) , “Reise in Mittelasien” номи билан эса немис тилида (Leipzig, 1865) чоп этилган. Бу асарга энг уйғун ном унинг туркча таржимаси эълон қилинганда қўйилган: Bir sahte dervişin Asya-yı vustada seyahatı (İstanbul, 1878) – Бир сохта дарвишнинг Ўрта Осиёга саёҳати.
Ҳақиқатан ҳам бу диёрга ундан олдин зобит, тужжор, сарроф қиёфатида келган не-не европалик зотлар Минораи калондан пастга улоқтирилди ёки оломон томонидан сазойи қилиниб, маҳв этилди. Аммо Вамберининг аналитик ақли ўша давр муҳити учун энг мақбул вариантни танлаган эди – дарвишлик. Айнан дарвиш қиёфаси билан у соғ-омон саёҳат қилди ва кезувдан кейин бутун дунёда янада машҳур бўлди, шуҳрат шоҳсупасида яшади.
Ҳерман Вамбери аслида ким эди?
Ҳерман Вамбери 1832 йил 19 мартда Австрия-Венгрия империясининг Нидермаркт шаҳрида камбағал яҳудий оиласида туғилган. Болалик чоғларидан тил ўрганишга иқтидорли Ҳерман 8 ёшидаёқ венгер, яҳудий ва словак тилларини биларди, кейинчалик улар ёнига немис тили ҳам қўшилди. 20 ёшга кирганида туркологияга қизиқиб қолган Вамбери венгер амалдори билан бирга Усмоний турк салтанатининг пойтахти – Истанбулга йўл олади. Бир неча йил усмонли турк тили ва адабиётини, мусулмонларнинг яшаш тарзини, менталитетини жиддий ўрганади. Ҳерман Истанбулнинг муҳитига шу қадар ўрганиб кетадики, Усмонли давлатининг ҳукмрон доиралари билан танишиш, кейинчалик, Меҳмет Фуад пошонинг котиби даражасига кўтарилишга эришaди. Ҳермен усмонли тилида ёзилган кўплаб асарларни немис тилига таржима қилади, турк тили ва бошқа туркий тиллар грамматик қурилишига доир асарлар яратади. Евросиё қитъасининг жуда катта қисмига тарқалган туркий тилларни ва туркий халқлар цивилизациясининг маркази – Туркистонни яқиндан ўрганиш учун бу ерларга саёҳат қилишга Ҳерман Вамбери, эҳтимол, ўша йиллари қарор қилган эди. Бунгача у ўша даврнинг венгер тарихчи, тилшунос ва жамиятшунос олимлари қатори венгерларнинг келиб чиқишлари ва этник илдизлари ҳақида тадқиқотлар олиб борган. Вамбери етук тарих, тил ва этнология мутахассиси сифатида келган хулосаси шу эдики, венгерлар аввалбошда угор аслли халқ бўлишидан қатъий назар, унинг кейинги минг йиллик тарихида турклик бўртиб кўриниб туради: “оила, дин, давлат бошқаруви, ҳарбий иш, одоб-ахлоқ ва удум-одатларга оид тушунчаларни ифодаловчи сўзларнинг катта қисми туркчадир. Қисқача шундай изоҳлаш мумкин, венгерлар (можорлар) даврлар ўтиши билан турклашган ва дунё тарихига туркий халқ сифатида кирган угор аслли бир халқдир”. Бундай фикрларнинг муаллифи дунё туркларининг она Ватани Туркистонга саёҳат қилишга жазм этмаслиги мумкинмиди?
А.Вамберининг 40 ёшлардаги мойбўёқ расми. У Туркистон сафарига чиққанида ҳали ўттиз ёшга тўлмаган эди.
Йирик немисча-туркча луғатни яратгани, усмонличадан қилган таржималари ва туркий тилларга доир тадқиқотлари учун Венгрия Фанлар академияси мухбир аъзолигига сайланган ва учқур илмий каръера қилганига қарамай, 1861 йилда Ҳерман Вамбери азалий орзусига эришиш учун Рашид эфенди исмли турк дарвеши қиёфасига киради ва Трабзон орқали Теҳронга бориб, у ерда Маккадан, ҳаж сафаридан қайтиб келаётган туркистонлик ҳожилар карвонига қўшилади.
Айтилганидек, Туркистон саёҳати олдидан Вамбери шарқшунос-турколог сифатида Европада яхши танилган, уни Будапештда, Вена-ю Берлинда, Лондон-у Истанбулдаги илмий-сиёсий доираларда яхши билишарди. Мусулмон жамиятлари аслзодаларига элакишиб кетиши, оддий мусулмонлар билан тил топиша олиши, туркий тиллар ва шеваларда мукаммал гаплашиши Ҳерманнинг энг кучли томони эди. Бу хусусият ўша даврдаги инглиз махсус хизматларининг эътиборидан қочмаган кўринади. Шу сабабдан бўлса керак, баъзи манбаларда Ҳерман Вамбери саёҳати олдидан Лондонга бориб келгани, инглиз махфий хизматларидан Туркистондаги саёҳат ва Россия империясининг Марказий ҳамда Жанубий Осиёдаги инглиз мустамлакалари томонга силжиб боришининг оқибатлари хусусида маълумотлар тўплаш бўйича йўл-йўриқлар олгани маълум қилинади. Ҳерманнинг Туркистон сафари кундаликларини ўқиганингизда Марказий Осиё истилосига тайёрланаётган рус ҳокимияти ҳақида талай салбий фикрларга дуч келасиз, бу ҳол юқоридаги фикрларда жон борлигига ишорадир. Туркистон саёҳатидан кейин Вамбери илмий ҳисоботини инглиз илмий жамиятларида баён қилиш билан ҳам бу алоқани тасдиқлаган эди (Дарвоқе , 2005 йилда, орадан 140 йил ўтгач, Англия Миллий архиви Вамбери билан боғлиқ ҳужжатларни ошкор қилди. Бу ҳужжатларга кўра, Вамберининг Туркистонга саёҳати инглиз разведкаси билан ҳамкорликда амалга оширилган экан).
Болаликдан ногирон (чўлоқ) ва нимжон бўлишига қарамай, Вамбери йўлга чиқаркан, ҳамроҳларига ўзини Бухоро, Хива, Самарқанд каби мўътабар шаҳарларни кўришга ва бу ерда ўтган азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилишга орзуманд бир турк фуқароси – Рашид эфенди сифатида таништирган.
Вамбери – Рашид афанди туркистонлик ҳожиларда ҳам, Бухоро, Хива маъмурларида ҳам, оддий инсонларда ҳам бир неча истиснони ҳисобга олмаганда, ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган. Зотан, Эронда бир муддат қолган Вамберини дарвишдан ажратиб бўлмас эди. Шу ўринда, Туркистонга боришдан олдин инглиз ва турк элчихонаси вакиллари ҳам унинг венгер эканига узоқ вақт ишонолмаганини қайд этиш керак. Саёҳатидан олдин ва кейин ҳам унинг Туркистон ва туркистонликларга нисбатан катта ҳурмат ва муҳаббати бўлгани хотираларида яққол кўзга ташланади. Туркистон сафаридан кейин қайтиш йўли хотираларида ўзбеклар ҳақида ёзган қуйидаги сатрларига эътибор беринг: “Мени келажагим хавотирга сола бошлади, айниқса, яқинлашиб қолган қиш, чунки форслар чегарасига етгунимча ҳали кўп йўл босишим керак эди, ҳамёнимни тўлдириш бўйича бўлган барча уринишларим чиппакка чиққанди. Шунда ҳаёт тажрибамга суяниб ўзимга таскин бердим: дарвеш, ҳожи, гадо ҳеч қачон ўзбекнинг уйидан қуруқ қайтмайди, менга ҳамма жойда ҳам бир бурда нон ва мева-чева, баъзи жойда эса эски кийим-кечак беришлари мумкин, бу эса саёҳатимни давом эттиришимга бемалол етар эди...
...Бу ерда Чечактуда (Шимолий Афғонистон ҳудудлари – Муалл.), мен охирги маротаба ўзбекларни учратдим ва очиғини айтишим керакки, бу ҳалол, пок, виждонли, тўғри, софдил, очиқкўнгил одамлар билан қаттиқ ўкиниш билан хайрлашдим”.
Туркистонга кириб келаётганда эса Хива йўлида Адай вилоятидан ўтар экан, уни ғалати ҳаётий фалсафаси билан мот қилган кўчманчи қозоқ аёлининг ақли ва мантиғидан ҳайратга тушган ҳолда очиқча меҳр билан ёзади, “Хотиралар”да ўқиймиз: “Саккиз юзга яқин чодирдан иборат оломон қирғизлар (Ҳ. Вамбери ўша даврнинг туркологлари одати бўйича қозоқларни қирғиз термини билан атаган) бу ердан кўчиб кетишга ҳозирлик кўраётган эди. Келаси уч ой давомида юқорироқ жойларга боришларини айтишди. Уларнинг аёллари доимо озиқ-овқат олиб юришади. Улар менга бир бўлак пишлоқ таклиф қилишди, унинг таъми ҳали ҳам оғзимда. Менга бу ёққанини кўриб, уни тулупи билан бирга совға қилмоқчи бўлишди. Айтишим мумкинки, ер юзида бундай меҳмондўст халқ йўқ. Аёллари жуда чиройли эди. Бошқа шарқ мамлакатлари аёллари каби бегона эркаклардан қочиб, бекиниб юришнинг ҳожати йўқ. Уларнинг юзлари, қўллари...очиқ эди. Кийимлари уларга жуда ярашган. Суҳбат чоғида бир қирғиз аёлидан нега улар бир жойда қўнмай, кўчманчи ҳаёт кечирганликларини сўрадим. У менга шундай жавоб берди:
“Дунёда фақат ўлик ва жонсизлар ҳаракатсиз қолади. Сиз доимо бир жойда яшайдиган ҳайвонлар турини учратганмисиз? Худо одамларни Ўзининг неъмати бўлган Ерни кўриш ва саёҳат қилиш учун яратди. Бундай катта оламни саёҳат қилиш ва кўриш учун инсон умри зўрға етади... Шу сабабли биз кўзимизни ўзгармас манзаралар билан чеклашга ҳаққимиз борми?
Бу мантиққа жавоб топа олмадим, лекин кўчманчилик машаққатли ва қийин, дедим. Қирғиз аёл бош чайқади:
- Бу сўз сиз муллаларга ярашади. Биз кўрган ҳар бир янги нарсанинг моҳиятини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Биз кўрган нарсамизни, қандай кўрсак, шундай қабул қиламиз. У яратган ҳар бир нарсанинг ичини билиш Аллоҳга хосдир. Унга хизмат қилиш ва яратганларини ташқи кўриниши билан қабул қилиш кифоя. Кечаси чўлга чиқдингизми?.. Дунё катта, жонзотлар кўп ва биз инсонлар уларнинг кичик бир заррасимиз. Биз ўлганимизда, ерга тушамиз, ерда ҳаракатсиз қоламиз ва чириймиз. Яшаш давомида саёҳат қилиш, кўриш, ҳаракат қилиш керак ...
Ўша пайтда ғалати воқеа содир бўлди. Қўйлар подасига бу ерларда жуда кўп бўлган, кундузи қишлоқ ва овулларга яширинча кириб борадиган бир неча шоқоллар ҳужум қилди. Аёл кулиб деди:
- Мана, мулла... Агар шоқол ҳаракатда бўлмаганида, очликдан ўлиб кетарди. Одамлар ҳам шундай. Вақти келадики, бир жойнинг об-ҳавоси инсон саломатлигига зарар етказади... Саёҳат қил, кўр, роҳат-ла, яшашни бил... Қора тупроқ остида қанча қолишингни биласанми?
Бу сўзлардан кейин икки ҳафталик чўлда йўл юриш азобини унутгандек бўлдим...”
Ҳерман Вамберининг саёҳат хотираларида Самарқанд тасвири
Самарқанд ҳақидаги кузатишлар Ҳерман Вамбери “Хотиралари”нинг ўнинчи бобида баён қилинган. Бухородан қўқонаравада йўлга чиққан ва тўрт-беш кун бу ўта ноқулай транспорт воситасида юриш азобларини чеккан дарвишнинг Самарқандга яқинлашганида қандай ҳаяжонга тушганини тасаввур қилса бўлади. Сайёҳ ўша пайтдаги “аҳолисининг учдан икки қисми ўзбеклардан ва учдан бири тожиклардан иборат” деб таърифлаган 25-30 минг кишилик нуфусга эга бўлган шаҳарга ҳозирги Самарқанд-Тошкент йўли ўтган Зарафшон кўприги тарафидан кириб келган кўринади ва унинг эътиборини тортган илк нарса Чўпон ота қирлари бўлган. У Чўпон отанинг мусулмон муаллифлар томонидан Маккатулло яқинларидаги Шубатана тоғига ўхшатилганини эслайди ва тепаликларидан бирига тирмашиб чиққач, Амир Темурнинг бир вақтлардаги шукуҳли пойтахтига назар ташлайди: “Бу тепадан гўзал саҳро ичидан жой олган Амир Темурнинг эски пойтахтини (Самарқандни) кўрдим. Тонг қуёши шафақлари остидаги шаҳарнинг мовий қуббаларини, ранг-ранг минораларининг жонли манзараси, айниқса, Темурнинг мақбарасининг ўзига хос уйғунлиги ва гўзаллиги, эътироф этишим керакки, бошланғичда кўзларимга жуда ёқимли кўринди”.
Шаҳарга яқинлашиб келар экан, сайёҳнинг эътиборини ўша вақтларда мавжуд бўлган шаҳар мудофаа деворлари тортади. У деворларни эски ва янги деб иккига ажратаркан, эскисининг жуда хароблиги, янгисининг ҳам 19 аср ҳарбий қуроллари қаршисида ожиз қоладиган аҳволдалиги эътиборини тортади. (Афсуски, шаҳар деворлари Вамбери тасвирлаётган даврдан атиги 7 йил кейин, 1868 йил, 2 май куни ўлканинг янги истилочилари – Чор Россияси қўшинларининг ҳужумига дош беролмайди, шаҳар бир кунлик жанглардан кейин таслим бўлади) Бир вақтлар, ўзидан (Вамберидан – муалл.) қарийб 456 йил илгари Амир Темур саройига саёҳат қилган Кастилия қироли элчиси Руи Гонзалес Клавихо тасвирлаган шаҳар девори шу эски девор бўлса керак, деган хулосага боради. Шунингдек, муаллиф Амир Темурнинг машҳур “Кўксарой”ини назарда тутиб, шаҳар қалъасининг ичида “Ички қалъа” мавжуд эди, деб ёзади. Бир неча кундан кейин Вамберини Амир Музаффархон қабул қилади ва у ўшанда қалъани зиёрат қилишга мушарраф бўлади.
Сайёҳ дарвишнинг эътиборини шаҳардаги мактаб, мадраса, зиёратгоҳлар тортади. У ҳожилар учун махсус карвонсаройда атиги бир кун туриб, эртаси кун Амир Темур мақбараси ёнидаги маҳаллага жойлашади. “Девонанинг ишини Худо тўғрилайди”, деганларидек, у кўчиб ўтган уйнинг эгаси амир қўшинининг зобити ҳамда ҳукмдорнинг Самарқанддаги саройининг қўриқчиси эди.
“Ҳожи сифатида саёҳат қилаётганим туфайли илк бориб кўришим керак бўлган жойлар мақбара ва зиёратгоҳлар бўлиши лозимлигини билардим. Аммо тарихий жиҳатдан қимматли бўлган бу иншоот ва асарларнинг ҳар бирининг ўз диний ҳикояси бор, аҳоли кўз ўнгида муқаддас эди. Шу сабаб уларнинг бирини бошқасидан афзал кўришда муаммо йўқ, жойларни эмин-эркин зиёрат қилиб, керакли маълумотларни қўлга киритар ҳамда ажойиб-ғаройиб ҳикоялар тинглаб, завқланар эдим”. “Хотиралар”даги бу гаплар ўша пайтдаги Туркистон жамияти аҳволини жуда яхши ифодалайди: мадрасаларда илм оз, ҳамма ерда бидъат, жоҳиллик, тўқиб-бичилган афсонавий ҳикоялар билан овунувчи халқ. Бир европаликнинг кўзида рус истилоси арафасидаги аҳволимиз ана шундай эди.
Вамберининг Самарқанд хотираларида Амир Темур ва унинг давридан қолган обидалар ҳақидаги қисмлар алоҳида ўрин тутади. Сайёҳ шаҳар аҳолисининг Амир Темур ҳақида сўзлар экан, “унинг Ўтрордаги ўлими ҳақидаги хабар янги келгандаги каби” гапиришига эътибор қаратади, буюк жаҳонгирнинг ўлимидан кейин ўша йили (1861-62) 456 йил ўтганига қарамай, унинг авлодлари ҳали ҳам соҳибқиронга катта ҳурмат билан қарашини ва ҳатто сиғинишини эслатиб ўтади.
Усмонли султони ўша даврда бутун дунё мусулмонларининг халифаси унвонини ташигани учун унинг “ватандоши” – Рашид афандига, дарвиш бўлишига қарамай, тегишли ҳурмат-иззатни кўрсатишган. Аммо Вамбери Амир Темур сағанасини зиёрат қилаётганида, бу мақом унча иш бермаганини, маҳаллий аҳоли унинг Темурдан жангда енгилган подшоҳи – Йилдирим Боязид мағлубияти ҳақида ҳазил-киноя аралаш сўроққа тутиб, музаффар подшоҳнинг мозори бошида қандай туйғуларни ҳис қилаётганини сўрашганини ёзади. Бироқ Вамбери, бу гаплардан фарқли мақбаранинг қўриқчиси уни бир кун оқшомгача ушлаб туриб, зиёратчилар оқими тугагач, бинонинг пастки қаватидаги ҳақиқий хилхонага олиб тушгани, бу ҳол унга мисли кўрилмаган ғурур бағишлаганини ҳам ёзади.
Сайёҳ Темурнинг авлодлариникидан қолишмайдиган ҳурмат билан жаҳонгирнинг мақбараси, пир-у устозлари, ўғиллари, набиралари ҳақида батафсил маълумот бериб, бу макондаги осори атиқаларни тасвирларкан, мавзуга доир чуқур билимларга эгалиги намоён бўлади. Дарвоқе, Бурсадан – Султон Боязиднинг хазинасидан олиб келтирилган Усмон Қуръони ва мақбарага кираверишдаги оҳанин дарвозани сўнги бор кўрган европалик ҳам А.Вамбери бўлган. Маълумки, 1868 йилда, шаҳар ҳали олинар-олинмас, бу ерга В.В.Радлов ва бошқа турколог, шарқшунослар етиб келган ҳамда уларнинг тавсиясига кўра, шаҳардаги кўлга илинадиган барча тарихий экспонатлар, жумладан, юқоридаги икки асар ҳам Санкт-Петербург музейларига олиб кетилган.
Вамбери “Кўксарой”ни тасвирларкан, бир вақтлар шу ердан туриб Амир Темур дунёнинг тенг ярмини бошқарганига урғу беради. “Толори Темур” деб аталган Соҳибқироннинг кенг ва узун қабулхонасида тобе ўлкаларнинг амирлари қатор тизилиб, ҳукмдорга эҳтиромларини қўл қовуштириб изҳор қилганини ўқувчининг кўз ўнгига келтиради. Шунингдек, у машҳур “Кўктош”ни кўрганини ёзаркан, жаҳонгир тахтининг ёнбошида сақланувчи тош Соҳибқирон бўйсундирган мулкларнинг амирлари юкунадиган жой бўлгани ҳақидаги ривоятларни келтиради. Сайёҳ ташриф буюрган пайтда тошнинг ёнбошидаги деворга Усмонли халифалари – Султон Маҳмудхон ва Султон Мажидхонларнинг Бухоро амирига “амир-ал мўъминин” унвони берилгани ҳамда жума намозида номига хутба ўқилиши ҳуқуқи берилиши хусусидаги икки фармони осиб қўйилганини кўрган. Бу эса ўша даврда Усмонли давлати билан Бухоро амирлиги орасида сиёсий-ижтимоий алоқаларнинг изчил давом этганини исботлайди.
Вамбери Амир Темурнинг масжиди, унинг шаҳар ташқарисидаги ёзлик саройи ҳақида маълумот беради – у халқ орасида ҳозиргача Бибихоним масжиди деб юритиладиган Масжиди жомеъни назарда тутган, шекилли. Чунки, у ёзлик сарой шаҳарнинг жануби-ғарбида жойлашган ва унинг сирли зиналардан кейин бир тор даҳлиз орқали Шоҳи Зинда мақбарасига борилади, деб кўрсатганига қараганда, хотираларини баён қилишда ҳақиқатан ҳам чалкашликка йўл қўйганини кўрамиз. Шоҳи Зинда ансамбли бир ярим минг йилдан буён мавжуд ва бу ерда Қорахоний сулоласи давридан эътиборан мақбаралар қурила бошланган, шу жумладан, Соҳибқироннинг опа-сингиллари, хотинлари қабри устига буюк амир тарафидан қурилган мақбаралар ҳам бор. Буни А.Вамбери билмаслиги мумкин эмасди ва бу хотираларини қоғозга туширишдаги чалкашлик бўлгани билан тушунтирилиши мумкин холос (А.Вамбери кузатишларини венгер тилида, араб алифбосида ёзиб борганини ва бу ёзувларини инглиз элчихонаси доктори берган заҳар (сайёҳ фош бўлиб, танг аҳволда қолганида ўлимни тезлаштириш ва осонлаштириш учун берилган) сингари сир тутганини хотираларида бир неча ерда эслатиб ўтади). Бу чалкашликка Қусам ибн Аббос мақбараси ичида сақланаётган, маҳаллий аҳоли томонидан Амир Темурники деб ҳисобланадиган уч байроқ, қилич ва зирҳ-у қалқон ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин (Вамбери бу маълумотнинг ҳақиқийлигига шубҳа билан қарайди).
Вамбери ўша пайтда Самарқандда 40 та мадраса бўлгани, аммо уларнинг кўплари бўм-бўшлигини афсус билан қайд этади. Мирзо Улуғбек мадрасаси қурилиш тарихи 1434 йил, Улуғбек расадхонасиники 1440 йил деб ёзаркан, расадхонанинг 1701 йилда хароб бўлгани, ундан кейин бу ерни тадқиқотчилар эмас, бойқушлар маскан тутганини таъкидлайди. Шуниси эътиборлики, расадхонани сайёҳ ерга кўмилиб кетган, жойлашган ери аниқ бўлмаган бир тарихий макон сифатида тасвирламайди, у Самарқандга келган пайтлари расадхона харобалари ҳали мавжуд бўлган, шекилли. Аммо орадан 50 йил ўтгач, рус археологлари уни катта қийинчиликлар билан қазиб очади. Бу ерда тўхталиб ўтиш керак бўлган икки муҳим жиҳат бор: Улуғбек мадрасаси ва расадхонасининг қурилиш тарихидаги янглишишлар ҳамда расадхонанинг тўсатдан “ерга кўмилиб кетиши” масаласи.
Маълумки, Улуғбек мадрасасининг қурилиш тарихи аниқ-равшан: 1417-1420 йиллар бунёд қилиниб, 1420 йил, 21 сентябрда ишга туширилган. Улуғбек расадхонаси эса 1424-28 йилларда қурилган. Вамбери бу масалада нега янглишган? Назаримизда, қанчалик билимдон бўлмасин, у ғарб цивилизациясининг вакили эди, шу сабаб шарқ мусулмон халқларида амалда бўлган ҳижрий-қамарий йил ва ҳижрий-шамсий йил ҳисобини милодий йил ҳисобига ўтказишда унчалик эпақали бўлмаган кўринади. Ёки бу ҳол Вамбери маълумотларни олган манбалардаги ноаниқликлардан, хатолардан келиб чиққан бўлиши мумкин.
Вамбери Самарқандга келганида харобалари, қурилган жойи аниқ-равшан бўлган Улуғбек мадрасаси қандай қилиб у 50 йил ичида ер қаърига сингиб кетган? Бу саволга тахминий жавобни Вамберининг хотираларидан топиш мумкин. У (Биби)хоним мадрасасининг аҳоли тарафидан тинимсиз бузилиб, қурилиш материаллари олинаётганини ўз кўзи билан кўради, афсусланади. “Хотиралар”да ўқиймиз: “Шаҳарнинг Бухоро дарвозаси ёнида Темурнинг хотинларидан бири бўлган Хоним мадрасаси бор. Бир вақтлар бу мадрасада мингдан зиёд талабалар таълим олишган дейишади (буни муболаға, деб ҳисоблайман), эски ҳоли кўркам бино бўлганини бугунги харобалардан ҳам билса бўлади. Бу буюк мадрасанинг омон қолган уч девори, олд тарафдаги пештоқи, эшиклари ва миноралари меъморлик санъатининг ажойиб намуналаридир. Бино олдидаги йўлаклар ғиштдан ясалган мозаика каби эди. Ғиштлар бир-бирига шундай гўзал шаклда ва ўзаро мослаб бирлаштирилган эдики, ундан ҳайратда қолдим... Бу мадрасани (халқ) ҳар он чўкич ва кетмон билан бузишга интилар эди. Самарқанд халқининг ғишт ва мармардан бунёд этилган бу иншоотни тўласича бузиши (ташиб кетишлари) учун икки юз – уч юз йил каби бир замон лозим”. Афсуски, ана шу ўтмиш маданий меросимизга бефарқлик, ҳатто уни бузиб, ўз манфаати учун ишлатиш бундан 160 йил олдин бор эди. Буюк эҳтимол ила, Улуғбек расадхонасининг ҳам 19-аср охирида бирдан тарихий хотирадан ўчирилиши, унинг хароба ҳолидан археологик объект мақомига ўтиши ана шундай ёқимсиз ҳол билан боғлиқ.
Ҳерман Вамберининг Туркистон саёҳати харитаси
Самарқанд ҳақидаги хотираларда Бухоро амири Музаффархон билан учрашув саҳнаси марказий ўринни эгаллайди. Амир ўша кезлари Қўқон хонлиги устига қилган юришида музаффар бўлиб, Самарқандга ғолибларга хос асъаса-дабдаба билан кириб келгани, бутyн шаҳарда авжига чиққан зиёфатларни икир-чикиригача тасвирлаган сайёҳ амирни теварак-атрофи китоблар билан қуршалган тахтда ўтирган қирқ ёшлардаги, семизликка мойил киши сифатида кўрганини ёзади. Амир уни ёлғиз қабул қилишни истаганини эшитгач, хабардан ва ёш ҳукмдорнинг важоҳатидан васвасага тушаёзганини, аммо ўзини ўнглаб олиб, дарвишларга хос савдойи қиёфасида ҳукмдор ҳузурига кирар-кирмас, салом-аликдан кейин пойгагига ўтириб олганини ёзади. Чунки, Ҳерман дарвишлари сарой этикетининг майда-чуйда қоидаларига амал қилиши шарт эмаслигини биларди, кутилганидек, амир унинг такаллуфсизлигига эътибор бермайди. Шу ерда амир ва дарвиш ўртасида кейинчалик эл тилига достон бўлган суҳбат бўлиб ўтади:
Амир Музаффар: Ҳожи, эшитишимга кўра, Ҳазрат Баҳоваддин ва бошқа азиз-авлиёларни зиёрат қилиш учун Румдан келибсан. Шу ростми?
Рашид афанди: Шундай, султоним, шу билан бирга афандимизнинг (амирни назарда тутмоқда – Муалл.) пок жамолини кўришни ҳам истаган эдим.
Амир Музаффар: Бу қадар узоқ ердан келишинг учун бошқа мақсадинг бўлмагани жуда қизиқ.
Рашид афанди: Асло, султоним. Бошқа ҳеч қандай ниятим йўқ ва бунинг ҳайрон қоларли жойи ҳам йўқ. Бухорои шариф билан Самарқанди латифни кўришни кўпдан бери истагандим ва ҳатто соғинган эдим. Бу шундай Самарқандки, Шайх Жалолиддин(Румий)нинг таъбири билан айтганда, кўнгил унинг муқаддас тупроқлари устида оёқ билан юришга буюрмас, қабул этилса бош билан юриш лозим. Хуллас, бу фоний олам билан ҳеч ишим бўлмай, узун муддатдан бери дунё ҳожиси сифатида дунёнинг тўрт тарафини кезмоқдаман.
Амир Музаффар: Нималар деяпсан? Сенинг каби чўлоқ одам дунё ҳожиси бўлар эканми? Яна такрорлайман, бу жуда ҳайратланарли бир ҳол.
Рашид афанди: Афандим, қурбонингиз бўлай, буюк бобокалонингиз Темур ҳам оқсоқ бўлгани ҳолда дунёни фатҳ этган эмасмиди?
Бу жавоб амирга жуда ёққанини, кейин саёҳат ҳақида бошқа майда-чуйда саволлар бергани, суҳбатнинг бу қисми арабча ва форсча кечгани ва сайёҳ ўзининг диний, дунёвий, илмий билимлари билан амирни лол қолдиргани учун ҳукмдор тарафидан икки бошдан-оёқ сарпо ва 22-23 франк баҳосида олтин танга билан мукофотлаганини Вамбери очиқча ғурур билан ёзади. (Бу ўринда ҳам Рашид афанди ҳақиқий дарвишнинг ишини қилади, у “пул ва дунё моли дарвишни бузади”, деб амирнинг ҳадясини муҳтожларга эҳсон қилиб юборади ва атрофидагиларнинг эҳтиромига яна бир бор сазовор бўлади) Ҳақиқатан ҳам шундай, саёҳати давомида икки-уч марта “кофирлик”да айбланган, ҳар сафар бахтли тасодиф, ақли ва билими соясида омон қолган сайёҳ бу гал амирнинг эҳтиромига сазовор бўлган эди. Энди у эмин-эркин сафарини давом эттириши мумкин эди ва шундай ҳам бўлади.
Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
Маънавият
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ