Маънавият
Рашид афандининг қўнғиротлик йўлдоши
Ҳерман Вамберининг хотираларида таърифланишича, Туркистонга келган биринчи ойлардаёқ Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасида асли бу хонликка қаровчи Қўнғирот шаҳридан бўлган муллавачча – йигирма икки ёшдаги Исҳоқ билан танишади (Венгрия ва бошқа Ғарб мамлакатларидаги исми билан айтилса – Мулла Исҳоқ Чиғатой, 1841-1892 йиллар орасида яшаб ўтган).
Вамбери Хивада илк учрашган кунидан эътиборан Мулла Исҳоқ (Содиқ)ни кўнгли тоза, ишчан, садоқатли инсон сифатида билган ва уни ўзининг ҳимоятига олишни кўнглига туккан эди. Хивадаги мадрасанинг пешқадам талабаларидан бўлган бу йигитча орзуси Маккага, ҳажга бориш учун ва, эҳтимол, ўша пайтлари бунга маблағи бўлмаганидан, Маккатуллога яқин юртларда яшовчи Рашид афандига ҳамроҳлик қилиб, бир амаллаб Арабистонга етиб олиш азми билан йўлга чиқади. Вамбери билан аввал Бухорога, кейин Самарқандга сафар қилган мулла Исҳоқ инсоний фазилатлари: самимийлиги, қаноатлилиги, одоби ва сабр-чидами билан Рашид афандини ром қилади.
Хотираларида Вамбери тан олиб ёзганидек, сафар давомида уни барча йўлдошлари ташлаб кетганида ҳам мулла Исҳоқ унга содиқ қолган ва ҳақиқий дўстлик, ҳамроҳлик қилган. «У жуда тўғри ва камсуқум инсон эди. Унинг ғаразсиз ва софдилона муносабати менга хавфли ва азобли сафаримда куч-қувват бағишлади», – деб ёзади Вамбери ўзининг қўнғиротлик йўлдоши ҳақида.
Унинг «мадраса тупроғини ялагани», эски ўзбек тилини (Вамбери чиғатойча деб атайди), мумтоз адабиёт ҳамда халқ оғзаки ижодини яхши билиши Ҳерман Вамберининг назаридан қочмаган. Йигитнинг айни шу томонларидан келгусида фойдаланиш режаси уни Европага олиб кетиш фикрини уйғотган бўлиши мумкин: «Илмга берилгани ва менга ўзини яқин олиши ёш муллага бўлган қизиқишимизни оширди. Ундан келгусида яхши одам чиқишини сезганим туфайли ўша пайтлари бу муллаваччани аро йўлда ташлаб кетмасликка қарор қилган эдим. Бу фикрга ҳали Ҳиротга етмай туриб борган эдим. Илк танишган пайтимиздаёқ мен унинг юраги тоза эканини сезган эдим. Бундай масалаларда мен ҳеч ҳам янглишмаганман».
Шундай қилиб, бири Туркистон зиёратидан қайтаётган, яна бири ҳаж сафарига бораётган бу икки сайёҳ Истанбулга борганларида мулла Исҳоқда билим ўрганишга бўлган ташналик ҳаж сафари иштиёқидан устун келади ва у ҳамроҳи билан Можористонга боришга қарор қилади. Дарвоқе, Истанбулга етиб келгунига қадар мулла Исҳоқ Рашид афанди сифатида билган ҳамроҳининг 19-асрнинг энг буюк шарқшунос-туркологи ва хуфяларидан бири Ҳерман Вамберилигидан хабари бўлмаган ва у бу сирдан фақат ушбу шаҳарда воқиф бўлади. Сирнинг очилиши ёш муллада қандай ҳиссиётлар уйғотганини тасаввур қилиш қийин, аммо масаланинг яна бир тарафи шундаки, ўша пайтларда Вамбери расман ислом динини қабул қилган – мусулмон эди, мулла Исҳоқни ана шу ҳол ҳамроҳи билан йўлда давом этишга ундаган бўлиши мумкин (Википедиядаги маълумотларга қараганда, Вамбери тўрт марта исломни қабул қилган).
Йўлдош устоз ва шогирднинг ушбу мақолага илова этилаётган расми ҳам Истанбулда туширилгани эҳтимолдан холи эмас. Расмда ҳам мулла Исҳоқнинг одоб сақлаганини кўриш мумкин, у устозининг ёнида чордана қуриб ўтиришдан чекинган ва ёнида оёқда турган ҳолда расмга тушган.
Мулла Исҳоқ ва Ҳ. Вамбери Туркистон саёҳатидан кейин Истанбулда тушган расми.
Венгрияга келар-келмас ёш мулла маҳаллий венгер ва немис тилларини ўрганиб олади. Уни Шарқ тиллари ўқитувчиси этиб тайинлайдилар, айни вақтда – 1864 йилдан бошлаб Венгрия фанлар академиясининг кутубхонасида ҳам фаолият кўрсатади. Унинг вазифаси Шарқ қўлёзмаларини тадқиқ этиш ва таржима қилиш эди. «Унинг она тили ўзбек тили эди, шунингдек, у ўрта асрлардаги Ўрта Осиё туркий адабий тилини – чиғатойчани мукаммал савияда биларди. У ўша пайтдаги европалик тилшунослар учун қандай қийматли хазина эканини тасаввур қилиш қийин», – деб ёзади бу мавзуни тадқиқ этган муаллифлардан бири. – Муқояса қилиш учун айтсак, бу ҳол қадимги Одиссея кемасидаги денгизчиларнинг замонавий Голландия денгиз академиясига денгиз тугунларини ечиш бўйича маҳорат сабоқларини бериш учун келиши каби ғаройиб бир ҳодиса эди.
Венгер туркологи Георги Каранинг маълумотларига қараганда, мулла Исҳоқнинг Венгриядаги ҳаёти жўшқин кечган. Мулла Исҳоқ европача ҳаёт тарзига тезда ўрганган, мамлакат бўйлаб саёҳатга чиққан.
Ҳерман Вамбери икки йиллик сафар билан Лондонга кетганида мулла Исҳоқни дўсти профессор Жозеф Будензга омонат қилиб қолдириб кетган. Жозеф Буденз туркистонлик муллага европача ҳаёт тарзини қабул қилишда кўмаклашган, чоғи. Вамбери Лондондан қайтганида европача башанг кийинган, венгерчани сув қилиб ичиб юборган ва ҳануз камсуқумлик ва софкўнгиллигини йўқотмаган эски ҳамроҳини кўриб лол қолиш билан бирга қувонган.
Мулла Исҳоқнинг уйлангани, бола-чақа орттиргани, вафотига қадар мусулмонликнинг қоида ва тартибларига амал қилиб яшагани ҳам маълум. У 1864 йилдан эътиборан Венгрия фанлар академияси тизимида олиб борилаётган туркологик тадқиқотларда фаол иштирок этган. Унинг жами 50 та асарни – мақоллар, афсоналар, 13 та эртак, бошқа латифа ва қисқа ҳикояларни венгерчага таржима қилгани ҳамда оригиналлари билан бирга нашр эттиргани маълум. Венгер олими Жозеф Арани бу матнларни «Хивача матнлар», деб атаган.
Георги Кара тадқиқотида Венгрия фани архивларидан топилган, мулла Исҳоқ венгерчадан ўзбекчага таржима қилган «Ажойиб кийик ҳақида афсона» достонидан парча келтиради:
Ўша куни қуёш ботгандай бўлди,
Қуёшнинг шуъласи булутга тушди,
Йигитлар тўхтамай кийикни қувди,
Ва бирдан кийикни кўролмай қолди,
Шу зайлда кечгача юрдилар,
Кур наҳрининг қирғоғига келдилар,
Бу ерлар яшашга жуда уйғунди,
Ва яхши отлар бор эди емоқ учун…
Шунингдек, мулла Исҳоқ Ҳерман Вамберининг 1867 йилда «Юсуф ва Аҳмад» достонини аслий матни ва немисча таржимасини нашр этиш ишида бевосита иштирок этган. Юқори таржимонлик қобилияти учун уни Вамбери «жонли луғат» деб атаган. Баъзи манбаларда Вамбери Хива хонлигида бўлганида «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» достонини ёзиб олгани ва бу ишда унга мулла Исҳоқ ёрдам бергани қайд этилади.
Қайд этиш лозимки, мулла Исҳоқ 1872-1878 йиллар орасида Венгриядан бошқа мамлакатларга саёҳат қилган кўринади, чунки унинг юқорида тилга олиб ўтилган иш жойларида бу йилларга доир қайдлар учрамайди. 1879 йил ва 1892 йилга оид архив материалларида унинг номи яна академия ходимлари рўйхатида кўзга ташланади. Мулла Исҳоқнинг Англия, Франция ёки Германия каби Европа мамлакатларига сафарга чиқмаганини ҳам тасаввур қилиш мумкин. Чунки, бундай бўлганида устози Вамбери каби илмий доираларда машҳур бўлган мулла Исҳоқ ҳақида бу мамлакатларнинг даврий илмий нашрларида албатта хабар ёки мақола эълон қилинган бўлур эди.
Ҳаётининг сўнгги йилларида мулла Исҳоқ оғир касалликка чалинади, даволаниш учун Будапешт яқинидаги Веленце қишлоғига бориб, у ерда ўрнашиб қолади. Ўша ерда 1892 йилда вафот этади. Вамберининг аралашуви билан у Веленцедаги кальвинистлар қабристонига мусулмонча урф-одатларга асосан дафн қилинади. Унинг қабр тошига, расмда кўрганингиздай, «Мulla Szadik – мулла Содиқ» деб ёзилган. Ҳерман Вамбери дўсти мулла Исҳоқ Чиғатойнинг мозор тошига унинг содиқ дўст эканини таъкидлаш учун ана шу исмни ёздиргани эҳтимолдан холи эмас. Ҳақиқатан ҳам бир умр чет элларда яшаган, аммо эл-юрти учун хизмат қилган ҳамюртимиз мулла Исҳоқ ҳамиша ўз халқига, тилига, илм-фанга, динига ҳамда дўстларига содиқ қолган инсон эди.
Сўнгсўз ўлароқ, жаҳон аҳлига, Европа шарқшунослиги ва туркологияси фанига халқимиз, унинг тили ва маданиятини биринчилардан бўлиб танитган олим ва сайёҳ профессор Ҳерман (Арминий) Вамбери ҳамда унинг содиқ шогирди, ҳамюртимиз мулла Исҳоқ (Содиқ)нинг сиймоси ва уларнинг амалга оширган ишлари тарихчиларимиз, маданият ва адабиётчиларимиз учун учун долзарб тадқиқот мавзуси эканини ҳам таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Бизнингча, мамлакатимиздаги “Эл юрт умиди” жамғармаси гранти билан эски ўзбек тилини билган тарихчи-изланувчиларимизни Можористонга юбориш керак. Уларнинг венгерчани ўрганишлари, венгер туркологлари билан ҳамкорликда мулла Ҳерман Вамбери архивини ҳамда мулла Исҳоқ шахсиятини чуқур тадқиқ этишига шароит яратиб бериш лозим. Венгрия Республикасининг Туркий Давлатлар Ташкилоти кузатувчи аъзоси ва у ташкилотнинг Европа Иттифоқига кўприги мақомида экани бу қардош мамлакат билан маданий алоқаларни юқори савияга кўтариш вазифасини қўяди. Ҳерман Вамбери ва мулла Исҳоқ масаласини яхши ўрганиш бу соҳадаги тадқиқотларга кучли туртки беради. Чунки, ҳамкорлик ва қардошлик алоқалари ҳамиша туташтирувчи нуқталар ва масалалардан бошланади. Ҳерман Вамбери ва мулла Исҳоқ масаласи ана шундай туташтирувчи ва умумлаштирувчи нуқтадир. Бу хусусда Венгрия Республикаси Фанлар Академияси тегишли институтлари билан ҳамкорликда ишлаш фойдадан холи эмас.
Шунингдек, Ҳерман Вамберининг “Хотиралари”ни ўзбек тилига таржима қилиниши зарур. Ўзбекистон, Венгрия, Туркия ҳамкорлигида Вамбери ҳамда Исҳоқ Иброҳим ҳақидаги ҳужжатли фильм ва сериалларни яратиш ҳам ўзбек туркология ва шарқшунослик фани ҳамда Ўзбекистон туризми учун муайян истиқболлар очиб беради, деб ҳисоблаймиз.
Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
Маънавият
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ