Эмоционал чарчаган ва рақамли дунёга қарам ёшлар – Бернаут ва унинг сабаблари


Сақлаш
12:07 / 29.04.2026 15 0

Ёшлар деганда кўз олдимизга куч-ғайрат, шижоатга тўла, кўзлари чақнаб турган йигит-қизлар келади. Аммо реал ҳаётда бошқачароқ. Аксарият ёшлар кўзида маъюслик, ҳорғинлик ва лоқайдлик бор. Буни кўриб, ёшлар нега бунчалик тез чарчаяпти, мотивацияни нега эрта йўқотяпти, деган саволлар пайдо бўлади. Уларда куч, имкон, орзу жўш урадиган бир паллада бернаут, эмоционал чарчоқ кузатилмоқда. Бу синдром асосан профессионал соҳаларда кенг ўрганилган бўлсада, сўнгги йилларда ёшлар орасида ҳам кенг тарқалаётгани аниқланди. Ушбу ҳолатни юзага келтирувчи омиллар кўп ва улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

 

Бу ўзи нима дегани?

 

Бернаут тушунчаси биринчи марта 1970 йилларда америкалик психолог Ҳерберт Фрейденбергер томонидан илгари сурилган. Фрейденбергер бу атамани иш фаолиятидаги кучли чарчоқ ва руҳий тушкунликни ифодалаш учун ишлатган.

 

Бернаут синдроми, асосан, узоқ муддат давомида юқори босим остида ишлаш, стрессли вазиятлар ва ҳаддан ташқари талаблар натижасида юзага келади. Бу ҳолат руҳий, жисмоний ва ҳиссий қувватнинг камайишига олиб келади, шунингдек, инсоннинг ишга ва атрофдагиларга бўлган муносабатини салбий томонга ўзгартиради.

 

Ҳамма зўр, битта мен омадсизман

 

Ёшлар ҳаётининг ўзига хос босқичлари – билим олиш жараёни, касбий йўналиш танлашдаги ноаниқликлар, ижтимоий муносабатлар, шахсий ривожланиш каби омиллар бернаут синдромининг пайдо бўлиш хавфини оширади. Ёшлар доимий равишда ўзини намоён этиш, ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш ва замонавий дунёнинг тезкор ўзгаришларига мослашишга ҳаракат қилади. Бу жараёнда юзага келадиган психологик зўриқишлар кўпинча уларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

 

Бернаут'га сабаб бўлувчи энг катта нарса бу рақамли ҳаёт. Instagram, TikTok ёки Telegram лентасида бошқаларнинг «муваффақият ҳикоялари» узлуксиз оқади: кимдир 20 ёшида катта бизнес эгаси, кимдир чет элга кетган, яна биров ўқишни тамомлаб, яхши ишга кирган, бошқа бири эса янги уй ёки машина олган. Шу маънода бернаут'ни келтириб чиқарувчи омиллар ФОМО синдромини ҳам ёдга солади.

 

Тармоқларда кўпинча кимнингдир ҳаётининг пухта таҳрирланган версиясини кўриш учун ҳозирги лаҳзадан узоқлашамиз. Ва биз қоронғи бўшлиққа тушиб қолгандек – у ердан дунё бошқалар учун ўйин майдончаси, ердаги жаннатдек туюлади, сен учун эса у жанг майдони бўлиб қолади. Натижадачи? Доимий солиштириш. Ички шошилиш. Ўзидан норозилик. Мия бундай ахборот оқимидан чарчайди, шу билан бирга ҳаловатни ҳам йўқотади. Оқибатда эса ёшлар ҳатто зарур вақтда ҳам дам олмайди, уларнинг мияси «бошқалардан ортда қоляпман», «мен ҳам улардек бўлишим керак» деган ниҳоятда зўриқишли фикрлар остида ишлашда давом этади. Ёки кўплаб оилаларда фарзанд келажаги бўйича тасаввур бир хил: «Яхши ўқийсан, нуфузли ўқишга кирасан, яхши иш топасан, ҳурматли одам бўласан».

 

Лекин ҳаёт бир чизиқда кетмайди. Қайсидир ёш ўқишни эмас, бирор ҳунар эгаллашни хоҳлайди, кимгадир эса яхши иш эмас, ўзи ёқтирадиган, қалби хотиржам бўладиган иш керак. Бироқ буни аксарият ота-она тушунмайди, фарзанд эса доимий босимда яшайди. Улар кўпинча ўз ҳаётлари учун эмас, ота-оналарнинг жамиятга кўрсатадиган «натижа»си учун яшашга мажбур бўлади. Бу эса ёшларда ўзига нисбатан танқидни кучайтириб, ички эркинликни йўқотади. Орзу билан мажбурият ўртасидаги кескин номутаносиблик бўлса чарчоқни тезлаштиради.

 

Бундан ташқари, бугунги талаба нафақат ўқийди, балки ишлашга ҳам мажбур. Бири оиласига ёрдам бериш ёки ўз эҳтиёжларини қоплаш учун, яна бошқаси қўшимча таълим, ривожланиш учун. Шу тариқа, йигирмага ҳам тўлмаган ёшлар ўқиш-иш марафонида югуриб юрибди. Натижада дам олишга етарли вақт йўқ, мия эса доим «ишга тайёр туриш» ҳолатида. Қолаверса, соғлом турмуш тарзининг йўқлиги, тўйиб ухламаслик, жисмоний фаолиятнинг етишмаслиги ҳам руҳий чарчоққа олиб келади.

 

Эмоционал чарчоқ оқибатлари

 

Сўнгги йилларда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар эмоционал чарчаш синдромининг айнан ёшлар орасида кенг тарқалаётганини кўрсатади. Бу бир томондан, ёшларнинг руҳий жиҳатдан ҳали тўлиқ шаклланмагани, иккинчи томондан, уларнинг ҳаёти кескин ўзгаришлар, қарорлар ва талаблар билан боғлиқ бўлган давр экани билан изоҳланади. Масалан, олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар орасида бернаут даражаси 30–50% атрофида деб баҳоланган. Бу уларнинг ўқишдаги муваффақияти, соғлиғи ва ижтимоий муносабатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

 

Бернаут'нинг энг кўп тарқалган белгиларга қуйидагилар киради:

 

- Доимий чарчоқ ва дангасалик ҳисси;

- Ўқишга бўлган қизиқишнинг пасайиши;

- Мотивация йўқолиши;

- Ўзини яккаланган, тушкун ҳис этиш;

- Ижтимоий алоқалардан чекиниш.

 

Бу ҳолатлар вақтида эътибор берилмаса, депрессия, руҳий бузилишлар ва ҳатто жисмоний касалликларга ҳам олиб келиши мумкин.

 

Олдини олиш йўллари

 

Эмоционал чарчаш синдромининг олдини олишда профилактик чоралар, шунингдек, психологик ва ижтимоий ёндашувлар муҳим ўрин тутади.

 

1. Психогигиена ва ўзини англаш. Ёшлар ўз ҳис-туйғуларини англаш, бошқариш, стрессни камайтириш усулларини ўрганишлари керак. Эмоционал саводхонликни ривожлантириш бернаут хавфини камайтиради.

2. Вақтни бошқариш ва режалаштириш. Вақтни самарали бошқариш, ортиқча юкламаларни камайтириш, дам олиш вақтига эътибор бериш муҳим.

3. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш. Оила, дўстлар ва ўқитувчилар томонидан бериладиган ижобий муносабат, тушуниш ва далда бўлиш руҳий барқарорликни таъминлайди.

4. Жисмоний фаолият ва соғлом турмуш. Спорт билан шуғулланиш, медитация, етарли уйқу ва тўғри овқатланиш руҳий қувватни тиклашга ёрдам беради.

5. Психологик маслаҳат ва коррекция. Бернаут белгиларини эрта босқичда аниқлаб, профессионал психолог ёрдамига мурожаат қилиш салбий оқибатларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

 

Шаҳруза САТТОРОВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

16:04 / 28.04.2026 0 22
Бобурнинг толесиз набираси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34033
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//