Адабиётшунос олим Мақсуд Асадов мутолаа қилади
Адабиёт тупроқ устида эмас, балки вақтнинг билқиллама қумлоқлари узра из қолдиради. Қочоқни шу изларга қараб топмоғи керак бўлган изқуварга раҳмим келади.
Жон Голсуорси
Ҳақиқатнинг қиёфасини чизиш учун ҳамиша ҳам оқ рангдан фойдаланиб бўлмайди: у оппоқ қоғозда кўзга ёрқин ташланмаслиги тайин. Турфа ранглар жилоси ҳаётнинг хилма-хил манзараларини жонли гавдалантиришга имкон бериши билан бирга, кишини тириклик моҳияти ҳақида теран мушоҳада юритишга ундайди.
Ҳаётнинг асл муаммоси ким ёки нима? Шубҳасиз, инсон! Унинг руҳий дунёсини батамом очиш имкондан хориж бир ишдир. Инсон яралишининг ибтидосидаёқ ихтилоф юз берган. Шу боис тириклик дунёсида эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш бир лаҳза бўлсин тўхтамайди. Ҳақиқий жанггоҳ – руҳиятда. Жиноят – нафс амри, жазо эса Ҳақ ҳукмидир. Аслида, жиноятнинг илдизи қаерда ва жазо қачондан кучга кирган ўзи? Одам Ато жаннатдан қувғин қилинганиданми? Ёки Қобил ўз биродари Ҳобилнинг қотилига айланган кунданми? Фиръавннинг борлиққа ҳукмдори мутлақ бўлмоқ даъвосидандир балки? Қоруннинг хасису очкўзлигиданмикан ёки?.. Келинг, сўз санъати намуналари мисолида шулар ҳақда гаплашамиз.
Иқрор ва нажот
Фёдор Достоевский. Жиноят ва жазо. Тошкент, 2022.
Машҳур психолог Зигмунд Фрейднинг ёзишича, Фёдор Достоевскийнинг серқирра шахсиятига тўрт жиҳатдан ёндашиш лозим: ёзувчи, руҳий хаста, юксак тафаккур соҳиби ва гуноҳкор банда. Бу ҳайратомуз жумбоқнинг ечимини “Жиноят ва жазо” романидан – Родион Раскольниковнинг табиатидан излаб кўрайлик. Раскольников!.. Бутун борлиқ, бутун жамият уни жиноят ботқоғига тортиб кетади гўё. Бу ночор, телбаваш, одамови йигит ўз-ўзи билан узоқ руҳий мубоҳасалардан сўнг қотилликка қўл уради. Муқаддимадаёқ унинг кийинишидан тортиб юриш-туришигача, ўй-хаёлларию орзу-истакларигача – бари-бариси аллақандай мудҳиш, таҳликали воқеага ишора этади: “У шунчалар ночор кийинган эдики, ҳатто увада-сувада энгил-бошига ўрганиб, кўзи қотиб кетган одам ҳам куппа-кундузи бу аҳволда кўчага чиққани уялган бўлар эди”. Ана шундай тасвирларга кенгроқ ўрин бергани сабаблими, “ахлоқий масалаларда Достоевский жуда нўноқ” деган хулосага келади Фрейд.
Қаҳрамонини оғриқлар оламида, қийноқлар кўланкасида, изтироблар исканжасида вояга етказган адиб жамиятнинг умумий эстетик қонуниятларига бўйсунишни ҳам истамайди: Раскольниковга нисбатан янада шафқатсиз муносабатда бўлади. “У юрагини ҳовучлаган, титраб-қалтираган ҳолда баҳайбат бир бинонинг олдига келди...”. Унинг юрак ҳовучламаган, титраб-қақшамаган – руҳи ҳаловат топган бирор лаҳза борми ўзи романда? Йўқ! Инсониятнинг барча алам-андуҳларини қалбига сингдирган, ҳар қандай ситамга бардош бериш умиди ила яшамоққа маҳкум бу йигит қиссаси Исо Масиҳни ёдга солади. Унинг юрагини тирнаб ётган гаплар Семён Мармеладов тилидан юзага чиқади: “Бироқ, эй ҳакам, михла ва михлаб туриб унга раҳминг келсин!” Бу савдойи ва аксар ҳолларда ширакайф юрадиган одамнинг атрофдагилар – қовоқхонадагиларни руҳан уйғоқликка чорлаб айтганлари, аслида, ўз ҳаётига берилган қисқа, аммо ўта қайғули таърифдир: “Қайғу, қайғу изладим мен унинг тагидан, ҳасрат ва кўзёшлар изладим, тотиндим ва топдим”. Эвоҳ... Шарқ мумтоз адабиётидаги ботини ҳурликка йўғрилган ринд тимсолини эслатиб юборди-ку бу иқрорлар!
“Достоевский қаҳрамони – муаллиф иродасига бўйсундирилган объект эмас, балки субъектдир”, деган эди адабиётшунос Михаил Бахтин. Чиндан, ёзувчи Раскольниковни кузатиб, унинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилаётган изқуварга ўхшайди. У билан қадам-бақадам, изма-из юргандек, бир лаҳзага чалғиса ёки бир одим ортда қолса, қаҳрамонини йўқотиб қўядигандек. Раскольников йўқчилик ичида яшайди. Уни тўхтовсиз ўртаб, сарсон-саргардон қилган, ич-этини емирган безовта кечинмаларнинг илдизи аввало ана шу. “Йўқчилик, марҳаматли афандим, йўқчилик бу – иллат, ҳа, сиз камбағалликда ҳали ўзингизнинг туғма олийжаноб фазилатларингизни сақлаб қолган бўласиз, йўқчиликда эса уларни ҳеч қачон ва ҳеч ким сақлаб қола билмайди”, дейди Мармеладов. Достоевский ўз қаҳрамонини яхши кўради, уни оқлашни, барча гуноҳларини кундалик турмушнинг бўйнига илиб, Раскольниковга раҳм-шафқат назари ила боқишни истайди. Ўқувчини ҳам унинг гуноҳини кечиришга, қотилликка уни мажбур қилган ижтимоий, ахлоқий омилларни ҳисобга олишга ундайди.
Тўғри, “собиқ талаба” Раскольников – кўнгли бўш, содда, руҳан синиқ йигит. Аввал-бошда разилликка қўли бормайди, аммо атрофдагилар, вақт ва шароит борган сари аҳдини қатъийлаштиради. Ижара ҳақини тополмаслик, судхўр аёлнинг қайсар-инжиқ феъли, ниҳоят, муҳтожлик йигитнинг тоқатини тоқ қилади. Қовоқхонада зобит ва талабанинг суҳбатини (“Мен шу лаънати кампирни ўлдириб, бор-йўғини олиб кетган бўлардим, ўлдирганимга ачиниб, бундан қийналиб ҳам ўтирмасдим”) тасодифан эшитиб қолгач, ўз-ўзи билан курашларга нуқта қўяди. Эҳтимол, талаба бу гапни қизиққонлик ёхуд мақтанчоқлик важидан айтгандир. Бироқ бу Раскольниковга ўз иштибоҳини енгиш учун етарли эди.
Талаба айтганидек, “Ҳатто бит, ҳатто суварак ҳам ундан авлороқ, нега десанг, кампир жуда зарарли махлуқ”. Бу, албатта, Достоевскийнинг муносабати. Адиб ўз жамиятидаги нафс ўпқонига тушган, одамийлик қиёфасидан йироқ, олғиру тамагир кимсаларни судхўр кампир Алёна Ивановна тимсолида умумлаштиради. Ёзувчининг унга нафрати романда берилган портретдан тортиб характер тавсифигача яққол сезилади. Хуллас, ҳукм Раскольников эмас, ёзувчи томонидан ўқилади. Раскольников уни ижро этади, холос. Инсоф билан айтганда, ёзувчи – “қотил”, Раскольников – “қурбон”! Шу ўринда М.Бахтиннинг объект ва субъектга оид юқоридаги мулоҳазалари билан бемалол баҳслашиш мумкин.
Достоевский балки ҳақдир, аммо Раскольников бир эмас, икки одамни: кампир ва унинг синглиси – оқкўнгил, беозоргина Лизаветани ҳам ўлдирди-ку! Одамларнинг бошига болта билан ураётган йигитнинг ваҳший ва совуққон қиёфаси нигоҳларимизга ёпирилиб киради, қўрқув, ҳаяжон ҳисси бутун борлиғимизни эгаллайди. Ёзувчининг руҳий устунлиги шундаки, қанчалар тубан ишга қўл урганига қарамай, Раскольниковнинг айни чоқда қўлга тушиб қолмаслигини ҳам астойдил истайди ўқувчи. Ё Раб! Инсон – яратиқлар ичида энг олийси. Унинг қадр-қиммати, саодату иқболи ҳар недан азиз ва устун. Бу дунёнинг бори неъматлари инсон ва унинг фароғати учундир. Лекин судхўр кампир-чи, у инсон эмасмиди? Роҳату ҳаловатга ҳақли эмасмиди? Гап шундаки, одам ўз моҳиятидан йироқлашса, қалбини шайтоний ҳою ҳаваслар эгаллайди. Ўзгалар бахтсизлигидан – бахт, фожиасидан – толе кутган манфаатпараст кимсаларнинг ҳалокати эса муқаррар. Бу тоифанинг қилмишлари инсонлик аъмолига ётдир. Ёзувчи ана шу ҳақиқатни китобхонга, ҳатто қаҳрамонига теранроқ англатмоқ бўлади.
Раскольниковда ноҳақликка қарши исён руҳи устувор. Синглисига оғиз солган Пётр Лужинга “Камбағалнинг қизига уйланган маъқул, кейин унинг устидан ҳукм юритиш осон бўлади деб айтганингиз ростми?” дея қилган қаҳрли таъналари фақат ўз жигарига қайғуришдан айтилмагани аён. Қабоҳат уясига айланган жамиятни тузатмоқ даркор! Ёзувчининг айтмоқчи бўлгани шу. Бироқ Аркадий Свидригайловга ўхшаган одам қиёфасидаги махлуқлар, нокасу ножинслар бор экан, жамият дардига даво топиш имконсиздек...
Раскольников қалб ярасига малҳам қўядиган дардкашга муҳтож экан, қаттол турмушнинг нораво мажбуриятларини нозик елкасига ортган, шартаки ва меҳрибон Соня унинг ҳаётига кириб келади. Фақат муҳаббатгина аслиятингизни ёрқин кўрсатишга қодир! Раскольниковнинг “Мен фақат ҳеч кимга кераги бўлмаган, палид, зарарли битни ўлдирдим, холос” деган сўзларига Соня “Ҳали одам бит бўлдими сизга!” дея эътироз билдиради. Раскольников иқрор бўлади: “Мен ўзим ҳам биламан бит эмаслигини...”. Ўз-ўзига қарши бориб, гоҳ енгилиб, гоҳ зафар қозониб, иродасини таваккулга бўйсундирган ночор кишининг ожизона тавбаси, айтишга журъати ва қудрати етмаган ўкинчли иқрори бу... Уни жазодан нима қутқариб қолади? Одамларга ёрдам берганига оид васиқаларми? Айбини тан олишни истамай, синглиси Дуня олдида қилган қайсарлигими? Пушаймонликни роҳат билиб, тақдирдан иноят кутганими? Ҳеч нима!
Шарқ мумтоз адабиётида фано маслаги бор. Бу ўз қусурларини тўлиқ тан олиб, улардан холи бўлмоққа интилишни англатади. “Ўлмасдан бурун ўлмоқ”, яъни нафс қутқуларидан қалбни озод қилиб, руҳоний ҳурриятга ноил бўлиш истаги – фанонинг қатъий шартидир. Унга ахлоқий тарбиянинг юксак камолоти ила эришилади. Йўқ, биз Раскольниковни фонийвашлар қаторига сираям қўша олмаймиз. Уларнинг мукаммал эътиқодидан бу йигитда асар ҳам йўқ. Аммо ички бир овоз, афсус-надомат исканжасида ўзликка юз буриб, айбу гуноҳига иқрор бўлган эзгин юрак ноласи Ҳаққа, ҳақиқатга уйғун бўлади. Раскольниковнинг мана бу таслимияти эса китобхонни титроққа солмай қўймайди: “Мен кампирни эмас, ўзимни ўлдирдим!.. Бирйўла, сира, абадий бош кўтармайдиган қилиб ўлдирдим!..”
Мағлуб бўлган... Ғолиб
Теодор Драйзер. Америка фожиаси. Тошкент, 2018.
Чинакам даҳшатнинг илдизи – ҳодисалар силсиласида эмас, қалбда. Уни таг-туги билан суғуриб олишга инсон ожизлик қилади. Юракни ўткинчи истаклар, дунёвий майллардан буткул тозаламоқ учун эса фақат тамкин ва итоат эмас, ёлғизлик керак, ҳатто ўзингдан ҳам айро ёлғизлик... Тақдирнинг тартибли йўлларида азал қонунига бўйсунмаган саркашга жазо муқаррар. Адоқсиз жиноятларнинг “қолдиқ”лари атрофда сочилиб ётган, ижтимоий тенгсизлик ҳадди аълосига кўтарилган, ҳалоллигу тўғрилик, ҳиммату самимият – нуқсон, олғирлигу товламачилик, шахсиятпарастлигу киборлик – фазилат саналган жамиятда ҳамма айбни яккаш Клайд Грифитсга тўнкамоқ ахлоқ тамойилига мос келадими? Ҳаётнинг пасту баландига кўникиб улгурмаган ёшгина йигитнинг гуноҳлари улкан ва қудратли мамлакатнинг фожиаси сифатида талқин этилиши инсофданми?.. Бу беҳуда ачиниш ҳисси аралашган овоз фақат китобхонники, холос. Ёзувчининг мақсад-муддаоси эса чўнг мушоҳадага чорловчидир. Қоронғидан туйқус чиққан одам қуёш нурларига тоб беролмайди, унга кўникмоқ учун вақт керак, лекин у зулматга ҳам қайта олмайди. Клайд шундай оралиқда қолиб кетган ихтиёрсиз йўловчидир.
Ёзувчи Теодор Драйзер китобхонни воқеаларнинг тўлиқ иштирокчисига айлантирмайди. Ровий ўлароқ ҳикоя қилади, рассом каби жонли манзаралар чизади, файласуф бўлиб “фожиа”нинг сабабларини изоҳлайди. Сираси, адиб романда ҳамма масъулиятни ўз зиммасига олади.
Клайд Грифитс – томоша учун мудом эрмак излайдиган, ўзгаларнинг бахтсизлигидан роҳат топадиган оломоннинг заҳарханда кулгиси боис руҳияти мажруҳ бўлиб улғайган шахс. Адиб қаҳрамонлари тақдирини оила муҳити билан боғлаб талқин қилади. “Оила бошлиғи бўлган Эйса Грифитс... истеъдоддан унчалик ёлчимаган ва тутуруқсиз одам бўлиб, ўз муҳити ва диний ақидалар таъсирида суяги қотган, мустақил фикр юритишга ноқобил... бунинг устига узоқни кўра билиш ва чапдастликдан маҳрум эди”. Клайд “сезгирлиги ва хаёлпарастлиги билан кўпроқ отасига тортган”.
Маҳдуд қарашлар исканжасида, эрку ҳурриятдан маҳрум, турғун қолиплар ичида ўсиб-улғайган одамга ҳаёт китобининг янги саҳифаларини кўрсатиб, инон-ихтиёрини буткул ўзига ташлаб қўйиш – калтабинликдир. Тириклик ҳақидаги тасаввурлари заха еган бу нотавон ўзи ҳали таниб улгурмаган “бошқа дунё”га мансуб кимсаларнинг яшаш тарзини қандай идрок қилсин?! Йўқчилик чангалидан чиқиб кета олмаган, эҳтимол, ҳаётини ўзгартиришни ўзи ҳам истамайдиган ночору ғариб оиланинг одатий турмуши, отасидан фарқли ўлароқ, Клайдда исён уйғотади. Исён умид ва ишончга уйғун бўлса – дуруст, аммо аламзадалик ва худпарастликдан куч олса – хайрсиздир. Шу маънода опа-ука Эста ва Клайднинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари бор: яхши ва енгил ҳаёт орзуси. Иккисининг ҳам қисматида яқинлик бор: алдов ва алданиш. Аммо Клайд тақдир измига жимгина бўйсуниб, бошқаларнинг етовига тушиб, уларнинг ортидан индамай кўниб кетавермайди. Мактабда қойиллатиб ўқий олмайди, таҳсилни ташлайди. Омадини тирикчиликнинг хилма-хил кўчаларидан излайди. Ёшлигиданоқ у кўниккан тор тушунчалар, ўзи тушунмай тўтиқушдек тўхтовсиз такрорлаб келган дуо ва илтижолар, асл ҳаётдан йироқ ақидалар алалоқибат ёлғону фаҳш, хиёнату ғирромликни умри мазмунига айлантирган бераҳм кимсалар орасида йўқликка юз тутади. Муҳит кучли, ундан оралаб ўтган ҳар кимга “қозоннинг қораси” юқади. Клайднинг руҳиятидаги ўзгаришлар изчил, тадрижий кўрсатилади.
Ҳаёт уммонининг икки қирғоғи бор: бири ҳашамат ва тўкинлик, бошқаси харобот ва ғариблик. Бирида завқу муҳаббат, ўзгасида қайғу ва азоб. Клайдни фаровон ҳаётга ташналиги учун айблаш инсофдан бўлмас, эҳтимол. У болаликнинг оғриқли хотиралари, ўксик ўтмишининг оғир занжирларини узиб кета олмайди. Бошида “кўнгли хунук ва бемаъни нарсаларни кўтармаганидан ўзини ниҳоятда паст ва гуноҳ иш қилгандай сезарди”. Бироқ бора-бора ҳамма-ҳаммаси алланечук жозибали, ҳузурбахш кечинмалар уйғотади. Тўғри-да, нафс неники чиройли ва мафтункор қилиб кўрсатса, одам унга маҳлиёлик ҳисси билан боқади. “Бир нафснинг ишини етмиш шайтон қилолмайди”, деган эди Шарқ мутафаккири Носируддин Рабғузий. “Америка фожиаси”да ҳам Клайд ахтарган дунё дастлаб танноз ва ҳаёсиз Гортензия кўринишида турланиб-тусланади. Кейин эса... тасвирлар аста-секин айқаш-уйқаш бўлиб кетади.
Т.Драйзер ахлоқий камолот ва маънавий таназзулда жамиятнинг ўрнини Клайд образи мисолида ёрқин очиб беради. Унинг Роберта билан ишқий муносабати, бечора қизнинг умрига зомин бўлишини ғайриоддий ҳол дейиш хато. Робертанинг ижтимоий мақоми ҳам Клайдникига монанд. Уятчан, босиқ ва ҳуснда тенгсиз бу қизни ҳам фабрикага қашшоқлик етаклаб келган эди. Орзу-истаклар йўлида машаққатлардан қўрқмайдиган жасур қиз эди Роберта... Клайд-чи? Унинг мақсадлари моҳияти бора-бора ўзгарган, дастлаб йўқсилликдан қутулиш учун ҳаракат қилган бўлса, кейин киборлар давраси уни тобора мафтун қилади. Йигитнинг мудҳиш хатоси ҳам шу эди.
Буюк Алишер Навоий дейдики, “Нафсингға хилоф айлаким, тинғайсен”. Нафсга қарши бориш – ўз-ўзингни инкор қилиш демак. Клайд ўзини инкор қиладиган аҳволда эмасди. Робертани эса инон-ихтиёрини бегонанинг қўлига осонликча топшириб қўядиган енгилтабиат қиз деб бўлмайди. Муҳаббатнинг сархуш хаёллари бу ожизани беихтиёр эҳтироснинг жўшқин, бироқ озорли қучоғига етаклайди. Клайд эса мавқе, мартаба борасидаги орзулари рўёбини бадавлату донгдор Финчлилар оиласининг ҳали бўй етмаган эркатой қизи Сондра тимсолида кўради. Киборлар олами расм-русумларига кўникаётган Клайд учун инсон қадрининг сариқ чақалик қимматга лойиқ кўрилмагани ҳам китобхонга энди ажабланарли туюлмайди. Бойлик ва обрў-эътибор васвасаси қалбни ишғол этар экан, меҳр, муҳаббат ва шафқат туйғулари хира тортади. Робертанинг сувга ғарқ этилиши, Клайднинг буни совуққонларча кузатиб туриши, жиноятини яширишга уриниш... Ҳақиқат юзага чиққач, бу ҳақда бутун Америка гапиради, журналистлар бонг уради. Аммо Клайдни улғайтирган муҳит, Робертани вояга етказган шароит хусусида биров ўйлаб ҳам кўрмайди.
Ҳақнинг инсонга инъом этган иноятларидан бири – тавба, тавбанинг натижаси – кўнгил ҳаловати. Клайднинг Мак Миллан таъсирида тавба-тазарруга берилиши ҳам оғриқли, ҳам ҳузурли. Ёшлигида кўр-кўрона такрорлаб юрган дуолар моҳиятини у ўлимга ҳукм қилингач англаб етади. Мана, унинг сўнгги хати: “Худо даргоҳига киришим учун менга халал берадиган бирорта ҳам тўсиқ қолдирмадим. Биламан, гуноҳларим кечиб юборилган, чунки мен маънавий устозим билан виждонан ва очиқ муносабатда бўлдим ҳамда мен ҳақимдаги бутун ҳақиқат Худонинг ўзига аёндир. Мен ўз бурчимни адо этдим, ғолиб чиқдим”.
Барча бирдек айбдор
Габриэль Гарсиа Маркес. Ошкора қотиллик қиссаси. Тошкент, 2022.
“Дунё дунё бўлиб яралибдики, шунча кўп одам аввалдан билган бундай ошкора қотиллик режасини ҳали биров эшитмаган эди”. Габриэль Гарсиа Маркес “Ошкора қотиллик қиссаси”да ўқувчини мавҳумот олами аро сайр қилдирмайди, билъакс, унинг тоқату иродасини синовдан ўтказади. Асарнинг шунчаки варақлаб, кўз югуртирибгина ўқиладиган саҳифалари йўқ – синчиклаб, сатрма-сатр, сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, ҳижжалаб мутолаа қилинади бу қисса. Сарлавҳада акс этган масала воқеалар ривожи давомида ҳал этилиши-ку тайин, аммо қиссанинг эпиграфи китобхонни ўйга толдиради: “Такаббурлик билан ҳам меҳр-муҳаббат қозониш мумкин”. Португал адиби Жил Висентедан олинган бу кўчирма “Ошкора қотиллик қиссаси”нинг қайси қаҳрамонига қаратилган: Сантьяго Насаргами, бош роҳибгами ёхуд Байярдо Сан Романга?..
Маркес асарларида Лотин Америкасининг бир қадар тушунарсиз, пала-партиш – ахлоқий емирилишлар гирдобида ўзини сақлаб қолишга уринган турмуш тарзи, иродасизлик ва эътиқодсизликдан юраклари ҳувиллаб қолган ҳовлиқма одамларини гўё ёрқин тасвирларда – кинотасмаларда томоша қилгандек бўлади одам. Худди бу воқеалар биз яшаб турган оламдан анча узоқда, бутунлай ўзга бир дунёда юз бергандек.
“Ошкора қотиллик қиссаси”да ҳам қаҳрамонлар қандайдир бегона: тийиқсиз эҳтирослардан толиқмаган Мария Алехандрина Сервантес; қилмишларини бошқалар билиб қолиб, жиноят йўлидан қайтаришларини жудаям истагану “эриниб”гина қотилликка қўл урган ака-ука Пабло ва Педро Викариолар; шаънини оқлаш илинжида умри сўнгига қадар ўзи тўқиган “айбнома”га содиқ қолган Анхела Викарио; аламзадалик ва нафрат алангасида қоврилган нотавон Виктория Гусман...
“Адабиёт ҳаётнинг ўзидан кўра ҳаётийроқ бўлиши керак” дейди инглиз ёзувчиси Жон Голсуорси. Шундаймикан? Адабиёт – ҳаёт, ҳаёт эса адабиёт эмасми? Испан адиби Сантьяго Гамбоанинг ёзишича, пойтахт боготаликлар Колумбиянинг “Ошкора қотиллик қиссаси” воқеалари кечган Атлантика соҳилидаги шаҳарчаларга мамлакатнинг энг овлоқ ҳамда қолоқ бир қисми сифатида беписандлик билан қарарди: “Карибу испан, Африкаю араб анъаналари қоришиб кетган ва “коррончо” дея камситилувчи бу минтақа аҳолиси танбаллигу судхўрлик, уруғ-аймоқчилик, ичкиликбозлигу лоқайдлик иллатлари”дан сира-сира қутула олмасди.
Қандайдир сохта, ясама қонуниятлар амал қиладиган бу маконда тизгинсиз ва безовта арвоҳлар кезиб юргандек туюлади. Ўзига бино қўйган, шуҳратпараст, “хўроз тожидан қилинган шўрвани ёқтирувчи” епископни ойу кун санаб кутадиган одамларнинг умидсиз қиёфаси эса янада аянчли. Йўқ, бу одамларнинг ҳаммаси ҳам атрофда юз бераётган воқеаларни таҳлил қила олмайдиган даражада нўноқ ва қобилиятсиз эмас. “Ҳали кўрасан, – дейди Сантьягога онаси, – епископинг кемадан бир зумга тушишни ҳам ўзига эп кўрмайди. Доимгидай узоқдан туриб дуо қилади-да, ўз йўлига равона бўлади. Бу қишлоқни кўрарга кўзи йўқ унинг”. Буни бошқалар билмайдими? Билади, албатта. Унда тонг саҳардан соҳилни тўлдириб, азбаройи эътиқодини бош роҳибга кўз-кўз қилиш ва унга бўлган меҳр-муҳаббатини изҳор этиш учун ҳар йили бир хилда тушунарсиз фидойилик кўрсатишнинг боиси нимада? Сантьягонинг айтганлари саволга жавобдир: “Буларнинг бари сохта, аммо барибир хаёлингни ўғирлайверади”.
“Менга таянч нуқтани кўрсатинг, Ерни қўзғатаман” деган эди Архимед. Замонавий шоирларимиздан бири “Эътиқод – дунёнинг таянч нуқтаси” деб ёзади. Эътиқод нима ўзи? Ишонч! У бўлмаган жойда ҳамма нарса қуруқ, юзаки ва ҳавойиликка эврилади. Оломон ўзи кўр-кўрона яратган муваққат сафсаталарга алданиб яшайверади. Тобора тўкилиб-чўкиб бораётган муҳитда эса бемаъни одатлар ҳукмронлик қила бошлайди. Якранг ҳаёт тарзи фақат кундалик тартибларни эмас, балки жамият ахлоқий тамойилларининг чегара, қолипларини ҳам белгилаб беради.
Гарчи “қаттиққўл онасининг ҳушёр назорати остида” ўсган бўлишига қарамай, Анхела Викарионинг бокира эмаслиги маълум бўлгач, етилиб келган фожиа гўё ҳамма-ҳаммани ўз домига тортиб кетади. Бугина эмас, ишқ-муҳаббатнинг ҳаётбахш қудратидан йироқ, фақат манфаатга кўра бунёд бўлган оилаларда ота-онанинг ўзаро ҳиссиз муносабати фарзандлар руҳиятига ҳам кўчади. Шу сабабли қиссада жўшқин ва самимий севги ришталари билан мустаҳкам боғланган некбин қаҳрамонларга дуч келмаймиз. “Анхела Викарио муҳаббатсиз эрга тегиб бўларканми дегандай ўпкаламоқчи бўлган эди, онаси унинг оғзидан олиб, ёқасига ёпиштирди-қўйди: “Муҳаббат деганинг тўйдан кейин ҳам келаверади”.
Бошқаларнинг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашишга ўрганмаган, калондимоғ ва худбин Байярдо Сан Роман қиздан розилик сўраб ҳам ўтирмайди, фақат қишлоқдаги қайси уй унга ёқишига қизиқади, холос. Уйни эса сўққабош Ксиусни мажбурлаб, ҳоли-жонига қўймай сотиб олади: Анхелага ёққани учунгина эмас, бу ҳаётда ҳамиша энг яхши, ўзгалар ҳавас қиладиган нарсаларга эга чиқишга одатланганини кўрсатиб қўйиш учун... Инсонни бу ҳаётга боғлаб турадиган муқаддас қадриятлар бор. Одам агар улардан айрилса, бутун борлиқ маъно-моҳиятини йўқотади. Аёли оламдан ўтгандан кейин Ксиус ўз уйида, ёруғ хотираларнинг фараҳбахш оғушида умр кечирарди. Саодатли дамларни ёдга солгувчи уй ҳаёт шомида ҳазин сокинлик ичра ўзигагина суяниб яшаётган ёлғиз чол учун айни тирикликнинг ўзи эди. Дунёни ўз манфаати қобиғидан ташқарида тасаввур қила олмайдиган такаббур Байярдога эса булар аҳамиятсиз ва арзимас бўлиб туюлади. Уйи сотилгач, икки ой ўтар-ўтмас Ксиуснинг бандаликни бажо келтириши ҳам уни заррача қизиқтирмайди.
Асарда қотиллик юз берган куннинг тафсилотлари миридан-сиригача ёритилган. Атрофда содир бўлажак фожиа ҳақида эшитмаган, билмаган одам қолмайди. Ҳатто Сантьягонинг ўзи ҳам эшитади бу ҳақда. Бепарволик, лоқайдлик шу даражага етганки, юз бериши муқаррар бўлган қотилликнинг олдини олишга ҳеч ким ҳаракат қилмайди. Севгилиси Флора Мигель ҳам Сантьяго Насарни уйига киритмайди. Ака-укаларнинг пичоқ кўтариб югуриб келаётганини кўрган муштипар она ўғлини уйда деб ўйлаб, эшикни тамбалаб қўяди: “Сантьяго Насар эсон-омон уйига кириб олиши учун атиги бир сония, балки лаҳзагина лозим эди, аммо шундоққина рўпарасида эшик тақа-тақ ёпилди...”
Фожиада қиссадаги барча қаҳрамонлар бирдек айбдор. Лоқайдлик ва бепарволик, такаббурлик ва худпарастлик илдиз отган жамиятда инсонийликка ўрин қолмайди. Сантьягонинг қотили, шубҳасиз, ана шу ёвуз иллатлар эди.
* * *
Умуман, ҳар учала асардаги мудҳиш одамкушликлар асл қотил – жамиятнинг мудҳиш қиёфасини очиқ-ошкор кўрсатади. Даҳшатлиси шундаки, бу аёвсиз қаттол дастидан ҳеч кимга, ҳатто унинг ўзига ҳам ҳаловат ва омонлик йўқ. Қурбон қандай жазога мустаҳиқ этилса, жаллодга ҳам шу – ўлим, бирига – жисман, иккинчисига – руҳан... “Жиноят ва жазо”да такаббур жамиятнинг бешафқат қонунлари, “Америка фожиаси”да кибор жамиятнинг васвасаю дабдабаси, “Ошкора қотиллик қиссаси”да эса лоқайду бефарқ жамиятнинг ўта совуққонлиги қурбонлардан аввалроқ жаллодларнинг ўзига ҳукм ўқийди.
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Жазо жозибаси” мутолааси
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Жараён
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ