Ўрта асрлар Шарқ Уйғониш даврида Туркистон ва Онадўли (Кичик Осиё) минтақалари ўртасидаги алоқалар нафақат дипломатик ёки савдо муносабатлари, балки энг аввало, мустаҳкам илмий ришталар билан характерланади. Гарчи кўп ҳолларда Туркистондан Онадўлига йўл олган уламолар ҳақида сўз юритилса-да, тарихнинг олтин саҳифаларида Ғарбдан Шарққа – ўша даврнинг чинакам илм марказлари бўлмиш Самарқанд ва Бухоро каби Туркистон шаҳарлари томон талпинган Онадўли олимларининг излари ҳам кам эмас.
Ушбу интилишнинг асосий сабаби – ўша даврда Туркистон шаҳарларининг ислом олами ва жаҳон илм-фанининг бош марказига айлангани эди. Онадўлининг турли бурчакларидан йўлга чиққан толиби илмлар ва етук уламолар учун Туркистон тупроғи математика, астрономия, фиқҳ ва тасаввуф илмларининг энг соф ҳамда юксак чўққилари ўрганиладиган муқаддас маскан саналган. Бу жараён икки минтақа ўртасида ўзига хос “маърифат кўприги”ни вужудга келтирди.
Анадўлидан Туркистонга келиб, бу ердаги ноёб илмий муҳитда камол топган ҳамда ҳам Туркистон, ҳам кейинчалик Усмонли илмий тафаккурига улкан ҳисса қўшган сиймолар ҳаёти ва фаолиятига назар ташласак.
Мусо бин Маҳмуд – Қозизода Румий.
Тарихда Қозизода Румий номи билан машҳур бўлган олимнинг асл исми Мусодир. У илмли оилада таваллуд топган бўлиб, Бурса қозиси бўлган отаси Хўжа Афандининг вафотидан сўнг, бобоси Қози Маҳмуд Чалабий тарбиясида камолга етгани учун “Қозизода” лақаби билан танилган. Мусо дастлабки диний ва ақлий илмларни бобосидан ҳамда Султон Мурод I даврининг машҳур олими Мулла Фанорийдан ўрганди. Билимга бўлган иштиёқи уни бобосининг шогирдларидан бири Бадриддин Симавий билан бирга Коняга етаклади. Бу ерда у машҳур астроном Файзуллоҳ Мунаққиддан астрономия сирларини ўрганди. Шунингдек, унинг Онадўлидаги устозлари сафида Сафаршоҳ ар-Румий ҳам бор эди.
1400 йилларнинг бошида, ҳатто яқинларининг қаршилигига қарамай, устози Мулла Фанорийнинг рағбатлантириши билан Мусо Туркистон ва Хуросон минтақасига йўл олади. 1411 йилдан эътиборан у илм-фан чорраҳаси бўлмиш Самарқандда даврнинг энг йирик сиймолари – машҳур каломшунос ва математик Саййид Шариф ал-Журжоний дарсларида қатнашади. Бироқ, Қозизоданинг ҳар бир масалага ўта аниқлик – математик нигоҳ билан қараши кўп ўтмай устози билан ўрталарида илмий ихтилоф келтириб чиқаради. У Журжонийнинг машҳур “Шарҳул-Мавоқиф” асаридаги айрим фикрларни кескин танқид қилиб, устозининг дарсларини тарк этади. Ривоят қилинишича, шунда Журжоний шогирди ҳақида: “Қозизоданинг табиатида риёзиёт (математика) ғолиб келди”, дея хитоб қилган экан.
Ушбу эътироф билан Журжоний борлиқ ҳақидаги билимларни ўрганишда кенг қўлланиладиган анъанавий табиий ва каломий (фалсафий-диний) услубга қарши ўлароқ, Қозизода соф ҳандаса (геометрик) ва риёзий ёндашувни афзал кўрганини таъкидламоқчи бўлган. Дарҳақиқат, Қозизоданинг кейинги фаолияти ва бирорта ҳам соф каломий мавзуларда асар ёзмагани унинг табиатида мантиқий-математик тафаккур нақадар устун бўлганини тасдиқлайди.
Самарқандда Мирзо Улуғбек билан танишган Қозизода қисқа фурсат ичида ҳукмдорнинг юксак ҳурматини қозониб, унинг шахсий устозига айланди. Кўп ўтмай у Улуғбек мадрасасининг бош мударриси ва Ғиёсиддин Жамшид Кошийдан сўнг машҳур Самарқанд расадхонасининг раҳбари этиб тайинланди.
Қозизода дарсларида ҳатто Мирзо Улуғбекнинг ўзи ҳам оддий талабадек иштирок этар, олим эса ҳар қандай шароитда ҳам илмий эркинлик ва адолатни биринчи ўринга қўярди. Тарихий манбаларда келтирилишича, бир сафар Улуғбек у билан маслаҳатлашмай бир мударрисни вазифасидан озод қилади. Бунга норозилик сифатида Қозизода дарс беришни тўхтатиб қўяди. Ҳайрон бўлган ҳукмдор сабабини сўраганда, у шундай жавоб беради:
“Мен мударрисликни қоида бўйича асоссиз бўшатиш кўзда тутилмаган, дахлсиз бир вазифа деб билар эдим. Бироқ бу ишда ҳам ўзбошимчалик билан бўшатиш қўлланилишини кўриб, ўз ихтиёрим билан вазифани тарк этдим”.
Ушбу қатъиятли жавобдан сўнг Улуғбек хатосини тушуниб, мударрисни ишига қайтаради ва бошқа ҳеч қачон бундай иш такрорланмаслигига ваъда беради. Шундан кейингина Қозизода яна дарс хонасига қайтади.
Қозизода Румий риёзиётга бўлган ташналиги сабабли ушбу илм энг гуллаган ўлка – Туркистонга келган эди. Улуғбекнинг унга кўрсатган юксак илтифотида ҳам айнан мана шу илмий яқинлик, муштарак мақсадлар муҳим рол ўйнади. Қозизода нафақат Туркистонда илм ёйди, балки ўз шогирдларига Онадўли ўлкасига боришни тез-тез тавсия қилиб турди. Унинг даъватлари натижасида Али Қушчи ва Фатҳуллоҳ Ширвоний каби етук олимлар кейинчалик Онадўлига йўл олдилар. Улар ўзлари билан Самарқанд математика ва астрономия мактабининг бой тажрибасини олиб бориб, Усмонли илмий муҳитини янги босқичга олиб чиқишди.
Мавзу доирасида фақат Қозизода Румийни эслаш етарли эмас. ХV асрнинг яна бир етук сиймоси Мавлоно Фатҳуллоҳ Ширвоний ҳам ўз даврининг машҳур “рум олими” сифатида Туркистон сари йўл олган эди. У бу ерда Саййид Шариф Журжонийдан диний ва фалсафий (нақлий ва ақлий) илмларни ўрганди. Математика ва астрономия сирларини эса бевосита Самарқандда Қозизода Румийнинг ҳузурида ўзлаштирди. Ширвоний Туркистонда тўплаган илм бойлигини кейинчалик яна ўз ватани – Рум ўлкасига қайтиб, у ерда ёйишга киришди.
Яна бир диққатга сазовор шахс – Мавлоно Али бин Юсуф ал-Фанорийдир. У ёшлик чоғларидан илмга бўлган чексиз муҳаббати сабабли шарқ мамлакатларига сафар қилади. Фанорий бир муддат илм-фан марказлари бўлмиш Ҳиротда, сўнгра Самарқанд ва Бухорода истиқомат қилади.
Али Фанорий Туркистоннинг фозил олимларидан таълим олиб, юксак илмий даражага етишгач, унга ушбу табаррук ўлка мадрасаларида мударрислик қилиш шарафи берилади. Бир неча йил давомида Туркистон талабаларига дарс бериб, бу ердаги илмий муҳитнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ вақт ўтиши билан яна ўз она юрти – Онадўли тупроғига қайтади.
Али Фанорий она юртига қайтгач, Туркистонда орттирган бой билимларини ёйишга астойдил киришди ва қисқа вақт ичида бутун Онадўлида машҳур олим сифатида танилди. Унинг илмий салоҳияти шунчалик юқори эди-ки, ҳатто Усмонли султони Фотиҳ Султон Муҳаммадга қарата: “Модомики, Фанорий хонадонидан бирор киши уламолар орасида ва вилоятингизда бўлмас экан, салтанатингизнинг муҳим ишларида комил қудрат ва матонат кўринмас”, дея таъкидланган эди. Бу эътироф Туркистонда шаклланган илмий тафаккурнинг давлат қудрати учун нақадар муҳим бўлганини кўрсатади.
Замондошларининг юксак баҳоси ва олимнинг иқтидори султон эътиборидан четда қолмади. Фотиҳ Султон Муҳаммад Бурсадаги Манастир мадрасасини бошқаришни кунлик эллик ақча маош билан Фанорийга топширди. Орадан кўп ўтмай, унинг илмий даражаси ўсиши билан маоши олтмиш ақчага кўтарилиб, нуфузли Муродия мадрасасига мударрис этиб тайинланди. Олимнинг фаолияти фақат таълим билан чекланиб қолмади: унга дастлаб Бурса қозилиги, сўнгра давлатнинг энг юқори суд-ҳуқуқий лавозимларидан бири — қозиасқарлик рутбаси берилди.
Туркистон шаҳарларида илм ва ҳақиқат истагида бўлган яна бир машҳур анадўлилик сиймо – Шайх Илоҳийдир. У Онадўлининг Симав қасабасида дунёга келиб, илм таҳсилини Истанбулдаги машҳур Зайрак мадрасасида бошлаган. Тақдир тақозоси билан устози Мулла Али Тусий Эрон ва Туркистон томон йўл олгач, Шайх Илоҳий ҳам устозининг ортидан сафарга чиқади. Кирмон вилоятида устози билан учрашиб, унинг ҳузурида зоҳирий илмларни мукаммал эгаллайди ва олий мударрислик (мавлавийлат) даражасига етади.
Бироқ кўнглидаги руҳий ташналик уни илмнинг бошқа бир чўққисига — тасаввуф оламига етаклади. Ривоят қилинишича, Шайх Илоҳий дунёвий ва зоҳирий илмлар жамланган барча китобларини ё сувга отиш, ё оловда ёқиш ҳақида ўйлаб турганда, ҳужрасига бир номаълум фақир кириб қолади. Унинг маслаҳати билан Шайх барча китобларини сотиб, пулларини муҳтожларга тарқатади ва фақатгина тасаввуфга доир битта китобни ўзи билан олиб, Самарқанд томон йўл олади.
Самарқандга келгач, Шайх Илоҳий ўша даврнинг маънавий раҳнамоси, Нақшбандия тариқатининг буюк пири Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор хизматига киради. Улуғ пирнинг дуоси ва зикр талқини билан мушарраф бўлгач, руҳий камолотни давом эттириш учун Бухорога – Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қабрини зиёрат қилиш учун йўл олади. У ерда ўтказган вақтлари Шайх Илоҳий ҳаётининг энг нурли саҳифаларига айланди; у маънавий иршод (йўлланма) олиб, сўфийликнинг юксак мартабаларига эришди.
Маълум муддатдан сўнг у яна Самарқандга қайтиб, Хўжа Аҳрор суҳбатларидан баҳраманд бўлди. Пирнинг кўрсатмаси билан яна Онадўли ўлкасига қайтишга қарор қилди. Қайтиш йўлида Ҳиротда тўхтаб, буюк шоир ва мутафаккир Мавлоно Абдураҳмон Жомий билан ҳам суҳбатдош бўлди. Румга (Онадўлига) қайтгач, ўз ватанида Туркистоннинг бой маънавий хазинасини ёйишга киришди. Унинг ҳузурига ҳар тарафдан илм ва маърифат излаб келган олиму сўфийлар оқиб кела бошлади.
Онадўлидан Туркистонга маънавий устоз излаб келган яна бир олим — Шайх Исмоил Ширвонийдир. У ҳам Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга шогирд бўлиш ниятида Самарқандга келади. Бир неча йил давомида Туркистон илмий ва сўфийлик муҳитида тоблангач, устози ижозати билан Маккайи Мукаррамага йўл олади.
Султон Боязид II даврида Онадўлига қайтган Ширвоний ўзининг ҳайбатли шахси, виқори ва ҳақиқат йўлидаги қатъияти билан танилди. У нафақат тасаввуф аҳли, балки кучли муфассир (Қуръон шарҳловчиси) ва муҳаддис (ҳадис илми олими) сифатида ҳам ислом оламида катта ҳурмат қозонди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўрта асрларда Онадўли ва Туркистон ўртасида шаклланган илмий ҳамда маънавий алоқалар туркий цивилизациянинг яхлит бир вужуд эканини исботловчи тарихий далилдир. Қозизода Румий, Шайх Илоҳий ва Али Фанорий каби уламоларнинг Ғарбдан Шарққа қилган сафарлари шунчаки саёҳат эмас, балки икки минтақани илм жиҳатидан бирлаштирган “маърифат кўприги” эди. Туркистон мадрасаларида сайқалланган аниқ фанлар ва руҳий таълимотлар кейинчалик Онадўлида нафақат илм-фаннинг, балки Усмонли давлати бошқарув тизимининг ҳам юксалишига хизмат қилди. Бу тарихий ришталар бугунги кунда ҳам туркий халқларнинг илмий ва маданий ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевор ва ўрнак бўлиб қолмоқда.
Абдуллажон УСМОНОВ,
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти
Тарих
Жараён
Жараён
Тарих
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ