Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан Туркия Республикасига уюштирилган этнофольклор экспедицияси давомида номоддий маданий мерос билан бир қаторда маданий мерос ва музейлар ҳам тадқиқ этилди. Истанбулдаги Айюб Султон жоме масжиди (1558 йилда қурилган), Али Қушчи ёдгорлиги, Аё София масжиди (537), Тўпқопи сарой-музейи (1459), Султон Аҳмад масжиди (1616), Шонлиурфадаги Гўбектепа археологик ёдгорлиги, Балиқликўл қадамжоси, Аданадаги Шермуҳаммад қўрбоши ёдгорлиги, Кўнёдаги Мавлоно Жалолиддин Румий музейи, Алоуддин масжиди, Аё Елена музейи (327) ва бошқа тарихий масканлар зиёрат қилинди.
Истанбулда деярли барча соҳаларга доир музейлар мавжуд. Уларнинг энг улуғвори, шубҳасиз, Тўпқопи (Тўпли дарвоза) сарой-музейидир. Султон ҳар гал саройга кирган ва чиққанда тўп отилгани боис унга шу ном берилган.
1479 йили Султон Муҳаммад томонидан қурилиши бошланган сарой ХIХ аср ўрталарига қадар турк султонларининг қароргоҳи сифатида хизмат қилган. Шу йиллар мобайнида 25 ҳукмдор мамлакатни бошқарган. Манбаларда саройда 4-5 мингга яқин киши яшаб хизмат қилгани қайд этилган. Султон ошхонасида бир вақтнинг ўзида мингга яқин ошпаз ишлаган. Бир йилда саройга 30 мингта жўжа, 23 минг бош қўй, 14 минг бош бузоқ келтирилган.
Тўпқопи музейи чинни идишлар сони бўйича Пекин ва Дрезден саройларидан сўнг учинчи ўринда туради. Бу ерда 10 мингдан зиёд буюм сақланади. Сарой Туркия Республикаси ташкил этилганидан сўнг Мустафо Камол Отатуркнинг буйруғига биноан 1924 йил 3 апрелда музейга айлантирилган. 1854 йили Босфор соҳилида европалик меъморлар иштирокида “Дўлмабоғча” саройи қурилгач, Тўпқопининг сиёсий роли камайган бўлса-да, рамзий ва диний аҳамиятини йўқотмаган.
Султон Абдулмажид ҳукмронлиги даврида сарой илк маротаба чекланган омма учун музей сифатида очилган. Инглиз элчисига Тўпқопи хазинасидаги буюмлар кўрсатилганидан сўнг мамлакатга келган меҳмонларни бу ерга таклиф этиш анъанага айланган.
UNESCOнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Тўпқопи сарой-музейида қадимий қўлёзмалар, чинни буюмлар, қурол-яроғлар, султонлар кийим-боши сақланади. Саройда сақланаётган артефактлар усмонийлар маданияти, эстетик диди ва илм-фанга эътиборидан далолат беради.
Тўпқопи фақат ҳашамати билангина эмас, балки ўша замон сирларини ўзида сақлагани билан ҳам тарихга кирган. Бунга Олтин панжара деб аталмиш бино мисол бўла олади. Бу ерда асосан тахт ворислари истиқомат қилган. Меросхўр шаҳзодалар бир-бири билан асло учрашмаган. Улар 18 ёшга қадар саройда тарбияланиб, кейинчалик мамлакатнинг турли вилоятларига юборилган. Шаҳзодаларнинг кўпчилиги сарой фитнасининг қурбонига айланган. Уларнинг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар саройдан ташқарига чиқмаган, сирлигича қолган.
Ёнғин кўп рўй бергани боис сарой мунтазам равишда таъмирлаб келинган. Шу сабабли ҳам иншоотда ҳар бир султоннинг ҳиссаси бор дейиш мумкин.
Тўпқопи архитектураси билан диққатни тортади. Усмоний империясининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи музейда Византия ва салжуқий меъморчилиги излари ҳам мавжуд. Саройнинг тўрт ҳовлили тузилмаси марказлаштирилган бошқарув тизимини ифодалайди. Ҳар бир ҳовли ижтимоий табақаланиш тамойилига мос равишда ташкил этилган. Меъморий жиҳатдан ҳандасавий нақшлар, арабий ёзувли безаклар ва турк гумбаз услуби уйғунлашган. Бағдод, Реван ва Ифтор павильонлари усмонийлар ғалабалари шарафига қурилган.
Сарой-музейда асрлар давомида жамланган моддий ва маънавий бойликлар намойишга қўйилган. Мунаққаш залларда хаттотлик, мусаввирлик, заргарлик, саҳҳофлик, аслаҳасозлик ва халқ амалий санъатининг бебаҳо намуналари, қиймати мамлакатлар бож-хирожига тенг дуру жавоҳирлар сақланмоқда. Ислом тарихи ва санъати бўлимидан эса Иброҳим (а.с.) косаси, Мусо (а.с.) ҳассаси, Довуд (а.с.) шамшири, Юсуф (а.с.) салласи, Муҳаммадга (с.а.в.) тегишли муборак хирқа, соч, тиш, қилич, мактуб, оёқ изи каби ноёб экспонатлар ўрин олган.
Кумуш панжара билан ўралган бўлмада Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (с.а.в.) хирқайи саодатини (туя юнгидан тикилган, ўлчами 1 метру 24 см) кўриш мумкин. Ривоятларга қараганда, бир мажлисда шоир Каъб гўзал ашъор ўқиган. Шеърдан таъсирланган Расулуллоҳ (с.а.в.) саодатманд шоирни алқаб, эгниларидаги хирқани унга туҳфа қилганлар. Ардоқли ҳадяни шоирнинг авлодлари кўз қорачиғидек асраб-авайлаган, кейинроқ халифа Муовия уни 20 минг тангага сотиб олган. Шу тариқа муборак либос асрлар давомида араб сулолалари бисотида сақланган. Султон Салим 1517 йили Миср мамлукларини енггач, хирқани Истанбулга келтирган.
Музейдан жой олган ҳар бир экспонатнинг ўз тарихи бор. Зумрад ва олмос билан безатилган, дастаси учида соат яширилган Тўпқопи ханжари усмонийлар даври ҳунармандлари маҳоратини акс эттиради ва дунёдаги энг қимматли ханжарлардан бири ҳисобланади.
Тўпқопидаги энг диққатга сазовор ёдгорликлардан яна бири Султон Муҳаммад Фотиҳ тахтидир. Улуғвор тахт олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган.
Музейда темурийлар даврига оид ноёб қўлёзмалар ҳам сақланади. Хусусан, Ҳофизи Абрўнинг “Мажмуа” (Ҳирот, 1415), Низомиддин Абул Маоли Насруллонинг “Калила ва Димна” (Ҳирот, 1429), Атторнинг “Ситта” (Ҳирот, 1438) асарлари; шеърий тўплам (Язд, 1407), Низомий Ганжавийнинг Юсуф ал-Жомий томонидан кўчирилган “Хамса”си (1445) шулар жумласидан.
Мирзо Улуғбекнинг ўйма нақшли ёғоч сандиқчаси, Камолиддин Беҳзод қаламига мансуб “Шоҳ ови” миниатюраси, оқ нефрит ва олтин безакли, дастаси аждаҳо бошли пўлат қилич ва қин (ХV аср) Тўпқопида сақланаётган темурийлар даврига оид амалий ва тасвирий санъатнинг ноёб намуналари ҳисобланади.
Хуллас, сарой-музей Туркиягина эмас, балки бутун инсоният цивилизациясининг бебаҳо манбаси ҳисобланади. Музей экспозицияси фақат тарихий артефактлар тўпламигина эмас, балки усмонийлар империясининг сиёсий ва маданий хотирасини жамлаган илмий тизимдир. Бу буюмлар орқали ўтмишнинг моддий ва маънавий қадриятлари ўрганилиб, инсоният тарихидаги энг йирик империялардан бирининг маданий портрети тикланади. Бу жиҳатдан музей экспозицияси тарих, санъатшунослик, антропология фанлари учун муҳим манбадир.
Жасурбек АҲМЕДОВ,
тарих фанлари бўйича
фалсафа доктори, доцент
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Тўпқопи: тарих ва тамаддун” мақоласи
Тарих
Жараён
Жараён
Тарих
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ