Ўрта асрларнинг Ғарб ва Шарқни боғлаган энг ёрқин маънавий кўприкларидан бири – венециялик сайёҳ Марко Полонинг хотираларидир. 1254 йили туғилган заковатли бу италян савдогари нафақат тижорат йўлларини, балки инсоният тарихидаги энг ҳайратомуз цивилизацияларни кашф этди. Унинг ХIII асрда Туронга қилган саёҳати шунчаки қуруқ маълумотлар тўплами эмас, балки ўша давр руҳини, садосини ва жозибасини бугунги авлодга етказувчи жонли тарихдир.
Пололар оиласининг Шарқ сари интилишига нафақат заргарлик ва тўқимачилик савдоси, балки юксак дипломатик миссия ҳам сабаб бўлган эди. 1266 йили буюк мўғул хоқони Қубилайхон (1210–1294) Николо ва Маттео Пололарни қабул қилар экан, Рим папасига императорликка насроний пешволарини юбориш ва Исо Масиҳ қабридан муқаддас мой келтириш ўтинч қилинган мактубни топширади. Шу тариқа, ёш Марко ўз яқинлари билан бирга Ипак йўли бўйлаб Элхонийлар давлати, Эрон ва Туркистоннинг чексиз текисликлари, ваҳимали тоғлари-ю қақраган саҳролари оша узоқ йиллик сафарга отланади. Улар дастлаб Ормуз орқали денгиз йўлини режалаштирган бўлсалар-да, кема носозлиги сабабли йўналишни қуруқлик орқали – Турон ичкарисига ўзгартирадилар.
Сайёҳ Турон табиатини тасвирлар экан, зиддиятларга бой манзараларни чизади. Хуросон даштларидаги сув танқислиги, нафасни бўғувчи иссиқ ва одамни ютиб юборгувчи қуюқ қумлар йўловчини кутаётган илк синовлар эканини таъкидлайди. Бироқ, йўл уни Бадахшон ва Помир сари бошлаганда, манзара тубдан ўзгаради. Марко Бадахшоннинг шифобахш ҳавосини кўкка кўтариб: “Ҳатто энг оғир хасталар ҳам бу тоғлар ҳавосидан нажот топади”, деб ёзади. У бу ернинг маҳобатли лаллари (балас ёқутлари) ва македониялик Александр (мил. авв. 356–323) зотидан тарқалган, ўзининг чопқирлиги ва гўзаллиги билан ажралиб турувчи тулпорлари ҳақида тўлқинланиб сўзлайди.
Помир – “Дунё томи” эса уни ўзининг ваҳимали гўзаллиги билан лол қолдирди. Ўн икки кунлик масофага чўзилган бу кенг текисликда ҳаво шунчалик сийрак эди-ки, Марко оловнинг пастдаги каби иссиқ эмаслигини, унинг ранги бошқачалиги ва овқат пишириш қийинлигини синчковлик билан қайд этади. Бу ерда у кейинчалик ўз номи билан аталадиган, юксак чўққиларда яшовчи улкан ёввойи қўйларни (Овис Аммон Поли) учратади. Помирнинг қаҳратон совуғида на бир учаётган қуш, на бир тирик жон кўзга ташланарди. Водий эса борган сари тик қияли дораларга айланиб, сайёҳни Туркистоннинг гавжум шаҳарлари сари етакларди.
Марко Поло хотираларида Туроннинг энг гўзал шаҳри сифатида “Сонмаркан” (Самарқанд) гавдаланади. У шаҳарни “олийжаноб ва буюк” деб таърифлаб, унда беҳисоб боғлар ва ер юзидаги барча турдаги мевалар мавжудлигини ёзади. Сайёҳ Самарқанддаги диний бағрикенгликни алоҳида эътироф этади: шаҳарда мусулмонлар ва насронийлар бир-бирига нисбатан юксак тоқат билан яшашган. У ҳатто бир мўжизани – черков қуришда мусулмонлардан олинган устун-тош олиб ташланганда ҳам, гумбазнинг мўъжизавий тарзда муаллақ туриб қолганини ҳайрат билан баён қилади.
Бухоро ҳақида сўз кетганда, Марко уни Форс шаҳарларидан-да юксак қўяди. У мамлакатни Бароқхон бошқараётганини қайд этади ва Амударёни “Жон” ҳамда “Гейжон” номлари билан атаб, унинг сувлари “Глевешелан” (Каспий-Гилон) денгизига қуйилишини ёзади.
Сайёҳ Турон халқинининг “дунёдаги энг гўзал гиламларни тўқиши”га тан беради. Шимолий ҳудудларда яшовчи кўчманчиларнинг айлана шаклидаги, кигизли ўтовлари ҳамда уларнинг араваларда ташиладиган қулай конструкцияси европалик сайёҳ учун ғоят янгилик эди. У уйларнинг кириш қисми ҳамиша жанубга қаратилганини ҳам пайқаган.
“Каркон” (Фарғона) аҳолисининг санъат ва ҳунармандчиликдаги маҳорати, пахтадан тикилган кийимлари ва мотам маросимларида хитойликлардан фарқли ўлароқ қора либос кийишлари унинг диққатидан четда қолмайди. Кошғар ва Хўтан ҳудудларида эса дарёлардан олинадиган нефрит (яшма) тошлари ва ипак савдоси гуллаб-яшнаган. Шу билан бирга, Марко Туркистоннинг шарқий чеккаларидаги бир ғалати одатни ёзиб қолдирган: агар эркак киши сафарга чиқиб, 20 кундан ортиқ дарак бермаса, аёл киши бошқа эрга тегиш ҳуқуқига эга бўлган. Лўбнўр (Лоп Нор) чўлларидаги ғойибдан келувчи ва йўловчиларни адаштирувчи, гўё руҳлар чақираётгандек туюлувчи сирли садо-ю товушлар эса асарга мистик жозиба бағишлайди.
Марко Поло асари нафақат география, балки Туронлик сиймоларнинг жаҳон сиёсатидаги ўрни ҳақида ҳам сўзлайди. У Қубилайхоннинг энг нуфузли вазири – асли Бухоро ёки Фанокатдан бўлган, салтанат молиясини бошқарган Аҳмад ҳақида батафсил тўхталади. Шунингдек, 122-бобда бухоролик саркарда Насрадиннинг (Насриддин) жасорати тасвирланади. У 12 минг отлиқ аскари билан Мянма (Бирма) қиролининг жанговар филларига қарши курашда маҳорат кўрсатиб, ўзининг ҳарбий тактикаси билан ғалабага эришади. Полонинг ёзишича, бу ғалаба Турон жангчиларининг нақадар моҳир эканлигини исботлаган.
Бугунги кунда Париж миллий кутубхонасида 1116-сон остида сақланаётган ушбу қўлёзма – шунчаки саргузашт эмас, балки Европанинг Шарққа бўлган қарашини ўзгартирган инқилобий асардир. Маълумки, Христофор Колумб янги дунёга йўл излаганида айнан Полонинг битикларидан асосий маълумотнома сифатида фойдаланган. Инглиз тарихчиси Ҳенрй Юле таъкидлаганидек: “Поло – бутун Осиёни кезиб чиққан, “пардали” Хитойнинг юзини очган ва Осиё, Жава, Сейлонгача бўлган сирли ўлкаларни дунёга танитган буюк сайёҳлардан биридир”.
Марко Полонинг ҳайратга тўла сатрларида муҳрланган Турон – бу қудратли, маданиятли, бой ва бағрикенг бир ўлка сифатида тарих саҳифаларида мангу қолди. Унинг қаламига мансуб “Дунё хилма-хиллиги ҳақидаги китоб” ҳамон инсониятни мозийнинг сирли йўлларига чорлаб келмоқда.
Зафар ШАМСИДДИНОВ,
тадқиқотчи
Адабиёт
Тарих
Тарих
Жараён
Жараён
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ