Адабиёт
Қадимги Юнонистоннинг ғубор босган сўқмоқларида, зайтун дарахтлари соясида Эзоп исмли донишманд қул тингловчиларига жўнгина бир ривоят сўзлаб беради. Унинг қаҳрамонлари шоҳлар ёки илоҳлар эмас, балки икки митти кемирувчидан иборат бўлади. Ҳикоя балки сизга танишдир: Бир куни қишлоқ сичқони шаҳарлик қариндошини меҳмонга чорлайди. Дастурхонда фақат камтарона неъматлар — арпа, ловия ва тоза сув тортилади. Шаҳарлик меҳмон бурнини жийириб: «Дўстим, сен шунчаки тириксан, холос. Яшамаяпсан. Юр мен билан, ҳақиқий лаззат нима эканлигини кўрасан!», дея хитоб қилади. Улар шаҳарга, бой зодагоннинг ҳашаматли хонадонига йўл олишади. Дастурхон усти ҳақиқий жаннатни эслатади: энг сархил пишлоқлар, асал, гўшт, анжир... Қишлоқи сичқон ҳаётида бундай ноз-неъматни кўрмаган бўлади. Аммо улар эндигина бир тишлам ейишганда, оғир эман эшиклар ғичирлаб очилиб, хонага улкан итлар ва одамлар бостириб киради. Сичқонлар жон талвасасида девор ковагига ўзини уради. Юраги қинидан чиққан, нафаси бўғзига тиқилган қишлоқ сичқони ўша лаҳзада ўзининг машҳур хулосасини айтади:
«Мен кетдим. Сенинг асалинг ҳам, гўштинг ҳам ўзингга сийлов. Менга ўзимнинг тинчгина арпам афзал. Қўрқув ичида ейилган асалдан кўра, хотиржам тановул қилинган ловия минг марта ширинроқдир».
Масал шу ерда якунланиб, Эзоп сукут сақлайди. Аммо инсоният мана 3000 йилдирки, бу ҳикоянинг сўнгги нуқтасини қўя олмаяпти. Бу шунчаки эртак эмас, балки инсон руҳининг энг оғриқли дилеммаси: Хавфсиз зерикишми ёки хавфли лаззат? Келинг, бу саволга жавоб излаб, тарих ва тафаккур бўйлаб хаёлий вақт саёҳатига отланамиз.
1-бекат: Эпикур боғларидаги сукунат (Миль. авв. 300 йил)
Вақт машинамизни эрамиздан аввалги III асрга, Афинадаги сокин боғга қўндирамиз. У ерда бизни файласуф Эпикур қарши олади. Кўпчилик бугун «эпикуризм» деганда маишатни, кайф-сафони тушунади ва бу тарихнинг энг катта туҳматларидан биридир, десам ёлғон бўлмас. Аслида Эпикур қишлоқ сичқонининг энг катта ҳимоячиси ва унинг «адвокати» бўлган.
Эпикур дастурхонида гўшт йўқ, фақат нон ва сув мавжуд. У шогирдларига қараб шундай дейди: «Лаззатнинг энг олий даражаси бу – танадаги оғриқ ва руҳдаги безовталикнинг йўқлигидир». У буни «Атараксия» деб атарди.
Эпикур наздида шаҳарлик сичқон бадавлат эмас, у шунчаки бахтсиздир. Сабаби унинг лаззати «қўрқув» валютасида харид қилинган. Файласуфнинг мантиғи оддий: агар бир тишлам пишлоқни ейиш учун сиз озгина бўлса ҳам хавотирни ҳис қилсангиз, у пишлоқнинг таъми заҳар билан тенглашади. Демак, қишлоқ сичқони қўрқоқ бўлиб қочиб кетмади, аксинча, у антик дунёнинг энг донишманд қарорини қабул қилди. У англаб етдики, «тинчлик» таъми дунёдаги энг ширин асал таъмидан устунроқдир.
2-бекат: Рим саройи ва Сенека (Милодий I аср)
Аммо... саёҳатимиз ҳали анча давом этади. Энди Рим империясининг олтин даврига, император Нероннинг ҳашаматли саройига йўл оламиз. Бу ерда бизни стоик файласуф Луциус Анней Сенека кутиб олади. Сенека Эпикурдан фарқли ўлароқ, камбағал бўлмаган. Аксинча, у империянинг энг бой кишиларидан бири саналган. У шаҳарлик сичқон каби яшаб, лекин қишлоқ сичқони каби фикрлаган. Қизиқ парадокс, шундай эмасми?
Сенека Эзоп масалига бошқа ракурсдан назар ташлайди. У шаҳарлик сичқонни бойлиги учун эмас, балки унинг боғланиб қолгани учун айблайди. Стоиклар наздида муаммо «пишлоқ»да эмас, балки «пишлоқни йўқотишдан қўрқиш»дадир.
Сенека ўзининг Лусилийга битган мактубида буни шундай аниқ таъкидлайди: «Камбағал – бу оз нарсага эга бўлган одам эмас, балки кўп нарсани хоҳлайдиган одамдир».
Агар шаҳарлик сичқон ўша бойлик ичида яшаб туриб, «бугун бор, эртага йўқ» деган хотиржамлик билан овқатланганда, у итлар бостириб кирганда қўрқмасди. У шунчаки, «Хўш, зиёфат тугади, энди кетиш вақти келди,« дея хотиржам ковакка кириб кетган бўларди. Сенека бизга учинчи йўлни таклиф қилади: Шаҳарда яшаш, лекин қалбда қишлоқлик бўлиб қолиш. Бойликка эга бўлиш, лекин унинг қулига айланмаслик.
3-бекат: Германия ва Шопенгауэр маятниги (ХIХ аср)
Эпикур тинчликни улуғлади, Сенека бойликдан қўрқмасликни ўргатди. Лекин келинг, ўзимизга ростини айтайлик: Нега қишлоқ сичқони барибир шаҳарга интилаверади? Нега биз тинчгина «арпа» еб ўтиролмаймиз?
Вақт машинамизни ХIХ аср Германиясига, «пессимизм қироли» бўлмиш Артур Шопенгауэрнинг хонасига йўналтирамиз. У бизга Эзоп масалининг ечими йўқлигини, бу шунчаки тугамас айлана эканлигини уқтиради. Шопенгауэр шундай ёзади: «Ҳаёт – бу азоб ва зерикиш орасида тебраниб турувчи маятникдир».
Мулоҳаза қилиб кўринг: Қишлоқ сичқони хавфсиз жойда, унинг қорни тўқ, итлар йўқ. Лекин тез орада унга нима бўлади? У зерикади. Ҳаёт маъносиз ва бир хил туюла бошлайди. Шунда у ўзгаришларни ва «асал»ни қўмсаб қолади (шаҳар томон интилади). Шаҳар сичқони эса лаззат оғушида, лекин у доимий стресс ва рақобат исканжасида. У тинчликни орзу қилади (қишлоқ томон интилади).
Демак, инсон табиати шундай яратилганки, биз ҳеч қайси дастурхонда узоқ ўтиролмаймиз. Қишлоқда зерикишдан қочамиз, шаҳарда эса стрессдан. Биз худди ўша икки сичқон каби, бу икки қутб ўртасида умрбод сарсон бўлишга маҳкуммиз. Балки, Эзопнинг фожиаси ҳам шундадир? Танловнинг ўзи йўқдир?
4-бекат: Париж канализацияси ва «Рататуй» исёни (ХХI аср)
Лекин келинг, тан олайлик, тинчгина арпа еб ўтириш ҳам кимлар учундир ўлим билан баробар. Ахир инсон фақат хавфсизлик учун яралмаганку? Бизда яна бир очлик бор – амбиция, яъни нимадирга эришиш очлиги. Вақт машинамизни замонавий Парижга, «Pixar» студияси яратган оламга олиб борамиз. Бу ерда биз Эзоп масалига энг кучли раддияни берган бошқа бир кемирувчини, каламуш Ремини учратамиз.
Ёдингиздами, Ремининг отаси Жанго (классик қишлоқ сичқони) ўғлига нима деганди? «Овқат – бу шунчаки ёнилғи. Агар ёнилғини танлайверсанг, очингдан ўласан». Реми эса бунга рози бўлмайди. Унинг учун хавфсиз чиқиндидан кўра, ўлим хавфи остидаги лаззат ва қўзиқорин ҳиди афзалроқ. Унинг машҳур жавоби эса шундай янграйди: «Одамлар шунчаки тирикчилик қилмайди, улар кашф этади, яратади... Уларнинг овқат билан нималар қилишини бир кўр!»
Агар ҳамма Эпикурга қулоқ солиб, тинчгина арпасини еб ўтирганда, инсоният ғордан чиқармиди? Буюк санъат, илм-фан ва кашфиётлар ҳар доим «қулайлик зонаси»ни тарк этган, итлар ва қопқонлардан қўрқмаган «тентак»лар томонидан яратилганку? Реми бизга хавф бу – лаззатнинг нархи эмас, балки ҳаётнинг таъми эканлигини эслатади.
Якуний бекат: Чўнтакдаги шаҳар
Саёҳатимиз ўз якунига, бугунги кунга етиб келди. Ҳозирги манзара қандай? Бугун биз «Шаҳар сичқони» бўлиш учун узоққа боришимиз шарт эмас. Шаҳар шундоққина бизнинг қўлимиздаги қора ойнада, смартфонимизда яшайди.
Ижтимоий тармоқлар – Эзоп тасвирлаган ўша чексиз, тўкин дастурхон. Ҳар куни Instagram ва LinkedIn орқали бизга ўзгаларнинг «мазали ҳаёти», муваффақияти ва дабдабаси намойиш этилади. Биз ҳам ўша дастурхондан бир тишлам олишга, «лайк»лар ва эътироф кўринишидаги пишлоқни татиб кўришга интиламиз. Лекин унинг бадали нима? Хавотир.
Биз худди ўша сичқон каби, ҳар бир билдиришнома келганда, «кимдир мендан ўтиб кетмадимикин?», «биров мени муҳокама қилмаяптимикин?» деган доимий талвасада яшаяпмиз. Бизнинг дофаминимиз кўп, лекин кортизолимиз (стресс гормони) ундан ҳам кўпроқ.
Хўш, ким ҳақ эди?
Тинчгина арпасини еб, асабларини асраган Эпикурми? Бойлик ичида зоҳид бўлишни ўргатган Сенеками? Ёки «ёнилғи егандан кўра оч қолганим яхши» деган исёнкор Ремими?
Эзоп бизга ҳукм ўқимади, у фақат вазиятни кўрсатди. Бугунги кунда ҳам ҳар биримиз тонгда уйғонганда шу танлов қаршисида турамиз: Хотиржамликни танлаб, амбициялардан воз кечишми ёки катта ўйинларга кириб, ҳаловатни қурбон қилишми?
Дунёда ягона тўғри жавоб йўқ. Фақат битта қоида ўзгармасдир: Қайси дастурхонни танламанг, унинг ҳисобини тўлашга тўғри келади. Арпанинг нархи зерикиш бўлса, асалнинг нархи хавотирдир.
Сиз қайси бирини тўлашга тайёрсиз?
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ