Дастлаб мустамлакачи империя, сўнг совет ҳукумати янги усул мактаблари миллий маданиятни ўстиришидан чўчиди, подшо ҳокимияти ва кейинги даврда СССРнинг асл мақсадлари учун хатарли деб баҳолади. Шунинг учун ҳам янги усул мактабларининг фаолиятини чекловчи турли тадбирлар кўрди.
1912 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги янги усул мактаблари ва эскича анъанавий таълим муассасалари устидан назоратни янада кучайтириш мақсадида фармойиш чиқаради. Ушбу фармойишдан бош мақсад жадидларнинг таълимдаги ва янги усул мактаблари фаолияти устидан қатъий назоратни мустаҳкамлаш эди. Фикримиз исботи сифатида ушбу фармойишдаги чора-тадбирлар мазмунини кўриб чиқишнинг ўзи етарли:
1. Эндиликда янги усул мактаблари Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурияти расмий тасдиқ рухсатисиз очилмайди;
2. Жадид мактаблари бошқарув фаолияти сиёсий жиҳатдан ишончли деб ҳисобланган шахсларга берилиши, яъни мактабни фақат ҳукумат назоратига тўла таянадиганлар бошқариши лозим;
3. Бу мактабларда фақат империя цензура назорати тасдиқлаган китоблар қўлланилиб, ўқув жараёнида рус цензурасидан ўтган дарслик ва адабиётларгина ишлатилади;
4. Рухсатсиз мактабларни очган шахслар мактаб очишдан узоқ муддатга маҳрум қилинади;
5. Янги очилган жадид мактаби қайси миллатга хизмат қилса, ўқитувчилари ҳам шунга мос бўлиши талаб этилади. Яъни, ўқитувчилар ва мактабнинг миллий таркиби бир хил бўлиши;
6. Янги очиладиган мактабларни рўйхатга олиш ва назорат қилиш Туркистон генерал-губернаторлиги маҳаллий полицияси ва маъмурий органлари томонидан рўйхатга олиниб, уларнинг рухсатисиз фаолияти тақиқланади...
Туркистон ўлкаси маъмурияти томонидан қўлланилган чоралар натижасида 1910–1911-ўқув йили давомида 50 дан ортиқ янги усул мактаби фаолиятига чек қўйилди. Лекин бу турдаги мактаблар сони ўсишда давом этди. 1918 йилгача Ўзбекистон ҳудудида 104 та “янги усул” мактаблари бўлиб, уларда 10 минг 343 нафар ўқувчи таълим олган.
72 кун яшаган Туркистон Мухторияти ҳукумати азоси, маориф вазири Носирхон тўранинг бир неча бор қамоққа олиниши ва сургун қилиниши қисматини эслайлик! 1925 йил Носирхон тўра “советларга қарши сиёсий фаолият олиб боргани учун” деган сохта айблов ва туҳматлар билан (1928 йилгача) Оренбургга сургун қилинади. У кейинги ҳибс – 1930 йил 27 ноябрда СССРнинг давлат хавфсизлиги бўйича махсус органи қарори билан отишга ҳукм этилади. Шунингдек, Носирхон тўра сафдошлари ва шогирдларига ҳам ўлим жазоси берилган. Чунки ундан таълим олган ёшлар ҳам улғайгач ўзлари мактаб очиб, ёш авлодни илмли қилишга уринишган.
Носирхон тўранинг шогирдларидан бўлган Мубашширхон тўра (1896–1977) ҳаёти давомида ислом фиқҳи ва тарихига оид 47 та асар ёзади, мактаблар очади, таъқиб кучайгач ватанни тарк этишга мажбур бўлади (1930). Яна бир шогирди – йирик олим, адиб ва таржимон Олтинхон тўра (1894–1992) ҳам советлар тузуми тазйиқи сабаб ватанни тарк этади (1932). “Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий”да мударрислик қилган Олтинхон тўра Қуръони карим маъноларини илк бор ўзбек тилига таржима ва тафсир қилган.
Совет ҳокимияти таълим сиёсатининг мақсади асосан Россиядан ташқари ҳудудларда “арзон ишчи қатламини” ташкиллаштириш бўлган. СССРнинг 1930 йил 14 августда қабул қилинган “Умумий мажбурий бошланғич таълим ҳақида” қонунига кўра, 8–10 ёшли болаларни бошланғич мактабларнинг камида 4 йиллик курси ҳажмида умумий мажбурий ўқишга жалб этиш, 11–15 ёшли меҳнат мактабининг 4 йиллик босқичида ўқимаганлар учун тезлаштирилган 1-2 йиллик ўқишлар ташкил этиш, саноат шаҳарларида эса 1930-1931-ўқув йилидан 7 йиллик мажбурий мактабга тортиш масалалари кўрсатилган эди.
Таълим тизимини ёғийлар назорат қилмаган даврда жадид зиёлиларимиз ўз миллий таълим андозалари ва яратган дарсликлари асосида қисқа фурсатда халқнинг ҳатто ҳарф танимайдиган асосий қисмининг саводини чиқара олди. Туркия ва Европага таълим учун жўнатилаётган ёшлардан хавфсирашни бошлаган империяси хорижда ўқиётган туркистонликлар, уларни ким ва қандай йўллар орқали юборгани, ҳомийлари, у ерда қайси фанлардан таҳсил олаётгани ва кимлар билан учрашаётгани ҳақида кунлик ҳисобот йиғади.
Совет ҳокимияти янги усулдаги таълим тизими ютуқларини кўргач, жадидларнинг кейинги натижаларини чамалади. Шунинг учун ҳам маориф тизимида қатағон сиёсатини амалга оширди. Биргина мисол, 1933 йил 27 мартда ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ўқитувчи кадрлар сафини тозалаш ҳақидаги махсус қарор қабул қилади. Амалда таълим тизимининг фидойи ходимлари, сифатли таълим бераётган ўқитувчилар соҳадан четлатилади – яъни қатағон қилинади. Совет тузуми андозасидаги таълим тизимини ўрнатиш учун миллий кадрларни йўқотиш амалга оширилади. Совет ҳокимияти ҳаттоки чет элга (Туркия, Германия, …) ўқишга жўнатилган талабалардан совет давлати учун айғоқчилик қилишни талаб қилиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бош тортган талабалар таътил вақтида уйларига қайтганда сиёсий айбловлар қўйилиб қамоққа олинган ёки ўқишга қайтиб боришини чеклаб қўйишган. Ўз ватанидаги бундай қатағончилик сиёсатидан хабар топган айрим талабалар ўша давлатларда қолишга мажбур бўлишган.
Совет ҳукуматининг Ўзбекистон маориф тизимида олиб борган қатағон сиёсати 3 босқичда амалга оширилди:
1-босқич, ўзгача фикрловчиларни аниқлаб, уларни жазолаш;
2-босқич, оила аъзоларини жазога тортиш;
3-босқич, қатағонга учраган шахсларнинг устози ёки ўқувчиларини қатағон қилиш.
Советнинг таълим тизимида юритган асл сиёсатига оид янги маълумотлар тадқиқотчилар томонидан манбалар асосида жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Хусусан, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Юлдуз Турсунованинг тадқиқотига кўра, биргина 1929–1941-йилларда Ўзбекистон ССР маорифи соҳасида фаолият юритган жами 391 маориф ходимлари жиноятчи сифатида айбланиб, қатағон қилинган. Қатағонларнинг ижтимоий мавқеи таҳлил этилганда, улардан 78 нафари Маориф халқ комиссарлиги бошқаруви ходимлари, 21 нафари мактаб раҳбарлари, 168 нафари ўқитувчи, 18 нафари ўрта махсус ўқув юртлари раҳбарлари, 18 нафари ўрта махсус ўқув юртлари ўқитувчиси, 22 нафари олий ўқув юрти раҳбарлари, 53 нафари профессор ўқитувчилар ва бошқалар бўлган. Бу биргина тадқиқотчи томонидан (жадидлардан ташқари) аниқланган қатағон рақамлари (1929–1941-йиллардаги).
Иккинчи жаҳон уруши даврида эркак ўқитувчиларнинг армияга чақирилиши ва кўплаб мактаб биноларининг госпиталларга айлантирилиши сабаб дарслар уч сменада олиб бориладиган, ҳар бир дарс давомийлиги 35–40 дақиқа қилиб белгиланди. Мусиқа ва расм дарслари олиб ташланди. Энг катта муаммо, уруш бошланишидан олдин, 1940 йил май ойида ЎзССР Олий совети томонидан “Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алфавитдан рус графикаси асосидаги янги ўзбек алфавитига кўчириш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани эди. Аввалгилари йиғиб олингани, янги ёзувдагилари чоп этишга улгурилмагани сабабли дарсликлар етишмаслиги содир бўлди. Уруш оқибатида Ўзбекистонга миллиондан ортиқ бола эвакуация қилиниши ортидан болалар уйлари очилиб (1943 йил 154 та, 1945 йили 242 та), уларни ўқитиш масаласи ҳам кўрилди. Ва бутун совет давлатлари ҳудудида ўқитувчиларнинг етишмаслиги даврнинг энг катта муаммоси сифатида майдонга чиқди, кейинги 10–15 йилликда ҳам давом этди.
1956 йил 15 июндаги қарор қабул қилингунига қадар мактаб таълими ҳам пулли эди. Бундан кўзланган мақсад бюджетни тўлдиришгина бўлиб қолмай, (Иккинчи жаҳон урушидан кейин иқтисодиётини тезроқ қайта тиклаш учун) арзон ишчи кучи ҳам эди – ота-оналар фарзандларини ўқитиш учун ҳам кўпроқ ишлашга рози (мажбур) бўларди.
Урушдан сўнг совет ҳукумати Швеция таълим тизимини ўзида жорий этишни бошлади. Швеция мактабларида ўқиш 1930 йилдан 7 йил, 1950 йилдан эса 8 йил мажбурий деб эълон қилинганди. Совет ҳокимияти томонидан 1949 йилда қабул қилинган қонунга биноан умумий мажбурий 7 йиллик таълим тизимига ўтилди. 1962-1963-ўқув йилидан бошлаб эса 7 йиллик мактаблар қайта ташкил этилиб, 8 йиллик мактабларга айлантирилди. Уруш йиллари ва ундан кейинги даврда Ўзбекистон ҳудудига кўплаб корхоналарнинг кўчириб келингани, янги заводларнинг очилиши натижасида арзон ишчи кучига эҳтиёж янада ортди. Шу сабабли касбга ўргатиш техникумлари сони кўпайтирилди.
Мактаб ёшидаги ёшларни ўн йиллик умумий ўрта таълимга ўтказишга 1975 йили, яъни совет ҳокимияти ўрнатилгандан деярли 60 йил ўтибгина эришилган. Ваҳоланки, АҚШ ХХ асрнинг бошларига қадар 8 йиллик таълимдан фойдаланган. 1929 йилда Америкада иқтисодий инқироз бошланиб, ишсизлик натижасида инфлация энг юқори даражага чиқади. Шундай вазиятда АҚШ ҳукумати оммавий ишсизликни, очарчилик ва 8 йиллик таълимни битириб, мустақил ҳаётга қадам босаётган ёшларни асраб қолиш мақсадида 1930 йилдан тўлақонли 12 йиллик таълим олишни бошлайди. Нафақат АҚШ, ривожланган Европа ва Осиё давлатлари ўз миллий таълим тизимини ярата олган бўлса, СССР доимо бошқа давлатларнинг таълим тизимини кўчириш орқали ўзлаштирган ва ҳеч қачон ўз миллий таълим дастурини яратмаган.
Ўзбекистон ССР асосан пахта етиштиришга йўналтирилган бўлиб, мустақиллик эълон қилингунига қадар, 75 йил давомида эрта баҳордан (чигит экилиши) декабрь ойигача пахта меҳнат жараёнларига мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар жалб қилинган. Пахтадан бошқа дала меҳнатларига ҳам. Пахта “марказ сиёсати” деб аталиб, белгиланган режалар бажарилмагунига қадар далалардан қайтиш ман этилган. 75 йил давомида ва ҳатто 90-йилларда ҳам “ўқитувчиларни ва ўқувчиларни мажбурий меҳнатдан қайтариш, уларни фақатгина таълим беришга йўлтирилиш лозим” деган фикрни билдирган ҳар қайси педагог ёки таълим тизими мутасаддиси жамиятдан бутунлай йўқ қилинган. Совет ҳукуматининг бу сиёсати таълим тизимига алоқадор ҳар бир шахснинг жазодан қўрқиш муҳитини шакллантириб, марказнинг ҳар қандай топшириғи муҳокама қилинмасдан бажарилиши шарт деган тушунчанинг ўрнатилишига хизмат қилди.
Мустақиллик арафасида Ўзбекистон мактабларидаги фанларда миллийликка эътибор бошқа совет республикалариникига нисбатан анча орқада эди. Яъни, мустамлака давлатларга нисбатан таълим тизимида ҳатто фанларга ажратилган дарс соатларида ҳам халқаро тажрибалардан фарқли, марказ режаларининг ўрнатилишини қаттиқ назорат қилган. Фикримиз исботини география фани дарси мисолида кўришимиз мумкин. География фанига ажратилган дарс соатлари ўқув йили давомида СССР Халқ таълими давлат комитетининг буйруғига биноан 12 соат билан чекланган. Аммо Латвия, Литва, Эстонияда 68 соат, Украина ва Грузияда 34 соат, Қозоғистонда 24 соат белгиланишига мустамлакаларнинг ўзлари эришган. Бизда бошқа давлатлар сингари миллий жасорат кўрсатиш ўрнига, комитетнинг 12 соатлик белгиланган “режа”си бажарилган. Бошқа жумҳуриятлар маориф соҳаси мутасаддилари дарс соатларини кўпайтиришга эришган бир пайтда, бизникилар “комитет буйруғини “аъло” даражада бажаряпмиз” деб марказга ҳисоботлар бериб, тизимни қўшниларимиздек мустақил ислоҳ қилмаган.
Ўқитувчиларга берилган айрим имтиёзлар баҳонасида халқаро майдонда совет ҳукуматининг таълимга ва ўқитувчиларга муносабатини ижобий кўрсатиш ҳолатлари шаклланган эса-да, тизим ич-ичидан емирилганди. Советдаги 75 йил шаклланган муаммолар 90-йилларда ҳам давом этгани тарихдан яхши маълум. Биргина мисол, 1994 йилда республикадаги 2214 та мактаб ихтиёрида 3541 гектар экин майдони, 518 гектар боғ мавжуд бўлган. Айни шу йилнинг ўзида бу майдонлардан 2500 тонна пахта, 630 тонна ғалла ва 282 тонна дон маҳсулотлари етиштирилиши билан бир қаторда, 25190 тонна полиз маҳсулотлари ва мева, 50 тонна ерёнғоқ, 516,5 тонна шоли ҳосили олинган, экин экилганидан токи ҳосилнинг йиғиб олинишига қадар босқичлар юмушлари бириктирилган мактаб ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан амалга оширилган. Совет тузуми даврида эса юқоридаги рақамлар бундан бир неча баробар юқори бўлган.
Совет ҳокимияти даврида таълим тизими ҳеч қачон аниқ бир дастур асосида амалга оширилмаган. Иттифоқ марказга қарам қилиш орқали таркибидаги ҳудудларнинг ривожланишига қарши сиёсат юритган, миллий манфаатларни умуман инобатга олмаган. Бу давр таълим тизими шу сабабли ҳам сунъий тарзда ривожлантирилмаган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мактаб таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, уларнинг ижроси йиллар давомида жар ёқасига келиб қолган миллий тизимимизни тиклаяпти.
Ҳозирги кунда барча турдаги мажбурий меҳнат бекор қилиниб, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг бирдан-бир мақсад ва вазифаси синфхоналарда ўтириб “сифатли таълим – миллий тарбия” муҳитини шакллантириш. Бунинг натижасида ўқитувчилар орасида ҳам, ўқувчилар орасида ҳам эркин рақобат муҳити яратилди.
Завқибек МАҲМУДОВ,
Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти в.б. доценти
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ