“Жонли” китобми ёки электрон?
Бу мазмундаги баҳслар дунё миқёсида авж олиб, технология инсоният тарихида кузатилмаган даражада ривож топаётган бир вақтда Швеция ҳукумати босма адабиётларга қайта урғу беришга чақирмоқда. Ҳа, тобора ривожланиб бораётган стартаплари ва юқори даражали рақамлаштириш тажрибаси билан Европанинг технологик жиҳатдан энг ривожланган мамлакатлари сирасига кирувчи Швеция шу йўлни маъқул кўрди.
Рақамли таълим бўйича дунё эталони ушбу қарорни осонлик билан қабул қилмади. Чунки ҳукумат бир вақтлар экранларга асосланган ёндашувни тарғиб қилган, синфларда планшет ва ноутбуклардан фойдаланиш 2010 йиллардаёқ нормаллаштирилган эди. Энди бўлса худди ўша тартибни бекор қилиш, экран ортидаги вақтни чеклаш учун муқова, қоғоз-ручка ва мактаб кутубхоналарига яна катта ресурс ажратилмоқда.
Қуйида ушбу Скандинавия мамлакати нима мақсадда ушбу қарорга келгани, жараён қандай кечаётгани ва томонларнинг муносабати ҳақида сўз боради.
Мамлакат расмийлари таълим сифатининг пасайишини олдини олиш мақсадида синфларда босма китоб, ручка ва қоғозлардан аввалгидек фойдаланишга чақирмоқда. Лекин бу аналоглардан ҳаддан ортиқ фойдаланиш талаби технологик соҳа мутахассисларининг танқидига сабаб бўлиб, бизнес доираларда кескин қораланмоқда. Уларга кўра, ушбу қарор талабаларни иш билан таъминлаш истиқболига салбий таъсир кўрсатиши, авлодлар орасида рақамли тафовут яратиши, ҳатто, Скандинавия мамлакатлари иқтисодиётига жиддий зарар етказиши ҳам мумкин.
Босма китобларга қайтиш: Швециянинг “рақамли реакцияси”
Штокгольм яқинидаги Нака ўрта мактаби битирувчиси сумкасидан ноутбук ва бир неча йил аввал ишлатган буюмларини чиқараркан, мактабдан уйга энди тез-тез янги китоб ва дафтарлар олиб кетаётганини, ўқитувчиларидан бири барча дарсликларни босма шаклда чиқариб бера бошлаганини таъкидлайди. Амалда фақатгина математика фанига асосланган рақамли платформа қўлланилмоқда.
Таъкидланганидек, ҳукуматнинг ушбу қарори таълим тизимида кескин бурилиш бўлди. Чунки мамлакат маълум муддат таълимнинг энг бошланғич даражасидан то олий босқичигача электрон гаджетлардан фойдаланиш тартибини жорий қилган бўлса, бугун унга батамом тескари йўл тутмоқда.
Аниқроқ тасаввур бўлиши учун, ноутбук Швеция мактабларида 2000 йиллар охири, 2010 йиллар бошидаёқ кенг тарқалган эди. Расмий маълумотларга кўра, 2015 йилга келиб ўрта мактаблардаги тахминан 80% ўқувчи шахсий қурилмасига эга бўлган. 2019 йилда мамлакатдаги мактабгача таълим муассасаларининг ўқув дастурига планшетлардан фойдаланиш мажбурияти киритилган. Ушбу қарор собиқ социал-демократлар бошчилигидаги ҳукумат томонидан мамлакатнинг энг кичик вакилларини ҳам иш ва шахсий ҳаётдаги рақамли келажакка тайёрлаш миссияси доирасида амалга оширилган эди.
Бугун эса 2022 йил ҳокимиятга келган Ўнгқанот коалицияси таълим услубини бутунлай бошқа томонга йўналтирмоқда. Бу борада мамлакат Таълим вазири Йоар Форселл шундай дейди:
“Мактабнинг юқори синфларида гаджетлар кўпроқ қўлланилади, лекин ўйлашимча, бошланғич синф ва боғчаларда улардан умуман фойдаланмаслик керак”.
“från skärm till pärm” – “экрандан муқовага”
Ҳукумат бугунги кунда “från skärm till pärm” – “экрандан муқовага” жумласини шиорга айлантирган. Таъкидланишича, дарслар планшет ва ноутбукларсиз ўтилганида бола диққатни жамлаши учун энг яхши шароит шаклланиб, унда ёзиш ва ўқиш кўникмалари ҳам самарали ривожланади.
Янги тартиб билан, 2025 йилдан бошлаб Швециядаги мактабгача таълим муассасалари планшетлардан фойдаланишга мажбур эмас. Икки ёшгача бўлган болаларга эса планшет берилмайди. 2026 йил якунига келиб, мактабларда телефонлардан ҳатто таълим мақсадида ҳам фойдаланиш тақиқи кучга киради.
Янги дарслик ва ўқитувчиларнинг методологик қўлланмаси учун 2,1 миллиард крондан ортиқ маблағ мактабларга грант шаклида ажратилди. Муқовали китобларга асосланган янги таълим дастури 2028 йилда қабул қилинади.
“Агар фарзандларингиз муҳим кўникмаларни тўлиқ эгаллашини истасангиз, босма китобларни ўқиш ва ҳақиқий қоғозларга ёзиш усули анча яхшироқ”, дейди Форселл.
Ҳукумат бу қарорга қачон ва қандай келган?
Таълим ёндашувидаги ушбу ўзгариш 2023 йилда илмий тадқиқотчилар, таълим ташкилотлари, давлат идоралари ва муниципалитет иштирокида ўтказилган йиғилиш натижаси бўлган.
Аслида, рақамли гаджетлар борасида кўплаб мутахассислар хавотир билдирган эди. Улар қаторида доктор, Штокгольмдаги Каролинска институти нейробиологи Сиссела Натли ҳам сўнги вақтлар синфларда технологиялардан фойдаланиш қандай муаммоларни келтириб чиқараётганига эътибор қаратади. Унинг таъкидлашича, ўқувчи шунчаки бошқалар гаджетда нима қилаётганини кузатиб ҳам диққатини йўқотиши мумкин. Матнни рақамли қурилмаларда ўқиш эса болаларда маълумотларни қайта ишлаш жараёнини мураккаблаштиради, ундан ҳаддан ортиқ фойдаланиш – бола миясининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Натли бу каби фикрлар акс этган халқаро тадқиқотлар сони ортиб бораётганини таъкидлайди.
Ҳукумат шунингдек, анъанавий ўқитиш усулларига қайтиш – Швециянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти рейтингидаги асосий фанлар бўйича позициясини яхшилашга ёрдам беришини умид қилмоқда.
Мамлакат ушбу рейтингда бир вақтлар илғор ўринларни ҳам забт этган, лекин аввалига 2012 йилда натижалар кескин пастлаши кузатилган, 2022 йилда эса математика ва ўқиш бўйича ҳам натижалар сезиларли даражада янада пасайган.
Лекин саводхонлик даражаси ИҲТТ мамлакатлари орасида аввалгидек ўртачадан бироз юқори даражада. Ушбу кўрсатгич 2022 йилда Буюк Британия, АҚШ, Дания ва Финляндия каби мамлакатлардан пастроқ даражани кўрсатган – 15-16 ёшли ўқувчиларнинг деярли чорак қисми (24%) “ўқиб, тушуниш”нинг базавий даражасига ҳам эришолмаган.
Таълим вазири Форселлнинг таъкидлашича, халқаро тадқиқотлар бутун мактаб йилларини доимий экран ортида ўтказган болаларнинг ўзлаштириш даражаси паст бўлишини кўрсатади.
Бу борада Накадаги битирувчи курс талабаларининг ҳам фикри иккига ажралади:
“Интернет ёш авлодни маълум маънода қамраб олган. Мен бу авлод диққатининг тарқоқроқ эканини кузатдим”, дейди ука-сингилларининг ҳам у ва унинг тенгдошлари каби мактабда рақамли қурилмалардан фаол фойдаланишини истамаётган 18 ёшли Алексиос.
Бироқ 19 ёшли Жасмин кабилар мактабнинг энг ёш ўқувчилари ҳам рақамли таълим олишини ёқламайди:
“Келинг, кўпроқ компьютерларга эътибор қаратамиз. Чунки реалистик кўз билан қарайдиган бўлсак, бутун дунё компьютердан фойдаланмоқда”, дейди у бугунги кунда техникасиз соҳа деярли йўқлигини назарда тутиб.
Рақамли тафовут ва популистик ёндашув: “Муқовага ўтиш” стратегиясининг бизнес доиралардаги кескин муҳокамалари
Ушбу қарор бизнес доираларида ҳам қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Масалан, Edtech Industry ассоциацияси ўзининг янги ҳисоботида анъанавий таълим ўқувчиларнинг келажакдаги замонавий иш жараёнига етарлича тайёр бўлмаслигига олиб келиши мумкинлигини қайд этган.
“Ишлашни бошлаш учун барчага базавий рақамли тажриба зарур”, – таъкидлайди ассоциация директори, собиқ ўқитувчи Янни Йеппесен яқинда эълон қилинган Европа иттифоқи ҳисоботига таяниб. Ҳисоботда шунингдек, тез орада 90% ишчи ўрни рақамли тажриба талаб этиши ҳақида ҳам қайд этилганди.
Шунингдек, Jeppesen компанияси ҳам бу қарорнинг тадбиркорлик ва инновацияга таъсиридан хавотирда: Бугунги кунда Швеция Европада технологик “юникорн” (1 миллиард АҚШ доллари ва ундан юқори нархга баҳоланувчи компаниялар) ишлаб чиқариш маркази саналади. Унга мусиқий стриминг сервиси Spotify ва юристлар учун Legora сунъий интеллект иловаси кабилар тегишли бўлиб, бу каби компаниялар агар мамлакатда зарур IT-мутахассисларни топмаса, “бошқа жойга кўчиб ўтади”.
Бу борада тобора ўсиб, актуал бўлиб бораётган сунъий интеллектдан фойдаланиш муаммоси ҳам мавжуд. Ҳукумат таълим дастурига СИдан фойдаланиш имкониятлари ва хавфлари ҳақида дарслар киритишни истайди. Бир қанча критиклар буни ҳатто, кичик ёшдаги болалардан бошлаш зарурлигини айтади.
Акс ҳолда, нисбатан имконияти юқори оилалар фарзандига тегишли билимларни қўшимча тарзда ўргатади, лекин имконияти йўқ болалар ушбу билимларга келажакда эхтиёж сезади, шу тариқа авлодлар орасида рақамли тафовут шаклланади.
“Нотенглик сабаб одамлар маҳрум бўладиган имкониятлар фақатгина таълим тенг берилиши орқалигина тақдим этилиши мумкин”, дейди Форселл.
EdTech швед компанияси бош директори Йеппесен буни “популистик ёндашув” эканини таъкидлайди. Унга кўра, ҳукуматнинг анъанавий синфларга эмас, рақамлисига урғу бериши — натижаларга таъсир қилувчи бошқа омиллардан эътиборни чалғитади. Масалан, швед Таълим агентлигининг март ойида эълон қилинган ҳисоботида таълим ресурслари ва ўқитиш имкониятларининг нотенг тақсимланганлиги қайд этилган.
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ