Халқ орасида ўзбек аёллари ижтимоий ҳаётга фақат Совет даврида кириб келган, деган қараш тез-тез учрайди. Бироқ тарихий манбалар бу тасаввурни тўлиқ тасдиқламайди. Аксинча, архив саҳифаларида бу фикрни рад этувчи унутилган овозлар ҳам мавжуд. Мукаррама отин ана шундай шоиралардан биридир.
Аслида, ўзбек аёл ижодкорлари фаолияти тасодифий ҳодиса эмас, узоқ давом этган жараён. Ўтган асрларда Марказий Осиё ҳудудида Бухоро, Қўқон ва Хива хонликлари мавжуд бўлиб, бу давр мураккаб сиёсий ва ижтимоий шароитларга қарамай, илм-маърифат ва адабиёт маълум даражада ривожланди. Айниқса, хотин-қизлар орасидан ҳам маърифатпарвар ва ижодкор шахслар етишиб чиқди. Увайсий, Нодирабегим (Моҳларойим), Дилшоди Барно, Анбар отин каби шоиралар ўз даврида аёллар овозини ифода этган муҳим сиймолар бўлди.
Фото: Узархив
Хусусан, Анбар отин ижодида аёлларнинг оғир қисмати, ижтимоий адолатсизлик ва маърифат масалалари марказий ўрин эгаллаган. Бу эса аёллар фақат ижтимоий ҳаётдан четда бўлмаганини, балки ўз позициясига эга бўлган ижодкорлар сифатида майдонга чиққанини кўрсатади.
ХХ аср бошларига келиб эса бу жараён янада жадаллашди. Жадид зиёлилари хотин-қизларнинг саводхонлигини ошириш, уларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида шакллантириш ғоясини илгари сурдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний каби маърифатпарварлар аёллар таълимини миллат тараққиётининг муҳим омили сифатида баҳолаганлар.
Бу даврда Тошкентда ҳам ўзига хос адабий муҳит шаклланди. Ана шундай муҳитда фаолият олиб борган аёл ижодкорлардан бири — Нозимахоним эди. У нафақат шоира, балки ўз даврининг илғор фикрли, маърифатпарвар аёлларидан бири сифатида танилган. Нозимахоним рус ва татар тилларини билган, даврий матбуотни мунтазам кузатган, аёллар ҳуқуқи ва эркинлиги масалаларини кўтариб чиққан. Унинг «Инсонга қанча эрк даркор?», «Хотинлар ҳуқуқига оид» каби мақолаларида аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ҳуқуқлари очиқ муҳокама қилинган. Бу эса ХХ аср бошларида аёллар орасида ҳам ижтимоий фаоллик ва онгли қарашлар шакллана бошлаганини кўрсатади.
Бироқ бу даврда фаолият юритган барча аёл ижодкорлар тарих саҳифаларида сақланиб қолмаган. Айримлари эса фақат архив ҳужжатларида учрайди. Мукаррама отин ана шундай унутилган ижодкорлардан биридир.
Мукаррама отин эски тузум ўзгариш арафасида қўлига қалам олиб мазлумлар мазлумаси – ўзбек аёлининг умид, орзуларини куйлаган эрксевар шоиралардан биридир. 1916 йилда ёзилган «Мунча ҳам» шеърига назар ташлар эканмиз, бу шеърни ёзганида ҳали 13 ёшда бўлган Мукаррама отинни шу давр ўзбек аёлининг умид ва орзуларини куйлаган шоира сифатида эътироф эта оламиз. Мукаррама отин оддий ижодкор эмас, балки ўз даврининг оғриқларини юрагидан ўтказа олган, илмга ташна ўзбек қизи бўлганини кўрамиз.
Қуйидаги шеър унинг ички кечинмалари ва ўз даврига муносабатини яққол акс эттиради:
Биз фақир бечора қизлар
Хор эрурмиз мунча ҳам,
Бош эгиб, қуллик қилиб,
Ночордурмиз шунча ҳам.
Бу қаро зулмат уйида
Кўрмайин офтоб юзин,
Сарғайиб рухсоримиз,
Абгордурмиз мунча ҳам.
Дилдаги орзу, ҳавас,
Рамзини ошкор этмайин.
Кўрсалар кимга раво,
Биз рози дурмиз мунча ҳам.
На учун дунёга келдик
Бўлмаса эрк ихтиёр.
Тўрт девор ичра юраги,
Қон эрурмиз мунчаҳам.
Қалбимизни меҳру муҳаббат, Этмайин изҳор кўп пинхон.
Тун эрурмиз шунча ҳам.
Ўт тушиб куйган замонимиз, бизга ёр бўлмаса,
Қиз асир «махлуқ» деган,
Бадном эрурмиз мунча ҳам.
Мукаррама отин 1903 йилда Тошкентда, Ҳасанхон домла оиласида дунёга келди. Унинг онаси Мастура отин ҳам ичкарида мактаб тутиб қизларни ўқитди. Онанинг илк фарзанди бўлмиш зийрак, зеҳни баланд, кўп нарсани биладиган Мукаррама Машрабдан, Навоийдан шеърлар ёдлаб, баёзларни ўқийдиган бўлиб қолади. 13 ёшда отасининг сўфиёна ёзган шеърларини ўқиб юриб ўзи ҳам шеър машқ қила бошлайди. Ёзган шеърларини мактабдаги қизларга ўқиб беради. Унга эргашиб Шоҳия ва Роқия деган қизлар ҳам адабиётга қизиқиб қоладилар. Машраб, Фурқат, Муқумий ғазалларини ўқишади. Баъзан жума кунлари тўпланиб тўқувчилик билан шуғулланиш давомида ғазалхонлик қилишади. Ўзлари ёзган шеърларини ҳам ўқишади. 1918 йилга келиб, жамиятда катта ўзгаришлар сезила бошлади. Бир томондан, тараққийпарвар зиёлилар ёшлар ва хотин-қизлар саводхонлигини ошириш ғояларини тинимсиз илгари сурар эди. Иккинчи томондан эса совет ҳокимияти аёллар «озодлиги»ни таъминлаш орқали уларни жамият ҳаётига кенг жалб этиш, шу тариқа янги ижтимоий тизим учун зарур ишчи кучини шакллантириш сиёсатини бошлаб юборганди.
Шу йилларда Ҳасан домла ҳам янги очилган мактабда дарс бера бошлади. Болалар тарбияси билан ўралашиб қолган Мастура отин мактабни йиғиштириб қўйди. Мукаррама, Руқиялар қўшни маҳаллада очилган янги мактабга қатнай бошлади. Мактабда Ҳабиба хонум Юсупова ва бир нечта аёллар дарс берардилар. Шу йилда Мукаррамни бир муллабаччага узатдилар. Мукаррам мактабдан кўнгил узолмай кўп йиғлади, аммо қаламни ташламади. Кейинчалик бирин-кетин кўрган фарзандлари билан юпанди. Шунда ҳам қўлидан китобини узмади.
ХХ асрнинг 20 йилларига келиб, хотин-қизлар ижоди янада фаолроқ кўзга ташлана бошлаган бир давр эди. 1926 йилда ёш шоиралар ижоди алоҳида тўплам ҳолига келтирилиб, «Эрк куйлари» номи билан нашр этилади. Ушбу тўплам асосан «Янги йўл» журналида фаол иштирок этган ёш қаламкаш аёллар ижодидан тузилган бўлиб, ўз даврининг муҳим адабий ҳодисаларидан бири ҳисобланади.
Бу ҳақда илк журналист аёллардан бири Саодат Шамсиева ўз хотираларида шундай ёзади:
«1926 йил бўлса керак, у маҳаллар севимли ёш шоиримиз ҳисобланган Ойбек хотин-қизлар билим юрти ёш қаламкашларининг илк машқларидан иборат шеърларини тўплаб, кичик тўплам қилиб чоп эттирди. Унда Ойдин Собирова, Хосият Тиллахонова, Саодат Раҳмонова ва бошқаларнинг шеърлари бор эди…» (Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Р-2854-фонд, 1-рўйхат, 59-йиғмажилд).
Мазкур шеърларда эркинлик, озодлик ва янги ҳаётга интилиш ғоялари акс этган бўлиб, бу даврда аёл ижодкорлар ҳам ижтимоий жараёнларга фаол муносабат билдира бошлаганини кўрсатади. Бироқ бу тўплам ва умумий адабий жараёнларда Мукаррама отин номи учрамайди. Бу эса унинг ижоди кўпроқ ёпиқ, оилавий муҳитда шаклланиб, кенг адабий майдонга чиқмай қолганини англатади.
Маҳбуба Раҳим қизи ва Саодат Шамсиеванинг ёзишича, шоира фарзанд доғида ўртаниб, 6 ўғил, 3 қиз фарзандлари бирин-кетин нобуд бўлавериб ниҳоят икки боласи билан қолади ва умрини шу фарзандларига бағишлайди.
Мукаррама отиннинг ҳаёти мураккаб ва синовларга бой бўлганига қарамай, у ҳеч қачон илм ва китобдан воз кечмади. Турмуш ташвишлари, эрта никоҳ, фарзанд дардлари – буларнинг барчаси унинг йўлини тўсишга уринади. Аммо у барибир қалбида бир нарсани – билимга бўлган чанқоқликни сақлаб қолади. У мактабни тарк этишга мажбур бўлган бўлсада, қаламни ташламади. Ҳаёт уни турли йўлларга бошлади, аммо у ҳар қандай шароитда ҳам китобга суяниб яшади. Ҳатто энг оғир дамларда ҳам у учун нажот – мутолаа бўлди.
Шоиранинг қуйидаги сатрлари унинг ички дунёсини жуда аниқ ифодалайди:
Варағида сокин май тутар,
Мени лабболаб жоним китоб.
Ажабо, кулар рақибларим.
Мени қўлда раҳбарим китоб.
Менга бу озодлик коридир,
Мени дилга сайқалим китоб.
Бу мукаррами дили хастага,
Мени дори-дармоним китоб.
Барча синовларга қарамай, Мукаррама отин қўлидан китобни қўймайди. Мукаррама отин учун китоб шунчаки билим эмас, нажот эди. У – сабр эди. У – яшашга куч берадиган таянч эди.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган Саодат Шамсиеванинг шахсий фонди материаллари (Р-2854-фонд, 1-рўйхат, 59-йиғмажилд) асосида тайёрланди.
Насиба НАРЗУЛЛАЕВА,
ЎзМУ таянч докторанти
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ