Туркистон мухториятини ташкил қилишда халқни бирлаштирган Саид Носирхон тўра


Сақлаш
17:42 / 30.08.2024 164 0

Бой илмий мероси ва ҳаёт йўли янгича нуқтаи назарда кенг ва чуқур ўрганилиши зарур бўлган жадидлардан бири Саид Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли бўлиб, 1871 йил Косонсой қишлоғида таваллуд топган. Аввалига отасининг мадрасасида, кейинчалик ислом дини бўйича таълим марказлари бўлган қатор шаҳарларда таълим олган. 1913 йилдан бошлаб жадидчилик ҳаракатининг фаол аъзосига, унинг нафақат Фарғона водийси, балки бутун Туркистон ҳудудидаги етакчисига айланади. Чунки у мадраса мударриси ва тариқат намоёндаси сифатида жуда кўп шогирдларига эга бўлган ва  уларга жадидчилик ҳаракатининг мазмун-моҳиятини тушунтирган.

 

Жадидларнинг нақадар кенг тафаккур соҳиби бўлганини Сирожиддин Аҳмедов қуйидагича тавсифлайди: “Салафларнинг оҳ-ноласидан хабардор бўлган А. Абдурауфқориев, Мунаввар қори, Беҳбудий, Обиджон Маҳмудов, Ашурали Зоҳирий, Саидносирхон тўра Камолхонов каби кўпгина кишилар бошқача йўл тутишга мажбур бўлдилар. Улар жаҳон янгиликлари, ўзгаришлари билан бир қаторда истиқлолчилик тарихи, оқибатлари, Ғарб ва Шарқ маданияти намуналарини ўрганишга киришдилар. Саид Носирхон тўра Миср ва Ҳиндистонда таълим олиш билан чекланмай, ғарбнинг Демократ, Вольтер, Руссо каби файласуфлари фаолиятини ҳам ўргангани маълум. Абдурауфқориев эса граф Лев Толстой билан учрашгани аён. Айниқса, Исмоил Гаспиралининг Туркистон ва Бухорога келиши миллий тараққийпарварларга янги куч ва руҳ берган эди”.

 

 

 

1917 йил апрелида Тошкентда Туркистон мусулмонлари қурултойи чақирилади. Унда ўлка мусулмонлари шўроси сайланиб, таркибига ўша давр сиёсий арбоблари – Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Убайдулла Хўжаев ва бошқа жадидлар сайланади. Шу йилнинг  27 ноябрида Қўқонда Туркистон ўлка мусулмонлари кенгашининг IV фавқулодда қурултойи Туркистонни мухторият деб эълон қилди. Фарғонадаги жадидчилик ҳаракатининг бошлиқларидан Ашур Али Зоҳирийнинг таъкидлашича, агар Носирхон тўра Туркистон мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойини чақириш устида жон куйдирмаганида эди, балки, бу қурултой ўтказилмай қолиши мумкин эди.

 

Боймирза Ҳайитнинг ёзишича, “Большевиклар ҳокимият устига келганларидан кейин Туркистон миллий маркази шўросининг ўз бўлимларига: “Мухторият эълон қилиш керакми ёки Россиядан ажралиб чиқишни эълон қилиш керакми?” – деб берган телеграфномасига Фарғона шуъбасининг раиси Носирхон Тўра: “Туркистоннинг Россиядан ажралувини тездан эълон қилув керак”, – деб жавоб берган эди. Унинг истиқлолчилик фикри қурултой қатнашчилари томонидан қарши олингон бўлса-да, бироқ бу масалани ҳал қилишлик Туркистон қонун чиқарувчи мажлисига қолдирилғон эди”.

 

Носирхонтўранинг Туркистон мухториятининг эълон қилиниши ва уни мустаҳкамланишидаги иштироки ҳақидаги маълумотларни И.А. Телятниковнинг 1964 йилда чоп этилган “Судьба батрака” (“Батракнинг тақдири”) китобидан ҳам топишимиз мумкин. Унда таъкидланишича, 1918 йилнинг февралида Носирхонтўра ўзининг тарафдорлари билан Туркистон мухторияти ҳукумати томонидан ташкиллаштирилган мусулмон миллий армияси учун озиқ-овқат ва ем-ҳашак йиғиш ишини ташкиллаштирган.

 

Туркистон тарихидаги дастлабки демократик ҳукуматнинг таркиби билан биргаликда қурултойда Халқ Мажлиси (Миллий Мажлис) ҳам ташкил қилинган. Халқ мажлисига 32 нафар мусулмонлардан, 4 нафар маҳаллий бошқармалардан, 18 нафар европаликларнинг ташкилотларидан ўрин  ажратилган. Қурултой жараёнида Халқ мажлиси таркибига сайланганлар орасида Носирхонтўра Камолхон тўра ўғли ҳам бўлган. Носирхон тўра кейинроқ, 15 декабрда халқ таълими вазири этиб тайинланади. Шундан сўнг бошланғич мактаблар ташкил қилиш ва вақф мулкларидан фойдаланиш бўйича қонун лойиҳаси унинг раҳбарлиги остида ишлаб чиқилган.

 

Туркистон мухторияти ташкил этилгач, Наманган, Марғилон, Скобелев (ҳозирги Фарғона), Самарқанд ва бошқа шаҳарларда Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлашга бағишланган йиғилишлар ўтказилган. Ушбу йиғилишда иштирок этган аждодларимиз большевизм ғояларига қўшилмасликларини билдиришган. Бу йиғилишлар, митингларни ташкил этишда жадид маърифатпарварлари жуда катта ўрин тутганлар. Жумладан, Туркистон мухторияти тузилган даврда Носирхон тўра бир неча бор Наманган шаҳрига келиб оммавий митинглар уюштиради, яшил байроқлар кўтарган мухторият тарафдорларининг намойишларини ташкиллаштиради ва унинг маърузалари тор миллатчилик (ватанпарварлик – Д.Х.) кайфиятида бўлган.

 

 

Бу вазиятни кузатиб турган, европалик вакиллар ҳам Туркистон мухториятига муносабатларини билдирган. Жумладан, мустақил социалистик қарашлар нашри сифатида 1918 йил 16 январдан Тошкент шаҳрида чиқа бошлаган “Свободный Туркестан” газетасида Туркистон мухторияти ҳақида кўплаб маълумотлар холисона ёритилган. Нашрнинг 1918 йил 30 январдаги №13, 1918 йил 31 январдаги №14, 15 (2) февралдаги №16 сонларида “Автономия Туркестана и юго-восточный союз” мақоласи чоп этилган. Уларда  Туркистон мухторияти вакилларининг ўлка келажаги ҳақидаги фикрлари хабар кўринишида эълон қилинган. Мақолалар ушбу газетанинг №11 сонида эълон қилинган А.Кузминнинг “Автономия ва “автономия” Туркестана” мақоласига жавоб сифатида ёзилган. Муаллиф Б.И. Ельчиев Туркистон зиёлилар томонидан Туркистон мухториятини эълон қилиниши сабабини бундай ифодалаган: “Туркистонлик мусулмон бўлган мухторият тарафдорлари узоқни кўра билганлар ва Туркистон мухториятини эълон қилиш зарурлигини англаб етганлар, бунга асосий сабаблардан бири улар Бутунроссия Таъсис Мажлисига катта умид қилмаганликлари эди”.

 

Свободный Туркестан газетаси мухбирининг Туркистон мухторияти йиғилишидан тайёрлаган хабари 

 

Газетанинг 1918 йил 15(2) февралдаги №16 сонидаги “Автономия Туркестана и юго-восточный союз” мақоласида Носирхон тўранинг Туркистон мухторияти мажлисларидан бирида қуйидаги фикрларни айтганини қайд этган: “Одам жоҳиллиги туфайли бахтсиз бўлади. Билим одамни тинчликпарвар ва бахтли қилади. Ҳақиқий билимларнинг етишмаслиги, саводсизлик ва жоҳиллик Россиянинг ҳозирги вайронагарчилик ва биродаркушлик, фуқаролик урушига сабаб бўлди. Барча одамлар тараққиётга интилишлари керак. Халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашларининг бошланиши ва барча маърифатли халқларнинг бирлашувининг эълон қилиниши мусулмонларга шариат асосида тараққиётни амалга оширишлари учун барча қобилиятларини юзага чиқаришга имкон беради. Бу йўл Туркистонга жанубий-шарқий иттифоқ ҳудудидаги биродар мусулмон халқлари билан яқинлашишга имкон берадиган ишончли ва тинч йўлдир. Натижада Туркистон халқлари тинч йўл билан маданий жиҳатдан ўзлигини тиклаб, юксак маънавий баркамоллик ва фаровонликка эришадилар”.

 

Туркистон мухторияти қурол кучи билан тугатилгач, унинг аъзолари курашни давом эттириш учун Қўқондан кетишга мажбур бўлишади, лекин “Носирхон Тўра Наманганда, Ҳарцфелд Самарқандда, Убайдулло Хўжа Ашхобод – Самарқанд йўлида, Обиджон Бухорода, Шоаҳмадбек эса Қўқон қўрғони ичида” қўлга олинадилар.

 

Бор-йўғи 72 кун яшаган Туркистон мухторияти фаолиятини ташкил этишда, унга аҳолининг кенг қатламини жалб қилишда жадидчилар, шу жумладан, Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли ҳам катта ҳисса қўшган. Бутун халқни Туркистон озодлиги ғояси атрофида бирлаштиришга ҳаракат қилган. Қизил қўшин томонидан мухторият тор-мор этилганидан сўнг эса большевикларнинг истибдодига қарши яширин равишда халқни яна курашга чорлашда давом этган. Ҳуррият учун курашни то умрининг сўнгги кунларигача тўхтатмаган Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли халқимизни мустамлака кишанларидан озод қилиш учун кўп усулларни синаб кўрди ва халқимизни озод бўлиши умиди билан вафот этди. Миллий давлатчилигимиз тарихи ҳақида халқимизга, биринчи навбатда, ёш авлодга кенгроқ маълумот беришда Носирхон тўра Камолхон тўранинг фаолиятини янада чуқур ўрганиш орқали ҳам жавоб бериш мумкин.

 

Рустамбек Шамсутдинов,

АДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси

музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор

 

Дилшодбек Хомидов,

АДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси

музейи катта илмий ходими

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//