Фалсафа фанлари доктори, профессор Виктор Алимасовга очиқ хат
Ҳурматли Виктор ака! Кўп йиллар бўлди, Сизни “Тафаккур” журналида, газеталарда босилган мақолаларингиз орқали таниганман. Аввалига “фалсафа фанлари доктори” деган илмий унвон пича чўчитган эса-да, мақолаларингизда баён этилган мулоҳазаларнинг ҳаётийлиги, самимийлиги ва айниқса, улардаги ўқувчини суҳбатга чорлов руҳи каминани Виктор Алимасовнинг доимий ўқувчисига, мухлисига айлантирди. Мақолаларингизни излайдиган бўлдим, қўлга қалам тутиб ўқишга одатландим. Дастлаб “Фалсафа ёхуд фикрлаш лаззати”, кейинроқ “Инсон...” китобларингизни ўқиб, Сизни ўзим учун янада кенгроқ кашф этдим. Кўнгилда йиғилган саволлар билан Сизга мурожаат қилишни мўлжалладим ҳам, бироқ гоҳо журъат етмади, гоҳо бошқа важлар йўл қўймади. Орадан неча йиллар ўтди. Хайриятки, мақолаларингизда баён этилган фикр-мулоҳазалар эскирмайди, яъни боқий мавзулар, чексиз муаммолар, давомли хулосалар, таҳлил-тадқиқ... исталган вақтда қўлга олиб, авра-астаригача мушоҳада чиғириғидан ўтказиш мумкин. Яхшиямки, инсон тафаккурининг қат-қатида мавжуд бўлган фалсафа замон ва макон қонуниятларига кўпда бўйсунавермайди, унинг бепоён кенгликларида ҳар қандай фикрловчи инсон учун жой топилади.
Хуллас, Виктор ака, мавриди келди чоғи, келинг, бир гурунглашайлик, фикрлашайлик, бундан “Тафаккур” муштарийлари ҳам бебаҳра қолишмас, бордию мулоқотимизга қўшилишни истовчилар бўлса, бош устига! Зеро, фикрли инсон борки, унга фалсафа қозонида қайнашдан бўлак қисмат йўқ, айни чоқда фикр-мулоҳазали инсон борки, унинг ботинида фалсафа тиним билмай қайнайди.
Шарқ ва Ғарб: ўзаро муроса топилганми, ёхуд?..
Инсон камолоти мавзуси устида бош қотирмаган файласуф бўлмаса керак дунёда. Сизу биз каби Шарқ олами бандалари “комиллик”, “камолот” деганда кўпроқ руҳий-эътиқодий маъволарни назарда тутамиз. Сиз “Кўҳна андоза” деган мақолангизда комиллик мақомини шарқона ва ғарбона нуқтаи назарлардан қиёсий таҳлил қилишга урингансиз. Шарқ учун руҳият муаммолари атрофида изланишга мойиллик устувор бўлса, Ғарб учун дунёвий муаммолар билан машғул бўлиш афзал кўрилганини таъкидлайсиз. Аммо-лекин тараққиёт илдизларини ҳам ботиний, ҳам зоҳирий дунёдан излашга уринишни инсониятнинг буюк кашфиёти деб ҳисоблайсиз. Ҳисоблайсиз-у, яна тарафкашликка ўтасиз. “Шарқ етук инсонни руҳдан, маънавиятдан, одамнинг Худога, чексизликка талпинишидан қидиради. Будда таълимотига кўра, тўғри қараш, тўғри фикрлаш, тўғри сўзлаш, тўғри яшаш, тўғри роҳатланиш етуклик омилларидир”, деб ёзасиз. Бу таърифни рад этиш қийин, лекин сиз эътимод қўйган Будда назарда тутган “тўғри” тушунчаси ҳам ғоятда нисбий эканини унутмаслигимиз керак эмасми?! Мағрибу Машриқни, минтақаю миллатни қўятурайлик, икки қўшни вилоятда, икки қўшни қишлоқда, ҳатто бир оилада униб-ўсган қондошу жондош ака-ука ёки опа-сингил назарида “тўғри”лик мезонлари ғоятда турфа, ғоятда ранг-баранг, ҳатто зид эмасми?..
Сиз Шарққа тил теккизиб қўйишдан эҳтиётланасиз ва “Ташқи дунё эса чексиз ва бефойда ташвишлардан иборат. У гулханга ўхшайди, одам бу гулханга яқинлашган сайин куйиб бораверади. Шунинг учун инсон фоний дунёда бойлик орттириш, тахт, мансаб учун курашиш, ҳузур-ҳаловатларга берилишдан холи бўлиши зарур”, деб ёзасиз. Яъни Ғарб ёмон, Ғарбнинг бети қурсин, демоқчисиз-да? Туб моҳият эътиборидан келиб чиқилса, бундай фалсафани инкор этолмаймиз, аммо бундай ақида тарафдорини топишга қийналиб қолмаймизми? Очиғини айтайлик-да, Виктор ака, ҳозирги маъмурчилик-тўқчиликдан масту масрур яшаб, давру даврон суриб юрган сизу бизга замондош (мағрибликми, машриқликми – фарқи йўқ!) одамлар орасида “қаранг-а, мана шу-ундай улуғ таълимот бор экан, бор асъасаю васвасани йиғиштирайлик, камтар-камсуқум яшаш тарзига ўтайлик” дейдиган марди майдон топилармикан?!
Ушбу мақола ўрин олган китоб чоп этилганидан буён ўттиз йил ўтди. Қарашлар, мезонлар ўзгарган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, чунончи, мақоланинг яна бир ўрнида икки қутб қадриятини холислик нуқтаи назаридан баҳолашга уринасиз. Яъни Ғарб фалсафасидаги рационализм ва моддиюнчилик ташқи оламга мафтун бўлишга ундаб, “охир-оқибат... инсонга иккинчи даражали нарса деб қарашга олиб келди”; XVII юзйилликда эса “асосан жамиятни, давлатни бошқаришни, сиёсий институтларни, ишлаб чиқариш усулларини доимо янгилаш, ҳатто уларни инқилобий йўллар билан ўзгартириш таълимотига айлана борди. Одамзоднинг моддий ҳаёт таъсирига берилиши ушбу таълимотни XIX–XX асрларда етакчи ғоявий кучга айлантирди” дейсиз.
Шу ўринда бир нафас ростлаб олайлик, Виктор ака, халқона тилда айтганда, дўппимизни курсига қўндириб қўйиб, “ташқи оламга мафтун бўлиш”, “инсонга иккинчи даражали нарса деб қараш” ва пировард оқибатда “моддий ҳаёт таъсирига берилиш таълимотининг етакчи ғоявий кучга айланиш” ҳодисаси ҳақида бош қотириб кўрсак. Сиз учта жумлада тушунтиришга уринган ғарбона ҳаёт қадрияти моҳиятини соддароқ таърифлайдиган бўлсак, “Бош ва бирламчи ғоя – тараққиёт: ҳаётий маъмурлик, фаровонлик ва қулайлик, тамом-вассалом!” дейишимиз мумкин. Яъни, ҳаётда нимаики бўлмасин, ҳатто инсоннинг ўзи тугул, қадр-қимматини қўшиб ҳисоблаганда ҳам, бари-барчаси мазкур ғоя олдида ҳеч нарса! Иккинчи, учинчи... ўнинчи даражали нарса!
Шу ўринда кўндаланг савол туғилмоқда: Шарқ танлаган йўл тўғрими ёки Ғарб танлаганими? Қай бири маъқул?
Назаримда, бу борада Сизу биз бош қотириб ўтиришимизга ҳожат йўқ. Зеро, Шарқ ҳаёт, – яъни турмуш тарзини йўлга қўйиш борасида деярли барча соҳада (ижтимоий-сиёсий тузум барпо этиш, жамиятшунослик, давлатчилик, армия, шахс тарбияси, илм-фан, технология, санъат ва ҳоказо) Ғарб тутумларини ё тўласича, ёки қисман ўзлаштириш йўлига ўтган ва ўтиб бормоқда. Шундай эса-да, Сиз қуйидаги сўзларингиз билан олтин мувозанатни сақлашга ҳаракат қиласиз: “Агар Ғарб Шарққа ташқи моддий дунёни ўзгартириш борасида эришган ютуқларини тарқатаётган бўлса, Шарқ унга ўзининг бой маънавий-маданий ва диний-фалсафий бойликлари билан таъсир кўрсатадиган бўлиб қолди”.
Ушбу хулосада Сиз икки қутб ўртасидаги ўзаро “олди-берди” муносабатлари ифодаси ўлароқ тенглик аломати қўяётгандексиз, менинг фикри ожизимча эса, ғарбона тутумларнинг Шарқда оммалашуви – шарқона тутумларнинг Ғарбда оммалашувига қараганда анча-мунча салмоқли. Эътибор беринг, мен бу борада “тўғри” ёки “нотўғри” тушунчалари теграсидаги мулоҳазаларимни тўласича ошкор этмоқчи эмасман, фақат бир масалада – шарқона оила институтининг пароканда бўлиши эвазига келадиган ғарбона ақл бовар қилмас ютуқлардан воз кечиш тарафдори эканлигимни баралла айтишдан тортинмайман. Чунки оила қадрияти бой берилса, инсониятни бошқа ҳеч қандай куч-қудрат (ҳозиргидан эллик-юз карра тараққий этган тақдирда ҳам) асраб қололмайди!
Афсуски, дунёнинг бу каби мутлақо шахсий-хусусий хулосаларга қараб қолган жойи йўқ. Глобал дунё пўлат қанотлари ёрдамида тараққиёт осмонида шиддат билан учиб бормоқда. Соғлом ақлни довдиратиб қўядиган даражадаги бу парвозни четдан туриб кузатар экансиз, табиий ва мантиқий саволлар ёғилади: бу осмоний парвозларимиздан кўзда тутилган орзу-ниятларимиз нима ўзи? Макон-манзилларимиз, марраларимиз қаерда? Нималарнинг эвазига, нималарнинг ҳисобига тараққиётга маҳлиё бўлиб қолмоқдамиз? Бирор кимса пировард оқибатни кўз олдига келтира оляптими?!
Кашф этилган илоҳий қудрат
Виктор ака! Бир ўринда башарият маданият ва тараққиёт йўлига қадам қўйганига эндигина 6 минг йил бўлганини таъкидлар экансиз, “Демак, инсон мукаммал дунё яратишга киришганига кўп бўлмади, демак, изланишлар ҳали олдинда...” деб ёзасиз. 6 минг йиллик тараққиёт йўлидаги изланишлар самарасини “ҳали олдинда” деяпсиз-у, мен мазкур мақолангиз чоп этилганидан буён орадан ўтган 30 йил ичида самара деса арзигулик бирор натижа топармиканмиз, деган ўйда Сиздан мадад кутмоқдаман.
Кулмаяпсизми, Виктор ака? Сиз донишманд инсонсиз, ўзингиз эътироф этгандек, онангиз Бурятистондан, отангиз Ўзбекистондан. Исмингиздагина эмас, тақдир тақозоси туфайли вужудингизда мана шундай “глобал” миқёсдаги қонлар қўшилуви фикрлаш тарзингизда, баён услубингизда яққол сезилиши ва айни шу боис ҳам шахсингизга бўлган ҳурматим баланд эканини изҳор этиб қўйсам тўғри қабул қиласиз деб ишонаман. Мазкур муносабатим ҳаққи-ҳурмати, каминани тоқатсизликда, шошмашошарликда айбламайсиз деб ўйлайман. Ахир, гап бутун курраи арз сатҳида яшаётган миллиардлаб одамзод ҳақида бормоқда-я! Миллиардлаб инсонларнинг фикрлаш тарзи, фикрлаш тарзининг туриш-турмушда акс топиши хусусида бормоқда-я! Жуғрофия илмида қўлланадиган гондвана ҳодисасига менгзаш мумкин бўлган башарият руҳиятидаги сифатий янгиланишлар назарда тутилмоқда-я! Ана шу курраи арзнинг бир парчаси Ўзбекистон, ана шу башариятнинг бир ҳовучи ўзбекистонлик – шу юрт, шу юртдошлар назарда тутилмоқда-я!
Ақл бовар қилмас саволга Сиздан ақл бовар қилгулик жавоб талаб қилиш бироз ноқулайлик туғдириши табиий. Шунга қарамай, лоақал истисно тариқасида, лоақал шартли-фаразий мақомда қандайдир тахминларни ўртоқлашиш мумкиндир ахир?!
Фикрсевар инсон қавми борки, комиллик поғоналаридан юксалишни кўзлайди, излайди-изланади, ҳаловатдан воз кечади. Сиз фалсафада тор кўчалар, айланма кўчалар, жинкўчалар, берк кўчалар кўплигини ёзгансиз. Бу мулоҳазани комиллик йўлига ҳам татбиқ этиш мумкин. Зеро, комиллик йўли ҳам кенг, равон ва кафтдек теп-текис шоҳкўчадан эмас, ёлғизоёқ йўл – сўқмоқдан ташкил топади. Суви мавж уриб оқаётган анҳор ёки дарё эмас – жилдираб олдинга интилаётган жилға, холос. Бу сўқмоқ, бу жилғадан гурра-гурра ёхуд гала-гала комиллик мақомидаги одамлар етишиб чиқмайди. Комилликнинг чўнг марраси ҳам аниқ-тайин эмаски, фалончи-писмадончилар маррага етди, фалон давлат, писмадон жамият ёппасига такомиллашди, дея дўппини осмонга отсангиз! Қолаверса, бирор-ярим шахснинг комиллиги жамиятнинг такомилида акс топса, бундай такомиллашув оммалашган тақдирдагина шахсий комиллик ижтимоий етуклик мақомида олқишланса, эътироф этилса ярашади.
Инсон теварак-атрофни, борлиқни ўргана-ўргана бахяма-бахя, қадам-бақадам комилликка интилар экан, бирйўла у мукаммал дунё яратиш вазифасини ҳам адо эта боради. Табиий, мантиқий миссия бу! Ушбу ҳақиқатни англашнинг ўзида қанчадан-қанча ҳикмат, гўзаллик жам эмасми, Виктор ака?! Айни шундай мулоҳазаю ўйлар силсиласида туғилмадимикан “Фалсафа – фикрлаш лаззати” деган иборангиз?!
“...Одамзоднинг буюк кашфиётларидан бири, – деб ўқиймиз бошқа бир ўринда, – бу мукаммал дунё ўзининг руҳи, тафаккури ва меҳнати билан яратилишини англаб етганлигидир”.
Азиз журналхон! Эътибор берайлик, Сизу бизга замондош, ватандош, миллатдош донишманд бир инсон Парвардигоримиз ўз бандаларига лойиқ ва раво кўрган мислсиз марҳаматни алоҳида таъкидламоқда, яъни бу ёруғ дунёни одамзод ўз руҳи, тафаккури ва меҳнати билан яратади, нурлантиради, рўшноликка олиб чиқади деган боқий ҳақиқатни ёдимизга солмоқда. Сизни – Инсонни, инсоний тафаккурни, шахсни улуғламоқда. Тўғри, нигоҳлар, ақллар, идроклар қамраб олишга ожиз бўлган бу замину самода Қодири мутлақнинг ихтиёридан хорижда қолажак нарсанинг ўзи йўқ, шу билан бир вақтда У, яъни Парвардигори олам одамни одамнинг иштироки билангина қутқаргувчидир дейилмоқда!
Инсон тафаккури, ақл-идроки, маънавий қудратига бўлган илоҳий ишонч тимсоли бу!
Ҳар бир инсон, хусусан, вояга етаётган ҳар бир ёшнинг тафаккур тарзи, ҳаётий мақсад-маслаги, руҳиятини мазмунга тўлдирувчи, кенг омма онгига сингдирилган тақдирда қамрови оламжаҳон реал кучга, сеҳрли ва мўъжизаларга бой даъватга айланишга қодир ҳикмат, инсон тийнатидаги битмас-туганмас қувватнинг енгилмас ва букилмас иродага – саодатбахш воқеликка айланишини таъмин этувчи узун ва адоқсиз ҳаётбахш йўлдир, таълимотдир бу!
Виктор ака! Дастурий аҳамиятга эга бўлган бундай қарашларингиз, назаримда, бахт мавзусидаги мулоҳазаю қайдларингизда давом этгандек. Чамалаб кўрсам, эллик-олтмиш йилдан буён ҳар бир авлод вакилларининг бахт ҳақидаги (гоҳ ёзма, гоҳ оғзаки) баҳсу мунозараларига гувоҳ бўлиб келаман. Бахтиёр яшамоқ орзуси айб эмас, бу ҳақдаги ўйлари билан ўртоқлашиш ҳам мутлақо ихтиёрий хоҳиш-истак; шуниси ҳам муқаррарки, бахт ҳақидаги тасаввурларда давр хусусиятлари сезилиб турар экан. Яъни: шахс, бахт ва давр! Касб танлаш, келажак орзуларини чамалаш, жамиятда муайян мақсад-мавқега эришиш ниятлари ҳам шахсий бахт-иқбол манзаралари вазифасини ўтайди. Сиз эса, Виктор ака, бахт тушунчаси мезонини фавқулодда юксакларга кўтариб юборгансиз. Чунончи, “Бахтга бўлган муносабат ўзгармоқда” деган сўзларингиз қаттиқ ўйлантириб қўяди одамни. Оддий ёки жўн таъриф, хулоса эмас бу. Бахт тушунчасининг йиллар мобайнидаги тадрижи охир-оқибат одамни, инсоний қадриятлардан тортиб макродунёга қадар ўзгартириб юбориши ҳам ҳеч гап эмас.
“Киши ҳамиша бахтли яшаш имконига эга”.
“Одам бахтиёр туғилмайди, балки бахтли яшаш имкони билан туғилади”.
“Бахтдан ҳам юксакроқ нарса бор, у – бурч. Киши бурчини бахт деб билмагунича, бахт тополмайди”.
Бахтга доир бу каби мушоҳадаларингизни яна келтириш мумкин, лекин бахт тушунчасининг ўзи ўзгараётган экан, бурчнинг ҳоли нима кечади? Бурч бахтнинг ботинида бўлмайдими?! Қолаверса, Сиз куюниб уқтиришга уринаётган ҳикматларни англаб етиш учун, дейлик, ёш дўстларимизга қанча уқув, қанча билим, қанчадан-қанча тоқат керак бўлади?!
“Бахтли яшаш имкони” деган жумлангиз замиридаги улкан ҳақиқатни қанча одам билади, англаб етади, яшаш тарзига айлантира олади?!
Бу каби аччиқ ҳақиқатларни тахминан бўлса-да, чамалаб кўришга журъатимиз етадими?..
Шу сингари саволлар қуршовида пича ҳовурдан тушиш чорасини излаб турган эдим, “Камолот заҳматлари” сарлавҳали мақолангиз бошланишидаги қуйидаги жумлалар остига чизиқ тортиб қўйган эканман, такрор ўқидим: “Комилликка етиш учун бир умр кам. Икки умр керак, балки уч умр”.
Юрак ўртанади, Виктор ака. Устоз Ғайбулла ас-Саломнинг бундай ҳайратангиз сўзларни эшитганда, “Оббо, холам!” деб наъра тортиб юбориш одати бор эди...
Таассуфки, иккинчи, учинчи умр кафолатини берадиган куч йўқ, ирода йўқ бу ёруғ очунда, лекин, қаранг, бехосдан айтилган уч оғиз жумла фавқулодда бошқа бир улкан муаммони кўндаланг қўймоқда олдимизга.
“Комиллик тақвими” яратилса...
Комилликка етмоқ учун бир умрлик ҳаёт йўли камлик қилади демоқчисиз-да, Виктор ака? Қайсидир манбадан олинган қуйидаги ривоятни китобга киритибсиз: “Одам Ато ва Момо Ҳавонинг фарзандлари тўққиз юз ва ундан ҳам зиёд умр кўрганлар, аммо қабоҳат ва фосиқлик авж олгани сари одамнинг умри қисқариб-қисқариб олтмиш-етмиш ёшга тушиб қолган”.
Шундаймикан?.. Бу кетишда яқин-орада одамнинг умри хомишак, яъни чивиннинг умрига тенг бўлиб қолмасмикан, ишқилиб?! Ҳарқалай, инсон умрининг узун-қисқалиги табиатимиздаги қабоҳат ва фосиқликка “қараб қолмаган” бўлса керак, бу – алоҳида мавзу-муаммо, албатта! Мен эса... айни вақтда ҳаёт бўлган замондошларимиз комиллик поғоналаридан илгариламоғи учун умр йўлини қай тарзда режалаштиргани маъқуллигини ўйлаганим ўйлаган. Сиз комилликка етмоқлик учун ҳатто уч умр кифоя қилармикан деган ташвишларга бориб турган бир паллада камина ўрта ҳисобда 80 йил ҳаёт кечирадиган одам, ҳамонки биз истаётган мақомларга кўтарилиш истаги бор экан, шунинг режасини, ҳисоб-китобини олмоғи наҳотки мумкин эмас деган масалани кўндаланг қўймоқчиман. Ахир, кундалик, ҳафталик, ойлик ва йил режасини тузиб олиш одатимиз бор-ку, нима учун ғанимат умримизнинг олтин онларини режалаштириб қўймаслигимиз керак?! Қўлланма, тавсия, маслаҳат тариқасида лоақал...
Маънавият тарғиботига қаратилган саъй-ҳаракатларимиз чандон тасаннога лойиқ. Мутолаа маданиятини оммалаштириш борасидаги истакларимизнинг улуғлигини-ку асти қўяверасиз. Буларнинг бари онг-тафаккуримиз, салоҳиятимиз иморатининг пойдевори вазифасини ўташи муқаррар. Яна савол туғилади: орзумиздаги муҳташам иморат қаддини кўтариш ишларини ким ўргатади, қай тариқа ўргатади? Тарҳи-чизмаси борми бу иморатнинг?
“Одамга юриш, гапириш ва яшашдан олдин умрни беҳуда ўтказмасликни ўргатиш даркор”.
“Одам зоти аслида қарздор бўлиб туғилган. Умрнинг ўзи қарзга берилган”.
“Тайёр андозалар билан фикрлашга ўрганган биз учун...”
“Шу пайтгача вақтнинг қадрига етганни ҳам, бахтнинг қадрига етганни ҳам учратмадим”.
“Адаб истаган тахт топмас, тахт топган адаб истамас”.
“Адашмаган одамдан адашган одамнинг ҳаёти ҳикматли”.
“Адашган топган ҳикмат – адашмаганга сабоқ”.
“Адашмасликка интилишнинг ўзи адашишдир”.
Китобу мақолаларингиздан кўплаб териб олиш мумкин бўлган бу сингари ҳаётий ҳикматларни оммалаштириш хусусида қайғуришни зиммасига олган, кенг омманинг маънавий мулкига айлантириш билан шуғулланувчи муассаса ёки ташкилотга эҳтиёж сезилаётгандек. Индаллосини айтганда, ўртача умрни 80 ёш деб қабул қилсак, ушбу йиллар мобайнида комиллик йўлининг энг мақбул, энг самарали – ҳосилга кирадиган йўлини аниқлайлик, тавсиялар ишлаб чиқайлик, амалиётга татбиқ этайлик, наҳотки, улуғ орзу-ниятларимиз, уриниб-суринишларимиз ижобатини шу умримизда кўрмасак?!
Қайдасан, мўъжизакор некбинлик?!
Мақсадни жўнлаштириб юборгандек туюлаётгандирман, бироқ бундан қатъи назар, маданий-маърифий турмушимизни ташкил этишда айни шу борада кемтиклик мавжуд, десам, Сиз ҳам фикримга қўшиларсиз, Виктор ака? Бу кемтикликни бартараф этиш масъулияти биринчи навбатда файласуфлар зиммасига тушади, файласуфларимизни маънавият-маърифат жабҳасидаги мутахассисларимиз билан жиддий ҳамкорликка ундайди. Токи мазкур ҳамкорлик натижасида навқирон йигит-қизларимизга мўлжалланган “Умрнинг комиллик тақвими” яратилсин. Ҳар 5, 10... 20... 80 йилда ва ундан кейин давом эттирилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилсин, замоннинг шиддат билан ўзгарувчанлиги, турмуш тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятлар глобаллашуви қонуниятлари алоҳида эътиборда тутилсин тақвимда.
XXI асрнинг бош хусусияти ҳар қандай янгиликнинг зудлик билан эскиришида акс этмоқда. Қизиқ, янгилик ҳали кўпчилик томонидан англаб-идрок этиб улгурмай эскириб қолмоқда, ўрнини навбатдаги янгиликка бўшатиб бермоқда. Замон ўзгаришларининг космик тезлиги одамларни ажаблантирмай қўймоқда. Бу ўзгариш, бу шиддат одамларни ўта шафқатсизлик билан имтиҳондан ўтказяпти, имтиҳон ҳам гапми, чиғириққа-жодига солмоқда. Биз эса, назаримда, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, миллий-маҳаллий, моддий, ахлоқий ва ҳоказо имконияту мезонларимизни пеш қилишдан, важ ўрнида бошимизга кўтаришдан нарига ўтмаяпмиз. Тараққиёт қонунияти эса шафқатсиз: у мутлақо кутмайди, тўхтамайди, секинлашмайди ҳам!
Сиз айтмасангиз, ким айтади?!
Биз миллий қадриятлар этагини маҳкам тутган халқмиз, бир оёғимиз билан дунё кезиб юрсак юрамиз-у, иккинчи оёғимиз миллийлик, миллий ўзига хослик, миллий маънавият майдони-муҳитидан узилмаслигини истаймиз. Нақадар шарафли! Шарафли, лекин... қанчалар қийин, мураккаб, мушкул бу тарзда ҳаёт кечириш!
Ўрни келганда, шарқона ва ғарбона қадриятлар, тушунчалар қоришуви таъсирида шаклланаётган янгича кишиларимиз кўпаяётганидан қувониб қўямиз, аммо бундай шаклланиш жуда катта руҳий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий, ахлоқий ва ҳоказо зўриқишлар эвазига юз бераётганидан кўз юмсак тўғри бўлмайди. Ўнг қўлдаги эшкак олға бориш, чап қўлдаги эшкак эса ортга қайтиш учун ҳаракатланаётган қайиқдаги одамнинг аҳволини эслатмаяптими бундай ҳолат, Виктор ака?!
“Кишилар онгида ўзи учун яшаш асосий мақсадга айланмоқда” деган жумла келади китобингизда. Бошқа бир қаҳрамонингиз тилидан қуйидаги янаям батафсилроқ эътироф учрайди: “Ҳа, ўзбеклар оила, қариндош-уруғ, маҳалла бўлиб яшашга ўрганган. Улар нима қилмасин, нимага интилмасин, оиласини, фарзандларини кўзлайди. Халқимиздаги бу хислатнинг менга хуш ёқмайдиган томони ҳам бор. Масалан, зарур пайтда у қорани қора деб айтолмайди, оиламга, фарзандларимга кейин бирор кор-ҳол бўлиб қолмасин, маҳалла, эл-юрт кўзига кейин қандай қарайман, деган ўйларга боради. Начора, биз асрлар давомида ана шундай қарашларга ўрганган халқмиз”.
Яна: “Биз ўзбеклар оила, фарзанд, қавму қариндош, маҳалла учун яшайдиган миллатмиз. “Ўзинг учун яша” деган нарса биздан узоқ. Шу боис бир-биримизнинг на фикримизда фарқ бор, на зикримизда. Ахир, киши энг аввало ўзи учун яшаши керак эмасми? Ахир, одам бетакрор иқтидорини, ҳаётий режаларини рўёбга чиқариш учун дунёга келмаганми?”
Абдулла Қодирий бобомизда учрайдиган “Сиз ошналикка қурбон бўлган халқларсиз” деган аччиқ таъна-танбеҳни ёдга солади бу гаплар. Қолаверса, диний эътиқодимизда “силаи раҳм” тушунчаси бор. Вазиятнинг нозиклиги, ҳатто қалтислигини қаранг! Ғарбона индивидуализм, худбинлик одатларини қоралашдан чарчамаймиз, ваҳоланки, чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Ғарб тараққиёти айни шу индивидуализм ва худбинликдан униб чиққан. Бу каби иллатларни қоралабгина қўйиш билан иш битмайди, мурод ҳосил бўлмайди, уларнинг туб-тубига чуқурроқ кириб бориш, сабаб-оқибатларини миридан сиригача мулоҳаза тарозисига солиш заруратга айланмоқда. Мисол тариқасида айтсак, бизда яқин-йироқдагилар, ёрдамга муштоқлар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳиммат қўлини узатиш алоҳида қадрланса-олқишланса, Ғарб ўлкаларида бундай вазифалар қонун йўли билан давлат зиммасига юкланади (ихтиёрий кўмаклар бундан мустасно). Яъни амма, хола, тоға, амаки, ошна-оғайни, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, ҳатто оила аъзолари дегандек институтлар инсонпарварлик акцияларидан озод этилган.
Сиз, Виктор ака, дадиллик билан айтилган бу гаплар ўзингизга ёққанини қайд этасиз-у, матбуотда ёки китобда кенг омма учун чоп этилаётган йўл-йўриқларда эҳтиёткор бўлмоғимиз даркорлигини ҳам унутмайсиз. Чунончи, ўзбек оиладан, маҳалладан, жамиятдан ташқарида яшамаслигини маъқуллайсиз ва бу билан, назаримда... муаммо ечимини топишдан ўзингизни олиб қочгандек кўринасиз. Тўғри, ҳолат ниҳоятда мураккаб, шундай бўлгани учун ҳам уни очиқ-ойдин таҳлил-тадқиқ қилмоғимиз даркор, токи “мусофир қадриятлар” чангалзори билан юзма-юз келадиган фарзандларимиз оғирини енгиллаштирайлик.
Хайрият, “Фалсафа ёхуд...” китобингиз чоп этилган даврлар ортда қолди, юртимизда ҳар қандай нозик ва қалтис масала-муаммони ўртага қўйиб, унинг ечимлари ҳақида фикр-мулоҳазаларни очиқчасига ўртоқлашиш муҳити шаклланмоқда. Жумладан, сўз бораётган мавзу хусусида ҳам Сиз каби аҳли донишлар қарашларини очиқ-ойдин, эмин-эркин айтмаса, ким айтади?! Ким ечим топади? Ким тавсиялар беради?!
Виктор ака, ҳаётингизни, сермазмун фаолиятингизни “фикрлаш лаззати” кўчаларида ўтказишга бағишлаган донишманд олимсиз. Ҳавас ва ҳурматга лойиқ устоз мақомига эгасиз. Бинобарин, ўқувчиларингиз ва мухлисларингизни ўзингиз кашф этган шу кўчага бошлаб боришга, ҳар қандай ўй-мулоҳазаларингизни дўстона ўртоқлашишга, қизғин муҳокамаларга бош бўлишга маънавий ҳақ-ҳуқуқингиз катта.
Уйғунлик, мураттаблик, мувозанат...
“Камолот заҳматлари” мақоласида гармония ва дисгармония ҳодисасига доир мулоҳазаларингиз жиддий ўйга толдиради ўқувчини. Бу икки тушунчани амалиётимизда камдан-кам қўлланадиган “мураттаб” ва “номураттаб” сўзлари билан ифодалагансиз. Камолот – уйғунликда, яъни мураттабликда деган ғояни илгари сурасиз.
Дарҳақиқат, ҳаётнинг энг бирламчи ҳикмати ҳаракат бўлса, ундан кейинги ҳикмати – мазкур ҳаракатнинг мураттаблик қонуниятига уйғунлиги ила белгиланади. Шу маънода камолотга олиб борадиган бирдан-бир тўғри йўл – уйғунлик, мураттаблик, гармония, симметрия, меъёр, мувозанат... оқиллик, зукколик каби маънодош сўзларда ифодаланади. Мураттаблик якка шахс ҳаётида қанчалик муҳим аҳамият касб этса, у жамият ва давлат ҳаётида ҳам шунчалар зарур. Номураттабликнинг охири шахс учун нечоғли аянчли тугаса, жамият ва давлатнинг таназзулига доя бўлиши ҳам аниқ.
Сўз бораётган икки тушунча орасида ўзаро рақобат ҳам мавжуд, албатта. “Бу ихтилофларни одам мураттаб этишга интилиб келади, бироқ ҳали уддасидан чиққан эмас. Чунки ёввойи табиат ҳали номураттаб тарафда”. Тўғри, инсон мудом уйғунлик истагида яшайди, шу орзу-ниятда изланади, меҳнат қилади, бироқ... Бу мақсадига етмаганлигининг “гуноҳи”ни табиат гарданига ортмоқ тўғримикан? Ҳолбуки, энг катта мураттаблик қонуниятини маданийлашган ҳаётда эмас, йўқ, айни ёввойи табиатда учратиш, кузатиш мумкин. Маданий ҳаётдаги номураттабликларнинг асл сабаби эса ёввойи табиатдаги уйғунлик, мувозанат талабларини тушуниб етмаслик ёки тушунишни истамаслик, унга нописандликдан бошқа нарса эмас. Хулоса қилиб айтганда, мураттаблик ва номураттаблик ўртасидаги муносабат эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, кеча ва кундуз, оқ ва қора каби ўзаро зиддиятли тушунчалар қаторидаги ўзгармас ва боқий ҳақиқат – диалектик бирлик-яхлитликдир.
Ўзбек стратагемаси ҳам бор
Виктор ака! Сиз ёзган мақолаларни бефарқ-беэътибор ўқиш мумкин эмас. Тарихий шахслар, атоқли ижодкорлар, алломалар, шунингдек, хотин-қизлар, эркак ва аёллар муносабатлари, қолаверса, дунёни англаш сирларига бағишланган мақола, эсселар яхлит бир китоб ҳолига келтирилса, донишманд бир инсоннинг илмий, ирфоний хазинаси салмоқли яхлит манбага айланади. Мазкур хазина айниқса ёшларимизга ғоятда зарур ва қимматли манба бўлади деб ишонаман.
“Стратагема” деган мақолангизда ўқиган эдим: “Қадимги Хитойда стратагемаларга оид тўрт мингдан зиёд трактат битилган”. Фикрлаш ва енгиш илми сифатида тарқалган бу мавзудаги рисолалар хитой халқи тафаккурининг нақадар битмаc-туганмас ва мустаҳкам куч-қувват манбаи, пойдевори мавжудлигидан далолат беради. Ўзбекона тафаккур ҳам Сиз ёзган стратагемалардан кам эмас. У қадим-қадимдан бор! Ўзбек стратагемаси борлиги-мавжудлиги билан, йўқни бор қила олиш қудрати билан ҳам боқий ва енгилмасдир!
Виктор ака! Сизга айтар сўзларимдан бир шингилини йўлладим, холос. Фалсафа қозонида қайнашга шай турган мавзулар, масалалар, муаммолар хирмон-хирмон бўлиб уюлиб ётибди. Мактубимни миллатдошимиз Сайёра Ғуломнинг “Паришон ёхуд Америка кундаликлари” деган китобидан олинган қуйидаги лавҳа билан якунласам: “Нью-Йорк. Манҳэттен. Нью-Йорк байналмилал талабалар коллежи. Бисмиллоҳ деб ичкарига қадам босдим. Қўш қаватли бино баландлигича келадиган икки тарафлама эскалаторга дуч келдим. Бири пастга, бири тепага қараб айланарди. Ўйчан тикилиб қолдим. “Пастга тушсамми ё тепага?.. Шундоғам пастда турибсан-ку, албатта тепага. Ўйланиб ўтирма, қўрқма, кўтарил, кўтарил!” дедим ўзимга ўзим. Эскалатордан юқорига чиқдим ҳамки, Абу Али ибн Синонинг бир девор қилиб чизилган расмига кўзим тушди. Ғурурланиб кетдим. Илм, тафаккур забт этолмайдиган чўққининг ўзи йўқ. Паришон хаёлим мени самолар узра она юртим сари олиб кетди...”
Камоли ҳурмат билан Хуршид ДЎСТМУҲАММАД.
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Қайдасан, мўъжизакор некбинлик?..” мақоласи
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ