Иккинчи жаҳон уруши амалда 1939 йил 1 сентябрда Германиянинг, 17 сентябрда эса СССРнинг Польшага ҳужуми билан бошланади. 3-сентябрда Буюк Британия ва Франция бу агрессиясига жавобан Германияга уруш эълон қилади. Лекин 1939 йил 3 сентябрдан 1940 йил 10 майига қадар Буюк Британия ҳамда Франция кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни олиб бормайди ва урушдаги бу жараён тарихга “Сохта уруш” номи билан киради.
Германия “Молотов-Риббентроп” шартномаси шартларини бузган ҳолда 1941 йил 22 июнда СССР ҳудудига бостириб киради. Бу воқеа билан Иккинчи жаҳон уруши янги босқичда давом этади. Германиянинг совет давлатига қарши олиб борган ҳужуми тарихга “Барбаросса режаси” номи билан киради.
Германиянинг ҳужуми совет давлатини оғир вазиятга солиб қўяди. Қизил қўшин Германиянинг замонавий қуролланган қўшинига қаршилик кўрсата оладиган даражада таъминланмаганди. Совет ҳукумати яхши қуроллантирилмаган аскарларини жангга киритиб, уларни ўлимга маҳкум этади. Шунингдек, 1937-1938-йиллардаги қатағон сиёсати туфайли жисмонан йўқ қилинган, хорижга чиқиб кетганлар орасида малакали ҳарбийлар ҳам бор эди. Қизил қўшин нафақат қурол-яроғга, тажрибали ҳарбий кадрларга ҳам муҳтож бўлган.
Ҳарбий мутахассисларни қатағон қилиш сиёсати Ўзбекистон ССРда ҳам амалга оширилганди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 1936 йил тузилган 19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясида раҳбарлик лавозимида ишлаётган бир қатор ҳарбийларни келтириш мумкин. Жумладан, Миркомил Миршаропов 1938 йил 10 октябрда СССР Олий суди Ҳарбий трибунали томонидан Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 57-модда 2-қисми, 64, 67-моддаларига биноан ўлимга ҳукм қилинади. Унга 19-ўзбек дивизиясида антисовет руҳда буржуача сиёсат юритиш ва Англия фойдасига жосуслик қилиш айблари қўйилади. Ўрта Осиё ҳарбий округида ҳам қатағон сиёсати амалга оширилади. Шу каби сиёсатлар сабабли урушнинг дастлабки босқичида қизил қўшин жангчиларининг катта қисми ҳалок бўлди ёки душманга асир тушди.
Германия ҳужумидан кейин Ўзбекистон ССРда ҳам қурол кўтаришга яроқли йигитларни жисмоний тайёргарликдан ўтказиш ишлари бошланади. Шу мақсадда Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси томонидан 1941 йил 26 июнда “Аҳолини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш бўйича спорт ташкилотларининг иши тўғрисида” қарор қабул қилинади.
1941 йил 30 июнда ВКП(б) Марказий Қўмитасининг Бош котиби И.Сталин (1878–1953) бошчилигида СССР Давлат мудофаа қўмитаси (ДМҚ) ташкил қилинади. Қўмитанинг асосий вазифаси урушга сафарбарлик, ҳарбий, иқтисодий масалаларни назорат қилишдан иборат бўлган. 1941 йил 17 сентябрь куни ушбу қўмита томонидан “СССР фуқароларининг умуммажбурий ҳарбий тайёргарлиги тўғрисида” қарор қабул қилинади. Қарорга биноан 1941 йил 1 октябрдан бошлаб 16 ёшдан 50 ёшгача бўлган эркакларнинг мажбурий ҳарбий таълим олиши белгилаб қўйилади.
Юқоридаги қарор Ўзбекистон ССРда ҳам жорий этилиб, октябрь ойидан ёппасига республиканинг барча ҳудудларида қисқа вақт ичида ҳарбий ишларни ўргатиш бошланади. Масалан, 1941 йил октябрда Тошкент вилоятининг Қорасув тумани Оҳунбобоев-2 ва Жданов номли колхозларда ҳамда Ўзбекистон сабзавотчилик станциясида мудофаа ишларига раҳбарлик қилувчи Одил Холиқов, Варлашин, Уреев ҳамда Дергачевлар томонидан колхозчи ва ишчиларга милтиқ, пулемёт, граната отиш ва юриш машқлари ўргатилади. 1941 йил 26 ноябрда Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг раиси Ҳусаинов томонидан Тошкент шаҳридаги ҳарбий тайёргарлик тўғрисида маълумот берилиб, Октябр (ҳозирги Шайхонтоҳур тумани), Киров (ҳозирги Юнусобод тумани), Сталин туманларида ҳарбий таълимнинг жуда ёмонлиги айтиб ўтилади.
Наманган вилоятида ҳам эркак ишчиларга ишдан ажралмаган ҳолда дастлабки ҳарбий билимлар бериш амалиёти олиб борилади. Наманган шаҳридаги ёғ заводи, пахта заводи, артеллар ва Чуст, Учқўрғон туманларида пахта заводи ишчилари махсус дастур асосида октябрь ойидан бошланғич ҳарбий машғулотлар (сафда юриш, милтиқни сочиб йиғиш кабилар)ни ўргана бошлайди. Қисқа муддатли ҳарбий таълим билангина чекланган ўзбек ишчи ва деҳқонлари жабҳанинг энг олдинги чизиғига юборилади. Назарий ҳарбий билимларгина берилиб, ҳақиқий қурол билан таништирилмасдан, уруш тўғрисида тасаввурга эга бўлмасдан ўзбеклар жанг майдонида замонавий қуроллар билан қуролланган Германияга қарши кураш олиб боришга мажбур бўлади.
Бироқ сафарбарлик даврида ўлим кафолатланган майдонга боришдан бош тортганлар ҳам бўлган. Жумладан, Андижон вилояти Ворошилов (ҳозирги Қўрғонтепа) туманида туғилган Комилжон Санобаров ва 1894 йилда Пахтаобод туманида туғилган Фозилжон Мавлонов 1942 йилда урушга боришдан бош тортади. Уларга Ҳарбий трибунал томонидан 1942 йил 17 апрелда Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 128-моддаси а-бандига биноан ҳарбий сафарбарликдан бўйин товлаш айби билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади (1-илова). Тайинланган қамоқ жазосининг ижроси уруш якунлангунга қадар кечиктирилиб, 1942 йил майда К.Санобаров ҳамда Ф.Мавлонов Германия билан жанг кетаётган ҳудудга юборилади. Душманга қарши жангда катта қаҳрамонлик кўрсатадиган бўлишса, уларга қўйилган айблар бекор қилиниши ваъда қилинади. Бундан кўриниб турибдики, қуролсиз, жонли нишон сифатида жангга кираётган совет аскарларининг тақдири ўзбек халқига (хусусан, бутун туркистонликлар) ҳам маълум бўлган. Урушга боришдан бош тортганларга қамоқ жазоси берилган бўлса-да, қизил қўшин инсон ресурсига муҳтож бўлганлиги учун улар урушга жўнатилади.
Урушга юборилганлар орасида яқин қариндоши қатағон қилинганлар ҳам бўлган. Жумладан, самарқандлик Файзулла Олимовнинг отаси Шукур Олимов 1937 йилда қатағон қилиниб, унга 10 йил қамоқ ҳукми тайинланади. Файзулла Олимов эса 1939 йилда қизил қўшинга чақирилади ва уруш бошлангач Германияга қарши жангга киради. Аммо 1941 йил июлда РСФСРнинг Псков вилояти Великия Луки шаҳрида немисларга асир тушади. Орадан бир йил ўтиб, 1942 йил июлда Туркистон легионига аъзо бўлиб, легионнинг бош органи Миллий Туркистон Бирлик Қўмитасида фаолият юритади. Бу ҳолат шундан далолат берадики, 1937-1938-йиллардаги қатағон сиёсати ҳам туркистонлик аскарларнинг Германия тарафига ўтиб, легионга қўшилиб кетишига сабаб бўлган.
Урушнинг илк даврида Ўзбекистон ССРда миллий ҳарбий қўшилмалар ҳам тузилади. 1941 йил 13 ноябрда ДМҚнинг “Миллий ҳарбий қўшилмаларни шакллантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинади. Қарорга биноан, Ўзбекистон ССРда 5 та кавалерия дивизияси ва 9 та алоҳида ўқчилар бригадаси тузиш зарурлиги белгиланади. Янги тузиладиган дивизияларнинг таркиби миллий аҳоли вакилларидан иборат бўлиши белгилаб қўйилади. Шундай қилиб, Ўзбекистон ССРда 19, 99, 100, 101, 102, 103-отлиқ дивизиялар, 90, 94-алоҳида ўқчи бригадалари, 128-гвардиячи Туркистон тоғ-ўқчи дивизияси ташкил қилиниб, уруш майдонига юборилади. Бироқ бу миллий дивизиялар 1942-1943-йиллар оралиғида тарқатиб юборилиб, унинг таркибидаги ўзбекистонлик аскарлар бошқа ҳарбий қисмларга қўшиб юборилади. Ўзбек дивизияларининг тарқатиб юборилишига асир тушган туркистонликлардан Туркистон легиони тузилиши ва қизил қўшинга қарши жангга ташланиши эҳтимоли ҳам сабаб бўлади. Ўзбекистон ССР ҳудудида умумқўшин тузилмалардан ташқари 14 та миллий қўшилма ва қисмлар ташкил этилади.
1941 йил охирларидан бошлаб ГУЛАГ жамлоқларида сақланаётган қулоқларни ҳам урушга сафарбар этиш ишлари бошланади. Бу вақтда Ўзбекистон ССРдаги меҳнат жамлоқларида 2738 нафар эркак сақланаётган эди. 1942 йилдан уларни урушга юбориш жараёни янада тезлашади. Урушга борганлардан қулоқ сифатидаги сургун муддатининг қолган қисми олиб ташланиши ваъда қилинади. Архив ҳужжатларида келтирилишича, 1942 йилнинг охирларига келиб Ўзбекистон ССРнинг Тошкент, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва республиканинг бошқа ҳудудларидаги меҳнат жамлоқларида жазо ўтаётган мингдан ортиқ қулоқлар урушга юборилади. Қулоқларни жанг майдонига юборишдан кўзланган асосий мақсад қизил қўшиндаги ҳалок бўлган ёки асир тушган аскарлар ўрнини тўлдириш бўлган.
1929–1933-йилларда амалга оширилган “қулоқлаштириш” натижасида СССРнинг ғарбий ҳудудларидаги ГУЛАГ жамлоқларига сургун қилинганлар ҳам бўлган. Улар ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган бўлса-да, Германия ҳужумидан кейин маълум қисми немисларга асир тушади. Жумладан, Туркистон легионига аъзо бўлган 65 ёшли Ҳошим исмли ўзбек нуронийси қулоқлаштириш сиёсатининг қурбони бўлган эди.
Ҳошим жамлоқдан қандай қилиб озод бўлиб, немислар томонига ўтганлиги ҳақида “Milli Türkistan” журналида маълумот бериб ўтади: “Уруш бошланганидан кейин НКВД аскарлари бизни номаълум жойга кўчиришни бошлади. Пиёда узоқ йўл босдик. Йўлда кўплаб қариялар, аёллар, болалар ҳолдан тойиб йиқилдилар. Улар НКВД аскарлари томонидан отиб ташланди. Пиёда юришимизнинг учинчи куни тўсатдан отишма бошланиб, немис ҳарбий самолётлари бомба ташлай бошлади. Гуруҳдан қочишга уринганларни НКВД аскарлари ота бошлади. НКВД ходимларидан бири менинг қизимни ҳам отиб ўлдирди. Мен ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келиб, қаршимда кийимларининг енгида “Аллоҳ биз билан” ёзуви бор ҳарбий либосдаги Туркистон озодлик қўшинининг аскарларини кўрдим. Мени хавфсиз ҳудудга олиб боришди”.
19-юзйиллик охирларидан Россия империяси бошлаб берган туркистонликларни ҳарбий хизматга чақирмаслик сиёсати совет даврида ҳам давом эттирилади. Биринчи жаҳон урушида туркистонлик эркакларнинг катта қисми жабҳа ортидаги ишларни бажариш учун “мардикорлик”ка олинади. Туркистонликлардан Германияга қарши жанг майдонида ҳам фойдаланган Россия империяси ағдарилгандан сўнг, 1919 йилда Туркистон фронти тузилиб, унинг сафига оз миқдорда туркистонликларни чақириш ишлари бошланади. СССРда 1935 йил имзоланган сафарбарлик тўғрисидаги янги қарорга биноан туркистонликларни қизил қўшинга жалб қилиш кучаяди. Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан сўнг, қўшинда аскарлар сонини кўпайтириш мақсадида туркистонликлар ёппасига ҳарбий хизматга сафарбар этилади.
Иккинчи жаҳон урушида ўзбек (шунингдек, барча туркистонликлар) йигитларининг етарли даражада ҳарбий тайёргарликка эга бўлмасдан жангга киритилганлиги ҳақида “Milli Türkistan” журналида кўплаб маълумотлар берилади. Жумладан, Пўлатбек исмли аскар Пискентдаги қароргоҳда ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Қароргоҳда уларга алоҳида ўзбек дивизияси тузилиши ва ўзбек қўмондонлари қўл остида жанг майдонига киришлари ваъда қилинади. Ҳарбий қароргоҳда ўзбеклар тўрт ой давомида ёғоч милтиқлар билан машқ қилганидан кейин миллий ҳарбий кийимлар берилади. Бироқ улар Чимкент шаҳрига олиб келинганидан сўнг, миллий ҳарбий кийимлар ўрнига қизил қўшиннинг ҳарбий либослари тарқатилади. Қизил вагонларда олти ҳафта давомида Чимкентдан Украина ССР ҳудудига олиб борилади. Бу ерда улар асосий қисми руслардан иборат бўлган ҳарбий гуруҳлар таркибига бўлиб юборилади. Ваҳоланки, ҳарбий буйруқ ва кўрсатмалар рус тилида берилар, янги сафарбар этилган ўзбеклар орасида эса рус тилини билмайдиганлар катта қисмни ташкил этарди.
Туркистонликларнинг ҳарбий тайёргарликсиз ва қуролсиз жангга кирганлиги тўғрисидаги маълумотни Боймирза Ҳайит, Рўзи Назар каби қизил қўшинда жанг қилганлар ҳам тасдиқлайди.
“Milli Türkistan” журналида Туркистон мисолида совет ҳукумати юритган сиёсатнинг асл моҳияти кўрсатиб ўтилади: “1939 йил совет ҳукумати бутун туркистонликларни ҳайвон вагонларига қамаб ўлим майдонига ташлади. Қора ишларга, ўрисларнинг этигини тозалашга жалб қилди. Қўлида қурол йўқ бу бечора Туркистон йигитлари қирилиб кетди. Туркистон йигитлари ўқ еб ярадор бўлиб ётганда ўрислар ташлаб кетар ва ўз ярадор ўрис аскарларини машинада олиб кетарди. Лекин Туркистон йигитларини ярадор ҳолда баданидан қон оқиб турганини кўра туриб “сен қора – черний”сан деб сўкиб ташлаб кетишарди.
...Ҳозирда туркистонликлар қўлида ҳаттоки пичоқ ҳам йўқдир. Советлар уни тортиб олганлар. Совет жаллодлари Туркистон пичоғидан ҳам қўрқадилар. ...Ҳозирда 55 ёшга қадар боболаримиз ҳарб ҳунарини ўрганмай, қўлига қурол берилмай уруш майдонига ташланди. Ўруслар уларнинг 8-10 нафарига битта милтиқ берди. У ҳам бўлса овчи милтиқ ва унинг ичида ўқ ҳам йўқ”. Бу маълумот қизил қўшинда миллатчилик кайфияти юқори бўлгани ва туркистонликларга нисбатан паст назар билан қаралганини кўрсатиб ўтади. Шунингдек, туркистонликлар узоқ йиллар давомида ҳарб илмидан узоқда тутилганини ҳам билиш мумкин.
Журналнинг бошқа бир сонида туркистонликларга нисбатан қизил қўшинда “маданиятсиз” халқ сифатида қаралгани ва уларнинг қуролсиз жабҳанинг энг олдинги чизиғига ташлангани тўғрисида маълумот берилади: “Туркистонликларни “қора маданиятсиз, ўрислардан пастда турувчи” деб, уларни қора ишларга: аравакашлик, отбоқарлик ва ўрис комиссарларининг уй хизматчиси каби юмушларга буюрилар эди. “Қоралар” томонидан кичкина бир хатолик қилинса ёки буйруқлар тўла равишда бажарилмаса, уларга катта жазолар берилар, ҳаттоки, ватан душмани, совет душмани деб 5–10 йилга қадар сургун қилиб юбориларди.
Ўрислар Туркистон йигитларини йўқ этмоқ мақсади билан 1000–10 000 тасини қуролсиз урушнинг биринчи қаторига жўнатди. Баъзи вақтлар 1000 кишига 50–60 та милтиқ бериб, жанг майдонига киритди”. Бу қизил қўшинда туркистонликларга қуйи табақадаги “маданиятсиз” халқ сифатида қаралганлигини кўрсатади. Шу билан бирга уларга ҳарбий ишга алоқаси бўлмаган юмушлар юкланиб, жуда “кучсиз” қурол билан жангга киритилади.
Асирликка тушган ўзбеклардан бири қизил қўшинга сафарбар қилинганини қуйидагича эслайди: “Уч юзтамизни ўрмонга олиб боришди, у ерда биздан бошқа туркистонлик дўстлар ҳам бор экан. Ётоқ жойимиз ертўла, зах, кечаси кишиларнинг иссиғи билан атрофдаги музлар эрийди, ойнадан сув оқиб, ертўламиз сувга тўлиб қолади, совуқдан кечаси билан ухлай олмаймиз, кўп йигитлар менга ўхшаб касалланган. Шунга қарамасдан сен ўрис тилини билмайсан, билсанг ҳам қувлик қиласан, буйруқни тушунмайсан деб қор, сув, ботқоқларда эмаклатади. Шундай қилиб совуқ ўтди, ўпка касалига учрадик. Ҳақиқатан ҳам кўплаб йигитлар касалланган, оёқ, қўл, бурун, қулоқларини совуқ урган. Мен шу вақтда тоғамнинг бир ўғлини кўрдим, у ҳам жуда озғин, мени кўриши билан йиғлаб юборди. Мен: “Нимага йиғлайсан, бу бутун туркистонликларга тушган иш-ку?” деб уни юпатдим”.
Қизил қўшин аскарларини ҳарбий қуроллардан ташқари озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш ҳам қониқарли аҳволда бўлмаган. Совет аскарларидан бири Борис Горбачевский урушдан сўнг ёзган хотира китобида қизил қўшиндаги таъминотнинг жуда ёмон бўлганини айтиб ўтади: “1942 йилнинг охирларида жабҳадаги аскарларимиз немисларга қараганда ёмон шароитда эдилар. Қиш фаслида пайпоқлар ўрнига махсус оёқ боғлашга мўлжалланган пайтаваси бор этик, эски қалпоқ, қон доғлари бўлган қишки кийимлар берилганди. Биз тўйиб овқатланмасдик. Бизда ҳеч қачон етарлича жанговар таъминот, хусусан, снаряд ва миналар бўлмаган. Қўмондонлик жанговар ҳолатни фақат шиорлар орқали мустаҳкамлашга ҳаракат қиларди”. Бу 1942 йил охирларида, яъни совет уруш тизгинини ўз қўлига ола бошлаган даврда ҳам қизил қўшиннинг ижтимоий ва ҳарбий аҳволи яхши бўлмаганлигини кўрсатади.
Қизил қўшинда иқтисодий ҳолатнинг оғир бўлганлигини тарихчи Ҳамид Зиёев (1923–2015) ҳам ўз китобида ёзиб ўтади. У қўшиндаги ижтимоий таъминотнинг ёмонлиги, қурол-яроғнинг етишмовчилигини қуйидагича тасвирлайди: “Овқат гўштсиз, картошкали шўрва, гречка ва 200 грамм нондан иборат эди. Ҳарбий хизматда бўлсак ҳам ўз кийимимизда ёғочдан ясалган милтиқ билан машқ қилардик. Машқ ўтказиладиган майдонга саф тортиб бораётганларнинг аҳволини кўриб турган маҳаллий аҳолининг бизга ачиниб ҳайратланганлари ёдимда. Чунки кийим-кечакларимиз йиртилиб, илма-тешик бўлиб кетган эди”. Демак, урушга сафарбар қилинганларни озиқ-овқат билан таъминлаш етарли миқдорда бўлмаган ва уларга берилган ҳарбий кийимлар ҳам талаб даражасида эмасди.
1941–1945-йиллар оралиғида 2 млнга яқин ўзбекистонликлар қизил қўшин сафида Германияга қарши жанг олиб борган. Бироқ қўшинга чақирилганлар учун ҳарбий машғулотлар яхши ҳолатдамаслиги ва ижтимоий ҳамда ҳарбий таъминотнинг етарли миқдорда эмаслиги аҳоли орасида урушга боришдан бош тортиш ҳолатлари юз беришига сабаб бўлади.
Зоҳиджон ХОЛДОРОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ