Адолат момо нонни ҳар доим иккига бўлиб ейди. Чайир қўллари билан секин, эҳтиёткорлик билан бўлади, – гўё у оддий нон эмас, аччиқ ҳаётнинг ҳосилидек.
Бир куни набираси Музаффар ва Замира сўради:
– Момо, нега ҳар сафар нонни ярмини қолдирасиз? Бизда етарли-ку...
Адолат момо жилмайди. Бу жилмайиш узоқ йиллардан қолган бир оғриқнинг сояси эди. Хаёли узоққа, 1941 йилнинг қаҳратон қишига кетди.
– Болаларим, – деди у паст овозда, – нонни бўлмай ейишга ҳаққимиз йўқ эди. Ярмини эртанги кун учун сақлаш керак эди. Эртанги кунни эса... ҳеч ким билмасди.
***
Уруш бошланганда у тўққиз ёшда эди. Қишлоқда эркаклар бирдан ғойиб бўлди. Фақат аёллар, болалар ва чоллар қолди. Пахта далалари, буғдойзорлар, совуқ ер – ҳаммаси аёлларнинг нозик елкасига тушди. Улар тонг ёришмасдан қўллари музлаб, очликдан боши айланиб ер ҳайдашарди. Кечқурун уйга қайтганларида болаларига бир бўлак нон бериш учун ўзларининг емагидан тежашарди. Нон... Ўша пайтда нон олтиндан ҳам қиммат эди.
Бозорларда, кўчаларда одамлар очликдан йиқилиб қоларди. Эвакуация қилинган оилалар, ярадор аскарлар, оч қолган болалар – бари нон излаб юрарди. Колхозларда ҳосилнинг катта қисми фронтга жўнатиларди. Қолгани эса аёллар ва болалар ўртасида бўлишиларди. Бир кунлик норма – бир бўлак нон. Уни иккига бўлиб, бир бўлагини бугунга, иккинчисини эртанга сақлашарди.
Адолат момо эслайди, бир куни синглиси Марям касал бўлиб қолди. Иситмаси кўтарилиб, овқат емасди. Онаси ярим бўлак нонни Марямга узатди. Марям еди-ю, яна сўради. Онаси кўз ёшини яшириб: “Қўй, қизим, эртага яна бераман, ухласанг ўтиб кетади”, деди.
Аммо эртаси кун нон бўлмади, сув ва бир ҳовуч қуритилган пиданагина... Марям кечаси жимгина ухлади. Ҳеч қандай шовқин, йиғисиз. Фақат эрталаб онаси унинг совуқ қўлини ушлаб, “Энди ярим бўлак нон сенга етади, болам”, деб пичирлади.
Шу кундан кейин Адолат момо нонни иккига бўлишни ўрганди. Бу одат эмас, омон қолиш структураси эди.
1943 йилнинг қаттиқ қишида уларнинг уйига Тошкентдан эвакуация қилинган бир рус оиласи келди – уч фарзандли оч ва ҳолдан тойган она. Кичик қизчаси Катя, атиги беш ёшда, кўзлари катта-катта, юзи чўпдай озғин эди. Ҳар эрталаб Катя Адолатнинг ёнига келиб, жимгина турарди. Ҳеч нарса сўрамасди, фақат ноннинг ҳидини сезгандек бурунларини қимирлатарди.
Бир куни Адолатнинг онаси охирги ярим бўлак нонни иккига бўлди. Бир ярмини ўз болаларига, иккинчи ярмини эса Катя ва унинг укаларига узатди. Адолат ўша лаҳзада қаттиқ йиғлагиси келди, йиғламади. Онаси унга шундай деганди: “Болам, бугун биз ярим бўлак билан яшаяпмиз, улар умуман йўқ нон билан яшаяпти...”
Ўша қиш Катя билан Адолат дўстлашиб қолишди. Иккиси кечалари бир кўрпа остида ётиб, очликдан ухлай олмасдилар. Катя пичирлаб сўрарди: “Адолат, уруш тугагач, нон кўп бўладими? Бутун нон ейиш мумкинми?” Адолат жавоб берарди: “Ҳа, тугагач, биз бир бутун нонни бирга еймиз...”
Катя уруш тугашини кутмади. Баҳорда, биринчи майсалар бош кўтарганда у бу дунёни жимгина тарк этди. Адолат Катянинг совуқ қўлчасини ушлаб, охирги ярим бўлак нонни унинг ёстиғи ёнига қўйди. Ва ўша куни ўзига ваъда берди: “Мен ҳеч қачон нонни бутун емайман. Ярим бўлаги – Катя учун, Марям синглим учун ва фронтда қолган отам учун...”
Фронт ортидаги Ўзбекистон бутун уруш давомида нафақат озиқ-овқат етказиб берди, балки миллионлаб одамларнинг паноҳи бўлди. Эвакуация қилинганлар Тошкент кўчаларида “нон борми?” деб юришарди. Эркаклар масъулиятини елкалаган аёллар пахта терди, ярадорларни парвариш қилди, болаларни боқди – тинмай меҳнат қилди. Қўллари гоҳ қонади, гоҳ терлади, аммо умиди сўнмади.
Ҳар эшик тақиллаганда юрак ҳаприқарди: “Хат келдими? У тирикми?” Баъзан хат келарди, баъзан эса фақат “бедарак йўқолган” деган совуқ қоғоз. Баъзан эса умуман ҳеч нарса.
***
Бугун унинг дастурхони тўкин. Лекин момо барибир нонни иккига бўлади. Ярмини набирасига беради, иккинчи ярмини кўзларини юмиб секин, шошилмай чайнайди.
– Бу ярим бўлак, – дейди у, – ўша йиллар учун. Ўша оч қолган болалар, кутган оналар, совуқ далаларда меҳнат қилган аёллар учун. У вақтлардаги ноннинг таъми ҳали ҳам оғзимда.
***
9-май – Хотира ва Қадрлаш куни. Бу кун шунчаки ғалаба байрами эмас. Очликнинг, йўқотишнинг, сабрнинг ва умиднинг куни. Бугунги фаровонлик осонликча келмаганини, миллионлаб одамларнинг ярим бўлак нони, музлаган қўллари ва овозсиз йиғилари эвазига келганини эслатадиган кун. Сиз бугуннинг қадрини ҳис қилсангиз, демак, уларнинг азоби беҳуда кетмаган. Ва биз, уларнинг пвлодлари шу хотираларни эслашга бурчлимиз.
Диёрбек НОРМУРОДОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистранти
Адабиёт
Фалсафа
Тарих
Тарих
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ