Жанговар ҳаракатларда мусиқадан фойдаланиш ҳарбий маданиятнинг бир қисми ҳисобланган. Бу орқали қўмондонлар қўшинни бошқариш, ҳарбий усулларни қўллаш, жангчиларни руҳлантириш ҳамда уруш жараёнларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилганлар. Турон ўтмишининг ҳарбий тарихи ва маданияти нафақат ёзма ёки археологик манбаларда, балки халқ оғзаки ижодида ҳам сақланиб қолган. Хусусан, бахшилар томонидан куйланган достонларда мусиқа ҳарбий маданиятнинг ажралмас бўлаги эканлиги урғуланган.
Достонларда ҳукмдорлар ўз қўшини билан мусиқа садолари остида жангга тайёргарлик кўрадилар ёки урушга чорлов ҳам айни тарзда амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Бунда асосан, карнай-сурнай ҳамда довул (бахшилар шевада “добил” деб ном берганлар) каби мусиқа асбобларидан фойдаланилгани баён этилади. Қўшиннинг руҳий ҳолатига таъсири қай даражада эканига қараб мусиқа асбоблари қўлланилган.
“Эрали ва Шерали” достонида уруш пайти чор тарафдан карнай-сурнай тортиб, лашкар майдонга чиқиб келганлиги акс этган. Ҳарбий сафарбарлик ёки жангга чиқиш олдидан карнай-сурнай чалиниши бу ҳаракатнинг нафақат амалий, балки руҳий жиҳатдан ҳам тайёрлик даражасини кўрсатади. Манбаларда бу турдаги чолғулар халқни огоҳлантириш, лашкарга руҳий кўтаринкилик бахш этиш ва рамзий уруш руҳиятини уйғотиш воситаси бўлган.
“Алибек ва Болибек” достонида эса бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли шундай куйлайди: “Ана энди Шоҳпўлат добилни қоқди, сурнай-карнайни тортди, қўлида сарсоз лашкарни жўнатди. Ўзи ҳам отланмоқчи бўлиб ғамини еяпти. Олисроқлардаги лашкарни, амир-умароларни отлансин-отлансин деяпти”. Достондаги бу жумлада мусиқий ҳаракатлар сафарбарлик жараёнларида, яъни қўшин тўплаш ва урушга тайёрлаш билан бир пайтда амалга оширилганини кўрсатади. Қурол-яроғлар куч-қудрат белгиси бўлса, мусиқа асбоблари уруш жараёнларида рамзий аҳамият касб этиб, қўшинни руҳлантирувчи восита сифатида ҳам аҳамиятли эканини исботлайди. Хўш, мусиқанинг инсон руҳиятига қандай таъсири бор? Нима учун мусиқа жангларнинг бурилиш нуқтаси сифатида баён қилинган?
Жанг олдидан қўшинни руҳлантириш, душмандан қўрқмаслик учун чора кўришга алоҳида эътибор қаратилгани хусусида Аристотел ўзининг “Сиёсат” асарида шундай ёзган: “Бундаги сир ва ҳикмат урушда душманни қўрқитишдир. Чунки баланд ва дахшатли товушларнинг инсон руҳига дахшатли таъсири бўлади”. Араблар эса бошқачароқ усулни қўллаган, яъни жанглардан олдин шоирлар қатор олдида туриб, мардонавор шеърлар билан аскарлар қалбида шодлик уйғотиб, қаҳрамонларни ҳаяжонга солишган ва улар дарҳол ҳужумга ўтган.
Туркий халқлар ҳукмдорлари эса ўз юришлари учун довул, карнай, бурғу сингари асбоб-ускуналар тайёрлатганлар ва булар ҳукмдорлик рамзларидан бири ҳисобланган. Бу ҳолат нафақат инсонларда, балки ҳайвонларда ҳам намоён бўлиб, жумладан туялар ҳудъа деб номланган ритмик қўшиқ ёки отлар ҳуштак ва қичқириқлар билан жўшқинлашади. Оркестр мусиқа асбоблари билан қўшин ичида турган ҳукмдор атрофида саф тортиб турган ва маршлар чалиб, қаҳрамонларни руҳлантирган.
Мусиқадан жанговар ҳаракатларда фойдаланилгани ва унинг уруш мафкурасидаги аҳамияти тўғрисида “Гўрўғли” туркумидаги достонларда янада кенгроқ куйланган. Буни “Гулнор Пари” достонидаги жанголди саҳнаси акс этган қуйидаги сатрларда ҳам кўриш мумкин:
Ноғора, сурнай, карнайлар тортилсин,
Чин полвоннинг ширин жони сотилсин!
Гиришини созлаб олинг сари ёйни,
Камон ўқи душманларига отилсин!
Пешонада ҳар гап бўлса битилсин!
Жанг олдидан ҳарбий мусиқа асбоблари (ноғора, сурнай, карнай) орқали аскарларни руҳлантириш, сафарбар қилиш ҳолати элшунослик жиҳатдан Турон халқларининг ҳарбий тайёргарлик маросимлари сифатида намоён бўлади. Ноғора жангга чақириш белгиси ҳисобланса, карнай, сурнай эса ҳарбийларни руҳлантириш билан бирга ҳукмдорнинг чиқиши ёки уруш бошланишини ифодаловчи унсур сифатида баҳоланган. Ушбу мусиқа асбоблари нафақат жангни бошлаш, балки уни якунлаш вазифасини ҳам бажарган. Достонда бу ҳақидаги маълумотларни бахши қуйидагича куйлаган:
Айрил карнай тортиб энди Той Ҳинди,
Ўликларни кўриб беҳуш бўп кетди.
Аҳмадбек ҳам айрил деб карнай тортди,
Туққа қараб Гўрўғлибек бошлади,
Гўрўғлини кўриб энди қўшини,
“Айрилинг”, деб вақтларини хушлади.
Жанговар тўқнашувларда жангни мусиқа билан тўхтатилиши ва икки душман қўшиннинг ажралиши уруш маданиятининг бир қисми бўлиб, бахши достонларда ўз ижоди орқали намоён этган.
Достонларда куйланган маълумотлар Ибн Халдуннинг тарихий қайдларига мос келади. У “Муқаддима” асарида қуйидагича қайд этади: “Турклар довулга ўхшаган асбобларга катта аҳамият берадилар, уларнинг сонини кўпайтирадилар ва унга “кусвот” (кўс, меҳтар) деб ном берганлар”.
Юқорида таъкидлаганимиздек, халқ достонларида “довул” сўзи шевада “добил” деб талаффуз қилинган ва урушнинг энг асосий ускунаси сифатида баён этилади. “Гўрўғли”да бу ҳақида аниқ тасвирлар кўзга ташланади: “Алқисса, андин сўнг, ҳар икки томондан аскар йиғилиб, добил урилиб, отлар сурилиб, Гўрўғли султон билан Шоҳдоршоҳ аскарларининг жангга бораётган чоғи:
Аввал бир карнай тортди,
Отлар қозиққа айланди.
Яна бир карнай тортилганда,
Ботир йигитлар сайланди.
Яна бир карнай тортилганда,
Осмон чанг бўб ғуборланди.
Яна бир карнай тортилганда,
Баравар бари отланди”.
Амир Темур ва темурийлар даври ҳақида маълумот берувчи Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида ҳарбий юришлар жараёнида чолғу асбобларидан фойдаланиш масаласи ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтилади. Жумладан, 1393-йилда Соҳибқирон қўшинларининг Шероз томон амалга оширган ҳарбий юриши бу борада алоҳида эътиборга лойиқ. Асарда қайд этилишича, жанг ҳаракатлари бошланиши билан янграган карнай ва ноғораларнинг қудратли, қулоқни ларзага солувчи овози тоғ юрагини ёрган, қалъа аҳли ниҳоят даражада қўрқинч ва саросимага тушиб қолган.
Мусиқанинг оламни ларзага келтирувчи кучи ҳақида “Холдорхон” достонида шундай баён қилинган: “Ана энди нима дейсиз, Така-Ёвмитнинг лашкарида қанча карнай, сурнай, гижжак, балабон, кўс, ноғора, ғубурга, най, қўбиз, жами наъма-суруд бор эди, бирдан қўяборди, садо оламни бузди. Жанггир-жунггир, катир-қутур, шатир-шутур, касир-қусур, вағир-шағир – бирдан жами наъма-суруд бор қўяборди. Қримда Холдор шоҳ билан Қайсар шоҳнинг одамларига давур кайфи учиб кетди, барининг юраги зир этди, кўзи олариб қолди”. Бу парчада яна бир муҳим жиҳат шу-ки, кўплаб мусиқа асбобларининг номлари кўрсатиб ўтилган. Ушбу достонда мусиқачилар гуруҳи бўлганлигига ишора қилиниб, уларнинг фаолияти уруш жараёнлари билан боғлиқ ҳолда баён этилган.
“Холдорхон” достонида келтирилган мусиқа асбобларининг номлари ва оркестр фаолиятида хонликлар даври таъсири кучли экани сезилиб туради. Достонларнинг ёзиб олиниш вақтини ҳисобга олсак, ҳарбий ишда мусиқанинг қўлланиши билан боғлиқ кўплаб маълумотлар хонликлар даври ҳиссасига тўғри келади.
Жумладан, Хива хонлиги қўшинида мусиқачилардан иборат бўлинма ҳам мавжуд бўлган. Бу ихтисослашган ҳарбий созандалар гуруҳи хоннинг саройдан чиқиши вақтини халққа маълум қилишда, ҳарбий юришдан олдин жангчиларни кўрикдан ўтказишда, жанг вақтида аскарларни руҳлантиришда, шунингдек, турли ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштиришда иштирок этган. Бу бўлинма таркибида асосан карнайчи (шифурчи), сурнайчи, ноғорачилар бўлган. Демак, ҳукмдорларнинг омма олдига чиқиш жараёнларида ҳам мусиқа ўзига хос аҳамият касб этганлиги намоён бўлади.
Хўш, бу мусиқачиларнинг вазифаси нималардан иборат бўлган? Жангларнинг бошланиши ва унинг тугатилиши мусиқа орқали эълон қилингани ҳамда урушда чолгъуларнинг аскарларни бошқаришдаги амалиётини ҳисобга олсак, замонавий сигнализация тизимига тўғри келади, деб айтиш мумкин.
“Гўрўғлининг туғилиши” достонида урушга шайланиш буйруғи чолғу асбоблари орқали амалга оширилгани қайд этилади. “Шоҳдорхон подшо: – Урушга тайёрлик қилинсин, – деб амр қилди. Уруш ноғорасини урди, карнай-сурнайларни чалдириб, лашкарини отларига миндириб, милтиқни ўқлаб, пилтани чоқлаб, чоқ бўлди. Одилхон подшо ҳам уруш ноғорасини чалдириб, лашкарларини чоқлаб отга миндириб, урушмоққа чоқ бўлди, кўнгиллари тўқ бўлди. Икки тараф подшоларининг уруш учун қилган шон-у шуҳратларига ер тебранди”, – дея Пўлкан шоир куйлаган. Бу ўринда иккала ҳукмдор ҳам қўшиннинг жанговар тайёргарлик ҳолатини мусиқа билан амалга оширганлиги таъкидланган.
Бухоро амирлигига оид маълумотларга кўра, сарбозлар ва тўпчилар таркибида ҳарбий созандалар ҳам мавжуд бўлган. Бўлинмалар кесимида тақсимланган 14 нафар ноғорачи ва 14 нафар найчидан ташқари, сарбозлар қисмида яна 2 дона турк ноғорачиси ва 4 нафар карнайчи хизмат қилган; бундан ташқари 6 нафар карнайчи артиллерия бўлинмаси ҳузурида фаолият олиб борган. Умуман олганда, қирқ нафар ҳарбий созанда алоҳида бошқарув остида бўлиб, улар миллий созандалар бошлиғи (капелмейстер) – юзбоши унвонига эга шахс ихтиёрида бўлган. Ҳарбий мусиқачилар гуруҳи қўшиннинг энг муҳим таркибий қисмига айланган. Бундан Қўқон қўшини ҳам мустасно эмас эди. Одатда Қўқон хонлигида, ҳар бир 20–30 кишилик гуруҳга икки ёки уч мусиқачи бириктирилган.
Ҳарбий мусиқачиларнинг мусиқа асбоблари дўмбира, ноғора, карнай ва сурнайлардан иборат бўлган. Мусиқачиларнинг кийими бошқалардан, жумладан, аскарларникидан ҳам фарқ қилган. Бу ҳақида А. Федченко шундай ёзади: “Учраган барча аскарлар орасида бизни қизил кўйлак, чопон ва бошига қўй терисидан тикилган қора қалпоқ кийиб, эгари ёнига мис тарелкаларни осиб олган аскар ҳайратга солди. Кейин билсак бу отлиқ қўшин мусиқачиси экан”. Қўшин мусиқаси жарангдор ва сержилолиги билан ажралиб турган. Қўшин мусиқачисининг кийим-кечаги, мусиқа асбоблари ва таъминотига хон хазинасидан маблағ ажратилган. Мусиқачилар жангни бошлашда, мудофаа ва ҳужум ҳаракатларида, шунингдек, жангни якунлашда бевосита қатнашган.
Умуман олганда, халқ достонлари ўзбек халқининг жанговар маданияти, урушга оид билимларини ўзида акс эттирувчи манбалардан бири ҳисобланади. Довул, яъни жанг ноғораси – добил ёки кўс тарзида баён қилиниб, бу мусиқа асбоблари тарихий манбаларда урушнинг муҳим воситаси сифатида эътироф этилган. Шунингдек, карнай, сурнай, қўбиз, ғижжак каби асбобларнинг қайд этилишида достонларга хонликлар даври ҳарбий воқелигининг таъсири эканлиги намоён бўлади.
Бахшиларимиз ижоди ва тарихий манбалар шуни кўрсатадики, қадим туркий ҳарбий маданиятида мусиқа фақат санъат эмас, балки жанг бошқаруви ва руҳий таъсир воситаси ҳам бўлган. Карнай, сурнай ва ноғора қўшин учун бугунги ҳарбий сигнал тизимлари вазифасини бажарган. Ўзбек халқ достонлари миллий-ҳарбий тарихимизни ёритишда муҳим манба сифатида аҳамиятлидир.
Мухторжон ТОЛИББОЕВ,
Фанлар Академияси Тарих институти таянч докторанти
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ