Ижтимоий тармоқларда бир ёзувга кўзим тушди: “Шум бола”ни бекор ўқибман, Ғафур Ғулом сотқин экан”. Афсуски, кейинги пайтда ёшлар орасида бундай фикрлар кўп айтилмоқда. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек ҳатто Қодирийни динга қаршилигини рўкач қилиб чиқишди. Ҳатто Навоий ҳазратларига ҳам тош отаётганлар йўқ эмас. Ёшлар орасида рад этиш, воз кечиш кайфияти сезиларли даражада эканлиги масалага ҳушёрроқ қарашга ундайди. Шу орада Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр” қиссаси эълон қилинди. Муаллиф ёндашувидаги кутилмаган ва кўникилмаган тақдим усули баҳс майдонини янада кенгайтирди. Улуғбек Ҳамдамнинг ижтимоий тармоқлардаги вазмин ва холис фикрлари, Мусулмон Намознинг асар юзасидан таҳлиллари, Талант Бекнинг кескин руҳдаги мулоҳазалари адабий жараён сукунатни бузгандай бўлди. Ҳа, бугун адабий баҳслар матбуот саҳифаларидан ижтимоий тармоқларга кўчгани бор гап. Жамоатчилик орасида фикрий тебранишларни пайдо қилиш муаллиф мақсадининг бир қисми, назаримизда. Чунки муаллиф адабий жамоатчилик Абдулла Қаҳҳор шахсияти билан боғлиқ асарни “силлиққина” қабул қилмаслигини билган бўлса керак. Хўш, бу асар борасида нега келиша олмадик? Ўзимиз турган майдонни ҳақ дедикми, ёки баҳсларда айтилганидек, сиғинган “маъбуд”ларимиздан юз ўгириш оғирроқ кечдими?
Жамоатчилик орасида А.Қаҳҳор ҳақида мавжуд турғун тасаввур борлиги боис асар юзасидан баҳс юзага келди. Тарафлар аниқ, фикрий бўлиниш объектлари – қаҳҳорчилар ва антиқаҳҳорчилар. Фикрий тортишувлар – ижобий ҳодиса, янгиланиш дебочаси. Қаҳҳорни оқловчилар анъанавий қадриятларни ёқловчилар, антиқаҳҳорчилар – кўникилган меъёр чегараларини янгилаш умидидаги фикрловчилар. Мунозараларда холисликдан тойиб, ҳиссиётга берилиб бирёқлама қарашни маҳкам тутиш тафаккуримиздаги ўлчовларнинг қолипдан чиқиб кета олмаётганидан хабар беради. Оқламанг, қораламанг... борича қабул қилиш тарафдоримиз. Қаҳҳорнинг ютуғи ва ютқизиғи замондошга Ибрат.
“Қаҳр” қиссаси эълон қилингач, Фаррух Жабборбек томонидан муаллиф иштирокида мазкур асар муҳокамасига бағишланган адабий клуб ташкил қилинди. Одатда бундай учрашувларда муаллиф томонидан “ёлланган” ёки тайёрланганлар мақтов, ҳамду сано, охирда бир чимдимгина оғринтирмайдиган танқид билан сийлашади. Бу ноодатий учрашувда эса қизиқувчилар муаллиф билан юзлашиб, фикр билдиришди. Яқин ўртада бундай жонли ва самимий учрашувга гувоҳ бўлмагандим. Мунозара тарзидаги учрашувда фикримизни кескинроқ тарзда билдирдик. Тажрибали ёзувчининг танқидий руҳдаги баҳсда шахсан иштироки ҳамда адабиёт тарихидаги зиддиятли шахс қисматини марказий ўринга олиб чиқиши муаллиф сийратида ҳануз биз билмаган жиҳатларга ишора қилади.
М.Намоз мақоласида А.Қаҳҳор шахси ҳақидаги устоз Н.Каримов томонидан айтилган далилсиз, тусмол гапларга қўшилиб бўлмайди. Мақола муаллифи санаб ўтган “афсона”лар ҳам эскирган дарднинг янгиланишидай бўлибди. Баҳсли мулоҳазалар. “Қаҳр”нинг қаҳрига ўт қалашдан бошқа нарса эмас. Тўғри, бу даврни билишда академик олимга етадигани йўқ. Узоқ йиллар давлат архивларида ишлаган устоз бу давр ҳақида кўзёшсиз гапирмасди. Н.Каримов “Чўлпон”, “Ойбек ва Зарифа”, “Миртемир”, “Мақсуд Шайхзода” номли маърифий-биографик романларни эълон қилди. Домла Қодирий ва Қаҳҳор ҳақида у қадар очилиб сўзламасдилар. Устознинг Қаҳҳорга муносабати ўта кескин эди. Жуда кўп хотираларни айтиб берганлар. Асос маълумот “Ботир гапчилар” атрофида эди. “Нега Қодирий ҳақида ёзмайсиз, домла?” деган кўп савол берганман. Устоз ҳеч қачон очиқ жавоб бермади ва бу ҳақда кейин ҳам ёзмади. Сабаби айтилмаган, изоҳланмаган. Устоз Ойбекка кўпроқ урғу берар, баъзан Қодирийдан ҳам юқорига қўйишни истарди. “Ёлғиз” (Абдулла Қодирий) ва “Қаҳр” (Абдулла Қаҳҳор) ҳақида ёзиш Хуршид Дўстмуҳаммадга насиб қилган экан. Х.Дўстмуҳаммад ҳам давлат архивида бир муддат устоз билан бирга ишлаган. Балки кўп ҳужжатлари кўргандир. “Қаҳр”нинг хамиртуруши ўша йилларда ундирилган бўлса ажабмас...
Муаллиф нима учун бу оғриқли ва мураккаб мавзуга қўл урди? Ёзувчи ижодий концепцияси асосида тафаккур қилинса, шаклланган “қолип”ларни бузиш, мезонларни янгилаш, табуга айланган тушунчалардан воз кечиш орқали миллат тафаккурида янгиланиш пайдо бўлишига умидворлик ҳисси етакчилик қилади. Аммо янгиланиш фақат рад этиш билан боғлиқми, деган ҳақли савол туғилади. Нега айнан Қаҳҳорни рад этиш? Ким омон қолар экан бу мудҳиш даврнинг силқиб турган яраларини очиб ташласак?
Асарда мурод ҳақни айтишми ёки фош этиш? Бугун у даврнинг таҳликали ва қалтис манзарасини тасаввур этиш қийин. Биз ўзимиз ўша лаҳзаларда ҳақни айта олармидик? Ёки бугун ҳақни айтиш учун журъатимиз етяптими? Муаллифнинг муаммога ёндашуви ва масалани ёритишдаги муносабат шакли мунозаранинг асосий сабабидир.“Қаҳр” матнига разм солинса, ҳақни айтишдан кўра фош этиш ҳисси устунлик қилади. Қаҳрамон таърифидаёқ муаллиф позицияси очиқланади: “Ҳаётнинг ўт-оташ чўғидан узилмаган товасида қоврилган одам у. Шунчалар қоврилганки, сиртида сезилмаса-да, ичи-вужуди қат-қат қорайиб, куйиб кетган. Юмшоқроқ қилиб айтганда, обдан тобланган-пишган. Ҳа, у ўзи ўхшатиб тасвирлаган Бабар, Қобил бобо ёки бошсиз Фахриддин эмас! Қаҳҳор – у, Қаҳҳор!” Қаҳрамонга нисбатан берилган таърифда холисликдан кўра иддао, писанда оҳанги кучлилигини англаш қийин эмас. Бабар ва Қобил боболардай ношуд эмас, у “обдан тобланган-пишган”. Лекин Қаҳҳор турган вазият Қобил бобоникидан кам эмас-ку! Ҳолбуки, бу ҳолатни муаллиф эътиборга олмайди. Қаҳрамоннинг “ичи-вужуди қорайиб, куйиб кетган” гуноҳлардан қорайганми ёки надоматданми? Муаллиф азбаройи қораликни кучайтириш учун “ўт-оташ”, “ичи-вужуди, қат-қат”, “обдан тобланган-пишган” бирикмаларида сўзларни жуфтлаб, такрорлаб қўллайди. Гўё “ўт” маънони етарлича очмайди, унга “оташ”ни қўшса, маъно билан бирга ҳарорат ҳам кучаядигандек. “Қорайиб” кетган “ич-вужуд”нинг қатларига холисроқ назар солинса, қаҳрамон фожиасининг залвори ортарди. Асарда Қаҳҳор шахсини ҳис қилишдан кўра уни айблаш ҳисси етакчилик қилади.
Биографик йўсиндаги асарларда тўқима образлар чекланади, ҳужжатлилик етакчилик қилади. Жанр талаби шуни тақозо қилади. Қиссада ҳужжатлиликка тўлиқ амал қилинганми, сирли фактлар ойдинлашганми? Асарда машҳур ёзувчи ҳаётининг бир бўлаги, яъни умр ниҳояси тасвирланади, унинг оилавий ҳаёти, яшаш тарзи, тутумлари ҳавола қилинади. Шу боис муҳокамаларда фикр адиб шахсиятига бориб уланаверади. Бундай ёндашув жанр табиатидан келиб чиқмоқда. Қолаверса, юқоридаги тарафларга бўлинишнинг асл сабаби адиб шахсига нисбатан муносабат ва ёндашувга бориб тақалади.
Абдулла Қаҳҳор – ўта мураккаб ва зиддиятли шахсият. Турли даврларда у ҳақида мунозаралар бўлиб ўтганини кўпчилик эслайди. Аҳмад Аъзам “Мансур дард” мақоласида Қаҳҳор руҳиятига анчайин яқин келади, моҳиятни англайди, адибга ҳамдардлик ҳисси билан қарайди. “Келгинди” тамғасининг ортидаги психологик ҳолатларга теранроқ назар солади. Адиб миллат тарихидаги энг қалтис даврда яшаб ўтди. Таҳликали замонда кимлар кимни сотмади? Яраларни кавлаб ким барака топади? Бугун Қаҳҳорни инкор қилсак, қотил десак, нима ўзгаради, адабиёт тозаланиб тафаккур юксалиб кетадими? Фитна салтанатининг қурбонига айланган қаҳрамон танловда адашди, йўлини йўқотди. Ҳақни айтиш шарт, инкор қилмаймиз. Лекин қандай усулда айтиш муҳим. Гап шунда! Ҳужжатлар тилга кирганда оқлов кучини йўқотади. “Ботир гапчилар” ҳақидаги ҳужжатларни дастаклаб ҳақиқатпараст адибни қоралаш орқали адолатга эришиб бўлармикан? Қаҳҳор фақат миллатнинг зарарига ишладими? Миллий адабиётга фойдаси тегмадими? Қанчадан қанча истеъдодларнинг улғайишига йўл очмадими? Вазиятни ҳисобга олмай, замон нафасини ҳис қилмай айблаб воз кечаверсак, ким наф кўради: адолатми, ҳақиқатми? Борар йўлини йўқотган ёзувчилар сотқинликни жон сақлаш усули деб билди. Бу механизм шўронинг бош ўйини эди. Афсуски, “ўйин” қоидалари кўпчиликни чалғитди, йўлдан адаштирди, ҳаётини йўлдан чиқарди. Шўролар уюштирган сиёсий фитналардан омон чиққан кам бўлди.
Аслида Қаҳҳорнинг қисмати, фожиаси кўпроқ мулоҳазага чорлайди. Афсонаю ҳақиқатлар ўз йўлига. Қаҳҳор — синдирилган, алами ичига қамалган шахсият. Қаҳҳор қисмати — қадрланмаган “садоқат”, эътиқоднинг парчаланиши... Адиб қисматида бир одамга оғирлик қиладиган дард бор, мунг бор, аммо бу дардни тилга кўчириб бўлмайди. Қиссада шундай дейилади: “Ичимдаги лаҳадга кўмилган, лаҳадга! – дея хаёлидан кечган ўйларини ўзича шиббалаб “жойлади” ва толиқдими, бир зум ўтмай бош чайқади: – Фақат, фақат мана шу лаҳаднинг оғзи очилиб кетмоқда!..” Аламлар қалқиб чиқса, изтироблар бўй кўрсатса, қаҳрамон фожиасининг таъсир кучи ўқувчига ҳам юқарди. Имкон бой берилган.
Асарда Қаҳҳор оиласи самимият ва ишончдан маҳрум жосуслик уюшмаси сифатида тасвирланади. Аслида-чи... Кибриё опа адибни салкам пир-устоз ўрнида кўрганлиги ҳам азбаройи идоранинг талаби эмасдир... Оилада нафақат тилга, балки кўнгилга тушов солинган: “Оила барпо бўлган кундан эмас, дақиқалардан бошлаб ўрнатилган темир интизомга биноан бирон сония, бирон лаҳза тилга эрк берилмайди – асло, зинҳор, абадул абад”. Оилавий қадрият – ўта шахсий, ўзгалар назаридан сақланадиган ҳудуд. Муаллиф мана шу “қизил чизиқни” босиб ўтади. Хонадонда эр хотинига нисбатан “қалтисроқ расмий идорадаги хизматдошига” қарагандай муомала қилиши ўта ишонч билан тасвирланади. Муаллиф фикрини қувватлантириш мақсадида қаҳрамон тилидан хотинини “ўғри мушук”, “қарға” деб атайди. “Қув бўлмай қол! Жон таслим қилишимни кутяптимикан?”, деган гумонларни қистириб ўтади. Муаллиф адибнинг оилавий тутумлари ҳақидаги қарашларига маъно бермайди, тафсилот ўрнида келтирилади.
Адиб ёзувчилар уюшмасида ижодкорларни кузатган, пойлаганлиги айтилади: “тафтиш ўтказган, муҳокамага тортган, тегишли жойларга тақдим этилган тегишли хулосаларга тегишли тартибда имзо чеккан. Вазифаси, лавозими шу тариқа қалб амрига айланган”. Демак, хоинлик аввал хизмат, кейин амал, охирида бутун қалбига жо бўлиб кетган. Бу парчани ўқигандан сўнг Қаҳҳор бутун фаолиятини хоинлик қилиб ўтказган экан-да, деган савол пайдо бўлади. Асарга соф адабий ҳодиса сифатида қаралса, бу айбловлар қанчалик бадиий юкламага эга? Шахс фожиасининг асл моҳиятига етишга нима тўсқинлик қилган: Қаҳҳорнинг қаҳрими ёки “Қаҳр”нинг қаҳри?
“Абдулла дадасига ҳаваси келиб яшади, унга ҳаваси келиб улғайди. Дадаси эса ленинча, большовойча, сталинча эътиқодидан бир одим бўлсин юз ўгирмади. Дадасининг айтгани рост, ҳаққи рост, ахир оддий темирчининг оиласини очлик, хўрлик ва муҳтожликдан большовойлар халос этди. Улардан юз ўгиришни эса нонкўрлик деб билди”. Ростдан ҳавас қилдими отасига? Қувғинди бўлишнинг бош сабаби отаси эмасмиди... Аламини ичига кўмиб яшашни у оиласидан мерос қилиб олди. Отасининг “ҳунар”идан онаси хабар топгач, уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлди, ялинди, акасини чақиртирди, фойдаси бўлмади. Ота замонга сотилди, бадали оғир бўлди. “Ўтмишдан эртаклар” бунга далил бўлди. Унинг жосусликка боғланиши отасининг ҳиммати эмасми? “Ботир гапчилар” ҳам отасининг марҳамати билан боғланмасмикан? Уни балоларга гирифтор қилган остонага отаси йўлламадимикин... Бошқа йўл қолдирмади-ку! “Ўтмишдан эртаклар” қандай якунлангани эсингиздами: “Энди нима бўлади?”
Асарда эътироф этадиган ўринлар ҳам бор. Лўли хотин билан боғлиқ эпизод асардаги муаллиф топилмаси. Аёл унга бир умр таъқиб қилган оғриқли тамғани эслатади. Аёл бош қаҳрамон руҳиятини очқич персонаж сифатида муҳим, аммо унга кўп ўрин берилмайди. Муаллиф психоанализга урғу беради: “Ичингга ютилган алам вақти келиб заҳар-заққумга айланиб, ташқарига дуд-бўрон бўлиб чиқар экан. Ана ўша заҳар-заққумлар, дуд-бўронлардан пайдо бўлмаганмикан Абдулла Қаҳҳор?! Қаҳҳорнинг қаттол қаҳри?!” Мўлжалда адашилмаган, нишон тўғри олинган. Фақат вазият ва ҳолатлар айтиб ўтилади, “дуд-бўрон”, “заҳар-заққум” қаердан келиб ўрнашганлиги очилмайди. К.Симонов томонидан берилган таърифда ҳам қаҳрамон табиатидаги очиқловчи нуқта нишонга олинган: “Ҳамиша айтолмайдиган гаплари бордай юрарди, ранж-аламми, ҳасратми… ўша нарса, кўзлари юмуқ ҳолида ҳам сезилмоқда…”
Абдулла Қаҳҳорнинг ҳужжатга кўра айбдорлиги инкор қилиб бўлмас ўжар факт. Лекин яна бир факт борки, бу фактга қарши “ишлайди”: 1964 йил А.Қодирийнинг 70 йиллик юбилейда “Абдулла Қодирий” сарлавҳали махсус маъруза матнини тайёрлайди. Қўлёзмада маъруза матнига чиқарилмаган “Қодирий – ўзбек ёзувчиларининг амири” деб ёзиб қўйилган. Адиб Қодирийнинг оқланишга қаршилик қилган ижодкорларга қарата: “ўликлар тирилса, ҳозир адабиётда ишғол қилиб турган ўрни пойгароқ бўлиб” қолишидан қўрқади. Ҳолбуки, айтилган адиб ва шоирлар сафига қайтса, ҳеч кимни ўрнидан турғизмайди, ўзининг бўш турган ўрнига ўтиради, чунки адабиётда ҳеч қачон биров бировнинг ўрнини ола олмайди”. “Бизнинг вазифамиз буларнинг ҳаммасини жой-жойига ўтқазиб, 20-йиллар ўзбек совет адабиёти тарихининг гўзал манзарасини тиклашдир”. Бу вазифа бизга ҳам тегишли.
Умрининг адоғида Қаҳҳор руҳан изтироблар ичига “кўмилиб” кетган бўлса-да, жасадининг олис юртда қолиб кетишини истамайди. Жанозасиз, кафансиз кетишдан хавотири асосли эди. “Ғафур ака билан Шайхнинг ёнида бўш жой бориди, тўғрими?..” Охират умидидан айрилмаган адибнинг изтироблари бу! Зотан, бу қиссадаги характер мантиғига мос келмайди.. Сабаби, асарда шахс ТАВБАсига эмас, қаҳрамон ўзига илашган дарднинг илдизини билишга ва “керакли идоранинг кераксиз одами”га айланишидан озорланишига урғу берилади. Муаллифнинг масалага ёндашуви Қаҳҳорнинг истиғфорга келиш жараёнини очиб беришга монелик қилади. Ёзувчи Қаҳҳор қисматига муносиб ифода топа олган: “Эрмак қилинган тақдир”...
Асарда қаҳрамон ҳаётининг сўнгги лаҳзалари шундай тасвирланади. “Саидий ҳам ўхшамади, ўзим истагандай ёзолмадим. “Саидий ким? Гирдобга ғарқ бўлган одам у. Романни қайта ёзаман, у “Сароб” эмас, “Гирдоб”! Характер мантиғи етарли далилланмагани учун мазкур фикр Қаҳҳорга эмас, муаллифга тегишли эканлиги сезилиб туради. Асарда бир ёқлама ёндашув устун, посанги тўғри қўйилмаган. Қаҳрамон шахсиятни очиқловчи оқ ва қора ранглар мутаносиблиги сақланмаган. Қора рангларнинг қуюлиб кетиши, айблов оҳангининг ортиб бориши ўқувчини малоллантиради. “Қаҳр”да қаҳрамонни тушуниш, ҳамдардлик ҳиссини уйғотишга уринишни сезиш қийин.
А.Қаҳҳор мансуб авлоднинг фожиасини, битмас яралардан қолган чандиқ изларини ҳужжатлар асосида ўрганиш, ҳақиқатларни холис баҳолаш эҳтиёжи бор. Илм эҳтиросдан сақланишни талаб этади. Зеро, “Қаҳр” дан сўнг ҳам А.Қаҳҳорнинг адабиётдаги ўрни ўзгариб қолмайди, назаримизда. Миллатнинг бадиий-эстетик тафаккурида ўзгаришлар содир бўлса, балки муносабат ўзгарар... Вақт сўзини айтади.
“Қаҳр” қиссаси билан Х.Дўстмуҳаммад тафаккуримизда мавжуд тушунчаларга бир туртки бериб кўрди. Асарда тарихий-адабий шахс сиймоси тўлиқ пишиб етилмаган бўлса-да, муҳими, бу зарб берилди. Адиб гўёки: “Қани, кўрайлик-чи, миллий адабий тафаккуримиз бундай зарбга тайёрмикан?” демоқчидек.
Фокус нуқта фақат Қаҳҳорга эмас, уни шу кўйларга солган замонга, тарихий вазиятга ва сиёсий тузумга қаратилганда, Қаҳҳор қайтадан кашф этиларди. Қаҳҳорнинг қаҳридан меҳр ундирса, фожианинг илдизларига назар солинса, уни юзага келтирган омиллар очиб берилса, ижод маърифати ва бадиияти тўлақонли намоён бўларди...
Адабиёт – ўз-ўзини ҳимоя қила оладиган тирик организм. Ўзига дахлдор бўлган ҳодисотларни эса ҳеч қачон инкор қилмайди. Абдулла Қаҳҳор, шубҳасиз айтиш мумкин, адабиётга дахлдор сиймо. Унинг инсон сифатида давр зуғумлари остида қилган хатоларини дасталаб миллат адабиёти йўлида қилган хизматларидан кўз юмиб бўлмайди. Қаҳҳор айтганидек, адабиёт майдонида “ҳеч қачон биров бировнинг ўрнини ола олмайди”.
Санобар ТЎЛАГАНОВА,
адабиётшунос
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Мафкура
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ