Мафкура
Барча фикрлар ва барча билимлар ягона олий мақсад – буюк Ватанимизни барча чоралар билан мустаҳкамлашга йўналтирилиши лозим.
Файзулла ХЎЖАЕВ
Дунёда мураккаб тақдирни бошидан кечирганлар камми? Лекин Файзулла Хўжаев деган номда бир банда кўтара олмайдиган чигаллик, бир руҳ кўтара олмайдиган нотинчлик мужассам. Рости, бу ноёбдан-ноёб шахсият ҳақида билганларимиздан кўра билмаганларимиз кўп.
Инсоний дардлар ҳам юқумли касаллик каби бир кишидан иккинчисига ўтади. Тўрт йил бурун Файзулла Хўжаевнинг ягона қизидан туғилган невараси – Рудольф Викторович Бархет билан танишиб, суҳбатлашганимдан бери унинг дарди каминага юққандек. Файзулла Хўжаев ҳақида ўйлаганим сари Рудольф аканинг дардли-ҳасратли суҳбатлари қулоқ остида жаранглайверади.
Ким ўз тарихини яширади? Мен 25 ёшимгача, яъни 1965 йилгача она тарафдан кимнинг невараси эканимни билмаганман. Онам ўтмишини ўз ўғлидан ҳам яшириб яшади. “Мен-ку шунча жабр кўрдим, болам Ўзбекистоннинг отилган раҳбари невараси эканини билмасин” деган-да. Онам иш сўраб, қарамоғида ожиза волидаси борлигини айтиб, Лаврентий Берияга кўп хатлар ёзган. Юртига қайтишга биринчи имкон туғилган 1945 йилиёқ онаси ва мени олиб Тошкентга қайтган.
“Қайдасиз, Файзулло бобо?” У бобо бўлиб улгурмасидан, бор-йўғи 42 ёшида қатл этилди. Қизи Вилоятхон энди ўн олтига қадам қўйган эди. Йиллар ўтиб шоир Муҳаммад Юсуф “Файзулло бобо” деб шеър ёзди. Чунки у халқнинг бобосига айланиб улгурган эди-да:
Қадим Бухорога лайлаклар келди.
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Ривоятлар келди, эртаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Шу шеърда “Қўймадик жойига эъзозингизни” деган оғир сатр ҳам бор. Эъзозламаганимиз бир сари, у ўлиб ҳам маломатлардан қутулмади: оқланди, қораланди, яна оқланди, яна қораланди... Ҳар бир замон ундан ўзича фазилат, ўзича иллат қидирди; қизиғи, топди ҳам. Бу жараён тўхтагани йўқ. Ҳали-бери тўхтайдиганга ўхшамайди ҳам.
Қувонч кўрмай ўтган умр. Минг афсуски, онам нисбатан эрта, 66 ёшида оламдан ўтди. У ҳақда кўп ёзишим мумкин. Ёзсам ҳам фақат ва фақат ғамини, ситамини тасвирлашим керак. Чунки унинг ҳаётида қувончли кунлар оздан ҳам оз эди...
Ҳозир ёшларимизнинг кўпчилиги шўро даври ҳақида аниқ-тиниқ тасаввурга эга эмас. Умрининг ярми ўша даврда ўтган биз тенгилар учун бу ғалати туюлади. Ғалати туюлмасин, тарихнинг чархпалаги айланиб ётибди, ахир. Шунинг учун Файзулла Хўжаевнинг қисқа таржимаи ҳолини қистириб ўтмасак бўлмас.
Қисқа таржимаи ҳол. 1896 йил 1 июлда Бухоро шаҳрида давлатманд савдогар Убайдуллахўжа оиласида туғилди. Отаси “Амир Олимхонгина ундан бойроқ эди” дея таърифланган. Мадрасада икки йил таҳсил кўрди. 1907–12 йиллари Москвада хусусий мактабда ўқиди. Бухорога қайтиб, 1912 йилдан “Ёш бухороликлар” партияси, 1913 йилдан шу партия Марказий Қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритади. Отасидан қолган бойлик ҳисобига янги усул мактаблар очади, партияни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. 1913 йилдан жадидчилик ҳаракатига қўшилади. Абдурауф Фитрат билан маслакдош эди. Улар аввал Бухорода (амир сақлаб қолинадиган) конституциявий монархия, сўнгра демократик республика тузиш учун курашди.
1917 йили Бухоро шаҳрида эркинлик талабида норозилик намойиши ташкил этади. Намойиш амир томонидан бостирилганидан сўнг қочиб, тўғридан-тўғри чор Русиясига бўйсунадиган Янги Бухоро (ҳозирги Когон) ва Тошкентда ишлади. 1918 йил мартида Туркистон Совет Республикаси Халқ Комиссарлари Совети раиси Фёдор Колесов бошчилигидаги қизил армия бўлинмалари Туркистон мухториятини бостирганидан кейин Бухоро амирлигига ҳужум бошлади. Унда қизиллар тарафида туриб қатнашди. Колесов қўшини мағлубиятга учради. “Ўзининг Қўқон ғалабаси билан маст бўлган Колесов амир Бухоросини ҳам шундай енгиллик билан тугатишни ўйлади. Лекин ҳақиқат бунга қарши бўлиб чиқди” (Хўжаев Ф. Бухоро инқилобининг тарихига материаллар. Тошкент, “Фан”, 1997. 123-бет).
Амир ҳукумати жадидлар ва “Ёш бухороликлар”га қарши шафқатсиз қатағон ўтказди, тахминан уч минг киши қатл этилди. Омон қолганлар Самарқанд ва Тошкентга қочди. Ф.Хўжаевга ҳам ўлим жазоси белгиланган эди. Москвага жўнаётганида атаман Александр Дутов тарафдорлари томонидан қамоққа олинди. Атаман ҳам уни ўлимга ҳукм этди. Бир вақтлар отаси билан савдо-содиқ борасида ҳамкорлик қилган бир татар бойи уни қутқаради. Шундан кейин Москвада ишлади. Бу воқеалар “Ёш бухороликлар”ни совет ҳукумати билан яқинлашишга ундади. 1920 йил январда Тошкентда Файзулла Хўжаев раҳбарлигида “Ёш бухороликлар” партияси Туркистон Марказий бюроси ташкил этилди. Ўша йилнинг апрелидан “Учқун” газетасига муҳаррирлик қилди.
1920 йил 2 сентябрда Фрунзе бошчилигидаги қизил аскарлар ҳужуми ортидан Бухорога келди. Шаҳар вайронага айлантирилди. Амир қочиб кетди. 14 сентябрда Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) Халқ Нозирлар Шўроси тузилди ва унга раис этиб сайланди. Янги республика Совет Россияси таркибида бўлса-да, Эрон, Туркия, Афғонистон, Хитой, Озарбойжон, Хоразм Халқ Совет Республикаси, Германия ва Япония билан дипломатик алоқа ўрнатди. Марказий Осиёнинг турли ҳудудларидан талабаларни Германияда ўқитиш ташаббускорларидан бири бўлди. “Ф.Хўжаевнинг республика иқтисодий ва сиёсий ривожланишида мустақил иш тутишга қилган ҳаракатлари адашишлар ва хатолар сифатида баҳоланган” (Каримов Р. Файзулла Хўжаев – атоқли жамоат ва давлат арбоби. / Файзулла Хўжаев ҳаёти ва фаолияти ҳақида янги мулоҳазалар. Тошкент, “Фан”, 1997. 8-бет).
1924 йил 27 октябрда Бухорода Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР) эълон қилинди. У ЎзССР Инқилобий қўмитаси – Муваққат ишчи-деҳқон ҳукумати раиси этиб сайланди. 1925 йил февралдан 1937 йил июнга қадар эса ЎзССР Халқ Комиссарлар Совети раиси лавозимида ишлади.
1937 йил 9 июлда Москвада қамоққа олинди. Унга қуйидаги айблар қўйилди: 1) советларга қарши “Ўнг троцкийчи блок”ка қўшилган; 2) “Миллий иттиҳод” ташкилотига раҳбарлик қилган; 3) “босмачилик” ҳаракати ва қўрбошиларни қўллаб-қувватлаган; 4) Фитрат, Чўлпон, Қодирий ва бошқа ўзбек зиёлиларига ғамхўрлик қилган.
1938 йилнинг 1–13 март кунлари троцкийчилар устидан суд олиб борилди. Маҳкама 21 кишидан 14 нафарини, жумладан, Ф.Хўжаевни ҳам отувга ҳукм қилди. Бу унга нисбатан чиқарилган учинчи ўлим ҳукми эди (Наимов Н. Мен яшашни истайман. Роман-хроника. Бухоро, 1994. 4-бет). Ҳукм Москва атрофидаги Бутово қатлгоҳида 1938 йил 15 март куни ижро этилди. Кейинчалик қотил ҳам аниқланди – маҳкумларни ертўлада Василий Блохин деган жаллод отган.
Бир ўқ билан икки қуён. Мен ўзбекчани Ўзбекистонга келиб ўргандим. Онам бибим билан тожик тилида гаплашар эди. Мен баъзи сўзларни тушунар эдим, холос. Ўзбекчамизда “бир ўқ билан икки қуённи урмоқ” деган ибора учрайди. Ҳар гал шуни эшитсам, рости гап, ўкириб-ўкириб йиғлагим келади.
Бобом қамалгач, онаси, хотини ва қизи ҳам Тоштурмага ташланади. Отилганидан кейин бу ҳақда расмий хабар босилган газетани улар жойлаштирилган ҳужрага эшик остидан тиқишади. Ўғлининг ўлимидан хабар топганидан сўнг она бир неча кун ичбуруғ ва қусо-қус бўлиб, омонатини топширади. Врач сифатида айтаманки, катта бибим қўйнида яширинча заҳар сақлаган ва уни ичган. Бир ўқ билан икки қуённи ўлдиришади-да. Ўғилга отилган ўқ онанинг ҳам юрагига қадалади.
Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари. Ф.Хўжаев аввал БХСР, кейин ЎзССРнинг илк раҳбари бўлган. Қайд этиш жоизки, у даврда ҳукумат бошлиғи республиканинг биринчи раҳбари ҳисобланган. “Йўлдош Охунбобоев Ўзбекистон ССРнинг биринчи президенти” деб ёзилиши хато. Й.Охунбобоев ЎзССР Марказий ижроия қўмитасига раислик қилган (1925–38). Кейинчалик бу лавозим ЎзССР Олий Совети Президиуми раиси деб номланган, у мазкур вазифада 1938–43 йилларда ишлаган. Дарвоқе, Ғафур Ғулом у ҳақда “Президент” деган мақола ёзган – шу кўпларни адаштирса керак.
Ғамбода онам. Лавозимдан бўшатилгач, кейинги иши масаласини ҳал қилиш баҳонаси билан бобомни Москвага чақиришади. Одатига кўра, охирги гал ҳам Москвага яккаю ягона фарзанди Вилоятни бирга олиб кетган экан. Вазиятнинг ўта қалтислигини ҳис қилганидан уни тез Тошкентга қайтишга ундайди. Республика ҳукумати раҳбари шахсий вагонида борган 16 ёшли қиз умумий вагоннинг учинчи қаватида ётиб, Ватанга қайтади. Ф.Хўжаев Москвада қамоққа олиниши билан Тошкентдаги оила аъзолари – онаси, хотини ва қизи ҳам ҳибс этилади.
...1945 йилнинг ноябрида Тошкентга келдик. Онам судланмаган бўлса ҳам, катта шаҳарларда яшаши тақиқланган эди. Тошкентдан иш тополмайди. Ф.Хўжаевнинг Райҳон бибидан туғилган Робия деган опаси Бекободда колхозда ишлар эди. Онам Бекободда нон корхонасига ҳисобчи бўлиб ишга жойлашади. Бу орада “халқ душмани”нинг оила аъзолари яна қамалар эмиш, деган гап тарқалади. Онам мен билан онасини олиб, Қирғизистоннинг Иссиқкўлидаги Балиқчи қишлоғига кетади. Ҳисобчи бўлиб ишга киради. Бу ерда онам иккинчи бор турмуш қурди. 1948 ва 1950 йилда укаларим туғилди.
1957–65 йиллари Фрунзе (ҳозирги Бишкек) яқинидаги Алоуддин қишлоғида яшайдилар. 1965 йили Ф.Хўжаев оқланганидан хабар топган онам Тошкентга келади.
Мустабид тузумда мустақил бошқарувга интилиш. У қатъий позиция ва ўз сиёсий қарашларига эга раҳбар эди. Профессор Гога Ҳидоятовнинг далолат қилишича, Ф.Хўжаев 1922 йили Москвадаги йиғилишлардан бирида Сталинга “СССРни – катта турмага, Москвани – хавфли жойга айлантирдингизлар; у ерда келгиндиларни ё ўлдиришади, ё қамашади” деб дангал айтган. Профессор Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, “ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ва Ўзбекистон КП МКга нисбатан мухолифат мавқеида турган “Ўн саккизлар гуруҳи”га (1925 йил, ноябрь) хайрихоҳ бўлган. “Қулоқ”ларни синф сифатида тугатиш сиёсатини ёқламаган. Ўзбекистонда ёппасига чигит экилиши пахта яккаҳокимлигига олиб келади деб ҳисоблаган. Замонавий саноат иншоотлари қурилишида ташаббускор бўлган” (Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 12 жилдлик. 9-жилд. Тошкент, 2005. 531-бет). Жадидлар тарихини ҳеч кимга ишонмай, ўзи ёзган. “Бухоро инқилобининг тарихига материаллар” (1926) рисоласи “Бобурнома”ни эслатади: у ҳам воқеалар марказида турган шахснинг ўзи тарафидан битилган. Республика раҳбарининг бу рисоласи маҳаллий матбуотда танқидга учради: “Тоталитар режим тобора барқарорлашиб бораётган бир шароитда ҳукумат доиралари томонидан “жадидчиликни улуғлаш – большевизмни ерга уриш” деб қабул қилинди” (Алимова Д. Файзулла Хўжаев ва жадидчилик. Ф.Хўжаев асарлари асосида. / Файзулла Хўжаев ҳаёти ва фаолияти ҳақида янги мулоҳазалар. Тошкент, “Фан”, 1997. 39-бет).
Сандал. Бола хотирамга муҳрланиб қолган ҳодисалардан бирини айтай. Ҳозирги Бош универсал магазин орқасидаги Чақар кўчасида яшовчи қариндошимизникига бордик. Мезбон бизни сандал атрофига ўтқазди. Мен умримда бундай мўъжизани кўрмаган эдим. Неча кундан бери суякларимдан ўтиб кетган совуқдан кейин баданим шундай роҳат қилдики, ёшим ўттиз бешга тўлганидан кейин ўша илиқлик мени Ватанга бир умрга чорлагандир.
Пухта режа. Баъзи тарихчилар Сталин унинг 1920-йиллардаги дадил-дангал ҳаракатларини эслаб қолган деб ҳисоблайди. Бизнингча, қатағон сиёсати “халқлар доҳийси”нинг йиллар мобайнида пишитган тизимли режаси маҳсули эди.
Ленин давлатда буржуа мутахассисларидан фойдаланиш ғоясини илгари сурган ва бу амалга оширилган ҳам. 1936 йили Сталин СССРда социализм қурилганини эълон қилди ва янгиланган Конституция кучга кирди. Мамлакатда мухолиф тоифа қолмади, бойлар синф сифатида тугатилди. Эндиги навбат буржуа вакилларидан қутулиш эди. Асосан зиёлилар қатағон қилинганининг бош сабаби шу. Давлат улардан фойдаланганча фойдаланди, маҳв этиш вақти келган эди.
Маломат устига маломат. Яна бир жадид – Усмонхўжа Пўлатхўжаев унинг амакиваччаси эди. БХСР молия нозири (1920), давлат назорати нозири (1921), Марказий Ижроия Қўмита раиси (1921–22) лавозимларида ишлаган. Душанбе шаҳрида рус гарнизони раҳбари билан ўрталарида низо келиб чиқади. Рус командирини отиб қўйиб, Афғонистонга қочиб ўтади. Бу Ф.Хўжаев учун катта маломат эди. Ўгай онадан туғилган укаси Ибодулла акасининг қўриқлаш хизмати бошлиғи эди. Кўп ичаверганидан бўшатилиб, ишсиз қолади. 1936 йили акаси яшаб турган уйнинг кираверишида ўзини отади. Бу маломат устига маломат бўлди.
Икки “халқ душмани”нинг невараси. Бир “халқ душмани”нинг невараси бўлмоқ юкини кўтаришнинг ўзи қанчалар оғир эканини бошидан ўтказгангина билади. Икки “халқ душмани”нинг невараси бўлмоқ юкини кўтариш нима эканини ер юзида фақат мен билсам керак. Ота тарафдан бобом – Иоатан Бархет 1934 йили қамоққа олиниб, Пермь ўлкасига жўнатилган. Қутулиб чиққанидан кейин 1937 йили қайта қамоққа олиниб, Свердловск шаҳрига юборилади. 1938 йилнинг 9 февралида гарданига “немис жосуси” деган айб қўйилиб, “учлик” ҳукми билан отиб ташланади. 34 кундан кейин эса Москвада она тарафдан бобом қатл этилади.
“Халқ душмани”нинг оила аъзолари Ставрополь ўлкасидан сургун қилиниб, Усть-Каменогорскка келиб қолади. Бўлғуси отам топограф бўлиб ишлайди. 1938 йили онам ҳам волидаси билан шу ёққа бадарға қилинади. 1939 йили тўй бўлади. Ўшанда отам 22, онам 18 ёшда бўлган. Мен 1940 йили туғилганман.
Меҳрсиздан меҳр кутиб. Ўзкомпартиянинг 1937 йил 17 июнда бўлиб ўтган VII съездида Ф.Хўжаев лавозимларидан бўшатилиб, ВКП(б) сафидан ўчирилади. У шундан кейин бир неча бора Сталинга қўнғироқ қилиб, гаплаша олмайди. Охири Москвага боришга мажбур бўлади. Пойтахтнинг Қозон вокзалига етиши билан шахсий вагони боши берк ерга киритилади. Шахсий қўриқчилар қўйилмайди. У Тверская кўчасидаги “Националь” меҳмонхонасига олиб борилади. Бир неча ҳафта ўтади ҳамки, Сталин қабулига кира олмайди.
Камина устозим, атоқли шарқшунос Нажмиддин Комиловга бағишланган шеъримда “Меҳрсиз кимсадан меҳрлар кутиб” деган сатр битган эканман. Негадир шу эсга тушди.
Кечиккан оқлов. 1956 йил КПССнинг ХХ съездида Сталин қаттиқ қораланди. Ўша йилиёқ ЎзКП(б) биринчи котиби бўлган Акмал Икромов оқланди. Отасининг оқловини суриштириш, Ватанга қайтиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун Вилоят ҳам 1957 йил июлда Тошкентга келади. Бирор натижага эриша олмайди, тақиқ бекор қилинмайди. Ф.Хўжаев “бадавлат кишининг фарзанди” ҳисобланиб, оқланиши 9 йил ортга сурилади. Ана сизга маломату мана сизга мазаммат!..
Ниҳоят, 1965 йил 6 мартда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси Ф.Хўжаевни айбсиз деб топди. 1970 йили унинг асарлари уч жилдда чоп этилди. Ўзбекистонда таваллудининг 100 йиллиги нишонланди (1996). Ҳаёти ва фаолияти ҳақида тадқиқотлар эълон қилинди. У ҳақда Асқад Мухторнинг “Бухоронинг жинкўчалари” қиссаси, Комил Яшиннинг “Инқилоб тонги” драмаси, Нусрат Наимовнинг “Мен яшашни истайман” роман-хроникаси ва бошқа бадиий асарлар яратилди.
Оғриқлар. Шўро давлати ҳар қанақасига Бухорони босиб олар ва ўзига мос кишини раҳбар қилиб қўяр эди, албатта. Тақдир буни Ф.Хўжаев пешонасига ёзди. Лекин Бухоро халқи бу босқинни ундан кўрди. Ваҳоланки, чор ҳукумати Бухорони қарам қилишда кўп қон тўкмаган, шаҳри шарифнинг фахри бўлмиш Минораи калон XII асрдан буён кўкрак кериб турар эди. Ўпирилиб кетган Минораи калонни кўрган ҳар қандай кишининг кўнглида янги тузилган ҳукуматга нафрат ҳисси жўш уриши табиий.
БХСРга раҳбарлик қилган тўрт йил мобайнида Ф.Хўжаев бу нафратни сезмаслиги, ҳис этмаслиги мумкин эмас эди. Яна билмадим, ЎзССРнинг пойтахти Самарқандга кўчирилишининг тағин бир сабаби айнан шудир.
Қариганда Ватанни алмаштириб бўларканми?! 4-синфда ўқиб юрганимда “География” дарслигида “СССРнинг икки нуқтаси борки, жаннатга ўхшайди. Бири – Озарбойжондаги Ленкорань, иккинчиси – Ўзбекистондаги Фарғона” деган сўзларни ўқиб, қаттиқ таъсирланган, онамнинг ватанига бориб яшагим келган. Бу орзум қарийб чорак аср ўтганидан кейин, 35 ёшимда, 1975 йил мартида амалга ошди: бутунлайига Тошкентга – онамнинг олдига келдим. Республикамиздаги биринчи уролог профессор Одил Мухторов бошқарган клиникада нақд 45 йил ишладим. Хизмат юзасидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлдим.
Баъзилар фамилиямни суриштириб, отам немис бўлганини билганидан кейин мендан “Нега Германияга кетмагансиз? Ахир, сизга ўхшаган қўлигул урологлар у ерда жуда катта маош олади-ку?!” дейишади. Уларга соддагина қилиб, “Қариганда Ватанни алмаштириб бўларканми?!” деб жавоб бераман. Кетсам, бобомнинг руҳи рози бўлмас...
Троцкий ва “троцкийчилик”. Унга советларга қарши “Ўнг троцкийчи блок”ка қўшилган, деган айб тақалган эди. Лев Бронштейн – Троцкий 1917 йил 7 ноябрдаги тўнтаришнинг ташаббускори ва раҳбарларидан бири, қизил армия асосчиларидан бўлган. Лениндан сўнг давлатга етакчи бўлиш учун Сталин билан курашиб енгилган (1924). Кейин Сталин уни йўқотиш пайига тушган. Қарашлари “майда буржуача оғиш” деб баҳоланган. 1927 йили Троцкий 75 нафар фаол тарафдори билан бирга партиядан ўчирилган. Ўзи Олмаотага сургун қилинган. 1929 йили хорижга чиқариб юборилган. Туркия, Франция, Норвегия, Мексика каби мамлакатларда яшаган. Сталинни “Октябрь ғояларининг хоини” деб атаган. 1940 йили Мехико шаҳрида НКВДга агент бўлиб ёлланган испан Рамон Меркодер томонидан ўлдирилган.
Сталин учун ўзига ёқмаган раҳбарларни “троцкийчилик”да айблаш осон ва арзон йўл эди. Алам қиладиган ери шундаки, “троцкийчи” бўлмаган Ф.Хўжаев Троцкийдан икки йил олдин отиб ташланади.
Новвот. Файзулла бобом оиласида Муслима деган асранди қиз вояга етган. Усть-Каменогорск вилоятида сургунда бўлганимизда ундан ҳар замонда кичкинагина посилка олар эдик. Икки-уч дона анор, бир кило шакар дегандай. Анор бўлаклаб қўшниларга тарқатиларди. Малика бибим шакарни қайнатиб-қайнатиб, новвот пиширар эди. Бибим учун новвот Ватан тимсоли бўлганини Ўзбекистонга кўчиб келганимдан кейин англадим.
Кўзлардаги оғир мунг. 1971–76 йилларда ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетида юридик фанлар доктори, профессор (кейинчалик академик) Отабой Эшонов учрашувга келиб, Ф.Хўжаев ҳақида маъруза қилган эди. Икки жиҳат ёдимда қолган: 1) олим унинг аксилшўро ғояларга берилмагани, соф марксчи-ленинчи бўлганини исботлаган эди; 2) 20-йилларда юртимизга келган коммунистпараст журналист Анна Луиза Стронг (1885 – 1970) Файзулла Хўжаев билан учрашиб, у ҳақда очерк ёзган, хотимада “Ф.Хўжаевнинг кўзларида шундай бир оғир мунг бор эдики!..” деб қайд этган экан.
Кейинроқ билдимки, Анна Луиза Стронг Ф.Хўжаевнинг ҳаракатчан, куч-қувватга тўлиб-тошган ислоҳотчи, ёрқин тафаккур эгаси, Амир Темур юришлари, Бухоро ва Самарқанд кечмиши ҳақида соатлаб сўзлаб бериши мумкин бўлган тарих билимдони экани, миллионернинг ўғли бўлатуриб, ишчи-деҳқон давлатини қуришга жон-жаҳди билан киришганини ҳам ёзган. Мен ҳам қачон унинг суратига қарасам, кўзларидаги кишини беихтиёр оғир бир ҳолга солиб қўядиган ўша оғир мунгни туяман.
Истиқлол даври тақиқлари. Мустақиллик ҳам Ф.Хўжаевни қучоқ очиб кутиб олмади. Шўро Ўзбекистони равнақига ҳисса қўшган шахсларга “Барибир мустамлака тузумига, коммунистик мафкурага хизмат қилган-ку” деб қаралди. Бундай сиёсатнинг таёғи биринчи галда Ф. Хўжаевнинг бошига тушди. Айрим таҳлилчилар бу хил муносабатда Ўзбекистоннинг илгариги раҳбарлари обрўйини кўтариб юбормаслик мақсади ҳам ётганини айтишади. Бўлса бордир.
1930 йили Бухоро педагогика институти ташкил этилиб, 1931 йили унга Ф.Хўжаев номи берилган. 1937 йилдан бу ном Серго Оржоникидзега алмаштирилган. 1990 йилдан Ф. Хўжаев номи қайта тикланди. Бироқ 1992 йил январида Тошкентда талабалар намойиши юз берганидан кейин минтақаларимиздаги кўп институтлар, жумладан, БухДПИ ҳам университетга айлантирилди. Унинг номи яна тушиб қолди.
Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўлидаги бир бекатига унинг номини бериш режаси эълон қилинган эди. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да ҳам Тошкентдаги метро бекати унинг номи билан аталиши қайд этилган (Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Ж. 9. 531-бет). Бироқ амалда бундай бўлмади: аввал айтилди, сўнгра қайтилди.
“Аполитиклик”дан – “политиклик”ка. Рус тилида юнончадан ўтган “аполитик” деган сўз бор. Бу – “политик”, яъни “сиёсатчи”нинг акси. У сиёсатга бефарқ, ижтимоий-сиёсий ҳаёт билан қизиқмайдиган ёки онгли равишда буни ўзи учун бегона, номуҳим билиб, унга аралашишдан воз кечган кишини билдиради. Касб тақозосига кўра, шифокорлар “аполитик” бўлиши керак. Зотан, улар урушда асир тушган душман аскарларини ҳам, ўта оғир жиноят билан қамалганларни ҳам... сидқидилдан даволаши шарт. Ўртада Ҳиппократ қасами бор-да.
Рудольф ака бир умр тиббиёт билан шуғулланган. Лекин ўқиган китоблари, мақолалари, асосий қизиқиш дунёси – сиёсат. Умумий маънода тушунманг: уни совет давлатининг айнан Файзулла бобоси даври билан боғлиқ сиёсати қизиқтиради. Сталин ва унинг атрофидагилар билан боғлиқ масалаларни ўша воқеалар иштирокчиси, гувоҳи янглиғ билади. Суҳбатларини эшитиб, ўқиган китобу газета-журналларини, керакли китоблар орасига тартиб билан, мавзусига қараб жойлаб қўйган қирқимларни кўриб ҳайратга тушасиз. Рости, шу давр бўйича катта тадқиқотлар олиб бораётган мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам бу қадар бой ва батартиб маълумотлар базасига эга бўлмаслиги мумкин. Афсус, у ёзишга чоғланмаган. Ҳақиқатни билиш, бобоси фожиасининг моҳиятига етмоқ учун йиққан, ўқиган буларни.
Зиддиятлар. Фалсафа “Ҳаёт зиддиятлар кураши ва бирлигидан иборат” деб ўқитади. Зиддият ҳар шахсда бор. Лекин... Ф.Хўжаевга Яратган бор-йўғи 42 йиллик умри давомида шундай келиштириб бўлмас зиддиятларни буюрдики, асти қўяверасиз!
Оқ билан қора ранг – икки қутб. Иккисини аралаштирсангиз, оқнинг оқлиги, қоранинг қоралиги қолмайди: оқ қораяди, қора оқаради. Ф. Хўжаев шахсида ҳам оқ билан қора аралашган эди. Бир марта ҳам эмас, бир неча каррадан! У аввал-бошда жадид эди. Жадид сифатида аввал Бухоро, кейин Ўзбекистон раҳбари бўлди. Не тонгки, унинг раҳбарлиги даврида (1929) Мунавварқори Абдурашидхоновдек зот отилди. Бойларни қулоқ сифатида тугатиш кампаниясининг бошида ҳам у турди.
Сургун устига сургун. 1941 йил 22 июнида уруш бошланганидан сўнг шўро немислари меҳнат лагерларига жойлаштирилади. Уларнинг концлагердан фарқи йўқ эди. Отам совуқдан-совуқ Вятскдаги лагерга тушади. Ҳар куни 15–20 киши вафот этган. Шуни биламанки, 1953 йилгача шўро немислари паспортга эга бўлмаган, демакки, бу лагерлардан бошқа ерга кетиш имконига ҳам. Онам волидаси ва мен билан Усть-Каменогорскда қолган. Лекин бизни ҳам у ердан кичкинагина Кутиха қўрғонига жўнатишди. 1945 йилнинг ноябригача ўша ерда бўлганмиз. Умумий баракда бир неча оила яшар эдик. Қиш қаттиқ келарди. Қор томгача кўтарилар эди. Жон сақлаш учун картошка экардик, карам тузлардик. Бибим, бойнинг қизи эмасми, умрида қўлини совуқ сувга урмаган аёл эди. Онам ҳам уни, ҳам мени боқар эди.
Охири Ватанга қайтишга рухсат бўлди. Чор ҳукумати давридан қолган эски вагонларда қайтдик. Тамбурларгача одамга тўла эди. Совуқ вагонлар, файзсиз вокзалларни эслайман.
Хўжалар юрти. Хўжалар – саҳобалар ҳамда саркарда Қутайба билан келган диний уламолар авлоди, деган талқин тўғри бўлса, улар Бухорода энг кўп эди. Нақшбандия тариқатининг дастлабки номи ҳам “хожагон”, яъни “хўжалар” бўлган. Лекин... Бухородан “Пўлатхўжаев”, “Азизхўжаев” каби фамилияларни излаб овора бўлманг. Кимдир исми, ота исми ёки фамилиясига “-хўжа”ни қўшиб олган бўлса, мустақиллик йилларида бўлган. Бухоро аҳли исми ё фамилиясида “хўжа” сўзи борлар Ф.Хўжаев отилганидан кейин унинг “дум”и сифатида кўп жабр кўрганини ҳозиргача гапиради.
Ўзбек тили қачон давлат тили бўлган? Ҳаммамиз бу саволни эшитиб-эшитмай, 1989 йилнинг 21 октябрь санасини айтамиз, албатта. Ҳолбуки, БХСРнинг 1921 йил 11 мартида қабул қилинган “Тил ҳақида” декретида турк (ўзбек) тили республиканинг давлат тили сифатида эълон қилинган эди. Яъни 1924 йили бу миллатга “ўзбек” ва миллий республикага “Ўзбекистон” деб ном берилиши тасодифий эмас эди.
Миллий чегараланиш: бирлашишдан бўлиниш сари. Ф.Хўжаев жадид сифатида Марказий Осиёда ягона, катта ва кучли мустақил давлат барпо этилишини орзуламаган дейсизми? Унда нега БХСР ҳисобидан Германияга жўнатилган талабалар орасида унинг раҳбарлигидаги жумҳуриятдан ташқари бошқа ҳудудлар ёшлари ҳам бор эди?
Қўқон, Хива хонликлари ва Бухоро амирлиги – ўзбек давлатлари эди. Қўқонни – минг, Хивани – қўнғирот, Бухорони манғит уруғи вакиллари бошқарган. Ўзбеклар билан тожиклар ҳамма вақт бир давлат таркибида бўлиб келган. Ф.Хўжаев уларни бўлиб ташлаш эмас, аксинча, бирлаштириш йўлини тутди. 1924 йили бу орзусига қисман эришди ҳам: ТожАССР айнан ЎзССР таркибига киритилди. Аммо ҳодисалар оқими бошқа ўзанга бурилиб кетди. Бу энди алоҳида мақола мавзусидир...
Ривоятлар, эртаклар. Қатл ва қўрқитиш асосида қурилган ҳеч бир давлатнинг келажаги бўлмайди. Башарият тарихини ўқиган ҳар қандай ақлли одам англаб етадики, аксар империялар икки юз йилдан зиёд ҳукм сурмаган. Ф.Хўжаев ҳам бир кун келиб Ўзбекистон мустақил давлат бўлишини тасаввур этмаган деб бўладими? Лекин шўро давлати оёққа туриб, гуллаб-яшнаб келаётган бир даврда республикани ажратиб олишнинг имкони йўқлигини ҳам билган, албатта. Бинобарин, Ўзбекистонни шу империя таркибида ривожлантириш дардидан бошқа дарди йўқ эди. Ўзбекистоннинг равнақ топиши Сталин бошлиқ давлатнинг равнақ топишига қўшилган муносиб ҳисса эди. Надоматлар бўлсинки, империя ўз садоқатли фарзандининг бўғзига пичоқ тортди.
Онамдан айро 19 йил. 16 ёшимгача онам ва ўгай отам билан Иссиқкўлда яшадим. 1956 йил мартида ўзимнинг отам мени Россиянинг Киров вилоятига олиб кетди. Ўша ерда мактабни битириб, 1958 йили Пермь тиббиёт институтига кирдим, уни 1964 йили тугатдим. Лагерь касалхонасида фаолият юритдим. Тўрт йилдан кейин Москва вилоятининг Серпухов шаҳрида уролог ва жарроҳ бўлиб ишладим. Отам 2010 йили вафот этди. Отам-онам йўллари 1945 йилдан айро тушган эди. Иккаласи ҳам жуда чиройли инсонлар эди.
Достон қаҳрамони. Таниқли шоира Шарифа Салимова “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” деган шеърий роман ёзиб, қатағонга учраган аёллар тимсолларини яратди. Шулардан бири – Вилоят Файзуллаевна. Унга бағишланган фасл роман ичра бир достондек ўқилади. Унда мана бундай сатрлар бор:
Файзулла Хўжаев – само қалбли зот,
Туркистон – кўксидан оққан дарёси.
Тунлар мижжа қоқмас, юрт юки – оғир,
Кунни ҳам чарчатиб қўяр хаёли.
Айбсиз айбдор. Файзулла Хўжаевда аввалдан буюк Туркистон давлатини қуриш ғояси бўлган. Туркистонда энг катта нуфусга эга халқ эса ўзбеклар эди. Аммо Москванинг зуғуми билан Марказий Осиё бешга бўлиб ташланди. Миллий чегараланиш тамоман Москванинг ҳукми, Сталиннинг топшириғи билан амалга оширилди. Айрим сохта сиёсатчиларнинг бунда кимнидир, айниқса, Ф.Хўжаевни айбдор ҳисоблашига асос йўқ.
“Бежазо” қолмаган уй. “Халқ душмани” туғилиб ўсган ҳовли қўлма-қўл... 1925 йили пойтахт Самарқандга кўчирилганидан кейин бу ердан босмахона, қизлар ҳунар мактаби, техникум, мактаб, билим юрти ва ётоқхона сифатида фойдаланилган. 1980 йилда иморат ўта таъмирталаб ҳолга келиб қолган. 1996 йили Ф. Хўжаев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ЮНЕСКО ёрдамида тарихий ҳовли таъмирланди. Бироқ туппа-тузук ишлаб турган “Файзулла Хўжаев уй-музейи” 2013 йили “Бухоролик бой савдогар уй-музейи” ёдгорлик мажмуасига айлантирилди. Негадир Файзулла Хўжаев номи ёқмай қолди. Шукрки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 543-қарори асосида “Бухоролик бой савдогар уй-музейи” ёдгорлик мажмуаси “Файзулла Хўжаев уй-музейи” деб қайта номланди.
Туганмас таъналар. Тарих – тақдир. Биттагина йўл бор: уни борича қабул қилиш керак. Шўро даври ҳам, қандай бўлишидан қатъи назар, ўз ўтмишимиз, бегонаники эмас. У давр кишилари, раҳбарлари ҳақида ҳам бор ҳақиқатни борича, беғараз айтишга мажбурмиз. Аммо Файзулла Хўжаев шахси ҳали-ҳануз бунга муяссар бўлганича йўқ.
Унинг юртга дин тарқатган аждодларнинг авлоди, яъни хўжа бўлатуриб, исломга қарши курашганини ёзишади. Даҳриёна коммунистик сиёсат раҳбарларидан бири сифатида бошқача йўл тута олармиди?!
Миллионернинг ўғли бўлатуриб, бой-бадавлат кишиларни синфий душман сифатида йўқотишга ҳисса қўшганини айб қилиб бетига чаплашади. Ахир, ишчи-деҳқон партияси раҳнамоларидан бири сифатида шундан бошқача сиёсат юритиши мумкинмиди?!
Ф.Хўжаев отасидан қолган бойликларни марказий давлатга топширди. Гўёки, шулар эвазига мансабини сотиб олган...
Ана энди ҳар қандай одам унинг ўрнига ўзини қўйиб кўрсин!
Кенжа Хўжаевлар. Онам кейинроқ икки ўғлининг фамилиясини Хўжаев дея ўзгартирди... Умри изтироблар ичида ўтган онам 1987 йил 2 январда оламдан ўтди. Юнусободдаги Султонқул қабристонига қўйдик.
Бухоро олтинлари. Фрунзе тўплари минг йилдан бери қилт этмай турган Минораи калонни ўпириб ташлагани акс этган фотосуратни кўрганмисиз? Шу тарихий фотодан ҳар қандай юртдошимизнинг юраги минордай илма-тешик бўлади. Шариф шаҳар кўчаларининг умумаҳволини шундан қиёс қилаверинг. Қайд этганимиздек, вайронага айланган шаҳар халқи Файзулла Хўжаевни яхши қабул қилмади. Бундан ташқари, Европа давлатлари янги Совет давлатини яккалаб қўйиш учун эмбарго ўрнатади, яъни у билан савдо-сотиқ қилмаслик, мабодо савдо қилинса ҳам, фақат олтин ҳисобида амалга ошириш йўлини тутади. Россияда эса олтин йўқ эди. Академик О. Эшоновнинг ҳикоя қилишича, ўшанда Феликс Дзержинский Ленинга Бухорода тилла кўплигини айтади. Шундан кейин Бухорони босиб олиш тезлаштирилади. Бухоро инқилоби босқинчи давлатга зудлик билан 18 вагон олтинни қўлга киритиш учун керак бўлган эди.
Трагедия. Улуғ адабиётшунос Виссарион Белинский драмани лирика ва эпосдан устун билиб, трагедияни унинг энг юксак чўққиси деб атайди. Тўқима тимсоллар, сохта фожиалар асосида битилган романларни ўқишга қийналаман. Шундай кезларда кўнгилдан “Қани энди бир соҳиби истеъдод Файзулла Хўжаев ҳаётининг биз санаган, санаб улгурмаган фожиавий саҳналари асосида бир буюк трагедия яратса!..” деган фикр кечади. Зеро, халқимиз орасида Файзулла Хўжаев каби чигалдан-чигал қисмат, нотинчдан-нотинч руҳ эгасини топиш амримаҳол.
P.S. “Сизнингча, Файзулла Хўжаев қандай йўл тутиши керак эди?” деб сўрайман бандага хос ожизлик билан. “Москвада қамоққа олингунига қадар хорижга қочиб кетиб, жонини сақлаши лозим эди”, дейди Рудольф ака.
Йўқ! У амир Олимхон эмас, ахир! Асло-асло бундай қила олмас эди!..
Султонмурод ОЛИМ
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Чигал қисмат, нотинч руҳ” эссеси
Мафкура
Тарих
Ватандош
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ