Ўтимишимизда шундай тарихий шахслар борки, уларнинг ҳаёти, насл-насаби, қариндошлик алоқаси мавҳумдек ёки чалкаш тадқир эгаси сифатида гавдалантирилган. Шулардан бири мўғуллар салтанати асосчиси Чингизхоннинг тонғич ўғли Жўжихон ҳисобланади.
Тарихий манбаларда, жумладан, “Тарихи жаҳонгушо”, “Зафарнома”, “Тўрт улус тарихи”, “Абдулланома” каби асарларда Чингизхоннинг аёллари, фарзандлари ҳақида деярли бир хил маълумотлар келтирилган. Масалан, “Тарихи жаҳонгушо” асарида қуйидагича баён қилинади: “Чингизхоннинг хотинлари, ўғил ва қизлари кўп эди. Энг катта хотини Ясунжин Бўки[1] бўлган. Мўғул одатларига кўра, битта отадан туғилган болаларга эътибор уларнинг онаси ҳурматига қараб баҳоланарди. Онанинг насли жиҳатидан устунлиги болага ҳам ўтарди. Бўрта Фужин (Кучин)нинг тўртта ўғли бўлиб, муҳим ишларни бошқариш, идора қилиш уларнинг қўлида эди. Чингизхон уларнинг энг каттаси бўлган Жўжига мўғуллар томонидан муҳим ва шарафли деб ҳисобланган ишларни бошқариш, ундан кейинги ўғли Чиғатойга қонунларнинг бажарилишини назорат қилиш ва қонунларга бўйсунмаганларни жазолаш, учинчи ўғли Ўқтойга давлатнинг ички ишларини бошқариш, ундан кейинги фарзанди Тулуга аскарларни тарбиялаш, кучли ҳарбийга солиш ва уларнинг эҳтиёжини қондириш вазифаларини топширади”[2].
“Тўрт улус тарихи” асарида Чингизхоннинг ўрдуси (харами)да 500 нафар хотин (аёллари) борлиги таъкидланади. Улардан беш нафари нуфузи баланд ва асосий эътиборда бўлган аёллар эди. Чингизхоннинг биринчи аёли қўнғирот қабиласи бошлиғининг қизи Бўрта Фужин бўлган.
“Хушнуд бўлиб ички ўрдага кирди. Унда беш юздан ортиқ хотини ва суррияти бор эди. Барчаси хонлар жуфти, шоҳ қизлари, хўблиғда жаҳонга ном таратган эдилар. Аммо беш нафари уларнинг саромади эди. Биринчиси қўнғирот подшоҳининг қизи Бўрта Қучин, тўнғич ўғлининг онаси”[3]. Шу аёлдан туғилган фарзандларининг тўнғичи Жўжихон эди. Тарихий манбаларда Жўжихоннинг туғилган йили аниқ келтирилмаган. Кейинчалик, Чингизхон ҳар бир ўғлига маълум ишларни, вазифаларни топширади. Шунда Чингизхон катта фарзанди Жўжига базм, маросимлар ҳамда ов ишлари назоратини тайинлайди.
Жўжининг болалик ва ёшлик даври тўғрисида бирор-бир манбада деярли маълумот учрамайди. Лекин туғилиши билан боғлиқ айрим воқеалар келтирилади. Унга кўра, Чингизхон маркит қабиласи билан урушда енгилади. Шунда маркитлар Бўрта Фужинни асир қилиб олиб кетади. Бўрта Фужин асир олинган вақтда Жўжихонга ҳомиладор эди. Кейинроқ Чингизхон жалойир уруғидан бўлган, тадбирли, ёши катта Соро исмли инсонни аёлини олиб келишга юборади. Соро Бўрта Фужинни олиб қайтаётганда йўлда аёлнинг кўзи ёрийди. Бу ҳақда шундай нақл қиладилар: Чингизхон маркит қавми билан урушиб, улардан мағлуб бўлганда Бўрта Фужин Жўчихонга ҳомиладор бўлиб, маркит қавми уни асир олиб кетади. Ўша кунлари маркит қавми билан Ўнгхон ўртасида сулҳ тузилган эди. (Шунга кўра,) Бўрта Фужинни унинг ҳузурига юборадилар. Ўнгхон Бўрта Фужинни азиз ва муҳтарам (қилиб) сақлади. Ўнгхон Чингизхоннинг отаси билан қадимдан дўстлиги туфайли Чингизхонни ҳамиша ўғлим деб айтарди. (Шу туфайли Бўрта Фужинга) Ўз келинидай боқди. Амирлар унга (Ўнгхонга) “нима учун Бўрта Фужинни хотинликка олмайсан”, деб (ҳар қанча) айтсалар ҳам, “(у) менинг келиним (бўлади), унга хиёнат назари билан қарасам мурувватдан йироқлашган бўламан”, деб жавоб қиларди. Чингизхон бу ҳолдан хабар топгач, жалойир қавмидан (бўлган) Сортоқ нўённинг бобоси Сорони Ўнгхон ҳузурига Бўрта Фужинни қайтаришини сўраб юборди. Ўнгхон ўтмишдаги (икки ўртада бўлган) муҳаббатга риоя қилиб (Чингизхоннинг) хотинини қайтариб юборди. Соро (Бўрта Фужин билан) Чингизхон хизматига қайтиб келаётганида, йўлда Жўжихон йўқлик шаҳристонидан борлиқ саҳросига қадам қўйди. Йўл хавфли ва хатарли бўлганидан тўхташ ва (болани) бешикка белаш (ҳам) қийин эди. Йўлда (унинг бирор) аъзосига шикаст етмасин ва совуқ таъсир этмасин, деб Соро ундан хамир қилиб, уни (Жўчини) хамирга ўради (ва) чопонига ўраб, Чингизхон ҳузурига олиб келди. Шу сабабдан (унга) Жўчи номини қўйдиларки, (бу) “тўсатдан вужудга келган”, демакдир[4].
Жўжихоннинг ҳаёти ва фаолияти
“Мўғулларнинг махфий тарихи”да ёзилишича, Жўжи отасининг бевосита буйруғи билан 1207 йилда Байкал кўлининг ғарбидаги ўрмонда яшовчи қабилаларнинг ерларини забт этиш учун йўлга чиққани ҳақида хабар берилган. Манбага кўра, у “ўрмон қабилалари”ни тинч йўл билан бўйсундирган ва йиртқич қушлар, оқ отлардан иборат бой совринлар билан қайтган. Ушбу юриш давомида Жўжи шунингдек, Енисей дарёсининг юқори қисмида яшовчи Енисей қирғизлари ерларини ҳам эгаллаган[5].
Юриш натижаларидан мамнун бўлган Чингизхон фармон чиқаради: “Менинг энг катта ўғилларим, сизлар, биринчи марта уйингизни тарк этиб, на одамларга, на отларга зарар етказмасдан, ўрмон аҳолисини забт этишда муваффақият қозондингизлар. Мен бу юртни сизга беришга қарор қилдим”[6]. Кейин, 1213 йилда Жўжи отаси билан биргаликда Жин подшолигига қарши босқинчилик юришларида қатнашади.
Хоразмшоҳларга қарши юришда Чингизхон Жўжини Сирдарё бўйидаги Сиғноқ[7], Ўзганд, Жанд ва Барчинкент шаҳарларини эгаллаш учун жўнатади[8]. Сиғноқ ҳудудини жанг қилмасдан эгаллаш мақсадида, шаҳар аҳолисига таслим бўлишни айтиш учун Ҳасан Ҳожи исмли кишини элчи қилиб юборади. Аммо шаҳар аҳолиси сиғноқликлар таклифни қабул қилмасдан, элчини ўлдиришади. Бу хабарни эшитган Жўжихон ғазабланиб, аскарлари билан Жанд устига ҳужум қилади. Икки кун ичида шаҳар вайрон қилинади. Жандга ўлдирилган элчи Ҳасан Ҳожининг Ҳожи Мақбул деган ўғлини ҳоким қилиб қолдиради. Кейин Жўжихон Ўзгандга юриш қилиб, уни бир кунда босиб олади. Сўнг Жанд шаҳрига яқинлашади. Жўжихон бошчилигидаги мўғул аскарларининг қўшни ҳудудларни бирин-кетин эгаллаб, шаҳарга яқинлашиб қолганидан хабар топган Жанд ҳокими амир Хутлуқ (Қутлуғ) ваҳимага тушиб, шаҳарни ташлаб Хоразмга қочади. Жўжихон шаҳар аҳолисига таслим бўлиш таклифи билан Жанда Жаймур исмли одамини элчи қилиб юборади. Элчини ўлдирмоқчи бўлишганда, у ўзининг эпчиллиги ва тадбиркорлиги эвазига тирик қолиб, Жўжи ҳузурига қайтади. Шундан кейин Жўжихон бошчилигидаги мўғуллар Жандга ҳужум очиб, шаҳарни 7 кун давомида талон-тарож қилишади. Жўжихон шаҳарга Бухоролик Алихожани ҳоким қилиб тайинлайди. Навбатдаги ўлжа – Барчин шаҳрини эгаллаш учун бир амирни у ерга бир туман аскар билан юборади. Шаҳар олинганидан сўнг Жўжи Чингизхон бошчилигидаги асосий қўшинларга етиб бориб қўшилади[9].
Кейинги жангларда Жўжихон укалари Чиғатой ва Ўқтойлар билан мўғулларнинг асосий кучлари сафида Хоразмни қамал қилишда қатнашади. Қамал вақтида Жўжи ва Чиғатой орасида келишмовчилик содир бўлади. Бу вазиятда шаҳар қамали 7 ойгача чўзилиб кетади. Чингизхон ўғилларининг бир-бирига адоватли муносабатидан хабар топиб, дарҳол фармон билан бир чопарни Хоразмга юборади. Фармонга кўра, Ўқтой акаларига бош бўлиб, қамални бошқарадиган бўлади. Жўжи ва Чиғатойлар бу фармонга бошида итоат этишни хоҳлашмайди. Лекин оталарининг қаттиқ жазо тайинлашидан сўнг, Ўқтойга бўйсунишга мажбур бўлишади. Шундан кейин Хоразм ҳудуди мўғуллар томонидан босиб олинади[10].
Ўрта Осиё ҳудудлари эгалланганидан сўнг Чингизхон 1224 йил Ўтрор шаҳрида қурултой ўтказади ва унда эгаллаган ерларини ўғилларига бўлиб беради. Шарқда Иртиш дарёсидан, ғарбда Волга дарёсигача бўлган ерлар ҳамда Хоразмнинг ғарбий қисми Жўжихонга, унинг вафотидан сўнг ўғи Ботуга берилади. [Шарафиддин Али Яздий, “Зафарнома”, Муқаддима қисми, – б. 139].
Тарихий манбалар Чингизхон Жўжини ўзининг тўнғич ва севимли ўғли деб билганини тасдиқлайди. “Соҳибқирони аъзам Чингизхони муаззам Жўжихонни барча ака-укаларидан азиз тутди, подшоҳона марҳамат ва иноятлар билан шоду хуррам этди. Шу ёзни мазкур мавзеъда ўтказиб, кундан-кунга Жўжихон учун меҳрибонликни зиёда қилди. Барча фарзандлари ва амирлари бу ерга йиғилгач, улуғ қурултой ўтказди. Уйғур амирлардан бир гуруҳини ясоққа ётқиздилар ва Жўжихонни улуғ иззату сўнгсиз шафқат билан уёқ томонга, Дашти Қипчоққа қайтишга рухсат берди”[11]. [“Тўрт улус тарихи”, – б. 194.]
Ушбу манбадан англашиладики, Катта ўғли Жўжихонга Чингизхоннинг муносабати яхши бўлган. Ўзи юриш қилиб эгаллаган ҳудудга қайтиб кетишига рухсат бергани Чингзихоннинг Жўжига хайрихоҳлигидан далолатдир.
Лекин Жўжининг ўлими ва отаси Чингизхон билан муносабатлари ҳақидаги маълумотлар бошқа манбаларда қарама-қарши акс эттирилган. Ўрта аср манбаларига кўра, Чингизхон 1223 йилда Ўрта Осиёни босиб олганидан сўнг Самарқанддан 20 мил узоқликда ов ташкил қилиб, унга барча ўғилларини таклиф қилади. Сирдарё бўйидаги ҳайвон сиёҳидаги жонивор борки, ов режаланган ҳудудга ҳайдаб юборилади. Ов ташкил қилинишига амалий ёрдам берган Жўжи шикорда иштирок этмайди. Кейинги йили Чингизхон Иртиш бўйида ўз қўшинини кўрикдан ўтказганда ҳам Жўжи соғлигининг ёмонлашгани туфайли отаси билан учрашишдан бош тортади. Форс тарихчиси Жузжонийнинг ёзишича, Жўжи шу каби ҳолатлар фонида отасининг босиб олинган ҳудудларда маҳаллий аҳолига нисбатан ҳаддан ташқари қаттиққўллигига қарши ўз позициясини билдирган. Рашид ад-Диннинг сўзларига кўра, ота ва ўғил ўртасидаги муносабатлар Жўжи ҳаётининг сўнгги йилларида анча совуқ бўлган. Мутахассислар бу воқеалар Чингизхон ва Жўжи ўртасидаги адоватни кучайтирган деб ҳисоблашади[12].
Жўжихоннинг вафоти
Жўжининг туғилган санаси номаълум бўлгани каби, унинг вафот этган йили ҳам аниқ эмас. Баъзи манбаларда унинг вафоти 1225 йил охири ёки 1226 йил бошларида, бошқаларида эса 1227 йил деб кўрсатилган. Аммо бир нарса аниқ: Жўжи отаси Чингизхондан олдин вафот этган.
Жувайний, Рашиддидин, Мирзо Улуғбек, Ҳофиз Таниш Бухорий каби муаррихларнинг барчаси асарларида Жўжи Чингизхондан 6 ой аввал вафот этганини қайд этишган. Лекин уларда Жўжининг ўлими қандай бўлганлиги ёки бирор-бир касалликдан вафот этганлиги тўғрисида аниқ маълумот келтирилмаган. Тарихий манбаларда ва айрим тарихшунослик тадқиқотларида Чингизхоннинг вафоти 1227 йилнинг ёз охири ва куз ойи (август охири, сентябрь ойи бошлари)га тўғри келиши такидланган[13]. Шундан келиб чиқиб, Чингизхоннинг вафотидан 6 ой аввалги сана тахминан 1227 йил февраль-март ойларига тўғри келади. Демак, Жўжихон 1227 йил февраль ёки март ойида вафот этган.
Шунингдек, баъзи манбаларда Жўжи ёввойи кулонларни овлаш пайтида вафот этгани келтирилса, бошқаларида заҳарланганини айтишади. Хуллас, манбаларда унинг ўлими сабаби далиллари очиқланмаган.
Ушбу кичик изланиш хулосаси Жўжихонни оқлаш ёки фаолиятини тўлиқ тавсифлашдан иборат эмас. Тарихий манбаларга таянган ҳолда тарихий шахс сифатида Жўжихоннинг айрим номаълум саҳифаларига ойдинлик киритиш ва шу орқали унинг ҳаёти билан боғлиқ воқеаларни тарихий реконструкция қилишга эътибор қаратилди. Кейинги жиҳатга тўхталадиган бўлсак, ака-укалар, Жўжи билан Чиғатой ўртасидаги келишмовчиликлар улардан кейин ҳам давом этган. Чингизийларнинг кейинги ворислари даврида – Олтин Ўрда давлати ва Чиғатой улуси ўртасида ҳам айрим зиддиятли ҳолатлар содир бўлиб турган. Бу алоҳида тарихий мазву. Лекин бундай зиддиятли жараёнлар юз беришига қарамасдан икки мўғул сулолавий давлати ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқалар давом этган.
Қаландар САМАНДАРОВ,
Тошкент амалий фанлар университети катта ўқитувчиси
[1] Изоҳ: Бу аёл Бурта булиши керак, балки Жувайний уни Хулогу ва Абоканинг онаси Жунжин билан алмаштирган булиши мумкин. Қаранг: Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) / Алоуддин Атомалик Жувайний; масъул муҳаррирлар Х.Болтабоев, М.Маҳмудов. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ, 2015. – Б. 108.
[2] Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) / Алоуддин Атомалик Жувайний; масъул муҳаррирлар Х.Болтабоев, М.Маҳмудов. – Тошкент: MUMTOZ SO‘Z, 2015. – Б. 110.
[3] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. Форс тилидан Бўрибой Аҳмедов, Наим Норқулов ва Маҳмуд Ҳасанийлар таржимаси. – Тошкент, 1994. – Б. 110.
[4]Ҳофиз Таниш ал-Бухорий. Абдулланома (“Шарафномайи шоҳий”). Биринчи китоб; Форс тилидан С.Мирзаев тарж.; Сўз боши ва изоҳлар муаллифи: Б. Аҳмедов. – Т.: “Шарк”, 1999. – Б. 50.
[5] Қазақстан тарихы туралы моңғол деректемелері. – Т.1.: Моңғолдың құпия шежіресі / көне моңғол тіліндегі түп-нұсқалық тарнскрипциясын, ғылыми-мағыналық аудармасы мен түсіндірмелерін, көрсеткіштерін жасаған Н. Базылхан. – Алматы, 2006. – Б. 298.
[6] Ўша манба. – Б. 299.
[7] Манбада Шиқноқ шаклида берилган.
[8] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. Форс тилидан Бўрибой Аҳмедов, Наим Норқулов ва Маҳмуд Ҳасанийлар таржимаси. – Тошкент, 1994. – Б. 143.
[9] Ўша манба. – Б. 143.
[10] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. Форс тилидан Бўрибой Аҳмедов, Наим Норқулов ва Маҳмуд Ҳасанийлар таржимаси. – Тошкент, 1994. – Б. 162.
[11] Ўша манба. – Б. 194.
[12] Гумилев Л.Н. От Руси до Россий. Очерки этнической истории. – М., 2001. – C. 109.
[13] Кычанов Е.И. Жизнь Темучжина, думавшего покорить мир. Чингис-хан: личность и эпоха. М., 1995. – С.209.
Тарих
Тарих
Мафкура
Мафкура
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ