Марказий Осиё давлатчилиги тарихида Амир Темур сиймоси нафақат буюк фотиҳ, балки қадимий туркий-мўғул анъаналарининг вориси сифатида ҳам намоён бўлади. Темурийлар салтанатининг мафкуравий пойдевори унинг насабномаси (шажараси) билан узвий боғлиқ. Барлос қабиласининг келиб чиқиши ва Чингизхон хонадони билан алоқаларини ўрганиш, ХIV асрда Мовароуннаҳрдаги ҳокимиятнинг қонуний асосларини тушуниш имконини беради. Қабила тарихи жаҳон тарихшунослигида ҳамиша баҳсли ва қизиқарли мавзулардан бири бўлиб келган. Бу борада ўрта аср манбаларидаги афсонавий талқинлар ва замонавий тарихий-генетик хулосалар ўртасида ўзига хос мутаносиблик мавжуд.
Барлослар Мовароуннаҳр, хусусан, Кеш беклиги тарихида муҳим ўрин тутган этник гуруҳлардан бири ҳисобланади. Барлослар ва уларнинг этногенези, ижтимоий ҳаётда тутган ўрни хусусида Жамол Қаршийнинг «Мулҳақот бис-суроҳ», Рашидиддиннинг «Жомеъ ут-таворих», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи», Фасиҳ Ҳавофийнинг «Мужмали Фасиҳий», Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур», Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий», Ҳофизи Абрунинг «Зубдат ут таворих» асарларида ёритилган.
Барлослар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар мўғул тилидаги манба –«Мўғулларнинг махфий тарихи»да учрайди. Унга кўра, Чингизхоннинг аждодларидан бири Хабичи Баҳодирнинг Манан-тудун исмли ўғли бўлган. Мана-тудун эса Хачи-кулик, Хачин, Хачула, Хачуу, Хачиун, Харандай, Начин исмли 7 та фарзанд кўрган. Уларнинг тўртинчиси – Хачуунинг йирик жуссали, девқомат Барулатай исмли ўғли бўлиб, унинг авлодларини барлос (барулас)лар деб аташган. Хачуланинг ўғиллари ҳам йирик жуссали бўлиб, кўп овқат еганликлари учун уларни катта ва кичик барлослар деб чақиришган. Эрдамчи Барлос ва Тодаян Барлос номлари билан танилган барлослар ана шу тариқа пайдо бўлган, дейилади манбада.
Мазкур асарнинг бошқа жойида Чингизхоннинг дастлабки ҳарбий юришларида қўшин сафида бўлган Хубилай ва Худус исмли икки барлослар қардошнинг номи ҳам келтирилган. 1206 йили Темучин Чингизхон номи билан ҳоқон деб эълон қилинган Онон дарёси бўйидаги қурилтойда ушбу ака-укалар қабиласининг қўшини билан иштирок этади. Шунингдек, қурултойга барлосларнинг яна бошқа йирик бошлиқларидан Суғу-чечан ва Қорачор нўён ҳам ўғиллари билан бирга келди, дейилади «Мўғулларнинг махфий тарихи»да.
Барлосларнинг ижтимоий ҳаётдаги нуфузи Қорачор нўён давридан бошлаб жуда юқори бўлган. Бундан кейинги даврда барлос қабиласи пешволари, асосан, айнан унинг авлодларидан бўлгани ҳам буни исботлайди. В.В. Бартолд ушбу ҳолни алоҳида таъкидлаб, «Темур ва Ҳожи (Барлос)нинг умумий аждоди фақатгина Чингизхон ва Чиғатой замондоши бўлган Қорачор эди», дейди. Рашидиддиннинг «Жомеъ ат-таворих» асарида эса Чиғатой улуси лашкарбошиларидан Қорачор нўённи улусининг тўла ҳуқуқли ҳарбий бошқарувчиларидан бири сифатида кўрсатади. Хусусан, 1238 йилдаги Маҳмуд Таробий қўзғалонини бостиришда ҳам Қорачор нўён бошчилигидаги улус қўшини жалб қилингани манбада таъкидланади.
Қорачор нўён хусусида ўрта аср тарихчилари асарларида узуқ-юлуқ қайдлар келтирилади. Масалан, В.В. Бартолд «Улуғбек ва унинг даври» номли асарида муаллифи номаълум «Муизз ал-ансоб»га асосланиб, Қорачор нўённинг «сипоҳийликка тобин бир тадбири» ҳақида сўз юритади. Шунингдек, Ҳофизи Абру «Зубдат ут-таворих» асарида ҳам Қорачор нўён ҳақида муҳим маълумотлар келтиради. Манбада Қорачор нўённинг ўн тўққизта – (Элдар, Лоло, Қубўл, Ясўнта, Мунқо, Ийжал нўён, Шарғо, Мунқа, Эл буқо, Эл, Бекбўқо, Казон, Ийку, Тингиз, Тобон, Мирали, Тўкал, Чўрон, Алокўчал (Алокўкал) исмли ўғиллари бўлгани таъкидланади. Мазкур манбада Қорачор нўён ўғилларининг авлодлари (Амир Темур ва Темурийлар давригача бўлган авлодлар назарда тутилмоқда – У.С.) хусусида ҳам муҳим қайдлар келтирилган. Манбага кўра, Қорачор нўённинг авлодлари нафақат Қашқа воҳасида, шунингдек, Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг турли ҳудудларига ҳам тарқалиб яшаган.
Амир Темурнинг бобокалони Қорачор нўённинг ислом динини қабул қилган ёки қилмагани тўғрисида тарихий манбаларда турлича қарашлар мавжуд. Айрим тадқиқотларда, жумладан, «Зафар йўли»да шундай қайд бор: «Бизнинг аждодларимиздан биринчи бўлиб Қоражар (Қорачор) нўён Аллоҳга тоат-ибодат қилди: у дунё ва охират тўғрисида фикр юритганидан кейин ислом ҳақлигига инонди ва қариндошлари билан бирга исломни тан олди». Аммо, бошқа манбаларда бу ҳақда аниқ маълумотлар учрамайди. Айрим маълумотларига кўра, Қорачор нўён ҳижрий 640/1240-41 йилда вафот этган. Аммо, бу унчалик аниқ маълумот эмас. Чунки аксар манба ва тадқиқотларда Қорачор нўённинг вафоти Чиғатойнинг вафоти муносабати билангина тилга олинади. Маълумки, Чиғатойнинг вафотини муаррихлар икки хил шаклда кўрсатган. Айрим манбаларда у Ўқтойдан 7 ой олдин вафот этган дейилса, бошқалари, жумладан, Мирхонд Ўқтойдан сўнг, ҳижрий 640 йилда вафот этган, дейди. Баъзи замонавий тарихчилар Мирхонд аслида Қорачорнинг ўлган йилини адаштирган, деган фикрни билдиришади. Ҳижрий 640 йилда Чиғатой вафот этганми ёки Қорачор нўённинг ўлган йили саналари янглиштирилганми – йўқми, гап бунда эмас. Муҳими, Қорачор нўён Чиғатой билан тенгдош бўлгани ва у ҳам шу йилларда вафот этган бўлса, ажаб эмас. Бироқ шундай бўлса, Қорачор нўённинг ислом динини қабул қилгани шубҳа остида қолади...
Барлослар мўғул хонлари Чингизхон, Чиғатой даврида қандай нуфузга эга бўлган бўлса, кейинги Чиғатой хонлари даврида ҳам ана шу обрўга эга эди. Барлос амирларининг дастлабки вакиллари – Қорачор нўён, Ижил нўён, Алангиз (Илангиз) нўёнлар Чиғатой, Қора Хулагу, Олғухон, Бароқхон, Дувахон, Кебекхон ва бошқа кўплаб мўғул хонлари ҳукмронлиги даврида ҳам улус ижтимоий-сиёсий ҳаётида етакчи сиёсий кучлардан бири бўлиб қолаверди.
Амир Темурнинг отаси ва бобоси расмий тарихларда хусусий кишилар тариқасида зикр этилади. Кешда ҳокимият Ҳожи барлоснинг аждодларига қачон ва қандай ўтиб қолгани ҳақида эса ҳеч қандай аниқ маълумотлар келтирилмаган. Шунингдек, барлослар ва уларнинг амирларини Қашқадарё водийсида ўрнашган Чиғатой хонлари – Кебекхон, Тармаширинхон ва Қозон Султон билан қандай муносабатда бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар топилмайди.
Манбаларда мўғул хони Тармаширинхон даврида барлос амирларининг мавқейи жуда кўтарилиб кетгани таъкидланади. Ислом динига қаттиқ меҳр қўйган Тармаширинхон маҳаллий диндорлар, амалдор ва қабила бошлиқлари, шунингдек, амир Тарағай баҳодир билан ҳам яхши муносабатда бўлган. Ғиёсиддин Али Яздийнинг «Рўзномайи ғазовоти Ҳиндустон» асарида келтирилишича, Амир Темур Тармаширинхонга юксак баҳо бериб, «Биз учун подшоҳ Тармаширин салаф ва ажойиб ҳукмдор. Ҳарҳолда, улуғ кишиларнинг фазилатларини фақат улуғ ҳукмдорлар ва шукуҳли султонларгина ета олади», дейди. Демак, Амир Темур ўзига қадар Туркистонда ҳукм сурган мўғул хонларининг сиёсий фаолиятини чуқур ўрганган. Қолаверса, отаси амир Тарағай баҳодир унга Тармаширинхон ҳақида сўзлаб ҳам берган. Унга берилган таъриф ижобий бўлгани боис Амир Темур ҳам Тармаширинхон ҳақида яхши фикрлар билдирган.
«Зубдат ут-таворих» асарида келтирилишича, Тарағай баҳодирнинг тўрт ўғли (Темурбек, Суюрғатмиш, Оламшайх, Жўги нўён) ва икки қизи (Қутлуғ Туркон оға ва Ширинбек (Шербек) оға) бор эди (аммо, Ҳофизи Абрудан бошқа Темурийлар даври манбаларида Тарағай баҳодирнинг бир ўғли – Амир Темур ва икки қизи борлиги таъкидланади). Манбада Тарағай баҳодир ва оиласи ҳақида шундай қайдлар мавжуд: «Тангри белгилаган тақдир азалдан шундайки, у жаҳонгирлик майдонини чавондози, фармон бермоқлик кўшкининг асосчиси бўлиш улуғ, шавкатли ва буюк савлатли бир соҳиб давлатга, муайян бир вақтда яратиш хилъати ва вужудга келтириш либосини кийгизмоқчи ҳамда уни кави ва фасод оламида подшоҳлик тахти узра жилвалантирмоқчи бўлса, тангри қудратининг қули илоҳий ҳикмат тақозасига кўра, унинг зоти гавҳарини оталарининг пушти камарлари ва оналарининг бачадонларида аста-секин, босқичма-босқич зоҳир этмоқ учун парваришлаб, етиштиришга яқинлаштириб беради. Давлат бекларининг зоҳир бўлиш замони ва унинг сирларининг ойдинлашиши вақти етиб келгач, ул тонг отишининг дастлабки нурлари яратилиши уфқнинг чиқиш жойидан тарала бошлайди, ул орзиқиб кутган вужудга келишининг бошланиши учун кўмак узлуксиз ва давомли бўлади».
Қозон Султон даврида ҳам барлос амирларининг нуфузи юқори эди. Форсий ва туркий «Темурнома»ларда таъкидланишича, Қозон Султон даврида Чиғатой улуси хони Баёнқулихон Қарши ҳокими бўлган амир Жоку (Жокуй, Чокуй – У.С.) барлосни амалдаги вазифасидан олиб ташлаб, ўрнига барлосларга рақобатчи бўлган қабила сардори амир Мусо Жалойирни қўйган. Манбалардан маълумки, Баёнқулихон амир Қазоғон ва унинг ўғли амир Абдуллоҳ даврида номига хон бўлиб турган. Барча фармонлар унинг номидан чиқарилган. Шу боис, амир Жоку барлосни Баёнқулихон эмас, амир Қазоғон вазифасидан бекор қилган бўлса керак. Бу ердаги маълумотнинг муҳим жиҳати барлосларнинг бир шаҳобчаси Қарши вилоятини бошқариб келгани билан боғлиқ. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида амир Жокунинг шажараси Қорачор нўёнга бориб тақалиши ҳақида муҳим маълумот келтирилади: «Амир Жоку бин Муборак бин Тўғон бин Қодон бин Ширға бин Қорачор нўён». Бундан кўриниб турибдики, амир Жоку барлос ҳам Қорачор нўённинг наслидан бўлган. Ҳофизи Абрунинг ёзишича ҳам у Қорачор нўённинг авлоди бўлган. Манбада шундай дейилади: «Қорачор нўённинг еттинчи ўғли – Шарғо бўлиб, унинг Қозон исмли битта ўғли бор эди. Қозоннинг Тўғон исмли ўғли бўлиб, Тўғоннинг Муборак отли ўғли бор эди. Муборакнинг иккита ўғли бўлиб, бири амир Ғиёсиддин, иккинчиси амир Жоку».
Қорачор ® Шарғо ® Қозон ® Тўғон ® Муборак ® Ғиёсиддин + Жоку
Амир Жокунинг учта ўғли бор эди. Биринчиси – Қоратемур, у мўътабар амирлардан эди. Қоратемур Амир Темур замонида гуноҳ иш қилиб, Мўғулистон томонга кетади ва ўша ерда вафот этади. Иккинчи ўғил – амир Жаҳоншоҳ Амир Темур даврида амир ул-умаро эди. Кенжа фарзанд – амир Мирзо Баҳодир ҳам мўътабар амир бўлиб, Қатлон улуси унинг ихтиёрида эди. Шоҳруҳ Мирзо Форс мамлакатини бошқаришни унга ишониб топширган эди. Амир Жокунинг кўплаб набиралари ҳам Амир Темур ва Темурийлар даврининг йирик амирларидан ҳисобланган.
Қазоғон амалидан бекор қилгач, амир Жоку Қозон Султон қасри атрофидаги мулкларида яшай бошлайди. Бу жой ҳозирги Муборак туманининг Кўхна шаҳар ҳудудига тўғри келади. Жокунинг Қорачор нўёнга бориб уланувчи шажарасига қараганда, бу ерлар аввалдан унинг ота-боболарига тегишли бўлган. Амир Жокунинг отасининг исми амир Муборак бўлгани «Зафарнома»да алоҳида таъкидланган. Ҳозирги пайтда бу жойнинг «Муборак» деб аталиши ҳам, эҳтимол, шу билан боғлиқ бўлиши мумкин. Барлослар бу ерларда узоқ вақт яшаб, чорвачилик билан кун кечиришган.
Қозон Султон билан амир Қазағон мухолиф бўлган. Қозон Султон зулми ҳаддан ошгач, унга яқин бўлган барлос амирлари, жумладан, Ҳожи Барлос ҳам ундан узоқлашади. Амир Қазағон эса ўзини қўллаб-қувватлаган барлослар билан дастлаб яхши муносабатда эди, аммо ҳокимиятининг сўнгги йилларида муносабатлар кескинлашади. Натижада Ҳожи Барлос ҳамда Баён Сулдуз амир Қазағон ҳалокатидан кўп ўтмай, унинг ўғли амир Абдуллоҳ устига қўшин тортади ва барлослар етакчиси Кешнинг мутлақ ҳукмдорига айланиб олади. Аммо бу узоққа чўзилмайди, шарқий Чиғатой улуси хони Туғлуқ Темурнинг Мовароуннаҳрга юриши олдидан Ҳожи Барлос Кешни ташлаб, Хуросон томонга қочишга мажбур бўлади. Бу вақтда унинг ўғли Жуғом барлос жангда ҳалок бўлади. Хуросонга ўтиб олган Ҳожи Барлос эса Сабзавор вилоятидаги бир гуруҳ исёнчилар томонидан ўлдирилади. Фасиҳ Ҳавофийнинг асарида Ҳожи Барлос ўлдирилган жой Хурошод Жўйин номли қишлоқ эди, дейилади. Орадан йигирма йил ўтгач, Амир Темур бу қишлоқ аҳолисидан Ҳожи Барлос ва унинг яқинлари учун қаттиқ ўч олади. Шунингдек, мазкур қишлоқ ва унинг атрофидаги катта ҳудудни Ҳожи Барлоснинг авлодларига суюрғол қилиб беради ва улар узоқ йиллар давомида шу ерларда ҳукмронлик қилишган.
Амир Ҳожи Барлоснинг шажараси Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида шундай шаклда кўрсатилади: «Ҳожи Барлос бин Бурлаъй бин Намула бин Ясу Мунқо бин Қорачор нўён. Демак, Ҳожи Барлос Қорачор нўёнга тўртинчи авлод саналади. Амир Ҳожи Барлос ва Амир Темурнинг ёши ўртасида, чамаси, унчалик катта фарқ бўлмаган. Бунинг Қорачордан бошланувчи шажара мутаносиблигидан ҳам англаш мумкин. Негаки, тарихий манбаларда Амир Темур ҳам Қорачор нўёнга тўртинчи авлод («Амир Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ибн амир Тарағай ибн Бурқул ибн Илангиз ибн Ижил (ёки Ийжал) ибн Қорачор нўён») экани таъкидланади.
Қашқа воҳаси, хусусан, Кеш (Шаҳрисабз) Амир Темур ва Темурийлар даврида ва ундан кейин ҳам барлослар қўлида қолди. Барлосларнинг кейинги авлодлари ҳам бугунги кунда Шаҳрисабзнинг айрим қишлоқларида истиқомат қилиб келмоқда. Уларнинг аксарияти ўз этнографиясини, этник номини ҳозирга қадар сақлаб келаётгани сўзимизнинг исботидир. Барлослар бугунги кунда юқори Қашқадарё воҳасининг тоғлик ҳудудларида – Саёт, Ҳасантепа, Тарағай, Ҳонақо қишлоқларида бошқа ўзбек уруғлари билан аралаш ҳолда яшаб келади. Барлослар ўзларини олти оға-ини деб юритадилар. Улар «Толиббачча», «Қозибачча», «Пўлатбачча», «Неъматбачча» ва «Шошбачча»лардир. Юқори Қашқадарёда уларнинг учтаси «Толиббачча», «Қозибачча» ва «Неъматбачча»лар яшайди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, юқори Қашқадарё ҳудудидаги барлослар «Каттакал» ва «Кичиккал» деб номланган икки катта гуруҳга бўлинган .
ХV-ХVI асрларда барлосларнинг катта гуруҳи Мовароуннаҳрдан бошқа ҳудудларга ҳам кўчиб ўтган. Жумладан, уларнинг бир қисми Темурийлар ва Бобурийлар ҳукмронлиги даврида Афғонистон ва Ҳиндистонга кетган. ХIХ асрда биргина Деҳли шаҳри атрофида ўн беш минг барлос яшагани тарихий манбаларда таъкидланади. Мазкур маълумот барлосларнинг кейинги авлодлари Ҳиндистон ва Афғонистонда ҳозирги кунгача яшаб келаётганини кўрсатади. Бундан ташқари баъзи маълумотларга кўра, барлосларнинг айрим гуруҳлари Европа ҳудудларига ҳам кўчиб ўтган.
Хулоса ўрнида айтганда, барлослар мўғул хонлари ва ундан кейинги даврларда ҳам катта мавқейига эга бўлган қабилалардан саналган. Қорачор нўён ва унинг аждодларидан бошланувчи мазкур уруғ-қабила мўғулларнинг асосий ҳарбий таянчи саналган. Эрдамчи барлос, Суғу-чечан ва Қорачор нўён даврида барлослар анча кучаяди ва Чингизхон давлатининг асосий ҳарбий қабилаларидан бирига айланади. Чиғатой улуси даврида эса Қашқа воҳасига ўрнашиб, мазкур ҳудудларни ўз назоратига олади. Айниқса, Кеш беклиги барлосларнинг муҳим стратегик макони бўлиб қолади.
Севинч УЛАШОВА,
Алфраганус университети доценти, Phd
Адабиёт
Жараён
Фалсафа
Тарих
Тарих
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ