Туроннинг уч минг йиллик давлатчилик тарихида юрт ҳимояси учун миллий озодлик кураши олиб борган кўплаб тарихий шахслар жасоратини кўриш мумкин. Улар орасида аёлларнинг борлиги эса алоҳида эътиборга лойиқ. Жумладан, Эрон аҳамонийларига қарши курашган Томир хотун сиймоси Туроннинг энг қадимги даврларида ҳам аёллар сиёсий-ҳарбий ҳаётда юксак ўрин эгаллаганини кўрсатади. Афсуски, араблар босқинидан олдинги давр ҳақида сўзловчи ёзма манбалар бугунги кунгача сақланган эмас. Шу сабабдан ислом давригача бўлган улкан муддатли тарихни ёритишида ўз манбаларимиздан фойдаланиш имкониятини деярли йўқотганмиз. Шу боис, қадимги давр тарихини ўрганишда археологик моддий манбалар билан бир қаторда хитой, юнон, рим каби чет эл муаллифларининг ёзма асарларига таянилади.
Қадимги массагет чорвадор қабиласи ҳақидаги маълумотлар юнон тарихчиси Геродотнинг «Тарих» асарида қайд этилган бўлиб, унда Туронда ҳукмдорлик қилган Томир хотун (Томйрис)нинг мардлиги ва жасорати, босқинчи аҳамонийлар ҳукмдори Курушга қарши олиб борган жанглари ҳамда ғалабалари ҳикоя қилинган.
Бундан ташқари, халқимизнинг кўп минг йиллик ўтмишини ўзида акс эттирган яна бир муҳим манба мавжуд: Халқ оғзаки ижоди, хусусан, тарихий достонлар нодир манба сифатида миллий кечмиш ва донишмандликни авлоддан-авлодга етказиб келган. Қадимги сак-массагет давридаги Турон ижтимоий-сиёсий ҳаётидан дарак берувчи «Ойсулув» тарихий достони воқелик жиҳатдан Томир хотуннинг сиймоси билан муайян ўхшашлик касб этади. Ушбу достонни таниқли фольклоршунос олим Ҳоди Зариф 1937 йил элимизнинг номдор бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғлидан ёзиб олган. Достоннинг бошқа бахшилар томонидан куйланган муқобил вариантлари учрамайди. Фольклоршунос олим Шомирза Турдимовнинг таъкидлашича, «Ойсулув» достони фақат аёллар даврасида куйлаб келинган. Шу сабабдан ҳам эркак бахшилар томонидан бу достон кенг ижрога тортилган эмас. Султон кампир, Тилла кампир сингари гапга чечан, бахши аёллар тор доираларда достон ва қўшиқларни ижро этиб келган.
«Ойсулув» достонининг 1984 йилда «Ўзбек халқ оғзаки ижоди» кўп жилдлиги доирасидаги нашрида фольклоршунос олим Ҳоди Зариф Эргаш шоир билан суҳбат орқали асарни кунимизга қадар етиб келиш жараёнини қуйидагича қайд этган: «Ёшлик қилдик, Тилла кампирдан гап – қўшиқ ўрганмадик. Отам айтар эди: «Тилла кампирнинг бир достони бор, уни мен ҳам билмайман, Жоссоқ ҳам билмайди, бошқа шоирларнинг ҳам айтганини эшитмадик. Тилла кампир ёш вақтида қўшиқ қилиб айтар экан, қариган сўнг эртак қилиб айтар эди. Мен кўпда қулоқ солмас, эртакда деб кета берар эдим». Бир кун «Тилла кампирнинг эртагини айтиб беринг», – дедим отамга. Шунда шоир кулиб, «Мен момонгдай айтолмайманда, билганимни айтсам, айтиб берайин», деб ёнбошлаб ётиб нақл қилиб эди, – деб асарнинг мазмунини Эргаш шоир сўзлаб берди». Ҳоди Зариф шоирнинг оғзидан достонни ёзиб олди ва унга «Ойсулув» деб ном берди.
Достонда Турон ва Эроннинг қадимдан ўзаро кураши бадиий талқин этилган. Икки ҳудуднинг бундай зиддиятли муносабатлари нафақат «Ойсулув»да, балки бошқа достонларда ҳам ўз ифодасини топган. Бу тўғрисида Эргаш шоир достоннинг бошланма қисмида шундай дейди: «Эрон билан Турон қадимдан бир-бири билан тараф («тараф» сўзи бу ўринда «душман» маъносида қўлланилган) экан. Гўрўғлининг ҳам Эрон подшолари билан тараф бўлгани қадимдан мерос экан. У замонларда Эронда Доро деган подшо бўлар экан. Доро Турон мамлакатига йўллаб келиб, элни талаб, тоғда, яйловда қўниб ўтган элга ташвиш солиб, одамларни уй-жойи билан, сури-галаси билан, эчки-такаси билан, қўзи-қўчқори билан – жами давлати билан ўлжа олиб, Эронга ҳайдаб кетар экан. Турон подшоси хабар топганда, ортидан қувиб бориб, гоҳ чўлда, гоҳ тоғда уруш қилиб енгса, босган элни ҳайдаган моли билан олиб қолар экан; енгилса, Доронинг аскарлари Эронга ҳайдаб кетар экан. Одамларни қул қилиб сотар экан, ўлжа молларни амал-амалига қараб бўлиб олар экан». Дарҳақиқат, «Гўрўғли» туркум достонларида ҳам Эрон «қизилбош»лари билан ўзаро сиёсий-ҳарбий кураш ҳамда жанговар тўқнашувлар бўлгани куйланган. Тўғри, Гўрўғлидаги бу жараён анча кейин – Турон ва Эрон халқларининг муносабатлари давоми сифатида намоён бўлади.
«Ойсулув» достонида Ойсулув, Доро, Кунботир, Қайсар, Офтобой каби бир қатор етакчи қаҳрамонлар тасвирланган. Достон воқеалари Аҳамонийлар ҳукмдори Доро даври билан боғлиқ тарзда баён этилган бўлсада, мазмунан Курушнинг Туронга юриши билан алоқадор тарихий жараёнларга тўғри келади. Унга қарши озодлик учун кураш олиб борган Ойсулув ва ўғли Кунботирнинг бадиий сиймоси эса Томир хотун ҳамда Спарангиз (Спаргаписес)нинг тарихий тақдири билан муайян ўхшашлик касб этади.
Эргаш Жуманбулбул ўғли достонда Ойсулувни қуйидагича таништиради: «Турон мамлакатида Ойсулув деган олп бир хотин подшолик қилар экан, кўп сулув аёл экан. Бунинг сулувлигига Ирам боғ париларининг ҳам рашки келар экан. Ойсулувнинг олп бир ўғли бор экан, отини Кунботир дер экан. Ойсулув подшонинг лашкарбошиси ўзининг ўғли Кунботир экан». Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, Томир хотуннинг Эрон ҳукмдори Курушга қарши озодлик кураши минг йиллар оша «Ойсулув» ва «Доро» бадиий тимсолига кўчиб, оғзаки ижодда яшаб келган.
Шу ўринда, «Ойсулув» достони Томир хотун ҳукмронлик қилган даврнинг айнан ифодаси бўла олмаслиги табиий ҳол. Фольклоршунос олим Умрзоқ Жуманазаровнинг таъкидлашича, тарихий достонлар бундай вазифани зиммасига олмайди ҳам. Достонда Доронинг саркардаси Қайсарнинг Ойсулувга ошиқ бўлгани айтилади. Тарихий ҳақиқатда эса бундай маълумот учрамайди. Аксинча, Геродот берган маълумотларга кўра, Курушнинг шахсан ўзи маликага совчиларини юбориб, никоҳ таклиф қилган. Аммо Томир хотун унинг ўзига эмас, балки массагетлар подшолигига совчи қўяётганини англаб, уларнинг яқинлашувини тақиқлаган.
Геродотнинг яна бир маълумоти эътиборни тортадики, бу Томир хотуннинг ўғли Спарангизни ҳийла орқали қўлга олиниш жараёнидир. Аҳамоний подшо Куруш амалдори Крезнинг маслаҳати билан ҳийла ишлатишга қарор қилади. Форслар массагетларнинг шаробни билмасликларидан фойдаланиб, ҳарбий жамлоқда шароб ва гўштдан мўл-кўл зиёфат тайёрлашади. Сўнгра қўшиннинг энг заиф қисмини шу ерда қолдириб, дарё томонга қайтишади. Кўп ўтмай, массагетлар қўшинининг учинчи қисми Курушнинг орқада қолган аскарларига ҳужум қилиб, уларнинг бир қисмини қириб ташлайди. Душманни енгиб бўлгач, ёйиб қўйилган дастурхонда овқатланишади, бироз ўтиб, овқат ва шаробдан тўйиб, ухлаб қолишади. Шу вазиятни кутиб турган форслар қайтиб келиб, массагетларнинг кўпини ўлдиради, ундан ҳам кўпроғини асир олади. Асирлар орасида массагетларга қўмондонлик қилган малика Томир хотиннинг ўғли Спарангиз ҳам бор эди.
Хўш, «Ойсулув» достонида бахши бу воқеани қандай баён этган? Эргаш шоир талқинида ҳам эронликларнинг шароб билан боғлиқ ҳийла қўллагани урғуланади. Достонда Паҳлавон Қайсар айёр Кўсанинг маслаҳати билан мастон париларни ишга солишга қарор қилади. Айёр Кўса ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, Дородан азоб чекаётгани хусусида Кунботирга арз қилади. Кунботир Кўсанинг сўзларига ишонади ва унинг маконида аскарлари билан меҳмон бўлади. Бахши Кунботир ва унинг йигитлари қандай қўлга тушгани тўғрисида шундай куйлайди: «Айёр Кўса Кунботир билан қирқ йигитни меҳмон қила берди, қирқ паризод бир-бир алёр айтиб, коса сузиб бера берди, булар бирин-кетин маст бўлиб ётиб қолди. Кунботир боши айланса ҳам сир бермай, такани кабоб қилиб, ўртага олиб келиб қўйди. Кунботир еб берди, парилар ҳали ҳам кўҳна шаробни косаларга тўлдириб қуяверди, юз нози билан, ширин сўзи билан алёр, деб Кунботирга босиб узата берди, у ҳам олиб ича берди. Шундай қилиб, Кунботирнинг ҳам боши гангиб, бу ҳам йиқилиб ухлаб қолди. Бари йиғилиб келиб, Кунботир билан қирқ йигитнинг оғзидан, бурнидан тағи қуйди. Ағдариб, думалатиб кўрди, ҳеч қайсиси ҳеч нарса билмади. Доро подшо Кунботирни зиндонга солди ва йигитларини дорга тортди». Албатта, достондаги «Айёр», «мастон парилар» каби тўқима қаҳрамонлар бадиий ижод маҳсули экани кўзга ташланиши аниқ. Бироқ, Кунботирнинг душманларнинг ҳийласи билан шароб ичириб қўлга тушиш жараёни Спарангизнинг тарихий тақдирига монанд тарзда баён этилган.
Шунингдек, достондаги Кунботирнинг тақдири Спарангиз билан боғлиқ тарихий ҳақиқатга мос келмайдиган жиҳатлари ҳам мавжуд. Спарангиз шаробдан маст бўлиб, ҳийла орқали қўлга тушиб қолганини англагандан сўнг, Курушдан қўлларини бўшатишларини сўрагани ва ўз жонига қасд қилгани тўғрисида «Тарих» асари маълумот беради. Достонда эса аксинча, Кунботир Паҳлавон Қайсарнинг қизи Офтобой ёрдамида зиндондан озод бўлади ва омон қолади. Воқеалар тизимининг бундай фожиали якунини қабул қилмаган халқ томонидан қаҳрамон бадиий тўқималар орқали идеаллаштирилган бўлиши мумкин.
Томир хотун билан боғлиқ тарихий воқеалар таҳлилига ўтилганда, ўғлининг асир олиниши жараёнидаги элчилик муносабатлари унинг жасоратини янада яққол очиб беради. Бу ўринда тарихий манба ва достонда икки хил ёндашув борлигини кузатиш мумкин. Яъни юнон тарихчисининг гувоҳлик беришича, Томир хотин ўғли ва қўшинининг бошига тушган кўргиликни эшитиб, Курушга элчи юбораркан, улар орқали форс ҳукмдорига шундай дейди: «Эй қонхўр Куруш! Ҳозир содир бўлган воқеа билан мақтанма. Ахир сен бу ғалабага узумдан тайёрланган ичимлик – шароб ёрдамида эришдинг. Сизлар бу ичимликни ичганингизда ақлингизни йўқотасиз, у танангизга киргач, оғзингиздан ёмон сўзлар чиқади. Сен менинг ўғлимни жанг билан эмас, ҳийла билан қўлга олдинг. Мен сенга яхши маслаҳат бераман: ўғлимни қайтар ва бу юртни жазоланмасдан тарк эт. Сен массагетлар қўшинининг учинчи қисмини шармандали равишда ҳалок этдинг. Агар бундай қилмасанг, массагетлар қуёши номига қасам ичаманки, сени қон билан тўйдираман!». Куруш эса бу хабарга эътибор бермайди.
«Ойсулув» достонида эса элчиларни Ойсулув эмас, балки Эрон подшоси юборгани айтилади. Бахши маликанинг элчилар билан учрашувини шундай куйлайди: «Элчи бўлса, элчига ўлим йўқ – отдан тушсин, дарвозада дамини олсин, номасини сизлардан бериб юборсин. Бир маҳрам чиқиб, элчилардан номани олиб келди, Ойсулувга берди. Ойсулув ўқиб кўрса, хатда айтибти: «Турон Эронга тобе бўлсин, Ойсулув подшо бизга бўйсунсин. Агар бизнинг сўзимизни қулоққа олмаса, зиндонда ётган ўғлини ўлдирамиз, лашкар билан устига йўллаб борамиз. Ойсулув подшони банди қилиб, жами эли-халқини талаб, мол-мулкини ўлжа қилиб, одамларини қул қилиб Эронга ҳайдаймиз», – дебди. Доро билан Паҳлавон Қайсар муҳрини босибти. Номанинг бир четида тағи шундай ёзилибди: «Агар Ойсулув подшо урушмасдан мамлакатни берса, ўзи менга тегса, зиндонда ётган ўғлини чиқариб бераман, ҳам ўзи, ҳам ўғли ўлимдан омон қолади». Бунга Паҳлавон Қайсар бир ўзи муҳрини босибди».
Хатни ўқиб Ойсулувнинг жуда қаттиқ жаҳли чиқади. Маҳрамларга элчиларни чақириш буйруғини беради. «Ойсулув элчиларга айтди: – Сизлар элчи экансизлар, элчи бўлмаганларингда, барингизни ўлдириб, каллаларингни бир қопга солиб, Доро подшога совға-салом қилиб юборар эдим. Сизларга жавоб, бориб Доро билан Қайсарга айтинглар: Подшоларинг қўлидан келганини қилсин! Бор лашкари билан, қўру қўрхонаси билан урушга отлансин. Мен тараддуд қилиб турибман, босиб бораман. Ё Доро билан Қайсарни ўлдириб, Кунботирнинг ўчини оламан, ё шу урушда ўламан. Аҳмоқ бўлиб, элчи юбориб юрмасин! Мен Турон мамлакатимни, эли-халқимни унга бермайман, бўйсунмайман! Менинг сўзимни подшоларингга тайинлаб айтинглар, тағи армонда қолмасин, – деб элчиларга жавоб берди. Элчилар жўнаб кетди». Мазкур нутқ орқали Ойсулув ўзининг сиёсий иродаси, ҳарбий қатъияти ва юрт мустақиллигига содиқлигини очиқ намоён этади; у душман таҳдидига муросасиз жавоб қайтариб, шахсий фожиасини ҳам давлат ва эл манфаатидан устун қўймайдиган ҳукмдор сифатида гавдаланади.
Халқ достонида Ойсулув ва Доро, тарихий манбаларда эса Томир хотун ҳамда Куруш ўртасидаги ҳарбий тўқнашув воқеалар тизимининг ҳал қилувчи босқичини ташкил этади. Геродот ўзининг асарида: «Менимча, бу барча жанглардан ҳам шиддатлироқ эди», – деб қайд этган. У аввал икки тараф аввал бир-биридан узоқ масофада туриб, камонлардан ўқ узишганини таъкидлайди. Ўқлари тугагач, қилич ва найзалар билан яқин жангга кирилган. Улар узоқ вақт давомида уришган ва ҳеч бири чекинишни истамаган. Ниҳоят, массагетлар устун келади ва форс қўшинининг катта қисми қириб ташланади, Курушнинг ўзи ҳам шу ерда ҳалок бўлади.
Достонда ҳам худди манбада келтирилганидек, Ойсулувнинг ғалаба қозонгани мадҳ этилади. Жанг арафасида турган Ойсулув сиймосини бахши ҳақиқий жангчиларга хос тасвирлайди: уни эркак либосида, олмос қилич ва карк тери қалқонни қўлига олган ҳарбий етакчи тимсолида гавдалантиради. Эргаш шоир Геродот келтирган маълумотларга мос равишда уруш жараёнини тасвирларкан, мерганлар пиёда аскарларни бошлаб жангга киргани, уруш тобора қизиб боргани, девлар бир муддат тин олиб, сўнг яна ҳужумга ўтганини, шу орада кўплаб майдонлар бўшаб, қон Тажан дарёси томон оқиб, унинг суви қип-қизил тусга кирганини, ботирлар эса қиличларини қонга белаб, ўликлар орасида олишиб, майдон излаб юрганларнинг хумордан тарқаб кетганини таъкидлайди. Демак, икки ўртада бўлиб ўтган жанговар тўқнашув ҳақиқатда даҳшатли бўлган. Камончиларнинг ўқ узишию, сўнгра пиёда қўшинни жангга киргани достон ва тарихий манба ўртасидаги алоқадорликни аниқлаштиради.
Аммо, достондаги бир фарқли жиҳат шуки, Ойсулув ва Кунботир лашкари билан Доро ҳамда Қайсарнинг ортидан қувлаб Эрон шаҳарларигача етиб боради, Эронни ўзига тобе ўлкага айлантиради. Тарихий манбаларда эса Томир хотуннинг Эронни эгаллагани ҳақида маълумотлар учрамайди. Бу якун аслида халқ орзу-истакларининг натижаси сифатида юзага чиққан. Чунки, халқ душманни шунчаки енгиш билан кифояланиб қолмасдан, унинг устида тўла ҳукмронликни ўрнатганини куйлаган.
Бахши достонни якунларкан, Эрон пошдосини қочгани ҳамда Кунботир Дорони ўлдириш саҳнасини қуйидагича баён этган: «Буларнинг қувиб келаётганини Эроннинг лашкарлари билиб, ҳар қайсиси чекка-чеккага қочиб, ҳар ким ўз бошини олиб ҳар қаёққа кетди. Ойсулув билан Кунботир Доронинг шаҳрига кириб борди. Доро буни эшитиб, саройдан чиқиб, бошпанасини қилиб қолди. Доронинг қочган хабари Кунботирга етишди. Энасидан жавоб олиб, қувиб изидан тушди. Шаҳардан чиқмай Дорога етишди: олмос қилич билан Доронинг калласини олиб, энасининг қўлига тутди. Эрон одамлари буни кўриб, бари: – Омон-омон! – деб Эрон Ойсулув подшога тобе бўлди. Эли-юртда тинчлик бўлиб, омон-омонлик бўлди».
Ушбу жараён ҳақида Геродот «Тарих» асарида аниқ маълумотлар бериб ўтган. Массагетлар устун келиб, форс қўшинининг катта қисмини қириб ташлагани ва Курушнинг ҳам айнан шу жангда ҳалок бўлгани таъкидланади унда. Шундан сўнг Тўмарис инсон қони билан тўлдирилган меш келтириш ва ҳалок бўлганлар орасидан аҳамоний ҳукмдорнинг жасадини топиш буйруғини берган. Уни топгач, Курушнинг бошини ўша мешга тиқиб, шундай деди: «Сен ўғлимни ҳийла билан қўлга олиб, мени тирик қолганим ҳолда ҳам ҳалокатга учратдинг. Энди ваъда берганимдек, сени қон билан тўйдираман!»
Кўриниб турибдики, тарихий достондаги воқеалар ривожи Геродот келтирган маълумотлар билан муайян даражада уйғунлашади. Бироқ, бу ўринда Эргаш Жуманбулбул ўғлининг Геродот асарларидан бевосита хабардор бўлганини тахмин қилиш қийин. Бу ҳолат мазкур икки манбанинг ўзаро мустақил шаклланган бўлиши эҳтимолини кўрсатади. Яна бир эҳтимолга кўра, Геродотнинг ўзи ҳам Турон ҳудудига келмаганини инобатга олсак, худди шу достон унга ривоят тарзида етиб борган бўлиши мумкин. Турон ҳудудида эса бу воқеалар оғзаки ижод орқали авлодларга ўтиб келган.
Бизгача Эргаш шоирнинг отасидан ўрганган достони етиб келгани боис, асар қаҳрамонининг Ойсулув экани ҳақидаги қараш шаклланади. Бироқ, биз Тилла кампирнинг бурунги замондаги бахши аёлларидан қолган ижроси ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Шу сабабли достон қаҳрамонининг номи дастлаб Ойсулув эмас, балки бошқа ном билан аталган бўлиши эҳтимолини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо шуниси аёнки, Турон ҳудудида аҳамонийларга қарши кураш олиб борган аёл ҳукмдор бўлган ва унинг сиймоси халқ хотирасида сақланиб қолган.
Мухторжон ҚОСИМЖОН ЎҒЛИ,
ФА Тарих институти таянч докторанти
Жараён
Фалсафа
Тарих
Тарих
Маънавият
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ