Мўғулларнинг “юмшоқ кучи” – Чингизийларнинг қўнғирот келинлари (иккинчи мақола)


Сақлаш
16:27 / 18.12.2025 17 0

Мўғул империясининг асосий сиёсий ва ҳарбий муваффақиятларидан бири – қабилалараро никоҳлар тизими эди. Бу тизимнинг марказида қўнғирот (қонгғират, кунграт) қабиласи турган. Чингизхоннинг ўзи, ўғиллари, набиралари-да асосан қўнғирот қизларига уйланган. Бу анъана империянинг парчаланиб кетган пайтида ҳам (XIV-XV асрлар) давом этиб, Олтин Ўрда, Элхонийлар, Чиғатой улуси ва Юан сулоласида қўнғиротлик оналар ва хотинлар энг юқори мавқега эга бўлган.

 

Нима учун айнан қўнғирот қабиласидан келинлар олинган, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Негаки, аввало қўнғиротлар мўғулларнинг энг яқин иттифоқчилари эди ва ҳеч қачон Чингизхонга қарши чиқмаган. Шунингдек, манбалардаги қайдларга кўра, уларнинг қизлари гўзаллиги ва садоқати билан машҳур эди. Рашидиддин ўзининг “Жомеъ ат-таворих” асарида “Қўнғирот қизлари ой юзли ва қуёшдек нурли” деб ёзади. Бундан ташқари Чингизхоннинг онаси Оэлун хотун ва бош хотини Борте фучин ҳам қўнғирот қабиласидан бўлгани мазкур қабила нуфузини янада оширган. Сҳунинг учун ҳам бу қабила “император қони” билан энг яқиндан боғланган этник гуруҳ эди. Чингизхон вафотидан кейин қўнғирот аёлларига уйланиш ва уларни бош маликаликка кўтариш қатъий анъанага айланиб улгуради. Жумладан, Чингизхоннинг ворислари Чиғатой улуси, Юан сулоласи, Олтин Ўрда ва Элхоний ҳукмдорлар қўнғирот аёлларини бош хотин қилиб олганлар. Бу никоҳлар “cонсорт трибе” (“хотин қабиласи”) тизимини шакллантирган ва қўнғиротлар саройда катта нуфузга эга бўлиб борганлар.

 

Чингизхоннинг қўнғирот қабиласидан бўлган бош хотини Борте фучиндан туғилган ўғилллари Жўжи, Чиғатой ва Ўқтойнинг бош хотинлари қўнғирот қабиласидан бўлган. Тулининг бош хотини бошқа қабиладан бўлса ҳам, хотинлари орасида қўнғиротлар бор эди. Жумладан, Жўжининг бош хотини – Оки фучин қўнғирот эди. Одатда, қўнғирот хотинларидан бўлган бош хотин вафот этса, бош хотинликка фақат шу қабила вакилалари тайинланган. Жўжининг бош хотини Оки фучин вафотидан кейин бош хотинликка қўнғирот қабиласидан Султан хотун белгиланади.  

 

Оки фучин (Өки-хатун, Оки ҳатун, Уки фужин, Оки-беки) Жўжининг асосий хотини бўлиб, 1200-йиллар бошида турмуш қурган. Оки фучин Жўжининг онаси Борте фучиннинг жияни эди. Унинг отаси Боту бу даврда қўнғирот қабиласи етакчиларидан ҳисобланган, яъни Жўжи тоғасининг қизига уйланган. Бу никоҳ Чингизхон хонадони билан қўнғирот қабиласи ўртасидаги иттифоқни янада мустаҳкамлайди. Оки фучин Жўжининг энг кўп ва муҳим ўғилларининг онаси ҳисобланган. Жумладан, Ботухон (Олтин Ўрданинг асосчиси), Ордахон (Оқ ўрданинг асосчиси, кейинчалик ташкил топган қозоқ хонлиги вакилларининг аждоди), Шайбон (Шайбонийлар сулоласининг аждоди, айнан унинг номи сулолага берилган), Беркахон (Олтин Ўрданинг биринчи мусулмон хони), Тангут (Оки фучиннинг бу ўғли ҳақида манбаларда маълумотлар деярли учрамайди).

 

Оки фучиннинг ўғиллари орқали қўнғирот қони Олтин Ўрда ва ундан кейинги барча туркий-мўғул давлатларига, жумладан, қозоқ, ўзбек, нўғай, қорақалпоқ халқлари орасида кенг тарқалди. У Боту ва Берка каби буюк хонларнинг онаси бўлгани учун “Олтин Ўрда императрияси – онаси” деб улуғланган. Тарихчи Рашидиддин “Жомеъ ат-таворих” асарида Оки фучинни “фазилатли ва оқила аёл” деб таърифлайди. Оки фучин Чингизхон оиласидаги энг муваффақиятли қўнғирот келинларидан бири эди. Унинг фарзандлари орқали ҳозирги ўзбек, қозоқ ва бошқа туркий халқларнинг кўпчилигида Чингизхон ва қўнғирот қони аралашган деб ҳисобланади. Айнан шу сабабли ўзбек ва қозоқ қўнғиротлари ўзларини “хон авлодлари” деб ҳам атайдилар.

 

Султон хотун (Сарай хотун) – Чингизхоннинг тўнғич ўғли Жўжининг иккинчи муҳим хотини ва қўнғирот қабиласидан чиққан аёли ҳисобланади. У тахминан 1205–1210-йиллар орасида Жўжи билан турмуш қурган. Бу никоҳ ҳам Чингизхоннинг қўнғиротлар билан иттифоқини мустаҳкамлаш учун қилинган. Султон хотуннинг фарзандлари орқали таъсири империяда жуда катта бўлган. У Жўжининг кўп сонли ўғил-қизларининг онаси бўлиб, улар орасида энг таниқлилари – Беркачер (Олтин Ўрдада таъсири жуда катта бўлган) ва Тўқа-Темур (Аштархонийлар сулоласи вакилларининг аждоди) бўлган. Султон хотун айрим манбаларда Беркахоннинг ҳам онаси бўлгани айтилади. Тарихий манбаларда келтирилишича,  у Беркахон орқали бутун Волга бўйи, Қирим, Қозон, Қорақалпоқ ва ҳозирги Россия мусулмонлари тарихига катта таъсир қилган. Рашидиддин “Жомеъ ат-таворих” асарида Султон хотунни ҳам “фазилатли ва доно аёл” сифатида таърифлайди. Султон хотуннинг қариндошлари Олтин Ўрда саройида энг юқори лавозимларни эгаллаганлар, – хоннинг маслаҳатчилари, нўёнлари ва қўмондонлар асосан қўнғирот қабиласи вакилларидан бўлган.

 

Чингизхоннинг кўплаб набиралари ҳам асосий хотин сифатида қўнғирот аёлларига уйлангани ва уларни бош хотинликка кўтаргани манбалар, тадқиқотларда таъкидланади. Жумладан, Чингизхоннинг тўнғич набираси Олтин Ўрда асосчиси Ботунинг хотини Боракчин хотун қўнғирот қабиласидан эди. Боту даврида қўнғиротлар Олтин Ўрдада энг катта таъсирга эга бўлганлар. Шунингдек, Ботунинг укаси Берканинг ҳам асосий хотинлари қўнғиротлардан бўлган.

 

Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойнинг ҳам бош хотинлари қўнғирот бўлиб, улар опа-сингиллар – Йисулун ва Тукан хотунлар эди. Йисулун ва Тукан хотун ҳам Чиғатойнинг онаси Борте фучиннинг жияни бўлган, улар бирин-кетин Чиғатой харамининг бош хотинлари вазифасига кўтарилишган. Мўғуллар даври форсий манбаларида Чиғатойнинг жами саккиз ўғли (Мутегин, Мучи Ебе, Билкиши, Сарбан, Есу Мунка, Байдар, Кадаки, Байчу) бўлгани ҳақида қайдлар мавжуд. Рашидиддин, Хондамир каби муаррихларнинг шаҳодат беришича, Чиғатойнинг юқорида исми қайд этилган барча ўғиллари қўнғирот хотинларидан туғилган фарзандлар бўлган. Шунингдек, манбаларда келтирилишича, Чиғатойнинг бошқа қабила аёлларидан туғилган фарзандлари ҳам бор эди. Аммо, муаррихларнинг таъкидлашича, улар қўнғирот хотинларидан туғилган фарзандлар билан тенг мақомда кўрилмаган.

 

Чиғатой бош хотини Йисулун Хотун вафот этгач, унинг синглиси Тукан Хотунга уйланиб, уни бош хотинлик мақомига кўтаради. Чиғатой ўз ўғиллари ва набираларига ҳам асосан қўнғирот қабиласи вакилаларини олиб беради. Жумладан, Есу Мунка, Олғу, Бароқ, Дува каби Чиғатой хонзодаларининг ҳам асосий хотинлари мазкур қабиладан бўлгани айтилса-да, манбаларда маликаларнинг исмлари камдан-кам ҳолатларда эслатилган. Бу эса мазкур давр тарихий манбалари Чиғатой улуси ҳудудидан узоқда яратилгани билан бевосита боғлиқ. Рашидиддиннинг “Жомеъ ат-таворих” асарида Олғунинг Тумалун хотун исмли қўнғирот қабиласидан бўлган бош хотини бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилади.

 

Чингизхоннинг учинчи ўғли Ўқтойнинг ҳам асосий хотинлари қўнғирот қабиласидан эди. Жумладан, биринчи ва бош хотини Борақчин хотун қўнғирот бўлган. Аммо унинг барча фарзандлари туғилиши билан вафот этган. Ўқтой қоондан фарзанди бўлмаса ҳам қўнғирот қабиласи вакиласи бўлгани учун харамда Борақчин хотуннинг обрўси шаҳзодалар оналариникидан ҳам юқори бўлган. Буни Ўқтой вафотидан кейинги воқеаларда ҳам кўриш мумкин. Улуғ қоон вафотидан кейин Қорақурум элитаси бир муддат тахтга унинг ўғиллари эмас, регент сифатида бош хотини Борақчин хотунни чиқармоқчи бўлишади. Аммо бу масалага Чиғатой аралашиб, укаси Ўқтойнинг бошқа хотини Тўракина хотунни регентликка тавсия қилади. Чиғатой Тўракина хотун Ўқтой қооннинг асосий қонуний фарзандларининг онаси эканлигини асос қилиб кўрсатади ва шу тариқа 1246 йилга қадар қоонликни Тўракина хотун идора қилади.

 

Тўракина Хотуннинг шажараси манбалар ва тадқиқотларда бироз баҳсли ва узуқ-юлуқ. Айрим манбаларда у найман қабиласи вакили сифатида кўрсатилса, бошқаларида қўнғирот қабиласидан экани айтилади. У Чингизхоннинг бошқа келинларидан фарқли равишда империя сиёсий ҳаётида фаол қатнашган ҳукмдор аёл ҳам ҳисобланиб, Чиғатой қўллаб-қувватлаши натижасида Ўқтой қоон вафотидан кейин регент сифатида беш йил мобайнида бутун империяни бошқаради. Тўракина Хотуннинг беш фарзанди бўлиб, булар Гуюк, Кўтан, Кўчу, Қорачор ва Каши эди. Ундан кейин улуғ қоонликка Тўракина хотуннинг тўнғич ўғли Гуюк кўтарилади ва бутун империя улуғ қоонига айланади. Гуюк даврида ҳам Тўракина хотуннинг обрўси ва таъсири жуда юқори бўлгани форсий манбаларда тилга олинади.

 

Ўқтой қооннинг ўғиллари ва набираларининг ҳам аксарият хотинлари қўнғирот қабиласи вакилаларидан бўлган. Жумладан, Гуюк, Кўтан, Каши, Малик каби Ўқтой авлодларининг ҳам асосий хотинлари қўнғиротлардан экани айтилса-да, форс муаррихлари маликаларнинг исмларини қайд этишмаган. Бунга 1251 йилдан қоонлик ҳокимияти Ўқтой хонадонидан Тўли хонадони вакилларига ўтиши ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Негаки, айнан шу йилги Ширамун исёни сабаб кўплаб Ўқтой шаҳзодалари қатл этилган. Тарихий асарларда кейинчалик Ўқтой мулкини қайта тиклаш учун майдонга чиққан Қайдунинг ҳам бош хотини Элчиқмиш хотун қўнғирот қабиласидан экани айтилади.

 

Чингизхоннинг тўртинчи ўғли Толининг хотинлари орасида қўнғирот вакилалари бўлса-да, бош хотини керайит қабиласидан эди. Аммо унинг ўғилларининг бош хотинлари асосан қўнғирот қабиласи вакилаларидан бўлган. Жумладан, катта ўғли Мунка қооннинг хотинлари – Ўлжай хотун, Қутуқуй хотунлар қўнғирот қабиласидан эди. Қўнғирот қабиласидан бўлган мазкур маликалар кейинчалик Мунканинг қоонлик ҳокимиятини эгаллашига ва империяни қайта марказлаштиришга ёрдам беришади.

 

Мункадан кейин Хитой ҳудудида ҳокимиятни қўлга олиб, ўзини улуғ қоон деб эълон қилган Хубилайнинг бош хотини Тегулен хотун ҳам қўнғирот қабиласидан бўлган. Манбалар ва тадқиқотларда Тегулен хотун ҳақидаги маълумотлар жуда кам, бунга асосий сабаб уларнинг фарзандлари бўлмаган. Хубилайнинг иккинчи асосий хотини ҳам қўнғирот қабиласидан бўлиб, унинг исми Чаби хотун эди. Унинг Хубилай қоондан тўрт ўғли ва олтита қизи бўлган. Хубилай ва унинг оила аъзолари Юан империясида буддавийлик динини янада ривожланишида хизмат қилган. Чаби хотун ҳам конфуцийлик таълимотининг кенг ёйилишида катта роль ўйнагани Рашидиддин томонидан ҳам эътироф этилган. Муаррих уни мўғул элитаси орасидаги мавқейи Чингизхоннинг буюк хотини Борте фучин билан тенг бўлганини ва у ҳам жуда гўзал, мафтункор малика эканини ёзади. Чаби хотун буддавийлик динининг фаол тарғиботчиси сифатида ўз фарзандларига хитойча исмлар қўйган. Шунингдек, у империянинг сиёсий, иқтисодий, ижтимой ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган шахс эди. Юан шиларда у ўз даврида элита аёллари учун урфга айланган турли хилдаги кийимларнинг ижодкори сифатида ҳам талқин қилинади. Чаби хотун вафотидан сўнг Хубилай қоон унинг жияни Намбуй хотунга уйланади ва уни бош хотинликка кўтаради. Юан шиларда таъкидланишича, Чаби хотун ўзи ҳаётлигидаёқ жияни Намуйни бунга тайёрлаган. Бу маълумот қўнғирот аёллари ўзларидан кейин ҳам бош хотинлик мансаби мазкур қабила вакилаларида қолиши учун қаттиқ курашганини кўрсатади.

 

Тўлининг бошқа бир ўғли Эрондаги Элхонийлар (Хулагуйлар) давлати асосочиси Хулагунинг ҳам хотинлари орасида қўнғирот қабиласи вакилалари бор эди. Жумладан, унинг бош хотини Докуз хотун керайит қабиласидан бўлса-да, иккинчи асосий хотини Оладана хотун қўнғирот эди. Элхонийлар саройида яна кўплаб қўнғирот маликалари бўлгани форс муаррихларининг асарларида кўп марта таъкидланади.

 

Хулоса қилиб айтганда, Чингизхон вафотидан кейин мўғул империяси тўрт катта давлатга бўлинган бўлса-да, бу давлатларнинг кўпчилигида ҳукмдорларнинг онаси ёки бош хотини қўнғирот қабиласидан чиққан. Бу никоҳ сиёсати туфайли қўнғирот қабиласи ХIII–ХIV асрларда Евросиёнинг энг қудратли оилаларидан бирига айланди. Ҳозирги ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, нўғай ва қиримтатарларидаги кунграт/қўнғирот уруғлари – айнан ўша буюк император келинларининг авлодлари ҳисобланади. Қўнғирот келинлари нафақат гўзаллиги, балки ақл-заковати ва сиёсий таъсири билан ҳам тарихда ўчмас из қолдирган. Улар мўғул империясининг “юмшоқ кучи” – энг муҳим иттифоқчилари эди.

 

Севинч УЛАШОВА,

Алфраганус университети доценти,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Биринчи мақолани ўқиш

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 26030
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//