Ёзувчи ёки шоир асарлари ортидан бойиб кетишни истайдими? Аксаран, ҳа. Ёзувчи ёки шоир ўзи битган асарлари воситасида бойиб кета оладими? Аксаран, йўқ. Айни шу истак билан воқелик ўртасидаги тафовут ижодкорни муаллақ умргузаронлик исканжасида банди қилиб қўяди. Европа мамлакатларида фаолият юритаётган кўп сонли бадиий жамғарма ва адабий дастурлар айни шундай вазиятларда ижодкорга бойиб кетишни ваъда қилмаса ҳам, асарлари мевасидан ўзи ҳам тотина олиш имконини беради. Мақолада ана шундай дастур ва жамғармалар фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
Оврўпа Иттифоқининг “Creative Europe” (Ижодкор Европа) дастури Европа мамлакатларида яратилган китобларнинг ҳудудлар оша эмин-эркин айланишини таъминлаш ҳамда йирик ва майда, турли тилларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ушбу дастур доирасида бадиий адабиётлар таржимаси, нашри ва тарғиботига доир лойиҳалар молияланади. Бунда алоҳида муаллифлар эмас, балки соҳага тааллуқли ташкилот ва ташаббускор гуруҳларга, хусусан, нашриётларга молиявий дастак кўрсатилади. Айниқса, кам тарқалган тилларда битилган адабиётга алоҳида эътибор қаратилади.
Европанинг қарийб барча давлатларида алоҳида адабий жамғарма ва грант дастурлари бўлиб, уларнинг аксари, одатда, маданият вазирлиги ёки маданий муассасалар кўмагида фаолият олиб боришади. Масалан, Олмония, Франция, Швеция ва Испанияда грант ва субсидиялар тақдим этиш, адабий резиденция ва халқаро айирбошлаш дастурлари фаол йўлга қўйилган. XVIII аср охирларида асос солинган Британиянинг Қироллик адабий жамғармаси (Royal Literary Fund) шу йўналишдаги энг кекса ташкилотлардан бўлиб, вазият тақозосига кўра оғир молиявий аҳволда қолган ёзувчиларга бевосита кўмак кўрсатади. Ижодкорларнинг университет, мактаб ва бошқа масканларда амалиёт ўташи ва ишга жойлашувига шароит яратиб беради. Франция институтининг (Institut Francais) нашриётларга кўмаклашув дастури француз бадиий адабиёти намуналарини таржима қилиб, чоп этишда хорижий нашриётларга молиявий кўмак таклиф этади. Олмониянинг DAAD дастури эса хорижлик адабиёт ва санъат арбоблари учун ҳар йили 20 та грант ажратади. Ушбу грантга кўра, адиблар, мусаввир ва режиссёрлар бир йил давомида Берлинда яшаб, ижод қилишлари учун тўлиқ шароит яратиб берилади.
Нидерландия адабиёт жамғармаси
Миқёсан кичик, аммо салоҳиятан улкан Нидерландияда 2010 йилда таъсис этилган Nederlands Letterenfonds жамғармаси Европанинг шу йўналишдаги энг нуфузли тузилмаларидан бири саналади. Ташкилотнинг фаолият йўналишлари бадиий адабиётнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган. Давлатга қарашли ва давлат томонидан молияланувчи ушбу жамғарма нидерланд, фриз, папяменто ва имо-ишоралар (гунг-соқовлар) тилида яратилган бадиий адабиётларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлиб, китобхон миллат, ижодкор жамиятни шакллантириш, адабиёт ва адиблар мавқейини оширишга хизмат қилади. Шахснинг камол топишида адабиётнинг ўрни беқиёс эканини бош ғоя сифатида эътироф этувчи мазкур ташкилот жамият аъзоларида танқидий фикрлаш кўникмасини шакллантириш бирламчи масала эканини ҳам алоҳида урғулайди.
Жамғарма ёзувчи, таржимонлар, журнал ва нашриётларга субсидия ажратибгина қолмасдан, турли адабий фестивалларга ҳомийлик қилиш орқали турфа хиллиликка асосланган бой адабий муҳит яратишга, адабий мерос намуналарининг асраб-авайланишига ҳисса қўшади. Нидерландия адабий жамғармаси тўртта муҳим қадриятларга оғишмай амал қилади. Улар: бадиий асарларнинг юқори сифати ва турфа хиллилигини қайд этиш, иш юритишда ҳалоллик ва шаффофлик.
Ёзувчи ва таржимонларга мўлжалланган дастур ва субсидиялар кўмагида, аввало, замонавий нидерланд адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Хорижий тилларда (асосан Европа тилларида) битилган бадиий қиймати баланд асарларни кечиктирмасдан ўгириб, мамлакатда нашр этиш, шунингдек, нидерланд тилида яратилган бадиий адабиёт намуналарини бошқа тилларга таржимаси ва нашр этилишини молиялаш ҳам жамғарманинг бош вазифаларидан ҳисобланади. Таниқли болалар адибаси Анни Шмидт (Annie M.G. Schmidt) қаламига мансуб “Мушуклар маликаси Минуш” қиссаси камина таржимасида айнан шу ташкилот ҳамкорлигида Ўзбекистонда нашр этилганини шу ўринда тилга олиб ўтишни истардим. “Академнашр” томонидан юқори сифатда чоп қилинган ушбу китоб нусхаларини жамғарма раҳбарларига тақдим этганимда улар ҳамкорлигимиз натижасидан қувонишгани ва нашриёт жамоасига алоҳида ташаккур билдиришганини ҳали-ҳамон эслайман.
Ушбу қайдлар аввалида айтганимиз – ёзувчи ёки шоир ўзи битган асарлари ортидан бойиб кетмаса-да, жиллақурса, шунинг воситасида беками-кўст тирикчилик ўтказа олиши учун имконият яратишига Нидерландия адабий жамғармаси юритаётган фаолият мисол бўла олади. Яъники, номзодлар кўнгилларида тугиб юрган асарини битишга шароит тилаб, бунинг ҳар жиҳатини тўла ва ишончли тарзда асослаган ҳолда, китобга доир манбаларни ўрганиш-у, бунинг ортидан аллақаёқларга сафар қилиши лозимлигини ҳам маълум қилиб, жамғармага мурожаат этадиган бўлса, анча салмоқли миқдордаги молиявий кўмак олиши эҳтимоли жуда юқори. Бу эса ижодкор тирикчилик ташвишларидан бирмунча четлашиб, фақатгина ўша асарига диққатини жамлаб, ўз кўнглидагидай якунлаб олиши учун шароит муҳайё қилади.
Мустақиллик барчасидан устун
Европадаги адабий жамғармаларнинг аксарияти давлат бюджетидан молияланиши одатий андоза бўлишига қарамасдан, жараённи бошқариш ва қарор қабул қилишда улар (мустақил экспертларга таянган ҳолда) мутлақо эркиндир. Пулини тўлаб қўйган одам ўз ноғорасига ўйнатади, дегандай гаплар бу ерда умуман ўтмайди. Иқтидорли муаллифларни, айниқса, асарлари урфга мутаносиб бўлмаган “ноқулай” адибларни қўллаб-қувватлаш орқали бадиий сўзнинг ҳар қандай сиёсатдан устун эканини таъкидлаш ва адабиёт мафкурага хизмат қилиши эҳтимолини истисно этиш асосий аъмоллардан саналади.
Жамғармалар аслан “бозоргир” бўлмаган ва харажатларни қоплаши ҳам даргумон саналган бадиий адабиётга елка тутиб, ёзувчи ва шоирлар кутилмаган тажрибалар қўллашдан чўчимагани ҳолда юксак санъат асарлари яратишига имкон беради. Айтиш керакки, бу сингари елкадошликсиз кўплаб улуғ асарлар битилмай ёки битилса-да, чоп этилмасдан қўлёзмаларда қолиб кетган бўларми эди.
Бугунги кунда дунё асарларининг мутлақо аксар қисми инглиз тилига тўғри келади ва китоб бозорида ҳам аввало шу тилдаги асарларнинг ошиғи олчи. Бир тилнинг шундай яккаҳокимлиги шароитида майда миллат адабиётларининг (масалан, баск, фриз, бретон ва саам) ҳам овози баралла эшитилишига йўл очиши биз сўз юритаётган жамғармаларнинг яна бир муҳим жиҳати ҳисобланади. Бу тилларда яратилган китоблар таржимасини молиялаш воситасида уларнинг бошқа маданиятлар аро кириб боришига имкон беради.
Жамғармалар ажратадиган грант ва субсидиялар муаллиф ўз асари устида чалғимасдан ишлаши учун унга муҳим бўлган вақт ва эркинлик беради. Бу ҳолатда кафолатланган натижа, яъни бозори чаққон асарнинг вужудга келиши эмас, балки бадиий фикрни изҳор эта билиш жараёнининг ўзи ва салоҳиятига ётирим қилинади. Ўз-ўзидан равшанки, бундай кўмакни истифода қилиш имконига эга бўлган бирор ижодкор аллақайси ноширнинг инжиқликлари ва давлатнинг сиёсий мафкурасига қарам бўлмайди ҳамда муҳтамал хатарлардан чўчимаган ҳолда ўзи истаган шакл ва мазмунда асар бита олади. Бу эса бадиий сўз эркинлигининг айнан ўзидир.
Маданият тижорат ўзанига тушиб, тез фойда кўриш талаби ва сиёсий қутблашув босими остида қолаётган бугунги шароитда адабий жамғармалар ўзига хос маданий қалқон вазифасини ўтайди. Улар бадиий адабиёт истеъмолга мўлжалланган маҳсулот ёки муайян манфаат эгалари қўлидаги қурол эмас, балки юксак санъат сифатида қолаётган ёки шундай ҳолда қолиши лозим бўлган ўша жимиртак муҳитни турли таҳдидлардан муҳофаза қилади.
Европа ва Америка адабий жараёнлари
Пировардида, бадиий адабиётни қўллаб-қувватлашга доир Европа ва Америка андозаларини ўзаро қиёслаб боқамиз. Европада шаклланган нуқтаи назарга кўра, адабиёт жамиятга хайр келтирувчи ижтимоий неъматдир. Усиз тил тараққий топмайди, маданий хотира сустлашиб, демократик қадриятлар ва танқидий мушоҳада юритиш салоҳияти ҳам хавф остида қолади. Бозоргир бўлмаган муайян асарни атиги 300 ё 500 ўқирман мутолаа қилдими, демак, бу китоб жамият учун барибир керакли саналади. АҚШда адабиётга шахсий ташаббус сифатида қаралади ва бозор талабларига кўра ёндашув устунлик қилади. Давлат томонидан кўмаклашув Европадаги сингари кўламли тусда эмас – маданият, шунингдек, адабиёт ҳам харидлар ҳисобига ёки хусусий ҳомийлар ёрдамида кун кўриши қоида тарзида билинади. Яъники, кимгадир адабиёт керакми, демак, бунинг учун давлат эмас, бошқалар жон куйдириши лозим.
Европада давлат маблағ ажратади, аммо қарор қабул қилиш имтиёзи мустақил экспертлар ихтиёрида қолади. Давлат китоблар мазмуни қай тарзда бўлиши кераклигини уқдирмайди, балки жамият ва адабиётнинг ўзи учун манфаатли асарлар яратилишига шарт-шароит яратиб беради. Бу эса цензура ва мафкуравий назорат ўрнатилишига онгли тарзда тўсиқ қўйиш эҳтиёжи билан изоҳланади. АҚШнинг Санъат Миллий Жамғармаси (National Endowment for the Arts) бу йўналишдаги ягона федерал тузилма бўлиб, Европа ўлчамларига солиштирганда, бюджети ҳаминқадар. Мунтазам сиёсий босим остида иш юритади. Америкада ижодкорни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш камёб ҳодиса саналади.
Европа адабий жамғармалари давлат бюджетидан барқарор молияланади. Китоб ёзиш, таржима ишлари, “бозоргир” бўлмаган асарларни чоп этишга йўлланадиган жамғарма маблағлари ёзувчининг ижодий машғуллик жараёнидаги эркинлигини таъминлаб, унинг матн яратувчи-хизматчи эмас, балки айнан ҳур адиб эканини эътироф этади ҳамда харажатларнинг қопланиши асосий мезон сифатида кўрилмайди. АҚШда хусусий фондлар, университетлар, ҳомийлар хайриялари ва адабий совринлар асосий молия манбалари саналади. Аммо бу қўлловга эришиш ўта даражада қийин, кўпинча аллақачон танилиб бўлган ва китоблари бозоргир муаллифлар саралаб олиниб, қўлланади.
Маҳаллий адиблар қаламига мансуб асарларни бошқа тилларга таржимасини йўлга қўйиш ва бошқа тилларда яратилган китобларни маҳаллий тилларга ўгириш масаласи Европада тизимли сиёсат даражасига кўтарилган. Бу жараёнда таржимонларга муносиб қалам ҳақи тўланади, ички ва хорижий нашриётлар субсидия билан таъминланади. АҚШда эса бошқа тиллардан таржима қилинган бадиий китоблар улуши арзимас даражада кичик. Мамлакат китоб бозорида бундай асарлар атиги 1 фоизни ташкил қилади, қолган 99 фоизи эса асосан америкалик адиблар ёки бошқа инглиз-забон муаллифлар китобларидан иборат. Америкада таржима йўналишидаги давлат дастурлари йўқ ҳисобида, бу йўналиш асосан айрим ноширлар ва саноқли университетларнинг хусусий ташаббуси ҳисобига тутиб турилади. Шу тариқа, ноширлик кўлами ва даражаси, умуман олганда, юқори бўлишига қарамасдан, Америка адабиётини ўз қобиғида қолаётган маҳдуд адабиёт деб аташимиз мумкин.
Ҳар икки жамиятда ёзувчининг тутган ўрни ҳақида айтадиган бўлсак, Европада адиб эҳтиромга сазовор ижтимоий шахс деб кўрилади. Ижодкор бой-бадавлат бўлмаслиги, феъл-атвори ҳам ўзига яраша девонасифат ва чатоқ кўриниши мумкин, аммо унинг меҳнати қўллаб-қувватланади, асарлари ҳам жамият учун қадрли саналиб, эътироф этилади. АҚШда бўлса, ёзувчининг ўз манфаатини кўздан қочирмас ишбилармон бўлиши табиий қабул қилинади. Унинг учун адабиёт – асосий машғулот эмас, балки машғулотларининг бир бўлаги, холос.
Бир сўз билан айтганда, Европада адабиётнинг турли кўриниш ва бўёқларда бардавом бўлиши ҳар тарафлама қўллаб-қувватланади. Америкада эса чўнтакдан пул чиқаришга бировни ишонтира олсагина, яъни бозоргирлик сифати аён бўлсагина, адабиётга кўмак кўрсатилади. Бу ҳар икки ёндашув юксак асарлар таваллудига ҳисса қўшиши мумкин, аммо бу асарлар моҳияти ва уларни яратган адиблар ҳам ҳар икки қитъада ўзаро кескин фарқланади.
Шарифжон АҲМАД,
Ёзувчи, таржимон
Тарих
Адабиёт
Жараён
Фалсафа
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ