Устозимиз Абдулла Ориф бир гурунгида: “Миллат, бир қарасанг бобога ўхшайди, бир қарасанг ёш болага ўхшайди. Шунинг учун уни светофордан ўтаётганда, эҳтиёт бўлиб ўтказиб қўйиш керак. Бўмасам, мошин уриб кетиши мумкин”, – деганди ҳазил аралаштириб.
Фаросат билан қарасангиз, бизнинг чекимизга тушган ХХI асрнинг қалтис, чалғитувчи светофорлари кўп экан. Улар ҳар қадамда, ҳар хил шаклда учрайди. Бу светофорларнинг баъзида қизил ва яшил чироқлари баравар ёниб қоладими-ей, баъзида сариқдан бошқа чироқ ёнмай тураверадимией, хуллас чалғитувчи ҳолатлар кўп.
Хўш, Абдулла Ориф рамзий маънода айтган светофордан миллатни кимлар ўтказиб қўйиши керак? Биринчи навбатда бу ишга зиёлилар, сўнг давлат ва жамоат арбоблари, дин пешволари масъулдирлар.
Биз қаламга тортган мавзу янги аср туққан муаммо эмас, балки неча-неча юз йилликлардан бери келаётган, ҳали светофор деган йўлкўрсаткич ҳақида тасаввур ҳам бўлмаган замонларда пайдо бўлиб, миллатни домига тортган, бизнинг асримизга келиб янада “гуркираб” кетган муаммодир. Шунинг учун уни эскидан эски, янгидан янги муаммо десак хато бўлмайди. Зеро, бу масала аллақачон янги юзйилликнинг қалтис светофорларидан бирига айланиб улгурди.
Бу пойгада ҳаммамиз от чоптириб кўрганмиз
Ўзбек жадидлари раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бизни кемиргувчи иллатлар” номли мақоласи ёзилганига бу йил 110 йилдан ошди. Бу мақолада маърифатпарвар бобомиз тўй ва маъракалардаги миллатни таназзулга элтадиган иллатлар ҳақида бонг урган эди. Лекин ўтган 110 йил ичида биз бу борада ортга чекинмадик, тўхтовсиз пойгалар гирдобига тушиб қолиб, фақат ва фақат “олдинга кетдик”, бу олатасир кимўзарда ҳаммамиз чемпионликни иддао қилиб, “кам бўлмадик”, гарчи баъзиларимизнинг орқамиз очилиб қолса ҳам.
Ҳа, бу масалада ҳеч биримиз, мен чеккада эдим, деб мақтанолмаймиз, чунки, ҳар биримиз бу пойгада от чоптириб кўрганмиз. Ҳатто баъзиларимиз эгнимиздаги ёқаси идраган кўйлагимизни алмаштирмасак-да, ултони емирилган пойабзалимизни янгиламасак-да, “ўнта қўй нима бўлади, олти юз шиша ароқ нима бўлади” дея дастурхонни дарё қилиб тўй қилганмиз.
Яқинда бир йиғилишда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов тўй ва маъракаларимиздаги дабдабозликлар ва исрофгарчиликлар ҳақида куйиниб гапириб, муҳим бир маълумотни қистириб ўтди: “Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, 2024 йилда одамларимиз тўйхоналарда бўлган тўйлар учун жами 30 триллион сўмдан кўп маблағ сарфлашган. Тўй кортежлари, қуда чақириқ каби бошқа қатор тадбирларнинг харажатлари бунга кирмайди”.
Албатта, ҳаммани тўйга етказсин! Тўй тинчлик, фаровонлик белгиси. Дўсту ёрлар, жигарларнинг қизғин дийдорлашув куни, араз-гиналар унутиладиган кун. Ўзбек борки, фарзандларимнинг тўйларига етказсин, деган эзгу ният билан яшайди. Бу яхши. Лекин кўпчиган дабдабалар ва асъасалар, ахмоқона исрофгарчиликлар ва топганини бир кунда шамолга совуриш каби иллатлар миллат тараққиётига салбий таъсир этмасдан қолмайди. “Салбий таъсир” деб китобий гап қилмайлик, аслида бу миллатнинг оёғидан тортиб, чоҳга судрайдиган иллатдир.
Ҳою ҳаваслар ва дабдабаларни ишлаб чиқишда дунёда бизга етадигани йўқ, бу ишда ҳар биримиз “қудратли” бир фабрикага айланамиз. Ҳар тўйга, ҳар маъракага бир янгилик қўшмасак кўнглимиз тинчимайди. Бундай пайтларда отини тўғри ёзолмайдиган гўлвойларимиз ҳам бирдан кашшоф бўлиб кетадилар.
Бир кунлик тўй ва тўрт йиллик таълим
Майли, ҳалибери ҳою ҳаваслардан тийилишга кўзимиз етмаса, ҳеч бўлмаганда, юқорида айтиб ўтилган триллион-триллион маблағнинг эллик фоизини болаларимизнинг илм ўрганишига, фанга қизиқишларига, маърифатли бўлишига сарф қилайлик. Шунда ҳам кўп нарса ютамиз. Ота-она учун энг катта тўй фарзанд камоли эмасми, ўғли ва қизининг олий маълумотли бўлиши, олим бўлиши, эл кўргудай оқил инсон бўлиб етилиши эмасми? Албатта, бир кунлик тўй, қанчалик дабдабали бўлса ҳам, барибир бу натижани беролмайди. Аксинча, тўю маъракалардан орттириб, фарзандларни ҳаётга тайёрлаш, илм-фанга тайёрлаш, тарбиялаш учун йиллар давомида қилинган харажатлар ва ҳаракатлар беради бу натижани.
Баъзан дабдабали битта тўйнинг пули талабанинг университетдаги тўрт йиллик контракт пулидан ошиб кетади. Ахир дунёни кафтдагидай кўриб турибмиз-ку, ҳаётни фақат илм-фан, тафаккур ўзгартирар экан. Илм ривожланмаган жойларнинг одамлари ҳамон омочини судраб юргани ҳам аён.
Ҳашаматли ресторанларда минглаб одамлар йиғилиб, ўтказиладиган катта-катта тўйлар билан миллат болаларининг қаддини кўтариб бўлмайди (гарчи бу тўйлар шу болалар учун қилинаётган бўлса ҳам). Улар аллақандай кўлмак давраларнинг хизматчисига айланиб қолмаслиги учун, қайлардадир мардикор бўлиб юрмасликлари учун уларнинг танглайини адабиёт билан, манглайини илм-фан билан кўтаришимиз керак. Фарзандларимизга майда-чуйда ҳою-ҳаваслар ва ўткинчи дабдабадлар эмас, илм-фан қизиқ бўлиши керак. Уларни ўзимизга ўхшатиб, сохта ҳашаматларга ўргатиб қўйишимиз ўзимизга чоҳ қазиш билан баробар.
Энди қуйидаги маълумотларга диққат қилинг. 2024 йилда 271 776 та никоҳ қайд этилган бўлса, ажримлар сони 45 135 тага етган, шундан 28,5 фоизи 30 ёшгача бўлган шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Бир йил, икки йилга бормай “аза”га айланган 45000дан кўп тўй учун неча сандиқ пул кетган. Қолаверса, 45 135та бузилган оилани бир жойга тўплаб, уларнинг ҳолини тасаввур қилиб қилиб кўринг. Қанча ғурбат, қанча мусибат...
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон бўйича 95,3 мингта никоҳ ҳолатлари ФҲДЁ органларида қайд этилган. Шу даврда 23 300та ажрим бўлган.
Бу маълумотларга кўра, бир ярим йил ичида 68 435та оила бузиляпти. Бу рақамга шарҳ ёзаман десангиз бир китоб бўлади. Лекин кичик бир мулоҳазани қистириб ўтиш жоиз. Бу бузилишларнинг асосий сабаби ҳаётга енгил-елпи қараш, илмсизлик, савиясизлик, фикрсизлик, қуруқ дабдаба-ю ҳашаматларга ўчлик, маънан очкўзлик каби иллатлардир.
Шу ўринда маъракалар ҳақида ҳам баъзи мулоҳазаларимни айтиб ўтсам. Қатор вилоятларимизда марҳумнинг вафот этган куни кексароқ бўлса, “тупроқ босди” маросимига жонлиқ сўйилиб, жанозага келган элга таом тортилади. Уч кундан сўнг кир ювиш маросимига яна жонлиқ сўйилади. Сўнг еттиси катта маросим сифатида ўтказилиб юзлаб одамларга таом ва ноз-неъматлар, ҳатто писта-бодомгача тортилади. Еттисидан сўнг то қирқигача ҳар ҳафта пайшанба куни камида 10-12 кг гуруч дамланиб, катта дастурхон қилиниб, ис чиқариб турилади. Сўнг қирқ маросими ҳам анча дабдабали тарзда ўтказилади. Охирида йили берилади. Энди марҳумнинг хонадонида етти-саккиз ой ичида бу маъракалар учун кетадиган ҳаражатларни ўзингиз бир чўтга ташлаб кўринг. Бу жараёнда бойу камбағални, яъни, ҳаммамизни фақат бир ўй қийнайди: “Маъракани бошқалардан кам қилсам, одамлар нима дейди? Отасининг (ё онасининг) қадрига етмади, хотирасига муносиб иш қилмади, фарзандлик бурчини бажармади дейишмайдими?”. Худди шу андиша ниқобидаги қусур кўп оворагарчиликларга сабаб бўлади. Оқибатда бой борини сочади, камбағал эса кетини очади.
Бир гал ҳайит кунида онаси қазо қилган бир биродаримизнинг уйига фотиҳага кириб ўтдик. Қайтиб чиққанимизда шу ерда турган икки-уч кишининг “Яхши иш бўлмади. Фалончи онасининг ҳайитига қўй сўйиб таом тарқатиши керак эди” деган гапини эшитдим. Ҳолбуки, қўл учида зўрға кун кўрадиган ўша “фалончи” йиллаб касал ётган онасини даволатаман деб дўхтирма-дўхтир югуриб, бор-будини сарфлаб, қарзга ўтириб, ҳам моли, ҳам жонидан айрилиб бўлганди. Бунинг устига етти, ис, қирқ каби маъракаларини ўтказган эди. Энди яна қўй сўйиб, писта-бодомли дастурхон ёйсинми? Бу кимга ва нимага керак? Шунча нарсанинг ўрнига марҳум учун бир ҳовуч фотиҳа афзал эмасми? Бу масалада муҳтарам дин пешволаримиз қаттиқ туришлари керак бўлаяпти.
Мен бу ўринда тўйлар ва маъракаларга кетаётган сарф-харажатлар, увол бўлаётган тонна-тонна нозу неъматлар, кераксиз ашқол-дашқоллару, пайдо бўлаётган янги, бетайин расму русумлар ҳақида гапириб ўтиришдан тийилдим. Чунки бу нарсаларнинг шунчаки рўйхатини берсам ҳам ўн қоғоз камлик қилади. Қолаверса, бу рўйхатни ҳаммамиз яхши биламиз, илло ҳар биримиз (шу жумладан ўзим ҳам) бу жараённинг иштирокчисимиз. Чунки, тўй ва маърака бизда катта оқимга айланиб бўлган. Бу оқимга кирдингизми, қанчалик қарши сузманг, чиқиб кетишингиз қийин бўлади. Хоҳлайсизми, хоҳламайсизми кўп кераксиз расму русумларни бажаришга мажбур бўласиз. Шунинг учун бу оқимни фақат эл бўлиб бирлашиб, тўхтатиш мумкин.
Пандемия даврида 30 кишилик тўйларни кўрдик. Баъзиларида мен ҳам қатнашдим. 30 кишилик тўй қилганларнинг бировдан кам бўлиб қолганини кўрмадик, обрўсиям тушиб кетгани йўқ. Аксинча, катта тўйга кетадиган пулга бирови келин-куёвга уй олиб берса, бирови фарзанди учун дўкон очиб берди, бирови боласини хорижда нуфузли университетда ўқитди. Шуни алоҳида айтиб ўтишим керак, мен танийдиган, ихчамгина тўйи бўлган ўша ёшлар бахтли бўлиб кетишди. Тўйи кичик бўлгани билан насибаси қисиқ бўлмади, аксинча бахти бутун бўлди.
Меъёр бузилганда...
Гап келганда, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳар жиҳатдан ибратли бир воқеани ҳавола қилиб ўтиш жоиз деб ўйладим. Бу воқеа шундай:
“Германияга ўқишга борган бир араб йигит ҳикоя қилади:
“Германия саноатлашган, ўта ривожланган давлат. У ерда турли соҳаларга оид маҳсулотларнинг энг саралари ишлаб чиқарилади. Кўпчилик, бу мамлакат аҳолиси ниҳоятда тўкин-сочин, ўта дабдабали яшайди, деб ўйлайди. Сафаримдан олдин мен ҳам шу фикрда эдим. Ҳамбург шаҳрига келиб тушганимда, у ердаги танишларим бир ресторанда зиёфат уюштиришди. Ресторанга бордик. Қарасак, ресторанда одам кам. Бир нечта ёши катта аёллар бор холос. Бир четдаги столда ёш эр-хотин ўтирибди. Олдиларида иккита тарелкада овқат ва иккита ичимликдан бошқа нарса йўқ. Биз ҳам бир столга ўтирдик. Қорнимиз очқаб кетганди. Шунга шеригим кўпроқ овқатга буюртма берди. Ресторан тинч экан, овқат ҳам тезда келди.
Овқатланиб бўлиб, туриб кетаётганимизда овқатнинг ярми тарелкада ортиб қолган эди. Ресторан эшигига етиб бормаган ҳам эдикки, кимдир бизни чақирди. Қарасак, ёши улуғ хонимлар ресторан бошлиғига нималарнидир уқтиришяпти. Билсак, бу аёллар столда кўп овқат қолдириб кетаётганимиздан норози эканлар. Шеригим: “Ўзимиз буюртма берган овқат, пулини тўлаб қўйдик, сизларга дахли бўлмаган нарсага нега аралашасизлар?!”, деди. Хонимлардан бири бизга қаттиқ ғазаб билан қараб турди-да, телефон олдига бориб кимгадир сим қоқди.
Кўп ўтмасдан, расмий кийимда бир киши кериб келди. У ўзини Ижтимоий таъминот муассасасининг зобити деб таништирди. Бизга 50 марка жарима солди. Биз жавоб қайтаролмадик. Шеригим узр сўраб 50 марка тўлади. Зобит самимий оҳангда: “Исроф бўлмаслигига кўзингиз етган таомга буюртма беринглар, пул ўзингизники, лекин ресурслар барчаники. Дунёда кўплаб одамлар ресурс, озиқ-овқат тақчиллигига дуч келмоқда, сизлар эса исроф қилаяпсизлар”, деди.
Биз роса хижолатда қолдик. Унинг гаплари ҳақ эди. Шеригим ўша жарима қоғозини суратга олиб, ҳар биримизга эсдалик сифатида биттадан нусха берди. Биз бу қоғозни увол ва исрофнинг зарарини доим эслатиб турсин деб, хонамиз деворига осиб қўйдик!
“Пул ўзингизники, лекин ресурслар барчаники!”. Aллоҳ таоло марҳамат қилган: “Еб-ичинг, (лекин) исроф қилманг! Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас!” (Аъроф, 31).
Бутун оламни, коинотни ҳам, қуёш тизимини ҳам, Ер сайёрасини ҳам мувозанатда тутиб турган ягона бир қонун бор. Бор-йўғи бир сўздан иборат бу қонун – Меъёр! Агар уларнинг ҳаракат тезлигида ё айланишида ё бошқа бир фаолиятида озгина меъёр бузилса, бутун коинотга, буюк табиатга хатар хавф солади. Ҳолбуки, жамиятда ҳам шундай. Ҳар бир оилада ҳам, ҳар бир одамнинг хатти-ҳаракатларида ҳам бу қонун устувор бўлиши керак.
Мақола бошида эслатиб ўтганимиздек, жамиятимиздаги қалтис светофорлардан бири дабдабали тўйлар ва маъракаларимиздир. Миллатнинг бу светофордан ўтишида доимий муаммолар бор. Ҳатто баъзиларни “мошин уриб кетган”и ҳам рост.
Хуллас, эл-юртимизни тўйдан айирмасин, шу билан бирга меъёрдан ҳам айирмасин.
Эшқобил ШУКУР,
“Жадид” газетаси, 2026 йил 3 апрел, 14-сон.
“Қалтис “светофор”лар” мақоласи
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ