“Биз йўқ бўламиз” – замонавий адабиётдаги инсон манзаралари


Сақлаш
17:13 / 06.01.2026 150 0

Инсон бўлишни ўргатадиган китоб

 

Ҳарпер Ли. Мазахчини ўлдириш. Тошкент, “Akademnashr”, 2025.

 

Бу роман Америка адабиётида том маънода воқеа ўлароқ баҳоланган. BBC талқинига кўра, ХХ асрда яратилган энг яхши асарлар рўйхатига киритилган. Нашр этилиши билан Пулицер мукофотига лойиқ кўрилган.

 

Ака-сингил Жин Луиза ва Жеремининг онаси вафот этган. Эллик яшар адвокат Аттикус Финч норасида болаларини ёлғиз ўзи тарбиялайди. Ака-сингилни қўшни уйдаги Артур алвасти жуда қизиқтиради – мактабда шўхлик қилгани сабаб отаси уни 17 ёшида уйга қамаб қўйган. Ким ўзи бу Артур алвасти? У ростдан ҳам мушукларни тириклай ейдими? Онасини ўлдирганми? Нега остона ҳатлаб кўчага чиқмайди? Ахир, уни қамаган ота ўлиб кетганига неча йиллар бўлган-ку?.. Аттикус уни ўз ҳолига қўйиш зарурлигини айтади: “Одамларнинг кўчага чиқмасликни ихтиёр этиш ҳуқуқи бор ва биз уни ҳурмат қилишимиз керак”.

 

Асарда Артур Редли ва Том билан боғлиқ икки сюжет линияси бор. Артур ўсмирлигида ноҳақ айблов билан уйга банди этилган ва жамиятдан юз ўгирган. Оқ танли деҳқон уйида хизмат қиладиган қора танли ногирон Том эса туҳматга учрайди: тажовузда айбланади ва ҳибсга олинади. Аттикус давлат томонидан адвокат этиб белгиланади-ю, ҳамшаҳарлар босими остида қолади. Ўзига очиқ гапира олмайдилар, лекин болаларини “аҳмоқ”нинг, “хоин”нинг боласи дея мазахлаб камситишади.

 

Ўша даврда Америкада исталган қора танли одамга эҳтимолий жиноятчи деб қаралган экан! Оқ танли кимса занжига туҳмат қилиши, у шўрлик эса адолатсиз равишда ўлимга маҳкум этилиши оддий ҳол бўлган. Қора танли бегуноҳ бўлса-да, судьялар одил қарор чиқара олмас эди. Ҳал қилувчи сўзни айтиши лозим бўлган cуд маслаҳатчилари ҳам қора танлининг айбсиз деб топилишини оқ танлини ёлғончига чиқариш деб билар ва ҳеч қачон оқлов хулосаси бермас эди. Ҳатто қонун ҳимоячилари ҳам қора танли айбдор эмаслигини билса-да, уни ўлим жазосидан сақлаб қололмас – жамоатчилик зуғуми қонундан устун эди. Америка каби қонун устувор деб билинадиган жамиятда бор-йўғи юз йил олдин ҳукм сурган бундай қабоҳатлар одамни жуда сергак торттиради.

 

Аммо Американи Америка қилиб турган бошқа нарса бор. Бу – виждонли одамларнинг жасорати, ҳақ йўлдан қайтмаслиги, адолат, тўғрилик ва ҳалоллик учун жинсу ирқ танламай курашиши. Ҳа, ҳатто ютқазишини билса ҳам курашдан чекинмаслиги! Чунки улар бугун беҳуда туюлган саъй-ҳаракатлар вақти келиб катта натижа беришига ишонади.

 

Жамиятни иллатлардан бир кунда бутунлай тозалаб бўлмайди, аммо ўзингиз яшаётган муҳитдаги янглиш фикрларни амалларингиз орқали ўзгартириб борсангиз, кун келиб жамият ҳам уйғонади. Адвокат Аттикус Финч шундай йўл тутадики, Томнинг бегуноҳлигига ҳеч кимда шубҳа қолмайди. Оқ танли оломон эса ичида ҳақиқатни тан олса ҳам, сиртига чиқаришни истамайди. Том ўлимга ҳукм қилиниши, ундан ҳам олдин оқлардан бирови келиб ўзини қамоқдаёқ тинчитиб кетишини фаҳмлаб турарди. Ахир, қонун кўпчилик тарафида бўлса, ким ҳам эшитарди фақир, ҳуқуқсиз бир қора танлининг додини?! Чорасиз қолган Том қочишга уринади. Бироқ мажруҳ, ногирон одам қандай қилиб симтўрдан ошиб ўтсин?! Шуни билатуриб, назоратчилар уни отиб ташлайди...

 

Аттикус асло чекинмайди. Унинг мақсади фақат Томни қутқариш эмас, ноҳақлик, қонунсизлик, нотенглик ҳукм сураётган жамиятни ўзгартириш ҳам эди. Озодлик, тенглик, ҳуррият – бу жозибали сўзлар давраларда баралла янграйди, аммо уларни ҳаётга жорий қилишга баъзан бир одамнинг, гоҳо жамиятларнинг кучию умри етмайди, миллионлар ҳаёти қурбон берилади. Ғоя – қироат қилиб юрмоқ учун эмас. Одамлар ҳаётий аъмолга айлантирсагина ғоялар жамиятга сингади, билъакс, ўлик гаплигича қолади. Аттикус буни амалда исботлаб беради.

 

Том ўлди, аммо уни айблаганлар шарманда бўлди. Ёвуз ниятли кимсалар туҳматни фош қилган адвокатдан ўч олмоқ учун унинг болаларини ўлдиришга уринади. Қарангки, узоқ йиллардан бери ҳеч кимсага қорасини кўрсатмаган Артур Редли болаларни асраб қолади, аблаҳни эса нариги дунёга равона қилади. Артурни ҳеч ким айбламайди – уни айблаш худди мазахчи қушни ўлдириш каби гуноҳ бўларди: ахир, у қуш фақат ва фақат бизнинг қалбимиз роҳати учун сайрайди; на табиатга, на одамга ундан бирор зиён етади. Артур жамиятнинг ана шундай аъзоси эди. Айблаш керак бўлса, бошқаларни – лоқайд, жоҳил оломонни айблаш лозим.

 

Кейинроқ Америкада қоралар ҳам оқлардек ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлди. “Мазахчини ўлдириш” асари эса мактаб дастурига киритилди. Ҳарпер Ли қаламига мансуб роман, танқидчилар тўғри таъкидлаганидек, инсонга инсон  бўлишни ўргатади.

 

Сирти хандон, ичи зиндон

 

Франсуаза Саган. Ассалом, қайғу! Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2025.

 

Икки романини ўқидиму француз адибаси Франсуаза Саган тасаввуримда жиккаккина, ёввойи хандон ва дамдўз, шу билан бирга ўйин-кулгига муккасидан кетган қиз бўлиб гавдаланди. Оила қуриб, фарзанд кўрган бўлса-да, оламшумул шуҳрат эвазига келган мўмай пулни қиморхонада бирваракайига ютқазиб шип-шийдон бўлиш, сўнг янги асар ёзиш ва олинган дўржигина қаламҳақини яна дўстлар билан сайру саёҳат, кўнгилхушликка сарфлаш ҳам Саганга хос эди. У кибор француз жамиятидаги ниҳоятда ороланган гўзаллар орасида жулдурвоқи кийимда, бўёғу тарошсиз юрган.

 

Бир қарашда шамолдек яшаган шундай аёлни доим ерга тортиб турадиган катта-катта тошлар бор эди – ботиний қайғу! Ўн етти ёшида ёзган оламшумул асарини “Ассалом, қайғу!” деб атагани ҳам бежиз эмас. Ёш, асов, хуш-хандон, отаси билан гап-гаштак, сершовқин зиёфатлардан ортмайдиган қиз ҳаётига қайғу қачон кириб келган? Бу саволнинг аксар ёшларга тегишли жиҳати бор. Негаки, биз қачон болаликни тарк этганимиз, ўсмирлик ва ёшлик чоғи маъюс тортиб қолганимиз сабабини тушуна олмай қоламиз. “Ассалом, қайғу!” ана шу саволга жавоб беради.

 

Саганнинг барча асарларида ақл-заковатли аёлларга маҳлиёлик сезилади. Ёзувчи уларнинг бой закоси ва теран қалб дунёсига мафтун; мен ҳеч қачон бундай бўлолмайман деб билади, улар қаршисида ўзини ожизу нотавон сезади. Шу важдан, яъни ҳаётда истаганидек бўлолмагани учун ўзини ёмон кўради.

Одамда ўзидан қониқмаслик ўсмирлигида пайдо бўлади ва бу ҳис уни умрбод тарк этмайди. Бу кайфият гоҳида инсон руҳиятини издан чиқариши мумкин. Саганнинг қаҳрамони ўн етти яшар Сесил курашиб ўтирмайди, шунчаки ўзидан нафратланишга кўниб қўяқолади. Буни унутмоқ учун эса ҳар тун отаси билан сархуш давраларга боради. Аммо ёмон кўриш дегани шундай махлуқки, ҳеч ерда озод нафас олишга қўймайди, кўнглингиз, асабингизни итдай тирнайверади. Ана шу нуқтадан – инсон ўзини таҳлил қилишга киришган ондан қайғу бошланади.

 

Сесил отасининг Анна исмли маҳбубасини ҳам яхши кўради, ҳам ундан нафратланади. Анна – ўта баланд ички эҳтирос, тарбия, ахлоқ ва интеллектга эга аёл. Сесил ва отаси эса бугунни ҳузур-ҳаловатда ўтказмоқ учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган икки қайқибош. Отанинг аёллар билан муносабати ҳам жиддий эмас, шунчаки ишқ ўйини. Сесил ҳам ҳаётга худди отаси каби қарайди. Бироқ қирққа кириб ҳам бировни тузук-қуруқ севмаган Анна бошқача кўради ҳаётни. У учун муҳаббат – жиддий масала; ҳаётни ишонч, севги, садоқат устига қуриш ва уларни мудом тўғри парваришлаш керак, деб ҳисоблайди. Кўнгил қўйган одамига ишонишни ҳаётга эътимод қўйиш деб билади. Аммо Аннанинг қатъий принциплари Сесил ва отасига даққи бўлиб туюлади.

 

Анна ота-боланинг турмушини рисоладагидек қилмоқ учун курашга бел боғлайди. Сесилни университетга киришга ундайди. Янада муҳими, севги ниҳоятда қадрли туйғу эканини ҳис этишини истайди. Қиз эса буни мағлубият деб қабул қилади – худдики ҳаёти таомилдагидек бўлмагани важидан кимдир уни турткилаяпти, изза қиляпти. Сесил Аннадан халос бўлиш мақсадида отасининг эски маъшуқаси билан иттифоқ тузади. Аммо шунда ҳам муроди ҳосил бўлмайди: энди оқила Анна олдида ўзини ожиз ҳис қилиш туйғусига айбдорлик туйғуси ҳам қўшилади. Сесил энди тинмай ўзини тафтиш қилар, айблар, аввалги қувноқлиги қайгадир йўқолган эди. Аннага бўлган нафрати янада ортади. Қалбига бир умрлик қутқуни, доим ўзини ўзи сарҳисоб этиб, койиб, азоблашдек қайғуни солди, ахир. Энди ўсмир қизга ишқ ўйинлари, сармаст юришлар ҳам лаззат бермай қўяди. Юраги абадий азобга мустаҳиқ!..

 

Ахир, Сесил отаси каби эртаю кеч қовоқхонада умр ўтказса, ҳеч нарсани ўйламай яшаса бўларди-ку?! Аммо ҳаётида бир закий аёлнинг пайдо бўлиши уни ўша ҳаловатдан маҳрум этди. Энди унинг бутун ҳаёти қайғуга ҳамнафас ўтади. Шу тариқа китобхон билиб оладики, изтиробларнинг манбаи – ўз-ўзини таҳлил қилиш экан.

 

Дарвоқе, Аннанинг тақдири қандай кечади? Жондан севган одамини эски жазмани билан кўргач, ўзини ўзи ҳалок этади. Чунки бу олийжаноб қалбда энди на ҳаёт, на севги, на одамзодга ишонч қолган эди. Ҳа, у ҳам бошқалар каби ишонч ва севгидан маҳрум ҳолда яшаши мумкин эди. Лекин бундай қилса, ўзи ҳазар қиладиган тоифа – Сесил, отаси, дўстлари ва дунёдаги мутлақ кўпчиликнинг даражасига тушган бўларди.

 

Бу ҳол айб эмасдир-у, аммо чинакам фожиа-да! Меҳр кўрмаган, ҳаётини изга солишга иродаси етмаган, кейин барига қўл силтаб, маишатга муккасидан кетган, ҳамма нарсани ўйинга айлантирган эътиқодсизлар фожиаси! Ўша бахтсизларнинг қалбида ҳам Аннаники каби улкан олийжаноблик бўлади, фақат уни ҳеч ким парваришламайди, ҳатто илғамайди ва ҳеч ким уларга чинакам муҳаббатни раво кўрмайди. Пировардида улар ҳам бошқаларни чинакам самимият, муҳаббат ва муносабатга арзитмай қўяди.

 

Анна олий қадриятларга суяниб яшади. Қадриятлар кўпчилик учун аҳамиятсиз эканини тушуниб етганида эса ҳаёт билан видолашди. Аёл ўз изтиробининг энг олий нуқтасида ҳалок бўлди, Сесил каби бутун умр сирти хандон, ичи зиндон бўлиб яшаш аламидан қутулди.

 

Мангуликнинг муваққат устунлари

 

Шаҳзод Шомансуров. Кунгабоқар. Тошкент, 2024.

 

Шаҳзод Шомансуровнинг “Кунгабоқар” тўпламидан ўрин олган “Француз бульдоги” ҳикояси баҳона постструктрал таҳлил, метамодерн ҳақида гаплашсак. Постструктурализм – структурализмнинг давоми ва инкор этувчисидир. Структурализм швейцариялик олим Фердинанд де Соссюрнинг лингвистик қарашларидан ибтидо олган. Унга кўра, тил – структуралар тизими, структура эса ҳар доим бирнинг иккинчиси бўлишини талаб қилади. Дейлик, “С” товуши илоннинг ҳаракатига тақлидан, ундан эса “сой” сўзи пайдо бўлган, чунки сув тўғри чизиқ бўйлаб эмас, илонизи бўлиб оқади. “Й” эса маълум нарсанинг аксини ифода этади. Сой – ўзида акслантириш хоссасига эга ва илонизи бўлиб оқадиган бирон модданинг рамзи; ўз-ўзидан у миямизда рамз белгисига айланади. Онгимизга таъсир ўтказадиган ҳам ўша белги ортидаги структурадир (ойна, ой сўзлари ҳам акслантиришни ифода этади, шу маънода сойга жуда яқин). Демак, олам бу – белгилар тизими ва у қатъий структурага эга. Жамиятдаги ҳар қандай удум, мисол учун, тўй маросимлари ҳам муайян белгини ифодалайди ва у орқали жамият структурасини тасаввур қилса бўлади. Нутқнинг визуал кўриниши саналган ёзув ҳам энг катта белги экан, структурализмнинг тадқиқ объекти, шубҳасиз, адабиётдир.

 

Постструктурализм эса деконструкция концепциясига асос солган француз файласуфи Жак Дерриданинг Соссюрдан таъсирланиши ва ғояларининг кўп қисмини шубҳа остига олиши натижасида шаклланди. Деррида тил ва нутқ онг белгиси эканини тасдиқлайди, бироқ ёзув онгдаги нарса эканини инкор этади. Ёзув орқали биз доим ҳам ҳақиқатни баён этмаймиз, нутқда воқеаланадиган эмоция, оҳанг, маънони ёзув тўлиқ қамраб ололмайди. Масалан, “бор” сўзининг қандай маъно англатаётганини оғзаки нутқда буйруқ, ҳис-ҳаяжон ёки дарак оҳанги белгилайди, ёзувда, контекстдан ташқарида эса бу имконсиз.

 

Феминизм ҳам постструктрал концепциядан ўсиб чиққан. Мисол орқали тушунтирсам: Ҳолливуд суратга олган ва ўтган йили нуфузли халқаро мукофотга лойиқ деб топилган “Анора” бадиий фильми ўзбек жамоатчилиги орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Фикримча, фильмнинг моҳияти онгимиздаги ҳақиқатни парчалагани – деконструкция қилганида. Америка дунёдаги кўплаб халқлар учун “сеҳрли диёр”, у ерда дарахтдан пул ёғилади деб ишонадиган анойилар ҳам бор. Аммо “Анора” фильми бунинг мутлақо аксини кўрсатади. Америкадаги ишчи синф (иерархиянинг энг пастки қаватидаги аёл) учун ҳаёт ниҳоятда машаққатли ва шафқатсиз курашга тўла. Эртакшунос Владимир Проппга кўра, оқ отли шаҳзода йўлига кўз тиккан қизларга бағишланган барча эртаклар бош қаҳрамоннинг мурод-мақсадига етиши билан тугаши керак, чунки анъанавий структура ва архетипик тасаввур доим шундай бўлиб келган (“Оппоғой”, “Золушка”, “Соҳибжамол ва махлуқ”, “Зумрад ва Қиммат” каби). “Анора” фильмида эса сюжет анъанавий тарзда хотима топмайди. Бош қаҳрамон ҳам ана шу универсал структурага ишонарди. Корчалон йигитча уни ботқоқдан қутқаришини орзу қилади. Шунинг учун курашади, лекин якунда тешик тоғора билан қолади. Вужудга келган тавофут ҳозирга қадар шаклланган тасаввурларимизни деконструкция қилади. Американча орзу биз ўйлагандек жозибали эмас, у фақат иерархия тепасидагилар корига ярар экан, холос. Қуйи қатламда туғилган одам мўъжиза туфайли ҳам иерархиянинг тепасига чиқиши даргумон. Алқисса, кино кўз олдимизда озод, сеҳрли, мўл-кўл Америка ҳақидаги универсал (абстракт) хаёлни барбод этади. Фильмнинг деконструктив, постструктурал моҳияти ана шу.

 

Шаҳзод Шомансуровнинг “Француз бульдоги” ҳикояси жиноий тўдага хизмат қиладиган икки гўшт ташувчи, демак, иерархиянинг энг пастидаги одамлар ҳақида. Ҳикоя бошдан-оёқ чалғитиш усулига қурилган: “қанжиқ йўқолиб қолди” деган гапдан бошланади-ю, қолган тафсилотлар яширилади. Шу ўринда постструктуралистларнинг яна бир етакчиси Жан Бодрийярнинг симулякр назариясига мурожаат қилиш зарур. Симулякр – асоси йўқ, чалғитадиган ёлғондир. Бодрийяр замонавий ОАВ шунга таяниб ишлашидан ёзғирган эди. “Француз бульдоги”да ҳам ҳокими мутлақ жаноблари гўёки одамларга гўшт етказаётгандек, аслида эса, шахсий манфаат йўлида ўйин ўйнайдилар. Бундан ҳам даҳшати – музхоналарда баъзи-баъзида одам гўшти ташилади...

 

Структурализм ҳамма нарса кўринганидай экани ва олам шу тарзда мавжудлигини ёқласа, постструктурализм воқелик кўринганидай эмас деб уқтиради. Хўш, бизнинг дунёда фақат қуллар хожаларига ем бўладими ёки фарқли ҳолатлар ҳам борми? Албатта, бор. Ҳикояда бурилиш ясайдиган нуқта айнан универсал дунёнинг истисносини намоён этади.

 

Икки шерик юкмашиналарни ўғирлаш вазифасини олади ва... улар ўмарган улов ўзлари хизмат қиладиган Жанобники бўлиб чиқади! Икковлон қидурувдан қочиб, чарчоқдан ухлаб қоларкан, марваридли колбасани француз бульдоги чайнамай еб қўяди. Боз устига, кўппаклар уйдан ҳам кетиб қолади. Ҳукм тайин: калла кетади! Қаҳрамон ўлимни бўйнига олиб, Жанобникига борса, итлар тумшуғидаги қонни ялаб ётибди – кимнинг гўштини еган бўлса? Жанобга тегишли қора курсида эса... шерик! Бу ўринда қатъий қонун-қоиданинг тасодифий ўзгариши шериклардан кўра Жанобнинг ҳаётида кескин бурилиш ясайди. Яъни, обрў-эътибор, мол-давлат ҳам хавфсизлик кафолатини бермайди, у сониялардаёқ кучини йўқотиши мумкин. Биз қассоб йигит (шерик) янги хўжайин бўлишига ишонамиз, зотан, структура шуни тақозо этади. Бироқ у барчани ҳайрон қолдириб, ўзини Худо йўлига бағишламоқчи эканини эълон қилади. Қарангки, ахлоқсиздай кўринган одам юксак ахлоқни – трансцендентни қидириб юрган экан! Трансцендент – ақлдан ташқаридаги олий тартиблар ва ахлоқ, олий ғоялар дунёси борлигига ишончдир. Диний талқинга кўра, бу – Худо.

 

Постструктурализм моддий дунёдан ташқаридаги оламни инкор этади. Шу сабаб матн шаклан постструктурал бўлганига қарамай, ҳикоя якуни метамодернга хосдир. Метамодерн замонавий инсоннинг яна анъанавий ҳимоя қўрғонларига қайтишини асослаб беради. Метамодерн даврда инсон кўпроқ диндорлик, художўйлик йўлига киради, ахлоқ борасида универсал жиддийлик ҳамда қатъийликка эҳтиёж сезади. Бироқ мангу дея ҳисобланган ўша маънавий олам структуралари ҳам қачондир заиф бир тасодиф сабаб қулаши мумкин. Зеро, тириклик қонунияти шундай. Ҳатто мангулик структуралари ҳам муваққатдир.

 

Ҳикоянинг бор-йўқ маъноси шуми? Йўқ, унда биргина маъно устувор эмас, яна бошқа тақдирлар ёзуғи ҳам бор. Уни ўқиб, хулоса қилишни ўқувчига ҳавола этаман. Китобхон асарни ўқиркан, доминант маъно қидирмай, тил-тасвир гўзаллигидан завқ ололса, бадиий дидни деконструкция қилган бўлар эди.

 

Алпомиш ётган зиндонда

 

Алишер Файзуллаев. Аждар сайёраси. Тошкент, 2024.

 

Алишер Файзуллаевнинг “Бахт” ва “Тўнғич Ботир” ҳикоялари туш мотиви асосида битилган. Олам матосига – матрицага космик жисм оғирлик қилса, қора ўра пайдо бўлади. Фазода қора ўралар ҳосил бўлиши, юлдуз яшаб-умрини тугатиб қулашига миллион йил кетгани каби, “Аждар сайёраси” ҳам ижодкор қалбида узоқ вақт мобайнида пишиб етилган. Ҳар бир жумла узоқ фурсат ҳиссий яшалгандан сўнг тафаккур қатламига ўтиб мифологик образлар воситасида қайта тирилтирилган. Бу замонавий миф тушда ё олис ўтмишда эмас, ёнгинамизда – Қатортол даҳасида содир бўлади.

 

Дарвоқе, нега гапни қора ўрадан бошладим? Чунки Аждар сайёраси айнан қора ўрада қарор топган. Ўра ва тупроқ мотиви, 40 йил одам нигоҳи тушмаган илоннинг аждарга айланиши ҳодисаси муаллифга замонавий миф ёзишга илҳом берган. Алишер Файзуллаев вақт ўтиб иккинчи ҳикояни ёзишга эҳтиёж сезади. Унда ўзбек мифологик дунёсини замонавий инсон қалбида тирилтириб кўрмоқчи бўлади. Алпомишга тупроқ едиради, илонга эврилтиради. “Биз миллат сифатида худди Алпомиш ётган зиндондамиз, ҳали ундан чиқолмадик”, деди яқинда фольклоршунос олим, устоз Шомирза Турдимов. А.Файзуллаев эса уч-тўрт йил олдин ёзган “Аждар сайёраси 2” номли ҳикоясида Алпомишнинг зиндондаги ҳолатини бадиий қайта ишлаб, замонавий ҳикояга айлантирган эди.

 

Алпомиш ўз қудуғида (зиндони) чуқур қаза-қаза илонга эврилади, аммо ўрадан чиқолмайди... Муаллиф ўзию замондошларини чоҳда ётган деб билади ва минг уриниб-чираниб ундан чиқолмаётган инсон қалбидаги ўша кучаниш, интилиш, умидсизлигу сўнгсиз курашларнинг бадиий солномасини яратади. Ҳикоя ўзбек халқи онгу шуурида минг йиллар давомида яшаб келган алп ҳақидаги хотиранинг янги талқини асосига қурилган.

 

Тинч уруш қурбонлари

 

Темур Пўлатов, Шерзод Комил Халил. Одам Атонинг сўнгги авлоди. “Шарқ юлдузи”, 2024 йил 12-сон.

 

Назаримда, мазкур асар 2024 йилда эълон қилинган қиссалар ичида энг яхшиси. Аввало, асар учун танланган мавзу оригиналдир. Шерзод Комил Халил 2014 йилда “Биз йўқ бўламиз” деган ҳикояси билан ёзувчи ўлароқ эътироф топди. Ўзбек адабиётида тил, услуб борасида ўзига хос изланишлар бор-у, аммо оҳорли мавзуни деярли учратмай қўйдик. Айниқса, реалистик асарларда. Мазкур бўшлиқни ўша асар бир қадар тўлдирди.

 

“Биз йўқ бўламиз” ҳикояси Россия шимолида яшайдиган бир сиқимгина керек халқи ҳақида. Севги изтироби орасида бир элатнинг йўқолиб кетишидек фожеий тақдирга дуч келиб, нимага куюнишни билмай қоласиз: қай бири чўнгроқ – абадий жудоликка маҳкум йигит-қиз ғуссасими ё яқин ўн йилларда элининг йўқ бўлиб кетишидан изтироб чекаётган керек отанинг қайғусими? Ҳозир бутун дунё эътибори уруш мавзусига қадалган. Аммо “тинч уруш”да қирилиб кетаётган халқлар ҳақида деярли гапирилмайди. Чунки бунга ўша қавмларни идора этаётган ҳукуматлар йўл бермайди. Бу дарддан четдагилар сўз очиб, уларнинг қайғусига чорасиз шерик бўлади.

 

“Одам Атонинг сўнгги авлоди” қиссаси Шимолнинг яна бир йўқолиб кетаётган халқи – ижорлар тўғрисида. Кереклардан фарқли ўлароқ, ижорларнинг барҳаёт қолишига ҳали умид бор: минг йиллик “Калевала” эпоси ёзиб олинса, бу халқ ҳақидаги хотира ҳам сўнмайди. Ижорлар қишлоғидан Ленинградга борган талаба жон-жаҳди билан асарни ёзиб олиш ва тадқиқ қилишга уринади. Афсус! Илмий доиралар кичик этноснинг катта эпосига қиё боқмайди. Аммо қаҳрамон аҳдидан қайтмайди. Қишлоқдаги энг кекса, энг зеҳни ўткир кампирдан достонни ёзиб олмоққа тутинади, чоп эттирмоқчи бўлади – йўқлик сари кетаётган халқ олдида қилиши мумкин бўлган бирдан-бир хизмати шу. Таассуфки, эпос чоп этилган, уни илмий ўрганиш бошланган кунларни кўриш қаҳрамонга насиб этмайди. Шўро даврида тинимсиз заҳарланавериб, ўлик сувга айланган денгизда ижорларнинг келажагини – болакайни қутқараман деб ҳалок бўлади. Кереклар умид кўзларини йигит ва қиз никоҳидан туғиладиган фарзандларга, ижорлар эса қишлоқда қолган ягона бола – Антерга тиккан. Қолганлар қишлоқни тарк этиб, аллақачон бошқа элатларга қоришиб кетган...

 

Ижория мифологияси билан боғлиқ воқеалар тасвири туфайли ҳеч қачон бормаганингиз Никола қишлоғини севиб қоласиз. Темирйўл ўтказиш баҳонасида табиат вайрон қилинганини кўриб қишлоқ аҳлига қўшилиб йиғлайсиз. Завод барпо этиб, чиқиндисини денгизга отганлар, балиқларни қириб, эл ризқини кесганлардан ғазабингиз тошади... Қирғинбаротдан кўзланган ғаразли мақсад аниқ – одамлар ўз ихтиёри билан бу заминни тарк этсин. Бир вақтлар худо суйган жойни худо урган жойга айлантирган қизил тузум!..

 

Қиссадан олган ҳиссам шу: эҳтимол, ижорлар йўқолиб кетар, аммо бу

халқнинг дарду изтироби башарият қалбида, онгу шуурида мангу қолади.

 

Тилланисо НУРЁҒДИ

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.

“Бир умрлик қайғу” мутолааси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

16:02 / 05.02.2026 0 30
Ҳукмронликнинг янги шакли





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30790
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//