Мазкур мақола мияни бироз қийнаши мумкин. Тан олиш керак, материал йиғиш давомида ўзимда ҳам кўп иккиланиш бўлди, чунки 20-асрнинг дунё миқёсидаги энг катта назарияларидан бирини бир-иккита гап билан тушуниш осон эмас экан, инчунин тушунтириш ҳам. Аммо уриниб кўрамиз. Мақолада Шаҳзод Шомансуровнинг «Француз бульдоги» ҳикояси асосида пост-структурал таҳлил мезонлари ҳақида сўз юритиш мақсад қилинган, аммо, фақат шу ҳикоя билан чекланмай, бошқа замонавий санъат намуналарига ҳам мурожаат қиламиз.
Пост-структурал таҳлилга киришиш учун аввало структурализмга тўхталиб ўтишга эҳтиёжимиз бор. Зеро, постструктурализм унинг давоми ва ўз навбатида инкор этувчиси бўлиб майдонга чиқди. Фердинанд Соссюрга кўра тил бу – структуралар тизимидир. Структурада доим бир нарса иккинчиси бўлишини талаб қилади. Масалан, ўзбек тилида гап тузиш учун эга, аниқловчи, тўлдирувчи, ҳол, кесим каби кетма-кетликдан фойдаланиш – тил структурасидир, Бу ҳатто, сўзлар, фонемаларда ҳам бор. Айнан структурализм туфайли бугунги кунда сўзларнинг қандай келиб чиққани, тўғрироғи, товушларнинг қандай тақлиддан пайдо бўлиб, маълум структура – яъни белгига айлангани кўп таҳлил қилинади. Мисол учун, «S» товуши илоннинг ҳаракатига тақлидан пайдо бўлган, ундан эса сой сўзи. Чунки оқаётган сув тўғри чизиқ каби эмас, илонизи бўлиб оқади. «Y» эса маълум нарсанинг аксини ифода этган. Шундай экан «сой» акслантириш хоссасига эга, илон изи бўлиб оқадиган ниманингдир рамзи. Ўз-ўзидан у миямизда рамз белгисига айланади (сой сўзи). Аммо келиб чиқиши, мавжуд бўлишига кўра қатъий структурага эга. Ва онгимизга таъсир ўтказувчи ҳам айнан мана шу белги орқасидаги структурадир. (ойна, ой сўзлари ҳам акслантиришни ифода этади, шу маънода сойга жуда яқин.) Бундан келиб чиқадики, олам бу – белгилар тизими ва у қатъий структурага эга. Масалан, Тошкент кўчасига илинган «cоcа-cоlа» реклама баннери ҳам белги. Унинг ортида оддий ишчи синфининг ҳордиғи ётади. Бу белги орқали ўрта синф капиталистларга катта бойлик олиб келадиган меҳнатда бандлиги, аммо ўзи доимий ишчи синфи бўлиб қолиши, рекламада онг остига сингдирилаётгани каби ҳамма бир хил ҳордиқ чиқариши ва шу сабаб деярли ўйламасликка маҳкум қилинганининг рамзи ётади, менимча. Бу эса жамият ё ишчи синфининг умр формуласи ёки структурасидир. Биз ўтган мақолада архетиплар ҳам шундай ўзгармас руҳий структуралар эканини айтгандик (Архетип назариясининг пайдо бўлишига ҳам айнан структурализм туртки берган). Жамиятдаги ҳар қандай удум, мисол учун, тўй маросимимиз ҳам белги ва у орқали бемалол жамият структураси ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин. Ҳамма нарса белги бўларкан, демакки, нутқнинг визуал кўриниши – ёзув энг катта белгидир. Ва сўздаги ҳар бир белги, шакл ўз навбатида ниманингдир рамзи. Энг катта белги ёзув бўлса, структурализмнинг энг катта тадқиқ объекти, шубҳасиз, адабиёт бўлади. Онг белгиси – тил, тил белгиси – нутқ, нутқники – сўз, сўз эса адабиётни яратади. Адабий матнлар бизга ҳам руҳий (архетиплар мисолида кўрдик), ҳам фалсафий, ҳам ижтимоий структуралар ҳақида хабар беради. Демак, бугун бир ҳикоя мисолида фалсафий (ёки трансдент) ва ижтимоий констуруктларни таҳлилга тортамиз. Аммо ундан олдин пост-структурал таҳлил ҳақида «гаплашамиз».
Пост-структурал йўналиш структурализмдан бироз фарқ қилади. У худди Юнг Фрейд ғояларидан қаттиқ таъсирланганига қарамай, айрим қарашларини мутлақ инкор этиши натижасида онг ости архетипларини белгилагани каби, Дерриданинг Соссюрдан таъсирланиб, ўз навбатида бу ғояларнинг кўп қисмини шубҳа остига олишидан пайдо бўлди. Деррида тил ва нутқ – онг белгиси эканига қўшилади, бироқ, ёзув айнан онгдаги нарсалигини инкор этади. Ёзув орқали биз доим ҳам ҳақиқатни баён этмаймиз ёки нутқда чиқадиган ҳис, оҳанг, маънолиликни ёзув тўлиқ қамраб олмайди. «БОР» – шу сўзнинг қандай ва нима маъно англатаётганини нутқдаги буйруқ ёки ҳис-ҳаяжон, дарак каби оҳанг белгилайди. Ёзувда эса бу имконсиз (тиниш белгиси қўйилмаса). Яъни ёзувнинг ўзи онгнинг ёки нутқнинг айнан инъикоси, тўппа-тўғри маъноси ё ҳақиқати бўлолмайди. Келинг, энди буни бошқа нарсаларга – жамият структураларига нисбатан татбиқ этамиз.
Структуралистлардан бири антрополог Леви-Стросс қадимги халқлар турмуш тарзини ўрганган ва маълум структура ишлаб чиққанди. Дейлик, матриархат давридан бери иерархиянинг бош қисмида эркак туради ва инсон деганда ҳам эркак тушунилади, аввало. Бу қадимги халқлар ва замонавий жамиятлар яшаб келаётган жамият структураси. Аммо бу ҳол доим ҳақиқатми ёки ҳақиқат бўлган тақдирда ҳам шундай қолавериши тўғрими? Пост-структуралистлар биринчи навбатда бунинг ҳақиқат эмаслигини шубҳага олади. Бизнинг жамият ҳам қанчалик патриархал бўлмасин, унда аёллар ҳукмронлик қилган даврлар бўлган. «Қирққиз» эпоси, Тўмарис ҳақидаги ривоятни ёки Нодирабегим ҳокимиятни бошқарган даврларни истисно қилолмаймиз. Улар универсал ҳақиқат деб келинган («доимий патриархал жамият бўлганмиз») фикрни сўроқ остида қолдиради. Яъни универсал ҳақиқатнинг тафовутлари чиқиб келади. Патриархал жамият структурализм учун ўзгармаслик, универсаллик бўлса, пост-структурализм энди уни шубҳага олади. У универсаллик эмас, тафовутлар ҳақида гапиради ва кўз олдимизда оламнинг универсал, ҳақиқий ё ўзгармас деб ўйланган қиёфасини бузади. Ва бу бузишни деконструкция орқали амалга оширади. Деконстурукциянинг ўзи конструктни бузиш демакдир. Доимий патриархал бўлиб келган жамият буёғига ҳам шундай давом этиши шартмас, бу конструктни бузиш, эркак ва аёл ўртасидаги иерархияни йўққа чиқариш мумкин. Иерархиянинг бошида на эркак, на аёл, на наботот ва табобат туриши шартмас, улар ўзаро тенгдир, дейди пост-структурализм. Структурализм эса бу иерархияни қуйидагича баҳолаганди: Иерархиянинг бошида бутун жамиятларда эркак турган. Кейин аёл, кейин балиқ ва ҳоказо.
Феминизм ҳаракати ҳам айнан пост-структурал концепциядан ўсиб чиқди. Мисолни соддалаштириш учун, кўз олдингизга бир намуна келтирсам: яқинда экранларга чиққан «Анора» фильми ўзбек аудиторияси ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Фильм нима учун мукофотларга лойиқ кўрилгани кўпчилик тушуна олмади. Фикримча, унинг энг катта моҳияти онгимиздаги ҳақиқатни парчалагани – деконструкция қилганида. Америка дунёдаги кўплаб учинчи мамлакатлар аҳолиси учун «сеҳрли диёр», у ерда дарахтдан пул ёғилади, деб ишонадиганлар бор. Аммо фильм бунинг мутлақо аксини кўрсатади. Америкадаги ишчи синф (иерархиянинг энг пастки қаватида турган аёл) учун ҳаёт ниҳоятда машаққатли, шафқатсиз рақобатга, курашга тўла. Агар кинони замонавий эртак деб олсак, афсуски, бу сафар сюжет анъанавий хотима топмайди. Эртакшунос Проппга кўра, оқ отли шаҳзодани кутувчи қиз бош қаҳрамон бўладиган барча эртаклар мурод-мақсадига етиш билан тугиши керак – чунки анъанавий структура ва архетипик тасаввур доим шундай бўлиб келган. «Оппоғой», «Кулойим», «Соҳибжамол ва махлуқ», қисман «Зумрад ва Қиммат» каби. Анора ҳам мана шу универсал структурага ишонарди. Корчалон йигитча уни ботқоғидан қутқаришини орзу қилди. Бу учун курашди, ҳатто. Якунда эса тешик тоғора билан қолди. Демак, энг пастки қатламда турган «золушка»ни энди бирор эркак қутқармайди (бу ерда тафовут вужудга келади) – бу шу пайтгача бўлган тасаввурларимизни деконстурция қилади, унинг устига американча орзу биз ўйлагандек жозибалимас, у фақат иерархия тепасидагиларгагина хизмат қиладиган руҳлантирувчи омил экан, холос. Сен ботқоқда туғилиб, иерархиянинг тепасига мўъжиза туфайли ҳам бориб қолишинг даргумон. Кино кўз олдимизда озод, сеҳрли, мўл-кўл Америка ҳақидаги универсал (абстракт) хаёлни Анора қисматида тафовутлар билан йўққа чиқаради. Мана унинг деконструктив, пост-структурал моҳияти! Энди бевосита Шаҳзод Шомансуровнинг «Француз бульдоги» ҳикоясига қайтсак, ахир тепада ёзилганларнинг барчаси мазкур ҳикоя таҳлилига ҳавола эди холос.
Диққат, спойлер! Аввало, таҳлил тушунарли бўлиши учун ҳикоя сюжети борасида спойлер қилиб кетишга мажбурман. Ҳикояда икки жиноятчи қаҳрамоннинг бири ўламан деб турган, овқат чайнаш учун ҳам оғзида тиши қолмаган француз бульдогини сотиб олади, азбаройи эгаси – кампирга раҳми келганидан, тўртта ноннинг пулига! Ҳикояда ит асосий қаҳрамон бўлмасада, бош қаҳрамонларга катта ғалва орттириши важидан марказий ўринни эгаллайди. Демак, ҳаёт тарзимизга инсонлар эмас, вақти келса, ҳайвонлар ҳам энг катта таъсирни ўтказишга қодир, бу эса ҳайвонларнинг инсондан паст турувчи ўрнини (универсал ҳақиқатни) шубҳа остига олади. Шу ернинг ўзида тафовут келиб чиқади. Ҳикояда бундай тафовутлар жуда кўп – унинг номиёқ анъанавий структурал иерархияни бузади. Асар жиноий тўдага хизмат қиладиган икки шерик ҳақида. Демак, иерархиянинг энг пастида турган одамлар ҳақида ўқийсиз бу ҳикояда ҳам. Бизни ҳайрон қолдириб, қаҳрамон гўшт ташувчи бўлиб чиқади. Нега ҳайрон қоламан? Сабаби бундай қаҳрамонга адабиётимизда биринчи марта дуч келяпман. Ҳикояда гўшт ҳақида шунақа кўп маълумот ўқийсизки, агар структуралист ва пост-структуралистлар дарғаларидан бири Ролан Бартнинг муаллиф ўлимига овоз бериб, амалга оширган таҳлилига таянсак, фақат матннинг ўзи қолса ва ҳеч қандай маъно унда устуворликка даъво қилмаса, бу гўшт ҳақидаги маълумот, деган хаёлга борасиз. Ҳикояда лаҳм, сур, янги сўйилган, қуритилган, музлатгичда сақланган гўштлар ҳақида энциклопедик маълумотларни келтиради ва сиз ҳеч қачон гўштга шунчалик разм солмаганингизга амин бўласиз. Ровий музхонада сақланган гўштни энг бадбўй ва бадҳазм деб топади, шундай бўлсада у музхоналарда ташиладиган тонна-тонна гўштларни элтиш билан шуғулланди. Фақат шу гўштнинг ўзи ташилса қани, баъзан гўшт ва думалоқ дудланган колбасалар ичида зиравор шаклида майда майда нозик ва қимматбаҳо тошлар ташилади. Бутун гўшт ташишнинг моҳияти шу ерда очилади – гўшт шунчаки ниқоб, аслида эса авторитетларнинг бойлик манбаси бўлган тошлар муҳим. Гўшт эса божхона постидаги итларни яхшигина чалғитади. Разм солинг, ҳикоя бошдан-оёқ чалғитишга қурилган. Энди бу ерда пост-структуралистларнинг яна бир етакчиси Жан Бодриярнинг симулякор назариясига мурожаат қилиш ўринли. Симулякорлар – асл воқеликни ниқоблаб, бизни чалғитадиган, ёлғон бўрттирилган ҳодисалардир. Бодрияр замонавий ОАВнинг айни шунга қурилганидан шикоят қилганди.
Ҳикояда бутун шаҳарни бошқарувчи, бошқаларга иш берувчи ҳокими Мутлақ жаноблар ҳам аслида кўзларга парда ташлаб, гўёки ҳалол иш қилаётгандек бўлиб (одамларга гўшт етказиб), аслида ўз манфаатлари учун ўйин ўйнаб беришяпти. Бундай симулякорни кундалик ҳаётимиздаги эшак гўштлари ё одамларни сўйиб сотишдек «симулякор гўштлар» мисолида аллақачон кўриб бўлганмиз. Ёки гўштга алоқаси йўқ, аммо мотив ҳикоядаги гўшт мотиви билан айнан бўлган симуляциялар ҳаётимиз ва жамиятимизнинг асосини ташкил этмайдими?! Структурализм ҳамма нарса кўринганидай экани ва олам шу тарзда мавжудлигини ёқласа, постструктурализм ҳамма нарса кўринганидай эмаслигини бизга кўрсатади. Ўз навбатида мазкур ҳикоя ҳам. Асарда бундан ҳам даҳшатли симулякор бор – музхоналарда баъзи-баъзида одам гўшти ташиб турилади. Хўжайинларга маъқул бўлмаган хизматчилар ва душманлар сўйилиб, итларга ташланади. Бу биз кўраётган дунёнинг иерархиялашган ҳақиқати. Шундай экан, биз кўрган дунёда фақат қуллар хўжаларига «ем» бўладими ёки итлар одам гўштини егани каби тафовутли ҳолатлар ҳам борми? Албатта бор. Ҳикояда бурилиш ясайдиган нуқта айнан универсал дунёнинг истисносини кўрсатади. Икки шерик галдаги хизмат сафарида гўшт ташишмас, балки музхонали юк машиналарни ўғирлаш вазифасини олишади. Улар хўжайин нима деса шуни қиладиган одамлар, буйруқ биринчи хўжайиндан келган деб ўйлаб сўзсиз амрга бўйсунишади. Тўғри, бу хатарли иш, ўлиб ҳам кетиш мумкин, ахир бошқа бир авторитетнинг қимматбаҳо тошларини ўғирлаш керак, шубҳасиз, улар яхши ҳимоя қилинади қўриқчилар томонидан. Аммо буйруққа бўйсунмаслик бажармасликданда хатарли. Биз хавфсизлик истаб доимо универсалга томон ошиқамиз, ахир раҳбарларимиз буйруғига бўйсунишимиз бу ҳаммамиз учун универсал ҳол. Бу ишимизни, даромадимизни хавфдан асрайди. Кульминация шундаки, улар ўмарган юк машинаси айнан ўзлари хизмат қиладиган Жанобники бўлиб чиқади, тақдирни кўринг! Энди шериклар қидирувда, Жаноб териларига сомон тиқади топса. Аммо балки кечирим сўрашса, ҳаммаси ювилиб кетар. Улар ҳам шу умидда эдилар. Ровий «тошли» колбасани асраш мақсадида уйига олиб келади ва қаттиқ чарчоқдан кейин уйқуни ураркан, колбасини тишсиз француз бульдоги чайнамай ва ямламай ютарди. Мана шу ерда воқелик қаҳрамонлар учун ҳам, биз учун ҳам чаппа айланади. Сирасини айтганда, дунё чаппа айланади. Энди пост-структуралга қайтайлик. Пост-структурал айнан универсалга қарши чиқади, дунёнинг «чаппа» айланиш ҳолатлари бор экан, универсал тарз бўлиши мумкин эмас, дейди. Масалан, оила. Яхши ният билан турмуш қурилади, оила бахт ва ҳимоя, елкадошлик маскани деб билинади, лекин тенгма-тенг ярим ҳолатда бу ўзи оқламайди. Шунда оиланинг бахт структураси сифатида ҳақиқат ёки абсолютлиги универсалми? Албатта, йўқ. Шу каби қаҳрамонлар ҳам ўша тошларни ўмариб, ҳаётини яхшилашни исташганди, хавфсизлик ва ҳимояга қочганди. Аммо мутлақ тескари – тафовутли ҳолатга дуч келишди.
Ит колбасани егани майли, урчиш мавсуми бўлгани учун кўппакларга илиқиб, уйдан ҳам кетиб қолади. Ана энди томошани кўринг! Бутун шаҳарни шалоқ аравада кезган ровий уни тополмайди, демак, ҳукм тайин. Шерикларнинг калласи кетади. Ит қидириб чарчаган элтаримиз охир ўлимолди шеригини ташлаб қўймаслик учун уникига боради – бирга Жанобникига боришмоқчи, ўлимни бўйнига олишмоқчи эди. Аммо шерик уйда йўқ, телефонга ҳам жавоб бермайди. Нохушликнинг ҳидини олиб, бўйинни довга тикиб, тикка Жанобникига йўл солади у. Ичида аллақачон шериги Жанобнинг итларига ем бўлган, деган ҳадик. Ўзи ҳам ич-ичдан ҳаёт билан видолашиб боряпти.
Борса, Жанобникида кимса йўқ, итлар тумшуғидаги қонни ялаб, оёқ сармаб ётибди. Жаноб ўтирадиган қора курсида кимдир ястанган. Итлар кимнинг гўштини еб қорин қаппайтирди экан? Тахмин қилганингиздек, шерик аллақачон асфаласофилинга равона бўлган. Универсал олам структурасида шундай бўлиши керак эди. Ахир қачон кичик бир қул бутун бошли хўжайин ва хўжайиннинг тизимига қарши чиқа оларди? Аммо ҳикоя бунинг аксини исботлайди. Ўша ястаниб ўтирган Шерик эди ва у ит қувиб юрган оғайнисини кутаётганди. Оғайниси келишини биларди. (Қаранг, биз ҳикояни Мутлақ пост-структурал, деб айтолмаймиз, сабаби ҳали дўстликка ишонч, ёмон кунда ёлғиз қўймасликка диёнат бор ва туйғулар трансдентдир) Йигитнинг юраги ёрилай дейди. Қандай қилиб битта ўзи қўриқчилардан ўтиб, хўжайинни сўйиб итларга ем қилди, бутун бошли қўриқчилардан ўтиб а?! Эътибор берсак, бу ўринда таҳлика, қатъий-қонун қоиданинг кутилмаган тасодифий ўзгариши шериклардан кўра Жанобнинг ҳаётида кескин ўзгариш ясади. Яъни авторитет, мол-давлат ҳам хавфсизлик ҳимояси эмас, у сониялардаёқ ўзгаради. Деррида универсал деб билинадиган олам модели ва қоидаларини метафизика номи остига бирлаштиради. Бу маънодаги метафизикага кўра ҳокимият тепасида насл-насаб ё пули бўлган эркак ёки «ота» ҳукмронлик қилиши керак. Лекин бу доим ҳам шундайми? Энг пастки иерархиядаги ва деярли насаби номаълум кимса хўжайинни итларга ем қилдику, энди иерархиянинг тепасига у келмайдими? Бу ерда яна тафовут пайдо бўлади. Универсал, ҳақиқий кўринган ҳамма нарсанинг муваққатлиги очилади. Метафизика тарафдорлари ҳар қандай тафовут идентитетдан (ўзликдан) келиб чиқади деса, пост-структурализм идентитет тафовутдан келиб чиқади, дейди. Биз ҳаммамиз қассоб йигит янги хўжайин бўлишига ишонамиз. Структурага кўра шундай бўлиши жўяли. Бироқ барчамизни ҳайрон қолдириб, у ўзини энди худо йўлига бағишламоқчи эканини эълон қилади, шу билан кўздан буткул ғойиб бўлади. Мана шу кутилманинг кутилмаган тафовутидан «қассоб»нинг ҳақиқий идентитети келиб чиқади. Ахлоқсиздай кўринган одам ич-ичидан заха етмас ахлоқни – трансдентни қидириб юрган бўлади, аслида. Трансдент – ақлдан ташқаридаги олий тартиблар ва ахлоқ, олий ғоялар дунёси борлигига ишончдир. Диний ракурсдан айтганда, бу – худо. Моддиятдан ташқаридаги маънавий олам. Пост-структурализм моддий дунёдан ташқаридаги оламни инкор этади. Шу сабаб ҳикоянинг мазкур ўрнида қаҳрамоннинг тафовут орқали асл идентитети очилгани, матн шаклан пост-структурал бўлганига қарамасдан, мазмун ҳикоя якуни метамодернга тегишлидир. Метамодерн замонавий инсоннинг яна анъанавий ҳимоя қўрғонларига қайтишини тушунтириб беради. Метамодерн замонда инсон кўпроқ диндорлашади ва ахлоқ борасида ўша универсал жиддийлик ва қатъийликка эҳтиёж сезади. Бироқ мана шу мангу деб билинган маънавий олам структуралари ҳам қачондир заиф бир тасодифийлик туфайли қулаб тушиши мумкин. Зеро, яшам шундай қурилган. Ҳатто, мангулик структуралари ҳам муваққатдир.
Ҳикоя шу билан тугайдими, бор-йўқ маъноси шуми? Йўқ, албатта. Мен асосан ҳикоядаги иккинчи қаҳрамон тақдири таҳлилига тўхталдим. Иккинчи даражали эмас, зеро, ҳикояда ҳам, пост-структурализмда ҳам иерархиявийлик йўқ, уни инкор этади. Ҳикояда битта маъно устувор эмас. Кўплаб маънолар ва яна тақдирлар ёзиғи бор. Уни ўқиб, хулоса қилишни ўқувчига қолдираман. Яна бир тилагим, ўқувчи бирор асар ўқиркан, айнан доминант маъно қидирмасдан, тил, тасвир гўзаллигидан завқ ололса, бугунги ўзбек ўқувчисининг бадиий дидини деконструкция қилган бўлар эди. Ҳозир асосан нима демоқчилигини қидириб – маънони излаб асар ўқиймиз. Бироқ бу қанчалик тўғри? Айни шу тасаввур ва одатимиз ҳам деконструкцияга муҳтож деб ўйлайман. Қолаверса, Шаҳзод Шомансуров ҳикоялари аниқ ва доминант, оламшумул маънога даъво қилмасдан, тил ва майда деталлар орқали услуб ва ҳикоя яратаётгани уни ҳақиқий замонавий адабиёт ижодкорига хослайди. Структурализмга кўра тилда ва яшаш тарзимизда доминант маъно ва белгилар устувор, Деррида буни рад этди. Шаҳзод Шомансуровнинг ҳикоя қуриши ҳам буни инкор этади. Бу ерда гап мазмун ҳақида эмас, аксинча, асарларнинг ички структураси, шаклий тузилиши ҳақида кетяпти.
Замонавий адабиёт асарлари ва замонавий жамият ҳаёт тарзи, ижтимоий, сиёсий, маданий қурилишига ҳам деконструктив ёндашиб кўрсак, мутлақ ҳақиқат деб ўйлаган кўп тушунчаларимиздаги тафовутни кўрамиз. Ўзбек жамияти фикрий қатлами деконструктив йўлдан кетяпти ва бу айни кутилган, керакли ҳол. Қадриятлар билан муносабатда ҳам шу нарсани сезиш мумкин. Замонавий адабиёт ҳам буни иншо қилиб боряпти. Фақат энди матнни микроскопнинг тагига олиб майдалайдиган таҳлилчилар ва ўқувчиларга эҳтиёжимиз бор.
Тилланисо НУРЁҒДИ,
Филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Тарих
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ