Абу Райҳон Беруний (973-1048) ва Абу Али ибн Сино (980-1037) яккаш Шарқда эмас, жаҳонда ҳам буюк мутафаккир ҳамда беназир кашфиётчилар дея тан олинган. Хусусан, Беруний 200 дан ортиқ рисола ёзгани маълум бўлса ҳам, бизгача улардан фақат 27 таси етиб келган. Шунинг ўзиёқ дунёда у қизиқмаган фан кам қолганини кўрсатади.
“Космосдаги жисмлар оғирликка эга бўлмай, қушлар каби учиб юради”, деб ёзади Беруний. Бу қонунни, яъни вакуумни буюк аллома қуйидагича шарҳлайди: “Ер айланаётганда экватордаги тезлик қутбдаги тезликдан катта бўлади, шу сабаб жисмнинг экватордаги оғирлиги қутбдагига нисбатан камроқ бўлади”. Бу фикри билан у ҳаракатланаётган жисмнинг марказдан қочувчи кучга қандай таъсир қилиши назариясига асос солади.
Беруний ва Ибн Синонинг фалсафа, астрономия, физикага доир қизиқарли савол-жавобларида табиий жисмларнинг ўзаро алоқадорлигига оид изчил қарашлар акс этган. Ибн Сино таъбирича, жисмларнинг бир-бирига таъсири ва бу таъсирнинг табиати уларнинг ички имкониятига боғлиқ. Бу ерда имконият тушунчаси Исаак Нютон қонунларида учрайдиган “куч” тушунчасига мос келиб, у фаол ва нофаол шаклларда ифодаланиши қайд этилади. Жисм (модда) бир-бирига асосан икки хил таъсир кўрсатади. Жисмлар ўртасида боғланиш бўлса, ишқаланиш ҳодисаси келиб чиқади. Масалан, муз ҳар қандай жисмга тегиши билан, унинг ҳароратини бутунлай ўзгартириб юборади. Ҳодисалар алоқадорлиги жисмлар ўртасидаги бевосита боғланиш билан чегараланмайди. Чунки билвосита алоқадорлик ҳам бор. Бунда нарса-буюмлар бир-бирига таъсир кўрсатиб, бир-бирида ўз акси, яъни тасвирини қолдиради. Қуёш ва Ойдан тарқаладиган нур ва қувват таъсирида Ерда содир бўладиган жами ҳодисалар бунга мисол бўлади. Кишилар ҳайвонот ва ўсимлик олами ҳаёти, жонсиз табиат ҳодисалари ҳаракатига таъсир этади. Ибн Сино “Ойнинг яққол кўзга ташланадиган таъсири шундан иборатки, у меваларни етиштиради, ўз сатҳининг катталашиши туфайли мева мағзи ҳажмини кенгайтиради ва денгиз сувининг кўтарилишига олиб келади”, деб уқтиради.
Берунийнинг Арасту қаламига мансуб “Осмон ҳақида” китобига доир ўнта саволи ва унга Ибн Синонинг жавобларида қайд этилишича, буюк юнон олими, фалак ташқарисида бўшлиқнинг йўқлиги аниқ бўлса ва биз уни олов каби латиф гавҳар деб тахмин қилсак ҳам, фалакни гўё чегараланган тўда бир нарса, деб қарайди.
Ибн Сино ўз жавобларида мантиқли далиллар келтиради: “Фалакнинг енгил ҳам, оғир ҳам эмаслигини ўз сўзларингда исбот қилиб, мен учун етарли машаққат чекибсан: ўз сўзларингда фалакнинг на юқорисига ва на қуйисига томон ҳаракат қилиши учун ўрин йўқлигини иқрор қилибсан. Бунга фалак бўлакларининг бир-бирлари билан алмашганини далил қилибсан. Мен ҳам, фалакнинг пастга томон ҳаракат қилиши мумкин эмас, пастда фалакнинг кўчиб бориши учун табиий бир ўрин йўқ, дейман. Чунки фалак пастга томон ҳаракат қилади, оламдаги ҳамма унсурлар ўз табиий ўрнидан кўчиб юради. Бундай кўчиб юриш табиат оламида ҳам мумкин дейиш – янглиш фикр...” (Беруний билан Ибн Синонинг савол-жавоблари. Тошкент. “Фан”, 1973. 6-бет).
Беруний Ибн Синодан яна “Нима учун Арасту ўз китобининг икки жойида илгари ўтган одамларнинг, фалак бор, деган фикрини фалакнинг доимо турғун эканига кучли ҳужжат ва далил қилди?” деб сўрайди. Ибн Сино бундай жавоб йўллайди: “Билмак керакки, Арасту “Оламнинг боши (ибтидоси) йўқ” деганининг маъноси, оламнинг яратувчиси йўқ, дегани эмас, балки оламнинг яратувчиси ишлашдан бўш эмас, дегани. Бу мақом олам бошига оид масалалар баёни эмас”.
Ибн Сино моддий нарса-буюмлар асоси – ўзгармас субстрати тўғрисидаги Левкипп–Демокрит консепсиясини қабул қилмайди. Бу консепсияда барча нарсаларнинг субстрати атомлар ва бўшлиқдан ташкил топиши илгари сурилади. Ибн Сино эса моддий олам асоси сифатида сув, тупроқ, ҳаво ва оловни тан олади, уларнинг ўзаро биридан иккинчисига айланишини уқтиради.
Ибн Сино фикрича, ташқи олам ҳодисалари ҳаракатида бўшлиқнинг мавжуд бўлишига ҳеч қандай муҳтожлик сезилмайди. Бўшлиқ жисмларнинг фазо ва вақтда ҳаракат қилиш воситаси вазифасини бажармайди. Ташқи оламда жисмлардан бошқа ҳеч қандай нарса бўлиши мумкин эмас. Жисм материя (моддият) ва шакл бирлигидан ташкил топади. У учта ўлчамга – узунлик, баландлик ва энга эга. Жисм – бир бутун ҳамда яхлит бўлиб, турли қисмлардан иборат эмас.
Ибн Сино атомистлар таълимотига қарши чиқиб, “Материя бўлинмас атомлардан ташкил топади ва уларнинг йиғиндиси жисмни келтириб чиқаради”, деган ғояни хато деб эълон қилади.
Дунё олимлари эътирофича, ҳинд халқининг тарихини ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам Берунийчалик ҳеч ким ёзиб беролгани йўқ. Масалан, можор тадқиқотчиси Марк Аурел Стейн “Беруний ХИ асрнинг Леонардо да Винчисидир”, деб ёзади. Бундай баҳоларда мантиқий хатолик бўлиб, аслида аввал яшаган одамни кейин яшаган одамга эмас, балки аксинча ўхшатиш зарур. Шу туфайли Леонардо да Винчи ўз даврининг Берунийси, дейилса, тўғри бўлади.
Демокрит ва унинг тарафдорлари, атом – охирги бўлакча, ундан кейин бўлинадиган қисм йўқ, ҳамма модда атомнинг бирикишидан пайдо бўлган, дейди. Арасту эса атом бўлинади, бўлинаверади, бўлинишнинг чегараси йўқ, деб ҳисоблайди. Ўша даврдаги бошқа олимлар ҳам ушбу фикрни ёқлайди. Бу масалада Беруний Ибн Синога 18 та савол юборади. Икки олим Хоразмда ижод қилган даврда бўлиб ўтган бу ёзишмалар уларнинг табиат фалсафаси ва физика билан жиддий шуғулланганини исботлайди.
Беруний, жумладан, бундай савол йўллайди: “Дўстим Абу Али, баъзи файласуфлар, атом бўлинмайди, деб айтади. Бундай дейиш – нодонлик. Иккинчи гуруҳ файласуфлар, атомнинг бўлиниши – чексиз, деб ҳисоблайди. Бу эса ўтакетган нодонлик! Агар атом бўлиниши чексиз бўлса, материя йўқ бўлиб кетиши керак, ваҳоланки, материя абадийдир. Бу масалада сенинг фикринг қандай?”
Ибн Сино “Устоз Арастунинг, Розийнинг “бўлинади” деган фикрини чексиз деб тушунмагин, бўлинади, лекин бўлинишнинг чегараси бор”, деб жавоб қайтаради.
Беруний эса бу жавобдан қониқмайди, эътироз билдириб, яна мактуб юборади: “Эй Ибн Сино, сен жавобингда устозларнинг фикрини қайтарибсан. Аммо ўзинг фикр билдирмабсан. Менга сенинг фикринг қизиқ. Фараз қилайлик, атом иккига бўлинса, шу бўлинган бўлаклар орасида катта бўшлиқ мавжуд. Бўлинган бўлаклар шу бўшлиқда тўхтовсиз ҳаракатда, улар орасида таъсир кучи бор. Лекин шу бўлинган бўлакчанинг ўлчами оралиқдаги бўшлиқдан неча марта кичкина ёки катта – буни бир тасаввур қилиб кўрдингми? Тафаккур қилиб кўргинки, шу бўлинган бўлакча бўшлиқдан неча марта кичкина?”
Бу – фаннинг барча замонлари учун хос ва долзарб бўлган савол. Унга ҳозирги замон фани ҳам аниқ жавоб бера олганича йўқ.
Беруний келтирган, ўша вақтда унча маълум бўлмаган шимолий ўлкалар, Болтиқ денгизи ва Оқ денгиз ҳақидаги маълумотлар, Сибирнинг “бизда ёз бўлганда у ерда қиш бўладиган” жойлари ҳақидаги хабарлар, айниқса, қизиқарли. Аллома Хитой ва Тибетга туташ ўлкаларни ҳам ўзидан олдингиларга нисбатан анча тўла ва аниқ тасвирлаган. Птолемейга қарама-қарши ўлароқ Атлантика ва Ҳинд океанларининг жануб томони бир-бирига туташганини исботлаб берган. У бир вақтлар Осиё ва Африка қитъалари орасидан бўғоз ўтган, Ер шарининг жануб томони қуруқлик бўлган, деб тахмин қилади. У қолдирган ноёб маълумотлар Шарқда жуғрофия илми равнақига қўшилган муҳим ҳисса ҳисобланади.
Демак, ғарбий яримшарда яхлит бир қуруқликнинг, кейинчалик Америка деб номланган қитъанинг мавжудлигини Беруний европалик олимлардан 450 йил аввал ёзган. Бу 1492 йили Колумб тарафидан тасодифан Америка қитъаси кашф қилинганида ўз тасдиғини топади.
Берунийнинг билиш назарияси хусусида ҳам ўзига хос фикрлари мавжуд. Унингча, сезги аъзолари орқали олинган билимлар билишнинг асоси ҳисобланади. У бунда тажрибанинг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди. Олим биринчилардан бўлиб, Арастунинг фан соҳасидаги хизматига юксак баҳо бериш билан бирга, унинг “табиий жой”, “дунёнинг ягоналиги”, “оғирлик ва енгиллик” каби тушунчаларини танқид қилади. Ёки юнон алломасининг “оғир” ва “енгил” тушунчасидан фарқли равишда, Беруний Ибн Синога ёзган “Эътирозлар”ида ҳамма нарса Ер маркази томон тортилиши ҳақидаги фикрни олға суради. Бу тортилиш кучи ҳақида айтилган дастлабки фикр эди.
Беруний астрономик кузатишларига асосланиб, экваторга Қуёш эклиптикаси оғишининг катталиги (23°34) ва эклиптика оғиши узунлигининг асрий ўзгаришларини белгилаш, Қуёш апогеяси (авжи) узоқлигини аниқлашда қадимги ва ўзига замондош бўлган астрономларга қараганда анча аниқ натижаларга эришган. Шунингдек, у 1029 та юлдузнинг координаталари ва юлдуз катталиклари қайд этилган жадвал тузган.
Америкалик машҳур фан тарихчиси Жорж Сартон ХI асрни “Беруний асри” деб атагани бежиз эмас.
Турсунбой СУЛТОНОВ,
ТДИУ доценти
Роҳатой ҲАЛИММЕТОВА,
ТДПУ катта ўқитувчиси
“Tafakkur” журнали, 2019 йил 4-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ