Ижодий жараёнларни ёритувчи оммавий ахборот воситалари аслида маданиятнинг таркибий қисми бўлиб, аудиторияга ижодкор фикри, ҳис-туйғулари, образларини етказишдаги воситачидир. Шу нуқтаи назардан санъат ва маданият мавзусида контент тайёрлайдиган арт-журналистга қўйиладиган талаблар бу соҳада билимнинг чуқурлиги ва ифоданинг равонлиги билан чегараланиб қолмайди. Ундан санъат оламини нозик тушуниш, воқеликдаги образ ва ишоралар моҳиятини идрок этиш, ижодкор шахси, унинг руҳий олами, ҳис-туйғуларига эҳтиром кўрсата билиш, алоҳида мулоқот этикаси, воқеликни холисона акс эттиришга интилиш, бир сўз билан айтганда, чинакам касб маҳорати талаб қилинади. Бу соҳада ёзадиган муаллиф учун энг муҳими – кўрган воқеликдан ўзи таъсирланиши ва уни ўқувчи кайфиятига, ҳолатига юқтиришдир.
Арт-журналистика контекстида муаллиф – санъат ҳодисаларини таҳлил қилувчи, уларга танқидий ёндашувчи, санъат мавзуларида материаллар тайёрловчи ижодкор, яъни субъектдир. Шу билан бирга, воқеликни тақдим этишдаги ижодий ёндашувлари, ёритиш усуллари, позицияси, таҳлил маҳорати унинг ўзини ҳам алоҳида ижодкор – обеъкт сифатида ўрганишни тақозо этади.
Журналистика, айниқса, арт-журналистикада профессионаллик, муаллиф талқини мунозарали масала. Бу аввало санъатни тушуниш масаласида алоҳида кўзга ташланади. Чунки санъат нима деган саволга ҳар кимнинг ўз тасаввури, тушунчаси, билими, индивидуал ёндашуви ва бу саволга ўзининг жавоби бор. Шунинг учун воқелик сифатида яратилган асар (саҳна, экран ёки полотно) битта бўлса ҳам, шу асар юзасидан турлича шарҳ, таҳлил, талқинлар берилади, тадқиқотлар олиб борилади. Жумладан, фольклоршунос олим Шомирза Турдимов: “Санъат – инсоннинг ўз-ўзини англаш йўлидаги билим, кечинма, хулосаларнинг тимсолий ифодаси. Ўзликни топиш – манзилга етишдир”, ‒ деса, Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи: “Санъатнинг вазифаси ўлимни англатиш. Шакли қандай бўлишидан қатъи назар. Ўлим – бу санъат. Умуман, нечта санъат асари кўрган бўлсам, эсимда қолгани ўлимни эслатадиганлари. Тушунган, англаган инсонлар фожиа билан яшайди. Агарда шаккоклик бўлмаса, Фожиа инсон билан бирга туғилган, аниқ нарса. Инсон ўлим билан бирга юради. У ўлимини кўтариб юришга маҳкум”[1], ‒ дейди. Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев: “Санъат тариқатга ўхшайди. Масалан, Нақшбанд таълимоти ҳақида ҳуда-беҳуда гапирганинг сари, у сендан ўшанча узоқлашиб кетаверади. Фақат санъаткор гапириши мумкин бўлган хос фикрлар бор, ҳамма ҳам эмас…”[2], ‒ дея таърифласа, журналист Иқбол Қўшшаева: “Санъаткор ўз кўксига инсоният қалбини сиғдира олган инсон”[3], ‒ деб ёзади.
Америка ёзувчиси, арт-мунаққид Сюзен Сонтаг ўзининг “Талқинга қарши” номли эссесида санъат асарларини баҳолашдаги анъанавий таҳлилларни, яъни асосий эътиборни унинг “мазмуни”га қаратишни инкор этади. Сонтагнинг фикрича: “Чинакам санъат бизни безовта қилади. Унинг мазмунини ифодалаш, шарҳлаш орқали инсон асарни жиловлайди. Талқин санъатни қўлга ўргатади, қулай ҳолатга келтиради”[4]. Бу фикри билан аслида Сонтаг асарни шарҳлашга эмас, аксинча, уни қатъий мезонлар асосида баҳолашга қарши бўлган. Танқидчилар бир хил таҳлил усулларини такрорласалар, санъат асарларидаги ўзига хослик йўқолиб, бир хилда кўрина бошлайди. Бундай редуктив талқин асардан кўра кўпроқ танқидчининг ўзи ҳақида гапиришига шароит яратади.
Ўз даврининг классик намунасига айланган асарлар шарҳи фақатгина санъаткорнинг нуқтаи назарини ифодалаш билан тўхтаб қолмайди, асарнинг моҳияти танқидчилар, санъатшунослар, шунингдек, журналистларнинг мунозараларида давом этади. Мисол қиладиган бўлсак, жаҳонга машҳур Мона Лиза (“Жоконда”) портрети ҳақида шундай бир ҳикоя бор. Луврга келган томошабинлардан бири унга қараб: “Бу асар нега бунчалар юқори баҳоланишини ҳеч тушунолмайман”, ‒ дейди. Шунда санъатшунос унга қарата: “Унинг қиймати – бугун томошабин Мона Лизага эмас, аксинча, у томошабинга баҳо берадиган даражага келганида”, ‒ деган экан. Талқинларнинг турфалиги фақатгина санъат объектининг эмас, балки таҳлилчининг билими, дунёқарашини ҳам акс эттиради. Бунда журналист нафақат хабарчи, балки санъатнинг янги маъноларини очиб берувчи ижодкордир.
Технологиялар, интернет имкониятларининг шиддатли ривожи нафақат ахборот майдонидаги чексизликка, балки замонавий санъат қиёфасига ҳам катта таъсир кўрсатди. Оммавий жамиятнинг дид ва талаблари ўзгариб, мумтоз асарларни ҳиссиз шарҳлаш, бадиий тафаккурнинг юзакилашиши, ижодий тасаввурнинг тобора чекланиши, оммавий диднинг ўтмаслашишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда санъатни тушунтириб берадиган арт-журналистларга эҳтиёж катта. Ана шу эҳтиёж сўнгги ўн йилликларда оммавий ахборот воситаларининг турли тизимларида фаолият олиб борадиган Иқбол Қўшшаева, Гулмира Мусажонова, Гулчеҳра Умарова, Лобар Қобилова, Шоҳсанам Хидирова, Ирода Дадажонова, Шоҳира Ҳамро, Илмира Раҳматуллаева, Маҳлиё Мирсоатова, Шоҳида Эшонбобоева, Хуршид Абдурашид, Нигора Умарова, Фарҳод Умаров сингари арт-журналистлар гуруҳининг шаклланишига туртки бўлди.
2000 йиллар бошида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси санъат мавзусидаги чуқур таҳлилий, танқидий материаллари, профессионал муаллифлар жамоаси билан бошқа нашрлар орасида етакчилик қилди. Маълум маънода жамият маданий мувозанатини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшди. Ана шу жараёнларда янги овоз, ўзига хос услуби билан иштирок этган арт-журналист, санъатшунос Иқбол Қўшшаеванинг ижоди алоҳида таҳлилга муносиб.
Арт-журналистиканинг яна бир ўзига хос жиҳати – унинг объекти ўз долзарблигини йўқотмайди, журналистнинг ижодий ишлари (мақолалар, тақризлар, шарҳлар) йиллар ўтгач ҳам “эскирмай”, ўз аҳамиятини сақлаб қолиши мумкин. Бунинг сабаби – санъат турли кўринишларда муайян даврнинг энг долзарб, ҳар томонлама муҳокама марказидаги ахборот мавзуси бўлиб қолаверишида. Публицистик материалнинг вақт ўтиб матбуотда такроран эълон қилиниши кўп ҳам учрамайди. Журналистик асарларга “бир марталик маҳсулот” сифатида қараш, у фақатгина муайян ижтимоий вазиятга тааллуқли деган тенденция уларни адабий асарлардан фарқлайди. Иқбол Қўшшаеванинг санъат, адабиёт мавзуларида ёзган эсселари, суҳбатлари эса йиллар ўтиб ҳам қайта-қайта эълон қилинаётганини кузатиш мумкин. Унинг атоқли озар композитори, хонанда Муслим Магомаев ҳақида “Ботиндан кўчган бўрон” номли эссеси илк бор 2016 йили “Жаҳон адабиёти”[5] журналида эълон қилинган бўлса, кейинчалик “Ёш куч”[6] журнали, “Китоб дунёси”[7] газетасида ҳам қайта чоп этилади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Римма Аҳмедовага бағишланган эссе – “Кумушга айланган маъсума” дастлаб 2007 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилиниб, кўпчилик санъат мухлисларига актриса билан бирга журналист Иқбол Қўшшаевани ҳам кашф қилиш имконини берди. Мазкур эссе “Сукунат туғёнлари” тўпламида (2009 йил), “Cinema magazine” журналида (2009 йил), “Леди” газетасида (2014 йил) ва орадан 17 йилўтиб, “Жамият”[8] газетасида такроран чоп этилган. 2011 йили “Жаннатмакон” журналининг 5-сонида Римма Аҳмедова ҳақида чиққан яна бир – “Қисмат қаршисида тик Аёл” номли хотира-эссени орадан ўн йил ўтгач “oyina.uz”[9] интернет саҳифаси ҳам қайта эълон қилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан “Тафаккур тўлқинлантирган қалб...”[10] номли суҳбат-монолог ҳам “Тафаккур” журнали, “Жадид” газетасида қайта эълон қилинган. Публицистнинг эссе, суҳбатлари давр ва макон танламаслиги, мавсумий мавзулар билан чегара қўймаслиги билан “эскирмайди”.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев Иқбол Қўшшаевадаги ижодкорлик табиатига алоҳида тўхталади: “Унинг фикрлари бирданига, равон ва енгил туғилмайди, гоҳ ўзидан енгилиб, гоҳ ғолиб келиб қоғоз қоралайди. Ижодкор учун бу бениҳоя муҳим хусусият. Иқболнинг яна бир хусусияти – фикрини ортиқча зеб билан эмас, ўқувчини ўйлашга, нимадандир хулоса чиқаришга даъват этувчи “юк” билан безайди. Фикрини оддий, аммо назокат билан ифодалашга ҳаракат қилади. Суҳбатдошларидан самимийлик қидиради, топган самимийликларини ўқувчи билан баҳам кўришдан лаззатланади”[11].
Журналистик материал яратишда услуб ва маҳорат муҳим аҳамият касб этади ва у узоқ йиллик тажрибалар, билим ва кўникмалар асосида шаклланади. Журналист ўз услубига, овозига эга бўлиши жараёнида тинимсиз меҳнат қилади, изланади. Ижодкорнинг маҳорати, мавзу юзасидан позицияси ҳам материал учун танлаган сарлавҳалари орқали ўқувчига ўзи ҳақидаги дастлабки таассуротни беради. Иқбол Қўшшаеванинг “Дарвозасиз қолган дунё”[12], “Улғайиш изтироблари вақтнинг ҳукмида”[13], “Ботиндан кўчган бўрон”[14], “Сиз нима дейсиз, Ҳожи бобо?”[15], “Санъат сотиладиган буюм ё мусобақа майдони эмас”[16], “Йиғлар юрагимда Ватаним”[17] каби сарлавҳалари ўқувчини ўйга толдиради.
Асл санъат ҳеч қачон оммавий ҳодиса бўла олмаганидек, Иқбол Қўшшаева публицистикаси ҳам асосан зиёли аудиторияни қамраб олади. Мавзулар кўлами аниқ: ҳар қандай ижтимоий жараёнларга санъат, адабиёт нуқтаи назаридан ёндашган публицист ижоди ижтимоий буюртмадан холи. Хоҳ эссе, хоҳ суҳбат, илмий мақола бўлсин, у кўтараётган мавзу марказида ИНСОН шахси, унинг индивидуал дунёси туради.
Журналист танлаган суҳбатдошлар, қаҳрамонлар, таҳлилга тортган санъат асарлари унинг диди, ўзига қўйган талаби юқори эканлигидан далолат беради. Ҳар бир материалда уларни бирлаштириб турувчи умумий жиҳатлар мавжуд. Муаллифнинг фавқулодда саволлари йўқ, лекин респондент жавоблари аслида Иқбол Қўшшаева айтмоқчи бўлган фикрларни, унинг қарашларини ифодалаётганини тушуниш мумкин. Ҳар бир суҳбатдош жавобида чуқур фалсафа, теран фикр бор. Баъзан савол фикр тарзида келади. Суҳбатда журналист эътиборни қаҳрамонининг фаолияти, эришган ютуқларига эмас, унинг тафаккур олами, изтиробига қаратади:
“Иқбол Қўшшаева: Назаримда, бугун Санъатни асллигича соф ва юксак даражада асраб қолиш мумкин бўлган саҳна аристократияси, яъни маданий асилзодалик оқсаётгандек.
Ҳожиакбар Нурматов: Ҳозир ижоддан ҳам кўра “эл хизматида юриш” биринчи ўринга чиққан. Агар тўй билан спектакл бир вақтга тўғри келса, ролнинг оёғини осмондан қилиб тезроқ ўйнашга ҳаракат қилишади. Энг ёмони шуки, тўйлар актёрнинг сирини ўғирлайди. Санъаткор сифатида унда одамлар кашф этиши мумкин бўлган ҳеч қанақа сир қолмайди... Яллачиларнинг нуқси уриб кетган қиёфа билан тарихий шахсларни, уларнинг оналари ёки ёрини саҳна ва экранда гавдалантириш гуноҳ”[18].
Санъат мавзусида ёзадиган муаллиф суҳбатдошини “очиш”даги энг катта маҳорати – қаҳрамонини яхши ўрганиши, суҳбат учун узоқ тайёргарлик кўриши, шунингдек, фикрдош, хайрихоҳ санъаткорларни саралай олишида кўринади. Бу И.Қўшшаева ижодида яққол кўзга ташланади. Публицистик материал муаллиф руҳий призмасидан ўтган кечинмалар, ўй-фикрлари, ҳис-туйғулар орқали муаллифнинг маънавий юки (багажи)га қурилади.
Иқбол Қўшшаева қаҳрамонлари ҳақида ёзар экан, улардаги интеллект билан туйғулар мутаносиблигини очишга кўпроқ эътибор қаратади. Ижодкор ўзи яратаётган қаҳрамон дунёсини тушунишга, бошқаларга тушунтиришга ҳаракат қилади. Қаҳрамонларини ўрганиш, тушуниш, ҳис қила олиш учун узоқ вақт сарфлайди. Фикримизча, публицистда қаҳрамон образини тўла тўкис шакллангач, “пишиб етилгач”, қоғоз қоралашга киришади. Шунинг учун ҳам унинг публицистик асарларини у ёки бу жанрга оид деб аниқ айтиш қийин. Чунки биргина ижодий асарнинг ўзида ҳам бадиий тасвир, ҳам лирика, ҳам наср, ҳам таҳлилга асосланган маълумотлар келтиради. У ҳар бир қаҳрамоннинг дарди, иқрорлари, ҳис-туйғулари, қалб кечинмалари, исёнини тасвирлаш, саволлар орқали чиқариб бериш билан бирга уларнинг психологик портретини ҳам моҳирона чизади. Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова билан қилинган суҳбатда қаҳрамоннинггина эмас, публицистнинг оғриқлари, ўзини қийнаётган ва жавоби ўзи билан келаётган саволларни ўқиймиз:
“Иқбол Қўшшаева: Истеъдод қанча нодир бўлса, ўшанча мўрт ҳам келади. Негадир шахсга сиғинишнинг хунук касри биринчи бўлиб шоир шуурига урар экан. Чоки сўкилган онгдан тўкилган хирмон-хирмон қасидалар хазон барглари каби ер билан битта бўлса ҳам, қўл қаламни қўяй демайди... Бир марҳум шоирнинг ўлими арафасида ёзган достони мени шундай аччиқ хулосага ундади. Агарда илоҳий бир овоз “Бу сенинг сўнгги сўзинг, қўлингга қалам олишга бошқа имкон берилмайди” деб шивирлаганида ҳам, у мадҳия ёзармиди?
Дилором Каримова: Ҳар бир тирик жон фитратида хавфхатардан қочиш, ўзини асраш инстинкти мавжуд. Инчунин, инсонда ҳам ҳар қандай кўнгилсизликдан, балои қазодан ҳимояланиш савқитабиийси бор. Ҳаёт учун кураш – тирикликнинг асосий қонунидир... Умр фасллари оша ҳаётнинг ўзагига яқинлашиб борар экансиз. Бахт нима деган саволга биринчи жавобим – меҳнат эди. Кейин севгига кўчдим. Кўп ўтмай, бахт бу – фикр деган тўхтамга келдим. Фикр орқали бўрон-у ёмғирни идрок этасиз. Табиатдаги ҳар бир ҳодиса, бутун борлиқ инсонни англаш учун яратилган деб билдим. Эндичи? “Йиғлар юрагимда Ватаним...” деган улуғ Ойбекнинг кайфиятидаман. Миллат учун ягона нажот – илм-маърифатда! Бошқаси бекор...”[19].
Иқбол Қўшшаева қаҳрамонида тафаккур теранлигини кўра олсагина уни ўқувчига ҳам тақдим этади. Одатда санъаткорлар ҳақидаги публицистик материаллар унинг болалик йиллари, фаолияти, эришган ютуқлари, бу йўлдаги қийинчиликлари, баъзан турмуш тарзи ҳақида тайёрланса, Иқбол бу жиҳатларга деярли эътибор қаратмайди. Унинг Баҳодир Йўлдошев, Ҳожиакбар Нурматов, Римма Аҳмедова, Дилором Каримова, Кумуш Раззоқова ҳақида тайёрлаган материалларида ўқувчи саҳна юзига айланган, бизга роллари билан таниш бўлган машҳурлар қиёфасини эмас, балки уларда яшаётган зиёли ШАХС феноменини, улуғворликни кўради. Ўзига хиёнат қилмаган, эътиқоди, қалби бутун, туйғулари тоза, саҳнада ҳам, ҳаётда ҳам алдамайдиган қаҳрамонларни излайди. Римма Аҳмедовага бағишланган эсседа актриса нигоҳларида яширинган маъюслик, хокисорлик, вазминлигидаги асилзодалик, ғамгин, аммо улуғворлик сири унинг қисматига айланган муҳаббатида эканини англаймиз: “Муҳаббат – шунақанги жумбоқки, сен уни тушунтириб беролмайсан. Нима учун севишингни айтолмайсан. Севасан ё севмайсан. Тамом. Менинг топганим бу ширин азоб. Негаки сен барибир қисқа бўлса-да, у билан кечган, бахтли, нурли кунларнинг хотираси учун ҳам... астойдил кечириб, уни ўйлашда давом этавераркансан. ...Юрагинг уриб турар экан хато қилишдан тўхтамас экансан. Гоҳида меҳринг ҳам хатоларингга айланаркан. Фақат ўлим билангина буларга нуқта қўяркансан. ...Йў-ўқ, ўтган кунлардан сира афсус чекмоқчи эмасман. Бошқача бўлолмасдим ҳам”[20].
Публицист хоҳ санъаткор, хоҳ санъат асари ҳақида фикр билдиришда холис бўлишга уринади. Музаффар Эркинов режиссёрлигидаги “Абдулла Орипов” бадиий фильмига тақриз ёзар экан, картинани “шоир умрига бир қур разм солиш”, “шунчаки кўз югуртириш” дея баҳолайди. “Ҳар қандай фильмда, у тарихий-биографик жанрда ишланган бўлса-да, катта бадиий ният ‒ ғоя яширинган бўлади. Қаҳрамон қисматининг қайсидир қирраси орқали айтилиш зарур бўлган муҳим ГАП гапирилади. Абдулла Орипов ҳаёти намуна қилиб кўрсатилиши кўзланган фильмдаги муҳим ГАП нимада?” дея “Оппенҳаймер” (режиссёр Кристофор Нолан) фильмидаги атом бомбасининг яралиши ғояси бошиданоқ хато бўлгани, бу кўпгина кулфатлар дебочаси экани уч соат давомида тушунтирилганини мисол келтириб, бу орқали шоирнинг ҳам хатоларига ишоралар ташлаб ўтади. Шоирнинг умри охирида ёзган “Монолог”идаги “Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб...” сатри сарлавҳага олиниши ҳам унинг образига берган энг тўғри чизги эканини ифодалайди. Абдулла Орипов истеъдодининг салмоғи каби зиддиятли шахсият Шодмонқул Салом ижросида “...мудом жиддий, ўйчан, сипо, ўта тавозели, одоби жигарни эзадиган даражадаги силлиқ шахс сифатида”[21] гавдалангани, аслида унинг бадиий қиёфаси Гёте ва Булгаков талқинидаги тимсоллар билан тенг эканини таъкидлайди. Лекин ҳадиклар ичра шунақа образни яратиш мумкинми, деган савол билан фильм қандай муҳит ва шароитда яралганига ишора ташлайди.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, арт-журналистикада муаллиф маҳорати, унинг санъат ва санъаткорга нисбатан позиция, симпатияси бир асар ёки ижодкорни турфа рангларда, турли қирраларда кўриш, кашф этиш, англаш имконини беради. Боз устига журналист муайян санъат турининг моҳир билимдони ёки бир вақтнинг ўзида санъат вакили бўлса, у ўзи ёритаётган объект моҳиятини янада чуқурроқ тушуниш ва тушунтиришга эришади. Акс ҳолда, бадиий танқид ҳаваскорлик даражасида қолиб, оммавий аудиториянинг дидига мослашади.
Забаржад БОБОЖОНОВА,
ЎзЖОКУ катта ўқитувчиси
"Жаҳон адабиёти" журнали, 2025 йил, 11-сон
“Талқин санъати – тафаккур безаги” мақоласи
[1] Турдимов Ш. Тут гуллаган пайт. – URL: https://kh-davron.uz/yangiliklar/tut-gullagan-payt-rauf-parfi-bilan-suhbat.html.
[2] Иқбол Абдураззоқ қизи. Тафаккур тўлқинлантирган қалб… // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. ‒ 2014. ‒ 23-сон.
[3] Ўша манба.
[4] Сюзен Сонтаг. Против интерпретации. – URL: https://admarginem.ru/2020/07/09/syuzen-sontag-protiv-interpretatsii/.
[5] Қўшшаева И. Ботиндан кўчган бўрон // Жаҳон адабиёти. ‒ 2016. ‒ 5-сон.
[6] Қўшшаева И. Сен менинг куйимсан // Ёш куч. ‒ 2016. ‒ 5-сон.
[7] Қўшшаева И. Ботиндан кўчган бўрон // Китоб дунёси. ‒ 2024. ‒ 5-6-сон.
[8] Қўшшаева И. Кумушга айланган маъсума // Жамият. ‒ 2024. ‒ 32-33-сон.
[9] Қисмат қаршисида тик Аёл. – URL: https://oyina.uz/kiril/article/270 (murojaat sanasi: 01.04.2025).
[10] Қўшшаева И. Тафаккур тўлқинлантирган қалб // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. ‒ 2014. ‒ 23-сон.
[11] Мелибоев А. Сукунат туғёнлари. ‒ Тошкент: Янги аср авлоди, 2009. ‒ 3-б.
[12] Қўшшаева И. Дарвозасиз қолган дунё. ‒ URL: https://kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/iqbol-qoshshaeva-darvozasiz-qolgan-dunyo.html.
[13] Қўшшаева И. Улғайиш изтироблари вақтнинг ҳукмида // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. ‒ 2006. ‒ 31-сон.
[14] Қўшшаева И. Ботиндан кўчган бўрон // Жаҳон адабиёти. ‒ 2016. ‒ 5-сон.
[15] Қўшшаева И. Сиз нима дейсиз, Ҳожи бобо? // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. ‒ 2010. ‒ 44-сон.
[16] Қўшшаева И. Санъат сотиладиган буюм ё мусобақа майдони эмас // Жадид. ‒ 2024. ‒ 20-сон.
[17] Қўшшаева И. Йиғлар юрагимда Ватаним // Тафаккур. ‒ 2021. ‒ 4-сон.
[18] Қўшшаева И. Улғайиш изтироблари вақтнинг ҳукмида // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. ‒ 2006. – 31-сон.
[19] Йиғлар юрагимда Ватаним // Тафаккур. ‒ 2021. ‒ 4-сон. 40-бет.
[20] Қўшшаева И. Кумушга айланган маъсума // Жамият. ‒ 2024. ‒ № 32-33.
[21] Қўшшаева И. Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб... – URL. https://www.gazeta.uz/uz/2024/03/23/abdulla-oripov/
Адабиёт
Тарих
Жараён
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ