Турон цивилизациясининг инжуси – ўзбек давлатчилиги узоқ ўтмишга бориб тарқалади. Бу заминда энг эски чоғлардаёқ яшаб келган ота-боболаримиз давлатчилик тарихимизнинг катта қисмида Турон юртни бирлаштирган бўлса, айрим кезларда воҳа ва водийларда, даштларда бир-биридан алоҳида ҳолда бошқарувни амалга оширган. Бу уларнинг ҳар бири ўз давлатчилик рамзларига – туғ, байроқ, тамғаларга эга бўлгани, бу каби рамзий белгилар ҳар бир сулола томонидан зарб қилинган танга ва муҳрларда ўрин олганида кўзга ташланади. Биз айни шу жиҳатдан келиб чиқиб, “Ўзбек давлатчилиги байроқлари композицияси”ни тайёрладик. Унда уч минг йиллик тадрижий тараққиёт давомида мустақил бошқарувни амалга оширган давлатчилигимизни даврий ва сулолавий концепт нуқтаи назаридан рамзлари ифодаланган.
Ўзбек давлатчилиги байроқлари
Тарихимизнинг барча босқичларида ҳам давлат рамзи сифатида ҳозирги кўринишдаги шакл ва бичимга эга бўлган байроқ ишлатилмаган. Қадимда давлат ва ҳокимият рамзи вазифасини кўпроқ туғлар бажарган. Бироқ, мутахассислар тангалар ва уларга туширилган тамғалар, тошга, буюмга, ҳайвонлар сиртига босилган эн ва белгилар, кошинлар, сопол, металл буюмларга туширилган безак ва нақшлар, шунингдек, ёзма манбалар орқали қадимги ва ўрта асрларнинг турли босқичларида энг кенг кўламда ишлатилган бошқа рамзий белгиларни ҳам аниқлаган. Шу боис композицияда маълумотлар етарли бўлмаган қадимги ва ўрта асрлардаги сулолаларнинг энг кенг тарқалган тамғалари шартли равишда, рамзий маънода байроқ сифатида қабул қилинди. Шу ўринда урғулаб ўтиш керакки, уларда акс этган тасвирлар қатъий норма эмас – аждодларимизнинг байроқлари айнан шундай бўлган, деган якуний хулосани бермайди.
Кўпчилик тарихчиларнинг сўнгги тадқиқотларига кўра, давлатчилик илдизларимиз Туроннинг илк ҳукмдори Алп Эр Тўнга (Афросиёб) давридан бошланиши урғуланади. Бироқ, юқорида айтиб ўтилганидек, мутахассислар томонидан қатъий тўхтамга келинган давлат рамзлари ва белгилари ҳақидаги хулосалар ҳозирча етарли эмас. Шунингдек, Турон юртда яшаган сак ва массагет бирлашмалари тўлақонли давлат тарзида эмас, балки давлатчиликка ўтиш босқичидаги қабилалар иттифоқи сифатида кўрилади ва уларнинг байроқлари ҳақида ҳам тасаввурларимиз етарлимас. Шу сабабдан уларнинг байроқлари бу композициядан жой олмаган. Бундан ташқари, тарихда юртимиз қайсидир давлатлар томонидан босиб олинган даврлар ҳам бўлган. Бу қарамлик шароитида ишлатилган байроқларда маҳаллий қадриятлар акс этмагани учун улар ҳам композицияга киритилмаган.
Ўзбек давлатчилиги байроқлари:
1. Қадимги Бақтрия
Бақтрия байроғи учун икки ўркачли Бақтрия туяси образи танланишининг асосий сабаби шуки, бу тасвир Бақтрия–Тоҳаристон минтақаси танга анъанасида учрайдиган барқарор тасвирий мотив ҳисобланади. Уни қатъий равишда фақат бир сулолага боғлаб қўйишдан кўра, “ўлканинг рамзи” сифатида талқин қилиш тўғрироқ: яъни бу – сулола тамғаси эмас, балки минтақавий танга мотивидир. Ушбу образнинг маъноси ҳақида олимлар, одатда, умумий ва амалий талқинни қабул қилади. Карвон, савдо йўллари, Ипак йўлидаги логистика, чўл-дашт шароитига мос чидамлилик, шунингдек, “Бақтрия туяси”нинг ўзи минтақанинг машҳур табиий-географик белгиси эканини англатади. Айрим қарашларда эса бу тасвир бойлик ва фаровонликка, шунингдек, давлатнинг йўллар устидан назоратига ишора қилади, деган фикрлар ҳам тилга олинади. Шу сабабли байроқ белгиси сифатида икки ўркачли туя тасвири олинди. У Бақтрияни тез танитади ва минтақавий маънони тўлиқ ифода этади.
2. Қадимги Хоразм
Қадимги Хоразм учун байроқ ўлароқ Африғийлар даври тангаларида энг кўп такрорланадиган отлиқ чавандоз тасвири танланди. Ушбу даврга оид мис ва кумуш тангаларнинг катта қисмида танганинг орқа томонининг марказида отлиқ жойлашади, майдонда эса қўшимча тамға ҳамда унинг атрофида хоразмий ёзув (ҳукмдорнинг унвони ёки исми) келтирилади. Олимлар таъкидлашича, бу тасвир аввало ҳукмдор ҳокимиятининг ҳарбий-сиёсий қонунийлигини мустаҳкамлайдиган ғояни – “шоҳ ҳимоячи, қўшин бошлиғи, тартиб сақловчи ва ҳудуд назоратчиси” деган маънони — пул муомаласи орқали халқ онгига етказувчи давлат рамзий тили вазифасини бажарган. Айрим талқинларда эса мазкур образ умумий рамзий маънода, яъни жанговар қудрат ва сулолавий давомийлик ғоясини ифода этиши билан чекланади.
3. Суғд
Суғд байроғи учун мазкур тамға танланишининг асосий сабаби унинг Суғд танга анъанасида, айниқса, Бухоро воҳасига оид мис тангаларда тез-тез учраши билан боғлиқ. У тангаларда шажара ва маъмурий муҳитга хос белги сифатида қайта-қайта такрорланиб, маҳаллий муомалада ҳокимиятнинг таниш ишораси вазифасини бажаргани кўринади. Мазкур тамға Суғд тангаларида учрайдиган энг танилувчан ва график жиҳатдан ўқилиши осон белгилардан бири ҳисобланади. У Суғдни бошқа давлатлар рамзларидан бир қарашда ажратиб кўрсатиш имконини ҳам беради. Шу сабабдан бу тамға Суғд байроғига шартли равишда, рамзий маънода асос қилиб олинди.
4. Фарғона (Даван)
Фарғона қадимдан отчилик, чавандозлик маданияти ва айниқса, машҳур “самовий отлар” (Фарғона отлари) ҳақидаги тарихий тасаввурлар билан танилган. Шу боис от образи бу ҳудудни бошқа ўлкалардан ажратиб турадиган энг тез таниладиган белгилардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Хитой манбалари жуда кўп маълумот беради. Ҳатто ушбу отларга эга бўлиш учун хитойликлар (Хан салтанати) Фарғона (Даван)га 2 марта катта қўшин тортган. Хитой манбаларида Фарғона отларини тезкорлиги учун “қанотли отлар”, “самовий отлар”, “терисидан қон томадиган отлар” дея таърифлар берилган. Унинг маъноси ҳақида одатда умумий, амалий ва рамзий талқин қабул қилинади: от – ҳаракат, тезлик, ҳарбий салоҳият, савдо-алоқа йўлларидаги мобиллик, куч ва нуфуз тимсоли; шу билан бирга у Фарғонанинг табиий муҳити, зотдор отчилик анъанаси ва минтақанинг ташқи дунё билан боғланишидаги ўрнини ҳам англатади. Баъзан бу образ давлат қудрати, ҳарбий маданият ва юксак мақом рамзи сифатида ҳам талқин қилинади. Бу иконаграфия Фарғона номи тилга олинганда дарҳол тарихий хотирани уйғотади. Шунингдек, минтақанинг ўзига хос қиёфасини ифодаловчи кучли иконаграфик образ ҳамдир. Фарғонанинг антик даври учун ҳозирга қадар бундан бошқа кучли образ, асосли тамғалар топилмагани сабабли қанотли от иконаграфияси шартли равишда Фарғонанинг антик даври – Даван даври байроғи сифатида рамзий маънода қабул қилинди.
5. Қанғ (Кангюй)
Байроқда акс этган ушбу тамға Қанғ танга анъанасида бир неча серияларда кўп бора учрайди. У шажаравий, маъмурий идентификатор сифатида намоён бўлади. Айрим талқинларга кўра тангалардаги S-симон шакли “тамға анъанаси”даги график белгилар тизими билан боғланиб, муайян сулола, ҳукмдор гуруҳини ажратиш учун хизмат қилган, деган назариялар тилга олинади. Аммо бу семантика қатъий консенсус эмас. Қанғ тангаларида учрайдиган энг танилувчан ва график жиҳатдан ўқилиши осон бўлгани учун бу белги Қанғ байроғига шартли равишда, рамзий маънода асос қилиб олинди.
6. Кушонлар
Кушон байроғи учун танланган асосий белги, тамға — Кушонларнинг Кадфиз I, Кадфиз II, Канишка, Ҳувишка, Васудева, Васудева I, Васудева II ва яна бирқанча ҳукмдорлари томонидан зарб қилинган тангаларда анъанавий равишда такрорланади. Айрим талқинларда унинг шакли Кушонлар давридаги диний-рамзий муҳит билан боғланиши мумкин, деган назариялар ҳам тилга олинади. Аммо бу семантика қатъий консенсус эмас. Байроқда акс этган тамға Кушон меросини тез танитади ва Кушонлар даврини бошқа сулолалардан дарҳол ажратиб кўрсатиш имкони пайдо бўлади. Шу сабабдан бу тамға Кушон байроғига шартли равишда, рамзий маънода олинди.
7. Кидарийлар
Кидарийлар байроғи учун танланган асосий белги – манбаларда “Kidarite tamga” сифатида қайд этилган шажаравий белги бўлиб, у Кидарийлар тарихий идентификациясида рамз даражасига чиққан. Кидарийлар ҳукмронлиги даврида Бақтриядаги Балх зарбхонасида чиққан айрим тангаларда Кушон-Сосоний ҳукмдори Баҳром номидан зарб қилинса ҳам, майдонга махсус Кидарий тамғаси қўшилгани қайд этилади. Бу ҳолат одатда Кидарийлар минтақада сиёсий-иқтисодий назорат ўрнатганини кўрсатувчи маъмурий белги сифатида талқин қилинади. Байроқда акс этган тамға кидарийлар номи билан боғлиқлиги, содда ва таниш осон бўлганлиги учун танлаб олинган. Шунингдек, у кидарийларни бошқа “ҳун” гуруҳларидан (эфталит, алхон ва ҳ.к.) дарҳол ажратиб кўрсатиш имконини беради.
8. Эфталитлар (оқ хунлар)
Эфталитларга оид тамғалар кўп бўлса-да, бугунги кунда туркий мамлакатларда оқ фонда вертикал тарзда қаторасига 3 та 5 қиррали сариқ рангдаги юлдузлар тасвири туширилган байроқ рамзий маънода қабул қилинган.
9. Кўктурк хоқонлиги (Биринчи Турк хоқонлиги)
Туркий халқлар жамоатчилиги томонидан Турк хоқонлиги байроғи сифатида мовий фондаги бўри боши тасвири қабул қилинган. Бўри мотиви Туронда ҳунлар давридан бошлаб байроқ, туғ анъанасидан жой олган. Хитой манбаларига кўра, туркларнинг байроғига бўри боши кашта тарзида туширилгани ёзилади. Шунингдек, санжоққа бўри боши ўрнатилгани қайд этилади. Туркийларда бўри образи давлатчилик ва ҳарбий руҳни ифода этувчи энг таниқли этно-мифологик рамздир.
10. Ғарбий Турк хоқонлиги
Ғарбий Турк хоқонлиги байроғи сифатида келтирилган тамға тадқиқотларга кўра, хоқонликдаги олий ҳокимият номидан зарб этилган тангаларда доимий идентификатор сифатида қатнашади. Бу ҳолат унинг “хоқон тамғаси” сифатида эътироф этилишига сабаб бўлган. Бу тамға туширилган тангалар Ашина авлоди олий ҳукмдорлари назоратида зарб этилган. Танга бошқарув ва ҳарбий иерарҳия – ябғу → ябғу-қаған → қаған занжирини ҳам англатади. Ғ.Бобоёр тадқиқотларига кўра, шу тамға вариантлари тушган тангалар хоқонлик иерарҳиясининг маҳаллий ҳокимликлари титулларида деярли учрамайди — бу ҳам унинг “олий ҳокимият тамғаси” сифатида қабул қилинишига кучли далил ҳисобланади. Ғарбий Турк хоқонлигининг танга меросида энг яхши ҳужжатлашган, олий ҳукмдор (Ашина) билан боғлангани ва бундан қатъийроқ рамзнинг мавжуд эмаслиги, таниш осонлиги сабабларига кўра мазкур тамға Ғарбий Турк хоқонлиги байроғига шартли равишда, рамзий маънода асос қилиб олинди.
11. Сомонийлар
Сомонийлар байроғи учун танланган асосий белги — Сомоний даври керамикасида учрайдиган гулсимон орнаментнинг стилизациясидир. Мазкур гулсимон орнаментнинг сомонийлар байроғи учун шартли равишда асос қилиб олинишининг сабаби шуки, бу орнамент намуналари сомонийлар даври сополчилик анъаналарида кўп такрорланади. Шунингдек, интернетда сомонийлар рамзи сифатида норасмий бўлса-да кўп қабул қилинган тушунчага айланган.
12. Қорахонийлар
Туркий халқлар жамоатчилиги томонидан ушбу байроқ Қорахонийлар байроғи деб рамзий маънода қабул қилинган.
13. Ғазнавийлар
Туркий халқлар жамоатчилиги томонидан ушбу байроқ ғазнавийлар байроғи сифатида рамзий маънода қабул қилинган.
14. Салжуқийлар
Туркий халқлар жамоатчилиги томонидан ушбу байроқ салжуқийлар байроғи деб рамзий маънода қабул қилинган.
15. Хоразмшоҳлар (Ануштегинийлар)
Туркий халқлар жамоатчилиги томонидан ушбу байроқ хоразмшоҳлар байроғи деб рамзий маънода қабул қилинган. Манбаларга кўра, байроқ қора рангда бўлган. Қора ранг буюкликка ишора қилинган. Мусулмончилик анъаналарига кўра байроқда Қуръони Каримдан оятлар, ҳукмдорларнинг исмлари ва нисбалари араб ҳарфларида ёзилган. Шу нуқтаи назардан хоразмшоҳларда ҳам бу анъана давом этган, деб тахмин этилади. Аммо бу ерда бирор бир ҳукмдор эмас, сулола байроғи назарда тутилгани учун ҳеч қандай ёзувлар йўқ. Шунингдек, байроққа рамзий маънода мусулмончилик ва туркий анъаналарда кўп учрайдиган яшил фондаги ярим ой тасвири туширилган.
16. Чиғатой улуси
Байроққа Каталон атласидаги Чиғатой улуси байроғи асос қилиб олинган. 1375 йилда чизилган Каталон атласида Чиғатой улуси харитасига оқ байроқ фонига сариқ тўртбурчак расми туширилган.
17. Олтин Ўрда
Байроққа Каталон атласидаги Олтин Ўрда байроғи асос қилиб олинган. 1375 йилда чизилган Каталон харитасида Олтин Ўрдага тегишли шаҳарларни белгилашда оқ фондаги байроққа қизил рангда ярим ой ва тўртбурчаксимон графикадан иборат композициядан иборат байроқ тасвири туширилган. Мазкур атласдаги байроқ шартли равишда асос қилиб олинди. Ундан ташқари туркий халқлар жамоатчилиги томонидан ҳам ушбу байроқ рамзий маънода Олтин Ўрда байроғи сифатида қайд этилади.
18. Темурийлар
Туркий халқлар жамоатчилиги томонидан ушбу байроқ Темурийлар байроғи сифатида қайд этилади. Аксарият манбалар ва тадқиқотларда Амир Темур байроғи мовий рангда бўлгани ва байроқда 3 ҳалқа борлиги қайд этилган.
19. Бухоро амирлиги
Бухоронинг хонлик даврига оид расмий давлат байроғи ҳақидаги маълумотларимиз етарли бўлмагани учун уларнинг давомчилари бўлган амирлик даври байроғи олинган. Манбалар ва тадқиқотларга кўра, бу байроқ Бухоро Амирлиги байроғидир. Байроқдаги яшил ранг исломий қадриятлар билан ҳамоҳанг. Ҳилол ва юлдуз ҳам шу нуқтаи назардан тасвирланган. Байроқдаги панжа белгиси ҳимоя ва барака рамзи сифатида талқин қилинади. Айрим анъаналарда у Хамса ёки “Фотима қўли” билан ҳам боғланади.
20. Хоразм хонлиги
Кўпинча Хива Хонлиги деб ишлатиладиган Хоразм хонлиги байроғи музейларда ҳам сақланиб қолган. Байроқнинг қора рангдалигини Хоразм хонлиги ўзларини Ануштегиний Хоразмшоҳлар анъанасини давомчилари, ворислари сифатида кўрган, деб талқин қилиш мумкин. Байроқнинг ҳошияси айрим ҳолларда мовий, айрим ҳолларда яшил рангда ҳам учрайди. Мовий ранг туркий муҳитда Тангрининг инояти, тинчликка интилиш руҳияти, деб талқин этилиши мумкин. Марказдаги ҳилол ва юлдузлар туркий ҳам исломий муҳитга ишора қилади.
21. Қўқон хонлиги
Қўқон хонлиги байроғининг яшил ранги хонликнинг мусулмон давлат сифатидаги руҳий-сиёсий муҳитини англатади. Байроқдаги ҳилол ва юлдуз ислом дунёсида кенг тарқалган бўлиб, эътиқод, барака маъноларни ифода қилади.
22. Туркистон Мухторияти
Байроқ тўғри тўртбурчак шаклдаги матода қизил ва кўк рангдаги тенг горизонтал чизиқлардан ташкил топган. Марказда оқ ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвирланган. Байроқнинг мовий ранги Туркистон ҳудуди аҳолисининг асосий қисми туркий халқларга мансублигини, қизил ранг эса Россия империяси ўрнида юзага келган янги ҳокимият рамзини билдирган.
23. Ўзбекистон
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган. У юртимиз сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Байроқдаги мовий ранг – маъно қатламлари бой бўлиб, бу давлатнинг тангрининг инояти, тириклик мазмуни акс этган мангу осмон рамзи. Тимсоллар тилида бу яхшилик, донишмандлик, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, бу рангнинг байроғимизда акс этиши Турк хоқонлиги, темурийлар, Туркистон Мухторияти кабиларнинг меросхўри эканини ҳам англатади. Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади.
Яшил ранг орқали мамлакат мусулмончилик анъаналари давомчиси эканини ҳис қилиш мумкин. Шунингдек, у кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар – Ватан учун жон олиб, жон берган аждодлар қони томиримизда оқаётганига ишора қилади. Навқирон ярим ой тасвири тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. У Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этгани билан ҳам изоҳланади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон байроғида аждодларимизнинг давлатчилик тафаккури акс этган дейиш мумкин.
Бекзод АБДИРИМОВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.
Ғайбулла БОБОЁР,
Тарих фанлари доктори профессор.
Тил
Фалсафа
Мафкура
Маънавият
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ