Aдабиёт, айниқса, шеър доимий ҳаракатдаги ТИРИК ҳодиса. У кўнгиллардан чиқиб, кўнгилларга етишгувчи илоҳий бир неъмат. Яъники, шеърият ҳақидаги суҳбат кўнгил интилишлари, унинг бугун етиб келган манзиллари ҳақидаги мулоҳазалардан иборат бўлмоғи лозим. Шу боис, нималар ёзилганини санай бошлаган дамдаёқ, аслида, қаерга етиб келганимизни савқи табиий тушуниб қоламиз. Буёғи қаёққа қараб юриш лозим экани янаям ойдинлашади. Ўтган йили ўзбек адабиётида ўндан ортиқ достон чоп этилибди. Савиялари ҳар хил – ўйнаб ёзилгани ҳам, ўйлаб ёзилгани ҳам, куйиб ёзилгани ҳам, суйиб ёзилгани ҳам, тама қилиб ёзилгани ҳам, шама қилиб ёзилгани ҳам бор.
Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ўтган йилнинг маҳсули эмас. Баъзилари салкам қирқ йил бурун, кўпи йигирма-ўттиз йил олдин ёзилган. Яқин беш-ўн йилда яратилганиям бор. Демоқчиманки, достонлар таҳлилига қараб шеъриятимиз бугун қаерда турганини, нимани ўйлаб, қандай ёзаётганини аниқ айтиш мушкул. Лекин шунга уриниб кўрсак бўлади.
Достон шеъриятнинг энг теран, энг қийин жанри. Унга қўл уришга ҳар қандай шоирнинг ҳам юраги дов беравермайди. Битта достонни битириш учун юракни, эҳтимол, йиллар давомида ҳар куни қийнаш керак. Доимо ва тўхтовсиз битта мавзу ҳақида ўйлаш, туйғунинг асосий ўзанидан четга чиқмай, аксинча, унга тобора теранроқ шўнғиш, айтишга осон, амалда қийин масала.
Шу қийинчилик важидан достон фитратига насрга хос айрим жиҳатлар илашиб қолган. Чунки воқеа билан ўқувчини эргаштирса бўлади, сюжетнинг орқасидан юриш осон. Бироқ достон, мағзи-моҳиятига кўра, аввало, шеър, кўп ҳолларда воқеабанд шеър, баъзан маърифий ҳикоятлар гулдастаси каби тузилса ҳам, барибир шеър эканини эсдан чиқармаслик керак. Достон, насрга хос қора сўз билан ёзилмайди (сал илмийроқ қилиб, буни прозаизм деб айтилади). Воқеани ҳикоя қилиб бермайди, балки воқеага нисбатан фикрий ва ҳиссий муносабатни намоён этади. Достон шеър билан ёзилмаса, достонликдан чиқади, уни, ниҳояти, шеърий йўлда, сиртдан шеърга ўхшатиб ёзилган ҳикоя, қисса дейиш керак, холос. Шунингдек, бир мавзудаги, ягона талқин ва ўхшаш кайфият асосида яратилган туркум шеърларни достон дея тақдим қилиш ҳодисаси ҳам амалиётда учрайди. Бу масалага кейинроқ албатта тўхталамиз.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, достондаги воқеа, сюжет ва бошқа насрий-эпик унсурлар шеърга нисбатан иккиламчи ҳодиса. Ҳамма воқеа ҳам достон бўлавермагани каби, асл достонларни ҳикоя қилиб бериш ҳам мушкул. Баъзида бунинг сира имкони йўқ. Дейлик, “Лайли ва Мажнун” достонининг насрий баёнини ўқиган одамлар ундан достоннинг кайфини ололмайди. Чунки воқеалар тасвири қора сўзга – насрга кўчиши билан тароватини, сеҳрини йўқотади. Нари борса, бошқотирмага, жумбоққа айланади. Айрим мисра ва байтларни изоҳлаш учун саҳифа-саҳифа шарҳ камлик қилиб қолиши мумкин. Масалан, қуйидаги байтни шарҳлаш учун жилд-жилд китоб етмайди, деб ўйлайман:
Ҳар негаки деса ўхшамассен,
Сендин дурур ул, сен ул эмассен.
Навоий буюк-да, сал мундайроқ мисоллар келтиринг, деб сўрагувчилар бўлса, халқ оғзаки ижодига қаранг дейман. “Алпомиш”ни, “Гўрўғли” туркум достонларини олсангиз, уларнинг ҳатто насрий баён қисми ҳам одатда саж билан битилган. Токим, достон таровати оз вақтга бўлса ҳам сўнмасин, деган ниятда. Алпомиш чоҳда ётганида олдига дўсти Қоражон келади. Қоронғи зиндонда кўзлари хира тортган Алпомиш дўстини дарров танимай, кимсан, деб сўрайди. Энди Қоражоннинг жавобини эшитинг:
“Отангди ойттинга хўб ойтинг, Энангди ойттинга хўб ойттинг, Улингди ойттинга хўб ойттинг, Қулингди ойттинга хўб ойттинг, Зотингди ойттинга хўб ойттинг, Отингди ойттинга хўб ойтинг, Ҳаммасидан кеймон мени ойттинг”...
Бундан гўзалроқ шеър бўлиши мумкинми? Унда дўст учун жон чекиб, машаққат кечиб келган Қоражоннинг дўстона арази-алами бор! У дўсти дарров танимагани учун хафа бўлмади. Араз урди! Илло, дўстдан хафа бўлинмайди. Дўстликнинг мақоми шундай улуғки, Аллоҳнинг бир исми ДЎСТдир. Қоражон шуни биларди. У дўстликни Ватанидан, ота-онадан ҳам юқори қўйиб, дўстининг ортидан Бойсунга кетган алп эди. Катта шахс эди. У шу дўстлиги учун мукофот олса, дўстидан шундай жонфидолик кутса, ҳақли эди. Бундай бўлмади. Унинг шунга алами келди. Араз урди.
Гўё, оддий воқеа реал тасвир усулида ҳикоя қилинаётганга ўхшайди. Бироқ тузукроқ разм солинса, ҳар бир сўз образга, шеърий санъатга айланиб, мисралар бадиий жило таратади. Қаҳрамонлар нутқи эса топ-тоза, тип-тиниқ шеър. Ойбарчин ёри келганини эшитади, бироқ ваъдаси бор эди – душманга бўлса-да, берган ваъдаси бор эди. У ваъдасидан тонадиган номард эмас:
“От чопса, гумбурлар тоғнинг дараси,
Савашда билинар марднинг сараси,
Олти ойлик йўлдир Боботоғнинг ораси,
Боботоғдан, билсанг, пойга қиламан,
Кимнинг оти ўзса, шунга тегаман...
Шундай бадиий жило, баланд руҳ бўлмаса, достон туғилмаслигини ХХ асрда ўтган айрим улкан шоирларимиз ҳам яхши билишарди. Ҳассос шоир Ҳамид Олимжон “Ойгул билан Бахтиёр”ни шундай бошлайди:
Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,
Кўп эртак эшитгандим,
Сўйлаб берарди бувим...
Усмон Носирнинг “Нахшон” достонидаги қуйидаги мисраларга эътибор қаратинг:
Боғларга намозгар
Салқини тушди,
Гуллар нам баргини
Қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар
Тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил
Ўт шафақ ўчди.
Кўз тутдим
Кўзларим нигорон бўлди;
О, дилбар,
Сиймбарим, юзлари қирмиз.
Киприги кўксига
Соя солган қиз,
Кўз тутдим,
Юрагим тўла қон бўлди.
Шу ўринда Миртемирнинг “Сурат”, Абдулла Орифнинг “Ҳаким ва ажал” каби достонларини ҳам эслаш мумкин. Бу достонларда ҳам воқеа бор, сюжет бор, лекин асосийси, уларнинг ҳаммаси ШЕЪР билан ёзилган. Афсуски, бизнинг адабиётшунослигимизда шеърий сатр, мисрани алоҳида ифодалайдиган атама йўқ. Руслар буни насрий ифодадан фарқлаб, стих дейди. Стихлар жами стихотворение бўлади. Мен шеър дейиш билан кифояландим.
Юқорида келтирган мисолларни ўзимизга намуна этиб, энди бевосита ўтган йили нашр этилган достонларга бир назар ташласак. Ойгул Убайдулла қизининг “Адашмагин йўлингдан, болам” деб номланган бир достони чоп этилди. Достоннинг фабуласи қуйидагича (фабула – бирор асарда тасвир этилган воқеаларнинг ҳаётда юз бериш тартиби): ёш бир йигит интернет туфайли диний мутаассиблар домига тушади. Буни ота-онаси билгач, фарзандини нотўғри йўлдан қайтаришга уриниб, насиҳат қилади. Бироқ ўғил кўнмайди. Яширинча четга чиқиб кетади. Хориждаги диний ақидапарастларга қўшилиб, урушларга киради. Бегуноҳларни ўлдиради. Буёқда ота-онанинг боши эгилиб қолган. Бир куни ўғил пушаймон чекиб, юртига қайтиб келди. Ота-онасидан кечирим сўради. Табиийки, булар ҳам кечирди. Зўр воқеами? Ҳа, зўр воқеа. Фақат, уни достон қилиб ёза билиш керак. Бунинг учун энг аввал сюжет тўқиш керак бўлади (сюжет – воқеаларнинг асарда ёзилиш тартиби).
Бироқ бу достон сюжети жуда ночор. Ота қишлоқдошларидан, ўғлинг ёмон йўлга кирибди, деган гап эшитади. Яъни, воқеа аллақачон бошланиб бўлган, фақат бундан ота хабарсиз. Билгач, у ўғлига зуғум қилади. Онаизор ўғлининг ёнини олади: ичмайди, чекмайди, номаҳрамларга қарамайди, қўшнининг қизига уйлантириб қўйишни орзулаб турибман ва ҳоказо гаплар.
Жанр қоидасига кўра, ўғил ҳам аллақачон ота-онани танимайдиган даражага етган. Уларга тик қарайди, сиздай отам йўқ, дейишгача боради. Яъни, достонда воқеалар ичига кирилмайди, унинг атрофида айланиб юрилаверади. Ўқувчи шундай бўлибди, деган хабар топади, бироқ воқеанинг ўзини кўрмайди. Достон сюжети ночорлиги устига, мантиқий камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Ота урушда юрган ўғли устида бомба портлаб, жасади ҳам парча-парча бўлиб кетганини, ҳатто, мозор ҳам насиб қилмаганини билади. Буни касалманд хотинига айтолмай қийналади. Бироқ охирида ўғил уйга бир жойи тирналмай, тирик қайтади. Муаллиф бу ҳолга шарҳ беришниям ўзига эп кўрмаган.
Хуллас, жуда долзарб мавзу. Ёш инсоннинг онг-шуурида, қалбида кечадиган оғир ўзгаришлар натижасида юз берадиган ҳодиса бу. Ўнлаб, юзлаб достону роману қисса ва ҳикояларга асос бўлишга арзигулик чўнг мавзу. Аммо... мазкур воқеликнинг достондаги ифодасига қараб, бошимни чайқадим. Шоирамиз ўқувчини ишонтиролмабди, фожиани кўрсатаман, дебди-ю, лекин амалда самарасиз бир натижага келибди. Нега? Биринчидан мавзу оригинал эмас. Оммавий ахборот воситаларида тинимсиз айланадиган тарғибот материалларидан кўчирилган. Иккинчидан, мавзу оригинал бўлмаса, талқин оригинал бўлиши керак. Аммо айрим ғўр ёшлар интернет туфайли ёт ғояларга қўшилиб қолаётир, деган талқин ҳам ўша жойдан олинган. Демак, у ҳам янги эмас. Учинчидан, сюжети жуда бўш. Ўқувчини қизиқтириб, ортидан эргаштирадиган бурилишлар, кутилмаган тафсилотлар йўқ. Тўртинчидан, характерлар йўқ. Шунчаликки, ҳатто, қаҳрамонларга исм қўйилмайди. Ота, она, биринчи ўғил, иккинчи ўғил, биринчи маҳалла фаоли, иккинчи маҳалла фаоли ва ҳоказо деб кетилаверади. Бешинчидан, тасвир жуда хира ва рангсиз. Олтинчидан ва энг муҳими, достонда ШЕЪР йўқ.
Йигит ёшига етиб қолган ўғилнинг кўнглида нима борлигини ота билмайди. Билмаганиям майлига, талмовсираб сўрайди:
“Ё, чиқдингми, улим, бетайин?”
Отанинг сўроғидан кейин онанинг айтган гапларига қаранг:
Оздиролмас тўғри жўлидан,
Улимизни авроғич лўли.
Жомонлик ҳеч келмас қўлидан
Эгри-бугримас, тўғридир жўли.
Шу савол-сўроққа қўшилган аканинг гапи:
Гапирмайди, бордай ғуссаси,
Хонасини титдим қайси кун
Дўллирларга,
Тўла экан, ота, киссаси.
Лекин нобакор ўғил ҳеч аҳдидан қайтадиган эмас:
“Ким кофир-у, кимлар мусулмон
Эканлигин яхши биламан.
Мен мусулмон, сизлар кофирсиз!”
Менингча, бу достон ҳақидаги фикрларни шу ердаёқ тўхтатсам бўлади. Унинг адабиётга, хусусан, шеъриятга мутлақо дахли йўқ. Эҳтимол, ундан давлатнинг тарғибот машинаси бирон йўсинда фойдаланишнинг эпини қилар. Лекин ўшанда ҳам бирон натижа чиқишига кўзим етмайди. Чунки бугуннинг одами аҳмоқ эмас. Бу гапни минбардан эшитса ҳам, қоғозда ўқиса ҳам, шу туришида унинг юрагига етиб бормайди, деб ўйлайман. Албатта, муаллиф бу достонни юракдан чиқариб ёзган бўлишига шубҳа қилмайман. Лекин бадиийликка даъвогар асарнинг сўзида санъат бўлмаса, ўзга дилларнинг қулфига калит тополмайди.
(Яна бир камчилигини айтиб ўтмасам бўлмас экан. Достон мутлақ шевада ёзилган ва бу иш айни достонда жуда катта хатодир. Ўзбек тилидаги ҳар қандай бадиий асар адабий тилда ёзилиши шарт. Бу қонун. Менинг талабим эмас, эстетиканинг қонуни. Шева унсурларини асарга маҳаллий колорит бериш, қаҳрамонлар тилини индивидуаллаштириш мақсадида киритиш мумкин, холос. Шундан ортиқчаси ортиқча. Қолаверса, достоннинг мутлақ шевада ёзилиши бундай салбий воқеалар фақат ўша ернинг халқигагина хос экан-да, деган фикрга ҳам олиб келиши мумкин. Ҳолбуки, Шому Ироққа уруш истаб кетган мутаассиблар ичида гапни “гов” дейдиган олис қишлоқ одамларигина эмас, катта-катта шаҳарлар аҳлидан чиққанлар ҳам бор.)
***
Шундай долзарб мавзудаги достонлардан яна бири Зиёвуддин Мансур қаламига мансуб “Менинг янги Ўзбекистоним” асари. Уни муаллифнинг ўзи лирик достон, деб атаган. Китобга сўзбоши ёзган сиёсий фанлар доктори, профессор Турсунбой Файзуллаев сиёсий лирика дебди. Мен, бу достон маддоҳлик шеъриятининг янги бир чўққиси бўлибди, дея гапни мухтасар қилишим мумкин эди. Бироқ адабиётимизда шундай ҳодиса бор экан, демак, бу борада фикр айтиб ўтмаслик гуноҳ.
Муаллиф ватанимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни, ислоҳотларни жон дили билан маъқуллайди. Достонни:
Олам бунча яшнамиш, ҳай-ҳай,
Авваллар бу ҳайбат бўлмаган.
Айнан Янги Ўзбекистондай
Дил тортувчи давлат бўлмаган. – деб бошлайди.
Шу фикрини исботлаш учун қадим тарихдан янги даврларгача бир қур хаёлий саёҳат қилиб чиқади. “Юртим чўнг авлиёлар юрти, Оламшумул сиймолар юрти, Руда, кумуш тиллолар юрти”, дея таъриф бергач, имом Бухорийдан бошлаб ўтган улуғ боболаримизни санайди. Ниҳоят, тарихнинг яқинроқ саналарига келганда “Лекин афсус, афсус, минг афсус, Оқибати бўлмасдан дуруст, Бора-бора ишлар кетиб суст, Кейинча бахт, омад бўлмаган”лигини тан олади. Ва бирдан эсига янги замонни жўшиб-тошиб куйлаётгани тушади ва:
Наинки бир Худога, волидам, отам ва Юртбошим –
Асл Шавкатлиғ одил Раҳнамога рағбатим чексиз. – дея бир бора енгил нафас олади. Ҳукмдорларга бағишлов, қасидалар битиш одати бизда қадимдаям, ўрта замонлардаям бўлган, ҳозир ҳам йўқ эмас ва бунинг бир исботи сифатида шу достон қўлимизда турибди. Ўтмиш замонларда бу иш уят саналмаган, наинки биз ҳам уни уят санасак. Бироқ мадҳия, қасида ёзишнинг ўзига яраша қонун-қоидаси бўлган. Ҳукмдор ва ё бошқа бир ҳомийнинг буюклигини очиқ-равшан, яланғоч ҳолда қаламга олишга мажбур бўлинса, қисқа ёзилган. Қасидалар фақат мақтовдан иборат бўлса ҳам, шеърий санъат билан ёзилган (Ҳаҳ, уккағар, топибди-я, деб тиззасига шаппалайдиган даражада). Осмонда Худо, ерда Сизу биз, отамсиз, отамдан ҳам аълосиз каби бепарда ёзилмаган, аксинча, шахсий сифатларидан бошқаларга ҳам ўрнак бўларли бир жиҳатини топиб, улуғланган.
Мисол. “Фарҳод ва Ширин” достони дебочасида Бойқарога бағишланган махсус боб бор ва ҳазрат Навоий унда Бойқаронинг сахийлигини шундай мадҳ этган:
Чу бахшиш топиб андоғ мулку жоҳе,
Бўлуб ул дам гадо ҳам подшоҳе.
Яъни, унинг (Бойқаронинг) замонида гадолар ҳам ҳадяга бойлик ва мартаба олиб, худди подшолардек яшайдиган бўлиб қолди, дейилмоқда. Бироқ “Фарҳод ва Ширин” Ҳусайн Бойқаро ҳақида эмас. Инсоннинг тақдир билан бўйлашиб кўриши ҳақида. Тақдир билан курашиб, охири унга ШОДОН таслим бўлиши ҳақида. Севган ёрингда Аллоҳ жамолининг жилвасини тажалли этиб, тасаввур ва тафаккур қилиш ҳақида. Хулласки, салафлар ижодидаги мадҳия яшаш ва ижод қилишга шароит яратиб бергани учун подшоҳга айтиладиган раҳмат мақомидаги фозил сўз, санъаткорона тавозе, шундан ортиқ эмас.
Зиёвиддин Мансур достонида қасидагўйликнинг шундай қоидалари кескин бузилган. Унинг назарида яқин тарихимизда биронта, ёмон демайин, мундайроғ арбоб ҳам ўтмаган.
“Рашидов – чинакам донишманд одам,
Арбоблар ичида бошқа бир олам.
Биттагина метро тимсолида у
Ҳаёт олиб кирган Ер қаърига ҳам”.
“Усмонхўжаев ҳам аслида
Хўжа, эшонларнинг насли-да!
Тўғриликдан норғул фаслида
Ҳибс бўлган”.
Республиканинг бошқа раҳбарлари ҳам “асл” арбоб бўлган. Тавба, деб ёқангни ушлайсан киши. Ичида биронта ўғриси, ноинсофи бўлмаган экан. Ё, биз, Зиёвуддин Мансурдан бошқа, параллел замонларда яшаб ўтдикмикин?!
Тўғри, тарихда баъзан сал ёқимсиз ишлар ҳам бўлган. Масалан:
“Биз ҳуқуқий давлат, — деб юрдик,
Лекин алал-оқибат кўрдик:
Ҳуқуқчилар давлатин қурдик,
Кун бўлмади ҳасрат бўлмаган”.
Шундай қийинчиликлардан кейин бирданига:
“Мана, Эгам бергандай фармон,
Эврилиб эл, эврилиб замон,
Бошланди чун Шавкатли даврон
Бу Аршдан берухсат бўлмаган”...
Мен юқоридаги каби қип-яланғоч сатрларни яна кўплаб келтиришим мумкин,
бироқ гапни шу ерда мухтасар қилсам. Чунки бундай маддоҳона мисраларни ўқиган одамда, хоҳласа-хоҳламаса, юртимиз раҳбарига нисбатан ишончсиз кайфият уйғониши мумкинки, буни қош қўяман, деб кўз чиқариш дейилади.
Достон жанри шеъриятнинг махсус боби ва у воқеликка нисбатан ҳиссий муносабатнинг ўзига хос бир шакли дедик. Достон матни муайян бир воқеа-ҳодисанинг эпик (халқ достонлари), лирик (Миртемир – “Сурат”, Усмон Носир – “Нахшон”), драматик (Абдулла Ориф – “Ҳаким ва ажал”, Гёте – “Фауст”), фалсафий (Навоий – “Хамса”) тасвири атрофида уюшади. Бу воқеаларни бир ғоя атрофида жипслаштириб туришнинг турли шакл ва усуллари бор. Ягона сюжет, қолипловчи ҳикоя, воқеликка нисбатан пайдо бўлган фикр-муносабатнинг турли талқинлари шулар жумласидан.
Масалан, Фарҳоднинг болаликдан етук таълим олиши унинг ўзи каби етук бир гўзалга муҳаббат қўйиши учун керак эди. Фарҳоднинг инсоний ҳаётда бахт топмаслиги олдиндан белгиланган тақдир эди. Ғорда учрайдиган Суқрот ҳаким унга муҳаббати ишқи мажозий бўлишини, Фарҳод шу ишқ оловида “бамисли хошок” куйиб, ҳақиқий ишққа етиш башоратини беради. “Фарҳод ва Ширин” достонини тақдирга қарши бориш эмас, тақдирга бўйин эгиш драмаси тарзида қабул қилиш керак. Мухтасар айтсак, ҳар қандай достонда ички драма бўлиши шарт.
Бироқ “Менинг янги Ўзбекистоним” достонида лирик қаҳрамоннинг ҳам, воқеанинг ҳам асар саҳифаларида давом этаётган коллизияси, драмаси йўқ. Достон ўтган ва ҳозир бўлаётган воқеалар баёнидан иборат, холос. Ўқувчи шундай бўлди ва тўғриси ҳам шу, деган қатъий талқин қаршисига ғоз ўтирғизиб қўйилади. Унга фикр юритиши ва муайян хулосаларга келиши учун имкон қолдирилмайди. Шу боис кишини дарров зериктиради. Чунки муаллиф ҳар қанча улкан ва эзгу ниятларни кўзлаган бўлмасин, туйғулар, фикрларнинг ботиний ҳаракати, драмаси бўлмаса, бундай асарни ўқиб бўлмайди. Ўқишли бўлмаган асар сувга тушган тошдир.
Дарвоқе, шу достонни ўқий туриб (ишонинг, мен уни охирги мисрасигача ҳижжалаб ўқиб чиқдим, токи бир яхши, тамадан ҳоли соғлом фикр учраб қолармикин деб), ижтимоий тармоқларда анчагина вақт айланиб юрган ва кўпларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган “Инвестиция керак”, “Ҳоким бўламан” каби шеърлар бекорга пайдо бўлмаганини тушундим. Катта ёшдаги, ҳаётнинг оқу қорасини таниган шоирларки, шундай пахтакорлик, маддоҳлик қилиб турса, ҳали суяги қотмаган авлоддан нима кутамиз?
***
Ўтган йили шоир ва журналист Тўлқин Эшбек “Шарқ юлдузи” журналининг 9-сонида “Беҳбудий ва Чўлпон” достонидан парча, янги китобида “Бобурнинг гавҳарлари” ҳамда Махтумқули ҳақида “Туркман булбули”, шунингдек, “Насимийнинг мангу зиёси” достонларини эълон қилдирибди.
Мазкур китобга сўзбоши ёзган профессор Нурбой Жаббор шоир ижодининг асосий қирраси сифатида оқкўнгиллик ва самимиятни кўрсатади. Ва бироз муболаға қиладики, самимийликдан “маҳрум бадиий асар ўқувчи кўнглига етиб бориши маҳол”, деб. Лекин Нурбой домла айёрлик ҳам қилган. У достонларда ўша бадииятнинг ўзи борми, деган саволга жавоб бермай ўтиб кетган. Шу саволга биз жавоб излашдан бурун, яна бироз назарияга тўхталсак.
Маълумки, мумтоз адабиётимиздаги достон жанри ХХ асрга келиб кескин трансформацияга учраган. Аввалги достонларда асос воқеа турғун бўларди, ўзгармасди. Мисол: Фарҳоднинг Ширинга, Мажнуннинг Лайлига учраши тақдир, у олдиндан қазову қадарда белгилаб қўйилган. Бу тақдирни Фарҳод ё Мажнун ўзгартиролмайди. ХХ аср достонларининг воқеасини эса қаҳрамоннинг ўзи яратади. Чунки “Тақдирни қўл билан яратур одам, Ғойибдан келажак бахт бир афсона” (Ғафур Ғулом). Ойгулнинг ҳаракати билан бутун бир халқ озоду фаровон бўлади (Ҳамид Олимжон). “На хотин, на фарзанд кўрмаган, Кимсасиз, бечора бир йигит” Жонтемир меҳнату изланиш туфайли ёруғликка чиқади. Бироқ Тўлқин Эшбек достонларидаги асосий воқеа, мумтоз адабиётимиздаги каби турғун эмас. Аммо ХХ асрдаги каби қаҳрамон характеридан ҳам ўсиб чиқмайди. Аро йўлда қолиб кетган.
“Бобурнинг гавҳарлари” достони уч қисм. Биринчиси жуда қисқа кириш. Бор-йўғи ўн олти мисра. Шоир сўз ҳам олмосдир, деган гапни айтади ва ёдимга гавҳартош ҳақида иккита – қўш нақл тушди дейди. Иккинчисида гавҳар ва ҳинд эли билан боғлиқ ривоят берилади. Учинчисида Бобур подшоҳ хаста ўғли Ҳумоюн тузалиши учун дунёдаги энг қиммат гавҳар бўлмиш “Кўҳинур”ни эмас, ўз жонини садқа қилади. Агар иккинчи ва учинчи қисм воқелиги ҳинд тупроғида ва гавҳар тош атрофида айланаётганини айтмасак, буларни бирлаштириб турадиган бошқа умумий жиҳат йўқ. Қолаверса, воқеалар шундай енгил ҳикоя қилинадики, унда ростдан ҳам Нурбой домла таърифлаган самимийликдан ўзга хусусият қолмайди.
Бу дунёдир тарозили,
Қоронғи ой ўн беши.
Бир кун Бобурнинг бошига
Тушди жигарлик иши.
Бобурнинг фарзанду аржуманди, дилининг тиргаги, тахтининг валиаҳдига ўлим соя солиб турибди, бироқ бу ҳолат “жигарлик иши” дея оддийгина, жўнгина шарҳланаётир... Бу қофияли жумлаларни шеър деб аташ қийин-ов.
“Бобурнинг кўнгил ранглари” достонини эса шеърлар жамланмаси, деган бўлардим. Чунки уларда ягона фикр, ягона ғоя, ягона сюжет ва бошқа хил яхлитлик белгиларини кўрмадим. Шеърларнинг аксарияти рангин ва гўзал. Ўқувчига Бобур тимсолини кўрсатиб, буюк бобомиздан фахрланиш ҳисси, масрур бир кайфият бера олади. Бироқ у достон эмас.
Тўлқин Эшбек Бобурними, Махтумқулиними, Насимий, Беҳбудий ё Чўлпонни ёзадими, буларнинг таржимаи ҳоли билан ўқувчини таништирмоқчи, ўтган ҳаёт йўлидан сабоқ чиқариб, кўрсатмоқчи бўлади. Лекин бугунги ўқувчи мияси ахборот оқимини қабул қилмай қўйди, десам ёлғончига чиқарманг. Бугунги ўқувчи муаллифга эмас, ўзига эмас, миясига эмас, телефонига ишонади. Бинобарин, Махтумқули ё Беҳбудий бобомиз қилган ишларни бир бошдан санаб бугун обрў топиб бўлмайди. Бу объектив ҳақиқат ва у билан ҳисоблашишга мажбурмиз.
***
Ўтган йили чоп этилган достонлар сирасида марҳум шоиримиз Усмон Қўчқорнинг “Қувғин” достонига дуч келиб, жуда юрагим ачишди. Усмон ака зўр шоир эди. Зўрлигини билдирмай юрадиган шоир эди. Ўзи билдирмасаям, бошқалар яхши биладиган шоир эди. Усмон аканинг “Сайланма”сига сўз ёзган Иброҳим Ҳаққул домла ҳам ўтиб кетди. Катта бир авлод, уларга эргашиб адабиётнинг бутун бир даври орамиздан ситилиб кетаётир.
“Қувғин” анча олдин, адашмасам, шўро замони охирлашиб, оғирлашиб қолган замонларда ёзилган эди. Шу боисдан ҳам унда ХХ аср ўзбек адабиёти улғайган муҳит – миллий бағрикенглик ва шўровий маҳдудлик қоришмасидан иборат ғалати эстетика манаман деб бўй чўзиб туради. Худога шукурки, социалистик реализм методи зуғумини ҳис қилмай ўсган янги бир авлод шоирлар етишиб чиқмоқда. Бироқ ўша методнинг, аниқроғи шўро адабиётининг яққол кўриниб турадиган бир жиҳатини эслаб ўтмасам бўлмайди. Шўро тузуми учун адабиёт қурол эди. Мафкура қуроли эди. Ўз фикрингни ўтказиш, бошқаларни ортингдан эргаштириш учун қурол эди.
Усмон Қўчқор шўроларга қарши шўролар йўлини тутиб ёзган шоир эди, десам муболаға бўлмайди. Унинг “Қувғин” достони шўро тузумига қарши йўналтирилган қурол бўлди. Биласизлар, Иккинчи жаҳон уруши арафасида, урушни баҳона қилиб, Узоқ Шарқ ўлкасидан корейслар кўчириб юборилган. Уруш бошлангач, Волгабўйидан немислар, Қримдан татарлар, Кавказдан чечен ва ингушлар бадарға қилинган. Халқни ўз Ватанидан жудо қилишган. Усмон Қўчқорнинг достони шу ҳақда. У бадиий сўз воситасида ўша аламли ҳақсизлик суратини чизиб беради. Халқнинг дилида адолатсиз тузум ва тизимга қаршилик ҳаракатини уйғотади. Бир халқни Ватанидан маҳрум қилиш адолатсизлик демайди, балки шу адолатсизликнинг суратини чизади. Инсонлар тақдири орқали чизади. Тонг саҳарда тепиб очилаётган эшиклар, онасини йўқотиб, чумчуқдай чирқиллаётган болалар, ўлаётган оналар...
Айбинг – туркийлигингми, Маҳди,
Қайга борар бу халқ подаси?
Кушхонага ҳайдашми аҳди
Туркий халқни “халқлар отасин?”
Бу ёвузлик қайдан, алҳазар,
Бу халқларга нечун бул ҳасад?
Айтгил, сенинг бағрингда, Хазар,
Балиқ кўпми ва ёки жасад?
Усмон Қўчқор диди баланд, фикри очиқ, сўзи ўткир шоир эди. Ҳақни, ҳақиқатни ёзарди. Замонга қараб тусланишни, турланишни билмасди. Энг муҳими, у шоир эди ва ҳаётдан ҳам шоир каби яшаб ўтди. У шоир ўз позициясида маҳкам туриши лозим, деб ҳисоблар эди. Шоирнинг ижтимоий ва ахлоқий позициясини эстетиканинг талабларидан бири, деб тушунадиган авлод вакили эди.
Ўтган йили шу авлоднинг яна бир муносиб вакили Муҳтарама Улуғованинг “Бир мўътабар вужуддир Ватан” достони “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилди. Мавзуси замонавий, йўли-йўналиши ижтимоий, хулосаси ахлоқий, шеъри содда ва самимий, тили гўзал ва дардчил бу достоннинг ўқувчиси ўзини ўша олис саксонинчи йиллар шеъриятига ошно бўлгандай ҳис қилса, ажаб эмас. Чунки шоир реал ҳаётнинг кўзига тик қараб ёзади. Арзимаган нарсани ўғирлади, деган айблов билан мелисахонага олиб кириб кетилган ўсмир болакайнинг ўша мелисахонадан ўлиги чиққанига чидолмай ёзади. Адолат тарозиси ҳаммани тенг тортмаётганига ўкиниб, одамларнинг қалб кўзини очиш ниятида ёзади.
Ҳақиқатнинг тубига етмоқчи эмас у, чунки ҳақиқат шундоқ юзада хор бўлиб ётибди. Бу ҳақиқат одамларга керак эмас. Айниқса, ҳуқуқ посбонларига керак эмас. Шоир опамизнинг улкан дард билан бизга кўрсатиб бераётган яна бир ҳақиқати шуки, ҳақиқат ҳатто ўша жабрдийдаларнинг ўзига ҳам керак эмас. Ўлган йигитчанинг онаси ҳам ҳақиқат сўрамайди, “Боламни кўрсатинг”, деб сўрайди, холос. Мен бу достонда кўтарилган ғоя, мавзунинг очилиши, ечими каби масалалар билан вақтингизни олмай. Бу достонни ўқиш керак.
Шундай катта авлодга мансуб яна бир шоиримиз Акиф Азалп (Акиф Бағиров)нинг “Ўзбекнома” достони ҳам ўтган йили чоп этилди. Ҳолбуки, бу достон 2000 йиллар бошида ёзилган. Озарбойжон фарзанди Акиф Азалпнинг “Ўзбек келаётир” ва “Сарбадор нидоси” (Бу шеър халқ орасида “Ассалом алайкум дорнинг оғожи” номи билан машҳур) шеърлари шўро замонида қўлма-қўл тарқалган. “Ўзбекнома” достони миллати ўзбек бўлмаган шоир ўзбек тилида ёзгани учун бизга икки карра қадрли. Акиф Азалп достонида, эҳтимол, бирон янгилик кашф қила олмагандир. Бироқ неча йилдир тузини ичган халққа бу даражада садоқатни юракдан ҳис қилиш ва уни шеърий сатрларда жонлантиришнинг ўзи ғаройиб ва таҳсинга лойиқ иш. Акиф Азалп ўзбекнинг ўзи кўрмаган жиҳатларини, ё қаҳрамонларини, ё гўшаларини қаламга олсайди, ўшанда ҳам “Во, дариғ!” дердик. Лекин Акиф Азалп ўзбекка айланиб улгурган шоир эди. Ўзбекча лутф билан ўзбеклигимизга муносиб мадҳия бита олган.
Қуйида Усмон Қўчқор, Муҳтарама Улуғова, Акиф Азалп достонлари мутолаасидан сўнг туғилган айрим фикрлар:
Биринчидан, бу достонлар, қачон ёзилганидан қатъи назар, ўтган аср тўқсонинчи йиллари шеъриятининг тафаккури билан ёзилган. Яъни, бир умр ҳадиксираб яшаган миллат шеърияти бирданига озодликка чиққан миллат шеърияти билан тўқнашган замонлар тафаккури билан яратилган шеърият бу. Истибдод қулаётганини англаш туфайли туғилган озгина шиддат, озгина журъат бор эди. Шуларга салафлардан келаётган озгина фикрат, озгина итоат омихта бўлди. Ва ҳеч ким кутмаган янги бир шеърий тафаккур туғилди. Шоир ўз шахсияти тарафида эмас, халқ тарафида туриб ёзади. Бўлган ва бўлаётган воқеликка халқ нуқтаи назаридан туриб баҳо беради. Бу ҳамма нарсадан синфийлик, партиявийлик, партиянинг етакчилик ролини кўрсатиш талаби остида ўсган адабиёт учун мутлақ янгилик эди.
Иккинчидан, бу достонлар тили ҳам ўша давр тафаккурига мос. Акиф Азалпнинг “Ўзбекнома”сида “мен” сўзи бирон марта ишлатилмаган, десам ишонасизми?! Бу камчилик эмас, бу шоирнинг ўзини улкан миллат билан бир, ягона вужуд, деб ҳис қилиши меваси. Муҳтарама опа ҳам ўз достонини учинчи шахс тилидан ҳикоя қилади. Гўёки, воқеа шундай бўлган, ёлғон қўшаётганим йўқ, умуман, мен ўзим чеккада турибман, дегандай. Фақат, Усмон Қўчқор достонида шоир шахси, “мен” деган сўз, тушунча жуда оз ўринда учрайди. Ўшанда ҳам, воқелик ё тафсилот моҳиятига ҳиссий баҳо бермаслик мумкин бўлмай қолса.
Учинчидан, бу достонлардаги ифода услуби информатик хусусиятга эга. Ўқувчига кўпроқ янги ахборот беришга интилади. Ахир, ўша замонлар ахборотнинг ўзи танқис эди, десак ҳозирги ёшлар кулади. Шундай бўлиши мумкинлиги уларнинг тасаввурига сиғмайди.
Тўртинчидан, мазкур достонлар умумий, ҳамма рози бўладиган, “умуман тўғри” талқинга асосланади. Акиф Азалп – ўзбекларнинг тарихи буюк, даҳолари кўп ўтган ва ҳоказо; Усмон Қўчқор – халқни Ватанидан қувғин қилиш мумкин эмас; Муҳтарама Улуғова – қийноқлар тўхтамаяпти, айниқса, камбағал-бечораларни ҳеч ким сўраётгани йўқ, деган умуман тўғри позицияда туриб ёзган.
Бешинчидан, ўта шахсий, ичкин фикрлаш йўлидан қочилади. Ўзингнинг, каттадир, кичикдир, менингни ўртага чиқаргандан кўра, ҳамма қатори одил, ҳамма қатори ақлли бўлиб турсанг яхши-да!
***
Ғайрат Мажиднинг “Оппоқ табассум” китобидаги “Хўжаилмкони” достонини мен бир мавзудаги, ягона талқин ва ўхшаш кайфият асосида яратилган туркум шеърлардан иборат достон, дея тушундим. Ватанингга қасида бағишлаш билан чекланмай, бутун бошли достон армуғон этиш юртга муҳаббатнинг бир кўриниши, аслида. Башар зотига мадҳия битишни қоралаймиз, ич-ичимиздан ёқтирмаймиз, чунки унда, хоҳласак-хоҳламасак, тама зоҳир бўлиб туради. Динимизда ҳам, сўрасанг, яратгандан сўра, инсонга қуллик қилма, деб уқтирилади. Бунинг акси – юртга мадҳияни оқлаймиз, ёқлаймиз. Чунки бунда тама эмас, шукур бор. Инсон яратгувчисига шукур айтгани каби, юртига ҳам шукур айтиши жоиз ва мақбул.
***
Ўтган йили чоп этилган достонлар орасидан мени қаттиқ ўйлатгани Минҳожиддин Мирзо қаламига мансуб “Қайғу гули” ва “Соҳибқирон ёғдуси” достонлари бўлди. “Қайғу гули” мистик мавзуда. Диний-мистик эмас, фақат мистик мавзуда. Бу асар 1989-90 йиллари, шоир 25 ёшга тўлган-тўлмаган даврда ёзилган. Эҳтимол, шунинг учундир, унда аввалроқ бир қур эслатиб ўтганим ўтган аср охиридаги ўзбек шеъриятининг асосий хусусиятларидан биронтаси кўринмагани ўйлатди мени. Нега бу достонга аввал кўзим тушмаган экан, деб афсусландим. Достон ҳақида умумий тасаввур берсам: лирик қаҳрамон – шоир хаёл ва ҳаёт орасида саросар кезган, кундан тунни – хаёлотга берилиш онларини маъқулроқ кўрган бир давр. Унинг хаёлотдаги ҳамроҳи Машраб. Машраб ғазалиётидаги мисралар шоирни етаклаб юради, янги дунёлар сари бошлайди. Хаёлот дунёсида эса фаришталар ва Иблис бор. Шоир, Машраб, фаришталар ва Иблис орасида мулоқотлар бўлади. Достон шу хаёлнинг, шу мулоқотнинг бадиий тасвиридан иборат.
Тўғри, достоннинг тили анчагина ғализ, ишлов беришга, таҳрир қилишга мос ўринлари кўп. Кўп жойларида баъзан фикр охирига етмай қолади, ё маҳорат етишмагани боис тумонли чиқиб қолади. Айрим жойларини тушуниб олиш қийин, беш-олти марталаб ўқисанг ҳам, аниқ нима дейилмоқчи бўлганини илғаш мушкул. Равшан фикрлаган одам равшан баён этади, деган қоида билан текширсак, шоирнинг ўз фикрини ифода этишга қийналганини сезамиз. Лекин достоннинг ютуқлари камчиликларини босиб кетган. Шуниси муҳим.
Фаришта айтади:
Гар у гуноҳкордай туюлса, нетай,
Сенинг васлинг дея қилмишдир гуноҳ.
Чин ошиқни маъшуқ жазолай олмас,
Сени деган ул зот гуноҳкормас, оҳ...
Иблис айтади:
Лек тушун, бир замон инсонни авраш
Ва йўлдан оздириш мушкул иш эди.
Кўрдинг-ку, энди-чи, улар эзгулик
Улашган соҳиблар бошини еди.
Заминга боққил сен, айт ўзинг чин сўз,
Наҳот алар ичра комиллари бор.
Бу кун бир орифни кашф этар бўлса,
Албатта эрта кун тикажаклар дор...
Давлат мустақиллиги ҳақида кўп гапирамиз. Давлат мустақиллиги бу, давлатнинг эрки дегани. Ижтимоий эркинлик ҳақида ҳам кўп гапирамиз. Бу инсон ҳуқуқларининг таъмин этилишидир. Лекин инсоннинг маънавий эркинлиги борасида негадир жиммиз. Нима, бу ҳақида ўйлашга қудратимиз етмайдими? Ҳолбуки, давлати пайдо бўлишидан буён халқи эркин, ижтимоий ҳуқуқлари таъминланган Англия, Олмония, АҚШ каби давлатларда ҳам инсоннинг маънавий эрки тўлиқ таъмин топмаган. Нега? Чунки нафс эҳтиёжи кўнгил эҳтиёжидан устун келган замонда яшамоқдамиз. Инсонга тўлиқ эрк берсанг, у энг аввал нафсининг эҳтиёжини қондира бошлайди... Менга “Қайғу гули” шу азалий ҳақиқатни яна бир бор эслатди.
“Соҳибқирон ёғдуси” достони 2010 йилда, шоир қирқдан ўтиб, ақли ва кўнгли тўлишган, шеъриятда маҳорати ошган бир давр ёзилган экан. Шунинг учун ҳам бу достонда фикрлар очиқ ва равшан, ширали ва тушунарли ифода топган. Қийналмай ўқийсиз, қийналмай тушунасиз. Фақат мени бир жиҳат қониқтирмади. Шоир бу достонида салафлар ижодига хос бўлган “тўғри фикр тарафида туриш” қоидасига ўтиб кетган экан. Қолаверса, “Темур тузуклари”дан бир парча олиб, кейин шуни шеърий йўл билан шарҳлаш ишини шоирлик деб айтиш қийин. Тўғри, шоир ҳар бир парчани ўз ақли, тафаккури, инсоний ва ахлоқий позициясида туриб, ўз сўзлари билан шарҳлайди. Бировлардан фикр ўғирлашга зарра эҳтиёж сезмайди. Аммо шеър, шеърият кўпроқ ақлнинг эмас, кўпроқ кўнгилнинг иши эканини эътиборга олсак, фикр устун келган жойда туйғу бир қадам бўлса ҳам орқага чекинишини тан олишимиз керак. Ақл кўнгилдан устун келган жойда шеърият заифлашади.
***
Ва ниҳоят, ўтган йили чоп этилган достонлар ичида менга энг маъқул бўлгани, менинг назаримда, бадиий жиҳатдан энг бақуввати – “Нақшбанд” достонига озроқ тўхталсам. Бу достон Эшқобил Шукур қаламига мансуб.
Бу достоннинг ҳар бир сатри ШЕЪР. Унда пишмаган, хом фикрни; теранлик изласангиз, тубига етмай ора йўлда сарсон қолган туйғуни; ўрнига тушмай, ҳар тарафга шох ташлаётган сўзни; қуруқ бўлмасин энди, деб ишлатилган енгил-елпи ташбеҳни; бировлардан ўқиб ё ўғирлаб олинган таърифни; ҳаммага маълуму машҳур талқинларни кўрмайсиз.
Достоннинг ҳар битта сатри шоирнинг юрагини ўйиб, ёриб чиққан вулқондай таассурот қолдиради. Узун матнни ўқишни ёқтирмайдиганлар унинг бир парчасидаги мағзни чақиб ўтирса ҳам олам-олам завқ ва ҳайрат олишига ишонаман.
Бу
Денгиз деворига чизилган тасвир,
Бир қултум ҳаётдай ютилган дарё. – деб ёзади шоир. Денгизнинг девори борми? Бор бўлса, унга тасвир чизиш мумкинми? Чизилса, у нима ҳақида бўларди? Чизсанг-у, уни денгиз долғалари ювиб кетмайдими? Денгиз тинмай долғаланади, демак, шунда ҳам ўчмайдиган тасвир бўлиши мумкинми? Бу тасвирни ким чизган, ё чизади? Бу, ахир, фақат, қудрат қаламининг қўлидан келадиган иш эмасми? Қудрат қаламининг соҳиби ким? Тасвирни У чизганмиди? Нега чизди? Биз унинг қошида, қаршисида юкуниб ўтирибмизми шунда?..
Ҳаётни бир қултум сув ёки ҳаводай ютиш мумкинми? Йўқ, ҳаётни эмас, дарёни бир қултум ҳаётдай ютиш мумкинми? Дарёни юта олса, демак, у жуда улкан. Ким у бу даражада улкан шахс? Бу шахс, чунки у Худо бўлиши мумкин эмас. Илло, Худо ўзи яратган нарсага муҳтож эмас. Яратилган нарсаларга фақат биз инсонларгина муҳтожмиз...
Мақтовни жуда ошириб юборяпсиз, наҳотки оддийгина, ўйламасдан ҳам қабул қиладиган мисралари бўлмаса, ҳаммаси шундай кенг ва теран маъноли бўлиши жуда қийин-ов, дея эътироз билдиргувчилар топилса, мен уларга бу достонни сатрма-сатр, мисрама-мисра ўқишни маслаҳат берган бўлардим. Тўғри, достон воқелигини улаш, сюжет бурилишларини изоҳлаш учун оддийгина дарак гап тарзида битилган ўринлар ҳам бор, албатта. Лекин уларни табиий қабул қиламиз. Улар ўқиётган кишининг тишига тегмайди. Аксинча, фикрларни, туйғуларни бир-бирига боғлашга хизмат қилади.
Бошқа шоирларда оддийгина ҳаракат, ҳолат тасвири бўлиб қоладиган жўн ўринларни ҳам Эшқобил Шукур ўта маҳорат билан чизади. Масалан, ҳазрати Нақшбанднинг пири Бобойи Самосий Ҳиндувон қишлоғидан ўтаётган пайтда кўрадиган манзаралари шундай ифода этилган:
Қари гужумларнинг хуш салқинида
Саждага бош қўяр серсут булутлар.
Қуруқшох гужумлар гуллай бошлайди,
Гуллагани каби чўбин тобутлар.
Гужум қари эди, унинг хуш соясида, яъники, паноҳида намоз ўқиса бўлади. Намозни эса оддий эмас, серсут булутлар ўқиётир. Нега булут намоз ўқийди? Чунки гужум қари, қари дарахтлар эса улкан бўлади. Бу гужум эса шу қадар улканки, осмонларда учиб юрган булутлар ҳам унинг паноҳида тин олади. Булутлар нега серсут? Чунки улар бағрида қут-барака олиб юради. Чунки сут энди туғилган тирикликнинг тимсоли. Демак, серсут булутлар янги ҳаёт бошланаётганини, оламга Нақшбанд ҳазратлари келаётганини сезаётган экан-да...
Тобутлар ҳам гуллайдими? Гул ҳаётнинг, тобут ўлимнинг рамзи эмасми? Сал теранроқ фикрласак, тушунамиз, тобутнинг гуллагани ҳам янги ҳаёт бошланаётганидан даракчи экан. Янги ҳаёт эса ҳазрати Нақшбанд жаноблари эди...
Мен бу достоннинг ҳар бир жумласини шарҳламоқчи эмасман. Юқорида қисқача айтганларим, достонни тушунишга бир калит бериш эҳтиёжини сезганим учундир. Лекин юқорида айтганларимдан достон мутлақ мукаммал экан-да, деган бир хулоса чиқишини истамас эдим. Чунки достон матнининг алоҳида қисмлари мукаммал экани унинг бир бутун ҳолида ҳам мукаммал эканини англатмайди.
Бу камчиликни Эшқобил Шукурнинг ўзи ҳам кўргани ва тан олгани менинг хулосаларимни осонлаштирмоқда. Ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд жаноблари жуда улуғ сиймо бўлган. Ўзбек адабиётидаги тасаввуф тушунчаси тўлиғича Нақшбанд ҳазратлари асос солган нақшбандия тариқатининг назарияси ва амалиётига чамбарчас боғланади. Навоий нақшбандия тариқатининг солики бўлгани, тариқатнинг пири бўлган Жомийга қўл бергани, Жомий орқали эса Хожа Аҳрори валийнинг муриди бўлганини эслаш кифоя, деб ўйлайман.
Достонда нақшбандия тариқатининг бир қоидаси – “Дил ба ёру, даст ба кор”ни (Қўлинг ишда, дилинг ёр(Аллоҳ)да бўлсин) озгина шарҳ этишга уринилган:
Бу сўзни –
Бу қуйма олтинни олмак истадим,
Ичимда маҳбус қуш руҳониятим. – Лекин Эшқобил Шукур бу борада ўзининг билими ва интилиши камлигини ошкора тан олади ва парчани шундай якунлайди:
Бу сўзга –
Дилим дарёсига етмаган каби...
Бу сўзга етмадим... Афсус... Етмадим...
Ҳолбуки, Нақшбанд ҳазратлари ҳақида ёзишга қўл урган киши бу тариқатни чуқурроқ ўрганиб, кенгроқ ёзиши мумкин эди. Эшқобил Шукурда бундай улкан масъулиятни зиммага олиш учун ирода ва амалга оширишга етарли куч бор, деб ўйлайман.
***
Адабиёт ўрганилмаса, таҳлил ва тарғиб этилмаса, керакли ўринда танқид қилинмаса, бир жойда депсиниб тураверади. Адабий долзарбликнинг қонун-қоидаларини кўрсатиб бермаганимиз учун биринчи ўғил, иккинчи ўғил деган достон қаҳрамонлари пайдо бўлди. Маддоҳлик, унинг қонун-қоидалари, чегаралари, эл-улусга, адабиётга зарари ҳақида ҳеч гапирмаган эдик, бутун бошли маддоҳлик достонлари пайдо бўлди. Ахборот замонида бадиий матн қандай бўлади, деган саволни ўртага ташламаганимиз учун шоирларимиз википедиядан ўқиб олса бўладиган ахборотларга таяниб, шеъру достон ёзиб юрибди. Адабий тафаккур ўзгаришларини тадқиқ қилмаганимиз учун ўзида мистик достон яратишга куч-қувват тополган шоиримиз ижтимоий мавзулардан нарига ўтолмай қолди. Мумтоз адабиётимизнинг бош масаласи – тасаввуфни чуқур ўрганмаганимиз учун энг кучли шоиримиз буёғига ожизман, деб тан олишга мажбур бўлди.
Ҳарҳолда, умидим борки, ёшлар биз катталар қилган хатоларни такрорламаслиги мумкин. Чунки ахборот замонида ҳаммаям калласини кераксиз маълумотга тўлдириб олаётгани йўқ, озчилик бўлсаям унинг имкониятларидан фойдаланиб, керакли илмларни ўрганмоқда, деб ўйлайман.
Мусулмон НАМОЗ,
адабиётшунос
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ