Қисмат қаршисида тик Аёл


Сақлаш
13:11 / 13.11.2021 2463 1

...Гулчамбарлар қўйинг Вақтга,

Шу мангу оловда биз ёниб кетдик...

Андрей Вознесенский

 

Назаримда, буюк Леонардо да Винчи ўзининг доҳиёна асари «Мона Лиза табассуми»га ҳаётнинг асл қиёфасини сингдирган. Бир қарасанг, табассум – бахт – ишонч, яна бир қарасанг, ўкинч – кемтиклик – истеҳзо... Бироқ аёлга виқор бахш этиб турган сир – унинг табассуми ортидан сизиб чиқаётган маъюс нур. Асарнинг бутун тилсими ана шунда… Бетакрор санъаткор Римма Аҳмедова ҳам нафақат камёб истеъдоди, балки чўнг муҳаббати ва қалб азобларини-да одамлар қалбига муҳрлаб кетди.
 

 

Римма Аҳмедова 1942 йил 4 августда Тошкентда туғилган. 1962 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат) институтини тугатгач, йўлланма билан Ҳамза номидаги Ўзбек давлат (ҳозирги Миллий) академик драма театрига ишга келган. Дубляждаги фаолиятини ҳам 1962 йили бошлаган. «Уруш ва тинчлик» (Наташа Ростова), «Маугли» (қоплон Багира), «Сангам» (Радҳа), «Иф қалъасининг маҳбуси» (Мерседес), «Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради» (актриса Нина), «Қайнона» (Офат), «Инсон қалби ҳақида қисса» (шоира аёл), «Ишдаги ишқ» (Ольга Рижова), «Садоқат» (Бандана) каби фильмлардаги ишлар актёрлик санъатига хос «амплуа» тушунчаси унинг ижодига мутлақо ёт эканини кўрсатади. Актриса «Ой бориб, омон қайт», «Даллол», «Юзсиз», «Шўрпешоналар», «Ўғри ҳам одам», «Бомба», «Тушлар сотувчиси» каби бадиий фильмларда катта-кичик ролларни ўйнаган. 1987 йилдан 1992 йилгача Аброр Ҳидоятов номидаги (ҳозирги Ўзбек давлат) драма театрида ишлади. Унинг санъатдаги фаолияти кутилмаган дард туфайли 1997 йилнинг май ойида тўхтаган. 2006 йилнинг 13 ноябрида вафот этди.

 

 

Дилором Каримова,

актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

 – Римма опа дунёга келганида отаси Ашур ака фронтда бўлган. Эҳтимол, у ўшандаёқ ўққа учиб ҳаётдан кўз юмгандир... Анор хола ўғлини жуда узоқ кутган. Орадан ўн бир йил ўтгач, келини Александрага: «Қизим, ёшсан, энди ўғлим келмаса керак, мен розиман», деб рухсат беради. Ирисой (оиладаги исми) бувининг қўлида қолади.

 

Римма Аҳмедова хотираларидан:

«Кинотеатрга фақат уруш ҳақидаги киноларни кўриш учун борардим. Экрандан отамни, суратдаги отамга ўхшаш одамни излардим... Менинг бу одатимга бувим ҳам ишониб, умид билан оғзимга тикилардилар. Ҳатто бир неча марта хатлар ҳам ёзганман. Кутаман, кутаман... ҳеч қанақа жавоб бўлмасди. Ҳар гал ўзимча пўписа қилиб: «Дада, бу охиргиси...» деб якунлардим хатни. Кейин, ҳайрон қолардим, қўшнилар мени кўрди дегунча «Ашурнинг қизимисан?» деб йиғлаб, юз-кўзларимдан ўпиб, қўлимга қуртми, қандми беришарди. «Нега бунақа қилишади?» деб онамдан сўраганимда айтган эди: «Даданг юк машинаси ҳайдарди. Қўшнилар учун текинга ўтин-кўмир олиб келиб ташларди. Уруш бошланган. Одамлар тушкун кайфиятда. Бироз бўлса ҳам кўнгилларни кўтариш учун қўшниларни уйга чақирарди-да, дутор чертиб қўшиқ айтарди». Дадам урушга ҳам кўнгиллилар сафида жўнаган эканлар. Яна хафа бўлганман, демак, бизни ўз ихтиёрлари билан ташлаб кетган эканлар-да, деб.

 

Онамни кўргим келарди, борсам-у, бағрида бир неча кун ётиб келсам. Лекин ойи(буви)м ёлғиз ўзимни ҳеч қўймасдилар. Бирга бориб, яна бирга қайтардик. «Ўгай ота қовоғини уйиб, боламнинг дилини оғритмасин», деган ўй билан мени аяганлар. Бир кун дона-дона қилиб тушунтирдилар ҳам: «Ирис, чироғим, онангни энди ўз ҳаёти, оиласи, болалари бор. У қанча тинч яшаса, сен билан менга шунча яхши. Ҳадеб боравериб, халал берма». Шундан кейин тинчиб қолдим. Лекин онам ҳам кўп яшамади. Йигирма ёшимда аввал бувим, йигирма кундан кейин – 16 январда онам вафот этди. Ўғлим шу санада туғилади, деб ҳеч ўйламагандим. Моcквага кетиш олдидан Баҳодир дўхтирларнинг тахминини айтганида, «Хавотир олманг, кўзим бу кунда ёриши мумкин эмас!» деганман. Труппа 1979 йил январь ойи ўрталарида «Рўйхатларда йўқ» спектакли билан Москвага кетганди. Учинчи кун уларни кутиб олгани аэропортга чиққан Мирғиёс акам (М.Мирсоатов – И.Қ.) «Баҳодир, суюнчи бер, ўғил кўрдинг. Тўрт кило!» деган қувониб. Ўшанда деразадан қарасам, Баҳодирнинг кўзларидан дув-дув ёш оқарди.

 

Мана, йигирма беш йилдирки, бу санани хотира куни сифатидагина эмас, ҳаётимнинг қувончли айёми деб ҳам нишонлаб келяпман (суҳбатимиз 2004 йили бўлиб ўтган – И.Қ.). Онам вафот этганида, черковдаги маросимга кира олмаганман. «Онанг бўлади-ку!» деб айтишган... Лекин ичимдаги нимадир черков остонасига қадам босишимга кескин қаршилик қилган... Онамнинг хотираси мени кечирсин-у, касал бўлганимда, тушкунликка берилганимда тушларимга бувим кирадилар... Жовдираб турган кўм-кўк кўзларини мендан ҳеч узолмаётгандек…»

 

Дилором Каримова:

– Шундай дамлар бўлган эканки, Римма опа талабалигида Анор хола бошига оқ дока рўмолни ташлаганча институтга йўл оларкан. «Ирис, нима қиляпти?» деб аудитория деразасидан мўраларкан. Ёшлик-да, Римма опа «дока рўмол ёпинган» бувининг бу ишидан уялади: «Вой, ойи, нимага келасиз? Уйга боринг, ахир, мен шу ердаман». Шўрлик кампир: «Майли, майли, болам, энди шу… бир кўриб кетай деб келдим-да», дея букчайганча яна изига қайтаркан... Римма опа доим нега бувимни койиганман, нега унинг меҳри менга малол келган, деб куюнарди. Айниқса, касаллик исканжасида юрган кезлари бувининг муҳаббати жуда ҳам нотинч қиларди. Бу меҳрга вақтида жавоб беролмагани учун ўзини айбдор сезарди.

 

У дунёга ҳассос қалб билан боқарди. Овоз эса мана шу шоирона қалбдан садо бериб турарди. Бахтли дамлари бўлди, ташвишлари ҳам етарлича эди, алданишларни кўрди... Узоқ йил дард чекди. Театрни севарди, лекин у ҳам оғриғига айланди. Бертольд Брехтнинг «Мамаша Кураж» асари билан Алехандро Касонанинг «Дарахтлар тик туриб жон беради» пьесаси унинг дарди бўлиб қолди. Ўтириб-ўтириб айтарди: «Дилором, умрим шунақа якунланади, деб сира ўйламасдим-а... Наҳотки, шу мен бўлсам!» Ақлига ҳеч сиғдира олмасди... Биласизми, оғир пайтларда ҳам қалб ўзгармади. Кўпинча мана шундай вақтларда ички оламда эврилиш юз беради. Одам аламзада бўлиб кетади. Нигоҳ эса қаҳрланади, қаттиқ тошга айланади... Римма опа, аксинча, файласуф бўлиб қолди. Унга аёвсиз муносабатда бўлган ҳаётдан миннатдор хайрлашди. Ўзига ғам келтирган одамларни кечирди. Қизиғи, мана шу қалбни одамлар сезаркан, у ҳаётлигидаёқ соғинчга айланганди... Санъатда эса ҳеч ким эгаллаши мумкин бўлмаган ўрнига эга эди.

 

Фақат мени эмас, у билан суҳбатдош бўлишни, гаплашгиси келган ҳамма одамларни қабул қиларди. Юрак-юрагидан сизиб чиқадиган овоз билан маслаҳат бериб, дардкашингга айланарди. Мен ҳам шундай бахтга муяссар бўлганлардан бириман. Суҳбатлашдим, дардлашдим, ўзгардим... Кечиримли бўлишни ўргандим. Унинг даврасида «Фалончи ундай қилибди, пистончи эса бундай дебди...» қабилидаги маҳалланинг «чордона» гапларидан бўлмасди. Буткул бошқа бир муҳитга тушиб қолардинг. Фақат кўрган ажойиб фильм ё спектакль, ўқиган китобларимиз ва эшитган қўшиқларимизнинг таассуротларини бўлишардик.

 

Кўпчилик актёрлар, жумладан, Шукур Бурҳонов ҳам салбий роль ўйнашни хоҳламасди. Негаки, бунда томошабиннинг актёрга нисбатан муносабати ўзгариши мумкин. Бироқ Римма опа ўйнарди. Ёмон одам қиёфасига шу қадар нозик ёндашардики, томошабинда ўша қаҳрамонга нисбатан салбий фикр уйғонмасди. Чунки у ҳар қандай тубанлик ичидан ҳам инсоний дардни илғарди. Жумладан, Хонзода («Бой ила хизматчи»), Мастура сатанг («Паранжи сирлари»), ичувчи аёл («Алдагани хотин яхши») каби қаҳрамонларнинг ички драмасини кўрсатиб, бу аёлларни шу кўйга келтирган жараённи чиқариб берган.

 

Эсласангиз, Ҳанс Христиан Андерсеннинг бир эртаги бор. Ўгай она қизнинг кўксига жодуланган қурбақани қўяди, шундай жирканч аҳволга келсин деб. Лекин қизнинг тийнати шу қадар тоза, чиройлики, ундан чиқаётган нурдан қурбақа атиргулга айланиб қолади... Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қанақанги роль ижро этиши ёки гоҳ-гоҳида оғзидан жаргон сўзу аскиянамо латифа чиқиб кетгудек бўлса ҳам, ҳеч хунук, яланғоч жумлага айланмасди. «Алдагани хотин яхши»даги қаҳрамони – тақдири издан чиққан суюқоёқ. Дублёрининг ижроси томошабинни ижирғантирарди, чунки ғирт ўшанақа хотиннинг қиёфаси чиққан. Лекин Римма Аҳмедова тамомила бошқача ракурсда ўйнади, шу қадар шўх-шаън, кулгили бир тимсол яратди. Зал актрисанинг дастлабки репликалариниёқ жуда катта олқиш, кулгу билан қабул қиларди. Кўйлагининг ёқаси қийшайган, лаблар қип-қизил, дўмбоқ, ширингина сархуш аёл...

 

Римма Аҳмедова хотираларидан:

«Гарчи томошабинлар кулиб қаршиласа-да, ўзимнинг ўзимга – қаҳрамонимга хўрлигим келадиган бир жойи бор эди. Мен «алданган аёл»нинг эрига – Ёдгорга тикилиб тураман-да, «Битта ўпай!» дейман. Бу ҳолат юзаки қараганда давру даврони ўтиб қолган фоҳишанинг одатдаги бир қилиғи бўлиб туюлади. Лекин аслида-чи? Биласизми, менинг қаҳрамоним бу оила тимсолида ҳеч қачон ўзида бўлмаган бахтни – тозаликни кўради. Ўзининг ўтмиши абгор, бугуни эса қизи «ишлаб» топган пул эвазига ичиш билан ўтяпти. Бу ўпич «ичилиб кетган» умр учун бир афсус, яшалмай қолган ҳаёт қаршисидаги бир тазарру, ўзининг нақадар бахтсизлиги англанган лаҳза. Қолаверса, аёл ҳиссиётларининг бирдан-бир энг соф ифодаси эди. Доимо орзу қилардим: томошабин оғзимдан чиқаётган сўзни эмас (чунки у драматургники), мана шу сўз ортидаги менинг юрагимни тингласа, айни чоғда ўзимдан қанақа ҳиссиётларни, ўйларни кечиряпман – шуни тушунса...» (Дастлаб Ўзбек давлат драма театрида саҳналаштирилган бу асар кейинроқ Миллий театрда ҳам қўйилади ва айнан ўша роль учун актрисани таклиф қилишади. У рад этади. Спектаклнинг «иккинчи умр»ини «Порядочный одамнинг иши эмас!» дея баҳолайди. «Чунки у биринчи талқиннинг айнан ўзгинаси, режиссёрнинг ҳеч қанақа нуқтаи назари йўқ эди. Афишага катта-катта қилиб: «Постановкачи режиссёр – Фалончи Фалончиев» деб ёзиш уят! Ҳеч қурса, Аброр Ҳидоятов номидаги театрда саҳналаштирган москвалик режиссёрнинг номини ҳам ёзиб қўйиши керак эди... Ижодий ҳамкорлари – дўстларининг ғояларини, топилмаларини суиистеъмол қилди», деб ҳамкасбидан ранжиганди – И.Қ.).

 

Дилором Каримова:

– Мастура қанчадан-қанча қизларни жувонмарг қилиб юборган образ. Бу ролни ўзбек саҳнасига Лутфихоним Саримсоқова, Марям Ёқубова каби забардаст актрисалар чапани, шаддод, ҳақиқий сатанг аёл сифатида чиқаришган. Римма Аҳмедова ўша салбий қаҳрамонни интеллектуал-психологик образга айлантириб, бир поғона юқорига кўтарди. Ҳар бир паузанинг юки сўздан кам эмасди. Умри ўйинқароқлик билан ўтаётган, қўшмачилик қилиб пул топаётган аёлнинг ички дунёси шу қадар фожиалики, буни фақат Римма Аҳмедова ижросида кўриш мумкин эди. Ундаги борлиқ «қурбақани ҳам гулга айлантира оларди»... Чунки ҳар қандай салбий қаҳрамон ё юморга, ё трагедияга яқин драмага айланарди...

 

Бу аёлнинг маъюс нигоҳида ўзини қурбон қилиш даражасидаги муҳаббатни кўрардинг. Муҳаббат ва маъюслик овозга ҳам сизиб чиққанди. Қиёфаси ҳам, шахсияти ҳам буюк рассом Рафаэль Сантининг инсонга чексиз муҳаббат руҳи билан суғорилган «Сикстин Мадоннаси»ни эслатарди... Она боласини қурбонликка олиб келяпти, олдинда нималар кутаётганини била туриб, жигарбандининг қўлида авайлаб ушлаганча ҚИСМАТ қўлига топширяпти... Муҳаббати фожиали тугашини билган одамнинг кўзлари. Ҳар қанча хушчақчақ бўлмасин, кўзлар маъюслигича қолаверарди. Туйғулари кўзида жамланган бунақа одамни жуда кам кўрганман.

 

Эслайман, ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошлари... Муҳаббатга ғарқ бўлган нигоҳлар атрофни мутлақ кўрмас, шивир-шивирларни назарига илмас эди. Ишонасизми, мен бу кўзларда ҳеч қачон ҳирс кўрмаганман, ҳатто муҳаббат энг юқори чўққисига чиққан дамларда ҳам. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди-да, ўшанда кимлардир аниқ бир манфаат – роль учун режиссёрга интилиш деб тушунди, яна кимлардир буткул бошқача айбни тўнкади. Ёлғизланиб қолганди. Кўзлари фақат Баҳодирга тикилган эди... Менинг кўзларим эса Римма опага... Аҳён-аҳёнда чимирилган қошларга ҳам қараб қўяман...

 

«У ўзи учун яшашга улгурмади, эрта кетди» каби гап-сўзлар қулоққа чалинади. Бекор гап! Агар у саксон-тўқсонга кирганида ҳам, ҳеч нарса ўзгармасди. Римма Аҳмедова бошқаларнинг бахти учун туғилган эди. Аксар ҳолларда эри режиссёр бўлган актрисалар театр репертуарини ўзининг сиёсатига бўйсундиради. Кинода ҳам Жульетта Мадзини ёки Инна Чурикова каби актрисаларнинг муваффақиятини Федерико Феллини ва Глеб Панфиловсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ Римма опа ҳеч қачон «режиссёрнинг хотини» мақомини эгалламаган. У учун биринчи ўринда Баҳодирнинг манфаатлари турарди. Жараёнлардан ўзини четга оларди. Труппада фақат оналик ролини ўйнарди. Актёрлар дардини, сирини Римма опага ёрарди. Отани чалғитмаслик, уни аяш учун «бола»ларининг майда-чуйда гапларини етказмас, ўз навбатида, уларнинг ҳам кўнглини ўкситмай, силаб-сийпалаб ярасига малҳам изларди. Ҳақиқий Тереза она эди. Театр тарихида бунақаси кам. Албатта, бу «роль» уни руҳан толиқтирарди... Жамоадаги мувозанатни ушлаб туришда опанинг авторитети ҳам катта роль ўйнарди. Сўзи ўзига мос тушадиган яхлит одам эди, нотаси тугал мусиқий асарни эслатарди у.

 

Умрининг сўнгги йили... Оғир бетоб. Ўзини бироз яхши сезди дегунча, фарзандларимни безовта қилмай деб, исм-фамилияси, уй манзили, телефон рақами ёзилган қоғозчани енгига қистириб, ҳеч кимга билдирмай бозорга чиқиб кетарди... Болалар уйғонганда ҳамма нарса тайёр турарди.

 

Жаҳонгир Қосимов,

режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

– Илк ишим «Олтин ва муҳаббат» (О`Генри ҳикояси асосида, 1987 йил) теленовелласида Римма Аҳмедова зодагон аёл ролини ўйнаган. Йўқ, у шунчаки ўйнамасди, образни ҳис этарди. Ҳолатдан ҳолатга ўтиш жараёни ниҳоятда табиий кечарди. Аслида ҳам, зодагонлик, оқсуяклик Римма опанинг табиатида бор эди. Ҳар нарсани ўзига эп кўравермасди. Мана шу ички аслзодалик қиёфасида ҳам акс этганди. Энг муҳими, актриса режиссёр кимлигини, режиссура нималигини жуда теран тушунарди. Шу боис кейинги ишим «Шўрпешоналар» қисқа метражли фильмида ҳам ҳеч қийналмадик. Қайтанга, ёш актёрларнинг тилини топишимда менга кўмаклашарди. Бирор маслаҳат бермоқчи бўлса, «Жаҳонгир, бунақа эмас...» дея атрофдагиларга овоза қилмай, ўзимга секингина шивирлаб айтарди...

 

Негадир кинода кам ўйнади. Лекин театрдаги ижодидан келиб чиқиб ишонч билан айтаманки, уни ҳеч бир актриса билан солиштириб бўлмайди. У битта эди. Нафақат овоз, балки ҳаракат, мимика, нигоҳ билан бутун ҳолатни ифодалаб бера оларди. Ички имкониятларининг тоши оғир эди. Баҳодир Йўлдошев репетицияларини кузатиб юрган дамларимда Римма опага нафақат актриса, инсон сифатида ҳам ҳурматим ошган. Жуда иродали эди: ўринли-ўринсиз танбеҳлар эшитса, юзига сезилар-сезилмас қизиллик югургандек бўларди-ю, ҳеч қанақа реакция кўрсатмасди. Эркакларни ҳам доғда қолдирадиган даражада кучли характерли, қатъиятли эди. Ўйнамайман, қилмайман, дедими, иккинчи марта уриниш бефойда. Бир фикрга келгандан кейин ортга қайтариб бўлмасди... Ундан мужмал гап чиқмасди.

 

Бир кун келиб, саҳнага қўярман деган умидда «Дарахтлар тик туриб жон беради» асарини тишининг кавагида асраб юрган экан. Тақдир қаршисида тик турган Аёлнинг драмасини сезиб, драматургияни тўлиқ идрок қилганига қойил қоламан. Кейинчалик бетоблик пайтлари: «Мен энди саҳнага қайтолмасам керак, шуни қўйинглар...» дея асарни Яйра Абдуллаевага берган экан. Тақдимотга келганда йиғлаб-йиғлаб кетган...

 

2006 йил. Хазонрезги фаслнинг ғира-шира тонги. Чиғатой қабристони. Она замин яна бир фарзандига ҳомиладор... Волида хоки зиёрат этилгач, фарзандлар оталари Баҳодир Йўлдошевнинг ортидан эргашди. У чуқур ўйга чўмган кўйи Саида Зуннунованинг қабр тошидаги битикни ўқирди:

 

Одамлар, қадрланг бир-бирингизни,

Гул ҳам, муҳаббат ҳам тирикка керак...

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА

 

«JannatMakon» журнали, 2011 йил 5-сон

1 Изоҳ

Сулаймонова Нодирахон

06:01 / 01.01.1970

Муаллифга омад. Мазза қилиб ўқидим. Римма Аҳмедованинг овозини ҳамма севса керак. Унинг "Келинлар қўзғалони" спектаклидаги роли, кинолардаги овози ўзига қўйилган ҳайкал. Охиратлари обод бўлсин илохим.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси