Амир Темур тарихи ёритилган аксар манбаларда саркарданинг зафарли юришлари, даврнинг сиёсий манзаралари билан бирга қисман этник маълумотлар ҳам учрайди. Масалан, форсий манбаларда Мовароуннаҳр аҳолисининг умумий сони, гуруҳларга бўлиниши тўғрисида маълумотлар келтирилмаган. Аммо, тарихий воқеалар баёнида этносларнинг номи, яшаган ҳудуди, етакчилари, кўчирилган ёки кўчиб ўтган ҳудудлари тўғрисида қайдлар мавжуд. Манбаларда айнан бирор этник гуруҳ хусусида тўғридан-тўғри маълумот (сулдузлар тумани, жалойирлар жойлашуви ва бошқ.) берилса, аксарият ҳолларда шахс исмлари билан бирга келтирилади (амир Муайяд арлот, амир Баён сулдуз каби).
Ғиёсиддин Али Яздий асарида ўнга яқин, Низомиддин Шомий ва Муиниддин Натанзийларда йигирмага яқин, Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сида эса ўттиздан ортиқ Мовароуннаҳр билан боғлиқ этнонимлар санаб ўтилган. Шунингдек, темурийлар даврида яратилган яна бир қанча форсий манбаларда Амир Темур давридаги этник ҳолат хусусида маълумотлар мавжуд.
Темур даври ёритилган форсий манбаларнинг аксариятида ҳарбий-сиёсий жараёнларда арлот, сулдуз, барлос, жалойир, найман, керойит, арканут, қанғли, қавчин, дуғлот, нукуз, қипчоқ, тойжиют (тойжиут), апардий, қўнғирот, макрит, манғит, баҳрин, қишлиқ, арғун, тағочи, ахтачи, ўйрот, қиёт, қутчи (қуччи, қушчи), қозоқ, туркман, уйғур, турк, тожик (тозик), мўғул, ясовур, хазора, некудар, араб, қора татар, татар каби этнонимлар кўп бор эслатилган. Шунингдек, баъзи ўринларда аҳолига нисбатан жой номини қўллаш ҳоллари ҳам учрайди. Масалан: самарқандлик, хоразмлик каби.
Форсий манбаларда Мовароуннаҳр аҳолисининг асоси турку тожик ибораси билан эслатилади. Бу ном баъзи ўринларда фақат ўтроқ аҳолига нисбатан қўлланган. Шунингдек, турку тожик сўзи мўғулу тожик шаклида ҳам алмашиб келган. Муиниддин Натанзий амир Ҳусайннинг мағлуб этилиши воқеалари баёнида «барча амирлар ва қолган мўғулу тозик амир Ҳусайндан дилгир бўлди», деган маълумотни келтиради. Бу ерда ХIV аср 60-70 йилларида минтақа ҳарбий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган амирлар ва уларнинг қўшини назарда тутилган. Қўшиндаги аскарлар туркий ёки мўғул этник келиб чиқишга эга бўлишидан қатъий назар, мўғул этноними билан ифодаланган. Шунингдек, манбаларда турк, тожик, мўғул этнонимлари алоҳида қўлланган ҳолатлар ҳам кўп.
Турк этноними манбаларда кенг ва тор маъноларда келтирилган. Тор маънода бирор қабиланинг этник келиб чиқишини ифодаласа, кенг маънода халққа ёки қўшинга нисбатан умумий ном сифатида қўлланган.
Тожиклар (тозик шаклида ҳам учрайди) Мовароуннаҳрнинг асосий аҳолиси сифатида минтақанинг турли ҳудудларида, жумладан, Бухоро ва Самарқандда туркий аҳоли билан ёнма-ён истиқомат қилган. Амир Темур қўшинининг асосини туркий ва мўғул халқлари ташкил этгани, тожиклардан ҳам алоҳида бўлинмалар тузилиб, «Лашкари тожик» деб номлангани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Шунингдек, соҳибқироннинг тожиклардан махсус айғоқчилари бўлгани ва улар қўшни давлатлардаги ҳарбий-сиёсий вазият хусусида маълумот бериб тургани «Зафарнома»да эслатилади.
Баъзан бирор шаҳар аҳолисига ёки қўшинга нисбатан бир этнос номи қўлланган Хусусан, Сарбадорлар жангида Самарқанд халқи «тожик» этноними билан ифодаланган. Яздий Амир Ҳусайн Бухорога бостириб кирганда шаҳар халқига нисбатан «тожик эли» атамасини ишлатган. Ўз навбатида унинг қўшини қораунас эли, қароунас чериги иборалари билан ифодаланган. Бу шаҳар ёки қўшинда ўша этноснинг кўпчиликни ташкил этиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Бу даврда Фарғона, Тошкент ва Хоразм аҳолисининг катта қисми сарт деб аталган. Сарт этник ном бўлмай, муқим яшовчи аҳолининг йиғинди номи бўлган. В.В.Бартолдга кўра, сарт атамаси тожик маъносини беради. Аммо сартларнинг бир қисмининг келиб чиқиши турклашган суғдийлар бўлган. Ўрта Осиёдан шарқий ўлкаларга савдо учун борганлар этник мансублигидан қатъий назар сартлар деб аталган. Маҳмуд Қошғарий сарт атамасини «савдогар» маъносида изоҳлаган. Бобур «форс-тожик тилида сўзлашувчи халқлар сартлардир», дейди. Демак, сарт атамасини бир халққа тегишли деб бўлмайди. Умумий маънода сарт – ўтроқ яшаб, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик билан шуғулланган тожик ва туркийларга қўлланилган, дейиш мумкин.
Юқорида айтилганидек, форсий манбаларда арлот, сулдуз, барлос, жалойир, найман, керойит, арканут, қанғли, қавчин, дуғлот, нукуз, қипчоқ, тойжиют, апардий, қўнғирот, макрит, манғит, баҳрин, арғун, ўйрот, уйғур, турк, тожик, мўғул, ясовур, хазора, некудар ва бошқа этнонимлар кўп бор тилга олинган. Бу давр ижтимоий, сиёсий ҳаётида фаол этнослардан бири – арлотлар эди. Арлотлар асосан, Сурхондарё вилоятининг жануби, Термиз атрофлари ва Афғонистоннинг шимолий минтақаларида яшаган. «Тарихи Рашидий»да айтилишича, арлотларнинг бир гуруҳи Хоразмда ҳам бўлиб, етакчилари ака-ука Туркан ва Турмиш арлотлар 1376 йилда Сўфилар қўшини таркибида Амир Темурга қарши жангларда иштирок этган. Кейинчалик арлотларнинг аксарияти Амир Темурга сидқидилдан хизмат қилган. Соҳибқироннинг опаси Ширинбека оға ва амир Муайяд арлотнинг турмуш қургани (улардан амирзода Али арлот туғилган) икки ўртадаги муносабатларни янада илиқлаштирган.
Амир Темур саркардалари орасида ҳам арлотлар талайгина эди. Хусусан, Тилончи арлот мўғулларга қарши жангларда қанбулни бошқарган, Саййид Али арлот Шаки вилояти (Эрон)нинг доруғаси бўлган.
Апардийлар ҳам Амир Темур давридаги фаол этник гуруҳлардан бири эди. «Зафарнома»да айтилишича, апардийлар найманлар таркибига кирувчи этник гуруҳ бўлиб, кўпчиликни ташкил этган. ХIV аср 50 йиллар охирида Муҳаммад Хожа апардий Шибирғонни, Ўлжойту апардий Хутталонни даъво қилиб чиқиши уларнинг катта кучга эга эканидан далолат беради. Апардийлар кейинчалик, Амир Темур ҳокимиятини тан олиб, Зинда Чашм апардий, Хожа Али Юсуф апардий ва бошқалар унга хизмат қилган.
Бу даврда энг фаол этник гуруҳлардан бири барлослар бўлиб, уларнинг ижтимоий, сиёсий фаоллиги мўғуллар давридан бошланган. Манбаларда – асосан, насабномалар («Муизз ал-ансоб», «Тўрт улус тарихи») ва Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафанома» асарида барлосларнинг генезиси Чингизхоннинг улуғ момоси Алан Қувага олиб бориб тақалади. Унга кўра, Алан Қува наслидан Қобулхон даврида Қочулининг ўғли Эрдамчига «барлос» лақаби берилади. Шундан кейин унинг наслидан бўлганлар барлослар деб юритилган.
Барлосларнинг ҳарбий-сиёсий ҳаётда бир қадар фаоллашуви Амир Темурнинг ҳокимиятга келиши билан бевосита боғлиқ. Улар мўғуллар даврида ҳам етакчи қабила сифатида Мовароуннаҳр бошқарувида алоҳида ўрин тутган. Барлослар ХIV аср 60-70 йилларидан янада кучайган. Бу даврда улар Қашқа воҳасида яшаб, воҳани бошқариб келган. Хусусан, воҳанинг юқори қисми –Кешда Ҳожи Барлос, қуйи қисми – Қаршида Жоку Барлос ҳокимлик қилган.
Барлослар Амир Темур Мовароуннаҳр ҳокимиятига келгунига қадар асосан Қашқа воҳасида яшаган бўлса, ХIV аср сўнгги чораги ва ХV аср давомида уларнинг турли ҳудудларга ёйилгани кузатилади. Бу мамлакат бошқаруви ва ҳарбий ҳаракатлар билан бевосита боғлиқ. Ўз-ўзидан Амир Темур саркардалари ва мулозимлари орасида барлослар кўпчиликни ташкил этган. Бирор ҳудудга қўшин тортиш лозим бўлса, саркардалар орасида, албатта, барлос амирлари ҳам бўлган. Шунингдек, Амир Темур фарзандлари ёки набираларини бирор вилоятга ҳоким қилиб жўнатса, ёнига барлослардан ишончли бекларни ҳам қўшиб юборган. Натижада, мўғуллар даврида Қашқа воҳасида уюшиб яшаган барлослар Мовароуннаҳр, Хуросон, Қобул, Кашмир, Ҳиндистон, Эрон каби Амир Темур назорат ўрнатган сарҳадларга ёйилган. Маълумки, бирор амир ёки бек шаҳзодаларга мулозим сифатида бошқа ҳудудга юборилса, ўз навбатида унинг оиласи, яқин қариндошлари ва қарамоғидаги қавмдошлари ҳам у билан бирга кўчган. Шу боис, улар борган ҳудудда ҳам шу қавмнинг гуруҳлари пайдо бўлган. Бу бир жиҳатдан йирик қабиланинг парчаланиб, қисқа фурсатда маҳаллий аҳоли билан қоришиб кетишига сабаб бўлган.
Амир Темурнинг барлослардан бўлган саркарда ва мулозимларининг бир қанчасини қуйида санаб ўтамиз: Сулаймон барлос, Жоку барлос ва Ҳиндука барлос, Идигу барлос (Ҳожи Барлоснинг укаси), Нурмалик барлос, Тўкал Ёдгор барлос, Туғлуқ Ҳожа барлос (булар Мисрга қарши юришда иштирок этган), Жаҳонгир барлос, Жалолиддин барлос, Тўкал барлос, Султон барлос, Давлат Хожаи барлос, Юсуф барлос (булар Анқара жангида қатнашган), Баҳлул барлос (Гилон юришида иштирок этган), Сиддиқ барлос, амир Ҳусайн барлос, Ғиёсиддин барлос (у Кермон доруғаси бўлиб, Идигу барлоснинг ўғли, Жоку барлоснинг акаси эди), Нурмалик барлос, Ёдгор барлос, Жаҳоншоҳ барлос, Жуғом барлос ва бошқалар.
Амир Темур барлосларни нафақат темурийларга мулозиму саркарда қилиб тайинлаган, балки уларга маълум ҳудудларни суюрғол шаклидаям берган. Масалан, Мурод барлос ибн Чўғом барлосга – Балх, Идигу барлоснинг ўғли Муҳаммад Дарвеш ва Ҳожи Барлоснинг набираси Али Дарвешга – Хурошани (Хуросон яқинида жойлашган қишлоқ), Сайфал барлосга – Қандаҳорни, Али барлосга – Хутталонни.
Бу даврдаги фаол этнослардан яна бири баҳрин (борин)лар бўлиб, улар Чиғатой улуси сиёсий ҳаётида етакчи ҳисобланган. Чиғатой улуси иккига бўлингач, баҳринларнинг аксарияти шарқий улус (Мўғулистон)да қолган. Хусусан, Туғлуқ Темур қўшинида баҳринларнинг махсус гуруҳлари бўлган. Мирзо Ҳайдар 1365 йилги «Лой жанги»да мўғул хони Илёсхожанинг Думаса ва Чанпу баҳрин исмли саркардалари ҳалок бўлганини ёзади. Шарқий улусдаги баҳринлар Дўландан 3 кунлик йўлда жойлашган Уруқтомда яшаган. Улар шарқий Чиғатой улусида етакчи мавқега эга бўлиб, мўғул хонларига ҳам хавф солган. Амир Темур қўшинида ҳам баҳринларнинг алоҳида гуруҳлари бўлган. Шомийнинг «Зафарнома»сида борин қабиласидан Тумса ва Жамродий исмли амирлар тилга олинади.
Амир Қазағаннинг куёви Қутлуғ Темур бу даврдаги яна бир этник гуруҳ – бурулдой (булдой)ларга мансуб бўлган. Бурулдойлар асосан Қундуз ва унинг атрофларида яшаган. Амир Темур ва амир Ҳусайн бурулдой элини тўплаб, улар ёрдамида Бадахшонга юриш қилади. 1390 йил Амир Жаҳоншоҳ бурулдой, таллиқон ва апардий черики билан Қундуздан Амир Темур олдига йўл олади. Аммо йўлда бурулдой эли душман йўлига ўтади. Бурулдойлар Амир Темурга бир неча бор душманлик қилгани манбаларда эслатилади. Жумладан, тойжовутлардан амир Мусобекнинг ўғли Муҳаммадбек Мирка (У Амир Темурнинг қизи Оға бегимга уйланган) бурулдой эли билан бирга Амир Темурга хиёнат қилади. Оқибат исёнчилар соҳибқирон томонидан жазога тортилади.
Амир Темурнинг Дашти Қипчоқ ва Хоразмга қилинган юришлари олдидан қўшиндаги ака-ука Жунайд ва Боязид бурулдой исмли амирлар бошчилигидаги бурулдойлар исён кўтаришади. Улар соҳибқироннинг бу юришига қатнашишдан бош тортади. Шундан сўнг Амир Темур уларни таъқиб остига олади ва жазолайди. Бурулдой амирлари Пирмуҳаммад Мирзонинг ўртага тушиши билан омон қолдирилади. Шундан сўнг, Жунайд ва Боязид бурулдойлар Пирмуҳаммад Мирзо хизматига ўтади.
ХIV–ХV асрларда Мовароуннаҳрда яшаган этнослардан бири – дуғлотларнинг Фарғона, Самарқанд, Қоратегин, Ҳисор ва бошқа вилоятларда тарқоқ ҳолда яшагани «Бобурнома»да эслатилган. Манбада ёзилишича, Ҳисор дуғлотлари Бобурга беғараз хизмат қилган.
Чиғатой ўз мулкини тақсимлаганда, Манглай Субани (Кунгай тараф) амир Буложи дуғлотнинг бобоси амир Уртубуга беради. Манглай Субага Қошғар ҳамда Хўтан ҳудудлари кирган ва у Шош, Чалиш, Иссиқкўл ва Сариқ уйғурлар билан чегараланган. Шарқий Чиғатой улуси анъаналарига кўра, улус оқсоқоллиги дуғлотларга берилган. Мирзо Ҳайдарнинг ёзишича, амир Худойдод дуғлот Хизр Хожахондан Увайсхонгача бўлган олти мўғул хонини тахтга чиқарган ва улусбеги вазифасини бажарган. «Тарихи Рашидий»да ёзилишича, мўғул хонлари дуғлотларга ўн иккита имтиёз берган, аммо бу тўғрида бошқа бирон-бир манбада маълумот учрамайди.
Дуғлотлар Амир Темур давлатида ҳам муҳим давлат ва ҳарбий амалларни эгаллаган. Хусусан, Амир Темурнинг опаси Қутлуғ Туркон оғанинг эри – амир Довудбек Мовароуннаҳрдаги дуғлотларнинг йирик амирларидан эди. Амир Довудбек дуғлот бошчилигидаги дуғлотлар Амир Темурнинг 1375 йил Мўғулистонга қилинган ҳарбий юришида ҳам иштирок этган. Юқоридагиларга асослансак, дуғлотларнинг бир гуруҳи Амир Темур даврида Мовароуннаҳрда ҳам истиқомат қилган.
Жалойирлар ҳам Мовароуннаҳрдаги йирик этнослардан эди. Аввалги асрда Мовароуннаҳрда ўрнашган жалойирларнинг авлодлари бу пайтда ҳам Хўжанд ва Оҳангарон водийсида яшаган. Уларга амир Боязид жалойир бошчилик қилган. Унинг Одилшоҳ, Муҳаммад Дарвиш, Али Дарвиш исмли ўғиллари бўлиб, Боязид жалойир вафотидан сўнг, Амир Темур Хўжандни уларга топширади. Аммо, улар садоқат қилмай, бир неча бор исён кўтарадилар. Хусусан, Одилшоҳ жалойир Амир Темурнинг Хоразмдалигидан фойдаланиб, Сори Буға қипчоқ билан бирга Самарқандга бостириб боради. Шундан сўнг, Амир Темур жалойир улусини бекларга бўлиб беради ва уларни гуруҳларга ажратиб, асосан, Зарафшон бўйларига кўчиради. Шу тариқа жалойирларнинг Оҳангарон ва Хўжанд улуси тарқатиб юборилади. Жалойирлар Амир Темур вафотидан сўнг яна Хўжанд ва Ўтрорда фаолият юрита бошлайди.
Мовароуннаҳрдаги жалойирларнинг бир гуруҳига Мусабек жалойир бошчилик қилган. У амир Ҳусайнга тобе бўлиб, баъзи амирлар билан бирга уни Амир Темурга қарши қўйишга кўп ҳаракат қилади. Жалойирларнинг яна бир гуруҳига бош бўлган Баҳром жалойир 1370 йили Амир Темурнинг ҳокимиятга келишида катта хизмат қилади. Амир Темур улкан хизматлари учун унга амир Ҳусайннинг катта хотини Севинч Қутлуқ оғани (Тармашириннинг қизи) хотинликка беради. Бироқ Баҳром жалойир кейинчалик садоқатсизлик қилиб, Амир Темурга қарши фитнага бош қўшади ва жазоланади. Олтин Ўрда хони Жонибекхон қўл остидаги Аҳмад жалойир бошчилигидаги жалойирлар Амир Темур билан ўзаро урушларда енгилиб, Мисрга қочади. Унинг вафотидан кейингина ортга қайтишади. Жалойирларнинг шу каби садоқатсизликлари туфайли Амир Темур уларга унчалик ишонмаган.
Маркитларнинг маълум қисми Амир Темурнинг ҳарбий юришларда ҳам иштирок этган. Хусусан, Муборакшоҳ маркит Амир Темурнинг ҳазора бекларидан эди. Шунингдек, маркитлардан иборат махсус ҳарбий бўлинма ҳам бўлиб, улар Кула ва Товус қалъаларини забт этишда жасорат кўрсатган. Натанзий Амир Темурнинг Гуржистон ва Абхоз ўлкаларига уюштирган жангларида маркит қабиласи лашкари ҳам қатнашганини ёзади. Манбаларда келтирилганларни инобатга олсак, маркитларнинг бир қисми Амир Темур даврида Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақаларда истиқомат қилганига шубҳа қолмайди.
Бу даврда Мовароуннаҳрда истиқомат қилган этнослардан яна бири манғитлар эди. Улар мўғул қабиласи бўлиб, аждодлари XIII аср бошларида Мўғулистонда яшаган. Манғитлар ХIII аср мобайнида Дашти Қипчоққа ўрнашиб, ХIII–ХIV асрларда кичик-кичик гуруҳларда Мовароуннаҳрга кириб келган. Шунингдек, ХIV аср охирларида Олтин Ўрда манғитларининг бир гуруҳи Тўхтамишхондан қочиб, Мовароуннаҳрдан паноҳ топган. Бироқ ўлкадаги манғитлар кам сонли бўлиб, уларнинг йирик гуруҳлари бу пайтда ҳам Дашти Қипчоқда кўчиб юрган.
Найманлар. Амир Қазаған вафотидан сўнг маҳаллий ҳокимлар бошбошдоқлиги кучайгач, Ҳамидхўжа найман Андхўй ва Шибирғонни қўлга киритади. Бундан найманлар ҳарбий-сиёсий ҳаётда ҳам барлос, сулдуз, жалойир каби йирик этник гуруҳлар қаторида маълум кучга эга бўлганини кўриш мумкин. Амир Темур даврида ҳам найманлар юқори давлат амалларини эгаллаган. Хусусан, соҳибқироннинг ишончли саркардаларидан бири Оқбуға баҳодир найман етакчиларидан бўлган. Юқорида айтилганидек, Мовароуннаҳрдаги найманлар таркибида апардий гуруҳи кўпчиликни ташкил этган.
Форсий манбаларда тилга олинган яна бир этнос – сулдузларнинг Чағаниён, Ҳисор водийси ва Шимолий Афғонистонда яшагани тарихий воқеалар баёнида кўринади. Мовароуннаҳрдаги сулдузларга Баён Сулдуз бошчилик қилган. У Ҳисори Шодмон сулдузлари билан бирга амир Қазағаннинг Ҳиротга юришида қатнашган. Баён Сулдуз бошчилигидаги сулдузлар Амир Қазаған вафотидан сўнг Мовароуннаҳр сиёсий ҳаётида етакчиликка эришиб, Самарқанд бошқарувини қўлга олади. ХIV аср 50 йилларида этносларнинг бошқа бир қисмига Ўлжой Буғо Сулдуз бошчилик қилган. Бу даврда сулдузларнинг яна бир қисми Сеистонда яшаган ва уларни Пир Али Сулдуз бошқарган.
Сулдузлар Амир Темур давлатида катта нуфузга эга бўлган. 1370 йил апрелда Балхда Амир Темурни оқ кийизга ўтқазиб, тахтга чиқариш маросимида Баён Сулдуз ҳам иштирок этган. Уларнинг муносабатлари қариндошлик билан боғланиб, Амир Темур унинг қизи Улус оғага уйланади. Сулдузлар Амир Темурга ҳар доим ҳам садоқатли бўлмаган. Хусусан, Баён Сулдузнинг ўғли Шайх Муҳаммад сулдуз Амир Темурга қарши уюштирилган суиқасдда иштирок этган. Бунинг учун у қатл этилиб, сулдуз тумани Оқ Темур Баҳодирга топширилади. Оқ Темур Баҳодирнинг ўғли Шайх Темур бошлиқ сулдузлар ҳам кейинчалик Амир Темурга хизмат қилган.
Сулдузлар бошқа ҳарбийлашган қабилаларга қараганда сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил қилган. Яздийнинг ёзишича, Амир Темур қўшинида уларнинг хазоралари бор эди. Сулдуз хазоралари Тўхтамиш билан бўлган Қундузча жангида (1391 йил 18 июнь), Мисрга, Дашти Қипчоққа ва Усмонийларга қарши юришларда иштирок этган.
Амир Темур даврида уйғурларнинг бир қисми Мовароуннаҳрда ҳам истиқомат қилган. Негаки, ХИВ асрнинг иккинчи ярмидаги тарихий воқеаларда улар Амир Темурга кўмак бериб, мўғулларга қарши курашган. Амир Темурнинг Давлатшоҳ Бахши уйғур, Тармочуқ уйғур исмли амирлари бўлиб, у марказий ҳокимиятни эгаллагач, Давлатшоҳ Бахшини девонбошиликка тайинлайди.
Уйғурлар мўғулларга, шунингдек, ён-атрофидаги бошқа қабилаларга ҳам маданий жиҳатдан ўз таъсирини ўтказган. Улар мўғуллар давлатида ҳам, Амир Темур салтанатида ҳам мамлакат маъмурий ишларида иштирок этган. Хусусан, форсий манбаларда соҳибқироннинг ҳарбий юришлари тарихини туркий тилда ёзиб борувчилар «уйғур бахшилари» деб номланган. Уларнинг маълумотлари кейинчалик ўнлаб форсий асарларнинг ёзилишига асос бўлиб хизмат қилган.
Форсий манбаларда тилга олинган яна бир этноним ясовурийлар билан боғлиқ. Ясовурийлар атамаси Амир Темур ва темурийлар даврида Марказий Осиёдаги маълум бир халққа нисбатан қўлланган. Аслида форсий манбаларда ХIV аср бошларига қадар Чиғатой улусида ясовур этноними билан алоқадор халқ учрамайди. Бу ном Чиғатой наслидан бўлган шаҳзода Ясовур номи билан боғлиқ. У Чиғатой улуси ҳукмронлиги учун ака-ука Исен Бука ва Кебекхонлар билан самарасиз курашлар олиб борган. Шаҳзоданинг қўшини ундан кейин ҳам ўзларини ясовурийлар номи билан атаб, туман шаклида фаолият юритган. Шу боис Амир Темур даврига қадар бу ном этнонимга айланиб улгурган.
Бу этноним ясовур, ясовурий, ясурий номлари билан ҳам эслатилади. Бу даврда уларнинг бир қисми Самарқандда яшаган ва уларга Хизр Ясурий бошчилик қилган. Ясовурийлар ХIV асрнинг 60 йиллар воқеалари баёнида ёзилишича, гоҳида Туғлуқ Темур бошчилигидаги мўғуллар, гоҳида Боязид жалойир, кейинчалик эса Амир Темур томонида бўлган.
Ҳожи Муҳаммадшоҳ (Маҳмудшоҳ) Ясурий етакчилигидаги ясурийлар Амир Темурга садоқат кўрсатиб, унинг бир қанча ҳарбий юришларида иштирок этади. Шунингдек, улар Амир Темур билан қариндошлик алоқаларини ҳам боғлайди: Мирзо Жаҳонгирга Илёс ясурийнинг қизи Бахт Малик оға никоҳланади. Бу никоҳдан Амир Темур давлатининг тахт вориси Пирмуҳаммад Мирзо дунёга келган.
Форсий манбаларда Мовароуннаҳр ҳудудида ўйротлар яшагани тўғрисида маълумот учрамайди. Аммо манбаларда амир Қазағон ўлими билан боғлиқ воқеаларда ўйрот этноними тилга олинган. Маълумки, амир Қазағонни ўз куёви – бурулдой элидан бўлган Қутлуғ Темур ўлдирган. «Зафарнома»да ёзилишича, бурулдой эли ўйротлар таркибига кирган. Манбаларда яна ўйрот этноними билан боғлиқ Мир Али ўйрот эслатилади. У Амир Темурнинг Диёрбакрга қилган юришида тобеълик изҳор этиб, хизматига киради.
Қавчинлар бу даврнинг етакчи ҳарбий кучи бўлиш билан бирга Мовароуннаҳрдаги йирик қабила ҳам эди. Улар Фарғона водийси, Қашқадарё воҳаси ва Бухорода яшаган. Қавчинлар Амир Темур ва темурийларнинг деярли барча жангларида иштирок этган. Шу билан бирга ҳукмдорнинг шахсий гвардияси ҳам қавчинлардан бўлган. Улар Амир Темур ҳокимиятга келгунига қадар ҳам унга садоқат билдиришган эди. Шунинг учун 1370 йил Алқа қавчин, Ардашер қавчин, Тамука қавчин (унга Язд доруғалиги берилган) ва бошқалар қўшинга бек қилиб тайинланган.
Давлат бошқаруви ва мудофаа ишларида кўплаб қавчин амирлари – Жанги қавчин (у кейинроқ Тўхтамишга қўшиб, Сиғноққа жўнатилган), Малик қавчин, Али қавчин, Муҳаммад қавчин, Идрис қавчин, Бердибек қавчин, Тўплоқ қавчин (улар Анқара жангида иштирок этган), Табриз доруғаси Баён қавчин, Гилон юришида қатнашган Дарё қавчин, Аталмиш қавчин, Дурбой қавчин (булар Тўхтамишхонга қарши курашган), Мусика қавчин (Ханки қавчиннинг ўғли, Амир Темур уни Хоразмга иморат қуриш учун юборади), Шайх Тўйбуға қавчин, Тўра Малик қавчин, Катур жангида қатнашган Ҳусайн Малик қавчин, Аллоҳдодбек (Худододи Ҳусайний) бошлиқ қавчинлар қўшини (улар Амир Темурга садоқат қилсалар ҳам, кейинчалик, темурийларга хиёнат қилган), Рай доруғаси Баён қавчин, Мурод қавчинлар фаолият юритган. Бу даврда қавчинларнинг бир қисми Қошғарда ҳам истиқомат қилган.
Мазкур даврдаги этнослардан яна бири қипчоқлар бўлиб, улар Фарғона водийси, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмда истиқомат қилган. Аксарият темурийларнинг қипчоқлардан ҳарбий ва сарой амалдорлари бўлган. Амир Темур марказий ҳокимиятни эгалламаган пайтда ҳам Сори Буға бошлиқ қипчоқлар ҳарбий бўлинмаси унга хизмат қилган. Улар «Лой жанги»да олдинги қаторда урушга кирган. Бироқ, қипчоқлар ҳар доим ҳам Амир Темурга садоқат кўрсатмаган. Масалан, Амир Темур Хоразмда пайти Сори Буға ва Одилшоҳ пойтахт ёлғиз қолганидан фойдаланиб, қипчоқ ва жалойирларни тўплаб, Самарқандга юриш қилади. Аммо, исён самарасиз якунланиб, исёнчилар Мўғулистонга – Қамариддин дуғлотнинг ёнига қочишади.
Форсий манбаларда тилга олинган қўнғиротларнинг аксарияти аслида Жўжи улуси ҳудудларида истиқомат қилган. 1224 йил Жўжи улуси учун мингликлардан иборат қўшин ажратилганда, улар ҳам улусга бириктирилади. Қўнғиротлар мўғул улуслари тарихида алоҳида ўрин тутган. Чунки, Чингизхоннинг барча «улуғ ўғиллари» қўнғирот Дай сеченнинг қизи Барта фужиндан туғилган. Рашидиддиннинг ёзишича, Жўжи ва Чиғатой улуси вакилларининг аксарияти она томондан қўнғиротлар билан боғланади.
Чиғатой улуси ҳокимият талашишлар натижасида кучсизлангач, қўнғиротлар Хоразмнинг чиғатой улуси таркибига кирган қисмини ҳам қўшиб олишади. Улар Хоразмда сўфийлар сулоласига асос солади. Қисқа вақт мобайнида Хоразмни қўнғиротлардан бўлган Ҳусайн Сўфи, Юсуф Сўфи, Сулаймон Сўфилар бирин-кетин бошқаради. Сўфилар билан Амир Темур хонадони ўртасида қариндошлик алоқалари боғланади. Аммо сўфилар бир неча жанглардан кейин тузилган сулҳни яна бузади. Натижада, 1388 йил Амир Темур Хоразмга бешинчи марта юриш қилади. Жангда енгилган Сулаймон Сўфи Жўжи улусига қочиб кетади ва Тўхтамишхоннинг кейинги ҳарбий юришларида унинг қўшинида иштирок этади.
Шунингдек, Мовароуннаҳрда турли истилолар натижасида кўчириб келтирилган халқлар ҳам истиқомат қилган. Амир Темур юришлари натижасида кўплаб халқларни Самарқанд ва унинг атрофларига келтириб, жойлаштирган. Де Клавихо кўчириб келтирилганларнинг умумий сони юз мингдан ошиқроқ, дейди. Уларнинг асосий қисми ҳунарманд ва номдор кишилар бўлган. Бу даврда турли истилолар натижасида маҳаллий аҳолининг Мовароуннаҳрдан четга олиб кетилиши ҳам кузатилади. Жумладан, Тўхтамишхон Кеш ва Нахшабдан, мўғул хони Эсан Буға Андижондан кўплаб асирлар олиб кетади. Бундан ташқари Амир Темур салтанатида аҳолининг эркин ва мажбурий миграцияси ҳам кузатилади. Ўз навбатида аҳоли миграцияси этник жараёнларга ҳам маълум миқдорда таъсирини кўрсатган.
Севинч УЛАШОВА,
Алфраганус университети доценти, PhD
Фалсафа
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ