«Момақалдироқ остида сайр» кўргуликлари


Сақлаш
12:04 / 10.03.2026 7 0

Бадиий тафаккур тадрижида муҳим ўрин тутган немис ижодкори Ҳерман Эссе адабиёт ҳақида шундай ёзади: «Жаҳон адабиётига жонли бир нарса янглиғ муносабатда бўла билмоқ учун китобхон ўзига кучли таъсир кўрсатган асарларни аллақандай қолиплар ёхуд таълимий дастурлар асосида эмас, балки ўзлигини топиш орқали ўрганмоғи муҳимдир. У бурч йўлида эмас, ишқ йўлидан юрмоғи лозим». Шубҳасиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг «Момақалдироқ остида сайр» асари ана шундай: фавқулодда бир ишқ, туганмас завқ ва кучли қизиқиш билан ўқилади. Роман қаҳрамонларига юзлашиб, уларнинг табиатидан бугуннинг одамлари, атрофдагилар, танишу нотаниш чеҳраларни топиш – таниб олиш у қадар қийинчилик пайдо қилмайди. Унда ўқувчи чинакам, реал ҳаёт билан рўбарў келади, истайдими-йўқми, ҳамиша ҳам юрак бетлаб қарашга ботина олмаган ички «суврат»и билан охир-оқибат тўқнашади. Ёзувчи бир-бирига чамбарчас боғлиқ, аниқроғи, бири иккинчисини мунтазам равишда тўлдириб келган воқеликлар тасвири орқали китобхонни ҳаёт мазмуни, тириклик моҳияти ҳақида теран хулосалар чиқаришга, ўз-ўзини шафқатсизларча тафтиш қилиш ва кўнгил ҳақиқатларини бор бўй-басти билан қайта-қайта инкишоф этишга имкон яратиб беради. 

 

Табиат ҳодисаларига оддийгина муносабат билдирилса, «Момақалдироқ остида сайр» қилиб бўларканми? Сайр тугул, юрак бетлаб, уч-тўрт қадам юришга ҳам журъат топиш амримаҳолку! Шундай эмасми? Таҳлика ва қўрқув аралаш ҳадсиз хавотир ҳисси шундоқ ҳам ваҳимали бўлган айқаш-уйқаш кўримсиз манзаранинг даҳшатини янада оширади. Дарҳақиқат, маҳоратли ёзувчи мақсад-муддаосини, асар ғояси, сюжет тизгинини ҳам, энг аввало, китобнинг сарлавҳасида жамлайди. Бадиий ифода имкониятларидан ғоятда усталик билан фойдаланиб, ўқувчини янги бир олам – романнинг буткул ўзига хос дунёсига шиддат билан бошлаб кетади. «Момақалдироқ остида...» Тирикчилик ташвишларию турли-туман ҳою-ҳаваслар илинжида дунё сайлгоҳини кезмоқ истаган ҳар бир «жон»нинг қисмати алалоқибат шудир! Адиб буни бўяб-бежаб, ифодани имкони борича силлиқлаб, китобхонни чўчитмай, қўрқитмай, авайлаб-асраб, кескин тасвирларга кўникиб олишини шунчаки «пойлаб» ўтирмайди. Аксинча, борини борича, асл ҳақиқатнинг кўзига тик боқиб, даврон ўзгаришларию замон эврилишларини, майда, сийқа, увадаси чиқиб кетган телба-тескари «қиёфа»ларнинг башанг ва сохта «сурат»ларини ҳам, қолаверса, кўнгил кўзгусида ярқираб нур сочган безавол туйғулар соҳибларини ҳам жасорату маҳорат билан ёрқин гавдалантиради.

 

Эркин Аъзам сўзни чертиб-чертиб танлайди, саралаб, сайқаллаб, созлаб ишлатади. Унинг асарларида сўзлар гўё жонланади, ҳаракатга келади, ўз таровати, жозибаси, битмас-туганмас таъсир қуввати билан китобхонни ёзувчининг асл мақсади сари дадил етаклайди – йўлбошчилик қилади. «Момақалдироқ остида сайр»да ҳам шундай! Романнинг «Сел» бўлими («Хотиманинг боши») тезиснамо характерда бўлиб, асарнинг умумий мазмунига ишора қилган. Айнан «Сел»да муаллиф бадиий ниятининг тиниқ ифодаси, айниқса, бўртиб кўринади. Биламизки, мумтоз поэтика илмида бароати истиҳлол деган бадиий санъат мавжуд. «Бадойиъу-с-санойиʼ» асари муаллифининг ёзишича, унда «калом ибтидоси мақсудға ишора қилмоқ йўли била мақсудға муносиб қилинур». Яъни бу санъатда ижодкор асар мундарижасини унинг мазмунига ишора қилувчи турли воситалар билан бошлайди. «Сел»даги ҳодисалар ҳам китобхонни роман сюжети, мазмунига томон йўналтиради, қизиқишини орттириб, гап нима ҳақида кечишидан огоҳ қилади. Унда деярли ҳамма бош қаҳрамонларнинг номлари келтирилган: Ойравшан, Искандар, Ғайрат... Уч хил қиёфа! Уч хил характер! Уч турфа олам! Уч айро тақдир!

 

Маълумки, адабиёт образлар тилида сўзлайди. Образ табиати эса муаллиф дунёқарашига ҳам у ёки бу даражада уйғун бўлади, албатта. Масалан, Искандарни олайлик. У – бу ҳаётдан ўз «улуш»ини ғирромлигу найрангбозлик билан, сира тап тортмасдан узиб, юлқиб олган, тийиқсиз одам! Нафс исканжасида инсоний қиёфасини ҳам бой берган бу кимса маънавий тубанлик намунасидир! Ғайратчи? У – ҳамиша бир чеккаси кемтик бу дунёнинг ноқису ножинс кимсалари орасида ўзлигига собит қолишга интилган чин эътиқод тимсоли! Асарда ёзилишича, «Юки биргина осма сумкадан иборат озғинроқ киши» – Ғайрат «кўп ўйлаб ўтирмай, пойабзалини ечиб боғичларидан елкасига иладида, шимининг почаларини шимариб, шошилмай сойга энади, шошилмайгина сув кеча кетади. Тўхтаб-тўхтаб, тошларда тийғана-тийғана нариги соҳилга етиб олади».

 

Ҳа, юки енгил унинг. Тошдай оғир, зил-замбилдай залворли айбу гуноҳлардан, ҳар қалай, холи у! Бир чеккада нима қиларини билмай, томошабин бўлиб турган жонсарак оломондан айрича яшашга интилади у! Ана шу – «тош»лар йўлидан чиқиб, «тайған»тирмаганида, эҳтимол, қадами ўктам, манзили нурли бўлармиди унинг! Шунга қарамай, ожизгина жуссасида маромини топмаган қайсаргина, аммо журъати нурсиз бир жасорати бор! «Бир тутам»гина ҳақиқатини фақат ўзигагина исбот қилишга уринган, ўз қисматининг метин етовидан чиқишга чоғи келмаган беозор «мардлик»нинг тирик, аммо жонсиз «соя»си у! Ёзувчи асар давомида Ғайратни ўқувчига ҳижжалаб тушунтиради – эринмай таништиради. Шижоати кўксига сиғмаган Ғайрат ўз жамиятининг пасту баланд кўчаларида бир-биридан фарқли қоидалар амал қилишини билавермайди. Шошади, ҳовлиқади, охир-оқибат, ўзидан ўзгани ўйламайдиган – манфаатпараст, нафс бандаларининг турфа «ўйин»лари сабаб тақдир йўли чувалашиб, «соя»лар оламида сарсон кезади.

 

Ойравшан!.. Ойдин оқшомларда нурли чеҳрасини оламга кўз-кўз этиб, зулматнинг кўксига аёвсиз санчилган равшан Ой – юзлари доғли, юраги доғли... Ёзувчи Ойравшанни дастлаб қуйидагича тасвирлайди: «Жувон бу томон совуқ бир назар ташлайдию, сўқмоқ бўйлаб кетмоққа шайланиб турган йўловчилар тўдасига қўшилиб, елкасида каттакон сумка, қўлида ҳам оғиргина юк, боласини эргаштириб жўнайди. Бу эса Ойравшан деганимиз бўлади».

 

Унинг «совуқ назар»ида Искандарга нисбатан чексиз нафрат, орсиз ўтмишидан орланган ўксиз бир ифода қалқиб туради. «Жийдали»га қайтяпти у. Турфа кўргиликларнинг минг бир чиғириқларида тоблана-тоблана, хатолар кўланкасидан надомат кенгликларига йўл топиб, ҳаммасига «этак силкиганча», руҳсиз ва мазмунсиз «лоши»ни судраб «кўнгли»га қайтяпти у: «елкасида каттакон сумка, қўлида ҳам оғиргина юк». Ёзувчи шу биргина ифодага ғоятда залворли, аммо асл ҳақиқатни ошкор қилувчи теран маъно юклайди. Қолаверса, Ойравшаннинг ўй-кечинмалари, дарду изтироблари ниҳоятда «юқумли» – унинг табиатидан айбу нуқсон қидирасизу – тополмайсиз, мабодо топганингизда ҳам, ё ачиниш ҳисси уйғонади сизда ёки қисмат майдонидаги беаёв талотўпларда манзилини йўқотиб қўйган бу муштипаргинага раҳмингиз ҳам келади. Мана Эркин Аъзамнинг образ яратишдаги маҳорати нимада! Қаҳрамонларини камолот чўққиларининг мутлақ эгалари ўлароқ таништирмайди ёки барча инсоний сифатлардан тўла мосуво айлаб, тупроққа қориштириб юбормайди. Шу боисдан бу қаҳрамонларга алоҳида меҳр қўя олмаймиз, бироқ ўзимиздан бутунлай итариб, узоқ тутишга ҳам сабаб тополмаймиз. Дейлик, роман сўнгида Искандарнинг боқий дунёга сафари олдидан бошидан кечирган руҳий қийноқлари ўқувчини сергаклантиради. Ойравшаннинг жанозага боргани китобхон руҳиятида ички бир олишув – баҳсу мунозарага йўл очади.

 

Ёзувчи ҳар бир қаҳрамонга исм танлашда унинг характери, ҳаётий маслагидан келиб чиқиб ёндашади. Масалан, не-не давру давронлар, шон-шуҳрат, айш-ишрат «майдон»ларида «от суриб», бу дунёнинг бори неъматларидан баҳраманд бўлган Искандар тарихдан маълум ва машҳур Искандар Зулқарнайнни ёдга солади. Китобнинг «Сел» қисмида қаҳрамонлар тилидан унинг ана шу «қудрат»ига ишора қилинган: «Бу манзарани завқ ва хавотир билан кузатиб, ҳали сой кечишда тайин қарорга келолмай турганлардан бири муштини кафтига уриб:

– Қойил! – деб юборади. – Зўрники тегирмон юргизар дегани тўғри экан. Искандар акамиди? Тошкентдан келяптида, а?»

 

Маълумки, диалоглар нафақат бадиий матн структурасида, балки асар мазмун-моҳиятини очиб беришда ҳам муҳим ўрин тутади. Улар қаҳрамоннинг ахлоқий қиёфаси, атрофдагилар билан ўзаро муносабатини ёритишга ҳам ёрдам беради. Шунга кўра илмда диалоглар бир неча турларга бўлиб тасниф қилинган: диалог-ҳикоя, диалог-юмор, диалог-мунозара, диалог-тавсиф... Искандар ва Ғайрат ўртасидаги диалог тавсифий характерда бўлиб, Искандарнинг ички оламини кенгроқ тушуниб олишга кўмаклашади: «– Мени қачон ўлдирасан, хўш? – деди Искандар дабдурустдан, негадир сенсираб. Кайфи борга ўхшарди. – Ўлдирсанг ҳам ҳаққинг кетади, ука! Лекин агар ҳозир бир бало қилмасанг армонда қоласан, билиб қўй! Кетяпман мен. Узоққа. Худойини ўтказаману жўнайман. Вақт бўлганидаку сен билан би-ир ўтиришиб эркакчасига ҳисоб-китоб қилиб олардига! Сен унча-мунчасини биласану, кўпидан бехабарсан. Ҳай, эшитарсан бир куни. Лекин сен, Ғайрат, мард бола экансан. Номард бўлганингда менга ўхшаб бойиб кетардинг! – дея ўзича нашъаворона хахолаб қўйди у. – Ҳе, энасини урай бу дунёнгни! Мардлик қиляпман дейсану, номардлик бўлиб чиқади. Қип-қизил масхарабозчилик ҳаммаси! Эсдан чиқаролмайсан, биламан. Майли, умрбод сўкиб юр, хоҳлаганингча сўк! Ғайрат, мен сендан кечирим сўраб келганим йўқ, ука. Эртага ош беряпман, бормасанг – ўлдираман! – У тағин қучоқлаб, Ғайратнинг кифтига қоқиб қўйди. Жўнаркан, дафъатан тўхтади: – Бир гап, оғайни. Анови қиз, Ойравшанни айтаманда, зўр қиз эди, зўр қиз! Лекин сенга тўғри келмасди, билиб қўй шуни!»

 

Шу биргина парчада ёзувчи Искандарни тўла фош этади: «Кечирим сўраб келганим йўқ» – ҳа, унинг ҳатто кечирим сўрашга журъати етмайди. Кибру манманлик, ҳавойилигу кеккайишлар дағдағаси ила юрган, амал пиллапояларидан ҳамиша силлиқ кўтарилиб борган, давлатманд Искандар бу, ахир! У яна биргина жумла билан Ғайратнинг кўксига тиғ санчади гўё ва ўша ярага суҳбатдошини аябгина, юзаки иқрорларга инонтирмоқ учун сохта «малҳам» ҳам қўя билади: «сенга тўғри келмасди». Шубҳасиз, Эркин Аъзам катта истеъдод соҳиби! У сўзни шунчаки овора қилиб, ортиқча тафсилотларга ён бериб ўтирмайди. Ҳар бир сўзни қайраб, шайлаб, ўқувчига рандалаб, тозалаб, ярқиратиб тақдим қилади. Сўз кайфиятидан қаҳрамон феъл-атвори ва, албатта, ёзувчининг мақсад-муддаосини ҳам осон англаб олса бўлади.

 

Асар сўнгида келтирилган шеър эса қаҳрамонлар руҳияти, маънавий оламини, қолаверса, ҳаётий хулосаларини ёрқин ифода этган. Очиғи, шеър асар моҳиятига етиб бориш, ўқувчи ва ёзувчи ўртасидаги қандайдир бир деворни олиб ташлаш учун ўзига хос бадиий вазифа бажарган:

Сокин учар мезон иплари,

Деразамда офтоб чақини...

Кўп адашдим, хатолар қилдим –

Илк бор яшаб, кечиринг мени.

 

Ҳаёт тотин англадим пича

Ва топиниб ичурман қасам:

Яшар эдим тамом бошқача,

Бу дунёга қайтадан келсам!

 

Агар келсам, агарда келсам,

Қайтмаслигим аёндир лекин.

 

Дарҳақиқат, асар қаҳрамонларининг ҳар бирида шундай бир руҳият устунлик қилади!

Эркин Аъзам асарларида образлар – ўзига, ўзлигига талпиниб яшайдиган қалб кишиларидир. Босиб ўтилган умр манзилларининг хатолигу нуқсонлари уларни таассуфу надоматга юзлаштираверади. Улар қайсарлик билан бир манзилу бир маромда муқим туриб қолмайди. Аксинча, воқеалар ривожи ечимга томон йўналгани сари қаҳрамонлар ўз-ўзини ислоҳ қилишга, инсонийлик матлабига лойиқ бўлишга матонат топади. Ҳеч йўқса, шунга ҳаракат қилади. Биргина мисол сифатида «Анойининг жайдари олмаси« ҳикояси асосида суратга олинган «Чантраморе» фильмини олайлик. Унда Комрон ва Рамазоннинг саргузаштлари ёритилгани аён. Кибру манманлик, дунёвий майллар енгиб қўйган Комроннинг асар сўнгидаги пушаймони кўнгилни ўртаб юборади, очиғи.

 

Мумтоз адабиётда узлат деган тушунча бор. Уни бир неча хил талқин қилиш мумкин. Узлат – кўнгилга юзланиш ҳоли, ўткинчи истаклардан тўла воз кечиб, чин инсонийлик матлаби ила яшаш завқидир. Буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий бу ҳақда шундай ёзади: «Ким дедим узлат эшигин очқамен, даҳри бемаъни элидин қочқамен». Ёзувчи роман охирида қаҳрамони Ойравшанни ана шундай бир руҳият эгаси сифатида гавдалантиради, таништиради. «Барчадин этак силкиб, кўз ёпдим», – дейди Навоий бир шеърида. «Ўтган кунлар» романида Юсуфбек ҳожининг қутидорга айтган қуйидаги гаплари улуғ шоирнинг фикрларига уйғун: – Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди. Ёшим олтмиш бешка етиб бир вақт бўлсин ибодатимни жаноби Ҳаққа бевосита йўналтирғанимни ва кўнгил кўзим очилиб қилған саждамни хотирлай олмайман. Бу алданишим эрса, Ҳақ тарафидан бир танбеҳ, бўлмағанларға бўлишмоқчи бўлғаним учун бир киноядир. Энди мундан кейинги беш кунлик умрим дунё можароларидан этак силкиб тўшаъйи охират тадорикини қилмоғим учун ғанимат кўринадир». Жаҳон адабиётининг ёрқин намуналари Теадор Драйзернинг «Америка фожеаси», Стендалнинг «Қизил ва қора» романларида ҳам қаҳрамонлар тавбага юз буради, охир-оқибат ўз қилмишларидан афсус-надомат чекади. «Момақалдироқ остида сайр» ёзувчи Эркин Аъзамнинг мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти, шунингдек, жаҳон адабиётидан ўқиган, ўрганган, англаган ҳақиқатлари, қолаверса, узоқ йиллик ҳаётий тажриба ва теран хулосалари асосида юзага келган бетакрор бадиият намунасидир.

 

Романда бир-бирига ўхшамайдиган, нафақат ташқи кўриниши, балки ахлоқий қиёфаси, хатти-ҳаракатлари, жамиятдаги мавқе мартабаси билан ҳам бири биридан анчайин фарқланиб турадиган образлар «галерея»си ёритилган. Уларнинг аксарияти бегона эмас: ёнимиздагилар, кўрганларимиз, кўраётганларимиз, баъзилари ҳатто таниш ҳам... Образлар ниҳоят даражада жонли, ҳаётий, таъсирчан! Шубҳа йўқки, «Момақалдироқ остида сайр» романи бугунги жаҳон сўз санъатининг алоҳида эътирофга лойиқ гўзал дурдоналари сафида тизилиб турадиган янги ифода, янги таассуротларга соҳиб ўзига хос асар. Уни атрофлича тадқиқ этиш эса ўзбек адабиётининг ёрқин тамойилларини янада кенгроқ мушоҳада қилишга имкон яратади.

 

Мақсуд АСАДОВ,

филология фанлари доктори, профессор

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31832
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//